Бу материал ... таржима қилинган
Full Description
- ҚИРҚ ҲАДИС
- Имом Нававий
- Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
- Имом Нававий муқаддималари
- Биринчи ҳадис
- Иккинчи ҳадис
- Ислом, иймон ва эҳсон
- Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
- Учинчи ҳадис
- Ислом рукнлари ва буюк асослари
- Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
- Тўртинчи ҳадис
- Инсоннинг яралиш босқичлари ва унинг хотимаси
- Бешинчи ҳадис
- Ёмонлик ва бидъатларни рад этиш
- Олтинчи ҳадис
- Ҳалол ва ҳаром
- Еттинчи ҳадис
- Дин насиҳатдир
- Саккизинчи ҳадис
- Мусулмоннинг ҳурмати
- ТўҚҚизинчи ҳадис
- Енгиллаштирингиз, оғирлаштирмангиз!
- Итоат ва ҳалимлик нажотга бошлайди
- Ўнинчи ҳадис
- Ҳалол-покиза юрган кишининг амали мақбулдир!
- Ўн биринчи ҳадис
- Шубҳали нарсаларни тарк этмоқ
- Ўн иккинчи ҳадис
- Фойдали нарсалар билан машғул бўлиш
- Ўн учинчи ҳадис
- Иймон ва Ислом биродарлиги
- Ўн тўртинчи ҳадис
- Мусулмон кишининг қони тўкилмайди
- Ўн бешинчи ҳадис
- Фақат яхши сўзларни сўзламоқ, меҳмон ва қўшни ҳаққига риоя этмоқ иймоний хислатлардандир
- Ўн олтинчи ҳадис
- Ғазаб қилма - жаннатий бўласан!
- Ўн еттинчи ҳадис
- Ҳар бир ишни пухта қилмоқ лозим
- Ўн саккизинчи ҳадис
- Аллоҳ таолодан қўрқиш ва ҳусни хулқ
- Ўн тўҚҚизинчи ҳадис
- Аллоҳ таоло ҳифзу ҳимояси, мадади ва нусрати
- Йигирманчи ҳадис
- Ҳаё иймондандир
- Йигирма биринчи ҳадис
- Ҳақ устида собитқадамлик ва иймон
- Йигирма иккинчи ҳадис
- Жаннат йўли
- Йигирма учинчи ҳадис
- Ҳар бир яхшилик садақадир
- Йигирма тўртинчи ҳадис
- Аллоҳ зулмни ҳаром қилди
- Йигирма бешинчи ҳадис
- Аллоҳ таоло фазлу марҳамати
- Йигирма олтинчи ҳадис
- Ислоҳ ва адолат
- Йигирма еттинчи ҳадис
- Яхшилик ва ёмонлик
- Йигирма саккизинчи ҳадис
- Суннатларни маҳкам тутинг! Бидъатлардан йироқ бўлинг!
- Йигирма тўҚҚизинчи ҳадис
- Яхшилик эшиклари ва ҳидоят йўллари
- Ўттизинчи ҳадис
- Аллоҳ таоло белгилаб қўйган ҳадлар ва ҳаром ишлар
- Ўттиз биринчи ҳадис
- Зоҳидлик моҳияти ва унинг самараси
- Ўттиз иккинчи ҳадис
- Исломда зарар етказиш йўқ
- Ўттиз учинчи ҳадис
- Исломда қозилик асослари
- Ўттиз тўртинчи ҳадис
- Ёмонликнинг олдини олмоқ - исломий бурч!
- Ўттиз бешинчи ҳадис
- Исломий биродарлик ва мусулмоннинг ҳақлари
- Ўттиз олтинчи ҳадис
- Эзгулик мажмуаси
- Ўттиз еттинчи ҳадис
- Аллоҳ таоло адолати, фазли ва қудрати
- Ўттиз саккизинчи ҳадис
- Аллоҳ таоло муҳаббатини қозонмоқ
- Ўттиз тўҚҚизинчи ҳадис
- Исломда танглик йўқ
- ҚирҚинчи ҳадис
- Фурсатни ғанимат билинг
- ҚирҚ биринчи ҳадис
- Иймон асоси шариатга эргашишдир
- ҚирҚ иккинчи ҳадис
- Аллоҳ азза ва жалланинг мағфирати кенгдир
Имом Нававий
ҚИРҚ ҲАДИС
шарҳи
Муаллифлар:
доктор Мустафо ал-Буғо,
шайх Муҳиддин Мисту
Бу асар араб тилида “АЛ-ВОФИЙ фий шарҳил-арбаийн ан-нававийя" номи билан бир неча маротаба босиб чиқарилган. Китоб 1995 йили Байрутда чоп этилган саккизинчи нашр асосида ўзбекчага ўгирилди.
Имом Нававий
Ислом дунёсининг энг машҳур олимларидан бўлмиш Яҳё ибн Шараф ан-Нававий ҳижрий 631 йил муҳаррам ойида Дамашқ яқинидаги Наво деган жойда дунёга келдилар. Ёшлик чоғларида бошқа болалар каби ўйинқароқ бўлмай, аксинча, илмга қаттиқ бел боғладилар. Ўн ёшга етганларида Қуръон ёдлаш ва фиқҳдан таълим олишга киришдилар. Ўн тўққизга кирганларида Дамашқдаги “Дорулҳадис" мадрасасига кириб, илм таҳсилини давом эттирдилар. У киши ўша замондаги катта-катта олимларнинг кўпларидан дарс олдилар. Вақтларидан жуда унумли фойдаландилар. Уламоларнинг айтишларича, Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ бир кунда турли устозлардан ўн икки хил дарс олар эдилар. У киши ёдлашга жиддий аҳамият берганлари боис, дарс қиладиган ҳар битта китобларини албатта ёдлаб олардилар. Китоб мутолааси у зот учун тенги йўқ лаззатли машғулот эди. Йигитлик даврларини кўп китоб ўқиш, ёдлаш ва изланиш билан ўтказдилар. Ниҳоят, илмнинг турли соҳалари бўйича кучли олим бўлиб етишдилар. Айниқса ҳадис, фиқҳ, усули фиқҳ соҳаларида донг таратдилар.
Умрларининг кейинги даврини асосан дарс бериш, уламоларнинг асарларига шарҳлар ёзиш ва китоблар таълиф этишга бағишладилар. Нисбатан оз умр кўрган бўлсалар-да, Аллоҳ таоло у кишининг вақтларига барака ато этган эди. У зот ўзларидан жуда катта илмий мерос қолдириб кетдилар. Имом Нававий китоблари таъбирининг равонлиги, далилларининг ойдинлиги, маъноларининг яққоллиги билан эътиборга моликдир. Қолаверса фақиҳларнинг турли хил фикр-мулоҳазаларига нисбатан инсоф билан ёндошиш ҳам у кишига хос хусусиятлардандир. Ёзган китоблари ичида “Риёзус-солиҳийн", “Ал-азкор" ва “Арбаийн" мусулмонлар орасида ҳайратомуз тарзда оммавийлашиб кетган. Олимлар буни Имом Нававийнинг ихлослари учун Аллоҳ таоло томонидан бўлган иноят деб айтадилар.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ахлоқ-одобда етук инсон эдилар. Зуҳду тақво ва ибодатда илғор бўлганлар. Амру маъруф ва наҳий мункар соҳасида барчага ўрнак кўрсатар эдилар.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ҳижратнинг 676 йили ражаб ойининг 24-куни 45 ёшда киндик қонлари тўкилган Навода вафот этдилар. Вафотлари ҳақидаги хабар Дамашқ ва унинг атрофидаги қишлоқларга тарқалганда у ерларда яшовчи аҳоли қаттиқ қайғуга тушдилар ва кўзларидан ёшлар тўкдилар.
Аллоҳдан у кишини Ўзининг чексиз фазлу марҳамати билан сийлашини, илмлари баракотидан ҳаммамизни насибадор этишини сўраймиз.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Имом Нававий муқаддималари
Барча мақтов оламлар Парвардигори Аллоҳга хосдир. У осмонлар ва ерларни тутиб турувчи ва жамики халойиқни бошқарувчи, мукаллафларни ҳидоят этмоқ ва дин йўл-йўриқларини баён этмоқ учун қатъий далиллар ва очиқ ҳужжатлар билан элчилар юборувчи Зотдир. У Зотга барча неъматлари учун ҳамд айтаман ва Ундан фазли-карамини янада зиёда этишини сўрайман. Гувоҳлик бераманки, сарваримиз Муҳаммад алайҳиссалом Унинг бандаси ва элчисидирлар. Махлуқлар афзали бўлган бу киши Унинг ҳабиби ва халилидирлар. У зот йиллар кетидан йиллар ўтса ҳам давомли мўъжиза бўлиб қолувчи азиз Қуръон ва тўғри йўл изловчилар йўлини ёритувчи суннатлар билан мукаррам этилмиш, “жавомеул калим" ва бағри кенг дин билан хосланмишдир. У кишига ҳамда бошқа пайғамбар ва элчиларга, ҳаммаларининг аҳли-оилаларига ва жамики солиҳ кишиларга Аллоҳнинг дуруд ва саломлари бўлсин.
Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Муоз ибн Жабал, Абу Дардо, Ибн Умар, Ибн Аббос, Анас ибн Молик, Абу Ҳурайра ва Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳумдан кўп йўллар ва турли хил ривоятлар билан бизга етиб келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Кимки менинг умматим учун унинг дин ишидан бўлган қирқта ҳадисимни сақлаб берса, Қиёмат куни Аллоҳ уни фақиҳ ва олимлар гуруҳида тирилтиради". Бир ривоятда “Аллоҳ уни фақиҳ, олим қилиб тирилтиради" дейилган. Абу Дардо ривоятларида “Мен Қиёмат куни унинг учун шафоатчи ва гувоҳ бўламан", Ибн Масъуд ривоятларида “Унга: жаннатнинг хоҳлаган эшигидан кир, дейилади", Ибн Умар ривоятларида эса “У олимлар гуруҳига ёзилади ва шаҳидлар ичида тирилтирилади", дейилган. Мазкур ҳадиснинг йўллари кўп бўлса-да ҳофизлар унинг заиф ҳадис эканлигига иттифоқ қилишган. Олимлар – Аллоҳ улардан рози бўлсин – шу бобда сон-саноқсиз китоблар ёзишган. Шундай китобни тасниф этган мен билган энг биринчи киши Абдуллоҳ ибн Муборакдир. Сўнгра раббоний олим Муҳаммад ибн Аслам ат-Тусий, сўнгра Ҳасан ибн Суфён ан-Насоий, Абу Бакр ал-Ожуррий, Абу Бакр ибн Иброҳим ал-Асфаҳоний, Дориқутний, Ҳоким, Абу Нуайм, Абу Абдурраҳмон Суламий, Абу Саид Молийний, Абу Усмон Собуний, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Ансорий, Абу Бакр Байҳақий ва олдингию кейинги халойиқлардан сонсиз кишилар шундай ишга киришганлар.
Мен ана шу улуғ намояндалар ва Ислом ҳофизларига иқтидо юзасидан қирқ ҳадисни жамлаш тўғрисида Аллоҳдан истихора қилдим. Олимлар фазилатли амалларда заиф ҳадисга амал қилишнинг жоизлигига иттифоқ қилганлар. Шунга қарамай мен бу ҳадисга эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ ҳадислардаги “Ҳозир бўлганингиз ғойиб бўлганингизга етказинг" ва “Менинг сўзимни эшитиб, уни сақлаган ва эшитганидек етказган кишининг юзини Аллоҳ нурли қилсин" деган сўзларига таянаман.
Олимлардан баъзилари қирқ ҳадисни дин асллари борасида, баъзилари фуруъда, баъзилари жиҳод борасида, баъзилари зоҳидлик, баъзилари одоб ва яна баъзи бировлари хутбалар борасида тўпладилар. Буларнинг бари дуруст мақсадлардир, Аллоҳ шу мақсад эгаларидан рози бўлсин. Мен буларнинг барчасидан ҳам муҳимроқ бўлган қирқ ҳадисни жамлашни маъқул кўрдим. Бу эса мана шуларнинг ҳаммасини қамраган қирқ ҳадисдир. Уларнинг ҳар бири диннинг буюк қоидаларидан бўлиб, олимлар уни диннинг таянчи, ё Исломнинг ярми ё учдан бири ёки шу каби сўзлар билан сифатлаган бўладилар.
Ҳамда мен бу “Қирқ ҳадис"нинг саҳиҳ бўлиши ва унинг катта қисми Бухорий ва Муслимнинг “Саҳиҳ"ларида мавжуд бўлишига риоя этаман, уларни ёдлаш қулай бўлиши ва оммага фойдаси тегиши учун санадларини тушириб юборилган ҳолда зикр қиламан, иншоаллоҳ. Сўнгра тушунарсиз лафзларни аниқлашга бағишланган бобни келтираман.
Бу ҳадислар муҳим вазифаларни ўз ичига олгани ва жамики тоатларга эътиборни тортгани туфайли Охиратга рағбат қилган ҳар бир киши уларни билиши керакдир. Улар устида тафаккур қилган киши учун мазкур хусусият равшандир.
Таянчим фақат Аллоҳдир, у Зотгагина ишимни ҳавола этаман ва суянаман. Ҳамд ва неъмат фақат Уникидир, тавфиқ ва хатодан поклик фақат Ундандир.
Биринчи ҳадис
Амаллар ниятларга қараб эътибор қилинади
عَنْ أَمِيرِ الْمُؤْمِنِينَ أبي حَفْصٍ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سمَِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: إِنَّمَا الأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ، وَإِنَّمَا لِكُلِّ امْرِئٍٍ مَا نَوَى فَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ فَهِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ، وَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ لِدُنْيَا يُصِيبُهَا، أَوِ امْرَأَةٍ يَنْكِحُهَا فَهِجْرَتُهُ إِلَى مَا هَاجَرَ إلَيْهِ. )رَوَاهُ إِمَامَا الْمُحَدِّثِينَ أَبُو عَبْدِ اللهِ مُحَمَّدُ بْنُ إِسْمَاعِيلَ بْنِ إِبْرَاهِيمَ بْنِ الْمُغِيرَةِ بْنِ بَرْدِزْبَهْ الْبُخارِيُّ، وَأَبُو الْحُسَيْنِ مُسْلِمُ بْنُ الْحَجَّاجِ بْنِ مُسْلِمٍ الْقُشَيْرِيُّ النَّيْسَابُورِيُّ فِي صَحِيحَيْهِمَا اللَّذَيْنِ هُمَا أَصَحُّ الْكُتُبِ الْمُصَنَّفَةِ(.
Амирулмўминин Абу Ҳафс Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан ривоят: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитдим: "Амаллар фақатгина ниятлар билан эътиборлидир ва ҳар бир киши учун унинг ният қилган нарсасигина берилади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун деб эътибор қилинажак. Кимнинг ҳижрати бирон дунё матоҳини қўлга киритиш ёки бирон аёлни никоҳлаб олиш учун бўлган экан, бас, унинг ҳижрати нима учун қилинган бўлса, ўша учундир". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Дарҳақиқат, бу ҳадис Исломнинг моҳиятини ифодаловчи муҳим ҳадислардан бири бўлиб, динимизнинг аксар ҳукмлари учун пойдевор-асос ҳамдир. Уламоларнинг ушбу ҳадис ҳақида айтган сўзлари бунга ёрқин далил бўла олади.
Имом Абу Довуд айтадилар: "Амаллар ниятлар биландир" ҳадиси Исломнинг ярмидир. Негаки дин ё зоҳирда бўлади ё ботинда. Зоҳирда кўринадигани амал, ботиндагиси эса ният бўлади". Имом Аҳмад ва Шофеий айтадилар: "Амаллар ниятлар биландир" ҳадисига илмнинг учдан бири дохил бўлади. Негаки банданинг амаллари қалби, тили ва қолган аъзолари билан касб қилинади. Қалб билан ният қилиш айни шу уч қисмдан биридир".
Шунинг учун олимлар ўз китобларини ана шу ҳадис билан бошлашни афзал кўрганлар. Чунончи, имом Бухорий шу ҳадисни "Ал-Жоме-ус-Саҳиҳ" китобининг бошида келтирганлар. Имом Нававий ҳам ўзларининг учта китоблари - "Риёзус- солиҳийн", "Ал-азкор" ва “Арбаийн"ни худди шу ҳадис билан бошлаганлар. Бундан мурод ушбу китобларни ўрганувчи инсон илм олишда ҳам, бошқа солиҳ амалларида ҳам аввалданоқ ниятни Аллоҳ таоло учун холис қилмоғи лозимлигига ишорадир.
Бундан ташқари, Имом Бухорий ривоятларида келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадисни хутбада айтганлари, кейин Умар разияллоҳу анҳу ҳам уни хутбада айтиб ўтганликлари ушбу ҳадиснинг аҳамиятини янада таъкидлайди. Абу Убайд айтадилар: "Ҳадислар орасида бундан-да сермазмуни ва муҳимроғи йўқдир".
Ҳадиснинг ворид бўлиши
Имом Табаронийнинг "Ал-мўъжамул-кабийр" китобида Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келишича:
"Орамизда Умму Қайс деган аёлга совчи қўйган бир киши бор эди. У аёл: "То ҳижрат қилмагунингча, сенга турмушга чиқмайман", - деб туриб олди. Шунда ҳалиги одам ҳижрат қилиб, ўша аёлга уйланиб олди. Шу боис биз уни Умму Қайснинг муҳожири деб атардик".
Саид ибн Мансур ўзларининг "Сунан" китобларида имом Бухорий ва Муслим шартларига кўра олинган иснод билан Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: "Бирон (дунёвий) нарса тамасида ҳижрат қилган киши учун "Умму Қайснинг муҳожири" деб ном олган кишининг ажридан бошқа ҳеч нарса йўқдир".
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Барча амаллар учун ният шартдир
Мукаллаф бандалардан содир этиладиган амаллар фақат ният билан амалга оширилсагина шаръан эътибор қилиниши ва эвазига ажр-савоб ёзилишига уламолар иттифоқ қилишган.
Намоз, рўза, ҳаж каби мустақил ибодатларда ният қилиш ибодат рукнларидан бири ҳисобланади. Алоҳида ибодат саналмайдиган, балки таҳорат, ғусл каби васила (восита) бўлган амалларда эса ният қилишнинг ҳукми ихтилофлидир. Ҳанафий мазҳабига кўра бундай василалардаги ният савоб ҳосил бўлиши учун мукаммаллик шарти ҳисобланади (яъни, ният қилинмаса ҳам таҳорат, ғусл дуруст саналаверади, лекин ният қилинса, янада мукаммал бўлади). Шофеий ва бошқа имомлар мазҳабларида эса ҳамма ибодатлардаги сингари василаларда ҳам ният амалнинг дуруст бўлиш шартларидан биридир, шу боис ниятсиз бажарилган василалар дуруст ҳисобланмайди.
2. Ниятнинг вақти ва ўрни
Ниятнинг вақти намоздаги такбиратул эҳром сингари ва ҳажда эҳромга кириш сингари ибодатнинг бошидадир. Бироқ рўза ибодатида тонг киришини аниқ билиш қийинлиги туфайли, ниятнинг вақти рўза бошланиш вақтидан бироз илгарироқдир.
Ниятнинг ўрни эса қалбдир. Уни тилга чиқариб талаффуз қилиш шарт эмас. Ният қилишда ният қилинаётган ибодатни тайин қилиб, бошқасидан ажратиш шарт. Масалан: "Намоз ўқишни ният қилдим" дейиш кифоя эмас. Албатта: "Пешин ёки аср намозини" деб тайин қилиш шарт.
3. Ҳижратнинг вожиблиги
Яшаётган жойида ўз динини изҳор қилиш, яъни Исломнинг асосий фарз амалларини бажариш қўлидан келмаётган мусулмонга бундай куфр ўлкасидан ҳижрат қилиши вожибдир. Ушбу ҳукм барча замонларга тегишли. Аммо "(Макка) фатҳидан сўнг ҳижрат йўқдир" ҳадисига келсак, унинг маъноси қуйидагича: "Маккаи Мукаррамадан бошқа ерга ҳижрат қилинмайди, чунки у ер ҳам эндиликда Ислом еридир".
Ҳижрат деб қуйидаги нарсаларга ҳам айтилиши мумкин:
· Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан ўзини тийиш ("Муҳожир Аллоҳ қайтарган нарсадан қайта олган кишидир");
· Мусулмон киши ўз биродарини уч кунгача ҳажр қилиши, яъни алоқасини узиши.
Бироқ гоҳида мусулмон киши маъсият қилишдан қайтмаётган биродарини уч кундан ортиқ ҳажр қилиши зарур бўлиши ҳам мумкин. Шунингдек, итоатсиз хотинни одобга чақириш учун ҳам ҳажр қилиш жоиз.
4. Ким бир солиҳ амални ният қилган бўлса, бироқ хасталик, ўлим ёки шунга ўхшаш сабаблар туфайли уни бажаролмай қолса, унинг учун ажр олаверади
Қози Байзовий айтадилар: “Амаллар ниятсиз дуруст бўлмайди. Чунки узрли сабаб туфайли қила олмаса, киши амалсиз ниятга савоб олади. Аммо ниятсиз амал чанг-тўзон каби тўзғиб кетади. Амал билан ниятнинг мисоли танадаги руҳнинг мисоли кабидир. Тана руҳсиз яшай олмайди, худди шунингдек руҳ ҳам бу оламда жасадсиз кўрина олмайди".
5. Амал ва ибодатларни ихлос билан бажармоқ
Охиратда ажру савобга эга бўлиш ҳамда дунёда тавфиқ ва нажот топиш учун амал ва ибодатларимизда Аллоҳга ихлос қилмоғимиз лозим.
