Full Description
ТАСВИР — ШИРККА ЭЛТУВЧИ ВОСИТА
[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]
Шайх Саидаҳмад Самарқандий
Муҳаррир: Абу Абдуллоҳ Шоший
التصوير وسيلة إلى الشرك
[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]
الشيخ سعيد أحمد السمرقندي
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Тасвир деганда расм чизиш, ҳайкалтарошлик ёки фотоаппарат орқали туширилган суратлар каби тасви-рий санъат турлари назарда тутилади. Уламолар ақида мавзуларида тасвир тўғрисида сўз юритишга одатлан-ганлар. Негаки, тасвир ширкка элтувчи воситалардан бири, яратувчанликда Аллоҳга шерикликни даъво қилиш ёки шунга уриниш қабилидандир.
Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тасвирнинг барча турларидан огоҳлантириб, тасвир билан шуғулланишдан қайтарганлар. Тасвир билан шуғулланганларга қаттиқ азоб борлигини айтиб, суратларни йўқотиш ва ўзгартиришга буюрганлар.
Қолаверса, Ер юзида содир бўлган дастлабки ширк тасвир сабабли вужудга келган эди. Шайтон Нуҳ алайҳиссалом қавмига солиҳ кишиларнинг суратла-рини чизиш ва бу суратларни ўзларининг йиғингоҳ-ларига осиб қўйишни маслаҳат берган эди. Одамлар ҳам шайтоннинг васвасасига учиб, аввалига бу солиҳ кишиларни эслаш, уларнинг тоат-ибодатдаги мақтовга сазовор ҳолатларига эргашиш мақсадида уларнинг тасвирини чизиб, йиғингоҳларига осиб қўйдилар. Бироқ вақтлар ўтиши билан одамлар бу суратларга ибодат қиладиган, улар ҳақида фойда ва зарар беради, деган эътиқод қиладиган бўлиб қолдилар. Демак, тасвир бутпарастлик ва ширкнинг манбаидир. Чунки бирон мавжудотни тасвирлаш аксар ҳолатларда уни улуғлаш ва қалбларнинг унга боғланишига олиб боради. Айниқса, унга атаб сурат чизилган ёки ҳайкал ясалган киши шон-шавкатли, илмли ёки солиҳ бўлса, шунингдек, уни деворга осиш ёки кўча ва майдонларга ўрнатиш билан сурат ёки ҳайкалнинг қадри янада ошадиган бўлса, бу албатта, гарчи узоқ замонлардан кейин бўлсада авом ва адашган кишиларнинг унга сиғинишига олиб бориши мумкин. Ундан ташқари сурат чизиш ёки ҳайкалтарошлик Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган бут-санамлар ва ҳайкаллар ўрнатишга йўл очиш ҳисобланади. Қуйида мазкур мавзуга доир саҳиҳ ва очиқ ҳадисларни зикр қилиб, имкон қадар изоҳлашга ҳаракат қиламиз:
1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло айтади: “Мен ярат-гандек яратмоқчи бўлган кишидан ҳам золимроқ ким бор?! Қани, бирон заррани, ёки бир дона дон ёки арпани яратсинлар-чи!" (Бухорий ва Муслим ривояти).
