×
Мақолада фаришталарнинг китоб ва суннатда ворид бўлган сифатлари баён қилинади.

Фаришталарнинг сифати

[Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي]

АБДУЛҚАЮМ АБДУЛҒАФФАРХОН ЎҒЛИ

Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий

2011 - 1432

﴿ صفات الملائكة ﴾

« باللغة الأوزبكية »

عبد القيوم بن عبد الغفار خان

مراجعة: شمس الدين درغامي

2011 - 1432

بسم الله الرحمن الرحيم

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

الحمد لله رب العالمين، والعاقبة للمتقين، ولا عدوان إلا على الظالمين، والصلاة والسلام على سيدنا محمد، وعلى آله وصحبه أجمعين، وبعد:

Фаришталарнинг сифати хусусида

Парвардигорнинг муқарраб бандалари бўлмиш фаришталарнинг сифати ҳақида гап юритилганда: уларнинг нимадан яратилганликлари, яратилиш сифатлари ҳамда фаришталар ейиш-ечиш, эру-хотинликдан муназзаҳ эканликлари назарда тутилади.

Муқарраб фаришталарнинг нурдан яратилганликлари кўпчилик мусулмонларга маълум. Биз ўтган дарсимизда фаришталарнинг шаръий маъноси билан танишиш асносида, фаришталар Оллоҳ таолонинг нуроний бандаларидир, деган эдик.

Фаришталарнинг нурдан яратилган Оллоҳ таолонинг нуроний бандалари экани ҳақида жаноб Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам имом Муслим ривоятида: "Фаришталар нурдан яралгандирлар. Одам (алайҳис-салом) эса ўзларингизга сифатланган нарса (яъни сапол каби қуриган қора лойдан) яралгандир", деганлар. (Имом Муслим ривояти).

Фаришталарнинг сифати

Фаришталар сифатларидан бири: уларнинг Оллоҳ таолонинг изни билан турли шалк-суратда шаклланишга қодирликларидир.

Уларнинг бу сифати бошқа махлуқотларда учрамайдиган, фаришталарга хос сифатлардан биридир. Фаришталарнинг пайғамбарлар ҳузурига барно инсон суратида келганликлари кўпчиликка маълум. Мисол учун: Оллоҳ таоло тамонидан ваҳийни пайғамбарларга индирувчи Жаброил фаришта жаноб Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига Диҳя ал-Калбий номли гўзал саҳобий суратида келганди.

Шунингдек, фаришталардан бир қанчаси Лут а.с. ҳузурига хушсурат йигитлар бўлиб келганлар. Қавми баччабозлик дардига мубтало бўлган Лут пайғамбар фаришталарнинг бағоят барно йигитлар суратида кўриб, уларга қавми тажовуз қилишларидан қўрқдилар ва: {Бу кун оғир кундир} - дедилар. Буни фаҳмлаган фаришталар унга: {Эй Лут, биз Парвардигорингнинг элчиларимиз} - дея, тасалли бердилар.

Фаришталар сифатидан яна бири: уларнинг жисм жиҳатдан барваста ва бақувват эканликларидир.

Фаришталарнинг бу сифатлари ҳам, уларни инси-жинлардан ажратиб турадиган, фаришталарга хос сифатлардан биридир. Пайғамбарларга Оллоҳ таолонинг ваҳийсини етказадиган улуғ фаришта Жаброил саллоллоҳу алайҳи ва саллам мислсиз бақувват экани ҳақида Оллоҳ таоло шундай хабар берди: {Шак-шубҳасиз, у Қуръон бир улуғ, қувватли, аршнинг соҳиби бўлмиш Оллоҳ наздида макон мартабали, у жойда итоат этилгувчи, ишончли элчининг (яъни Жаброил фариштанинг Оллоҳ таоло томонидан келтирган) сўзидир}. (Таквир 19-20).

Ван-нажм сурасидаги: {Сўнгра яқинлашиб, пастлади. Бас, у (Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламга) икки камон оралиғида ё ундан-да яқинроқ бўлди} - ояти тафсирида Ойша онамиз шундай деганлар: "Бу Жаброил саллоллоҳу алайҳи ва саллам эди. У Росулуллоҳ ҳузурига кўпинча инсон суратида келарди. Лекин шу гал ўзининг асл суратида келиб, (баҳайбатлигидан) уфқни тўсиб қўйди". (Бухорий 3235).