6. Ҳар қандай фойдали ва яхши амал ният, ихлос ва Аллоҳ таолонинг розилигини исташ билан ибодатга айланади.
Иккинчи ҳадис
Ислом, иймон ва эҳсон
عَنْ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَيْضًا، قَالَ: بَيْنَمَا نَحْنُ جُلُوسٌ عِنْدَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ذَاتَ يَوْمٍ، إِذْ طَلَعَ عَلَيْنَا رَجُلٌ شَدِيدُ بَيَاضِ الثِّيَابِ، شَدِيدُ سَوَادِ الشَّعَرِ، لا يُرَى عَلَيْهِ أَثَرُ السَّفَرِ وَلايَعْرِفُهُ مِنَّا أَحَدٌ، حَتَّى جَلَسَ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَأَسْنَدَ رُكْبَتَيْهِ إِلَى رُكْبَتَيْهِ، وَوَضَعَ كَفَّيْهِ عَلَى فَخِذَيْهِ، وَقَالَ: يَا مُحَمَّدُ أَخْبِرْنِي عَنِ الإسْلاَمِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "الإسْلاَمُ أَنْ تَشْهَدَ أَنْ لا إِلهَ إِلاَّ اللهُ وَأَنَّ مُحَمَدًا رَسُولُ اللهِ، وَتُقِيمَ الصَّلاَةَ، وَتُؤْتِيَ الزَّكَاةَ، وَتَصُومَ رَمَضَانَ، وتَحُجَّ الْبَيْتَ إِنِ اسْتَطَعْتَ إلَيْهِ سَبِيلاً". قَالَ: صَدَقْتَ. فَعَجِبْنَا لَهُ، يَسْأَلُهُ وَيُصَدِّقُهُ. قَالَ: فَأَخْبِرْنِي عَنِ الإِيْمَانِ، قَالَ: "أَنْ تُؤْمِنَ بِاللهِ وَمَلائِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ، وَتُؤْمِنَ بِالْقَدَرِ خَيْرِهِ وَشَرِّهِ". قَالَ: صَدَقْتَ. قَالَ: فَأَخْبِرْنِي عَنِ الإِحْسَانِ. قَالَ: "أَنْ تَعْبُدَ اللهَ كَأَنَّكَ تَرَاهُ، فَإِنْ لَمْ تَكُنْ تَرَاهُ فَإِنَّهُ يَرَاكَ". قَالَ: فَأَخْبِرْنِي عَنِ السَّاعَةِ. قَالَ: "مَا الْمَسْؤُولُ عَنْهَا بِأَعْلَمَ مِنَ السَّائِلِ". قَالَ: فَأَخْبِرْنِي عَنْ أَمَارَاتِهَا. قَالَ: "أَنْ تَلِدَ الأَمَةُ رَبَّتَهَا، وَأَنْ تَرَى الْحُفَاةَ الْعُرَاةَ الْعَالَةَ رِعَاءَ الشَّاءِ يَتَطَاوَلُونَ في الْبُنْيَانِ". ثُمَّ انْطَلَقَ، فَلَبِثْتُ مَلِيًا، ثُمَّ قَالَ: "يَا عُمَرُ أَتَدْرِي مَنِ السَّائِلُ؟" قُلْتُ: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ. قَالَ: "فَإِنَّهُ جِبْرِيلُ، أَتَاكُمْ يُعَلِّمُكُمْ دِينَكُمْ". (رواه مسلم).
Умар разияллоҳу анҳудан ривоят: "Бир куни биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ўтирганимизда баногоҳ олдимизга кийимлари оппоқ, соч-соқоли тим қора, устида сафар аломатлари кўринмайдиган, орамизда ҳам ҳеч ким уни танимайдиган бир киши чиқди ва пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бориб ўтирди. Тиззасини у кишининг тиззаларига тақаб, икки қўлини (ўзининг) сонларига қўйиб, деди:
- Эй Муҳаммад! Менга Ислом ҳақида хабар беринг!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Ислом Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги ҳамда Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг Расули эканлигига гувоҳлик беришинг, намозни барпо қилишинг, закотни ўташинг, Рамазонда рўза тутишинг ва агар қодир бўлсанг, Байтуллоҳни ҳаж қилишингдир.
Ҳалиги киши:
- Тўғри айтдингиз! - деди. Биз унинг ҳам сўраб, ҳам тасдиқлаётганига ҳайрон бўлдик.
- Менга иймон ҳақида хабар беринг!
- Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва Охират кунига ишонишинг ҳамда тақдирнинг яхшисию ёмонига иймон келтиришинг.
У одам:
- Тўғри айтдингиз!- деб, кейин яна сўради:
- Менга эҳсон ҳақида хабар беринг!
- Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилишинг, агар сен Уни кўрмаётган бўлсанг, У сени кўриб туради.
- Менга Соат (Қиёмат куни) ҳақида хабар беринг.
- У ҳақда сўралаётган киши сўровчидан кўпроқ билгувчи эмас.
- Унинг аломатлари ҳақида айтиб беринг.
- Чўри ўзининг хўжайинини туғади ва ўзлари ялангоёқ, яланғоч, камбағал бўлган қўйбоқарлар фахр ва риё учун бино қураётганини кўрасиз.
Сўнг ҳалиги киши кетди. Мен бир оз муддат кутдим. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мендан сўрадилар:
- Эй Умар! Биласанми, ўша сўровчи киши кимлигини?
- Аллоҳ ва Расули билувчироқ.
- У киши - Жибрийл алайҳиссалом, сизларга динингизни таълим бергани келган эдилар, - дедилар". (Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Ибн Дақиқ ал-Ийд айтадилар:
- Бу барча зоҳирий ва ботиний вазифаларни ўз ичига олган улуғ ҳадисдир. Шариат илмларининг ҳаммаси шу ҳадисга бориб тақалади ва шундан келиб чиқади. Негаки, у Суннат илмларининг барчасини ўз ичига қамраб олган. Қуръон маъноларини ўзида жамлагани учун Фотиҳа сураси "Уммул Қуръон" - "Қуръон онаси" деб номланганидек, бу ҳадис ҳам "Суннат онаси"дир.
Бундан ташқари, у мутавотир ҳадислардан ҳисобланиб, саҳобаи киромларнинг саккиз нафаридан ворид бўлган. Улар: Абу Ҳурайра, Умар, Абу Зар, Анас, Ибн Аббос, Ибн Умар, Абу Омир Ашъарий ва Жарир Бажалийдирлар. Барчаларидан Аллоҳ рози бўлсин.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Кийим ва ташқи кўринишни гўзал қилиб юриш
Масжидга кириш, илм мажлисларида қатнашиш учун покиза кийимларни кийиш, хушбўй атирлар сепиш, илм мажлисларида олимлар билан одоб ила муомала қилиш яхши хислатлар жумласига киради. Чунки Жибрийл алайҳиссалом сўзлари билан ҳам, кўринишлари билан ҳам умматга таълим берганлар.
2. Ислом нима?
Исломнинг луғавий маъноси - Аллоҳ таолога бўйсуниш, таслим бўлиш. Шаръий истилоҳда эса, Ислом қуйидаги беш асос устига бино қилинган диндир:
· "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг Расули" деб гувоҳлик бериш;
· Намозни ўз вақтида, шартларига, рукнларига, суннат ва одобларига риоя қилган ҳолда адо этиш;
· Закотни ўташ;
· Рамазон ойида рўза тутиш;
· Ҳаж сафарини қилишга қодир бўлса (яъни йўллар очиқ, озиқ-овқати ва аҳли-оиласи учун нафақаси етарли бўлса), бир марта Байтуллоҳни ҳаж қилиш;
3. Иймон нима?
Иймоннинг луғавий маъноси ишониш, тасдиқ қилиш. Шаръий маъноси эса қуйида зикр қилинган нарсаларга қатъий ишониш:
· Барча нарсани яратган Аллоҳ таолонинг борлигига, Унинг ягона ва шериксиз зот эканига иймон келтириш;
· Аллоҳ таолонинг фаришталар дея аталмиш махлуқлари борлигига, улар Аллоҳнинг буйруғига осийлик қилмай, буюрилган нарсаларни бекаму кўст бажарадиган ва шу туфайли ҳурматга сазовор бўлган улуғ бандалар эканлигига, уларнинг Аллоҳ томонидан нурдан яратилгани, еб-ичиш, эркаклик, аёллик, насл қолдириб кўпайиш каби сифатларга эга бўлмаган жонли мавжудотлар эканига ҳамда ададларини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмаслигига иймон келтириш;
· Аллоҳ таоло тарафидан нозил қилинган самовий китобларга ишониш ҳамда бу китоблар инсонлар томонидан ўзгартирилмасдан ва қўшимчалар киритилмасдан илгари Аллоҳнинг шариати ҳисобланганига иймон келтириш;
· Аллоҳ таоло халқларни ҳидоятга бошлаш учун пайғамбарларни ихтиёр қилганига, уларнинг баъзиларига самовий китобларни нозил этганига ҳамда барчалари хато-маъсиятлардан маъсум зотлар бўлишганига иймон келтириш;
· Охират ҳаёти ҳақлигига, ўша кунда Аллоҳ таоло халқларни қайта тирилтириб, яхши амаллари учун мукофотлашига ва ёмон амаллари учун етарли жазо беришига иймон келтириш;
· Борлиқда рўй бераётган ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг ўзигагина аён бўлган ҳикмат учун, Унинг тақдир қилиши билангина ва Унинг хоҳиш-иродасига мувофиқ амалга ошишига иймон келтириш;
Буларнинг барчаси иймон арконларидир. Ким шунга иймон келтириб, эътиқод қилса - нажот топади, зафар қучади. Ким инкор қилса - адашади, дунё ва Охиратда бахтсиз бўлади. "Эй мўминлар, Аллоҳга, Унинг Расулига ва шу Расулига нозил қилинган китобига ҳамда илгари нозил қилинган китобларга иймонингиз комил бўлсин. Кимки Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва Охират кунига ишонмаса, демак, у жуда қаттиқ адашибди." (Нисо сураси, 136-оят).
4. Ислом билан иймон ўртасидаги фарқ
Ислом ва иймон луғавий жиҳатдан ҳам, шаръий жиҳатдан ҳам фарқли бўлган икки алоҳида атамадир. Турли атамалар борасидаги асосий қоида ҳам ана шундай. Бироқ шариат гоҳида бу масалаларга кенгроқ ёндошиб, бирининг номини зикр қилганда иккинчисини, иккинчисининг номини зикр қилганда эса биринчисини назарда тутиши ҳам мумкин. Чунки Ислом ва иймон бири албатта иккинчисини тақозо қиладиган нарсалардир. Ислом амалларини бажармай туриб қалбида иймонни даъво қилиш ҳам ва аксинча, қалбида иймон бўлмай туриб аъзолар билан Ислом амалларини бажариш ҳам бефойда. Шунинг учун иймон арконларининг барчасига қалб билан ишониб, тана аъзолари билан Ислом амалларини бажариш шарт.
5. Эҳсон нима?
Бирон ишни эҳсон билан қилиш шу ишни ихлос билан пухта ва чиройли бажаришдир. Ибодатни эҳсон билан бажаришнинг маъноси ибодатда худди Аллоҳ таолони кўриб тургандек ихлос қилиш, ҳамда қилаётган ибодатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига мувофиқ тарзда бажаришдир. Агар киши бунга қодир бўлмаса, у ўзидан содир бўлаётган ҳар бир каттаю кичик амални Аллоҳ таоло кўриб турганини ёдга олмоғи зарур.
6. Қиёмат ва унинг аломатлари
Қиёмат кунининг қачон бошланиши Аллоҳ таолонинг ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган илмлар жумласидан бўлиб, Аллоҳ буни бандаларидан ҳеч кимга, ҳатто фаришта ва элчиларига ҳам маълум қилмаган. Шунинг учун пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳиссаломга: "У ҳақида сўралаётган киши сўровчидан кўра кўпроқ билувчи эмас", - деб жавоб бердилар. Аммо Қиёматдан аввалроқ содир бўлиб, унинг яқин қолганлигини билдирувчи қуйидаги баъзи аломатларни санаб ўтдилар:
· Замона шу даражада фасодга юз тутадики, фарзандлар ўз ота-оналарига кўп зулм қилиб, уларга нисбатан хўжайин ўз қулларига қилганидек қўпол муомалада бўладилар;
· Кўп ишлар ўзгача тус олиб, бир-бири билан аралашиб-қоришиб кетади; энг разил кишилар халқлар устига раҳбар бўлиб қоладилар, ишлар нолойиқ кимсалар қўлига ўтади, одамлар қўлида мол-дунё кўпаяди, дабдаба, исрофгарчилик авж олади. Одамлар иморатларининг баландлиги ҳамда рўзғор буюмларию уй жиҳозларининг кўплиги билан керилиб, мақтанадилар. Камбағаллиги боис доимо ўзгалар эҳсонига яшаб ўрганган, ўзлари қўпол ва тўпори бўлган қўйбоқар кишилар замона зайли билан кўпчиликка бош бўлиб қоладилар;
7. Савол сўраш одоби ва унинг фойдалари
Мусулмон киши дунё ва Охирати учун фойдали бўлган нарсалар ҳақида сўраб, бефойда саволларни тарк қилмоғи лозим. Илм мажлисида ўтирган киши гарчи ўзи яхши билса-да, биродарлари фойдаланиши учун зарур саволни сўраши ҳам тўғри бўлади.
Билмайдиган нарсаси ҳақида сўралган киши билмайман деб жавоб бериши лозим. Бундай камтарона жавоб унинг эҳтиёткор, тақводор ва тўғри илм соҳиби эканига далолат қилади.
8. Савол-жавоб тарбия услубларидан биридир
Савол-жавоб қилиш қадимда ҳам, ҳозир ҳам муваффақиятли тарбия услубларидан ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаи киромларини шу тарзда тарбия қилганлари кўпгина ҳадисларда айтилган. Савол-жавоб атрофдагилар диққат-эътиборини ўзига тортади, натижада бир яхшиликдан кўпчилик баҳраманд бўлади.
Учинчи ҳадис
Ислом рукнлари ва буюк асослари
عَنْ أَبِي عَبْدِ الرَّحْمَنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: سمَِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "بُنيَ الإِسْلاَمُ عَلى خَمْسٍ: شَهَادَةِ أَنْ لا إلهَ إِلاَّ اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، وَإِقاَمِ الصَّلاةِ، وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ، وَحَجِّ الْبَيْتِ، وَصَوْمِ رَمَضاَن"َ. (رواه البخاري ومسلم).
Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳумодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ислом беш нарса устига барпо қилингандир:
Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг Расули, деб гувоҳлик бериш; намозни барпо қилиш; закотни адо этиш; Байтуллоҳни ҳаж қилиш; Рамазон ойида рўза тутиш". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Исломнинг асосий қоидаларидан бири саналган, дин аҳкомларининг кўпини ўзида жамлаган ушбу ҳадис мўминларга Ислом динини ва унинг асосларини танитади. Дин арконлари тартибини баён қилиб беради.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Исломнинг мустаҳкам пойдеворлар устига қурилган бинога ўхшатилиши ва диннинг барқарорлиги ушбу пойдеворларнинг пухталигига боғлиқ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган Исломни қабул қилиш билан инсон куфр доирасидан чиқади ва шу билан жаннатга киришга ва дўзахдан сақланишга сазовор бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур ҳадисда ана шу динни мустаҳкам ва ўзгармас пойдеворлар устига қурилган пишиқ-пухта иморатга ўхшатдилар, ҳамда бу пойдеворлар нималар эканлигини бирма-бир баён қилиб бердилар:
а) "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг Расулидир", деб гувоҳлик бериш
Бу шаҳодатнинг маъноси Аллоҳ таолонинг борлиги ва бирлигига иқрор бўлиб, Уни тан олмоқ ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг пайғамбари ва элчиси эканликларини тасдиқ этмоқдир. Бу рукн Исломнинг қолган рукнларига нисбатан асос кабидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Мен одамлар токи "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг Расулидир" деб гувоҳлик бермагунларича, улар билан жанг қилишга буюрилдим". (Бухорий ва Муслим ривоятлари); "Ким ихлос билан "Ла илаҳа иллаллоҳ" (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ) деган бўлса, жаннатга киради". (Баззор ривоятлари).
б) Намозни барпо қилиш
Яъни намозни доим ўз вақтида, шартлари ва рукнларини мукаммал бажарган, ҳамда суннат ва одобларига тўла риоя этган ҳолда адо этишга интилиш. Чунки, ана шунда мусулмон кишининг ўқиган намози ўз самарасини беради. Натижада у фаҳш ва мункар ишларни тарк қилади. "... Ва намозни тўкис адо этинг. Албатта намоз фаҳш (бузуқлик) ва мункардан тўсур". (Анкабут сураси, 45-оят).
Намоз мусулмоннинг шиори, аломатидир. Зеро, айнан намоз билан мўмин киши бошқалардан ажралиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Киши билан ширк ва куфр ўртасида намозни тарк қилиш фарқи бор, холос". (Муслим ва бошқалар ривоятлари); "Намоз диннинг устунидир". (Абу Нуайм ривоятлари).
в) Закотни адо этиш
Мусулмон кишининг моли нисобга[1] етса ва шу миқдордан бир йил давомида камаймаган бўлса, унинг қирқдан бирини закот учун ажратади ва у Қуръони каримда зикр қилинган саккиз тоифага берилади.
Закот олишга ҳақли бўлган саккиз тоифа қуйидагилар:
1) Камбағаллар (моли нисобга етмаганлар);
2) Мискинлар (фақат кундалик озиқ-овқатга етарли маблағи бўлган қашшоқлар);
3) Закотни йиғишга, сақлашга ва тарқатиш ишига жалб қилинганлар;
4) Қалбини Исломга ошно қилинаётган иймони заиф мусулмонлар ёки кофирлар;
5) Озодликка интилаётган қуллар;
6) Қарздорлар;
7) Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчилар;
8) Ватанига қайтиб кетиш учун маблағ топа олмаётган мусофирлар.
Аллоҳ таоло мўминлар васфида айтади: "Улар закотни адо қилгувчи кишилардир." (Мўминун сураси, 4-оят); "Улар - мол-мулкларида тиланчилар ва (мол-давлатдан) маҳрум кишилар учун маълум ҳақ бўлган зотлардир". (Маориж сураси, 24-25-оятлар).
Закот молиявий ибодатдир. Унинг ёрдами билан жамиятда ижтимоий адолат вужудга келади, камбағаллик ва ночорлик муаммолари ўзининг тўғри ечимини топади, мусулмонлар ўртасида ўзаро муҳаббат, ҳамдардлик, ҳурмат туйғулари пайдо бўлади.
г) Ҳаж
Ҳаж ойлари саналмиш Шаввол, Зулқаъда ойларида ва Зулҳижжанинг аввалги ўн кунида Масжидул-ҳаром ва Арафот тоғига бориб, у ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатган бир неча махсус ибодатларни бажариш ҳаж дейилади. Ҳаж хусусан олганда ҳар бир мусулмон учун, умуман эса бутун мусулмон жамияти учун кўп фойдалар келтирадиган молиявий ва баданий ибодатдир. Бундан ташқари, у ўзига хос улкан исломий анжуман бўлиб, турли ўлкаларда истиқомат қилувчи мусулмонларнинг учрашиб, кўришишлари учун қулай фурсатдир. "Одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чақиргин, улар сенинг даъватингга жавобан пиёда ҳолларида ва йироқ йўллардан келаётган ориқ, ҳолдан тойган туялар устида келурлар. Улар ўзларининг диний-дунёвий манфаатларига шоҳид бўлиш учун ва маълум қурбонлик кунларида Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган чорва молларини (қурбонлик қилиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун келурлар. Бас, ундан ўзларингиз ҳам енглар, бечора камбағалларга ҳам едиринглар". (Ҳаж сураси, 27-28-оятлар).
Шу айтилганларга кўра ҳажнинг ажр-савоби жуда каттадир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Мабрур (мақбул) ҳаж учун жаннатдан ўзга савоб йўқдир".
Ҳаж ибодати ҳижратнинг олтинчи йилида қуйидаги оят ҳукми билан фарз қилинган: "Йўлга қодир бўлган кишиларга Аллоҳ учун мана шу уйни (Байтуллоҳни) ҳаж қилиш фарздир". (Оли Имрон сураси, 97-оят).
д) Рамазон ойида рўза тутиш
Рўза ҳижратнинг иккинчи йилида қуйидаги оят билан фарз қилинди: "Бу Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ҳамда ҳидоят ва фурқоннинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилингандир. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса (яъни сафарда бўлмаса), рўза тутсин". (Бақара сураси, 185-оят).
Рўза киши қалбининг покланишига, унинг руҳий юксалишига ва жисмоний соғлом бўлишига сабаб бўладиган ибодатдир. Бундан ташқари, ким Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, Унинг розилигини истаб рўза тутса, гуноҳлари ювилиб, жаннатга киришига сабаб бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ким Рамазон ойида иймон билан ва ажр умидида рўза тутса, унинг барча аввалги гуноҳлари мағфират этилади". (Бухорий ривоятлари).
2. Ислом арконларининг бир-бирига боғлиқлиги
Шу арконларнинг барчасига амал қилган киши комил иймонли мусулмондир. Барчасини тарк қилган кимса қатъий равишда кофирдир. Шунингдек, Ислом арконларидан биронтасини инкор этган кишининг ҳам кофир эканлигига уламолар ижмо қилганлар.
Аммо барча арконларни ҳақ деб эътиқод қилиб, бирортасига эътиборсизлик қилган кимса фосиқдир. Албатта биринчи рукн бундан мустасно. Чунки калимаи шаҳодатга эътиборсиз бўлган киши кофир дейилади.
Ким бу амалларни тили билан тасдиқлаб, аъзолари билан адо этсаю лекин буни ҳақ деб эътиқод қилгани учун эмас, балки мусулмонларга хушомадгўйлик учун қилса, уни мунофиқ дейилади.
