Бу материал ... таржима қилинган
Full Description
- Таҳорат китоби.
Фитратдаги суннатлар - 1- Мисвок ишлатиш
- 2- Мўйловни қисқартириш ва соқол қўйиш
- 3- Хатна қилиш
- 4- Қов соҳасидаги тукларни олиш, қўлтиқ ости тукларини юлиш ва тирноқларни олиш
- 5- Мушк-анбар ва ундан бошқа хушбўйликларни суртиш
- 6- Оқарган соч ва соқолни хина, бўёқ ва шунга ўхшаш нарсалар билан бўямоқ
Фитратдаги суннатлар
«Мухтасар ал-фиқҳ ал-исламий» китобидан иқтибос
سنن الفطرة
مقالة مقتبسة من كتاب مختصر الفقه الإسلامي
> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <
Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Тувайжирий
محمد بن إبراهيم التويجري
Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший
Муҳаррир: Абу Муҳаммад Али Бухорий
ترجمة: أبو عبد الله الشاشي
مراجعة: أبو محمد علي البخاري
Таҳорат китоби.
Фитратдаги суннатлар
Фитратдаги, яъни хилқатда бўлган суннатлар: энг чиройли кўринишда ва энг афзал ҳолатда бўлиш билан кишининг хилқатини комил қилишига ҳамма шариатлар иттифоқ қилган ҳамда Оллоҳ таоло инсонларни улар узра яратган хислатлардир.
Фитратдаги суннат амаллар қуйидагилардир:
1- Мисвок ишлатиш
Мисвок арок, зайтун ва шунга ўхшаш дарахтлардан олинган юмшоқ новдадир. Мисвок оғизнинг тозалиги ва Оллоҳнинг розилигига сабаб бўлади ҳамда банда у билан савоб олиб ибодат қилган бўлади.
Мисвокланиш сифати:
Мисвокни ўнг ёки чап қўл билан тутиб, тишлар ва милклар устидан юргизилади, яъни ишқаланади. Мисвок ишлатишни оғизнинг ўнг томонидан бошланади, сўнгра чап томонига ўтилади. Баъзан тилнинг усти ҳам мисвокланади.
Мисвок ишлатиш ҳукми:
Мисвокни ҳамма вақт ишлатиш суннатдир. Фақат таҳорат олаётганда, намоздан, Қуръон ўқишдан ва уйга киришдан олдин, кеча уйқусидан турган маҳал ва оғиз ҳиди ўзгарганда мисвокланиш таъкидланган суннат амалдир.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар умматимга (ёки одамларга) қийин қилиб қўйиш андишаси бўлмаганида эди, уларни ҳар намоздан олдин мисвок ишлатишга буюрган бўлардим", дедилар (Муттафақун алайҳи).[1]
2- Мўйловни қисқартириш ва соқол қўйиш
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мушрикларга хилоф қилган ҳолда соқолни ташлаб қўйинглар ва мўйловни қиртишлаб олинглар!", дедилар (Муттафақун алайҳи).[2]
3- Хатна қилиш
Хатна — жинсий олат бошини ёпиб турадиган терини кесиб ташламоқдир. Бу ўша тери остида ифлослик ва сийдик қолиб кетмаслиги учун қилинади.
Хатна қилиш эркакларга вожиб бўлса, аёлларга суннатдир.
4- Қов соҳасидаги тукларни олиш, қўлтиқ ости тукларини юлиш ва тирноқларни олиш
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳи ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бешта нарса фитратдандир: хатна қилиш, аврат атрофидаги тукларини тозалаш, қўлтиқ ости тукларини юлиш, тирноқларни олиш ва мўйловни қисқартириш", дедилар (Муттафақун алайҳи).[3]
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу шундай дейди: “Бизга мўйловни қисқартириш, тирноқларни олиш, қўлтиқ ости тукларини юлиш ва аврат атрофидаги тукларини қиришни қирқ кундан ортиқ қолдириб юбормаслигимиз белгиланди" (Муслим ривояти).[4]
Мўйловни қисқартириш, тирноқларни олиш, қўлтиқ ости тукларини юлиш ва қов соҳасидаги тукларни олишнинг учта вақти бордир:
Биринчи: Суннат бўлган вақт. Туклар ва тирноқлар узун бўлиши билан олишлик.
Иккинчи: Макруҳ бўлган вақт. Туклар ва тирноқларга қирқ кундан кўпроқ муддат тегинмаслик.
Учинчи: Ҳаром бўлган вақт. Ҳаддан зиёда ўсиб, кўпайиб кетгунича ташлаб қўйиш. Бу ҳаромдир, чунки бундай қилишда кофирларга ва ҳайвонларга ўхшашлик бордир.
5- Мушк-анбар ва ундан бошқа хушбўйликларни суртиш
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шундай дейди: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хушбўй солинган бир идиши бўлиб, ундан хушбўйланар эдилар" (Абу Довуд ривояти).[5]
6- Оқарган соч ва соқолни хина, бўёқ ва шунга ўхшаш нарсалар билан бўямоқ
Оқ ва бошқа рангга ўзгарган соч ва соқолни бўяш суннатдир. Урушда сочни қорага бўяш жоиздир. Аммо чирой учун қорага бўяшдан узоқ турмоқ афзалдир. Қора ранг ўрнига хина ва катам (қизғимтир қора ёки каштан ранг)га бўяса бўлади.