Мусаввирдан кўра золимроқ кимса йўқ. Чунки у Аллоҳ яратган махлуқотлар бўлмиш бирон-бир инсон ёки ҳайвоннинг сурати ёки ундан бошқа бирон жонли мавжудотнинг суратини чизишга уринар экан, ўзини яратувчанлик сифатида Аллоҳга ўхшатган бўлади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло барча нарсаларнинг яратув-чиси, барча нарсаларнинг Рабби, жамики махлуқот-ларга сурат ато этган, уларга руҳ киритиб, ҳаёт бахшида этган зотдир. Аллоҳ таоло айтади: “У осмон-лар ва Ерни ҳақ (адолат ва ҳикмат) билан яратди ва сизларга сурат-шакл берди — суратларингизни гў-зал қилди" [Тағобун: 3], “У – Аллоҳ яратгувчи, (йўқдан) бор қилгувчи ва (барча нарсага) сурат-шакл бергувчидир" [Ҳашр: 24]. Аллоҳ таоло яратув-чанлик сифатида ўзини Аллоҳга ўхшатмоқчи бўлган мусаввирлардан тасвирлаган суратларига руҳ кири-тишни талаб қилади. Бу – уларнинг уринишлари беҳуда, бу ишни амалга оширишдан ожиз эканлари-нинг баёнидир. Мусаввирлар бирон жонли мавжудотни яратишдан ожиз бўлганларидек, ҳатто биргина донни яратишдан ҳам ожизлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳ таоло дейди: “Мени яратишимга ўхшатиб яратишга уринган кишидан кўра золимроқ ким бор?! (Қани, агар қўлларидан келса), битта дон, битта зарра ёки битта арпа донасини яратсинлар-чи?!"[1].
2. Ойша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Қиёмат куни энг оғир азобланадиганлар Аллоҳнинг яратишига ўхшатиб (сурат) яратмоқчи бўлган кишилардир"[2]. Ушбу ҳадисда қиёмат кунида мусаввирларнинг азоби қаттиқ бўлиши, уларнинг оқибати ёмон бўлиши маълум қилинмоқда. Мусаввир-лар гарчи дунёда саломат яшаб, санъаткор деган унвон олиб, турли-туман олқишларга сазовор бўлсаларда, бу ишларидан тавба қилмас эканлар, уларни ана шундай хунук қисмат кутиб туради. Негаки, улар бу қилмиш-лари билан билиб-билмай Аллоҳ яратган жонзотларга ўхшаш жонзотлар яратмоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло айтади: “Унинг Ўзигина яратгувчи ва билгувчидир" [Ёсин: 81], “Ё улар Аллоҳ яратгани каби ярата оладиган бутларни У зотга шерик қилиб олиб, сўнгра уларга яратилган нарсаларни (Аллоҳ яратганми ёки сиғинаётган бутлари яратганми экани) номаълум бўлиб қолдими? Айтинг: “Аллоҳ барча нарсани яратгувчидир ва У танҳо ғолибдир" [Раъд: 16].
Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ юқоридаги ҳадис шарҳида шундай дейди: “Айтишларича, мазкур ҳадис-дан бут-санамлар сингари ибодат қилиниши учун сурат (чизган ёки) ясаган киши назарда тутилган. Албатта, бундай киши кофир саналиб, қиёматда энг оғир азобланадиган кишилардандир. Бошқа бир фикрда айтилишича, ҳадисдан сурат яратиш билан Аллоҳ яратган жонзотлардек жонзот яратишни мақсад қилган мусаввирлар назарда тутилган. Бундай кишиларга кофирларга бериладиган азоб-уқубатлар берилади ва куфрининг зиёда бўлиши билан азоб ҳам ортиб бора-веради.
Сурат яратиш билан унга ибодат қилинишини ҳам ва бу билан ўзини Аллоҳ яратгандек жонли мавжудот-лар яратишни ҳам мақсад қилмаган кишига келсак, бундай киши катта гуноҳ қилган фосиқ бўлсада, кофир бўлмайди".
Шайх Абдураҳмон ибн Ҳасан роҳимаҳуллоҳ шун-дай дейди: “Агар Аллоҳ яратган жонзотга ўхшатиб сурат яратган кишининг аҳволи шу бўлса, у ҳолда мавжудотни оламлар Раббисига тенглаштирган ва унга қайсидир жиҳатдан ибодат қилган кимсанинг ҳоли не кечар экан?!".
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Мен Расулул-лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганла-рини эшитдим: “Барча мусаввирлар дўзахдадирлар. Улар яратган ҳар бир сурат учун биттадан жон яратилади ва улар бу жонлар билан жаҳаннамда азобланадилар". Демак қиёмат кунида рассомлар дунёда чизган ёки ҳайкалтарошлар ясаган ҳайкаллар олиб келиниб, уларнинг ҳар бири учун алоҳида жон яратилиб, улар сабабли рассом ва ҳайкалтарошлар жаҳаннамда азобланадилар.