3. Ибодатларни қилишдан мақсад
Исломда ибодатларни қилишдан мақсад уларнинг қуруқ суратлари ва шаклларини юзага чиқариш эмас, балки улардан кўзланган ҳикмат ва маъноларни рўёбга чиқариш ҳамдир. Шунинг учун мўмин кишини ўқиган намози фаҳш ва мункар ишлардан қайтармас экан, унинг учун ўқиган намозидан ҳеч қандай манфаат йўқ. Худди шунингдек рўзаси давомида ёлғон гапиришни тарк қилмаган киши учун тутган рўзаси бефойдадир. Риё учун (хўжакўрсинга), “сумъа" учун (одамлар эшитсинга) бажарилган ҳажнинг ва шу мақсадда берилган закотнинг қабул қилинмаслиги ҳам шунга ўхшайди.
Лекин, бу гапнинг маъноси мусулмон киши агар бирон ибодатдан кўзланган мақсадни аниқ ҳосил қилишга кўзи етмаётган бўлса, ўша ибодатни тарк қилса ҳам бўлаверади дегани эмас, албатта. Балки мусулмон киши барча ибодатларини ихлос билан бажаришга интилсин ва шу ибодатларидан кўзланган мақсадларни рўёбга чиқаришга ҳаракат қилсин.
4. Ҳадисда иймон шохобчаларининг айримлари санаб ўтилган
Мазкур амаллар аҳамияти эътибори билан юқори тургани учун алоҳида санаб ўтилди. Ҳолбуки булардан бошқа иймон шохчалари ҳам кўпдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Иймон етмишдан ортиқ шохчадан иборатдир". (Муттафақун алайҳ).
5. Ислом ақида ва амалдан иборат яхлит нарсадир
Ислом кишидан ҳеч қандай амал талаб қилмайдиган қуруқ ақидалар мажмуаси ёки ҳеч қандай ақидаларга ишонмаган ҳолда кўр-кўрона бажарилаверадиган амаллар йиғиндиси ҳам эмас.
Негаки, Исломнинг биринчи рукни динда саҳиҳ ақида зарурлигига далолат қилса, қолган тўрт рукни Исломда албатта амаллар ҳам бўлмоғи шартлигига ишорадир. Шунинг учун эътиқодсиз қилинган амалларнинг фойдаси йўқ ва ўз навбатида амалсиз қуруқ эътиқод ҳам бўлиши мумкин эмас.
Тўртинчи ҳадис
Инсоннинг яралиш босқичлари ва унинг хотимаси
عَنْ أَبِي عَبْدِ الرَحْمَنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: حَدَثَّنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، وَهُوَ الصَّادِقُ الْمَصْدُوقُ: "إِنَّ أَحَدَكُمْ يُجْمَعُ خَلْقُهُ في بَطْنِ أُمِّهِ أَرْبَعِينَ يَوْمًا نُطْفَةً، ثُمَّ يَكُونُ عَلَقَةً مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ يَكُونُ مُضْغَةً مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ يُرْسَلُ إِلَيْهِ الْمَلَكُ، فَيَنْفُخُ فِيهِ الرُّوحَ، وَيُؤْمَرُ بِأَرْبَعِ كَلِمَاتٍ: بِكَتْبِ رِزْقِهِ، وَأَجَلِهِ، وَعَمَلِهِ، وَشَقِيٌّ أَوْْ سَعِيدٌ، فَوَاللهِ الَّذِي لا إلهَ غَيْرُهُ إِنَّ أَحَدَكُمْ ليَعْمَلُ بِعَمَلِ اهْلِ الْجَنَّةِ حَتَى مَا يَكُونَ بَيْنَهُ وَبَيْنَهَا إِلاَّ ذِرَاعٌ فَيَسْبِقُ عَلَيْهِ الْكِتَابُ فَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ النَّارِ فَيَدْخُلُهَا. وَإِنَّ أَحَدَكُمْ لَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ النَّارِ حَتَّى مَا يَكُونَ بَيْنَهُ وَبَيْنَهَا إِلاَّ ذِرَاعٌ فَيَسْبِقُ عَلَيْهِ الْكِتَابُ فَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ الْجَنَّةِ فَيَدْخُلُهَا". (رواه البخاري ومسلم).
Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят: Бизга барча ишлари ва сўзлари ҳаққу рост бўлган ва Аллоҳ тарафидан ҳақ ваъда олишга мушарраф бўлган зот - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисни айтганлар: "Ҳақиқатда сизлардан ҳар бир кишининг яратилиши онасининг қорнида қирқ кун ичида томчи сув ("нутфа") ҳолида амалга ошади. Сўнг худди шунча муддат ичида лахта қон ("алақа") ҳолида бўлади. Сўнгра яна шунча вақт ичида бир парча гўшт ("музға") ҳолида бўлади. Кейин унга бир фаришта юборилади ва ўша фаришта унга жон пуфлайди. Сўнг фариштага шу инсоннинг тақдирига тааллуқли бўлган тўрт нарсани - ризқи, ажали, амали ҳамда бахтсиз ёки бахтли эканини ёзиш фармон қилинади.
Ундан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, сизлардан бирингиз жаннат аҳлининг амалларини қилиб юради, ҳатто у билан жаннат ўртасида бир газгина масофа қолади. Шунда унинг китобидаги ёзув вақти етиб, у дўзах аҳлининг амалини қилиб қўяди-да, дўзахга кириб кетади. Сизларнинг яна бировингиз дўзах аҳлининг амалларини қилиб юради, ҳатто у билан жаҳаннам ўртасида бир газгина масофа қолади. Шунда унинг китобидаги ёзув ғолиб келиб, у инсон жаннат аҳли амалини қилади-да, жаннатга кириб кетади". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Бу улуғ ҳадис инсоннинг яратилиш чоғидан ва дунё ҳаётига қадам қўйишидан бошлаб то саодат олами бўлмиш жаннатга ёки шақоват олами бўлмиш дўзахга абадий кириб кетадиган вақти етиб келгунга қадар бўлган барча ҳолатларини ўз ичига олган. Ҳадисда инсоннинг Охиратда жаннат ёки дўзахга кириши унинг дунё ҳаётида касб қилган амалларига биноан содир бўлиши ва инсоннинг қандай амаллар қилишини эса Аллоҳ таоло азалда билиб, тақдир қилгани ва шунга биноан ҳукм чиқаргани ҳам баён қилинади.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Она қорнида боланинг ривожланиш босқичлари
Ушбу ҳадис фарзанднинг она қорнида ҳар бири қирқ кундан иборат уч босқични бошдан ўтказишига далолат қилади. Шундай қилиб, ҳомила биринчи қирқ кунликда "нутфа", иккинчисида "алақа", учинчисида "музға" ҳолида бўлади. Бир юз йигирма кун ўтгач, фаришта унга жон пуфлайди ва ҳадисда зикр қилинган тўрт нарсани ёзиб қўяди. "Эй инсонлар, агар сизлар қайта тирилишдан шубҳада бўлсангизлар, (у ҳолда ўзингизнинг қандай яралганингизга бир назар солинг) Биз сизни тупроқдан, сўнгра "нутфа"дан, сўнгра "алақа", сўнгра эса "музға"дан яратдик..."[2] (Ҳаж сураси, 5-оят); "Дарҳақиқат, биз инсонни лойнинг мағзидан яратдик. Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда бир томчи сув ҳолида ўрнаштирдик. Сўнг бу сувдан лахта қонни яратдик, лахта қондан парча гўштни яратдик, парча гўштдан суякларни халқ қилиб, бу суякка гўшт қопладик. Сўнгра уни (жонсиз моддадан фарқли) бошқа бир жонзот ҳолида пайдо қилдик. Бас, яратувчиларнинг энг яхшиси бўлмиш Аллоҳ баракотли - муқаддасдир".[3] (Мўминун сураси, 12-13-оятлар).
Ҳадисдаги мазкур тўрт босқичдан ташқари, оятда Аллоҳ таоло яна уч босқични зикр қилди. Шундай қилиб, босқичлар еттига етди. Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу "Одам фарзанди етти босқичда яратилди" деб, сўнггидан шу оятни тиловат қилар эдилар.
Аллоҳ таоло инсонни бир лаҳзада комил яратиб қўйишга қодир бўла туриб, айнан шу тартиб билан, бир ҳолдан бошқасига аста-секинлик билан ўтказиб яратди. Бунинг ҳикмати шуки, Аллоҳ таолонинг бепоён коиноти қандай қилиб сабаб-омиллар ва шу омилларни келтириб чиқарувчи кучлар воситасида ва яна ҳар қандай ишдан олдин муҳайё этилиши лозим бўлган муқаддималар ва уларнинг натижалари ўлароқ яратилган бўлса, инсоннинг яратилиш жараёни ҳам шу низомга мос тушиши, тўғри келиши керак эди. Аллоҳ таолонинг қудратини баён қилиш учун ҳам шу услуб гўзалроқ ва ўринлироқдир.
Бундан ташқари, бу тадрижийлик бандаларнинг ўз ишларида оғир-вазмин бўлишлари ва шошқалоқликдан йироқ бўлишлари учун Аллоҳ таоло берган ўзига хос таълим-тарбия ҳамдир. Инсон зоҳирий камолотга етгунга қадар яратилиш чоғида ҳам, ундан кейин ҳам бир қанча босқичларни босиб ўтади. Шундай экан, унинг маънавий камолоти ҳам айни шу тадрижий услуб билан вужудга келади. Мазкур ҳадис шунга ишора қилади. Киши ўзининг юриш-туришида ҳам шу услубни қўллаши лозим. Акс ҳолда у пала-партишлик билан иш тутган бўлади ва мақсадга етиши қийинлашади.
2. Жон (руҳ) пуфланиши
Уламолар эр-хотин қўшилишидан кейин бир юз йигирма кун ўтгач, яъни тўрт ой ўтиб бешинчи ойга киргач, она қорнидаги болага руҳ пуфланиши, яъни, жон киргизилиши муқаррар эканига иттифоқ қилганлар. Бу кузатув ёрдамида қўлга киритиш мумкин бўлган илмий ҳақиқат бўлиб, фарзанднинг отаси ким эканлигини аниқлаш ҳамда қачон нафақа вожиб бўлиши каби бир қанча аҳкомларда шу муддатга суянилади. Ҳомилага жон пуфлангани она бачадонида унинг қимирлаб ҳаракатланиши билан аниқланади. Эри вафот этган аёлнинг идда сақлаш муддати тўрт ою ўн кун этиб белгиланишидаги ҳикмат ҳам ана шундадир. Чунки айни шунча муддат ўтиши билангина аёл қорнида ҳомила аломатлари бор-йўқлиги аниқ билинади.
Руҳ фақат ўша билангина инсон тирик бўла оладиган, Аллоҳ таолонинг амридан бўлган, моҳияти фақат Унинг ўзигагина маълум бўлган нарсадир. "(Эй Муҳаммад), Сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар. Айтинг: "Руҳ ёлғиз Раббим биладиган ишлардандир. Сизларга жуда оз илм берилгандир". (Исро сураси, 85-оят).
Имом Нававийнинг "Саҳиҳи Муслим"га ёзган шарҳларидан: "Руҳ намликнинг яшил новда билан чамбарчас бирикиб кетгани сингари баданда сизиб юрадиган юмшоқ, латиф жисмдир."
Имом Ғаззолий эса "Иҳёи улумид-дин" китобида ёзадилар: "Руҳ баданда ҳаракат қилиб юрувчи, аразлардан (яъни ранг, ҳид каби ноаслий сифатлардан) холи бўлган жавҳардир".[4]
3. Болани олдириб ташлаш ҳаромдир
Болага жон пуфланганидан сўнг уни олдириб ташлаш, яъни ҳомиланинг она бачадонида ўрнашгани аниқ бўлгач, сунъий йўл билан чиқариб ташлашнинг ҳаром эканлигига уламолар иттифоқ қилганлар. Улар бу ишни хилқати тўла-тўкис яратиб бўлинган ва тириклиги кўриниб турган жонзотга қарши қилинган жиноят бўлганлиги учун мусулмон кишига ҳаром деб эътибор қилганлар. Бола олиб ташланаётган вақтда она қорнидан тирик ҳолда тушиб, кейин ўлган бўлса, товон тўланади, агар ўзи ўлик ҳолда тушган бўлса, ундан бироз камроқ молиявий жарима солинади.
Жон киритилмасидан аввал болани олдириб ташлаш ҳам ҳаромдир. Кўпчилик фуқаҳолар шу мазҳабдадирлар. Бунга далил бачадонда нутфа ўрнашиши биланоқ яратилиш жараёни бошланишига ишора қиладиган саҳиҳ ҳадислардир. Ҳузайфа ибн Усайддан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Нутфа (бачадонда ўрнашганидан сўнг) қирқ икки кеча ўтса, Аллоҳ таоло бир фариштани юборади. Бас, у фаришта унга шакл-сурат беради, унинг қулоғи, кўзи, териси, гўшти ва суякларини яратади". (Муслим ривоятлари).
Ибн Ражаб Ҳанбалий "Жомеул-улум вал-ҳикам" китобида айтадилар: "Бир гуруҳ фуқаҳолар аёл кишига қорнидаги болани олиб ташлашга, агар унга ҳали жон пуфланмаган бўлса, рухсат берганлар ва уни азл (эрлик уруғини аёлнинг авратидан ташқарига ташлаш) ҳукмида бўлади деб айтганлар. Лекин бу заиф қавлдир. Чунки бу ҳолда бола яратилиш жараёнига кириб бўлган ва эҳтимол бирон суратга эга бўлишга ҳам улгурган бўлади. Азлда эса, бола ҳали мутлақо вужудга келмаган бўлади. Лекин гоҳида, агар Аллоҳ таоло фарзандни яратишни ирода қилган бўлса, бу азл ҳам унинг вужудга келишини тўса олмайди".
Имом Ғаззолий "Иҳёи улумид-дин" китобида айтадилар: "Азл - фарзандни олиб ташлаш ёки тириклайин кўмиш каби эмас. Чунки ҳомилани олиб ташлаш вужудга келган жонга нисбатан қилинган жиноятдир. Вужудга келишнинг бир неча босқичлари бордир. Унинг биринчи босқичи «нутфа» бачадонга тушиб, аёлнинг суви билан аралашиши ва ҳаётни қабул қилишга тайёр бўлиб туриши бўлиб, бу ҳолатни бузиш жиноятдир. Агар «нутфа» лахта қон ҳолига келиб қолган бўлса, буни бузишнинг жинояти янада хунуклашади. Энди, унга жон пуфланиб, хилқати тўла-тўкис яратилиб бўлган бўлса, жиноят бундан ҳам баттар бўлади. Жиноятнинг энг хунуги эса алоҳида тирик жон бўлиб ажралганидан кейингисидир".
4. Аллоҳ таолонинг илми
Аллоҳ таоло халқларнинг барча аҳволларини уларни яратмасдан аввалданоқ билади. Бандалар тарафидан иймон ёки тоат, куфр ёки маъсият содир бўлса, шуни Аллоҳ таоло аввалдан билган ва шундай бўлишини ирода қилгандир. Аллоҳ таоло тақдирни қадимдаёқ битиб қўйгани ҳақида сўз юритувчи оят ва ҳадислар жуда ҳам кўп.
Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Туғилиб дунёга келган қандайин жон бўлмасин, унинг жаннатда ёки дўзахда бўладиган ўрнини Аллоҳ таоло албатта тақдирда битиб қўйган бўлади ва унинг бахтли ёки бахтсиз эканлигини ҳам албатта ёзиб қўйган бўлади.
Шунда бир киши:
- Ё Расулаллоҳ! Ундай бўлса, амални тарк қилиб, тақдирга таяниб, таслим бўлиб ўтираверсак бўлмайдими? - деб сўради.
- Сизлар амал қилаверинглар! Зеро, ҳар бир киши нима учун яратилган бўлса, шунгагина муяссар этиб қўйилади, - деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва қуйидаги оятни тиловат қилдилар: "Бас, кимки (закот ва садақаларни) берса ва тақво қилса ҳамда гўзал калима-тавҳидни тасдиқ этса, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Кимки бахиллик қилса ва ўзини беҳожат билса ҳамда гўзал калимани ёлғон деса, Биз уни оғир йўлга "муяссар" қилурмиз!" (Лайл сураси, 5-10-оятлар). (Бухорий ривоятлари).
5. Тақдирни ҳужжат қилиш
Аллоҳ таоло бизни Ўзига иймон келтириб, Унга итоат этишга буюрди ҳамда Унга куфр келтириб, маъсият қилишдан қайтарди. Бизнинг зиммамизга юклатилган нарса шундан иборатдир. Аммо бизнинг фойдамиз ёхуд зиёнимизга тақдир этиб, битиб қўйилган нарсаларга келсак, бу биз учун номаълум бўлиб, биз уни суриштиришдан масъул эмасмиз. Бас шундай экан залолат, куфр ёки фисққа гирифтор бўлган киши ўз қилмишларини Аллоҳ таоло "унинг пешонасига ёзиб қўйгани ва шундай бўлишини Унинг ўзи хоҳлаганини" баҳона қилиши нолойиқдир. "Айтинг: "(Хоҳлаган) амални қилинглар, Аллоҳ, Унинг Расули ва мўминлар қилган амалларингизни кўриб турадилар..." (Тавба сураси, 105-оят).
Бироқ, тақдир этилган мусибат амалда содир бўлиб ўтганидан сўнг тасалли учун тақдирни ҳужжат қилишга рухсат этилади. Чунки мўмин киши Аллоҳ таолонинг қазо-қадарига таслим бўлиб, бўйсуниши билан хотиржамлик топади. Зеро, Аллоҳ таоло тақдир қилган ҳар қандай фойда ёки зиён аслида мўминнинг фойдасига ишлайди.
6. Амаллар хотимасига қараб белгиланади
Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Амаллар фақат хотимасига қараб белгиланади". (Бухорий ривоятлари).
Яъни бир кишининг ҳаёти охирида иймонли ва тоат-ибодатли бўлиши тақдир этилган бўлса, ҳаётида маълум муддат кофир ёки осий бўлиб юрса ҳам, тақдирда белгиланган кун келганда Аллоҳ таолонинг Ўзи унга иймон ва тоат-ибодат учун тавфиқ беради ва ўша аҳволда жон бериб, жаннатга киради.
Яна бир киши эса умрининг охирида кофир ёки фосиқ бўлиб қолиши тақдир этилган бўлса, ҳаётининг маълум қисмини иймонда ва тоат-ибодатда кечирса ҳам, тақдирда белгиланган кун келганда, шу банданинг ўз иродаси ва касб қилган амали туфайли Аллоҳ таол уни ёрдамсиз қўяди-да, банда куфр калимасини айтиб қўяди ёки дўзах аҳли амалларидан бирини қилиб жон беради ва дўзахга киради.
Шунинг учун инсон зоҳирда иймон ва тоат-ибодатда бўлиб кўринаётганидан мағрурланмаслиги керак. Шунингдек, инсоннинг зоҳирда кофир ёки осий-фосиқ бўлиб кўринаётганидан умидсизланиш ҳам яхши эмас. Чунки хулоса ҳамма нарсанинг охирги натижасига қараб чиқарилади.
Демак, Аллоҳ таолодан бизни ҳақ йўлда собит қилишини ва ҳаётимизга гўзал хотима ясашини сўраб дуо қилмоғимиз лозим.
7. "Эй қалбларни буриб қўйгувчи Зот, менинг қалбимни ўз динингда собит қилгин!"
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Барча одам фарзандларининг қалблари Раҳмон азза ва жалланинг икки бармоғи ўртасида худди битта қалб мисоли кабидир, уни хоҳлаган тарафга буриб қўюр". Кейин эса дуо қилдилар: “Эй қалбларни буриб қўйгувчи Зот, қалбларимизни ўзингга тоат-ибодат қилиш тарафига бургин!" (Муслим ривоятлари).
Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар: "Ҳаётнинг ёмон хотима билан якунланиши кишининг ичида одамларга кўринмайдиган, ташқаридан билинмайдиган бир махфий иллат борлиги туфайли бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло бундай бўлишидан асрасин! Шунингдек, киши дўзах аҳлининг амалларини қилиб юрса-да, ичида махфий бир яхши хислати бор бўлиши ва ҳаётининг охирида ана шу хислати унга ғолиб келиб, гўзал хотима билан вафот этиши мумкин".
Абдулазиз ибн Довуд айтадилар: “Ўлим тўшагида ётган бир кишининг ҳузурига бордим. Унга калимаи шаҳодатни талқин қилишаётган эди. Шунда ҳалиги киши бу калимага ишонмаслигини айтди. Ўша киши ҳақида сўраб-суриштирсам, ароққа муккасидан кетган экан". Шунинг учун Абдулазиз ибн Довуд: “Гуноҳлардан сақланинглар, ўша кишини дўзахга қулатган нарса ҳам худди шу нарса бўлди", - деб айтардилар.
Бешинчи ҳадис
Ёмонлик ва бидъатларни рад этиш
عَنْ أُمِّ الْمُؤْمِنِينَ أُمِّ عَبْدِ اللهِ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ". وفي رِوَايَةٍ لِمُسْلِمٍ: "مَنْ عَمِلَ عَمَلا لَيْسَ عَلَيْهِ أَمْرُنَا فَهُوَ رَدّ"ٌ. (رواه البخاري ومسلم).
Уммулмўминин Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Кимки динимизда асли йўқ бўлган нарсани пайдо қилса, у албатта рад этилур".