Фаришталарнинг баҳайбатлиги ҳақида хабар бериб жаноб Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Жобир бин Абдуллоҳ розиаллоҳу анҳу ривоятида шундай деганлар: "Менга аршни кўтариб туривчи фаришталарнинг бири ҳақида гапиришга рухсат берилди. У фариштанинг солинчаги (қулоғининг остки юмшоқ қисми) билан елкасининг ораси етти юз йиллик масофадир".

Фаришталар сифатларидан яна бири: уларнинг қанот эгалари эканлигидир.

Фаришталарнинг иккидан тортиб то Оллоҳ хоҳлагинича қанотлари борлиги Фотир сурасида хабар берилиб, унда Оллоҳ таоло Ўз махлуқотларини Ўзи хоҳлаган шакл ва ҳайатда яратишини билдириб, шундай дейди: {Ҳамду-санолар осмонлар ва ерни илк яратувчи ҳамда фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилгувчи Оллоҳ учундир. У зот яратган махлуқотида Ўзи хоҳлаган нарсани зиёда қилур. Албатта Оллоҳ барча нарсага қодирдир}. (Фотир 1).

Фаришталар сифатларидан яна бири: уларнинг ейиш-ечиш, эру-хотинликдан муназзаҳ эканликларидир.

Дарҳақиқат, фаришталар бошқа махлуқотлар сингари еб-ечмайдилар, жўфтлик нималигини билмайдилар. Фаришталар Абул-Анбиё Иброҳим а.с. зиёратига ташриф буюрганларида, азиз меҳмонларнинг фаришталар эканидан хабари йўқ Иброҳим пайғамбар улар учун бир бузоқ сўйиб, зиёфат қиладилар. {Энди қачонки Иброҳим овқатга (фаришталар) қўл чўзмаганларини кўргач, улардан шубҳаланди ва улардан хавсирай бошлади. (Шунда) улар: "Қўрқмагин. Бизлар фаришталармиз – таом емаймиз - дедилар}. (Ҳуд 70).

Фаришталар сифатларидан яна бири: уларнинг гапириш, кўриш ва эшитиш каби сифатларга эга эканликларидир.

Фаришталарнинг кўриш ва гапириш сифатларига дали, Оллоҳ таолонинг ушбу қавлидир: {Эсланг (эй Муҳаммад), Парвардигорингиз фаришталарга: "Мен ерда Одамни халифа қилмоқчиман", деганида улар айтдилар: "У ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани халифа қиласанми? Ҳолбуки, биз ҳамду-сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сенинг номингни мудом пок тутамиз. Оллоҳ айтди: "Мен сизлар билмаган нарсаларни биламан"}. (Бақара 30).

Фаришталар сифатларидан яна бири: улар одамларга ўхшаб чарчаб-толмаслар, тан роҳати учун уйқуга кетмаслар. Оллоҳга ибодат қилишда сустлик нималигини ҳечам билмаслар. Уларнинг туну-кун қиладиган амаллари Оллоҳ таолони поклаб, У зот ҳаққига ҳамду-санолар айтишдир. Оллоҳ таоло айтади: {Осмонлар ва Ердаги бор жонзот Уникидир. Унинг ҳузуридаги зотлар (яъни фаришталар) Унга ибодат қилишларидан орланиб-зорланмайдилар. Улар туну кун сусткашлик қилмасдан (Оллоҳни) поклайдилар}. (Анбиё 19-20).

Фаришталарнинг башқа махлуқотларга ўхшаш жойи: уларнинг бошқа махлуқотлар сингари вафот этишларидир.

Дунёдаги бор жонзотлар бир кун келиб, вақти соати тўлиб, ажали етгач албатта вафот этади. Ҳеч ким ва ҳеч жонзот бу дунёда мангу қолмайди. Мангулик ва барҳаётлик ягона Парвардигориолам-Оллоҳ учундир. Оллоҳ таоло айтади: {(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Парвардигорингизнинг юзи – Ўзигина боқий-мангу қолур}. (Раҳмон 26-27).

Фаришталарнинг хулқий сифати хусусида

Парвардигорни туну кун поклаш, У зот ҳаққига тасбеҳлар айтиш ва У зотга сусткашлик қилмасдан ибодат қилишдек катта масъулиятлар топширилган фаришталар Қуръони каримда хабар берилганидек, барча гуноҳ ва маъсиятлардан сақланган-маъсум зотлардир. Дарҳақиқат, зиммаларига юксак ишлар юкланган фаришталарнинг гуноҳ ва хатолардан маъсум бўлмоғи бир ҳикмат тақозосидирки, ана шу нарса орқали икки дунё ишлари ўрнига туширилди. Зеро, гуноҳдан маъсум фаришталар Оллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмасдан бажарадиган бандалардир. Оллоҳ таоло айтади: {Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилангизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у дўзах устида қаттиқ дил ва қаттиқ қўл, Оллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрган нарсани қиладиган фаришталар турур}. (Таҳрим 6).

