Бу материал ... таржима қилинган
- português - Portuguese
- اردو - Urdu
- Shqip - Albanian
- বাংলা - Bengali
- bosanski - Bosnian
- ไทย - Thai
- română - Romanian
- Tiếng Việt - Vietnamese
- മലയാളം - Malayalam
- magyar - Hungarian
- हिन्दी - Hindi
- Hausa - Hausa
- فارسی - Persian
- Türkçe - Turkish
- 中文 - Chinese
- Bahasa Indonesia - Indonesian
- Wikang Tagalog - Tagalog
- Français - French
- አማርኛ - Amharic
- Русский - Russian
- italiano - Italian
- অসমীয়া - Assamese
Full Description
- Иймон асослари шарҳи
- شرح أصول الإيمان
- МУҚАДДИМА
- ИСЛОМ ДИНИ
- ИСЛОМ РУКНЛАРИ
- ИСЛОМ АҚИДАСИ АСОСЛАРИ
- АЛЛОҲ ТАОЛОГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ
- 1. Аллоҳ таолонинг борлигига иймон келтириш.
- а) Аллоҳ таолонинг борлигига фитратнинг далолати:
- б) Аллоҳ таолонинг борлигига ақлнинг далолати:
- в) Аллоҳ таолонинг борлигига шариатнинг далолат қилиши:
- г) Сезги аъзоларининг Аллоҳ таолонинг бор эканига далолати:
- 2. Аллоҳ таолонинг рубубиятига иймон келтириш.
- 3. Аллоҳ таолонинг улуҳиятига иймон келтириш.
- 4. Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларига иймон келтириш.
- Биринчи тоифа: Муъаттилалар.
- Иккинчи тоифа: Мушаббиҳалар.
- ФАРИШТАЛАРГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ
- КИТОБЛАРГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ
- ПАЙҒАМБАРЛАРГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ
- ОХИРАТ КУНИГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ
- Ўлганларни тирилтириш ҳақиқат эканига ақлий далиллар:
- ҚАДАР (ТАҚДИР)ГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ
- Тақдир бобида икки тоифа адашди:
- ИСЛОМ АҚИДАСИНИНГ МАҚСАДЛАРИ
Иймон асослари шарҳи
شرح أصول الإيمان
https://islamhouse.com/2786504
Иймон асослари шарҳи. 1
شرح أصول الإيمان. 1
МУҚАДДИМА.. 7
ИСЛОМ ДИНИ.. 10
Аллоҳ таоло деди: 11
ИСЛОМ РУКНЛАРИ.. 18
ИСЛОМ АҚИДАСИ АСОСЛАРИ.. 26
АЛЛОҲ ТАОЛОГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ 29
1. Аллоҳ таолонинг борлигига иймон келтириш. 29
а) Аллоҳ таолонинг борлигига фитратнинг далолати: 29
б) Аллоҳ таолонинг борлигига ақлнинг далолати: 30
в) Аллоҳ таолонинг борлигига шариатнинг далолат қилиши: 35
г) Сезги аъзоларининг Аллоҳ таолонинг бор эканига далолати: 36
Биринчи жиҳат: 36
Иккинчи жиҳат: 39
2. Аллоҳ таолонинг рубубиятига иймон келтириш. 42
3. Аллоҳ таолонинг улуҳиятига иймон келтириш. 48
Биринчи далил: 52
4. Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларига иймон келтириш. 57
Биринчи тоифа: Муъаттилалар. 59
Иккинчи тоифа: Мушаббиҳалар. 61
ФАРИШТАЛАРГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ 65
КИТОБЛАРГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ 77
ПАЙҒАМБАРЛАРГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ 81
ОХИРАТ КУНИГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ 99
а) Қабр синови. 112
б) Қабр азоблари ва неъматлари. 114
1) Шаръий далиллар: 121
2) Ҳиссий далиллар: 122
Ўлганларни тирилтириш ҳақиқат эканига ақлий далиллар: 129
Шаръий далиллар: 133
Ҳиссий далиллар: 134
Биринчи жавоб: 135
Иккинчи жавоб: 136
Учинчи жавоб: 137
Тўртинчи жавоб: 138
ҚАДАР (ТАҚДИР)ГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ 141
Шариатнинг далолати: 146
Воқеликнинг далолати: 147
Биринчидан: 149
Иккинчидан: 150
Учинчидан: 151
Тўртинчидан: 153
Бешинчидан: 154
Олтинчидан: 155
Еттинчидан: 158
Тақдир бобида икки тоифа адашди: 162
ИСЛОМ АҚИДАСИНИНГ МАҚСАДЛАРИ 167
МУҚАДДИМА
Барча мақтовлар Аллоҳ таологагина хосдир. Биз Унга ҳамду санолар айтиб, тавба қиламиз ва Ундан ёрдам ҳамда нафсимизнинг ёмонликларидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоятлаган кимсани адаштирувчи ва адаштирган кимсани ҳидоятловчи зот йўқдир. Мен: «Шериксиз, ягона Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчисидир», деб гувоҳлик бераман. Унга, унинг оиласи, саҳобалари ва уларга яхшилик билан эргашган барча кишиларга Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин.
Тавҳид илми — илмларнинг энг шарафлиси, энг буюги ва энг зарурийсидир. Чунки у — Аллоҳ таолони, Унинг исмлари, сифатлари ва бандалари устларидаги ҳақларини билиш, демакдир.
Тавҳид илми — Аллоҳ сари бўлган йўлнинг боши ва шариатларнинг негизидир. Шунинг учун ҳам пайғамбарлар тавҳидга даъват этишда якдил бўлдилар.
Аллоҳ таоло деди:
«(Эй Муҳаммад), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Менгина бордирман, бас Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё: 25).
Аллоҳнинг ваҳдониятига Аллоҳнинг Ўзи, Унинг фаришталари ва илм аҳллари гувоҳлик бердилар. Аллоҳ таоло деди:
«Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — адолат билан ҳукм қилгувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. Ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У қудратли, ҳикмат эгасидир» (Оли Имрон: 18).
Тавҳиднинг эътибори шу даражада бўлгани учун ҳам, ҳар бир мусулмон ўз динида яхши самара ва натижаларга эришиш учун уни ўрганишга ва бошқаларга ўргатишга катта эътибор бериши керак.
ИСЛОМ ДИНИ
Ислом — Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан юборган дин бўлиб, у билан динларни ниҳоясига етказиб, бандалари учун Исломни ва неъматларини комил қилдида, Исломни дин деб рози бўлди. Энди бандадан Исломдан бошқа дин қабул қилинмайди.
Аллоҳ таоло деди:
«Муҳаммад сизларнинг эр кишиларингизнинг биронтасининг отаси эмас. Балки, у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг сўнггисидир» (Аҳзоб: 40);
«Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3);
«Аллоҳнинг ҳузуридаги дин — Исломдир» (Оли Имрон: 19);
«Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва У охиратда зиён кўргувчилардандир» (Оли Имрон: 85).
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло барча одамларга Ўзига Ислом дини билангина ибодат қилишларини фарз қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилди:
«Айтинг (эй Муҳаммад): «Эй одамлар, албатта мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман. У шундай зотки, осмонлар ва Ер Унинг мулкидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир. Бас, Аллоҳга ва Унинг элчисига — Аллоҳ ва Унинг сўзларига ишонадиган уммий пайғамбарга иймон келтирингиз ва унга эргашингиз — шояд ҳидоят топурсиз»» (Аъроф: 158).
Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида ушбу ҳадис ривоят қилинган:
«Расулуллоҳ соллллоҳу алайҳи ва саллам: «Муҳаммад-нинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, бу Уммат ичидаги яҳудий ва насронийларнинг биронтаси мен олиб келган динни эшитса-ю, унга иймон келтирмай вафот этса, жаҳаннам аҳлидан бўлади», дедилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсаларга иймон келтириш эса, қуруқ тил билан эмас, балки уларни қабул қилиш ва уларга итоат этиш билан тасдиқлашдир. Шунинг учун ҳам, (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиси) Абу Толиб мўмин бўлмади. Зеро, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган динни тасдиқлаган ва: «Бу дин — барча динлар ичидаги энг яхши диндир», деб гувоҳлик берган эди.
Ислом дини — аввалги динлар ўз ичига олган барча салоҳиятларни кафолатлаш билан бирга, ҳар бир замон, ҳар бир макон ва ҳар бир халққа салоҳиятли бўлиши билан ажралиб туради. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб шундай деди:
«Сизга эса (Эй Муҳаммад) ўзидан олдинги китоб-(ларни) тасдиқловчи ва У (китоблар) устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик» (Моида: 48).
Исломнинг барча замон, макон ва халқларга салоҳиятли эканининг маъноси: «Уни қабул қилиш бирон замондаги халқлар манфаатига зид эмас. Балки, уларнинг салоҳиятидир», демакдир. Унинг маъноси, баъзи одамлар тушунганидек, барча замон ва халққа бўйсунади, дегани эмас.
Ислом дини — ҳақ дин бўлиб, Аллоҳ таоло уни маҳкам ушлаган кишиларга ёрдам бериш ва уни бошқа динлар устига ғолиб қилишни кафолатлади.
Аллоҳ таоло деди:
«У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан — гарчи мушриклар истамасаларда — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир» (Соф: 9);
«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (Ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини) хавфу-хатарлардан сўнг тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар. Ким мана шу (ваъда)дан кейин куфрони (неъмат) қилса, бас улар итоатсиз кимсалардир» (Нур: 55).
Ислом дини мукаммал эътиқод ва мукаммал шариатдир. У Аллоҳнинг ваҳдониятига амр этиб, ростгўйликка буюриб, ширкни ва ёлғон сўзлашни таъқиқлаган.
Хуллас, Ислом барча фазилатли хулқлар ва эзгу ишларга буюриб, барча пасткашликлар ва ёмон ишларни таъқиқ-лаган.
Аллоҳ таоло деди:
«Албатта, Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонлик-лардан қайтаради. У зот шояд ибрат-эслатма оларсиз-лар, деб сизларга панд-насиҳат қилади» (Наҳл: 90).
ИСЛОМ РУКНЛАРИ
Ислом рукнлари, яъни Ислом асосланадиган пой-деворлар, Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ушбу ҳадисда баён қилинганидек, бештадир: «Ислом беш нарса устига қурилган: Аллоҳни яккалаш (бошқа бир ривоятда: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бериш), намозни тўкис адо этиш, закотни бериш, Рамазон ойи рўзасини тутиш ва ҳаж қилиш» (Муттафақун алайҳ. Имом Муслимнинг лафзи).
1. «Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадур-расулуллоҳ», деб гувоҳлик бериш, тил билан талаффуз ва қалб билан эътиқод қилиш, демакдир. Ушбу гувоҳлик, гувоҳлик берилган нарсалар хилма-хил бўлсада, ягона бир рукн қилинди. Бунинг сабаби, ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ томонидан етказувчи бўлиб, Унинг банда ва пайғамбар эканига гувоҳлик бериш «ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ), деб гувоҳлик беришнинг тўлдирувчиси экани, ёки бу икки гувоҳлик амалларнинг тўғри ва қабул бўлишининг асоси эканлигидир. Чунки Аллоҳ таолога бўлган ихлос ва Унинг пайғамбарига эргашиш билангина амаллар тўғри ва қабул бўлади. Демак, Аллоҳ таолога бўлган ихлос билан «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик бериш рўёбга чиқса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш билан «Муҳаммад — Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир», деб гувоҳлик бериш рўёбга чиқади.
Ушбу гувоҳлик самараси — қалб ва нафснинг махлуқларга қул бўлиш ва пайғамбарлардан бошқаларга эргашишдан озод бўлишидир.
2. Намозни тўкис адо этиш — намозни ўз вақтида узлуксиз ва мукаммал адо этиш билан Аллоҳ таолога қулликни адо этишдир.
Ушбу гувоҳлик самараси — бағри кенглик ва қувонч. Ҳамда беҳаёлик ва гуноҳ ишлардан тийилишдир.
3. Закотни бериш — белгиланган-муайян миқдорга етган бойликдан белгиланган-муайян миқдорни бериш билан Аллоҳ таолога қулликни адо этишдир.
Бунинг самараси — нафсни разил хулқ бўлмиш хасисликдан поклаш ҳамда Ислом ва мусулмонлар эҳтиёжини қондиришдир.
4. Рамазон ойи рўзасини тутиш — Рамазон ойининг кундузида рўзани бузадиган барча нарсалардан тийилиш билан Аллоҳ таолога бўлган қулликни адо этишдир.
Бунинг самараси — Аллоҳнинг розилиги учун севимли бўлган нарсаларни тарк қилиш билан нафсни чиниқтиришдир.
5. Ҳаж қилиш — ҳаж амалларини адо этиш учун Каъбатуллоҳни қасд қилиш билан Аллоҳ таолога ибодат қилишдир.
Ҳажнинг самараси эса, Аллоҳ таолога итоат қилиш йўлида молиявий чиқимлар ва жисмоний кучларни сарфлаш билан нафсни чиниқтиришдир. Шунинг учун ҳам ҳаж, Аллоҳ таоло йўлида қилинган жиҳод турларидан бири ҳисобланади.
Ушбу асосларнинг биз эслатган ва эслатмаган барча қирралари, халқлар ичидан Аллоҳ таолонинг ҳақ динини қабул қилган ва яралмишлар билан адолат ва ростгўйлик асосида муомала қиладиган пок Ислом умматини келтириб чиқаради. Зеро, Исломнинг бундан бошқа қирралари, ушбу асосларнинг салоҳиятли бўлиши билангина салоҳиятли бўлади. Уммат аҳволининг салоҳиятининг йўқолиб бориши, унинг дин ишларининг салоҳиятининг йўқолиши-га қараб бўлади.