Имом Муслимнинг ривоятида: "Кимки биз унга буюрмаган амални қилса, у албатта рад этилур". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Бу ҳадис Ислом динининг асл қоидаларидан биридир. “Амаллар ниятлар биландир" ҳадиси амалларнинг ички-ботиний тарафи учун мезон ҳисобланиб, агар Аллоҳ толо розилиги мақсад қилинмаган бўлса, ҳеч бир амал учун ажр-савоб йўқ эканлигини англатарди. Бу ҳадис амалларнинг зоҳирий тарафи учун мезон ҳисобланади ва ҳар қандай амал агар Аллоҳ ва Расулининг амри бўлмаган бўлса, қилган кишининг ўзига қайтарилажагини ҳамда кимки динда Аллоҳ ва Расули изн бермаган нарсаларни пайдо қиладиган бўлса, Ислом дини ундан пок эканлигини англатади.
Имом Нававий айтадилар: "Ушбу ҳадисни ёддан билиш ва мункар ишларни қайтаришда уни далил қилиб келтириш керак".
Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадиларки: "Бу ҳадис энг сермазмун қоидалардандир. Бирор далилдан шаръий ҳукмни чиқариб олишдан аввал ўша далилни шу қоида асосида текшириб кўриш лозим".
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Ислом дини фақат бўйсуниш ва эргашишдир, унда янгича нарсаларни пайдо қилиш мумкин эмас
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу қисқагина ҳадис билан Исломни “ғулув"га кетувчилардан, яъни, динда чуқур кетиб, одамларга Исломни мураккаб қилиб кўрсатиб қўювчилардан ҳамда ботилга эргашувчилардан, яъни Исломга бидъат таълимотларни олиб кирувчилардан ҳимоялаб қўйдилар. Шунинг учун бу ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган оз сўзлар билан кўп маъноларни ифодалай олиш мўъжизасига бир намуна саналади.
Қуръони каримда ҳам ҳақиқий ютуқ ва нажот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатмаларига ҳеч нарсани қўшмасдан ҳамда чуқурлашмасдан эргашишда эканлигига ишора қилувчи оятлар талайгина бўлиб, ушбу ҳадис шу оятларнинг хулосасидир. "Айтинг: “Агар Аллоҳни яхши кўрсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ ҳам сизларни яхши кўради ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ Ғафур ва Раҳийм Зотдир". (Оли Имрон сураси, 31-оят); “Албатта мана шу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, шу йўлгагина эргашинглар! Бошқа йўлларга эргашмангизки, у сизларни Унинг йўлидан узиб қўяди." (Анъом сураси, 153-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп хутбаларида қуйидаги сўзларни айтганлари ривоят қилинади: "Сўзларнинг энг яхшиси Аллоҳнинг китобидир, йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларидир, ишларнинг энг ёмони кейин пайдо қилинган нарсалардир. Зеро, ҳар бир кейин пайдо қилинган нарса бидъатдир, ҳар қандай бидъат эса залолатдир". (Муслим ривоятлари).
Имом Байҳақий ривоятларидаги ҳадисда эса, худди шу сўзлардан кейин қўшимча: "Ҳар қандай залолат эса дўзахдадир" лафзи ҳам ворид бўлган.
2. Рад этиладиган амаллар
Мазкур ҳадис шоре (Аллоҳ ва Расул) тарафидан буюрилмаган ҳар қандай амал рад этилишига очиқ ҳужжатдир. Унинг мазмунидан қуйидаги хулосалар келиб чиқади:
• Барча амаллар шариат аҳкомлари билан чегаралаб қўйилгандир.
• Барча амалларга мукаллаф бандалардан содир бўлаётган ишлар сифатида Аллоҳ таолонинг китобида ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида ворид бўлган буйруқлар ва қайтариқлар асосида ҳукм берилади.
• Амаллар шаръий аҳкомлар доирасидан чиқиб кетиши ва улар билан чекланмаслиги мумкинмас. Биз ҳар қандай амал борасида шариат берган ҳукмни тан олмоғимиз лозим. Амалларни шариат устидан ҳоким қилиш эса очиқ залолатдир.
• Қачонки одамлар ўзларига ёқиб қолган амал билан шариат устидан ҳукм чиқармоқчи бўлсалар, ҳар бир мусулмон бундай амални ботил деб билмоғи ва уни кескин рад этмоғи лозим.
Рад этилиши лозим бўлган амаллар икки турли бўлиши мумкин:
Биринчи. Бу турдаги амаллар ибодатларда бўлади. Қайси бир ибодат Аллоҳ ва Расули ҳукмидан четга чиқадиган бўлса, у албатта эгасига қайтарилажак мардуд амалдир.
Аллоҳ Макка мушриклари ҳақида айтадики: “Ёки уларнинг диндан Аллоҳ таоло изн бермаган нарсаларни ҳам шариатга киргазиб берувчи шериклари борми?.." (Шўро сураси, 21-оят).
Иккинчи. Рад этилиши лозим бўлган амалларнинг иккинчи тури муомалалардадир.[5]
Шариатга буткул зид бўлган ҳар қандай шартнома ва келишув ботил ҳисобланади ва ўз эгасига қайтарилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида содир бўлган қуйидаги воқеа бунга далилдир. “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб: “Менинг ўғлим фалончининг хизматини қилар эди. Ўша кишининг аёли билан зино қилиб қўйибди. Ўғлимни ундан юзта қўй ва бир қул эвазига жазодан қутқариб олдим", - деб фатво сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Юзта қўйинг билан қул ўзингга қайтарилади. Ўғлингга эса юз дарра урилиб, бир йилга сургун қилинади", - дедилар". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
3. Мақбул амаллар
Динда кейинчалик пайдо қилинган амаллар орасида шариат аҳкомларига зид келмайдиган, балки шаръий далил ва қоидалар уларни қувватлайдиганлари ҳам бор. Бундай амаллар мақбул ва мақтовга сазовор амаллар ҳисобланади. Саҳобаи киромлар ҳам шу каби амалларни жоиз санаганлар. Бу эса улар тарафидан ижмо деб эътироф этилади. Сўзимизга энг ёрқин мисол Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу даврларида Қуръони каримнинг яхлит китоб шаклида жамланиши ва Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу даврларида шу китобдан нусхалар кўчирилиб, турли ўлкаларга қорилар билан тарқатилишидир. Бундан ташқари, наҳв (синтаксис), фароиз (мерос илми) ва тафсир каби диний фанларнинг алоҳида китоб қилиб жамланиши, ҳадис иснодлари ва матнлари ҳақида баҳс юритувчи илмлар ва шу каби Ислом шариатининг асосий манбалари ҳисобланувчи бошқа назарий билимларнинг яратилиши ҳам таҳсинга сазовор янгиликлардандир. Жамият ривожи ва уммат ислоҳи учун зарур бўлган барча дунёвий илмлар ҳам ана шу қоида доирасига киради.
4. Ёмон бидъат ва яхши бидъат
Юқорида айтиб ўтганларимиздан сўнг қуйидаги хулосага келамиз:
Динда кейинчалик пайдо қилинган амалларнинг Аллоҳ шариатига хилоф бўлганлари ёмон бидъат ва очиқ залолатдир.
Кейин пайдо бўлган амалларнинг шариат доирасидан чиқмаган, унга мувофиқ келганлари мақбул ва мақтовга сазовордир. Уларнинг баъзилари мандуб ё мустаҳаб бўлиши, баъзилари эса ҳатто фарзи кифоя бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун имом Шофеий айтадилар: "Қуръони каримга, саҳиҳ Суннатга, саҳобаи киромлар ижмосига ёки улардан ворид бўлган саҳиҳ асарга[6] зид равишда пайдо қилинган ҳар қандай янгилик бидъат ва залолатдир. Аммо мазкур манбаларга зид келмайдиган бирон хайр-яхшилик пайдо қилинса, у албатта мақтовга сазовор “бидъат"-янгиликдир".
Ёмон бидъатлар ичида фақатгина макруҳ бўлганлари ҳам бор. Аммо фақат зарар ва фасод келтирадиган ҳамда Исломнинг асл мақсадлари ва аҳкомларига зид бўлган бидъатлар ҳаром қилингандир. Таъкидлаб ўтиш лозимки, бундай бидъатлар кишини очиқ залолатга, қинғирликка ва ҳатто куфрга ҳам етаклайди. Чунончи, илоҳий ваҳийни ва Аллоҳ шариатини инкор этувчи, шариат соясида ҳаёт кечиришни қолоқлик ва заифлик деб билувчи, инсон ўйлаб чиқарган қонунларни ҳоким қилишни талаб этувчи ҳайъатлар ва жамоаларга аъзо бўлиш ҳам одамни куфрга олиб кириб кетиши мумкин.
Шунингдек, сўфийликни даъво қилиб, шаръий ибодатларга эътиборсиз бўлган, Аллоҳ таолонинг ҳалол ва ҳаром учун қўйган ҳудуд-чегараларига риоя қилмасликка журъат этадиган, "Аллоҳ таоло бутун борлиқ билан бирлашиб кетган" ҳамда "Аллоҳ таоло хоҳлаган махлуқнинг вужудига кириб олиши мумкин" деган куфрона тушунчаларга эътиқод қиладиган жамоаларга қўшилишнинг ҳукми ҳам шундай.
Ҳозирда кўпчилик орасида тарқалган бидъатлардан яна бири қандайдир булоқ, дарахт, мозор каби нарсаларни улуғлаш, табаррук санаш ва уларни фойда ёки зиён келтиришга қодир деб эътиқод қилишдир.
Мушриклар бир сидр дарахтини улуғлашар ва унга қурол-аслаҳаларини осиб қўйишар эди.[7] Шунинг учун улар бу дарахтни Зоти анвот (қуроллар осиладиган дарахт) деб аташарди. Ҳунайн жангидан аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаи киромлар билан бирга ўша сидр дарахти олдидан ўтиб қолдилар. Шунда саҳобалар:
- Ё Расулуллоҳ, анавиларда Зоти анвот бўлгани каби, бизга ҳам Зоти анвот қилиб беринг! – дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Аллоҳу акбар!.. Бу Мусо алайҳиссаломга қавми айтган гапнинг ўзгинаси-ку! Улар: “Анавиларнинг илоҳлари бўлгани сингари, бизларга ҳам бир илоҳ қилиб беринг!" дейишган эди, - дедилар. Сўнгра, қўшиб қўйдилар: - Сизлар жоҳиллик қилаётган қавмсизлар, ҳали сизлардан аввал ўтган қавмлар йўлига изма-из эргашасизлар...
5. Имом Муслим ривоятларида келган: “Кимки биз унга буюрмаган амални қилса, у албатта рад қилинур" лафзининг маъноси
Баъзи кишилар ўзлари бидъат ўйлаб чиқармасалар-да, бошқалар чиқарган бидъатларни қилиб юрадилар. Бундайларга Имом Бухорийнинг "Кимки динимизда асли йўқ бўлган нарсани пайдо қилса..." ривоятини келтирсангиз саркашлик билан: "Буни мен пайдо қилганим йўқ, шунинг учун қилавераман", - дея жавоб бериши мумкин. Шунда, унга Имом Муслимнинг “Кимки биз унга буюрмаган амални қилса, у рад қилинур" ривоятини келтирсангиз, бидъатчи учун узр-баҳоналарга ўрин қолмайди.
6. Ҳадиснинг мазмунидан қуйидаги нарса маълум бўлади:
Ким Ислом шариатига мувофиқ бўлмаган бирон бидъатга асос солса, бошқаларнинг гуноҳи унинг зиммасига юкланади, амали ўзига қайтарилади ва Аллоҳ Таолонинг азоби ваъда қилинган кишилар қаторига киради.
7. Ҳадис мазмунидан қуйидаги фиқҳий қоида ҳам келиб чиқади:
Бирон амалдан қайтариш шу амал бажарилган тақдирда, унинг фосид саналишини ва эътиборга олинмаслигини билдиради.
8. Ислом дини комил ва бенуқсон диндир
Олтинчи ҳадис
Ҳалол ва ҳаром
عَنْ أَبِي عَبْدِ اللهِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "إِنَّ الْحَلالَ بَيِّنٌ وإِنَّ الْحَرَامَ بَيِّنٌ وَبَيْنَهُمَا مُشْتَبِهَاتٌ لا يَعْلَمُهُنَّ كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ، فَمَنِ اتَّقَى الشُّبُهَاتِ اسْتَبْرَأَ لِدِينِهِ وَعِرْضِهِ، وَمَنْ وَقَعَ فِي الشُّبُهَاتِ وَقَعَ فِي الْحَرَامِ، كَالرَّاعِي يَرْعَى حَوْلَ الْحِمَى يُوشِكُ أَنْ يَرْتَعَ فِيهِ، أَلا وَإِنَّ لِكُلِّ مَلِكٍ حِمًى أَلا وَإِنَّ حِمَى اللهِ مَحَارِمُهُ، أَلا وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، أَلا وَهِيَ الْقَلْبُ". (رواه البخاري ومسلم)
Абу Абдуллоҳ Нўъмон ибн Башир разияллоҳу анҳудан ривоят: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганларини эшитдим: "Дарҳақиқат, ҳалол нарсалар аниқдир, ҳаром нарсалар ҳам аниқдир. Иккисининг ўртасида эса, шубҳали бўлган нарсалар ҳам борки, кўпчилик уларни билмайди. Бас, кимки шундай шубҳали нарсалардан ўзини эҳтиёт қилса, динини ҳам, номус-обрўсини ҳам покиза асраб қолади. Бунинг мисоли бировнинг қўрғони атрофида сурувни ўтлатиб юрган чўпонга ўхшайди. У қўйларининг бехосдан ўша қўрғонга ҳам кириб кетишидан омонда бўлмагани сингари, шубҳали нарсалардан ўзини эҳтиёт қилмаган киши кейинчалик ҳаромга ҳам аралашиб қолади. Огоҳ бўлинг, ҳар бир подшонинг қўрғони бўлади. Огоҳ бўлинг, Аллоҳнинг қўрғони Унинг ҳаром қилган нарсаларидир. Огоҳ бўлинг, жасадда бир парча гўшт борки, агар у соғлом бўлса, бутун жасад соғ-саломат бўлади. Агар у айниса, жасаднинг қолган қисми ҳам бузилади. Огоҳ бўлинг, у парча гўшт қалбдир". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Шубҳасиз, бу улуғ ҳадис Исломнинг асосини ташкил этадиган ҳадислар қаторига киради. Бир гуруҳ олимлар бу ҳадисни Исломнинг учдан бири деб васфлаганлар. Имом Абу Довуд эса уни Исломнинг тўртдан бири деб атаганлар. Лекин ҳадиснинг мазмунига чуқурроқ разм солган киши, унда Исломнинг деярли барча жиҳатлари қамраб олинганига гувоҳ бўлади. Чунки у ҳалол-ҳаромни, шубҳали бўлган нарсаларни ҳамда қалбни ислоҳ қилувчи ва уни бузувчи омилларни баён қилади. Бу эса, шариат аҳкомларини, унинг асосий қоидаларини ҳамда шу қоидалардан келиб чиқадиган бошқа аҳкомларни билишни тақозо этади. Ушбу ҳадис тақво негизи бўлган шубҳадан йироқ юриш масаласида асос ҳисобланади.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Ҳалол ҳам, ҳаром ҳам аниқ. Аммо у иккисининг ўртасида шубҳали нарсалар бор
Имом Нававий ушбу ҳадис шарҳида айтадилар: "Нарсалар уч қисмга бўлинади:
Ҳалоллиги очиқ-равшан бўлган нарсалар, масалан нон емоқ, гапирмоқ, юрмоқ каби.
Ҳаромлиги очиқ-равшан бўлган нарсалар, масалан ароқ ичиш, зино қилиш каби.
На ҳалоллиги ва на ҳаромлиги аниқ бўлган иштибоҳли нарсалар. Уларнинг ҳукмини кўпчилик билмайди. Уламолар эса оят-ҳадис ҳужжати билан ёки қиёс орқали уларнинг ҳукмини биладилар. Демак, бирон нарсанинг ҳалол ёки ҳаром эканлигида иштибоҳ туғилса ва бу борада оят-ҳадисдан ва ижмодан далил топилмаса, мужтаҳид олим шу мавзуда ижтиҳод қилиши ва шаръий далил билан ўша ноаниқ нарсани ҳалолга ёки ҳаромга нисбатлаб бериши лозим бўлади".
Ҳалол-ҳаромлиги ноаниқ бўлган нарсалардан йироқ юриш кишининг тақвосига далолат қилади. Мисол учун молига рибо пули аралашганлиги эҳтимол қилинган киши билан пул муомаласи қилиш аслида мубоҳ бўлса-да, тарк қилинмоғи афзалдир.
Аммо тақво қилиш даъвоси билан аслида ҳаром бўлиши эҳтимоли жуда ҳам йироқ бўлган нарсалардан-да тийилиб, васвасага тушиш нотўғри. Бундай қилиш тарк қилинмоғи афзал бўлган шубҳалар жумласига кирмайди. Мисол учун, ҳеч бир ҳужжатга эга бўлмай туриб, биронтасига уйлансаму келин менга номаълум тарафдан маҳрам бўлиб чиқса нима қиламан, деб қўрққанидан уйланмай юриш ёки нажосат аралашган бўлса-чи деб, чўлда топилган сувни истеъмол қилмаслик каби "эҳтиёткорликлар" тақводан эмас, балки шайтоний бир васваса холос.
2. Иштибоҳли нарсалар ҳам ўз навбатида бир неча хил бўлади
Ибн Мунзир иштибоҳли нарсаларни уч қисмга бўлганлар:
Биринчи ҳолатда киши бир нарсанинг ҳаромлигини аниқ билади-ю, кейинроқ у ҳалол бўлиши ҳам мумкин деган эҳтимол пайдо бўлади. Шунда у нарса ҳалол бўлиб қоладими? У ҳолда ўша нарсанинг ҳалоллиги аниқ бўлмагунга қадар, унга яқинлашмаслик лозим. Масалан, олдимизда бирини мўмин киши, иккинчисини эса бутпараст сўйган икки гўшт турган бўлса, биз қай бири бутпарастники, қайсиниси мўминники эканлигини аниқ билмай шубҳаланаётган бўлсак, аниғини билмагунча ундан истеъмол қила олмаймиз.
Иккинчи ҳолатда эса бир нарса аниқ ҳалол бўлади, кейин эса унинг ҳаром бўлиш эҳтимоли пайдо бўлиб қолади. Масалан, киши ўзининг ҳалол хотинини талоқ қилган-қилмаганлигида шубҳаланиб қолса, таҳорат қилгани аниқ эсида бўла туриб, кейин таҳоратини бузган-бузмаганлиги эсидан чиқиб қолса, нима қилинади? Бу ўринларда ҳалоллиги аниқ бўлган нарсани юқоридагидек асоссиз шубҳа-гумонлар билан ҳаромга ҳисоб қилинмайди, яъни унинг хотинига талоқ тушмайди ҳамда таҳоратсиз бўлиб қолмайди.
Учинчи ҳолатда эса киши бир нарсанинг ҳаромлигида ҳам, ҳалоллигида ҳам баробар даражада шубҳаланиб қолади. Бундай ҳолатларда қаердан келиб қолгани номаълум бўлган хурмо донасини кўрганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилганларидек, шубҳали нарсадан эҳтиёт бўлмоқлик авлороқдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Гоҳида мен аҳли аёлим ҳузурига кирганимда, тўшагим устида ётган хурмога кўзим тушиб, уни емоқчи бўлиб қўлимга оламан-да, кейин унинг закот ёки садақа молларидан бўлиши мумкинлигидан қўрқиб, ташлаб юбораман". (Бухорий, Муслим ривоятлари).
3. Шубҳалардан йироқ бўлиш ҳақида салафлардан қилинган нақллар
Абу Дардо разияллоҳу анҳу шундай деганлар: "Комил тақво - банданинг Аллоҳ таолодан ҳатто заррача нарса хусусида ҳам қўрқмоғи ва ўзи билан ҳаром ўртасига тўсиқ қўйиш мақсадида ҳаром бўлиши эҳтимолидан қўрқиб, баъзи ҳалол нарсаларни ҳам тарк қилмоғидир".
Ҳасан Басрий айтадилар: "Тақводор кишиларда тақво шу даражага бориб етадики, улар ҳаромдан қўрққанлари боис, кўпгина ҳалол нарсалардан ҳам тийилиб турадилар".
Суфён Саврий айтадилар: "Тақводор кишилар одатда тақво қилинмаса ҳам бўлаверадиган масалаларда ҳам ўзларини тийганликлари боис тақводор деб номландилар".
Ибн Умар разияллоҳу анҳудан: "Мен ўзим билан ҳаром нарсалар ўртасида аслида ҳалол нарсалардан иборат бир парда қўйиб, уни ҳеч қачон бузмасликни хоҳлар эдим".
Суфён ибн Уяйна айтадилар: "Банда токи ўзи билан ҳаром ўртасида ҳалолдан бўлган бир тўсиқ қўймагунича ҳамда гуноҳ ва шубҳали нарсаларни ҳам тарк қилмагунича иймон ҳақиқатига эриша олмайди".
Абу Бакр разияллоҳу анҳудан собит бўлишича, у киши бир марта билмаган ҳолда шубҳали нарсани еб қўйганлар. Сиддиқ разияллоҳу анҳуга ҳалиги нарсанинг шубҳали эканлиги айтилгач, дарҳол бармоқларини оғзиларига тиқиб, қайт қилиб ташлаганлар.
Иброҳим ибн Адҳамдан:
- Замзам сувидан ичмайсизми? - деб сўрадилар. Шунда у киши:
- Агар ўзимнинг идишим бўлганида, ичардим, - дея жавоб бердилар.
Бу билан у киши ўша идишларнинг ҳаммаси султоннинг молидан эканлигига, султонинг молига эса баъзи мўминлардан зулман олиб қўйилган моллар ҳам аралашганлигига ишора қилган эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан Аллоҳ рози бўлсин, уларга чиройли суратда эргашган салафларни ҳам Аллоҳ раҳмат қилсин. Улар ҳар қандай шубҳадан йироқ бўлдилар ва динларини пок сақладилар.
