Full Description
Фаришталарга умумий равишда иймон келтириш
[Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي]
АБДУЛҚАЮМ АБДУЛҒАФФАРХОН ЎҒЛИ
Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий
2011 - 1432
﴿ الإيمان بالملائكة جملةً وتفصيلاً ﴾
« باللغة الأوزبكية »
عبد القيوم بن عبد الغفار خان
مراجعة: شمس الدين درغامي
2011 - 1432
بسم الله الرحمن الرحيم
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
الحمد لله رب العالمين، والعاقبة للمتقين، ولا عدوان إلا على الظالمين، والصلاة والسلام على سيدنا محمد، وعلى آله وصحبه أجمعين، وبعد:
Фаришталарга умумий равишда иймон келтириш хусусида
Фаришталарнинг Қуръон ва суннатда номи келганларига ҳам, у икки манбада номи келмаганларига иймон келтириш иймон рукн-асосларидан бири экани баёнида Оллоҳ таоло шундай дейди: {Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар ҳам иймон келтирдилар. Оллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳар бир киши айтди: "Унинг пайғамбарларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз"}. (Бақара 285).
Нисо сурасида: {Эй мўминлар, Оллоҳга, Унинг пайғамбарига ва шу пайғамбарга нозил қилинган Китобига ҳамда илгари нозил бўлган Китобларига иймонингиз комил бўлсин. Кимки Оллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига ишонмаса, демак у қаттиқ адашибди} - деб хабар берди. (Нисо 136).
Бу ояти-карималар фаришталарга умумий иймон келтириш вожиб эканлигини ифода қилмоқда. Зеро, фаришталардан номлари Қуръон ёки суннатда тилга олинган Жаброил, Микойилга ўхшаш машҳурлари ҳам, номлари Қуръон билан суннатда келмаган сон-соноғини Оллоҳдан ўзга билмайдиган фаришталар ҳам бор. Аммо уларнинг барчаси ўзларига Оллоҳ тамонидан буюрилган нарсаларни тўхтовсиз бажарадиган, эркагу аёллик, ейиш-ичишлардан муназзаҳдирлар - деб эътиқод қилиш фарздир. Бу эса, фаришталарга умумий иймон келтиришдир.
Фаришталарга батафсил иймон келтириш хусусида
Фаришталарга батафсил иймон келтириш тўрт нарсани ўз ичига олади:
1- Фаришталарнинг ҳақиқатда бор эканлигига иқрор бўлиш.
2- Фаришталарнинг Қуръон ва суннатда номлари зикр этилганларига ҳам, номлари зикр этилмаганларига ҳам батафсил ва умумий иймон келтирмоқ.
3- Фаришталар Оллоҳ таолонинг махлуқотларидан биридир, улар Оллоҳга хос бўлган "худолик" ёки "тангри"лик сифатларига эга эмаслардир, деб эътиқод қилмоқ. Чунки одамлардан фаришталарни Оллоҳнинг болаларидир, деган кофирлари ҳам ўтган ва ҳозирда ҳам бу қабилдаги шахслар йўқ эмас. Оллоҳ таоло айтади: {(Кофирлар), "Раҳмон зот фаришталардан бола тутибди" дедилар. У зот (мушрикларнинг бадгумонларидан) мутлоқо покдир. Йўқ, (фаришталар асло Оллоҳнинг болалари эмас, балки) мукаррам бандалардир}. (Анбиё 26).
4- Фаришталарнинг биронтасини ажратмасдан, уларнинг ҳаммасини яхши кўрмоқ ва уларга озор беришдан огоҳ бўлмоқдир.
Дарҳақиқат, қалбида фаришталардан қайси бирига нисбатан буғзу адовати бор киши, Қуръон далили билан шубҳасиз кофирдир. Оллоҳ таоло айтади: {Ким Оллоҳга, Унинг фаришталарига, Жаброил ва Микоилга душман бўлса, бас, албатта Оллоҳ (бундай) кофирларга душмандир}. (Бақара 98).
Шунингдек, мана шу турга фаришталарни ҳақоратлаш, улар ҳаққида нолойиқ сўзларни айтишлар ҳам киради. Фаришталарни ҳақоратлаш йўлларидан бири: уларни аёллардир, дейишдир. Оллоҳ таоло айтади: {Охиратга иймон келтирмаган кимсалар фаришталарни аёллар номи билан атайдилар}. (Ван-нажм 27).