Бу сўзларнинг ҳақиқатини билмоқчи бўлган одам, Аллоҳ таолонинг ушбу оятларини ўқисин:
«Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) аҳли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону Ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик. Лекин улар (пайғамбарларимизни) ёлғончи қилдилар, бас, уларни ўзлари қилган гуноҳлари сабабли ушладик. У қишлоқларнинг аҳли бало қазойимиз тунда, ухлаётган ҳолларида келиб қолишидан хотиржам бўлиб қолдиларми? (Кутмаган-мидилар?) Ёки у қишлоқларнинг аҳли бало-қазойимиз чошгоҳ пайтида, ўйин-кулги қилаётган ҳолларида келиб қолишидан хотиржаммилар? Улар Аллоҳнинг «макри»дан хотиржам бўлиб қолдиларми? Бас, Аллоҳнинг «макри»дан фақат зиён кўрувчи қавмгина хотиржам бўлур» (Аъроф: 96-99).
Ушбу ҳақиқатларни билмоқчи бўлган одам, мозийга — тарихга назар солсин. Тарихда ақлли ва қалбини моғор қопламаган кишилар учун ибратлар бор. Ҳақиқатни билишда Аллоҳ таолонинг Ўзи ёрдамчи бўлсин!
ИСЛОМ АҚИДАСИ АСОСЛАРИ
Ислом муқаддам зикр қилиб ўтганимиздек, эътиқод ва шариатдир. Биз Ислом шариатининг бир қиррасига ишора қилиб, шариат асоси деб саналган рукнларинигина эслатиб ўтдик, холос.
Энди, Ислом эътиқоди ҳақида сўз юритсак, унинг асослари — Аллоҳ таолога, Унинг фаришталари, китоблари, пайғамбарлари, охират куни ҳамда тақдирнинг яхши ва ёмонига иймон келтиришдир.
Ушбу асосларни Аллоҳ таолонинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари баён қилиб берди.
Аллоҳ таоло Қуръон Каримда шундай деди:
«Эзгулик — юзингизни мағриб ва машриққа буришингиз эмас. Балки, эзгулик Аллоҳ таолога, охират кунига, фаришталарга, Қуръонга ва пайғамбарларга иймон келтиришдир...» (Бақара: 177).
Аллоҳ таоло тақдир ҳақида шундай деди:
«Албатта Биз ҳар бир нарсани (аниқ) ўлчов билан яратдик. (Яратмоқчи бўлган ҳар бир нарсамиз учун) Бизнинг фармонимиз фақат биргина (яъни, «Бўл», деган сўз)дир. (Бас, ўша нарса) кўз юмиб очгунча (йўқдан бор бўлур)» (Қамар: 49, 50).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иймон ҳақида савол берган Жибрийл алайҳиссаломга жавоб бериб: «(Иймон): Аллоҳ таолога, Унинг фаришталари, китоблари, пайғамбарлари, охират куни ҳамда тақдирнинг яхши ва ёмонига ишонишингиздир», дедилар (Имом Муслим ривояти).
АЛЛОҲ ТАОЛОГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ
Аллоҳ таолога бўлган иймон тўрт нарсани ўз ичига олади:
1. Аллоҳ таолонинг борлигига иймон келтириш.
Аллоҳ таолонинг борлигига фитрат, ақл, шариат ва сезги аъзолари далолат қилади.
а) Аллоҳ таолонинг борлигига фитратнинг далолати:
Ҳар бир махлуқ илгари фикр ва таълим берилмаган бўлсада, ўз яратувчисига иймон келтириш билан табиатлан-ган. Ушбу фитратдан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларида баён қилинганидек, қалбига ўрнашиб қолган баъзи нарсалар сабаблигина воз кечилиши мумкин:
«Ҳар бир чақалоқ фитрат билан туғилади. Уни ота-онасигина яҳудий, насоро ва мажусий (қилиб тарбия) қилади» (Имом Муслим ривояти).
б) Аллоҳ таолонинг борлигига ақлнинг далолати:
Махлуқотларнинг аввали-ю охиргиларининг яратувчиси — Холиқи бўлиши керак. Чунки улар ўзларини ўзлари яратишлари ёки тасодифан яралган бўлишлари мумкин эмас. Улар ўзларини ўзлари ярата олмайдилар, чунки ҳеч бир нарса ўзини ўзи ярата олмайди. Бунинг сабаби, У яра-лишдан аввал йўқ эди. Шундай экан, У қандай қилиб яратувчи бўла олсин?!
Махлуқлар тасодифан вужудга келиши ҳам мумкин эмас. Ҳар бир мавжуд нарсанинг вужудга келтирувчиси бўлади. Махлуқларнинг ҳайратомуз, ўзаро мутаносиб сабаблар ва мусаббабблар (сабаблантирилган нарсалар) ҳамда мавжудотларнинг ўзаро бир-бирлари ўртасидаги алоқалар низомида мавжуд бўлиши, уларнинг тасодифан вужудга келганларини бутунлай инкор этади. Чунки вужудга келиш, пайдо бўлиш асносида низомсиз тасодиф бўлар экан, қандай қилиб яшаш ва ривожланиш ҳолатларида интизомли бўлсин?!
Агар махлуқлар ўзларини ўзлари вужудга келтира олмас ва тасодифан вужудга келмаган эканлар, уларни вужудга келтирувчи зот бўлиши керак. У эса, Оламларнинг Рабби бўлган Аллоҳ таолодир.
Аллоҳ таоло бу ақлий далилни «Тур» сурасида зикр қилиб деди:
«Улар ҳеч нарсасиз яралдиларми? Ёки улар яратувчиларми?» (Тур: 35).
Аллоҳ таоло бу оятда уларнинг яратувчисиз яралмаганлари, ҳамда ўзларини ўзлари яратмаган эканларини баён қилди. Натижада, уларнинг яратувчиси Аллоҳ таоло экани маълум бўлди.
Шунинг учун ҳам, Ислом динини қабул қилишдан аввал, мушриклик пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Тур» сурасидан «Улар ҳеч нарсасиз яралдиларми? Ёки улар ўзлари яратувчиларми? Ёки Осмонлар ва Ерни яратдиларми? Йўқ, улар ишонмас-лар. Балки уларнинг ҳузурларида Раббингизнинг хазиналари бордир, ёки улар ҳукмронмилар?!» (Тур: 35-37) оятларини ўқиётганини эшитган Жубайр ибн Мутъим разияллоҳу анҳу: «Бу оятларни эшитар эканман, сесканиб кетдим. Чунки бу, қалбимга иймон ўрнашган илк лаҳзалар эди», деди (Имом Муслим ривояти).
Буни ойдинлаштириш учун бир мисол келтирамиз: Бир киши сизга остидан анҳорлар оқиб ўтадиган бўстонлар билан ўралган, гиламлар тўшалган, сўрилар қўйилган ва энг чиройли безаклар билан безатилган муҳташам қаср бор, у ўзини ўзи қуриб олган, ёки ўз-ўзидан тасодифан пайдо бўлган, деб айтса, сиз зудлик билан унинг сўзларини рад этишга, ёлғон ва бемаъни гап деб ҳукм қилишга шошиласиз. Шундай экан, Ер, Осмон ва сайёраларни ўз ичига олган ҳамда ҳайратомуз аҳволлари ва низоми бўлган ушбу муаззам коинот, ўзини ўзи яратиши, ёки яратувчисиз яралиши мумкинми?!
в) Аллоҳ таолонинг борлигига шариатнинг далолат қилиши:
Барча самовий китоблар Аллоҳ таолонинг бор эканини баён қилди. Ушбу китоблар олиб келган ва бандаларнинг манфаатини кафолатловчи ҳукмлар, ўз бандаларининг манфаатларини билувчи доно Раб тарафидан эканига, улар олиб келган ва воқеий ҳақиқат деб гувоҳлик берган коинот ҳақидаги хабарлар, ўзининг хабар берган нарсасини яратишга қодир бўлган Раб тарафидан эканига далолат қилади.
г) Сезги аъзоларининг Аллоҳ таолонинг бор эканига далолати:
Сезги аъзолари Аллоҳ таолонинг бор эканига икки жиҳат билан далолат қилади:
Биринчи жиҳат:
Биз дуо қилувчиларнинг дуолари, мусибатланганлар-нинг ёрдам сўраб қилаётган дуолари ижобат бўлаётганини кўриб, эшитмоқдамиз. Мана шунинг ўзи Аллоҳ таолонинг бор эканига қатъий далилдир.
Аллоҳ таоло деди:
«Нуҳ илгари дуо қилган эди, биз ижобат қилдик» (Анбиё: 76);
«Ўшанда Раббингиздан мадад тилаганингизда, У сизларга ижобат қилганди...» (Анфол: 9).
Имом Бухорий ўзининг «Саҳиҳ»ида Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилди: «Жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба ўқир эканлар, бир саҳройи кириб келдида: «Эй Аллоҳнинг расули, моллар ҳалок бўлди, оилалар оч қолди. Аллоҳга дуо қилинг, биздан бу мусибатларни кўтарсин», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини кўтариб, дуо қилдилар. Осмонда бир парча ҳам булут йўқ эди, дуо қилиб қўлларини туширмадилар ҳамки осмонда тоғ мисоли булутлар қўзғалди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбардан тушганларида соқолларидан ёмғирлар оқиб тушар эди.
Келгуси жума ўша саҳройи ёки бошқа бир одам ўрнидан туриб: «Эй Аллоҳнинг расули, бинолар вайрон бўлиб, моллар ҳалок бўлдику! Аллоҳ таолога дуо қилинг, биздан бу мусибатларни кўтарсин!», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини кўтариб: «Аллоҳим, бизга эмас, атрофларга ёғдир», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайси тарафга (қўллари билан) ишора қилсалар, булутлар ўша тарафга парчаланиб, ёмғир тинди».
Ҳозирги кунимизга қадар Аллоҳ таолога садоқат билан илтижо қилган ҳамда ижобат бўлиш шартларини тўла адо этган кишилар учун дуоларининг қабул бўлаётгани кўриниб турибди.
Иккинчи жиҳат:
Пайғамбарларга берилган ва одамлар кўриб, эшитган ҳамда «мўъжиза» деб аталган нарсалар ҳам, пайғамбарларни юборган зот — Аллоҳ таолонинг бор эканига қатъий далилдир. Чунки мўъжизалар башар тоқатидан четда бўлган ҳамда Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига мадад ва ёрдам бўлсин учун жорий қилган ҳодисалардир.
Бунинг мисоли Мусо алайҳиссолату вассаломнинг асо (ҳасса)сидир.
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссолату вассаломни асоси билан денгизни уришга амр этди. Мусо алайҳиссолату вассалом асолари билан денгизни урдилар. Денгиз қуп-қуруқ ер бўлиб, ўн иккига айри бўлинди. Йўлнинг икки четидаги сувлар тоғлар каби савлат тўкиб турар эди.
Аллоҳ таоло деди:
«Биз Мусога: «Асонгиз билан денгизни уринг!», деб ваҳий қилдик. (У урган эди), денгиз бўлинди. Ҳар бир тараф улкан тоғлардек эди» (Шуаро: 63).
Иккинчи мисол: Ийсо алайҳиссолату вассаломнинг Аллоҳ таолонинг изни билан ўликларни тирилтириб, қабрлардан чиқарган пайтидаги мўъжизаси: Аллоҳ таоло деди:
«... ва Аллоҳ таолонинг изни билан ўликларни тирилтираман» (Бақара: 258);
«... ва Менинг изним билан ўликларни қабрларидан тирилтириб чиқарасан» (Моида: 110).
Учинчи мисол: Қурайш қабиласи талаб қилганида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойга ишора қилганларида Ой иккига бўлинган ва одамлар кўриб гувоҳ бўлган мўъжиза.
Аллоҳ таоло деди:
«Қиёмат яқинлашди ва Ой ёрилди. Агар улар мўъжизани кўрсалар, юз ўгирадилар ва: «Бу доимий жоду», деб айтадилар» (Қамар: 1, 2).
Аллоҳ таоло пайғамбарларига мадад ва ёрдам қилиб содир этган ҳиссий мўъжизалар Аллоҳ таолонинг бор эканига қатъий далолат қилади.
2. Аллоҳ таолонинг рубубиятига иймон келтириш.
(Яъни, Аллоҳ таолони шериксиз ва ёрдамчиси бўлмаган Раб, деб ишониш). «Раб» яратиш, эгадорлик ва буюриш соҳиби бўлган зотдир. Яратувчи ва эгадор зот — Аллоҳ таоло бўлиб, буюриш унгагина хосдир.
Аллоҳ таоло деди:
«Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир» (Аъроф: 54);
«Ана шу Аллоҳ сизларнинг Раббингиздирки, (барча оламларга) подшоҳлик ёлғиз Уникидир. (Эй мушриклар), сизлар У зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса (хурмо данагига ёпишиб турадиган юпқа) пўстлоқча нарсага ҳам эга эмасдирлар» (Фотир: 13).
Аллоҳ таолонинг рубубиятини нима деяётганини билмайдиган мутакаббир кимсаларгина инкор этишлари мумкин. Бу ўз қавмига:
«Мен сизларнинг Раббингизман!» (Назиат: 24) ва: «Эй халойиқ, мен сизлар учун ўзимдан бошқа илоҳ бор эканини билмайман!» (Қасас: 38) деб айтган Фиръавндан содир бўлди. У бу сўзларни эътиқод нуқтаи назаридан айтмаган эди.
Аллоҳ таоло деди:
«Ва ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, У (мўъжиза)ларни инкор этдилар». (Намл: 14).
Аллоҳ таоло Фиръавн ҳақида ҳикоя қилган оятда Мусо алайҳиссолату вассалом дедилар:
«(Мусо) деди: «(Эй Фиръавн), сен анави очиқ-равшан (мўъжизаларни) фақат осмонлар ва Ернинг Раббисигина нозил қилганини аниқ биласан. Ҳеч шубҳа йўқки, эй Фиръавн, мен сени ҳалок қилингувчи, деб ўйламоқдаман»» (Исро: 102).
Шунинг учун ҳам, мушриклар Аллоҳ таолога улуҳият бобида шерик қилсалар-да, Унинг рубубиятига иқрор эдилар.