4. Ҳар қандай подшонинг ўз қўрғони бор, Аллоҳнинг ердаги қўрғони У ҳаром қилган нарсаларидир
Ҳадисда бу масал зикр қилинишидан мақсад одамлар кўра оладиган ва сезги аъзолари ёрдамида билишлари мумкин бўлган нарса мисолида улар кўра олмайдиган, улар идрокидан ташқарида бўлган бошқа нарсани баён қилишдир.
Қадимда араб подшолари ўзларига тегишли чорва молларини боқиш учун алоҳида яйловлар ажратиб қўйганлар ва у ерга бошқалар киришини тақиқлаганлар. Ўз-ўзидан маълумки, подшонинг тақиқидан қўрққан киши чорваларини унинг яйловига кириб қолишидан чўчиб, уларни узоқроқда ўтлатишни афзал кўради. Огоҳлантиришларга эътибор бермаган киши эса подшо яйловларига бемалол яқинлашиб, уларнинг шундай ён-верида молларини ўтлатиб юраверади ва охир-оқибат ўзи истамаган ҳолда моллари подшо яйловларига кириб қолади. Натижада у жазога тортилади.
Аллоҳ субҳонаҳунинг ҳам ерда шундай қўрғони бўлиб, у маъсиятлар ва тақиқланган ишлардан иборат. Шунинг учун, ким бирон маъсият ёки ҳаром иш қилиб қўйса, дунё ва Охиратда Аллоҳнинг жазосига учрайди. Ким шубҳали амалларни қилиб юриш билан бу қўрғонга яқинлашадиган бўлса, тез орада ҳаромга кириб қолиши ҳам мумкин.
5. Қалб салоҳияти
Юрак инсон жисмидаги энг муҳим аъзо бўлгани боис, жасаднинг саломат бўлиши кўп жиҳатдан унга боғлиқдир. Бунга тиббий жиҳатдан ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Инсоннинг тириклиги юрак билан боғлиқ. Модомики, юрак мунтазам равишда барча аъзоларга қон ҳайдаб турар экан, инсон соғ-саломат бўлади.
"Ақл аслида юракда бўлади, инсон миясидаги ақл ҳам аслида юракдаги ақлдандир" деган тушунчага шофеийлар айни ҳадисни далил келтирганлар. Бу сўзларига улар қуйидаги оятни ҳам ҳужжат қилганлар: "...Уларнинг қалблари ҳеч нарсани англамайди..." (Аъроф сураси, 179-оят).
Файласуф ва мутакаллим олимлардан ҳам шунга ўхшаш нақллар ривоят қилинган. Аммо Абу Ҳанифа мазҳабларига кўра ақл миядадир. Табиблар ҳам шундай дейишади. Бунга улар қачон инсон мияси ишдан чиқса, унинг ақлдан озишини ҳужжат қилиб келтирганлар. Тиббиёт ва анатомия илмидан ҳозиргача маълум бўлиб турган нарса шуки, бевосита фикрлаш манбаси мияда жойлашган. Негаки, барча сезги аъзолари миядан содир бўлаётган буйруқларга биноан ишлайди.
Лекин юрак барча аъзолар, жумладан мия ҳаёти учун ҳам бирдан-бир асл манба бўлиб қолаверади. Демак, ҳадис тананинг ҳам, фикрнинг ҳам салоҳиятли бўлишини қалбга боғлаган экан, уни ўша асл манбага боғлагандир. Юқоридаги оятда ақлнинг қалбда деб ишора қилинишига келсак, мия фикрлашнинг тўғридан-тўғри, яқин манбаси бўлиши билан бир қаторда, юрак ҳам унинг узоқроқда жойлашган манбасидир.
Ушбу ҳадисда қалбнинг маънавий салоҳияти назарда тутилган бўлиб, унинг маъноси киши кўнглининг Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билолмайдиган энг ичкари жойларидан бошлаб салоҳиятли бўлиши демакдир. Ибн Мулаққиннинг "Ал-Муийн ало тафаҳҳуми Арбаийн" китобида шундай ворид бўлган:
"Қалбнинг салоҳияти беш нарсададир:
1) Қуръонни тадаббур билан ўқиш;
2) Қоринни бўшроқ тутиш (овқатни кўп емаслик);
3) Тунда қоим бўлиб намоз ўқиш;
4) Саҳарда Аллоҳга дуо-тазарруъ қилиш;
5) Солиҳ кишилар суҳбатида бўлиш".
Мен шунга яна бир нарсани - ҳалол луқмани ҳам қўшган бўлардим. Менимча, ана шу нарса барча салоҳиятнинг аслидир. Таомни уруғ десак, амал унинг мевасидир. Агар таом ҳалолдан бўлса, у ҳалол ишлар тарзида мева беради, ҳаромдан бўлса, унинг меваси ҳам ҳаром ишлар бўлиб униб чиқади. Агар таом иштибоҳли бўлиб кирса, шубҳали ишлар тарзида униб чиқади.
Саломат қалб Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида нажот топиш аломати ҳамдир. "У шундай кунки, унда на мол-давлат ва на фарзанд-зурриётлар ёрдам берур. Магар Аллоҳ ҳузурига саломат қалб билан келган кишигина нажот топади". (Шўро сураси, 88-89-оятлар).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам дуоларида шундай дер эдилар: "Парвардигоро, сендан саломат қалб беришингни сўрайман".
Имом Нававий айтадилар: "Қалбнинг саломат бўлиши - хиёнат, адоват, ҳасад, хасислик, бахиллик, кибр, ўзгалар устидан кулиш, риё, сумъа, макр, ҳирс, тамагирлик, тақдирдан норози бўлиш каби ички иллатлардан саломат бўлиш билангина ҳосил бўлади". Ибн Ражаб айтадилар: "Саломат қалб ҳамма офат ва ёмонликлардан соғ бўлган қалб деганидир. Бу эса Аллоҳга муҳаббат билан тўлган, Унинг Ўзидан ҳам, Ундан узоқлаштирадиган ҳар қандай амалдан ҳам қўрқишдан бошқа нарса қолмаган қалб демакдир". Ҳасан Басрий бир кишига айтдилар: "Қалбингни даволагин. Зеро, Аллоҳ ўз бандаларидан талаб қилган нарсаси улар қалбларининг саломат бўлишидир".
Қалбнинг фаолияти ўнгланса, қолган аъзолар фаолияти ҳам ўнгланади. Агар қалб солиҳ бўлиб, унда Аллоҳ суйган ишлардан бошқа нарсанинг муҳаббати қолмаса, қолган аъзолар ҳам Аллоҳ таоло ирода этгандан бўлак ишларга ҳаракат қилмайди, Унинг ризосигагина интилади, У ёмон кўрган нарсалардан тийилади. Ҳатто банда Аллоҳ таолонинг бир нарсани ёмон кўришини аниқ билмаса ҳам, У ёмон кўрган ишлар жумласидан бўлиб қолиш эҳтимолидан қўрқиб, ундан узоқлашади.
6. Бу ҳадис мўмин кишини ҳалолга, ҳаромдан узоқлашишга, шубҳали нарсаларни тарк қилишга, дини ва обрўсини пок сақлашга, одамларда ёмон гумон уйғотиши мумкин бўлган амаллардан ўзини йироқ тутишга ва гуноҳларга аралашиб қолмасликка ундайди.
7. Бу ҳадис маънавий қувватларни кучайтиришга, нафсни ичкаридан ислоҳ қилишга бўлган чақириқдир.
8. Бу ҳадис ҳаром ишларга олиб борадиган баҳоналарнинг олдини олишга ундайди.
Еттинчи ҳадис
Дин насиҳатдир
عَنْ أَبِي رُقَيَّةَ تَمِيمِ بْنِ أَوْسٍ الدَّارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "الدِّينُ النَّصِيحَةُ. قُلْنَا: لِمَنْ؟ قَالَ: لِلَّهِ، وَلِكِتَابِهِ، وَلِرَسُولِهِ، وَلأَئِمَّةِ الْمُسْلِمِينَ، وَعَامَّتِهِمْ". (رواه مسلم).
Тамим ибн Авс Дорий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Дин бу насиҳатдир.
- Ким учун? - деб сўрадик биз.
- Аллоҳ учун, Унинг китоби учун, Расули учун ҳамда мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммалари учун! - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Ушбу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг озгина сўзлар билан кўп ва хўб маъноларни ифодалаш мўъжизалари – “жавомеул-калим"дан бир намунадир. Исломда асос бўлган масалалар ҳам, улардан келиб чиқадиган масалалар ҳам, мана шу ҳадис остига, аниқроғи ундаги биргина: "Унинг китобига", деган сўз остига дохил бўлади. Чунки, Аллоҳнинг китоби диннинг барча масалаларини ўзида мужассам этгандир. Шундай экан, ким "Аллоҳнинг китобига насиҳат қилиш" деган сўз маъносига мувофиқ тарзда унга иймон келтирса ва амал қилса, шариатнинг ҳаммасини жамлаган бўлади. "Биз ушбу китобда бирон нарсани баёнсиз қолдирмадик". (Анъом сураси, 38-оят).
Шунинг учун уламолар Исломнинг моҳияти шу ҳадисда жамланган, деб айтганлар.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Аллоҳга насиҳат
Аллоҳга насиҳат қилиш Унга иймон келтириш, Ундан ҳар қандай шерикни инкор этиш, Уни барча баркамол ва улуғ сифатлари билан сифатлаш, Уни ҳар қандай нуқсондан поклаш, ибодатни Унга холис қилиш, Унга итоатгўй бандаларни дўст тутиш ва Унга осий бўлганларни душман деб билиш орқали ҳосил бўлади.
Мўмин кишининг юқорида келтириб ўтилган нарсаларга сўзда ва амалда риоя қилиб юриши дунё ва Охиратда фақат унинг ўзига фойда келтиради. Зеро, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло насиҳат қилувчиларнинг насиҳатидан ҳамиша беҳожатдир.
2. Аллоҳнинг китобига насиҳат
Бу насиҳат Аллоҳ таоло тарафидан нозил қилинган барча самовий китобларга иймон келтириш, Қуръони каримнинг ана шу китоблар сўнггиси экани ва улар устидан гувоҳ қилиб юборилганига иймон келтириш, у Аллоҳ таолонинг мўъжизавий каломи эканига ҳамда қуйидаги оятда кафолат берганидек, уни мўминлар қалбида ва китоблар сатрида ўзгаришсиз сақлашига иймон келтириш билан ҳосил бўлади: "Албатта, бу эслатмани Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз". (Ҳижр сураси, 9-оят).
Мусулмон киши Қуръони каримга насиҳат қилиши қуйидагилар билан бўлади:
а) Уни кўп ўқимоғи ва ёд олишга интилмоғи керак. Чунки Қуръонни ўқиш мусулмоннинг илму маърифатини оширади, унинг қалбини поклайди, тақвосини зиёда қилади. Қуръон тиловати мусулмон кишининг номаи аъмолида ёзилажак улкан ҳасанотлар, Қиёмат куни уни интизорлик билан кутувчи шафоат ҳамдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Қуръон ўқинглар. Зеро, у Қиёмат куни ўқиганлар учун шафоатчи бўлиб келади". (Муслим ривоятлари).
Қуръонни ёд олган қалблар Аллоҳ нури ила обод бўлади, у билан мусулмон киши дунёда ҳурмат ва шарафга эришади. Охиратда эса юксак бир даражага сазовор бўладики, у Аллоҳнинг оятлари ва сураларидан қанчалик кўп ёд олган бўлса, бу даража ҳам шунчалик юксалаверади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Қиёмат куни Қуръон ўқиган кишига: "Ўқи ва юксалавер! Дунёда қандай қилиб дона-дона ўқиган бўлсанг, ана шундай ўқи! Мартабангнинг баландлиги сен ўқиган охирги оят тугаган жойда бўлади!" - дейилади". (Термизий ва Абу Довуд ривоятлари).
б) Қуръони каримни чиройли овоз билан, дона-дона қилиб, тартил билан ўқиш. Бу нарса Қуръоннинг қалбларга чуқурроқ таъсир қилиши ва қулоқларга мунглироқ эшитилишига сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Қуръонни чиройли овоз билан ўқишга интилмаган киши биздан эмас!"
в) Унинг маънолари устида чуқур фикр юритиш ва мазмунини англашга интилиш даркор: "Ахир улар Қуръонни тадаббур қилмайдиларми?! Ёки уларнинг дилларида қулфлари борми?!" (Муҳаммад сураси, 24-оят).
г) Аллоҳнинг китобини ёд олишлари учун ёшларга Қуръони каримни ўргатиб, дарс бериш керак. Зеро, Қуръони каримни ўрганиш ва ўргатиш бизни иззат ва шараф сари бошловчи омиллардан биридир. Усмон разияллоҳу анҳудан ривоят: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитганман: "Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганган ва бошқаларга ҳам ўргатганларингиздир".
д) Қуръонни чуқур фаҳмлаб амал қилиш. Чунки Қуръони каримни ўқиб, фаҳмламасликда ва фаҳмлаб, амал қилмасликда яхшилик йўқ. Биз Қуръон ўрганишнинг улкан самараларини фақат унинг оятларини тушуниш ва уларга тўлиқ амал қилиш билангина қўлга киритишимиз мумкин. Мусулмон кишининг билган нарсасига амал қилмаслиги жуда хунук ҳолатдир. "Эй мўминлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани қиламиз деб айтурсизлар?! Сизларнинг ўзингиз қилмайдиган ишни гапиришингиз Аллоҳ наздида ўта манфур ишдир". (Саф сураси, 2-3-оятлар).
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга насиҳат
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатларини тасдиқлаган, у зот олиб келган Қуръони карим ва саҳиҳ Суннатдаги барча хабарларга иймон келтирган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга насиҳат қилган бўлади. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш ва буйруқларига итоат этиш ҳам, у зотга қилинган насиҳатдир. Аслида Расулуллоҳни яхши кўриш Аллоҳни яхши кўриш демакдир: "Айтинг: "Агар Аллоҳни яхши кўрсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ ҳам сизларни яхши кўради..." (Оли-Имрон сураси, 31-оят).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот топганларидан сўнг у кишига насиҳат қилиш учун мусулмонлар қуйидагиларни қилишлари лозим:
· Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларини ўқиб-ўрганмоқ;
· Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ахлоқ ва одоблари билан ўзини зийнатламоқ;
· Сўз ва амалда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига риоя қилмоқ;
· Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлари ва турмуш тарзларидан дарсу ибрат, панд-насиҳат олмоқ;
· Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларини одамлар орасида ёймоқ;
· Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларини душманлар иғво-туҳматидан, адашган тоифалар даъволаридан ҳамда динда ғулув кетувчилар унга олиб кирган бидъат-хурофотлардан ҳимоя қилмоқ.
4. Мусулмон раҳбарларга насиҳат
Мусулмон раҳбар деганда мусулмонларнинг ҳоким-бошлиқлари, агар улар мавжуд бўлмаса, уламолар ва Ислом даъватчилари назарда тутилади.
Ҳокимларга итоат этилиши учун аввал уларнинг ўзлари мусулмон бўлишлари вожиб: "Эй мўминлар! Аллоҳга итоат қилингиз, Расулга итоат қилингиз ҳамда ўзларингиздан бўлган бошлиқларга ҳам (итоат этингиз)!" (Нисо сураси, 59-оят).
Бизнинг мусулмон раҳбарларга қиладиган насиҳатимиз уларнинг шахсияти учун ёки бизга улар тарафидан ҳосил бўладиган манфаатлар учун бўлмайди, балки бу насиҳат уларнинг солиҳ бўлишлари, тўғри йўлда туришлари ва адолат билан иш юритишларини яхши кўриш демакдир.
Биз Ислом умматининг мусулмон раҳбарларнинг адолатли ҳукми остида бирлашишини орзу қиламиз. Мусулмонлар устида ягона бошлиқ йўқлиги сабаб уларнинг турли фирқаларга бўлиниб кетишларини ҳамда уларнинг золим ва бебош раҳбарлар ҳукми остида жабр кўришларини хоҳламаймиз.
Ҳақ йўлда турган раҳбарларга ёрдам берсак, уларга итоат этсак, кези келганда уларга ҳақни эслатиб, хато қилганларида уларни ҳикмат билан огоҳлантириб турсак, уларга чин насиҳат қилган бўламиз. Зеро, раҳбарига шу тариқа насиҳат қилмаган, золимга унинг зулм қилаётганини айтишга журъат этолмаган уммат яхши уммат эмасдир. Шунингдек, халқини ўз манфаати учун хорликка ботирган, насиҳат қилганларнинг оғзига урган, ҳақ гапни эшитишдан қулоқларини кар қилиб, ҳеч кимга ҳақни гапиртирмаган раҳбарларда ҳам бирон яхшилик йўқ.
Агар халқ ўз раҳбарига насиҳат қилиш бурчини адо этмай, подага ўхшаб қолса, ҳоким ҳам насиҳат қабул қилмайдиган тоғут-золимга айланса, бунинг оқибати халқ учун фақат топталиш, зулм ва хорлик бўлади. Ҳар қачон Ислом уммати ўз динидан оғишса, Ислом асослари ва тушунчалари мусулмонларнинг сўз ва амалларида нотўғри талқин этила бошласа, юқорида айтиб ўтилган аянчли ҳолат вужудга келаверади.
Мусулмон уламолар ва даъватчиларнинг Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннатига насиҳат қилиш борасидаги масъулиятлари ниҳоятда улкандир. Бу масъулият улардан мусулмонларни адаштирувчи турли ҳавои фикрларни Қуръон ва Суннат далиллари билан рад этишларини ҳамда Қуръон ва Суннатнинг барча ҳавои фикрларга мухолиф эканини баён қилишларини тақозо этади. Яна улар Аҳли сунна уламолари янглишиб айтган маржуҳ[8] сўзларни рад этишлари, сунан ва муснад[9] китобларда ворид бўлган ҳадислар ичида саҳиҳи ва заифини ажратиб, баён қилиб беришлари лозим. Бу эса уларнинг ҳадис ровийларини[10] жарҳ ва таъдил[11] қоидалари ҳамда ҳадисларнинг саҳиҳлигига путур етказувчи иллатларга оид қоидалар асосида текшириб чиқишлари орқали амалга ошади.
Мусулмон уламолар ва даъватчиларнинг ҳокимларга насиҳат қилиш, уларни Аллоҳ китоби ва Расул суннати билан ҳукм юритишга мудом даъват қилиб туришдаги масъулиятлари янада улкан ва буюкдир. Уламолар бу борада лоқайдлик қилиб, ҳокимларга ҳақ сўзни баралла айта олмасалар, Қиёмат куни уларнинг ҳисоби қаттиқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Дарҳақиқат, энг буюк жиҳод золим султон олдида ҳақ сўзни айтишдир".
Уламолар хушомадгўйлик билан ҳокимни мадҳ этишлари боис, унинг зулму туғёнда янада давом этиши учун замин яратиб, ўзлари ўша золим сиёсат ташвиқотчиларига айланиб қолсалар, ҳокимларни ўз елкаларига миндириб, улар истаган тарафга йўрғалайдиган улов бўлиб қолсалар, албатта Аллоҳ азза ва жалла уларни қаттиқ ҳисоб қилажак. Ҳақиқий илм пешволари карвонидан жой олишга сазовор олим билан золим подшолар хизматкорига айланган олим ўртасидаги фарқ жуда каттадир.
Биз уламо ва даъватчиларга насиҳат қилишни истасак, улар зиммасига юклатилган мазкур масъулиятларни ўзларига эслатиб турмоғимиз ва мусулмонлар ишончини қозонган аҳли илмлар ривоят қилаётган ҳадисларга ишонишимиз ва шу билан бир қаторда уларнинг камчиликларини излашдан ва уларни ёмонлаб юришдан тилни тийишимиз лозим. Зеро, олимларга бундай муносабатда бўлиш уларнинг обрўларига путур етказади ва турли иғволар остида қолишларига сабаб бўлади.
5. Мусулмонларга насиҳат
Мусулмонлар оммасига насиҳат уларга ухровий ҳамда дунёвий ишларда фойдали маслаҳат бериш билан бўлади. Афсуски, мусулмонлар айни бурчларига бепарво бўлиб қолдилар, айниқса ухровий ишларда лоқайдлик қилиб, барча эътиборни фақат дунё ишлари ва унинг зийнатига қаратдилар.
Насиҳат фақат тил учида бўлмаслиги лозим. Мусулмонларга насиҳат мўмин биродарларимиз айбларини беркитиш, хатоларини тузатиш, улардан зарарни тўсадиган ва манфаат келтирадиган ишларни амалга ошириш, уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш, катталарини ҳурмат қилиб, кичикларига шафқат кўрсатиш, уларга хиёнат ва ҳасад қилишдан йироқ бўлиш каби ишлар тарзида барчамизнинг ҳаётимизда ўзининг амалий ифодасини топиши керак.
Насиҳат қилувчи ўзига ва молига зиён етиши мумкин бўлган ўринларда ҳам мусулмонларга холис насиҳат қилиши лозим.
6. Насиҳат турларидан бири
Бирон масалада маслаҳат сўраган кишига холис маслаҳат бериш мусулмонларга насиҳат қилишнинг муҳим турларидан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Бир мусулмон ўзининг биродаридан маслаҳат сўраса, биродари албатта унга холис маслаҳат берсин".
Мусулмон биродарингизга қилишингиз мумкин бўлган насиҳатдан яна бири ўзи йўқ бўлган ўринда унинг ёнини олиш, обрўсини ҳимоя қилишдир. Чунки бундай насиҳат мусулмоннинг ўз биродарига содиқлигини кўрсатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Бир мусулмоннинг бошқа мусулмон устидаги ҳақларидан бири ўзи йўқлигида унга холислик қилишидир".