*** Фаришталар Оллоҳнинг муқарраб бандалари бўлишларига қарамасдан, улар ғайб илмидан бехабардирлар. Фаришталар илми ҳам фақат Оллоҳ билдирган нарсалар атрофида бўлиб, улар бандачиликдан ўзга бирон илму-билимга эга эмасдирлар. Оллоҳ таоло фаришталарга агар сизларда Мен ўргатган илмдан бошқа илмларинг бўлса, у ҳолда Менга мана бу нарсаларнинг исмларини билдиринг! - деганида, улар: {эй пок Парвардигор, биз фақат Сен билдирган нарсаларнигина биламиз. Албатта Сен Ўзинг илму-ҳикмат соҳибисан} - деб, уларда ғайб илми йўқлигини тан олганлар.

Фаришталарнинг хулқий сифатларидан бири: уларнинг Парвардигор ҳузурида саф тортиб туришларидир.

Шу боис, жаноб Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам умматини намоз чоғида фаришталардек баб-баробар саф тортиб туришларига чорлаб: "Фаришталар Оллоҳ ҳузурида саф тортиб турганидек, сафланмайсизларми?! - дедилар. Шунда саҳобалар: эй Росулуллоҳ, фаришталар Оллоҳ ҳузурида қай тарзда сафланадилар - деб сўрашди. Жаноб Росулуллоҳ:"Улар сафларида бири-бирини тутиб турган бинолардек тизилиб турурлар", деб жавоб бердилар.

Фаришталарнинг хулқий сифатларидан бири: уларнинг ниҳоят даражада хушфеъл-итоатли эканликларидир.

Қуръонни Оллоҳнинг наздидаги Лавҳул-Маҳфуздан кўчирган зотлар Оллоҳ таолонинг хушфеълли, айни чоғда итоатли бандалари фаришталар мадҳида Оллоҳ таоло шундай дейди: {Албатта (Қуръон оятлари) бир панд-насиҳатдир. Бас, ким хоҳласа ундан панд-насиҳат олур. (У оятлар Оллоҳ наздида) азизу мукаррам, қадри баланд, покиза саҳифаларга улуғ, итоатли-хушфеълли мирзолар (яъни фаришталар) қўллари билан (Лавҳул-Маҳфуздан кўчирилиб битилгандир)}. (Абаса 11-16).

Фаришталарнинг энг олий хислати: уларнинг Парвардигорнинг азоб-уқубатидан ўта қўрқувчи эканликларидир.

Павардигорнинг муқарраб бандалари фаришталар барча гуноҳу хатолардан маъсум, фақат ўзларига Парвардигор амр этган нарсаларнигина қиладиган бўлишларига қарамасдан, улар Оллоҳнинг У зотдан энг қўрқувчи бўлган бандалари ҳамдир. Оллоҳ таоло айтади: {Мамақолдироқ ҳам Оллоҳга ҳамду сано билан тасбеҳ айтур. Фаришталар ҳам У зотдан қўрқанлари сабабли (тасбеҳ айтурлар)}. (Раъд 12).

Жобир бин Абдуллоҳ розиаллоҳу анҳу ривоятида Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам Жаброилдек улуғ фариштанинг Оллоҳдан хавфи нақадарлиги баёнида шундай деганлар: "Исро кечаси фаришталар олдидан ўтаётган пайтимда Жаброилнинг Оллоҳдан қўрққанидан ҳул бўйра ҳолига тушганини кўрдим". (Табароний /Авсат).

Дарвоқе, фаришталардан то қиёмат мудом рукуъ қилувчилари ҳам, сажда қилувчилари ҳам мавжуд. Шунингдек, фаришталардан тинимсиз одамларнинг яхши-ёмон амалларини ёзиб борувчилари ҳам бордир. Оллоҳ таоло айтади: {Ҳолбуки, шак-шубҳасиз сизларнинг устингизда (қилган амалларингизни) ёд олиб, ёзиб тургувчи улуғ фаришталар бордир}. (Инфитор 10-11).

Фаришталар сифатларидан бири: фаришталардан Оллоҳ таолонинг амри билан ҳар бир мўминни инсу жин ва ҳашоратлар азиятидан сақлаб-ҳимоя қилувчи фаришталар ҳам бордир. Оллоҳ таоло айтади: {Унинг (яъни мўминнинг) олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилгувчи фаришталар бўлиб, улар Оллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар...}. (Раъд 11).