Алдов, айбни яшириш учун қора рангга бўяшлик эса, эркагу аёлга ҳаромдир.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳи ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яҳудийлар ва насронийлар соч-соқолларини бўямайдилар, шундай экан уларга хилоф қилинглар", дедилар (Муттафақун алайҳи).[6]
Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Макка фатҳи куни Абу Қуҳофа Пайғамбаримиз ёнига олиб келинди. Унинг соч ва соқоли оқ гулли суғома ўсимлиги сингари оппоқ эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Буни (яъни соч ва соқолини) бирор нарса билан ўзгартиринглар!", дедилар (Муслим ривояти).[7]
Абу Зарр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу оқ соч ва соқолни ўзгартирадиган нарсаларнинг энг яхшилари хина ва катам[8]дир", дедилар (Абу Довуд ва Термизий ривояти).[9]
Соқол қўйишнинг ҳукми:
Соқолни мўл ва тўлиқ қўйиш анбиё ва расулларнинг хусусиятларидан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўл соқоллари бор эди. У зот эркакларнинг энг кўрками, гўзал кўринишлиси ва чиройли юзлиси эдилар.
Соқол гўзаллик бўлиб, эркаклар билан аёллар орасини ажратиб турувчи энг катта хусусиятдир.
Ажабланарлиси шундаки, шайтон йўлдан оздирган ва майлларини бузган кўпгина мусулмонлар соқолларини олиб, Оллоҳнинг яратган хилқатини ўзгартирдилар, кофирлар ва аёлларга ўзларини ўхшатдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга осий бўлдилар, эркаклик жасоратидан ва эрлик шарафидан аёллар нозиклигига қочдилар ва соқолларини олиб юзларини маҳруму мажруҳ қилдилар, вақтларию молларини зое қилдилар ва ўзларини аёлларга ўхшатиш билан Оллоҳнинг лаънатига сазовор бўлдилар.
Оллоҳга ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга тоат ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишлик жиҳатидан соқол қўйиш вожиб, соқолни олиш эса ҳаромдир.
Оллоҳ таоло айтади: “Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Оллоҳдан қўрқинглар! Албатта Оллоҳнинг жазоси қаттиқдир" (Ҳашр сураси, 7).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мушрикларга хилоф қилган ҳолда соқолни тўлиқ қўйинглар ва мўйловни қиртишлаб олинглар!", дедилар (Муттафақун алайҳи).[10]
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўйловни қисқартириб, соқолни ташлаб қўйиб мажусийларга хилоф қилинглар!", дедилар (Муслим).[11]
Сочни ёғлаб, тараб парваришламоқ:
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикофда бўлганларида бошларини менга яқинлаштирар (яъни ҳужрамга бошларини киргизар) ва мен сочларини тараб қўярдим. (Эътикофда бўлган пайтлари) Уйга фақат инсоний ҳожати учунгина кирарди" (Муттафақун алайҳи).[12]
Кофирларга мухолиф йўл тутиш бобидан сочни бир томонини олиб, бошқа томонини олмаслик макруҳдир. Кофирларга тақлид қилиб шундай қилиш эса ҳаромдир.
Сочни тагидан олдиришнинг ҳукми:
Сочни тагидан олдиришнинг олти ҳолати бор:
Биринчи: Оллоҳ таолога тоат ва қурбат. Бу тўрт ўринда бўлади: ҳаж ва умра қилганда, етти кунлик чақалоқ ва кофир мусулмон бўлганда сочни олдиришдир.
Иккинчи: Ширк. Бу Оллоҳдан бошқа валий ёки бут учун ўзининг хорлигини изҳор қилиб сочини олдириш.
Учинчи: Бидъат. Бу юқорида зикри ўтган тўрт ўриндан бошқа ҳолатларда ибодат ва тарки дунё қилиш мақсадида сочни олдиришдир. Бунга мисол: сочни олдиришни солиҳларнинг аломати деб билиш, ёки хаворижлар қилганига ўхшаб зоҳидликнинг комиллигидан деб билиш, ёки тавба қилувчи тавбадан кейин сочини олдириши. Булар бидъатдир.
Тўртинчи: Ҳаром. Яқини ва қариндошининг вафот этиши каби мусибат пайтида сочини олдириш, кофир ёки фосиқларга тақлид қилиб сочини олдириш.
Бешинчи: Мубоҳ. Бирор касалликдан даволаниш ёки битлаш ва шунга ўхшаш азиятлардан қутулиш мақсадида сочни олдириш.
Олтинчи: Сабабсиз, мазкур сабаблардан бирортаси бўлмасдан, эҳтиёжсиз сочни олдириш. Бунда эҳтиёж бўлмагунича олдирмаслик афзалдир, чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаж ва умра ибодатидагина олдирганлар, бошқа пайтлар олдирмаганлар.
* * *
[1] Бухорий (887) ва бу ҳадис унинг лафзи, Муслим (252).
[2] Бухорий (5892) ва бу ҳадис унинг лафзи, Муслим (259).
[3] Бухорий (5889) ва бу ҳадис унинг лафзи, Муслим (257).
[4] Муслим (258).
[5] Абу Довуд (4162).
[6] Бухорий (5899) ва бу ҳадис унинг лафзи, Муслим (2103).
[7] Муслим (2102).
[8] Катам деган ўсимликдан олинадиган қизғимтир қора ёки каштан рангли бўёқдир.
[9] Абу Довуд (4205) ва Термизий (1453).
[10] Бухорий (5892) ва бу ҳадис унинг лафзи, Муслим (259).
[11] Муслим (260).
[12] Бухорий (5925), Муслим (297) ва бу ҳадис унинг лафзи.