7. Уламоларнинг насиҳатлари
Ҳасан Басрий айтадилар: "Сиз биродарингизни то у қила олмайдиган ишларга ҳам буюрмагунингизга қадар, зиммангиздаги унга нисбатан бўлган насиҳат ҳаққини адо қилган бўлмайсиз".
Саҳобалардан бири шундай деган эди: "Жоним қўлида бўлган Зотга қасам ичаман, агар истасангиз сизлар учун яна Аллоҳ таоло номига қасам ичиб айтаманки, Парвардигор учун энг суюкли кишилар Аллоҳни бандаларига, бандаларини эса Аллоҳга муҳаббатли кўрсатиб, ер юзида насиҳат билан кезувчи инсонлардир!"
Абу Бакр Музаний дедилар: "Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу бошқа саҳобалардан намози ёки рўзаси билан эмас, балки қалбидаги нарсаси ила устун бўлганди. Унинг қалбида Аллоҳга муҳаббат ва бандаларига насиҳат бор эди".
Фузайл ибн Иёз айтдиларки: "Бизнинг назаримизда юксак мақомга эришганлар кўп намоз ўқиш ёхуд доим рўза тутиш билан бу даражага чиқмаганлар. Улар бизнингча, қалблар саховати, кўнгиллар мусаффолиги ва умматга яхшилик соғиниш билан шу даражага етганлар".
8. Насиҳат қилиш одоблари
Мусулмон киши биродарига панду насиҳат қилмоқчи бўлса, буни бошқалардан пинҳон равишда бажармоғи лозим. Зеро, биродарининг айбини беркитган кишининг гуноҳини Аллоҳ таоло дунё ва Охиратда ўзгалардан беркитади.
Фозиллар дейдиларки: "Бошқаларга эшиттирмасдан биродарининг ёлғиз ўзига мавъиза қилмоқ насиҳатдир. Аммо халоиқ ўртасида бировга ваъз ўқимоқ насиҳат эмас, ҳақоратдир". Фузайл ибн Иёз айтадилар: "Мўмин киши биродарининг айбини одамлар кўзидан беркитиб, унга насиҳат қилади. Фожир кимса бировнинг айбини овоза қилиб, унга лой чаплайди".
9. Мазкур ҳадисдан Ибн Баттол чиқарган хулосалар
“Дин насиҳатдир. Ислом дини сўзларда воқе бўлгани каби амалларда ҳам акс этади. Насиҳат имконият даражасида амалга оширилади. Сўзи қабул бўлишига кўзи етган ва бирор зарар таҳдид солмаган киши насиҳат ҳаққини адо этишга киришади. Аммо насиҳат ортидан ўзига зиён-заҳмат етадиган бўлса, насиҳат қилувчи ушбу амални тўхтатишга ҳаққи бор".
Саккизинчи ҳадис
Мусулмоннинг ҳурмати
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "أُمِرْتُ أَنْ أُقَاتِلَ النَّاسَ حَتَّى يَشْهَدُوا أَنْ لا إِلَهَ إِلا اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، وَيُقِيمُوا الصَّلاةَ، وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ، فَإِذَا فَعَلُوا ذَلِكَ عَصَمُوا مِنِّي دِمَاءَهُمْ وَأَمْوَالَهُمْ إِلا بِحَقِّ الإِسْلامِ، وَحِسَابُهُمْ عَلَى اللهِ تَعَالَى". (رواه البخاري و مسلم)
Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Инсонлар "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расулидир" деб гувоҳлик бериб, намозни адо этмагунларича ва закотни бермагунларича, улар билан жанг қилишга буюрилдим. Агар одамлар юқоридагиларга амал қилсалар, мендан қонлари ва молларини омон сақлаган бўладилар. Фақат Ислом ҳаққи бундан мустасно. Уларнинг ҳисоб-китоби эса Аллоҳ таолога ҳаволадир". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Мазкур ҳадис ўзида Исломнинг учта асосий рукнини жамлаган:
1. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг Расули деб гувоҳлик бермоқ;
2. Намозни барча қонун-қоидалари билан тўкис адо қилмоқ;
3. Закотни ҳақдор кишиларга бермоқ.
Ушбу ҳадис билан мазмунан бир хил бўлган бошқа ривоятлар имом Бухорий, Аҳмад ва Ибн Можа асарларида ҳам келтириб ўтилганки, улар ҳадис маъносини янада чуқурроқ ёритиб беради.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Икки шаҳодатни тил билан айтган кишининг жони ҳам, моли ҳам омонда бўлади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмон бўлиш умидида ҳузурларига келган кишилардан фақат икки шаҳодатни қабул қилиб олардилар. Улар шаҳодат калимасини айтганларидан сўнг мусулмон ҳисобланар ва молу жонларига омонлик берилар эди. Ушбу сўзларимизни Бухорий ва Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадис ҳам қувватлайди: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Одамлар: "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!" - деб айтмагунларига қадар улар билан жанг қилишга буюрилдим. Кимки: "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!" - деса, мендан молу жонини омон сақлайди. Фақат шу калима ҳаққи қолади. Кейин у кишининг ҳукми Аллоҳга ҳаволадир".
Муслим ривоятидаги ҳадис лафзи бир оз бошқача: "Одамлар "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!" деб гувоҳлик бериб, менга ва мен олиб келган нарсаларга иймон келтирмагунларига қадар..." Имом Муслим Абу Молик Ашжаийдан ривоят қилган яна бир ҳадисда шундай дейилади: "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!" деб, Ундан бошқа барча маъбудларни инкор қилган кишининг қони ва молини Аллоҳ таоло ҳаром қилади. Унинг ҳисоб-китоби эса Аллоҳ азза ва жаллага ҳавола".
Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу "Ла илаҳа иллаллоҳ" калимасини айтган кишини ўлдириб қўйганида Пайғамбар алайҳиссалом унга қаттиқ дашном берган эдилар.
Юқоридаги ҳамма ҳадислар саҳиҳ ва улар ўртасида қарама-қаршилик йўқ. Чунки инсон икки шаҳодатни айтиши билан мусулмон бўлади. Иймон келтиргач, намоз ва закотга тўла-тўкис амал қилган киши мусулмонлар жамоасининг тўлақонли аъзосига айланади ва мусулмонлар фойдаланадиган барча ҳуқуқлардан фойдаланади. Албатта мусулмонлар зиммасидаги барча масъулиятлар унга ҳам юкланади. Аммо у Исломнинг бирон рукнидан бош тортса, жазога тортилади. Бордию бундай кишилар кучли бир тўдага уюшиб олган бўлсалар, мусулмонлар бу тоифага қарши уруш эълон қилишга ҳақли бўладилар. "Агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо этиб, закотни берсалар, уларнинг йўлларини очиб қўйингиз". (Тавба сураси, 5-оят); "Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис бажо қилиб, закотни адо қилсалар, у ҳолда диндош биродарларингиздир". (Тавба сураси, 11-оят).
2. Абу Бакр разияллоҳу анҳу билан Умар разияллоҳу анҳу ўрталарида кечган мунозара
Икки улуғ саҳобий ўртасида бўлиб ўтган мунозара ҳам юқорида баён этилган фикрни тасдиқлайди.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг Абу Бакр разияллоҳу анҳу халифа бўлдилар. Ўша кунлари айрим араблар куфрга қайтиб кетишди. Умар разияллоҳу анҳу Абу Бакр разияллоҳу анҳуга дедилар:
- Қандай қилиб уларга қарши уруш қиласиз? Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Инсонлар "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!" демагунларича улар билан жанг қилишга буюрилдим. "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!" деб айтган киши мендан моли ва жонини омон сақлайди ва фақат Ислом ҳаққи қолади. Унинг ҳисоби Аллоҳ азза ва жаллага ҳавола", деганлар-ку?!
Шунда Абу Бакр разияллоҳу анҳу:
- Аллоҳга қасамки, намоз билан закот ўртасини ажратганларга қарши албатта жанг қиламан! Чунки закот мол ҳаққидир! Аллоҳга қасамки, агар улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга берадиган битта арқонни беришдан бош тортсалар, ўша арқон учун ҳам уруш қиламан! - деб жавоб бердилар.
Аллоҳ таоло Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг қалбларини урушга мойил қилиб қўйганини кўрибоқ у кишининг ҳақ эканлигини тушундим, - дедилар Умар разияллоҳу анҳу. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Абу Бакр разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг "Фақат Ислом ҳаққи бундан мустасно", деган сўзларини закотни бермаганларга қарши уруш очиш учун далил деб билдилар. Умар разияллоҳу анҳу эса киши икки шаҳодат калимасини айтган бўлса, бу дунёда унинг қонини тўкиш буткул ҳаром деб ўйладилар ва айни ҳадиснинг умумий маъносини ҳужжат сифатида келтирдилар. Мунозара якунида Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ўзларининг улуғ дўстлари фикрига қўшилдилар.
Қуйидаги ҳадисда ушбу ҳукм очиқ баён этилган: Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Шундай амирлар бўладики, сизлар уларнинг баъзи ишларини маъқул топасиз, баъзиларини эса инкор этасиз. Уларни инкор этган киши зиммасидаги масъулиятдан қутулади. Уларнинг қилмишларини ёмон кўрган киши Қиёмат куни саломат қолади. Бироқ уларга рози бўлиб эргашган кимса саломат қолмайди.
- Ё Расулуллоҳ! Уларга қарши уруш қилмаймизми? - деб сўрашди саҳобалар.
- Йўқ! Модомики, намоз ўқисалар!.. (Муслим ривоятлари).
3. Исломнинг барча арконларини тарк этган кишининг ҳукми
Бундай кимсалар агар куч-қувватга эга бир жамоа сифатида майдонга чиқсалар, уларга қарши жанг қилинади.
Ибн Шиҳоб Зуҳрий Ҳанзала ибн Али ибн Асқоъдан ривоят қилади: "Абу Бакр разияллоҳу анҳу Холид ибн Валид разияллоҳу анҳуни жиҳодга жўнатар эканлар, унга беш нарса учун уруш очишни тайинладилар. Халифа буйруғига кўра беш рукннинг биттасини тарк этган кимсага қарши худди беш рукннинг барчасини тарк этганга қарши уруш очилганидек жанг қилинарди. Бу рукнлар: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расули деб гувоҳлик бериш, намозни қоим қилиш, закотни адо этиш, Рамазон рўзасини тутиш ва ҳаж зиёрати".
4. Матлуб иймон
Ушбу ҳадисда салафу халаф уламоларнинг иймон учун шарт қилган сўзларига очиқ-ойдин далолат мавжуд. Улар кишининг мўмин бўлиши учун ундан иймон рукнларини қатъий тасдиқ этиш ва Ислом рукнларига ҳеч иккиланмасдан эътиқод қилиш талаб этилади, деб айтганлар.
Аммо мутакаллим олимлар томонидан тўқиб чиқарилган далилларни ўрганиш ва шу далиллар орқали иймонга келиш вожиб қилинмаган. Иймоннинг дуруст бўлиши учун бундай қўшимча шартлар йўқ. Ҳадисларда такрор ва такрор келишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари олиб келган нарсаларни қатъий тасдиқлаган кишига амалга киришишдан бошқа талаб қўймаганлар.
5. Ҳадислардаги "Фақат унинг ҳаққи бундан мустасно" лафзининг маъноси
Бошқа бир ривоятда "Фақат Ислом ҳаққи бундан мустасно" дейилган. Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг намоз ўқиш ва закот беришни ана шу ҳақ ичига киритганлари юқорида айтиб ўтилди. Баъзи олимлар рўза ва ҳажни тарк қилишни ҳамда ўлим жазоси белгиланган гуноҳларни қилишни ҳам мазкур ҳақ доирасига киритишган. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Инсонлар "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!" деб айтмагунларига қадар улар билан жанг қилишга буюрилдим. Агар ушбу шаҳодатни айтсалар, қон ва молларини мендан омон сақлаган бўладилар ва фақат шу калиманинг ҳаққи қолади. Уларнинг ҳисоби эса Аллоҳ таолога ҳавола.
- Унинг ҳақларига нималар киради? - деб сўрашди.
- Жуфти ҳалоли бўла туриб зино қилишдан, иймондан сўнг куфрга қайтишдан ва бир жонни ўлдиришдан тийилиш. Акс ҳолда у шу ишларнинг жазоси учун ўлдирилади! (Табароний ва Табарий ривоятлари).
Ибн Ражаб ҳадис сўнгидаги сўзларни Анас ибн Моликка тегишли деганлар. Баъзилар мазкур ривоятни бутунлай Анас разияллоҳу анҳуга мансуб дейишган. Аммо Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан нақл қилинган қуйидаги ривоят ушбу ҳадис мазмунини қувватлайди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ деб ва Мени Аллоҳнинг Расули деб гувоҳлик берган мусулмон кишининг қони фақат қуйидаги уч ҳолатдагина ҳалол бўлади: оилали бўла туриб зино қилса, жонга-жон, яъни бир мусулмонни қасддан ўлдирса ва жамоадан ажралиб, диндан чиқса". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
6. Охиратда ҳисоб-китоб қилмоқ Аллоҳ азза ва жаллага ҳаволадир
Қалбларни Аллоҳ таолонинг Ўзи билгувчидир! Пок Парвардигор ҳақиқий иймон эгаларини жаннатга киргазиб, риёкор мунофиқларга жаҳаннам қаъридан жой ажратади.
Бу имтиҳон дунёсида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зиммаларидаги вазифа - мўминларга жаннат хушхабарини, кофирларга эса Охират азобини эслатиш, холос. "Бас, сиз панд-насиҳат қилинг! Зотан, сиз фақат бир панд-насиҳат қилгувчидирсиз, холос. Сиз уларнинг устида зўравонлик билан ҳукм юргизувчи эмассиз. Илло ким юз ўгириб, кофир бўлса, у ҳолда Аллоҳ уни энг катта азоб билан азоблар! Зеро, уларнинг қайтишлари ёлғиз Ўзимизгадир. Сўнгра уларни ҳисоб-китоб қилиш ҳам ёлғиз Ўзимизнинг зиммамиздадир!" (Ғошия сураси, 21-26-оятлар); Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Холид ибн Валид разияллоҳу анҳуга дедилар: "Мен одамлар қалбини ёриб кўришга буюрилмаганман!" (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
7. Бутпараст ва мушрик кимсалар Исломни ҳақ дин деб қабул қилмагунларича уларга қарши уруш эълон қилиниши лозимлигига мазкур ҳадис ҳужжатдир
8. Мусулмонларнинг моли ҳам, жони ҳам Ислом шариатида ҳимоя этилгандир
ТўҚҚизинчи ҳадис
Енгиллаштирингиз, оғирлаштирмангиз!
Итоат ва ҳалимлик нажотга бошлайди
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ صَخْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "مَا نَهَيْتُكُمْ عَنْهُ فَاجْتَنِبُوهُ، وَمَا أَمَرْتُكُمْ بِهِ فَأْتُوا مِنْهُ مَا اسْتَطَعْتُمْ، فَإِنَّمَا أَهْلَكَ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ كَثْرَةُ مَسَائِلِهِمْ وَاخْتِلافُهُمْ عَلَى أَنْبِيَائِهِمْ". (رواه البخاري ومسلم).
Абу Ҳурайра Абдурраҳмон ибн Сахр разияллоҳу анҳудан ривоят: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: "Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан йироқ бўлинглар. Нимага буюрган бўлсам, имкон қадар ўша нарсани бажаринглар. Сизлардан аввал ўтган қавмларни халок қилган нарса уларнинг ўз пайғамбарларига кўп савол бераверишлари ва кўрсатмаларига хилоф иш қилишлари бўлган". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Уламолар мазкур ҳадиснинг аҳамияти ва чуқур маънолари ҳақида кўп гапиришган. Бинобарин, ушбу саҳиҳ ривоят ўрганиш ва ёд олишга жуда муносибдир. Имом Нававий ёзадилар: "Бу ҳадис Исломнинг муҳим асосларидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилмиш “жавомеул калим" - қисқа сўзларда кўп маъноларни ифодалаш мўъжизаси ўз ифодасини топган мазкур ривоят ичига сон-саноқсиз шаръий ҳукмлар кириб кетади". Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар: "Бу улуғ ҳадис дин асосларидан, Ислом арконларидан саналади. Уни ёд олиб, чуқур ўрганмоқ лозим". Ушбу ҳадис ҳақида яна бир қанча олимларнинг таърифларини келтириш мумкин. Аллоҳ таолонинг шариатига, Китобу Суннатда баён этилган буйруқ ва қайтариқларга ҳеч қандай қўшимча ва қисқартиришсиз тўла-тўкис амал қилиш лозимлиги биз ўқиётган саҳиҳ ривоятда жуда чиройли суратда ифодаланган.
Ҳадис маънолари устида тафаккур юритиш, уни чуқурроқ ўрганиш давомида уламоларнинг мазкур ривоят хусусида айтган гапларининг нақадар рост эканига яна бир бор амин бўласиз.
Ҳадиснинг ворид бўлиш сабаби
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга хутба қилиб, дедилар:
- Эй одамлар! Аллоҳ таоло сизларга ҳажни фарз этди. Ҳаж қилингиз!
Бир киши сўради:
- Ё Расулуллоҳ! Ҳар йилими? - Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бермадилар. Ҳалиги киши юқоридаги саволини уч маротаба берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар:
- Агар "Ҳа!" деганимда ҳар йили ҳаж қилиш фарз бўлиб қоларди. Сизларнинг эса бунга кучларингиз етмасди. Модомики, тўхтаган эканман, мени тинч қўйингиз. Сизлардан олдингилар кўп савол беришлари ва пайғамбарларига қарши чиқишлари сабабли ҳалок бўлганлар. Агар бир нарсага буюрсам, имкониятингиз даражасида уни бажаринглар. Нимадан қайтарсам, уни тарк этинглар". (Муслим ривоятлари).
Бошқа ривоятларда зикр этилишича, савол берувчи Ақраъ ибн Ҳобис разияллоҳу анҳу бўлган. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: "Ақраъ ибн Ҳобис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради:
- Ё Расулуллоҳ! Ҳаж қилиш ҳар йили фарзми ёки фақат бир марта?
- Бир маротаба, - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам - қурби етган киши ихтиёрий равишда яна ҳаж қилиши мумкин". (Ибн Можа ривоятлари).
Абу Довуд ва Ҳоким ривоятида ҳам иккинчи марта ҳаж қилиш ихтиёрий эканлиги айтилган. Баъзи олимлар баҳсимиз мавзуи бўлган ҳадисни видолашув ҳажида айтилган дейишган. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга Исломнинг фарз ва рукнларини ўргатиб хутба қилишлари асносида мазкур ҳадисни айтганлар. Валлоҳу аълам.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. "Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан йироқ бўлинглар"
Наҳий яъни қайтариқ Китобу Суннатда бир неча маъноларни ифодалайди. Ушбу ҳадисда наҳий калимаси ҳаром ёки макруҳ нарсани билдириб келмоқда. Зеро, уламолар наҳий калимасини ана шундай ўринларда қўллаганлар.
а) Бир иш ёки нарсанинг ҳаромлигини билдирадиган наҳий-қайтариқ
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари орқали бандаларини баъзи хатти-ҳаракатлардан қайтарган ва бундай қайтариқлар ўша ишни ҳаром қилиш учун бўлганлигига далиллар мавжуд. Мукаллаф банда ҳаром ишларни қиладиган бўлса, дунё ва Охиратда қилмишига яраша жазо олади.
Зино, ароқ ичиш, рибо-судхўрлик, ўғрилик, бир жонни ноҳақ ўлдириш, аврат жойларни очиб юриш, аёлларнинг номаҳрамларга ўз зийнатларини кўрсатиши, ёлғон, ғийбат, туҳмат, порахўрлик ва одамлар орасида фисқу фасод тарқатиш каби ярамас амаллар Ислом шариатида ҳаром қилинган.
Киши ҳаром амалларга мутлақо яқин йўламаслиги лозим. Айрим ҳолларда шариат маълум қайдлар ва шартлар асосида баъзи ишларга рухсат беради. Зарурат тақозоси туфайли вужудга келадиган бундай истисно ҳолатлари фиқҳ китобларида батафсил баён қилинган.
б) Бир ишнинг макруҳлигини билдирувчи қайтариқ. (Баъзан "наҳйи танзиҳ" ҳам дейилади)
Шореъ қайтарган айрим амаллар ҳаром эмас, макруҳ бўлиши ҳам мумкин. Бинобарин, бундай қайтарилган хатти-ҳаракатларни қилиш ҳаром дейилмайди ва киши унинг учун жавоб бермайди.
Масалан, жума ёки жамоат намозига борувчи кишининг пиёз, саримсоқ каби бадбўй нарсаларни ейиши макруҳ. Бундай макруҳ амалларини ҳеч қандай заруратсиз ҳам қилиш мумкин. Яъни ҳаром эмас. Бироқ тақво эгаси бўлган чин мўминлар макруҳ амаллардан ўзларини йироқ тутганлар.
2. Зарурат туғилганда ҳаром амалларни қилишга ҳам рухсат этилиши
Шариатда қатъий ҳаром саналган ишларни қилиш мумкин эмаслигини биз юқорида айтиб ўтдик. Лекин инсон баъзида вазият тақозосига кўра ҳаром амалларни қилишга мажбур бўлиб қолади. Хўш, ана шундай ҳолатларда шариат бизни нимага буюради?
Аллоҳ таоло бандаларига тоқатларидан ташқари нарсани юкламайди. Имконсиз ҳолатда бирон ҳаром ишни қилишга мажбур бўлган киши ўша иши учун жазога тортилмайди. "Энди кимки зулм ва тажовуз қилмаган ҳолда ночор вазиятда қолса (ва ҳаром нарсани еса, гуноҳкор бўлмайди). Албатта Аллоҳ мағфират қилгувчи, раҳмлидир". (Бақара сураси, 173-оят).
Уламолар мазкур ояти қаримага асосланиб қуйидаги фиқҳий фатвони чиқарганлар: “Заруратлар “маҳзурот"ларга, яъни ҳаром қилинган нарсаларга рухсат беради".
Мисол учун очликдан қийналаётган киши бирор егулик топа олмаса, ўлимтик гўштини ейиши мумкин. Табиб олдида зарурат бўлса, аврат жойларни очишга ҳам рухсат берилади. Агар биров йўқчилик сабабли ўғрилик қилиб қўйса, гуноҳкор саналса ҳам қўли кесилмайди ва ҳоказо...
Бироқ шариат берган шаръий рухсатларни ҳеч қандай чекловсиз деб қабул қилмаслик керак. Рухсат берилган ўринлар маълум қайдлар билан чеклаб қўйилган ва уларнинг ўз ҳудуд-чегаралари мавжуд. Кўпчилик рухсат экан деб, дуч келган ўринда ҳаром амалларни қилишга киришмаслиги учун уламолар зарурат чегарасини белгилаб беришган.
Инсон ҳаёти учун ўлим ҳавфи туғилса, тана аъзоларидан бирига аниқ зиён етадиган ёки мавжуд касаллик зўрайиб кетадиган бўлса, шариат шу каби оғир машаққат юклайдиган ўринлардагина енгилликка рухсат берган.
Ноиложлик бартараф бўлиши ёки хатарнинг олди олиниши билан рухсат муддати ҳам тугайди. Фиқҳий қоидага биноан заруратнинг ўз чегараси-миқдори бўлади. Аллоҳ таоло: "Зулм ва тажовуз қилмаган ҳолда..." деб марҳамат қилди. Демак, инсон диндаги рухсатлардан фойдаланади. Бироқ у атайин шариатга хилоф юрмаслиги, маъсият қилишни кўзламаслиги ва мажбуриятни даф этадиган чегарадан тажовуз қилмаслиги лозим.
Ўлимтик гўштини ейишга мажбур бўлиб қолган киши ундан қорнини тўйдириб олиши ёки кейинроқ ейиш учун ҳам олиб қўйиши мумкин эмас. Оиласини боқиш учун ўғрилик қилишдан бошқа чора топа олмаган кимса бир кунга кифоя қиладиган егуликдан ортиқча нарса ўмариши ҳаром. Табиб ҳузурига борган муслима аёл фақат оғриётган аъзосинигина очиб кўрсатиши мумкин. Аммо даволаш ёки текшириш зарурати бўлмаган жойларни асло очмайди. Бундан ташқари, табиба аёллар бор бўла туриб, номаҳрам эркак шифокорга кўриниш ҳам юқоридаги рухсат доирасига кирмайди.
Маишат, замонавий қулайликлар ва ҳузур-ҳаловат каби "эҳтиёжлар" зарурат саналмайди. Озгина маблағи бор киши тижоратини ривожлантириш учун судхўрлик қилиши мумкин деган фатво йўқ. Ўзига яраша бошпанаси бор одам данғиллама ҳовли қуриш йўлида шаръий заруратлардан фойдалана олмайди. Эри ёки бошқа боқувчиси бўлган аёлнинг номаҳрамлар билан аралашиб турли ишхоналарда ишлаб юриши ҳам зарурат дейилмайди. Боқувчиси йўқ аёлнинг хотин-қизларга тўғри келадиган иш бўла туриб, шариатда аёлларга номаъқул саналган амалга ўтиши зарурат эмас. Номаҳрамлар билан аралашиб, ёхуд бегона эркаклар орасида ёлғиз қолиб ишлаш муслима учун ҳаром. Шариатда зарарнинг олдини олиш фойда келтирадиган ишни қилишдан муқаддам туради. Бинобарин, шаҳару қишлоқларга фасод олиб кирувчи бундай амаллар тарк қилинмоғи лозимдир. Биров билан муомала қилишда, яъни бирон иш қилаётган одам иши янада силлиқ кетиши учун пора бериши ҳам зарурат ҳисобланмайди. Иш юзасидан алоқа юритаётган одамларининг ичкилик базмларида қатнашиши ёки уларнинг турли мункар қилиқларига жим қараб туриши шаръий зарурат эмас.
3. Буйруқларга бўйсуниш
"Амр" (буйруқ) маъносини англатувчи калима Китобу Суннатда бир неча маънода ворид бўлган. Уламолар: "Амр-буйруқдаги асл маъно талабдир", дейишади. Амр асосан "ийжоб" (фарз қилиш) ва "надб" (суннат-мустаҳаб қилиш) учун ишлатилади.
а) Ийжоб амри. Аллоҳ таоло бандаларига Пайғамбари орқали баъзи ишларни амр қилган бўлиб, бу ишларнинг бандалар зиммасида фарз эканлигини ва уларни тарк қилган кимса азобга лойиқлиги, адо этган киши эса савобга ҳақли бўлишини билдирадиган далиллар ҳам келган. Шу тарзда буюрилган амални фарз дейилади.
Намоз, закот, рўза, ҳаж, амри маъруф-наҳий мункар, Аллоҳнинг ҳукми билан ҳукм юритиш, шаръий жазо-ҳадларни амалга ошириш, адолат билан ҳукм қилиш ва аҳли оилага ҳалол едириш каби амаллар фарз саналади. Негаки, бу ишларни қилишга буйруқ келган бўлиб, уларни бажаришни бандалардан қатъий равишда талаб этилган.
Бундай услубда буюрилган амалларни бажаришда сусткашлик қилиш ва уларнинг биронтасини ташлаб кетиш мумкин эмас. Фақат баъзи истисно ҳолатлардагина маълум рухсатлар берилади. Яъни вожиботларнинг[12] шарт ёки сабаблари топилмаса ёки уларни амалга ошириш йўлида муайян тўсиқлар пайдо бўлса ёхуд мазкур амалларни тўла-тўкис бажарувчи киши вазият тақозосига кўра маълум қийинчиликларга дуч келса... шариат берган енгилликлардан фойдаланиши лозим.
б) Надб амри. Аллоҳ таоло мусулмон бандага Пайғамбари орқали буюрган шундай ишлар ҳам борки, далиллар бу ишларнинг “мандуб" эканлигига, яъни уларни қилиш бандага фарз эмаслигига ишора қилади. Бундай амалларни тарк этгани учун киши жазога тортилмайди, аммо уларни бажаргани учун ажр-савоб олади. Бундай амалларга “мандуб" (мустаҳаб) амаллар дейилади.
Беш вақт намознинг суннатлари, азон айтиш, аҳли-оилага саховат билан едириб-ичириш, эҳсон қилиш, қарзни ёзиб қўйиш ва ўнг қўл билан овқатланиш каби бир қанча амаллар мандубга мисол бўла олади. Мазкур амаллар шариатда қатъий ва кескин суратда зиммага юклаб қўйилмаган. Мандуб мустаҳаб бўлгани боис, уларни қилиш-қилмаслик ихтиёрийдир.
Мандубларга тўлиқ амал қилиб юриш мусулмонни янада гўзал қилади. Ҳеч қандай қаршилик ёки қийинчилик бўлмаса ҳам уларни бажармаётган кишига нисбатан гуноҳ-жазо ёзилмайди. Аммо маълум суннатларга мутлақо амал қилмайдиган ёки барча мандубларга нисбатан эътиборсиз бўлган кимсалар танқид ва маломатга муносибдирлар.
4. Машаққат енгиллик сари бошлайди
Ислом шариати инсонни дунёю Охиратда саодатманд этиш учун жорий бўлгани ҳар бир ақл эгасига яхши маълум. Аллоҳ таоло ҳамиша бандаларига яхшиликни раво кўради. "Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди". (Бақара сураси, 185-оят); "Аллоҳ бу динда сизларга бирон танглик пайдо қилмади". (Ҳаж сураси, 78-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Дин енгилликдир. Енгил қилинглар, оғирлаштирманглар". (Бухорий ривоятлари).
Рамазон ойида мусофир ёки касал кишилар рўза тутмасликлари мумкин. Сафардаги одам намозни қаср ва жам қилиб ўқийди. Сув топилмаганда ёки сув ишлатиш саломатлик учун бирор хавф туғдирганда мўминлар таҳорат ўрнига таяммум қилишади. Уламолар диндаги бу каби аҳкомларни рухсатлар деб аташган.
Аллоҳ таолонинг шариати инсонлар учун торлик, танглик эмас, аксинча фақат хайрият ва енгиллик олиб келган. Уламолар енгиллик хусусидаги шаръий асосларга биноан қуйидаги умумий қоидани ишлаб чиқишган: “Машаққат енгилликни олиб келади". Ислом фиқҳининг муҳим асосларидан бўлмиш ушбу қоида шарҳи билан танишинг:
Баъзи ҳолатларда маълум вожиботларни амалга ошириш анча қийинлашиб қолади. Ана шундай оғир вазиятлар енгилликка ўтишни тақозо қилади ва мукаллаф бемалол бажара оладиган, ҳараж-танглиги бўлмаган енгил амалларга ўтилади. Қуйида ушбу масалага доир бир қанча мисолларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Одатда сақланиш қийин бўлган айрим нопокликлар либос ёки баданга албатта тегади. Танадаги яра ва чипқон қони ҳамда катта кўчаларнинг лойи узрли саналади. Яъни улар тегиши билан либос нопок бўлиб қолмайди. Чунки сақланиш имкони бўлмаган бундай нажосатлар эътиборга олинадиган бўлса, инсон қийналиб қолади ва кўп ибодатларни адо этишдан маҳрум бўлади. Шу боис, шариат юқоридагидек ҳолатларда инсонларга енгиллик беради;
Аслида шартнома-битимларда мажҳуллик яъни ноаниқлик бўлмаслиги керак. Бироқ айрим маиший битимларда бунинг иложи йўқ. Масалан, ҳаммомга кирувчи киши у ерда қанча вақт бўлиши ва қанча сув ишлатишини аниқ билмайди. Кўп ҳолларда берилажак ҳақ миқдори ҳам тайин қилинмаган бўлади. Ҳаммомга кираётган ҳар бир кишини тўхтатиб, у ерда қанча вақт бўлиши, қанча сув ишлатиши ва неча пул бериши каби икир-чикирларни сўраб-суриштириш одамни қийнаб қўяди. Мусулмонлар эса ҳаммомга кирмасдан юра олмайдилар. Шунинг учун юқоридаги ҳолатда битимдаги ноаниқлик узрлидир. Сартарош билан бўладиган битимни ҳам шунга қиёслаш мумкин.
Бир қанча янги-янги масалалар ҳам мазкур қоидага биноан ўз ечимини топади. Масалан, транспорт воситаларига чиқиш. Аслида машинага чиқмасдан туриб, йўл ҳақи ва фойда хусусида келишиб олиш керак. Бундай янги масалалар юқоридаги умумий қоидага асосан ҳал қилинади.
Машаққат-қийинчиликни кўпчилик тўғри тасаввур қилмайди. Айрим кишилар арзимас тўсиқларни ҳам машаққат сифатида кўриб, шаръий амалдан ўзларини четга тортишади. Енгилтак ёхуд лоқайд кимсалар учун озгина қийинчилик ҳам шариат аҳкомларини тарк этишга кифоя қилиши мумкин. Шу боис, уламолар узрга ўтадиган машаққат чегарасини фиқҳ китобларида баён қилиб берганлар.
1) Баъзи машаққатлар ҳамиша шаръий буйруқлар билан бирга бўлади. Яъни вожиботларни қилишга киришган ҳар бир киши бундай машаққатларга учрамасдан иложи йўқ. Чунки улар шаръий таклиф[13] табиатидандир. Шу боис, бундай қийинчиликлар вожиботларни тарк қилишга ҳужжат бўлмайди:
Рамазон рўзасини тутаётган муслим оч қолганини баҳона қилиб, рўзасини очиб юбормайди;
Ҳаж қилишга ҳар томонлама қодир бўлган киши сафар машаққати ёки аҳли-оиласи ва юртидан йироқлигини рўкач қилиб, ҳажга бормаслиги мумкин эмас;
Амри маъруф ва наҳий мункар қилишга қодир бўлган одам сўзининг инобатга олинмаслигини баҳона қила олмайди.
Юқоридаги машаққатлар табиий қийинчиликлар бўлиб, ҳаётда бундай оғирликлар ҳар қадамда учрайди. Агар ана шундай қийинчиликларнинг амалга таъсири бўлганида, шариат мутлақо бекор бўларди. Ҳеч қандай вожиботсиз қолган бандаларнинг дунёю Охиратдаги насибаси эса фақат ношудлик бўларди.
2) Бироқ шаръий таклиф табиатидан саналмайдиган машаққатлар ҳам бор. Аксарият ҳолларда вожиботлар бундай қийинчиликлардан холи бўлади. Маълум вазиятлар ва ўткинчи ҳолатлар сабабли шаръий таклиф ёнига машаққат қўшилиб қолиши мумкин. Машаққатларнинг ушбу хили икки турга бўлинади:
Биринчи тур: Мукаллаф яъни шариат буйруқларини бажараётган киши арзимас қийинчиликка рўбарў келади. Яқин масофага қилинган сафар, енгил бетоблик ва моддий манфаатлардан қуруқ қолиш каби кичкина қийинчиликлар вожиботларни бажаришга таъсир қилмайди. Чунки шариат ҳукмларини адо этиш орқали банда қўлга киритаётган дунёвий ва ухровий хайр-оқибатлар чекилган арзимас машаққатлар ўрнини батамом тўлдириб юборади.
Иккинчи тур: Инсоннинг моли, жони ва номуси-обрўйига таҳдид солувчи ҳақиқий машаққат. Мисол учун бир киши ҳаж қилишга қодир. Лекин у йўлда пойлаб турган қароқчилардан ёки ўзи йўқлигида молини ўмармоқчи бўлган, аҳли-оиласига тажовуз қилишни кўзлаб турган душманлардан хавфсирайди. Оқиллар наздида ҳақиқий танглик саналувчи бундай машаққат шариатда эътиборга олинади. Юқоридаги ҳолатга тушган кишига енгилликдан фойдаланиш муносибдир. Чунки мавжуд машаққатларга нисбатан лоқайд бўлиш киши зиммасидаги бир қанча масъулиятларга путур етказиши мумкин.
5. Енгиллатилаётган ҳукм қийинчилик сабабли буткул тарк қилинмайди
Ушбу умумий қоидани ҳам уламолар биз ўрганаётган ҳадис асосида ишлаб чиққанлар.
Ибн Субкий айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Нимага буюрган бўлсам, имкон қадар ўша нарсани бажаринглар" - деган сўзларидан олинган машҳур қоидалардан бири ана шудир!
Инсон баъзида шундай ҳолатларга тушадики, вожиботларни тўлиқ бажара олмай қолади. Бироқ вожибнинг баъзи қисмини бажаришга унинг қурби етади. Айни ҳолатда мукаллаф имкони доирасидаги амални бажармоғи лозим. Фарзнинг бир қисмини адо эта олмаслиги уни бутунлай ташлаб қўйишга сабаб бўлмайди.
Мисоллар:
Таҳорат олиши ёки ювиниши шарт бўлган киши топган сув нопокликни тўла кетказишга етмаса ҳам, мавжуд сув етганича аъзоларини ювади. Сўнг етмай қолганининг ўрнига таяммум қилади. Ёнидаги сувни ишлатмасдан туриб таяммум қила олмайди;
Яланғоч одам баданининг фақат баъзи жойларини ёпишга етадиган бир парча мато топса, ана шу мато билан авратининг маълум қисмини бўлса ҳам яширади;
Рамазон ойида касаллиги сабабли рўза тутмаётган киши кун ўртасида касалидан тузалса, кечгача рўза тутиши шартдир;
Ҳайз кўрган аёл покланиши билан ибодатини давом эттиради;
Камбағал қариндошига озгина нарса беришга қодир киши инфоқ-эҳсонни тўхтатмайди;
Мункарнинг[14] бир қисмини ўзгартиришга ёки енгиллатишга қурби етган мусулмон имконияти даражасида мункарни кетказишга ҳаракат қилади.
Имрон ибн Хусайн разияллоҳу анҳудан ривоят: "Баданимда шишлар пайдо бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан намоз ҳақида сўрадим:
- Тик туриб ўқигин! - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам - Агар қодир бўлмасанг, ўтириб ўқи. Ўтиришга ҳам қурбинг етмаса, ёнбошлаб ўқигин!" (Бухорий ривоятлари).
Шариатда ворид бўлган ҳар бир буйруқ ёки қайтариқ: фарз, мандуб, ҳаром ва макруҳ инсон тоқати доирасидадир. Чунки мазкур амаллар Аллоҳ таоло шариатида собит этилган. Пок Парвардигор бандаларини тоқатларидан ташқари нарсага буюрмайди. "Аллоҳ хеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди". (Бақара сураси, 286-оят).
Инсон шариатдаги барча буйруқ ва қайтариқларга амал қилишга астойдил интилмас экан, Аллоҳ таолонинг китоби ва Расулуллоҳнинг суннатларига тўлиқ эргашган бўлмайди. "Пайғамбар сизларга олиб келган нарсани олинглар ва у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар!" (Ҳашр сураси, 7-оят).
Шариат аҳкомларига чала-ярим риоя қилиб юрадиганлар гуноҳкор ёки қарши чиқувчи бўлиб қолади. Мўмин киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга тўлиқ иқтидо қилмоққа буюрилгандир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фақат ўзларигагина хос бўлган хусусиятлар бундан мустасно, албатта.
"Сизлар учун - Аллоҳ ва Охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг Пайғамбарида гўзал намуна бордир". (Аҳзоб сураси, 21-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг "Сизларни нимага буюрган бўлсам, имкон қадар уни бажаринглар!" деган сўзлари юқоридаги оят-ҳадисларга биноан тушунилади. Қуйидаги оят ва ҳадис ҳам шу масалани баён этади: "Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар, қулоқ тутинглар ва итоат этинглар!" (Тағобун сураси, 16-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Сизлар ҳамма буюрилган нарсаларни бажаришга тоқатингиз етмайди ва ҳеч вақт уларнинг барчасини қилолмайсизлар. Бироқ ўрта йўлни тутинглар ва суюнинглар!". (Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари).
6. Қайтарилган ишлардан йироқ юринг ва фасодни таг-томири билан йўқотинг
Ислом шариати ёмонликнинг олдини олишга ва фасоднинг томир отишига тўсиқлар қўйишга интилади. Динимизнинг қайтарилган нарсаларга қаттиқ эътибор бериши ҳам шундандир. Буни бошқа фарзларга нисбатан юзаки қараш деб тушунмаслик лозим. Зеро, Аллоҳ таоло ҳаром қилган ҳар бир нарса шубҳасиз катта зарарларни ўз ичига олган бўлади. Шу боис, ҳеч қандай заруратсиз ҳаромга қўл урган кимса маъзур саналмайди.
Кўпчилик мусулмонлар айнан мана шу нуқтада хато қиладилар. Ҳар битта фарзу суннатга қаттиқ эътибор берадиган айрим биродарларимиз негадир мункар амаллар масаласида лоқайд туришади. Баъзида рўзадорнинг судхўрликка қўл ургани ёки ҳаж зиёратига чиққан муслиманинг ясан-тусан қилиб олганини кўриб қоласиз. Улар замон зайлини ўзларига ҳужжат қилиб олганлар. Ўйлайдиларки, қилаётган ибодатлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида нажот топишлари ва тақводорлар жумласидан бўлишлари учун кифоя.
Бироқ уларнинг бундай йўл тутишлари Китобу Суннат таъкидлаётган моҳиятга мувофиқ эмас. Хақиқий тақво эгалари бўлмиш улуғ саҳобийлар, имомлар ва тобеинларнинг тушунчаси уларникидан кескин фарқ қилган. Зеро, ибодатдаги асллик Аллоҳ таоло ҳаром этган нарсалардан четланишдир. Нажот йўли нафсга қарши курашиш ва уни ҳаром-ҳаришдан тийишда кўринади. Бунинг савоби ҳам вожиботларни бажариш орқали эришилажак ажру мукофотдан кўпроқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ҳаром нарсалардан тийилинг - энг ибодатли киши бўласиз!" (Термизий ривоятлари).
Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: “Кимки тинимсиз ибодатда бўлган кишидан ўзиб кетмоқчи бўлса, гуноҳлардан тийилсин". Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан сўрадилар: “Маъсиятга кўнгли чопса-да, уни ҳеч қилмайдиган кишилар ҳақида нима дейсиз?" Умар разияллоҳу анҳу жавоб бердилар: “Улар диллари Аллоҳнинг тақво имтиҳонидан ўтган зотлардир. Улар учун улуғ мағфират ва ажр-мукофот бордир". Обид-тақводорлар пешқадами Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳунинг сўзларига қулоқ тутинг: “Ҳаромдан келган бир дониқни[15] рад этмоқ Аллоҳ йўлида юз мингни инфоқ-эҳсон қилмоқдан афзалдир!" Тобеинлар саййиди Ҳасан Басрий айтадилар: “Обид-тақводор зотлар Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк этишдан кўра афзалроқ ибодатни топмаганлар!" Умар ибн Абдулазиз дейдилар: “Тақво бу кечалари қоим, кундузлари рўзадор бўлиш билан чекланиб қолиш дегани эмас. Тақво Аллоҳ таолонинг фарзларини адо этиб, У Зот ҳаром қилган нарсаларни тарк этмоқдир. Агар буларга зиёда яна бирон амал қилса, нур устига нур бўлур!"