Аллоҳ таоло деди:
«(Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «Агар билувчи бўлсанглар (айтингларчи), бу Ер ва ундаги бор жонзот кимники?» Улар: «Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Бас (шундан) ибрат-эслатма олмайсизларми?!» Айтинг: «Етти осмоннинг ҳожаси ва улуғ аршнинг соҳиби кимдир?» Улар: «(Буларнинг барчаси) Аллоҳни-кидир», дерлар. Айтинг: «Ахир қўрқмайсизларми?!» Айтинг: «Агар билсанглар (айтингларчи), “Барча нарсанинг подшоҳлиги қўлида бўлган, Ўзи (барчага) Ҳомийлик қиладиган, Унга қарши биров ҳомийлик қила олмайдиган зот кимдир?» Улар: «Бундай подшоҳлик ва ҳомийлик ёлғиз Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Бас қандай алданмоқдадирсизлар?!»» (Мўминун: 84-89);
«Сиз мушриклардан: «Осмон ва Ерларни ким яратган?», деб сўрасангиз, улар: «Азиз ва Алийм (билгувчи) бўлган зот», деб айтадилар» (Зухруф: 9);
«Агар Сиз улардан: «Уларни ким яратган?», деб сўрасангиз, улар: «Аллоҳ», деб айтадилар. Шундай экан, улар қаён бурилиб кетаяптилар» (Зухруф: 87).
Аллоҳ таолонинг фармони коинот ва шариатдаги барча нарсани ўз ичига олади. Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати тақозо этганидек, коинотда Ўзи хоҳлаганидек ҳукм ва тартиб қилувчидир, ибодат ва муомалаларда ҳукмларини Ўз ҳикматига мувофиқ шаръий жорий қилишда ҳукм қилувчидир. Шунинг учун ҳам, ибодатлар ва муомалаларда Аллоҳ таоло билан бирга бошқа бирон қонун чиқарувчи кимсани ёки ҳокимни ушлаган банда, иймонининг ҳақиқатини рўёбга чиқармаган мушрик бўлади.
3. Аллоҳ таолонинг улуҳиятига иймон келтириш.
(Яъни, Аллоҳ таолонинг шериксиз ягона илоҳ эканига иймон келтириш).
«Илоҳ» «маълуҳ», яъни муҳаббат ва улуғлаш билан сиғиниладиган маъбуд, демакдир.
Аллоҳ таоло деди:
«Сизларнинг илоҳингиз ягонадир. Раҳмон, Раҳийм зотдан ўзга илоҳ йўқдир» (Бақара: 163);
«Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — адолат билан ҳукм қилгувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. Ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У қудратли, ҳикмат эгасидир» (Оли Имрон: 18).
Аллоҳ таоло билан бирга сиғинилаётган маъбудларнинг илоҳлиги ботилдир.
Аллоҳ таоло деди:
«Бунга сабаб Аллоҳнинг Ўзигина ҳақиқий Илоҳ экани ва сизлар Уни қўйиб илтижо қилаётганлар эса ботилнинг ўзи экани, ҳамда шак-шубҳасиз, Аллоҳ Ўзигина энг юксак ва буюк зот эканлигидир» (Ҳаж: 62).
У маъбудаларни олиҳа деб аташ уларга ибодат қилиш ҳуқуқини бермайди. Аллоҳ таоло Лот, Манот ва Уззо ҳақида шундай деди:
«У (ном)лар фақат сизлар ва ота-боболарингиз қўйиб олган номлардир. Аллоҳ таоло улар(га ибодат қилиш) ҳақида бирон бир ҳужжат туширган эмас» (Нажм: 23).
Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссолату вассаломнинг зиндондаги икки маҳбусга айтган сўзларини келтирди:
«Эй ҳамзиндон дўстларим, тарқоқ — турли-туман «худолар» яхшироқми ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми?» «Сизлар эса, У зотни қўйиб, ўзларингиз ва ота-боболарингиз атаб олган номлар — бутларгагина ибодат қиласизлар. Ахир Аллоҳ уларга (ибодат қилиш ҳақида) бирон ҳужжат туширмаган-ку?» (Юсуф: 39, 40).
Шунинг учун ҳам, барча пайғамбарлар ўз қавмларига: «Аллоҳ таологагина ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан бошқа илоҳ йўқдир» (Аъроф: 59), деб даъват қилганлар. Бу даъватдан мушриклар юз ўгириб, Аллоҳ таолони қўйиб, махлуқларни олиҳа қилиб сиғиндилар ва улардан ёрдам сўрадилар.
Аллоҳ таоло мушрикларнинг олиҳа қилиб олишларини икки ақлий далил билан пучга чиқарди.
Биринчи далил:
Мушрикларнинг олиҳаларида улуҳият-илоҳликнинг асари ҳам йўқ. Зотан, ўзлари яралмиш бўлганидан ўзгани ярата олмайдилар. Улар ўзларига ибодат қилаётган кимсаларга бирон фойда келтиришга ёки улардан зарарни кетказишга қодир эмаслар. Уларга ҳаёт ёки ўлим беришга ҳам, осмонлардаги бирон нарсага ҳам эга эмаслар, ҳатто эгадорликда шерик ҳам эмаслар.
Аллоҳ таоло деди:
«(Мушриклар) эса У зотни қўйиб, бирон нарса ярата олмайдиган, (балки) ўзлари яралгувчи бўлган, (ўзгалар У ёқда турсин, ҳатто) ўзларига ҳам бирон зиён ё фойдага эга бўлмайдиган ва на (бировларга) ўлим беришга, на ҳаёт беришга ва на қайта тирилтиришга эга бўлмай-диган «худолар» ни ушладилар (яъни, ўшаларга сиғиндилар)» (Фурқон: 3);
«(Эй Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: «Сизлар Аллоҳдан ўзга (илоҳлар) деб гумон қилган бутларин-гизга дуо-илтижо қилаверинглар-чи, (улар сизларга ижобат қила олармиканлар)! Улар на осмонларда ва на Ерда бир зарра вазнича (нарса) га эга эмасдирлар ва улар учун (осмонлар ва ерда Аллоҳга) шериклик ҳам йўқдир ҳамда (Аллоҳ) учун улардан бирон ёрдамчи ҳам йўқдир. (Аллоҳ) ҳузурида фақат Унинг Ўзи изн берган кишиларгагина шафоат — оқлов наф беради» (Сабаъ: 22, 23);
«Мушриклар ҳеч нарсани яратмайдиган, ўзлари яраладиган, уларга ёрдам беришга қодир бўлмаган, ҳатто ўзларига ҳам ёрдам бера олмайдиган зотларни (Аллоҳ таолога) шерик қилаяптиларми?» (Аъроф: 191, 192).
Агар олиҳаларнинг ҳоли шу бўлса, уларни олиҳа қилиб олиш энг пасткашлик ва ботил ишдир.
Иккинчи далил:
Мушриклар Аллоҳ таолонинг Ўзигина барча нарсаларнинг эгадорлиги қўлида бўлган, барчага Ҳомийлик киладиган, Унга қарши биров ҳомийлик қила олмайдиган — Раб ва Холиқ эканига иқрор эдилар. Бу улардан Аллоҳ таолонинг илоҳликдаги ваҳдониятига, рубубиятдаги ваҳдониятига иқрор бўлгандек, иқрор бўлишни талаб қилар эди.
Аллоҳ таоло деди:
«Эй одамлар, сизларни ва сизлардан аввалгиларни яратган, сизларга Ерни бисот ва Осмонни бино қилган, Осмондан сувни тушириб, У билан меваларни чиқарган Раббингизга ибодат қилинглар! Шояд, тақволи бўл-сангизлар! Бас, била туриб ўзгаларни Аллоҳ таолога тенг қилманглар!» (Бақара: 21, 22);
«Агар улардан ўзларини ким яратган эканини сўрасангиз, улар: «Шубҳасиз, Аллоҳ», деб айтадилар» (Зухруф: 87);
«(Эй Муҳаммад) айтинг: «Ким сизларга осмон ва заминдан ризқ берур ёки ким қулоқ-кўзларингизга эгалик қилур?! Ким ўликдан тирикни чиқаради ва тирикдан ўликни чиқаради ҳамда ким барча ишларни тадбир қилиб туради?!» Улар албатта: «Аллоҳ», дейдилар. Бас, сиз айтинг: «Ахир ўша зотдан қўрқмай-сизларми?!» Бас, мана шу Аллоҳ — ҳақиқий Раббингиздир. Ҳақиқатдан кейин эса фақатгина йўлдан озиш бор, холос (яъни, ҳақиқий Раббингиз бўлмиш Аллоҳдан ўзгага сиғинар экансиз, албатта йўлдан озган бўласиз). Бас, қай тарафга бурилиб кетмоқдасизлар?!» (Юнус: 31, 32).
4. Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларига иймон келтириш.
Яъни, Аллоҳ таоло Қуръон Каримда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларида исбот этган исм ва сифатларни Аллоҳ таолога лойиқ бўлган суратда, ҳеч бир ўзгартиришсиз, кайфиятсиз ва ўхшатишсиз исбот этиш. Аллоҳ таоло деди:
«Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Уни ўша исмлар билан чорланглар (унга дуо қилинглар). Унинг исмларида ҳақдан оғиб (ноўрин жойларда уларни қўллайдиган мушрик) кимсаларни тарк қилинглар. Улар яқинда қилиб ўтган амалларига яраша жазолана-дилар» (Аъроф: 180);
«Осмонлар ва Ердаги энг юксак хислат (яъни Яккаю-Ягоналик) Уникидир. У — Азиз ва Ҳаким зотдир» (Рум: 27);
«Унинг ўхшаши йўқдир. У — эшитувчи ва кўрувчи зотдир» (Нахл: 60).
Икки тоифа бу иймонда адашди:
Биринчи тоифа: Муъаттилалар.
Улар Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларининг барчасини ёки баъзисини инкор этдилар ва: «Исм ва сифатларни Аллоҳ таоло учун исбот этиш, Аллоҳ таолони Ўз махлуқларига ўхшатишни тақозо қилади», деб даъво қилдилар. Бу бир неча сабабларга кўра асоссиздир:
Биринчидан: Бу гумон ботил сабабларни тақозо қилади. Масалан: Аллоҳ таолонинг каломида зиддиятлар мавжудлигини тақозо қилади. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Ўзи учун исм ва сифатларни исбот этиб, Ўзининг ўхшаши бўлишини рад этди. Агар уларни исбот этиш ташбиҳни тақозо қилса эди, Аллоҳ таолонинг каломида бир-бирига зиддиятлар вужудга келар эди.
Иккинчидан: Икки нарсанинг бир исм ёки сифатда бир хил келиши, уларнинг бир-бирига ўхшаш эканини тақозо қилмайди. Масалан: икки шахснинг эшитувчи, кўрувчи ва гапирувчи инсон эканини кўрасиз. Бироқ бу уларнинг одамгарчилик, эшитиш, кўриш ва гапиришда бир хил эканликларини тақозо этмайди. Бундан ташқари, сиз қўллари, оёқлари ва кўзлари бўлган кўплаб ҳайвонларни кўрасиз. Лекин, бу уларнинг бир хил бўлишлари керак эканини тақозо этмайди. Махлуқларда исм ва сифатларда ўзаро тафовут бўлар экан, демак, Холиқ билан махлуқ ўртасида фарқнинг бўлиши очиқ-равшандир.
Иккинчи тоифа: Мушаббиҳалар.
Бу тоифа исм ва сифатларни Аллоҳ таолонинг махлуқларига ташбиҳ қилиб (ўхшатиб) исбот этдилар ва: «Бу, ваҳий тақозосидир. Чунки Аллоҳ таоло бандаларга улар тушунадиган нарсалар билан хитоб қилди», деб гумон қиладилар. Бу гумон ҳам, бир неча сабабларга кўра асоссиздир.
Биринчидан: Аллоҳ таолонинг Ўз махлуқига ўхшаши ақл ва шариат инкор этадиган нарса бўлиб, Қуръон ва Суннатдаги таълимотлар ботил нарсаларни тақозо этиши мумкин эмас.
Иккинчидан: Аллоҳ таоло бандаларига маъно нуқтаи назаридангина тушуна олишадиган нарсалар билан хитоб қилди. Аммо улар асосланган ҳақиқат ва моҳиятни (хусусан, зот ва сифатларга тааллуқли бўлса) Ўзигина билишни афзал кўрди.
Агар Аллоҳ таоло Ўзининг «Самийъ» (эшитувчи) эканини исбот этса, эшитиш маъно нуқтаи назаридан маълум (яъни, товушларни идрок этиш). Лекин, бунинг Аллоҳ таолонинг эшитишига нисбатан ҳақиқати номаълумдир. Чунки эшитиш ҳақиқати махлуқларда ҳам фарқли бўлади. Холиқ билан махлуқ ўртасидаги тафовут эса, ундан кўра каттароқ ва равшанроқдир.
Агар Аллоҳ таоло Ўзининг Аршга кўтарилганидан хабар берган бўлса, кўтарилишнинг маъноси маълум. Бироқ, Аллоҳ таолонинг Аршга кўтарилишининг ҳақиқати бандаларга номаълум. Зотан, кўтарилиш ҳақиқати махлуқларда ҳам ўзаро фарқли бўлади. Қимирламай турган курсига кўтарилиш билан, асов туя устига кўтарилиш ўртасида катта фарқ бор. Шундай экан, Холиқ билан махлуқ ўртасидаги фарқ катта ва равшан бўлиши муқар-рардир.
Биз баён қилгандек, Аллоҳ таолога иймон келтиришнинг мўминлар учун улкан самаралари бор. Улардан:
Биринчиси: Бошқалардан хавф ва умид қилинмайдиган даражада Аллоҳ таолонинг ваҳдониятини рўёбга чиқариш.
Иккинчиси: Аллоҳ таолони гўзал исмлари ва олий сифатлари тақозоси билан яхши кўриш ва улуғлашнинг камолоти.
Учинчиси: Буюрилган нарсаларни қилиш ва таъқиқланган нарсалардан сақланиш билан Аллоҳ таолога ибодат қилишни рўёбга чиқариш.
ФАРИШТАЛАРГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ
Фаришталар ғайб олами бўлиб, Аллоҳ таолога ибодат қилувчи махлуқлардир. Уларда улуҳият ва рубубият сифатлари йўқ бўлиб, Аллоҳ таоло уларни нурдан яратган ҳамда уларга Ўз амрига итоат ва амрини ижро этиш учун қувват берган.
Аллоҳ таоло деди:
«Унинг ҳузуридаги зотлар (яъни фаришталар) Унга ибодат қилишдан орланиб-зорланмайдилар. Улар туну кун сусткашлик қилмасдан (Аллоҳни поклаб) тасбеҳ айтадилар» (Анбиё: 19, 20).
Уларнинг сони шу даражада кўпки, ҳисобини Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Имом Бухорий ва имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам меърожга олиб чиқилганларида «Байтул-маъмур»га олиб борилгани ва у ерда бир кунда етмиш минг фаришта намоз ўқиши, у ердан чиққанларидан сўнг, фаришталарнинг кўплигидан қайта кира олмасликлари баён қилинган.
Фаришталарга иймон келтириш тўрт нарсани ўз ичига олади:
Биринчиси: Фаришталарнинг борлигига ишониш.
Иккинчиси: Бизларга исмлари баён қилинган фаришталарга муфассал, исми баён қилинмаган фаришталарга умумий суратда иймон келтириш.
Учинчиси: Фаришталарнинг бизга хабар берилган сифатларига иймон келтириш.
Масалан: Жибрийл алайҳиссаломнинг сифатлари. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни яралган сифатлари билан, яъни олти юзта қаноти билан уфқни тўсиб турганини кўрган эдилар.
Фаришта гоҳо Аллоҳ таолонинг амри билан инсон шаклини олади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло амр қилганида Жибрийл алайҳиссолату вассалом Марям алайҳассалом ҳузурига киришида комил инсон шаклини олган эди. Бундан ташқари, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар ҳузурида ўтирганларида тим қора сочли, оппоқ кийимда, сафар аломати кўринмаган ва саҳобаларга нотаниш киши суратида келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига ўтирди. Тиззаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиззаларига теккизди ва қўлларини сонларига қўйдида, Ислом, Иймон, Эҳсон ва Қиёмат куни ва унинг белгилари ҳақида сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб берганларидан сўнг, кетди. Сўнгра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У — Жибрийл эди. У сизларга динингизни ўргатиш учун келган эди», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таолонинг Иброҳим ва Лут алайҳимассаломларга юборган фаришталари ҳам, инсон шаклида эдилар.
Тўртинчиси: Фаришталарнинг бизга хабар берилган ва Аллоҳ таолонинг амри билан адо этишадиган амалларига иймон келтириш.
Масалан: Кечаю кундуз малолланмай, тинимсиз ибодат қилиш.
Баъзи фаришталарнинг ўзига хос амаллари бор. Масалан: ваҳийга омонатдор Жибрийл алайҳиссолату вассаломни Аллоҳ таоло пайғамбарларга элчи қилиб юборди. Мийкоил алайҳиссолату вассалом ёмғир ёғдириш ва ўсимликларни ўстиришга вакил қилинган. Исрофил алайҳиссолату вассалом Қиёмат қоим бўлиши ва банда-ларнинг қайта тирилишлари пайтида сурга дам уришга вакил қилинган. Малакул-мавт — ўлим фариштаси эса, ўлим пайтида руҳларни олишга вакил қилинган.
Она қорнидаги ҳомилага вакил қилинган фаришта. Ҳомила тўрт ойлик бўлганида, Аллоҳ таоло бир фариштани юбориб, ҳомиланинг ризқи, ажали, амали, бахтли ёки бахтиқаролигини ёзишга буюради.
Одамларнинг амалларини ёзиш ва сақлаш учун вакил қилинган фаришталар. Ҳар бир шахс учун тайинланган икки фаришта бўлиб, уларнинг бири одамнинг ўнг, иккинчиси эса чап томонида бўлади.
Қабрга қўйилганидан сўнг маййит-ўликни сўроқ қилишга вакил қилинган фаришталар. Маййитнинг олдига икки фаришта келиб, унинг дини, Раббиси ва пайғамбари ҳақида сўрайдилар.
Фаришталарга иймон келтиришнинг улкан самаралари бор. Улардан:
Биринчиси: Аллоҳ таолонинг буюклиги ва салтанатини билиш. Чунки махлуқнинг улканлиги Холиқнинг буюклигидан даракдир.
Иккинчиси: Аллоҳ таолога одам фарзанди учун қилган иноятига шукроналар айтиш. Чунки Аллоҳ таоло уларни ҳимоя қиладиган, амалларини ёзадиган ва бундан ташқари бошқа манфаатлари учун фаришталарни тайин қилган.
Учинчиси: Аллоҳ таолога қилаётган ибодатлари эвазига фаришталарни яхши кўриш. Баъзи калтафаҳм кишилар фаришталарнинг жисм эканини инкор этиб, улар: «Махлуқлар ичида яширинган хайрли кучлардан иборат», дедилар. Бу — Аллоҳ таолонинг Қуръони, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ва мусулмонларнинг ижмоъларини рад этишдан бошқа нарса эмас.
Аллоҳ таоло деди: «Ҳамду-сано осмонлар ва Ерни илк яратувчи ҳамда (Ўзи билан бандалари ўртасида) фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар (воситачилар) қилувчи Аллоҳ учундир» (Фотир: 1);
«Агар фаришталар кофир кимсаларнинг юз ва кетларига уриб жонларини олаётган ва: «Дўзах азобини тотингиз! Бунга сабаб ўзларингиз қилган амалларингиздир, зеро Аллоҳ ҳаргиз бандаларига зулм қилгувчи эмасдир», — деяётган пайтини кўрсангиз эди» (Анфол: 50, 51);
«(Эй Муҳаммад), бу золимларни ўлим гирдобида қолган, ўлим фаришталари қўлларини чўзиб: «Жонларингизни берингиз! ...», деб турган пайтда бир кўрсангиз эди» (Анъом: 93);
«То қачон дилларидан қўрқув кетказилгач улар (бир-бирларига): «Раббингиз нима деди», деб (савол қилишиб), «Ҳақни (айтди), У юксак ва буюк зотдир», дейишиб (жавоб қиладилар)» (Сабаъ: 23).
Жаннат аҳллари ҳақида Аллоҳ таоло деди:
«Сўнг уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб (дерлар): «(Аллоҳ йўлида меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу жаннатларда) сизларга тинчлик-осойишталик бўлгай. Бу охират диёри нақадар яхши!» (Раъд: 23, 24).
Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар Аллоҳ таоло бирор бандани яхши кўриб қолса, Жибрийлга нидо қилиб: «Аллоҳ фалон бандани яхши кўрди. Сен ҳам уни яхши кўр!» деб айтади. Жибрийл у бандани яхши кўриб, само аҳлига қарата: «Аллоҳ фалон бандани яхши кўрди. Сизлар ҳам уни яхши кўринглар!» деб нидо қилади. Само аҳли ҳам уни яхши кўради. Сўнгра, у банда учун Ерда мақбуллик берилади (яъни ҳамма уни яхши кўради)».
Айни китобда яна Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жума куни фаришталар масжиднинг барча эшиклари олдида, келаётган намозхонларни тартиб билан ёзиб турадилар. Имом (минбарга) ўтиргач саҳифаларни ёпиб, хутбани эшитиш учун келадилар».
Ушбу хабарлар фаришталарнинг баъзи калта фаҳмлар ўйлаганидек, маънавий кучлар эмас, балки жисмоний махлуқлар эканини очиқ кўрсатиб турибди. Мусулмонлар шу хабарларга биноан ижмоъ қилганлар.
КИТОБЛАРГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ
Китоблар — ёзилган таълимотлар мажмуасидир. Бу ерда «китоблар» сўзидан Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбарлари воситаси билан дунё ва охират бахт-саодатларига эришишлари учун бандаларига раҳмат ва ҳидоят қилиб туширган китоблари назарда тутилган.
Китобларга иймон келтириш тўрт нарсани ўз ичига олади.
Биринчи: Китобларни Аллоҳ таоло тарафидан юборилган ҳақиқат деб ишониш.
Иккинчи: Номи маълум бўлган ва Муҳаммад соллал-лоҳу алайҳи ва салламга туширилган Қуръони Карим, Ийсо алайҳиссаломга туширилган Инжил, Мусо алайҳиссаломга туширилган Таврот ва Довуд алайҳиссаломга туширилган Забур сингари китобларга номлари билан иймон келтириш. Номлари билдирилмаган китобларга эса, умумий тарзда иймон келтириш.
Учинчи: Улардаги ишончли хабарларни тасдиқлаш. Масалан: Қуръондаги ҳамда ўтмиш китоблардаги ўзгартирилмаган ва алиштирилмаган хабарлар.
Тўртинчи: Бекор қилинмаган ҳукмларга амал қилиш. У ҳукмларга ҳикматини билайлик ёки билмайлик, рози бўлиш ва итоат этиш.
Аввалги китобларнинг барчаси Қуръони Карим ҳукмлари билан бекор бўлди. Аллоҳ таоло деди:
«Сизга эса (Эй Муҳаммад) ўзидан олдинги китоб(лар-ни) тасдиқлагувчи ва у (китоблар) устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик» (Моида: 48).
Шунинг учун ҳам, ўтмиш китоблар ичидаги ишончли ва Қуръон таъкидлаган ҳукмлардан бошқасига амал қилиш жоиз эмас.
Китобларга иймон келтириш қуйидаги катта самаралар-ни беради:
Биринчиси: Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган эътиборини билиш. Зеро, Аллоҳ таоло барча халқларга тўғри йўлни кўрсатадиган Китобни туширди.
Иккинчиси: Аллоҳ таолонинг Ўз шариатидаги ҳикмат-ларини билиш. Чунки Аллоҳ таоло ҳар бир халқнинг ўз аҳволига муносиб шариатни юборди.
Аллоҳ таоло деди:
«Сизлардан ҳар бир миллат (яъни дин) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик» (Моида: 48).
Учинчиси: Аллоҳ таолонинг бу неъматларига шукрона-лар келтириш.
ПАЙҒАМБАРЛАРГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ
«Русул» (расуллар) — юборилган, яъни бир нарсани етказиш учун жўнатилган элчининг кўплик сонидир. Бу ерда зикр қилинган «русул» сўзидан мақсад, шариат ваҳий қилиниб, уни етказишга буюрилган инсон — пайғамбарлардир.
Расулларнинг энг аввалгиси Нуҳ ва охиргиси Муҳаммад алайҳимуссолату вассаломдирлар. Аллоҳ таоло деди:
«Биз сизга Нуҳ ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек, ваҳий қилдик» (Нисо: 163).
Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ида Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилган шафоат ҳақидаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одамлар шафоат (ҳомийлик) сўраб Одам алайҳиссолату вассалом олдига келадилар. У улардан узр сўраб: «Сизлар Аллоҳ таоло биринчи расул (пайғамбар) қилиб юборган Нуҳнинг олдига боринглар!» дейди».
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида шундай деди:
«Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сизларнинг эр кишиларингизнинг биронтасининг отаси эмас. Балки, у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг сўнггисидир» (Аҳзоб: 40).
Аллоҳ таоло ҳар бир халқ ичида мустақил шариат билан ёки ўзидан аввалги пайғамбар олиб келган шариатни янгилаш учун пайғамбар юборган.
Аллоҳ таоло деди:
«Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36);
«(Сизнинг умматингиздан аввалги) ҳар бир уммат ичида ҳам албатта бир огоҳлантирувчи — пайғамбар ўтгандир» (Фотир: 24);
«Албатта, Биз Тавротни ҳидоят ва нурни ўз ичига олган ҳолда нозил қилганмиз. Аллоҳга бўйинсунувчи бўлган пайғамбарлар, илоҳий билим эгалари ва донишмандлар ўзларига Аллоҳнинг китоби омонат қўйилгани сабабли яҳудийларга у (яъни, Таврот ҳукмлари) билан ҳукм қиладилар» (Моида: 44).
Пайғамбарлар — рубубият ва улуҳият сифатлари бўлмаган махлуқ — инсондирлар.
Аллоҳ таоло пайғамбарларнинг саййиди ва Ўзининг ҳузурида энг обрўлиси бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида шундай дейди:
«Айтинг: «Мен ўзим учун ҳам на фойда ва на зиён етказишга эга бўла оламан. Магар Аллоҳнинг хоҳлагани бўлади. Агар ғайбни билганимда эди, яхши амалларни кўпайтирган бўлар эдим ва менга бирон зиён етмаган бўлар эди. Мен фақат иймон келтирадиган қавм учун (жаҳаннам азобидан) огоҳлантирувчи ва (жаннат неъматлари ҳақида) хушхабар берувчиман, холос» (Аъроф: 188);
«(Эй Муҳаммад), айтинг: «Албатта мен сизларга на бир зиён ва на бир тўғри йўл беришга эга эмасдирман, (тўғри йўлга солувчи ҳам, зиён етказа олувчи ҳам ёлғиз Аллоҳдир)». Айтинг: «Албатта мени Аллоҳ(нинг азоби)дан (агар У зотга осийлик қилсам) бирон кимса ҳимоя қила олмас ва мен У зотдан ўзга паноҳгоҳ ҳам топа олмасман» (Жин: 21, 22).
Пайғамбарларнинг касал бўлиш, ейиш ва ичишга муҳтож бўлиш, ўлиш ва бундан бошқа барча башарий хусусиятлари бордир. Иброҳим алайҳиссолату вассалом ўз Раббини қандай сифатлаганини Аллоҳ таоло шундай баён қилади:
«Унинг Ўзигина мени тўйдиради ва қондиради. Касал бўлган вақтимда Унинг Ўзи менга шифо беради. У мени ўлдиради, сўнгра (қиёмат кунида қайта) тирилтиради» (Шуаро: 79-81).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мен ҳам сизлар каби инсонман. Сизлар унутганингиздек унутаман, агар унутсам, эслатиб қўйинглар!».