3. Имом Бухорий ва Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ким (дунёда) бирон сурат яратса, (қиёмат кунида) унга руҳ пуркашга буюрилади. Бироқ қаёқдан руҳ пуркасин?!". Бу ҳам мусаввир учун белгиланган азобнинг бир тури. Ҳадиснинг мазмуни тушунарли. Қиёмат куни мусав-вирнинг олдига у дунёда яратган барча суратлари олиб келинади ва уларнинг ҳар бирига руҳ пуркашга буюрилади. Лекин мусавир бу суратларга қаёқдан руҳ пуркасин?! Ахир “Руҳ (ёлғиз) Парвардигоримгина биладиган ишлардан"[3]ку?! Мусаввирга берилган бу буйруқ аслида имкониятида бўлмаган ишни зиммасига юклаш орқали уни азоблаш ҳамда унинг заиф ва нотавонлиги яна бир карра исботлашдир. Юқоридаги ҳадис мусаввирнинг узоқ муддат азобланиши ва унга дунёда қилган иши, яъни Аллоҳ яратган жонзотларга ўхшатиб сурат яратишдан ожизлигини кўрсатиб қўйишга далолат қилади.
4. Имом Муслим “Саҳиҳи"да Абут Тайёҳ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Менга Али розияллоҳу анҳу шундай деди: “Мен сени (бир вақтлар) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени амир қилиб юборган вазифани бажариш учун юбораман. (Бу вазифа) биронта ҳам сурат қолдирмай ўчиришинг ва биронта ҳам (ер сатҳидан ҳаддан зиёд кўтарилган ёки устига мақбара қурилган ёки тош, ғишт, гипс ва мармар каби нарсалар қоплаб) ердан кўтарилган қабрларни қолдирмай ер билан баробар қилиб (яъни қабр экани билиниб турадиган даражада бир қарич ёки ундан бироз баландроқ қилиб) текислашингдир". Мазкур ҳадисда ҳар қандай суратларни асл ҳолатидан ўзгар-тириш, яъни улардаги Аллоҳнинг яратишига ўхшаш томонини йўқотишга буйруқ бор. Шунингдек, ҳадисда қабрлар устига қурилган қубба, масжид ва ҳоказо бутпарастлик кўринишларини йўқотиш ва умуман олганда ширкка элтувчи энг катта иккита воситага барҳам беришга тарғиб бор. Улардан бири тасвир бўлса, иккинчиси қабрлар устига мақбара – хонақоҳлар қуришдир.
Дарҳақиқат, ҳозирги даврда сурат чизиш ва ҳайкалтарошлик ниҳоят даражада кенг тус олди. Одамлар орасида деворларга сурат осиш, эсдалик учун фотосуратларни[4] сақлаб қўйиш одатга айланди. Шу-нингдек, қабрлар устига мақбаралар қуриш ҳам одатий ҳолга айланди. Бунга сабаб, одамларнинг диндан узоқлашиши, суннатлар йўқолиб, бидъатларнинг бош кўтариши, кўпчилик уламоларнинг сукут сақлаб, воқеликка таслим бўлишидир. Охир-оқибат, аксар ислом ўлкаларида суннатлар бидъатга, бидъатлар эса суннатга айланиб қолди. Шундай экан, уламо ва даъватчилар Аллоҳ ва Унинг китоби, пайғамбари, мусулмон раҳбарлар ва омма мусулмонларга нисбатан ўз вазифаларини адо этишлари, одамларни ҳаққа даъват қилиб, ботил ва бидъатдан қайтаришлари вожибдир. Хусусан, залолатга даъват қилувчи, ботилга тарғиб қилувчилар кўпайган бир даврда уларнинг кирдикорларини фош қилиш, ботилни рад этиб, мусулмонларни уларнинг ёмонлигидан огоҳлантириш муҳим диний вазифадир. Аллоҳ таоло мусулмонларга Ўзининг китоби ва Пайғамбарининг суннатига амал қилишни насиб этсин!
1)