Аллоҳ таоло пайғамбарларни: «Бандачиликни тўла қилиб адо этадилар», деб сифатлади. Пайғамбарларни мақташлик асносида Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссолату вассалом ҳақида:
«У Аллоҳга шукр қилувчи банда эди», деди (Исро: 3).
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида:
«Барча оламларни (охират азобидан) қўрқитувчи бўлсин деб Ўз бандаси (Муҳаммад)га Фурқон — Қуръон нозил қилган зот — Аллоҳ баракотли-Буюкдир», деди (Фурқон: 1).
Аллоҳ таоло Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқуб алайҳимуссолату вассаломлар ҳақида: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз Бизнинг куч-қувват ва фаҳм-фаросат эгалари бўлган бандаларимиз — Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубларни эсланг! Дарҳақиқат Биз уларни бир тоза (хислат — мудом охират) диёрини эслаш (хислати) билан холис қилдик — покладик. Ҳақиқатан улар Бизнинг ҳузуримизда танланган, яхши кишилардандир», деди (Сод: 45, 47).
Аллоҳ таоло Ийсо ибн Марям алайҳимас-солату вассалом ҳақида: «У фақатгина Биз (пайғамбарлик) инъом этган бир бандадир. Биз уни (отасиз дунёга келтириш билан) Бани Исроил учун (Бизнинг қудратимизни намойиш қиладиган) бир мисол-ибрат қилдик», деди (Зухруф: 59).
Пайғамбарларга иймон келтириш тўрт нарсани ўз ичига олади:
Биринчи: Улар ҳақиқатда Аллоҳ таоло томонидан юборилган пайғамбарлар эканига иймон келтириш. Улардан биронтасининг пайғамбарлигига кофир бўлган кимса, уларнинг барчасига кофир бўлади.
Аллоҳ таоло деди:
«Нуҳ қавми пайғамбарларни ёлғончи қилди (яъни Нуҳни ҳам, бошқа пайғамбарларни ҳам инкор қилдилар)» (Шуаро: 105).
Аллоҳ таоло бу қавмнинг бошқа пайғамбарлар юборилмаган бир даврда Нуҳнинг пайғамбарлигини рад этишларини, барча пайғамбарликни рад этишга тенглади. Шунга биноан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигини рад этиб, унга эргашмаган насронийлар, Ийсо алайҳиссолату вассаломни рад этган ва унга эргашмаган каззобдирлар. Зеро, Ийсо алайҳиссолату вассалом уларга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида башорат берган эди. Башоратнинг маъноси эса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ таоло насронийларни залолатдан қутқариш ва тўғри йўлга ҳидоятлаши учун сабаб қилган пайғамбар эканидир.
Иккинчи: Исмлари маълум бўлган пайғамбарларга номлари билан иймон келтириш. Масалан: Муҳаммад, Иброҳим, Ийсо, Мусо ва Нуҳ алайҳимуссолату вассалом. Бу беш пайғамбарга «улул-азм» (матонат эгалари) деб аталади.
Аллоҳ таоло уларни Қуръони Каримнинг икки: «Аҳзоб» ва «Шуаро» сураларида ёд қилди:
«Эсланг, Биз (барча) пайғамбарлардан ва (хусусан сиздан) Нуҳдан, Иброҳим, Мусо ва Ийсо ибни Марямдан аҳду паймонларини олгандик. У ростгўйлардан (қиёмат кунида) ростгўйликлари ҳақида сўраш учун улардан пухта аҳду паймон қилдик» (Аҳзоб: 7);
«(Эй мўминлар, Аллоҳ) сизлар учун ҳам диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (яъни, Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Ийсога буюрган нарсани — шариат(қонун) қилди, — «Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!»» (Шуро: 13).
Аммо исми биз учун номаълум бўлган пайғамбар-ларнинг барчасига, умумий тарзда иймон келтирамиз.
Аллоҳ таоло деди:
«Аниқки, Биз сиздан илгари (кўп) пайғамбарлар юборгандирмиз. Улардан Биз сизга ҳикоя қилиб берган кишилар ҳам бор, яна улардан Биз сизга ҳикоя қилмаган кишилар ҳам бордир» (Ғофир: 78).
Учинчи: Пайғамбарлардан ривоят қилинган саҳиҳ-ишончли хабарларни тасдиқлаш.
Тўртинчи: Шу пайғамбарлар ичидан юборилган сўнгги пайғамбар — Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариатга амал қилиш.
Аллоҳ таоло:
«Йўқ, Раббингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагун-ларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича-бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар», деди (Нисо: 65).
Пайғамбарларга иймон келтиришнинг улкан самаралари бор:
Биринчи: Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган раҳмати ва иноятини билиш.
Чунки, У бандаларига Ўзининг йўлини кўрсатишлари ва Ўзига ибодат қилиш йўлларини баён қилишлари учун Ўз пайғамбарларини юборди. Зеро, ақл ўзидан ўзи буни ҳеч ҳам била олмайди.
Иккинчи: Аллоҳ таолонинг бу буюк неъматига шукроналар келтириш.
Учинчи: Пайғамбарларни яхши кўриш ва уларни лойиқ бўлган суратда улуғлаш ва мақтов айтиш. Чунки улар Аллоҳ таолога ибодат қилдилар. Унинг ваҳийсини етказдилар ва бандаларига насиҳат қилдилар.
«Пайғамбарлар инсон наслидан эмас», деб гумон қилган ўжар кимсалар, ўз пайғамбарларини ёлғончига чиқардилар. Аллоҳ таоло бу гумонни эслатиб, унинг асоссиз эканини баён қилди:
«Одамларга ҳидоят келган пайтида, фақат: «Аллоҳ фаришталарни эмас, балки одамзодни пайғамбар қилиб юборибдими?!» деган сўзларигина уларни иймон келтиришларидан тўсди. Айтинг: «Агар бу — Ерда (одамлар эмас, балки) фаришталар маскан тутиб юрганларида эди, албатта Биз, (яъни, Аллоҳ) уларга осмондан фаришта пайғамбарни туширган бўлар эдик» (Исро: 94, 95).
Аллоҳ таоло бу гумонни, модомики, Ер аҳли инсон экан, инсон элчи юборилишини, агар Ер аҳли фаришта бўлса, Осмондан фаришта элчи юборишини уқтириб, пучга чиқарди. Шунингдек, Аллоҳ таоло пайғамбарларни рад этган кишиларнинг қуйидаги сўзларни айтганларини ҳикоя қилди:
«Улар дедилар: «Сизлар ҳам худди ўзимизга ўхшаган одамларсиз, фақат бизни ота-боболаримиз ибодат қилиб ўтган нарсадан (санамларга сиғинишдан) тўсмоқчисиз-лар, холос. Бас, (агар чин пайғамбар бўлсангизлар) бизга аниқ бир ҳужжат далил келтирингларчи?!» Пайғамбар-лари уларга айтдилар: «(Ҳа), биз ҳам худди сизларга ўхшаган одамлармиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган бандаларига (пайғамбарлик) инъом қилар. Биз сизларга бирон ҳужжат келтира олмаймиз, магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (келтиришимиз мумкин)» (Иброҳим: 10, 11).
ОХИРАТ КУНИГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ
Охират — одамлар ҳисоб бериш ва мукофотланиш учун қайта тириладиган Қиёмат кунидир.
Охират (охирги кун) деб номланишининг сабаби, жаннат аҳли жаннатдаги, жаҳаннам аҳли жаҳаннамдаги жойларини олганидан сўнг, (бу дунё кунлари каби фоний бўладиган) ҳеч қандай кун бўлмаслигидандир.
Охиратга бўлган иймон уч нарсани ўз ичига олади.
Биринчиси: Қайта тирилишга ишониш.
У — сурга иккинчи марта дам урилганида ўликларни тирилтиришидир. У пайтда одамлар Оламлар Рабби учун ялангоёқ, кийимсиз яланғоч ва аъзолари бус-бутун хатна қилинмаган ҳолатда қабрлардан чиқиб келадилар. Аллоҳ таоло деди:
«У кунда Биз осмонни ҳам худди мактуб ёзилган саҳифани ўраган янглиғ ўраб, биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша ҳолга) қайтарамиз. (Бу) Бизнинг зиммамиздаги ваъдадир. Албатта Биз (шундай) қилувчидирмиз» (Анбиё: 104).
Қайта тирилиш Қуръон, Суннат ва мусулмонлар ижмоъси далолат қилган ўзгармас ҳақиқатдир.
Аллоҳ таоло деди:
«Сўнгра шак-шубҳасиз сизлар (эй инсонлар), мана шундан (яъни, яралиб, ҳаётга келганингиздан) кейин (ажалларингиз битгач) албатта вафот топгувчидирсиз-лар. Сўнгра шак-шубҳасиз сизлар қиёмат кунида қайта тириласизлар» (Мўминун: 15, 16).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одамлар Қиёмат кунида ялангоёқ ва хатна қилинмаган ҳолатларида (маҳшаргоҳга) жамланадилар» (Муттафақун алайҳ).
Мусулмонлар ҳам қайта тирилишнинг ҳақлигини бир овоздан тасдиқ — ижмоъ қилганлар. Қайта тирилиш — Аллоҳ таоло пайғамбарлар юбориб, бандаларга етказган топшириқ-вазифаларга биноан мукофотлаш ёки азоблаш учун бўлган ҳикматнинг тақозосидир. Аллоҳ таоло деди:
«Ё сизларнинг гумонингизча: Биз сизларни беҳуда яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсиз-ларми?!» (Мўминун: 115).
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга деди:
«(Эй Муҳаммад), албатта сизга (ушбу) Қуръонни (яъни уни тиловат қилишни, унга амал қилишни ва уни умматларингизга етказишни) фарз қилган зот, шак-шубҳасиз сизни бир қайтадиган жойга (қиёматга) қайтарувчидир» (Қасас: 85).
Иккинчиси: Ҳисоб ва жазога ишониш.
Банда ўзининг қилган барча амаллари учун ҳисоб қилиниб, мукофотланади. Бунга Қуръон, Суннат ва мусулмонлар ижмоъси далолат қилади.
Аллоҳ таоло деди: «Зеро ёлғиз Ўзимизга қайтишлари бордир! Сўнгра уларни ҳисоб-китоб қилиш (жазо бериш) ҳам ёлғиз Бизнинг зиммамиздадир!» (Ғошия: 25, 26);
«Ким бирон чиройли амал қилса, унга ўн баробар қилиб (қайтарилади). Ким бирон ёмон иш қилса, фақат ўшанинг баробарида жазоланади ва уларга зулм қилинмайди» (Анъом: 160);
«Биз қиёмат куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшанида келтирамиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз» (Анбиё: 47).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қиёмат куни Аллоҳ таоло мўминни ўзига яқинлаштириб, бошқалардан тўсадида: «Фалон ва фалон гуноҳларингни биласанми?» деб сўрайди. Банда: «Ҳа, Раббим», деб жавоб беради. Аллоҳ таоло барча гуноҳларига иқрор қилдириб, банда ўз ҳалокатини кўрганида: «Бандам, Мен сенинг бу гуноҳларингни дунёда яширдим. Бугун эса, сен учун уларни кечираман», дейдида, бандага яхшилик номаси ўнг тарафидан берилади. Аммо кофир ва мунофиқларга барча халойиқ олдида жар солиниб: «Анавилар Раббиларига ёлғон сўзладилар. Билингларки, золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, дейилади»» (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу саҳиҳ ҳадис ҳам ривоят қилинган: «Ким яхшиликка қасд қилиб, уни қилса, Аллоҳ унга Ўз ҳузурида ўнтадан етти юзтага қадар ва ундан бир неча баробар кўп савоб беради. Ким ёмонликка қасд қилса ва уни қилса, Аллоҳ унга битта ёмонлик ёзади».
Мусулмонлар, қилинган амалларга Қиёмат куни ҳисоб бўлиши ва мукофот ёки жазо бўлишини тасдиқлайдилар. Бу илоҳий ҳикматнинг тақозосидир. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръон нозил қилди, пайғамбарларни юборди, уларга келган ваҳийни қабул қилиш ва амал қилиш вожиб бўлган нарсаларга амал қилишни бандаларга фарз қилди, бунга қарши бўлган кофирларга жанг қилишни вожиб қилди ва уларнинг қонлари, зурриётлари, аёллари ва молдунёларини ҳалол қилди. Агар Қиёматдаги ҳисоб ва мукофот ёки жазо бўлмаса, бу ишларнинг барчаси беҳуда бўлган бўларди. Аллоҳ бундай беҳуда ишни қилишдан пок зотдир. Аллоҳ таоло бунга қуйидаги сўзлари билан ишора қилади: «Энди албатта пайғамбар юборилган кишилар билан ҳам, юборилган пайғамбарлар билан ҳам савол-жавоб қиламиз. Энди албатта уларга, билган ҳолимизда, (қилиб ўтган ишлари ҳақида) сўйлаб берамиз. (Зотан) Биз ғойиб — йўқ эмас эдик, (балки барча нарсага гувоҳ бўлиб турган эдик)» (Аъроф: 6, 7).
Учинчиси: Жаннат ва жаҳаннамга ишониш.
Бу иккиси бандаларнинг мангу келажагидир.
Жаннат Аллоҳ таоло иймон келтиришга буюрган нарсаларга иймон келтирган, Аллоҳ таолога ихлос билан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш билан итоат қилган тақводор мўминларга Аллоҳ таоло тайёрлаб қўйган неъматлар диёридир. Жаннатда кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва инсоннинг хаёлига келмаган анвойи турдаги неъматлар бор.
Аллоҳ таоло деди: «Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар — ана ўшалар яралмиш жонзотларнинг энг яхшисидирлар. Уларнинг Рабби-лари ҳузуридаги жазо-мукофотлари — остидан дарёлар оқиб турадиган мангу жаннатлардир. Улар ўша жойда абадул-абад қолгувчидирлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар (Аллоҳдан) рози бўлдилар. Бу (мукофот) Раббидан қўрққан киши учундир» (Баййина: 7, 8);
«Ҳеч бир жон қилган амалларининг мукофоти учун ўзига беркитиб қўйилган қувончларни билмас» (Сажда: 17).
Жаҳаннам эса, пайғамбарларга иймон келтирмаган ва осий бўлган золим кофирлар учун Аллоҳ тайёрлаб қўйган, кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва инсон хаёлига келмаган турли-туман қийноқлар маконидир.
Аллоҳ таоло деди: «Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқинглар!» (Оли Имрон: 131);
«Биз золим — кофирлар учун алангалари дўзахиларни ўраб-чирмаб оладиган дўзахни тайёрлаб қўйгандирмиз. Агар улар (ташналик шиддатига чидамай) сув сўрасалар, эритилган (доғланган) ёғ каби юзларни куйдирувчи сув берилади. Нақадар ёмон ичимлик у, нақадар ёмон жой у!» (Каҳф: 29);
«Улар на бирон дўст ва на бирон ёрдамчи топмаган ҳолларида у жойда мангу қоладилар. Юзлари оловда айлантириладиган — куйдириладиган кунда, улар: «Кошки эди бизлар ҳам Аллоҳга итоат этганимизда, пайғамбарга итоат этганимизда», дерлар» (Аҳзоб: 65, 66).
Охират кунига иймон келтириш ичига ўлимдан сўнг бўладиган барча нарсаларга иймон келтириш ҳам киради.
а) Қабр синови
Қабр синови, маййитнинг дафн қилинганидан сўнг Раббиси, дини ва пайғамбари ҳақида сўроқ қилинишидир. Аллоҳ таоло бу синовда мўминларни мустаҳкам сўз билан собитқадам қилади. Шунинг учун ҳам мўмин: Раббим — Аллоҳ, диним — Ислом ва пайғамбарим — Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, деб айтади. Золимларни эса, Аллоҳ таоло адаштиради. Кофир: «А... а... билмайман», дейди. Мунофиқ ёки (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган диндан) шубҳа қилган киши эса: «Билмайман одамларнинг алла-нарсалар деганини эшитардим ва мен ҳам ўша сўзларни айтар эдим», дейди.
б) Қабр азоблари ва неъматлари
Қабр азоби мунофиқ ва кофирлар каби золимлар учун тайёрлаб қўйилгандир.
Аллоҳ таоло деди:
«(Эй Муҳаммад), бу золимларни ўлим гирдобида қолган, ўлим фаришталари қўлларини чўзиб: «Жонларингизни берингиз! Бу Кун — Аллоҳ шаънига ноҳақ гапларни айтганингиз ва Унинг оятларидан юз ўгириб кибру ҳаво қилганингиз сабабли хорлик азоби билан жазоланадиган Кунингиздир», деб турган пайтда бир кўрсангиз эди» (Анъом: 93).
Аллоҳ таоло Фиръавн хонадони ҳақида шундай дейди:
«(У азоб бир) оловдирки, улар эртаю кеч ўшанга кўндаланг қилиниб (куйдириладилар). (Қиёмат) Соати қойим бўладиган Кунда эса (жаҳаннам фаришталарига): «Фиръавн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар», (дейилади)» (Ғофир: 46).
Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида Зайд ибн Собитдан ривоят қилинади. У деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлар бир-бирингизни дафн қилишингиз бўлмаганида эди, мен ўзим эшитаётган қабр азобини сизларга ҳам эшиттиришини сўраб, Аллоҳ таолога дуо қилар эдим», дедилар. Сўнгра, ўгирилиб: «Аллоҳдан жаҳаннам азобидан паноҳ сўранглар!» дедилар.
— Саҳобалар: «Аллоҳдан жаҳаннам азобидан паноҳ сўраймиз», дедилар.
— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳдан зоҳирий ва ботиний фитналардан паноҳ сўранглар!» дедилар.
— Саҳобалар: «Аллоҳдан зоҳирий ва ботиний фитналардан паноҳ сўраймиз», дедилар.
— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳдан Дажжол фитнасидан паноҳ сўранглар!» дедилар.
— Саҳобалар: «Аллоҳдан Дажжол фитнасидан паноҳ сўраймиз», дедилар».
Қабр неъматлари садоқатли мусулмонлар учунгина тайёрлаб қўйилгандир. Аллоҳ таоло деди:
«Раббимиз Аллоҳдир, деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри — устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар!» (Фуссилат: 30);
«Бас, қачон (вафот қилаётган кишининг жони) халқумига етганида — ҳолбуки ўша вақтда сизлар қараб турурсизлар ва Биз унга сизлардан кўра яқинроқ бўламиз, лекин сизлар (буни) кўрмайсизлар (билмайсизлар) — Бас, агар сизлар эгасиз бўлсангизлар, (ва ўзларингизнинг: «ҳеч қандай эга — Раб ҳам, қайта тирилиш ҳам йўқ», деган сўзларингизда) ростгўй бўлсангизлар ўша (жонни яна жасадга) қайтара олсангизлар эди! (Йўқ, ҳеч қачон қайтара олмассизлар). Энди агар ўша (вафот қилувчи киши Аллоҳга) яқин қилинган (пешқадам)лардан бўлса, У ҳолда (унинг учун) роҳат-фароғат, гўзал ризқ ва ноз-неъматли жаннат бордир!» (Воқеъа: 83-89).
Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳу деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, қабрида икки фариштанинг саволига жавоб берган мўмин ҳақида шундай дедилар: «Осмондаги зот: Бандам тўғри сўзлади, унинг ўрнини жаннатдан тўшаб, унга жаннат кийимини кийдиринглар ва жаннат томон эшик очинглар!, — деб нидо қилади. Натижада, унга жаннатнинг роҳатлари ва хушбўйларидан келтирилади. Унинг қабрини эса, кўзи илғайдиган миқдорда кенгайтирилади» (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилдилар).
Охиратга иймон келтиришнинг улкан самаралари бор. Улардан:
Биринчиси: Охиратда бериладиган савоб умидида тоат ибодатга рағбат ва жидди жаҳд қилиш.
Иккинчиси: Охират жазосидан хавф қилиб, гуноҳларни қилмаслик ёки гуноҳга рози бўлишдан қўрқиш.
Учинчиси: Бу дунёда эриша олмаган неъматлар эвазига охират неъматлари ва савобларини умид қилиш билан мўминнинг хотиржам бўлиши.
Кофирлар «мумкин эмас» деган гумон билан, ўлгандан кейин қайта тирилишни инкор этдилар. Бу гумоннинг ботил эканига шаръий, ҳиссий ва ақлий далиллар бор:
1) Шаръий далиллар:
Аллоҳ таоло деди:
«Кофир бўлган кимсалар (ўлгандан сўнг) қайта тирилмасликларини гумон-даъво қилдилар. (Уларга) айтинг: «Йўқ Раббимга қасамки, албатта қайта тириласизлар, сўнгра сизга қилган амалларингиздан хабар берилади. Бу Аллоҳга осондир» (Тағобун: 7).
Самовий китобларнинг барчаси қайта тирилиш ҳақ ва рост эканига иттифоқ бўлгандир.
2) Ҳиссий далиллар:
Аллоҳ таоло бу дунёда ҳам ўликларни қайта тирилтиришни бандаларга кўрсатди. «Бақара» сурасида бунинг бешта мисоли бор.
Биринчи мисол: Мусо алайҳиссаломга қавми: «Аллоҳ таолони аниқ кўрмагунимизча сенга иймон келтирмаймиз» деб айтганларида, Аллоҳ таоло уларни ўлдирди, сўнгра қайта тирилтирди. Аллоҳ таоло бу ҳақда Бани Исроилга хитоб қилиб деди:
«Эй бани Исроил, эсланг: «Эй Мусо, Аллоҳни очиқ-равшан кўрмагунимизча ҳаргиз сенга ишонмаймиз», дейишингиз билан қараб турган ҳолингизда сизларни чақмоқ урди. Сўнгра шукр қилишингиз учун ўлганин-гиздан кейин тирилтирдик» (Бақара: 55-56).
Иккинчи мисол: Бани Исроил ўзаро тортишиб қолишгани ва қотиллик сабабли ўлдирилган ўлик қиссаси.
Аллоҳ таоло бани Исроилни сигир сўйиб, унинг бир бўлаги билан ўликни уришга буюриб, шундагина ўлик тирилиб, қотилни айтиб беришидан хабар берди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деди:
«Эсланг (эй бани Исроил), бир жонни ўлдириб қўйиб, унинг қотили ким экани ҳақида жанжаллашиб қолганингизда — ҳолбуки, Аллоҳ яширган нарсаларингизни юзага чиқарувчидир — «уни (ўлдирилганни) сўйилган сигирнинг бир бўлаги билан уринглар», деган-дик. Аллоҳ ўликларни шу тариқа тирилтиради ва сизларга фикр қилишингиз учун Ўз оятларини кўрсатади» (Бақара: 72, 73).
Учинчи мисол: Аллоҳ таоло ўз диёрларидан ўлимдан қочиб чиққан минглаб кишиларни ўлдириб, сўнгра тирилтиргани ҳақидаги қисса.
Аллоҳ таоло деди:
«Ўлимдан қочиб, диёрларидан чиққан мингларча кишининг ҳоли-хабарларини билмадингизми! Аллоҳ уларга ўлинглар, деди, сўнгра уларни (ўлганларидан кейин) қайта тирилтирди. Аллоҳ одамларга фазлу карам қилувчидир, лекин жуда кўп одамлар шукр қилмайдилар» (Бақара: 243).
Тўртинчи мисол: Хароб бўлган қишлоқдан ўтиб, Аллоҳ таолонинг бу қишлоқни қайта чиройли (файзли) қила олишига шубҳа қилган, натижада, Аллоҳ таоло уни ўлдириб, юз йил ўтгандан сўнг қайта тирилтирган инсон қиссаси.
Аллоҳ таоло деди:
«Ёки бир киши ҳақидаги масални (билмадингиз-мики), у киши томлари йиқилиб ҳувиллаб қолган бир қишлоқдан ўтаркан: «Аллоҳ бу хароб бўлган қишлоқни қандай тирилтирар экан-а?» деди. Шунда Аллоҳ уни юз йил муддатга ўлдирди. Сўнгра тирилтириб сўради: «Қанча муддат турдинг?» «Бир кун ё ярим кун», деди у. Аллоҳ деди: «Йўқ, юз йил турдинг. Таом ва ичимлигингга қара — бузилган эмас. Энди эшагингни (чириб, суяклари ажраб кетганини) кўргин. (Бу ҳодисани Аллоҳнинг қудратини кўрсатиш) ва сени одамлар учун оят — ибрат қилиш учун (келтирдик). Бу суякларни қандай тиклаб, сўнг уларни гўшт билан қоплашимизни кўргин. Қачонки унга бу нарсалар аниқ кўрингач: «Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага қодир эканини биламан», деди» (Бақара: 259).
Бешинчи мисол: Иброҳим алайҳиссалом қиссаси.
Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолодан ўликларни қайта тирилтириши ҳақида сўради. Аллоҳ таоло тўртта қушни сўйиб, майдалаб, бир-бирига аралаштириб, сўнгра уларнинг бўлакларини атрофдаги тоғларга тарқатишга, сўнгра эса, уларни чақиришга буюрди. Уларни чақирганда бўлаклар бир-бирига бирикиб, Иброҳим алайҳиссаломнинг олдиларига югуриб келди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деди:
«Эсланг (эй Муҳаммад), Иброҳим: «Раббим, менга ўликларни қандай қилиб тирилтиришингни кўрсат», деганида, Аллоҳ: «Ишонмайсанми?» — деди. Иброҳим айтди: «Йўқ, ишонаманку, лекин дилим яна ҳам таскин топиши учун». Аллоҳ айтди: «Тўртта қушни олиб, ўзингга бургин (ва уларни бош, оёқ, қанот ва патларини тортиб, узиб, сўнгра бир-бирларига аралаштириб), кейин (атрофдаги тоғлардан) ҳар бир тоғнинг устига уларни бўлак-бўлак қилиб қўйгин ва шундан сўнг уларни чақиргин, дарҳол келадилар. Билгилки, Аллоҳ шубҳасиз қудратли ва ҳикматлидир»» (Бақара: 260).
Ушбу ҳиссий-воқеий мисоллар ўликларни тирилтириш имкониятларини кўрсатиб турибди. Зеро, юқорида Аллоҳ таолонинг изни билан ўликларнинг тирилиши ва уларнинг қабрдан чиқарилишидаги Аллоҳ таолонинг бир мўъжиза-сига ишора қилиб ўтилди.
Ўлганларни тирилтириш ҳақиқат эканига ақлий далиллар:
Ақл ўликларни тирилтириш ҳақ эканига икки томонлама далолат қилади:
Биринчидан: Аллоҳ таоло Ер, Осмонлар ва уларнинг ўртасидаги нарсаларни биринчи мартада яратган экан, уларни яна қайта яратишга, албатта қодирдир.
Аллоҳ таоло деди:
«У аввал бошда Ўзи яратиб, сўнгра (қиёмат кунида) Ўзи яна қайта яратадиган зотдир. (Қайта яратиш — тирилтириш) У зотга жуда осондир» (Рум: 27);
«... биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша ҳолга) қайтарурмиз. (Бу) Бизнинг зиммамиздаги ваъдадир. Албатта Биз (шундай) қилгувчидирмиз» (Анбиё: 104).
Аллоҳ таоло чириган суякларни тирилтиришини инкор қилган кимсаларга раддия бериб деди:
«Айтинг: «У (чириган суякларни) дастлаб пайдо қилган зотнинг Ўзи қайта тирилтиради. У ҳамма халқларни яхши билгувчи зотдир» (Ёсин: 79).
Иккинчидан: Майса ва дарахтлари бўлмаган бўз ер ёмғир ёғиши билан ҳаракатланади ва одамлар учун қувонч бўлиб, тирик — ям-яшил тусни олади. Ерни ўлганидан сўнг тирилтира оладиган Зот ўликларни қайта тирилтиришга албатта қодирдир.
Аллоҳ таоло деди:
«Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидан (бири) сиз ерни қуп-қуруқ ҳолда кўришингиздир. Бас, қачон Биз унинг устига сув-ёмғир ёғдирсак, у ҳаракатга келар ва униб-ўсар. Албатта ўша ерни тирилтирган зот ўликларни ҳам тирилтира олувчидир. Зеро, У барча ишга қодирдир» (Фуссилат: 39);
«Биз осмондан баракотли сув — ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида боғ-роғларни ва ўриб олинувчи дон-дунларни ҳамда терилган (мевали) бошлари бўлган баланд хурмоларни ундириб-ўстирдик. Бандаларга ризқ бўлсин учун (мана шундай қилдик). Яна У (сув) ёрдамида ўлик шаҳарни — Ерни тирилтирдик. (Ўликларнинг ўз қабрларидан қайта тирилиб) чиқишлари ҳам мана шундай бўлади» (Қоф: 9-11).
Адашган баъзи қавмлар қабр азоби ва неъматларини: «Бу воқега мухолиф бўлгани учун мумкин эмас. Чунки, қабр очиб кўрилса, ўлик ўзининг аввалги ҳолатида турибди. Қабр эса, на кенгайибди ва на торайибди», деб гумон қилишиб, инкор этадилар. Бу гумон шаръий, ҳиссий ва ақлий далиллар билан ботилдир.
Шаръий далиллар:
Қабр азоби ва неъматларига далолат қиладиган насслар (оят ва ҳадислар) охиратга иймон келтиришга қўшимча бўлган нарсаларни «б» бандида айтиб ўтилди.
Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ида Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. У деди: «Расулул-лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинанинг баъзи бўстонларига чиқиб, қабрларида азобланаётган икки одамнинг овозини эшитдилар... ва: «Уларнинг бири ўз сийдигидан сақланмас, иккинчиси эса чақимчилик қилар эди», дедилар».
Ҳиссий далиллар:
Уйқудаги одам тушида воқега мутаносиб нарсаларни кўради. Ҳатто, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳам ўз сифатлари билан кўриши мумкин. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида кўрган киши у зотни айнан кўрган бўлади. Шундай бўлсада, ухлаётган одам кўрган нарсасидан жуда олисда, ўз хонасида кўрпасига ўраниб ётган бўлади. Бундай ишлар дунё ишларида мумкин бўлар экан, охират ишларида қандай мумкин бўлмасин?!
Аммо юқоридаги одамларнинг: «Қабрни очиб кўрилса, ўлик ўзининг аввалги ҳолатида турибди. Қабр на кенгайибди ва на торайибди», деган гумонларига бир неча хил жавоб бериш мумкин.
Биринчи жавоб:
Шариат олиб келган хабарларга бундай ғализ шубҳалар билан қараш мумкин эмас. Агар ушбу сўзларни айтаётган кимсалар шариат олиб келган нарсалар ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўрсалар эди, ушбу хабарларнинг ботил эканини ўзлари ҳам билиб олар эдилар. Бир шоир қуйидаги шеърларни айтиб тўғри сўзлаган, (маъноси):
«Тўғри сўзни сўзлаган қанча-қанча одам борки, унинг офати нотўғри тушунишдадир».
Иккинчи жавоб:
Барзах ҳаёти ҳиссиёт аъзолари идрок эта олмайдиган ғайб ишларидандир. Агар уни ҳиссиёт аъзолари идрок эта олганда эди, ғайбга иймон келтиришни фойдаси йўқолар ҳамда ғайбга иймон келтирган ва иймон келтирмаган кимсалар баробар бўлар эдилар.
Учинчи жавоб:
Қийноқ, неъматлар, қабрнинг кенглиги ва торлигини бошқалар эмас, маййитнинг ўзи ҳис қилади. Ҳолбуки, уйқудаги одам тушида ўзининг тор ва қўрқинчли жойда ёки кенг ва роҳатбахш ўринда эканини кўради. Худди шу пайтда бошқаларга нисбатан унинг ўз хонаси ва кўрпаси-даги ухлаб ётиши ўзгармайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан турганларида ваҳий нозил бўлар, буни саҳобалар эшитмас, фаришта баъзида инсон шаклида намоён бўлиб сўзлар, саҳобалар уни на кўришар ва на эшитишар эди.
Тўртинчи жавоб:
Махлуқотларнинг идрок этиши Аллоҳ таоло берган имкон билан чекланган. Улар барча мавжудотларни идрок этиш имкониятига эга эмаслар. Шунинг учун ҳам, етти қават Осмон, Ер ва улар ўртасидаги барча нарсалар Аллоҳ таолога ҳамду тасбеҳлар айтадиларки, Аллоҳ таоло буни гоҳо Ўзи хоҳлаган бандасига эшиттиради. Шундай бўлса-да, бу нарсалар биздан пардаланган. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деди:
«Етти осмон, Ер ва улардаги бор жонзот (Аллоҳни) поклар. Мавжуд бўлган барча нарса ҳамду сано айтиш билан У зотни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳ айтишларини — поклашларини англамассизлар» (Исро: 44).
Жин ва шайтонлар Ер юзида юрадилар, бироқ биз уларни хис этмаймиз. Уларнинг бир гуруҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, Қуръон тиловатини сукут сақлаб эшитдилар ва ўз қавмларига огоҳлантирувчи бўлиб қайтдилар. Аллоҳ таоло бу тўғрида шундай деди:
«Эй Одам болалари, шайтон оталарингизнинг авратларини ўзларига кўрсатиш (яъни, уятли аҳволга солиб қўйиш) учун либосларини ечиб, жаннатдан чиқаргани каби сизларни ҳам алдаб қўймасин! Чунки у ва унинг малайлари сизларни ўзингиз билмайдиган тарафдан кўриб турадилар (яъни, қандай алдашганини сезмай қолишингиз мумкин). Албатта Биз шайтонни иймонсиз кимсаларга дўст қилиб қўйганмиз» (Аъроф: 27).
Демак, махлуқотлар, модомики, барча нарсаларни идрок эта олмасаларда, далиллар билан собит бўлган ғайб ишларини инкор этишлари мумкин эмасдир.
ҚАДАР (ТАҚДИР)ГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ
Қадар — Аллоҳ таолонинг нарсаларни бўлишидан аввал билиши ва Ўз ҳикмати тақозосига мутаносиб ўлароқ, бутун коинот учун қўйган ўлчовидир.
Қадарга иймон келтириш тўрт нарсани ўз ичига олади.
Биринчи: Аллоҳ таоло барча нарсаларни улар хоҳ Ўзининг, хоҳ бандаларнинг ишларига тааллуқли бўлсин, азалий ва абадий, умумий ва батафсил суратда билган эканига ишониш.
Иккинчи: Аллоҳ таоло барча нарсани «Лавҳул-Маҳфуз»га ёзиб қўйган эканига ишониш.
Аллоҳ таоло бу икки нарса ҳақида шундай деди: «(Эй Муҳаммад), сиз Аллоҳ осмон ва ердаги бор нарсани билишини билмадингизми?! Албатта, бу Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда ёзиб қўйилгандир). Албатта, бу Аллоҳга осондир» (Ҳаж: 70).
Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «У киши деди: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «(Аллоҳ таоло) махлуқотларнинг тақдирини Ер ва Осмонни яратишдан эллик минг йил аввал ёзиб қўйган», деб айтганларини эшитдим».
Учинчи: Барча нарсалар, улар хоҳ Аллоҳ таолонинг ишларига, хоҳ махлуқотларнинг ишларига тааллуқли бўлсин, Аллоҳ таолонинг хоҳиши билан бўлишига ишониш. Аллоҳ таоло деди:
«...Ва Раббингиз хоҳлаган ва ихтиёр қилган нарсасини ярата олади» (Қасас: 68);
«Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсасини қилади» (Иброҳим: 27);
«У сизларга оналарингиз қорнида қандай хоҳласа шундай сурат беради» (Оли Имрон: 6).
Аллоҳ таоло бандаларнинг ишларига тааллуқли нарсалар ҳақида шундай деди:
«Агар Аллоҳ хоҳласа, уларни сизларнинг устингиз-дан ҳукмрон қилар ва улар сизларга қарши уруш қилар эдилар» (Нисо: 90);
«Агар Аллоҳ хоҳласа, улар бундай қилмас эдилар. Уларнинг тўқиган уйдирмалари билан қўйиб қўйинг» (Анъом: 137).
Тўртинчи: Барча мавжудотлар ўз зоти, сифатлари ва ҳаракатлари билан Аллоҳ таолонинг махлуқотларидир. Аллоҳ таоло деди:
«Аллоҳ таоло барча нарсанинг яратувчисидир, ҳолбуки У барча нарсага вакилдир» (Зумар: 62);
«У — ... барча нарсани яратиб (аниқ) ўлчов билан ўлчаб қўйган зотдир» (Фурқон: 2).
Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг ўз қавмига айтган сўзларини келтиради:
«Ҳолбуки сизларни ҳам, қилаётган амалларингизни ҳам Аллоҳ яратганку?!» (Соффат: 96).
Юқорида айтиб ўтганимиздек, тақдирга иймон келтириш банданинг ишларидаги ихтиёри, хоҳиши ёки қудрати бор эканини инкор этмайди. Чунки, шариат ва воқелик бунинг исботига далолат қилади.
Шариатнинг далолати:
«Ким хоҳласа ўз Рабби томон қайтадиган йўлни тутади» (Набаъ:39);
«Хотинларингиз зироатгоҳингиздир. Бас, зироатго-ҳингизга хоҳлаган ҳолатингизда яқинлашаверинг» (Бақара: 223).
Қудрат ҳақида эса, Аллоҳ таоло шундай деди:
«Кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар, (ўзларингизга қилинаётган панд-насиҳатга) қулоқ тутинглар ва итоат этинглар» (Тағобун: 16);
«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. (Ҳар кимнинг) қилган (яхши) амали ўзи учундир ва (ёмон) амали ҳам ўзининг бўйнигадир» (Бақара: 286).
Воқеликнинг далолати:
Ҳар бир инсон ўзининг хоҳиши билан рўй бераётган бир ишни қилиш ёки қилмаслик, ўтириш, юриш каби ҳаракатлар билан, титроқ сингари ўз хоҳишидан ташқари бўлган нарсалар ўртасини фарқлай оладиган хоҳиш ва қудрати бор эканини билади.
Бироқ, банданинг хоҳиш ва қудрати Аллоҳ таолонинг хоҳиши ва қудрати билан содир бўлади.
Аллоҳ таоло деди:
«......Сизлардан тўғри йўлда бўлишни хоҳлаган кишиларга эслатмадир. Сизлар бутун оламлар Рабби бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина хоҳларсизлар» (Таквир: 28, 29).
Чунки, барча коинот Аллоҳ таолонинг мулки бўлиб, Унинг мулкида Унинг илми ва хоҳишисиз бирон нарса содир бўлмайди. Биз тақдирни тавсиф этганимиздек иймон келтириш бандага зиммасидаги масъулият ва тоат ибодатларни тарк қилишга ёки гуноҳларни қилишга ҳужжат бўлмайди.
Биринчидан:
Аллоҳ таоло деди:
«Ҳали мушрик бўлган кимсалар: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида биз ҳам, ота-боболаримиз ҳам на мушрик бўлган ва на бирон нарсани ҳаром қилиб олган бўлар эдик», дедилар. Улардан аввалгилари ҳам то азобимизни тотгунларича (ўз пайғамбарларини) мана шундай ёлғончи қилганлар. Айтинг (эй Муҳаммад): «Ҳузурингизда бизга кўрсатадиган (айтаётган сўзларин-гизни тасдиқловчи) бирон ҳужжатингиз борми? Сизлар фақат гумонга эргашмоқдасиз, сизлар фақат ёлғон сўзламоқдасиз!» (Анъом: 148).
Уларнинг тақдир билан ҳужжат келтиришлари тўғри бўлса эди, Аллоҳ таоло уларга балосини тоттирмаган бўлар эди.
Иккинчидан:
Аллоҳ таоло деди:
«Токи бу пайғамбарлар ўтганларидан кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (кофирларни жаҳаннам азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик. Аллоҳ таоло Азиз ва Ҳаким зотдир» (Нисо: 165).
Агар тақдир Аллоҳ таолонинг ҳукмига мухолиф бўлган кимсалар учун ҳужжат бўлса эди, пайғамбарларни юбориш билан рад қилинмаган бўларди. Зеро, пайғамбар юборилганидан сўнг мухолиф бўлиш ҳам Аллоҳ таолонинг тақдири билан содир бўлади.
Учинчидан:
Имом Бухорий ва Имом Муслим Алий ибн Аби Толиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилдилар: У деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Сизлардан ҳар бирингизнинг жаҳаннам ёки жаннатдаги жойи тақдирда ёзиб қўйилган», дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу оятни тиловат қилдилар: «Ана энди ким (ўз мол-давлатидан закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса...». (Бу Бухорий ривояти. Муслим ривоятида эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Ҳар бир киши ўзи яратилган нарса учун муяссар қилинади», дедилар).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам амал қилишга буюриб, тақдирга суянишдан қайтардилар. Чунки тақдирда нима ёзилганини билмаймиз.
Тўртинчидан:
Аллоҳ таоло бандани баъзи нарсаларни қилиш ва баъзи нарсаларни қилмасликка ҳамда уни қодир бўла оладиган нарсаларгагина буюрди.
Аллоҳ таоло деди:
«Кучларингиз етганича Аллоҳдан тақво қилинглар!» (Тағобун:16);
«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди» (Бақара:286).
Агар банда Аллоҳ таоло томонидан бирон ишни қилишга мажбур қилинса эди, унда тоқат қила олмайдиган нарсаларга таклиф қилинган ва ундан халос бўла олмаган бўлар эди. Бу (тоқатидан ташқари нарсага мажбуран буюрилиши) ботил ишдир. Шунинг учун ҳам, билмасдан ёки унутиб ёки зўрлаш оқибатида содир этган гуноҳидан банда масъул эмасдир.
Бешинчидан:
Аллоҳ таолонинг тақдири махфий сир бўлиб, тақдирдаги нарса содир бўлганидагина ошкор бўлади. Банданинг қилмоқчи бўлган нарсасини хоҳлаши, шу нарсани қилишдан олдин содир бўлади. Демак, унинг бир нарсани хоҳлаши, Аллоҳ таолонинг тақдирини билишликка асосланган эмас. Шундай экан, шахсни билмаган нарсасида ҳужжати бўлмагани учун, тақдирни ҳужжат қилиши бекор бўлади.
Олтинчидан:
Биз инсоннинг ўзи ёқтирган дунё ишларига эришмагунича интилавериши, ёқтирмаган нарсаларига берилмаслиги ва бу берилмаслигига тақдирни ҳужжат қилмаётганини кўрамиз. Бунинг қаршисида У диний ишларда, ўзи учун фойдали бўлган нарсалардан зарарли нарсаларга қайрилиб, тақдирни ҳужжат қилади? У ва бу ҳолат бир хил эмасми?
Буни тушунтириш учун сизга бир мисол келтирамиз. Фараз қилингки, бир одамнинг олдида икки йўл бор. Йўлларнинг биринчиси бошбошдоқлик, қотиллик, обрўларни тўкиш, хатар ва очарчилик ҳукмрон бўлган шаҳарга, иккинчиси эса интизом, осудалик, фаровонлик, шахсларнинг обрўлари ва мол-мулкини ҳимоя қилиш ҳукмрон бўлган шаҳар томон олиб боради. Хўш, у қайси йўлдан боради? Шубҳасиз, у иккинчи йўлдан юради. Ақлли одамнинг эса, бошбошдоқлик ва хавф-хатар бўлган шаҳар томон юриши ва бунга тақдирни ҳужжат қилиши мумкин эмас. Шундай экан, нима учун инсон, жаҳаннам йўлидан юради ва бу юришига тақдирни ҳужжат қилади?!
Иккинчи мисол: Бемор учун дори тайинланади-да, У уни хоҳламсада истеъмол қилади. Ва зарар қиладиган таомлар тақиқланади-да, у уларни хоҳласада истеъмол қилмайди. Зеро, бу ишларнинг барчаси шифо топиш ва соғлик илинжидадир. Унинг тақдирни ҳужжат қилиб, дорини истеъмол қилишдан бош тортиши ёки зарар қиладиган таомни истеъмол қилиши мумкин эмас.
Шундай экан, нега инсон тақдирни ҳужжат қилиб, Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган нарсаларни тарк қилади ёки Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъқиқлаган ишларни қилади?!
Еттинчидан:
Аллоҳ таоло буюрган ибодатларни қилмаслиги ёки таъқиқлаган ишларни қилишга тақдирни ҳужжат қилаётган кишига бирор киши тажовуз қилиб, унинг мол-мулкини тортиб олиб, обрўларини тўкиб: «Мени маломат қилма! Менинг тажовузим Аллоҳ таолонинг тақдири билан бўлди» деса, у бу ҳужжатни қабул қилмайди. Шундай экан, яъни, тақдирни ҳужжат қилиб бировнинг ўзига тажовуз қилишини қабул қилмас экан, банда қандай қилиб тақдирни ўзи учун Аллоҳ таолонинг ҳаққига тажовуз қилишида ҳужжат қилади?!
Ривоят қилинадики, амирулмўминийн Умар разияллоҳу анҳунинг ҳузурига ўғрилик қилган бир кишини олиб келдилар. Амирулмўминийн унинг қўлини кесишга ҳукм қилдилар. Жиноятчи: «Эй амирулмўминийн, шошилманг, ахир мен Аллоҳ таолонинг тақдири билан ўғирладим-ку!», деганида Умар разияллоҳу анҳу унга жавобан: «Биз ҳам Аллоҳ таолонинг тақдири билан (қўлингни) кесамиз», дедилар.
Тақдирга иймон келтиришнинг улкан самаралари бор. Улардан:
Биринчи: Сабабларни қилиш пайтида сабабларга эмас, балки Аллоҳ таолонинг ўзигагина суяниш. Чунки, барча нарса Аллоҳ таолонинг тақдири билан бўлади.
Иккинчи: Тақдирга иймон келтирган шахс ўз мақсадига эришгач мағрурланмайди. Чунки, бу эришиш Аллоҳ таолонинг тақдир қилиб қўйган яхшилик ва муваффақият сабаблари билан берган неъматидир. Инсоннинг ўзи билан мағрурланиши эса, ушбу неъматга бўлган шукронани унуттиради.
Учинчи: Хотиржамлик ва Аллоҳ таолонинг жорий бўлган тақдиридан руҳининг лаззат олиши. Бунинг натижасида эса, инсон севимли нарсага эриша олмагани ёки ёқтирмаган нарсани содир бўлиши билан безовта-ланмайди. Чунки, бу — Ер ва Осмонлар мулки қўлида бўлган Аллоҳ таолонинг тақдири билан бўлган ва бўлиши муқаррар эди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деди:
«На Ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган)дир. Албатта бу Аллоҳга осондир. Токи сизлар қўлларингиздан кетган нарсага қайғурмагайсизлар ва (Аллоҳ) ато этган нарса билан шодланиб (ҳаволаниб) кетмагайсизлар. Аллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас» (Ҳадид: 22, 23).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Мўминниг иши жуда ажойиб. Унинг барча иши яхшидир. Бу фақат мўмин учунгинадир. Агар унга яхшилик етса шукр қилади. Бу унинг учун яхшидир. Агар унга зарар етса, сабр қилади. Бу унинг учун яхшидир» (Муслим ривояти).
Тақдир бобида икки тоифа адашди:
Биринчи тоифа — Жабрийялар. Улар: «Инсон ўз амалларини қилишда мажбурланган бўлиб, унинг ўз ишларида хоҳиш ва қудрати йўқ», деб айтадилар.
Иккинчи тоифа — Қадарийялардир. Улар: «Инсон ўз амалини қилишда хоҳиш ва қудрат билан мустақилдир. Унинг амалида Аллоҳ таолонинг хоҳиш ва қудратининг асари ҳам йўқдир», деб айтадилар.
Биринчи тоифа — Жабрийяларга шариат ва воқелик билан раддия берамиз.
Шариат билан раддия шуки, Аллоҳ таоло банда учун ирода ҳамда хоҳишни исбот этиб, унга амал қилишни ҳам қўшиб қўйди.
Аллоҳ таоло деди:
«Орангизда дунё истаган кишилар ҳам, охират истаган кишилар ҳам бор эди» (Оли Имрон: 152);
«Айтинг: Ҳақиқат Раббингиз тарафидандир. Бас, хоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин. Биз золимлар учун жаҳаннамни тайёрлаб қўйдикки, унинг алангалари золимларни қамраб олади» (Каҳф: 29);
«Ким бирон яхши амал қилса, ўзи учундир. Ким ёмонлик қилса, ўз зиёнига қилади. Раббингиз бандаларига зулм қилувчи эмасдир» (Фуссилат: 46).
Воқелик билан раддия шуки, ҳар бир инсон ўз хоҳиши билан қилаётган ейиш, ичиш, савдо-сотиқ сингари ихтиёрий ишлари билан, ихтиёрдан ташқари ҳароратининг кўтарилиши, титроқ ва баландликдан йиқилиб тушиш сингари содир бўлган ишларнинг ўртасини фарқлай олади. Яъни, у биринчи ҳолатда мажбурланмай, ўз ихтиёри билан ҳаракат содир этган, иккинчи ҳолатда эса, содир бўлган нарса унинг хоҳишисиз ва ихтиёрисиз бўлгандир.
Иккинчи тоифа — Қадарийяларга ҳам шариат ва ақл билан раддия берамиз.
Шариат билан раддиямиз шуки, Аллоҳ таоло барча нарсаларнинг Яратувчисидир. Ҳар бир нарса Унинг хоҳиши билан вужудга келади. Аллоҳ таоло ўзининг Китобида бандаларнинг амаллари ҳам Аллоҳ таолонинг хоҳиши билан содир бўлишини баён қилиб, шундай деди: «Агар Аллоҳ хоҳлаганда у пайғамбарлардан кейин ўтган одамлар ҳужжатлар келганидан кейин уришишмаган бўлардилар. Аммо улар ихтилоф қилдилар. Бас, уларнинг орасида мўминлар ҳам бор, кофирлар ҳам. Агар Аллоҳ хоҳлаганда уришишмаган бўлардилар, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишини қилади» (Бақара:253);
«Агар Биз хоҳласак, албатта ҳар бир жонга ўз ҳидоятини ато этган бўлар эдик, лекин Мен томондан бу сўз ҳақ-собит бўлгандир: «Мен жаҳаннамни (кофир) жин ва (динсиз) одамларнинг барчаси билан тўлдира-ман»» (Сажда: 13).
Ақл билан раддиямиз эса, бутун борлиқ Аллоҳ таолонинг мулкидир. Инсон эса шу борлиқнинг бир қисмидир. Демак, у ҳам Аллоҳ таолонинг мулкидир. Зотан, қул ҳожасининг мулкида ҳожанинг изни ва хоҳиши билангина тасарруф қилиши мумкин.
ИСЛОМ АҚИДАСИНИНГ МАҚСАДЛАРИ
«Мақсад» сўзининг мазмуни кўп бўлиб, шулардан бири: «интилиш учун қўйилган ғоя ва қасд қилинган барча нарсадир».
Ислом эътиқодининг мақсад ва буюк ғоялари шу эътиқодни қабул қилишга асосланади. Бу ғоя ва мақсадлар кўп ва хилма-хил бўлиб, уларнинг баъзилари қуйидаги-лардир:
Биринчи: Ният ва ибодатни Аллоҳ таоло учун холис қилиш.
Чунки, Аллоҳ таоло шериги бўлмаган яратувчи-Холиқдир. Демак, қасд ва ибодат Аллоҳ таолонинг Ўзи учунгина бўлиши фарздир.
Иккинчи: Ақл ва фикрни, қалбнинг шу эътиқоддан холи эканидан вужудга келадиган бошбошдоқлик гирдобида сарсон бўлиб тентирашидан озод қилиш.
Чунки, бу эътиқоддан қалби бўш кимса, қалби барча эътиқодлардан холи ва фақатгина ҳиссий моддага ибодат қилган, ёки эътиқодлар ва хурофотларнинг залолат биёбонида дарбадар юрган бўлади.
Учинчи: Фикрий ва руҳий роҳат.
Бунинг натижаси эса, инсон руҳиятда безовта, фикрлашда беқарор бўлмайди. Чунки, бу эътиқод мўминни ўз Холиқига боғлайди. Бунинг оқибатида мўмин киши Аллоҳ таолонинг бошқарувчи Раб, қонун чиқарувчи Ҳоким, деб рози бўлади-да, унинг қалби Аллоҳ таолонинг тақдиридан қониқиш ҳосил қилади. Дили Ислом учун кенг бўлади-да, унинг ўрнига бадал изламайди.
Тўртинчи: Аллоҳ таолога ибодат қилиш ёки халқлар билан муомала қилишда мақсад ва амалнинг хурофотдан саломат бўлиши.
Чунки, мақсад ва амалнинг асоси — йўлларига эргашганлар учун соғлом мақсад ва соғлом амални кафолатловчи пайғамбарларга иймон келтиришдир.
Бешинчи: Ишлардаги қатъийлик ва жиддийлик. Мўмин савоб умидида солиҳ амалларни қилиш учун ҳар бир фурсатни ғанимат билади ҳамда гуноҳ содир этилаётган ўринлардан жазодан қўрқиб узоқ бўлади.
Чунки, буларнинг асоси — қайта тирилиш ва амалларга лойиқ мукофот берилишига иймон келтирилишидир. Аллоҳ таоло деди:
«Ҳар ким учун қилган амалларидан даражот-савоблар бор. Раббингиз уларнинг қилаётган амаллари-дан ғофил эмасдир» (Анъом:132).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ғояга қуйидаги сўзлари билан рағбатлантирдилар:
«Кучли мўмин заиф мўминдан кўра яхшироқдир ва Аллоҳга севимлироқдир. Уларнинг ҳар иккисида ҳам яхшилик бор. Ўзингизга фойдали бўлган нарсага ҳарис бўлинг ва Аллоҳ таолодан ёрдам сўранг, ожизлик қилманг! Агар бирор мусибат етса: «Агар ундай қилсам, бундай бўлар эди», деб айтманг. Чунки, «агар» сўзи шайтоннинг амал (йўл)ларини очиб беради» (Имом Муслим ривояти).
Олтинчи: Ўз динини ўрнатиш ва дин устунларини мустаҳкамлаш учун ўзидаги қадр-қимматли бўлган барча нарсаларни фидо этадиган ва бунинг йўлида етадиган мусибатларга эътибор бермайдиган қудратли умматни вужудга келтириш.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деди: «Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтириб, сўнгра (ҳеч қандай) шак-шубҳа қилмаган ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида курашган зотлардир. Ана ўшаларгина (ўз иймонларида) содиқ бўлган зотлардир» (Ҳужурот: 15).
Еттинчи: Шахс ва жамоаларни ислоҳ қилиш билан дунё ва охират бахт-саодатига ҳамда Аллоҳ таолонинг ажр ва савобларига эришиш.
Аллоҳ таоло деди:
«Эркакми ё аёлми — кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, Биз унга покиза хаёт насиб этамиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган энг гўзал амаллари сабабли бериладиган ажр-савоблар билан мукофотлаймиз» (Наҳл: 97).
Бу санаб ўтганларимиз, Ислом эътиқодининг мақсад ва ғояларининг баъзилари, холос.
Биз бу мақсадларни ўзимиз ва барча мусулмонлар учун рўёбга чиқаришини Аллоҳ таолодан тилаб қоламиз.