Демак, маъсиятлардан сақланиш тоат-ибодатларни бажо келтиришдан муқаддам турар экан. Бироқ бу сўзлардан вожиботларга эътиборсиз бўлиш мумкин деган хулоса келиб чиқмайди. Ҳозирда шариат ҳукмларига мутлақо бепарво бўлган айрим қалби касал кимсалар ўзларини намозхон, рўзадор мусулмонлардан афзал санашади: “Биз кўчада бузуқ-мункар ишларни қилиб юрганимиз йўқ. Ҳамма билан яхши муомалада бўлаяпмиз. Ахир дин чиройли муомала дегани-ку", - каби ўринсиз баҳоналарни дастак қилиб олишади.
Бундай одамлар Исломни, мусулмонлар йўлини англамайдиган, ҳидоятдан тойилган тоифадир.
7. Ёмонликнинг олдини олиш яхшиликни жалб қилишдан муқаддам туради
Аллоҳ таоло бандаларига ҳаром амаллардан тийилишни қаттиқ буюрди. Фақиҳлар[16] айнан мана шу таъкидга асосан юқоридаги муҳим фиқҳий қоидани ишлаб чиқдилар.
Агар бир ишда фойда келтириш билан зарарнинг олдини олиш муқобил келиб қолса, қандай йўл тутилади? Яъни фойда-яхшиликни қўлга киритаман десангиз, ёмонлик-зарарга йўл очилиб қолади. Зарарнинг олдини олишга киришсангиз, фойдадан қуруқ қоласиз. Бундай ҳолатда фойдани қўйиб, зарарнинг олди олинади. Чунки фасод-бузғунчилик жамият орасида жуда тез тарқалади. Шунинг учун аввало унга қарши чора кўриб, фойда-яхшиликдан ҳам воз кечилади.
Мисоллар:
Узумдан ароқ каби ҳаром ичимликлар тайёрловчи кимса кўп пул тўласа ҳам, унга узум сотилмайди. Мусулмонлар ҳеч қачон фойдаси яхши экан деб ароқ тайёрлаш ёки уни сотиш билан шуғулланмайдилар; Муслималар фойда-манфаат топиш учун эркаклар билан аралашиб юриладиган ишхонада ишламайдилар; Аёллар ўртасида ёлғиз қолинадиган ва улар билан аралашиб юриладиган ўринлар мусулмон эркаклар учун ҳам мумкин эмас. Буларнинг ортида қандай зарар-фасодлар тургани соғлом ақл эгаларига яхши маълум; Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларга маҳрамсиз сафарга чиқишни ман қилганлар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ ва Охират кунига иймон келтирган аёл учун маҳрамсиз бир кунлик йўлга чиқиш ҳалол бўлмайди". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Аёлнинг маҳрами - унга уйланиши мутлақо ҳаром бўлган киши.
Фойда ёки зарар маълум амалнинг одатда қандай натижа беришига қараб белгиланади. Яъни бир амал кўпинча зарарга олиб боради ёки аксинча. Хулоса эса, аксарият ҳолатга қараб чиқарилади. Камёб ҳодисалар фойда-зарарни белгилашда эътиборга олинмайди.
Арзимас зарарларга эса эътибор берилмайди. Баъзи амаллар ортидан кичкина зарарлар кўрилиши мумкин. Бироқ уларнинг фойда-хайрияти зараридан бир неча баробар кўплиги боис, зарари тўсиқ бўлолмайди.
Масалан, инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун касалга чалинган аъзони кесиб ташлаш мумкин. Ўзаро хусуматлашиб қолган икки мусулмон ўртасини яхшилаш ниятида ёлғон ишлатишга рухсат берилади. Ҳақиқатда бу масалалар улкан зарардан қочиб, кичкина зиённи танлаш бобига киради. Мусулмонлар ўртасидаги келишмовчиликлар бора-бора катта фитналарга сабаб бўлиши мумкин. Бинобарин, бундай вазиятда ҳеч кимнинг ҳақини зое этмасдан ва бировга зарар етказмай ёлғон ишлатиш арзимас зиён саналади.
8. Ўтган умматлар ҳалокати сабаблари
Аввалги қавмлар бошига бало ёғдирган, уларнинг шон-шавкатига путур етказиб, охир-оқибат аламли азоблар домида қолдирган сабаблар хусусида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Кўп савол бериш ва Пайғамбарлар ҳукмига қарши чиқиш!"
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматга оғирлик пайдо бўлиб қолмаслиги, уларнинг беҳуда ва бемаъни саволларга берилиб кетмасликлари учун саҳобаларни кўп савол сўрашдан қайтарганлар. Фойдасиз саволларга ёпишиб олишнинг мусулмонларни аввалги умматлар юрган ҳалокатли йўлга бошлаши эҳтимолдан холи эмас. Зеро, ҳалок бўлган умматлар ҳар нарсадан шубҳаланиб, талашиб-тортишар эдилар. Муғийра ибн Шўъба айтадилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам беҳуда гап-сўздан, кўп савол беришдан ва молни зое қилишдан қайтарганлар". (Бухорий ривоятлари).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тарбияларини олган муҳожир ва ансорлар ўзлари хоҳласалар-да, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатмаларига тўлиқ амал қилганларидан, савол беришга ботинмасдилар. Қалбларида иймон неъмати мустаҳкам ўрнашган улуғ саҳобийлар ўз истак-хоҳишларини ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг розиликлари йўлида бўйсундирган эдилар.
Аслида, самодан келаётган ваҳий инсонлар дини учун муҳим бўлган ҳар бир воқеа-ҳодисани шарҳлаб турган саодатли кунларда ортиқча саволга ўрин ҳам йўқ эди: "Адашиб кетмасликларингиз учун Аллоҳ сизларга (Ўз ҳукмларини) баён қилур". (Нисо сураси, 176-оят).
Шу боис, бўлмаган нарса хусусида сўраб-суриштиришга мутлақо эҳтиёж туғилмасди. Саҳобалар учун муҳим нарса Китоб ва Суннатни идрок этиб, уларга тўла-тўкис амал қилмоқ бўлган.
"Эй мўминлар! Агар ошкор бўлса, сизларни хафа қиладиган нарсалар ҳақида сўраманглар!" (Моида сураси, 101-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу мазкур оятни бундай шарҳлаганлар: "Бунинг маъноси: Кутиб туринглар! Қуръон нозил бўлганда сўраётган нарсаларингиз баёнини топасизлар".
Йироқ ерлардан Мадинага келиб-кетувчи мусулмонлар учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни саволга тутмоқ мумкин эди. Чунки уларда хоҳлаган вақтларида савол сўрашнинг иложи йўқ эди. Шу боис, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусофир мусулмонлар сўраган диний таълим-тарбия борасидаги саволларга батафсил жавоб берардилар.
Айрим саҳобалар диний масалалар хусусида бемалол савол сўраш ҳуқуқидан маҳрум бўлмаслик учун Мадинага кўчиб келмаганлар. Наввос ибн Самъон разияллоҳу анҳу айтадилар: “Мадинада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бир йил бирга бўлдим. Мени Мадинага ҳижрат қилишдан фақат бир нарса тўсиб турарди: ҳижрат қилиб Мадинага кўчиб келган киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан савол сўрамасди". (Муслим ривоятлари).
Кўпинча мусофирлар саволига берилган жавоб муҳожир ва ансорлар учун айни муддао бўларди. Улар яхшилик-хайр хусусидаги башоратларни, жаннат сари бошловчи омиллар шарҳини тинглаб, ўзга юртлик биродарлари билан бирдек қувонишарди.
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга савол беришдан қайтарилган эдик. Шу боис, саҳро аҳлидан бирор оқил кишининг Мадинага келиши бизни қувонтирар эди. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан савол сўрарди, биз эшитардик". (Муслим ривоятлари).
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Саҳро аҳлидан бир киши келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга савол берди:
- Ё Расулуллоҳ! Қачон Қиёмат бўлади?
- Ҳолингга вой сенинг! - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам - Қиёмат учун нималар ғамлаб қўйдинг, ўзи?
- Ҳеч нарса тайёрлаганим йўқ! Фақат Аллоҳ ва Расулини яхши кўришим бор, холос.
- Сен яхши кўрганинг билан бирга бўласан!
- Биз ҳам шундайми? - деб савол ташладик.
- Ҳа! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Ўша куни биз роса севиндик. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
9. Савол ва унинг ҳукмлари
Саволлар бир неча турга бўлинади. Саволнинг боиси ва таъсирига қараб унинг ҳукмлари ҳам турлича бўлади.
1. Берилиши шаръан талаб қилинадиган саволлар
У бир қанча даражаларда кўринади:
Биринчи даража: фарзи айн бўлган саволлар.
Бундай саволни сўрамай юриш, унинг жавобини билиб олмаслик ножоиздир. Ҳар бир мусулмон ўзи қилиши лозим бўлган шаръий ҳукмларни ва билмайдиган диний масалаларини сўраб-суриштирмоғи шарт:
Балоғатга етган мусулмон фарзанди таҳорат ва намоз ҳукмларини;
Рамазон ойига етган соғлом, муқим киши рўза аҳкомларини;
Мол-давлати ва имконияти етарли мусулмон ҳаж ва закот ҳукмларини;
Савдо билан шуғулланувчилар олди-сотди ва муомала аҳкомларини;
Уйланаётган йигит никоҳ ва оила масалаларини;
Ҳарбийлар жиҳод ҳукмларини
ва ҳоказо мукаллаф банда касби-кори ва ҳолига кўра жавобгар бўлган масалаларни ташлаб қўйиши мумкин эмас. "Агар билмайдиган бўлсангиз, аҳли илмлардан сўрангиз!" (Наҳл сураси, 43-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун фарздир!" (Байҳақий ривоятлари).
Иккинчи даража: фарзи кифоя.
Шариат аҳкомларини, фиқҳий масалаларни чуқур ўрганиш, бу ҳақда сўраб-суриштириш ҳар бир кишига фарз эмас. Маълум тоифанинг фатво бериш ва қозилик ишларини давом эттиришлари, даъват байроғини баланд кўтариб, биродарларига амри маъруф ва наҳий мункар ила зарур шаръий илмларни ўргатишлари билан юқоридаги фарз бошқалар устидан соқит бўлади.
Илм толиблари нафақат ўзлари учун, балки бутун уммат учун зарур саналган масалаларни ўрганадилар, илм эгаларидан сўраб-суриштирадилар. "Барча мўминлар (жангга) чиқишлари ўринли эмас. Ахир уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа одамлар жанг учун чиқмайдиларми?! Бошқалар эса динни ўрганиб, (жангга кетган) қавмлари уларнинг олдиларига қайтган вақтларида, у қавмлар Аллоҳнинг азобидан сақланишлари учун уларни огоҳлантиргани (қолмайдиларми?!)" (Тавба сураси, 122-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ҳозир бўлганингиз ғоиб-эшитмаганингизга ўргатсин!" (Муттафақун алайҳ).
Абдуллоҳ ибн Абос разияллоҳу анҳудан бу қадар чуқур илмга қандай қилиб эга бўлганлари ҳақида сўрашди: “Менга сўровчи тил ва фаҳмловчи қалб берилди!" - деб жавоб бердилар улуғ саҳобий.
Учинчи даража: мандуб.
Яъни мусулмон кишининг сўраши мустаҳаб саналган саволлар. Мукаллафнинг Аллоҳга яқинлаштирувчи қўшимча хайрли амаллар ва қилаётган ишларининг тўғрилигини аниқ билиб олиш учун савол сўраши мустаҳабдир.
2. Сўрашдан қайтарилган саволлар
Улар ҳам бир неча даражага бўлинади:
Биринчи даража: сўраш ҳаром бўлган саволлар. Яъни банда уларни сўраш билан гуноҳга ботади.
Аллоҳ таоло махфий этган ва фақат Унинг Ўзигина биладиган нарсалар ҳақида савол қилиш. Масалан, Қиёмат вақти-соати, руҳ моҳияти, қазо-қадар сири ва ҳоказо саволлар;
Беҳуда ва бемаъни саволларни истеҳзо билан бериш;
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: “Одамлар ўзларича истеҳзо билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга савол ташлашарди. Биров "Отам ким?" деса, туясини йўқотган кимса "Туям қаерда?" деб сўрарди. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди: "Эй мўминлар! Агар ошкор бўлса сизларни хафа қиладиган нарсалар ҳақида сўраманглар!" (Бухорий ривоятлари).
Чалғитиш ва беобрў қилиш ниятида ёхуд қайсарлик билан ғайриоддий мўъжизалар сўраш. Бундай ярамас амаллар мушрик ва аҳли китоблар одатидир;
Чигал, мавҳум нарсалар ҳақида атайлаб савол қўзғаш. Муовия разияллоҳу анҳудан ривоят: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам "ғулутот"лардан қайтардилар". (Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари).
"Ниҳоя"да "ғулутот"га қуйидагича таъриф берилган: “Уламоларни чалкаштириб, боши берк кўчага олиб кирувчи масалаларга "ғулутот" дейилади. Бундай саволлар жамиятга фитна-ёмонлик уруғини сочади. Одатда воқе бўлмайдиган нарсаларга тааллуқли ва дин учун бефойда ҳисоблангани боис, улардан қайтарилди".
Танглик келтириб чиқариш мақсадида атайлаб бериладиган бундай чигал, мавҳум саволлар шариат ҳукми билан ман қилингандир. "Ғулутот"ларни кўтариб юриш кишининг дини ва хулқида нуқсон борлигини билдиради. Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Умматим ичида шундай қавмлар бўладики, уларнинг фақиҳлари қийин-чигал масалаларга ўзларини уришади. Ана ўшалар умматимнинг энг ёмонларидир". (Табароний ривоятлари). Ҳасан Басрий айтадилар: “Одамларнинг энг ёмонлари оғир масалаларни ушлаб олиб, Аллоҳнинг қулларини кўр қилувчи кимсалардир!"
Иккинчи даража: макруҳ саволлар. Яъни сўраш билан киши гуноҳкор бўлмайдиган, бироқ тарк этиш афзал саналган саволлар.
Жавобидан маълум амалий фойда кўзланмаган, заруратсиз саволларни бериш кўпинча одамнинг ўзи учун ёмон натижа билан якунланади. Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан у зот ёқтирмайдиган нарсалар хусусида сўрашди. Саволлар кўпайиб кетгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аччиқлари келди:
- Хоҳлаган нарсаларингиз ҳақида сўранглар! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга.
- Ё Расулуллоҳ! Менинг отам ким? - савол қилди бир киши.
- Ҳузофа, - деб жавоб қайтардилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Ё Расулуллоҳ! Менинг отам-чи? - деди яна биров.
- Шайбанинг озод қилган қули Солим бўлади! - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларида ғазаб кўрган Умар разияллоҳу анҳу:
- Ё Расулуллоҳ! Биз Аллоҳга тавба қиламиз! – дедилар". (Муслим ривоятлари).
Шариат сукут қилган, яъни ҳалол ёки ҳаром деб аниқ айтилмаган нарсалар ҳақида сўраш ҳам макруҳ. Бундай саволларни беравериш баъзида айрим нарсаларнинг вожиб ёки фарз бўлиб қолишига олиб боради. Натижада уммат яна ҳараж-машаққат остида қолади. Бунга эса савол берувчи сабабчи бўлади. Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мусулмонлар олдида энг катта гуноҳ қилган киши мусулмонларга ҳаром бўлмаган бир нарса хусусида сўраб, сўнг унинг саволи боис ўша нарса мусулмонларга ҳаром қилинган кимсадир". (Муслим ривоятлари).
Нававий ёзадилар: “Қози Иёз ҳадисда зикр этилган "гуноҳ" калимасини жазога олиб борувчи гуноҳ эмас, балки мусулмонларга нисбатан танглик деб шарҳлаганлар. Бироқ бу борада жумҳур уламоларнинг фикри ҳақиқатга яқиндир. Уламолар ҳадисдаги гуноҳдан мурод ҳақиқий гуноҳдир, деганлар. Қози Иёз шарҳига кўра, юқоридаги савол макруҳ саналади. Жумҳур олимлар сўзига биноан эса ҳаром дейилади. Албатта юкоридаги масала фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларига хосдир. Чунки шариат қарор топиб, ҳеч қандай зиёда эҳтимоли қолмагач, наҳий сабаби ҳам ўз-ўзидан йўқолади. Яъни ҳозир бировнинг саволи туфайли бирон нарса мусулмонларга ҳаром бўлиб қолмайди. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотлари билан ваҳий тўхтаган".
Бир киши зино ҳадди яъни шаръий жазоси ҳақида оятлар нозил қилинганида (маълумки, жазо берилиши учун тўртта гувоҳ бўлиши шарт) аёлининг тўшагида тутиб олган бегона эркакни ўлдирган одам ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга савол берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай саволларни ёқтирмадилар ва уларни қораладилар! (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Учинчи даража: мубоҳ саволлар.
Ҳаром ва макруҳ саволлардан ташқари саволлар мубоҳ дейилади.
"Мусулмонларга нисбатан энг катта гуноҳ қилган киши..." ҳадиси шарҳида олимлар қуйидагича айтганлар: “Мазкур ҳадис такаббурлик ва қайсарлик билан беҳуда нарсаларни сўровчи кимсалар ҳақида айтилган. Бироқ зарурат сабабли савол берувчи кишилар бу тоифага кирмайдилар. Чунки Аллоҳ таоло "Аҳли илмдан сўрангиз", деган".
10. Шариат буйруқларини англаб, уларга амал қилишга интилмоқ ва беҳуда саволлардан халос бўлмоқ лозим
Аллоҳ ва Расули амрига "лаббай" деб жавоб бериб, шариат аҳкомлари маъносини чуқур фаҳмлаш ва уларга тўлиқ бўйсуниш орқали мусулмон киши дунёю Охират саодатига эришади. Илмий масалаларни тасдиқлаб, уларга эътиқод қилади. Амалий ўринларда эса имкон қадар буюрилган ишларни адо этиб, қайтарилган нарсалардан ўзини покиза сақлайди.
Шариат йўриғига юрмасдан кўнгил майлларига қул бўлган кимсалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам огоҳлантирган ҳолатга - аҳли китобнинг аянчли аҳволига тушиб қоладилар. Ўтган умматлар Набийларига итоат этишдан бош тортиб, саркашлик билан уларга қарши чиқишлари ва беҳуда саволларни кўп беришлари сабабли ҳалок қилинганлар!
Саҳобалар ва улар йўлини тутган тобеинлар Китобу Суннатга нисбатан бундай муносабатда бўлмаганлар. Бир киши Ибн Умар разияллоҳу анҳудан Ҳажарул асвадни силаш ҳақида сўради.
- Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қора тошни силаганларини ва уни ўпганларини кўрганман, - деб жавоб бердилар улуғ саҳобий.
- Агар одамлар кўплигидан сиқилиб қолсам-чи? Агар мутлақо яқин бора олмасам-чи?
- Сен агар-пагарни Яманда қиласан. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳажарул асвадни силаганларини ва ўпганларини кўрганман. (Бухорий ривоятлари).
Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, турли қийинчилик ва тўсиқларни ўйлаб топавериш ярамайди. Бўлмағур тахминлар натижасида киши сусайиб кетиши мумкин.
11. Мужтаҳид олимлар ва улуғ фақиҳлар тутган йўл
Хақиқий уламолар ҳамиша Китобу Суннат шарҳи, саҳобалар ва уларга чиройли суратда эргашган тобеинлар айтган сўзлар мазмун-моҳиятини ўрганиш билан банд бўлганлар. Саҳиҳ ва носаҳиҳ ҳадисларни жамлаш, улар маъноларини чуқур тушуниш ҳамда шариатнинг турли соҳаларига тааллуқли саҳобалар ва тобеинлар сўзларини англаш ва шарҳлаш фақиҳлар учун асосий вазифа эди. Мусулмонлар томонидан дини ва илмига юқори баҳо берилган барча уламолар шундай йўл тутганлар. Ўзга йўлларга бурилган кимса ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам адаштиради. Бундай кимсалар заруратсиз нарсалар билан ўралашиб, айнан шарт бўлган ўринларни беэътибор қолдирадилар.
12. Бўлмаган нарсалар ҳақида сўраш
Амал қилиш мақсадида илм талаб этиш мақтовли хислатдир. Шундай экан, саволларни талашиб-тортишиш учун ўртага ташламаслик лозим. Аксар саҳоба ва тобеинлар бўлмаган нарсалар ҳақидаги саволларини хуш кўрмас ва уларга жавоб қайтармасдилар. Амр ибн Муррадан ривоят: Умар разияллоҳу анҳу одамлар олдига чиқиб дедилар: “Биздан бўлмаган нарсалар ҳақида сўраб-суриштиришингиз сизларни тангликка солиб қўяди. Биз бўлиб ўтган нарсалар билан шуғулланайлик". Ибн Умар разияллоҳу анҳу айтадилар: “Бўлмаган нарсалар хусусида савол берманглар. Мен Умар разияллоҳу анҳунинг бўлмаган нарсалар ҳақида сўровчи кимсани лаънатлаганини эшитганман". Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳудан савол сўрасалар: "Шу нарса бўлдими?" деб сўрардилар. "Йўқ", десалар, "Бўлгунигача уни қўя туринглар!" деб жавоб берардилар. Масруқ айтадилар: Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳудан бир нарса ҳақида сўрадим.
- Бўлган ҳодисами? - сўрадилар Убай разияллоҳу анҳу.
- Йўқ!
- Унда содир бўлгунига қадар бизни тек қўйинг. Ўша воқеа бўлсин, кейин фикримизни айтамиз...
Шаъбий айтадилар: Аммор разияллоҳу анҳудан бир масалани сўрашди:
- Бу содир бўлган ҳодисами? - дедилар Аммор разияллоҳу анҳу.
- Йўқ! - дейишди сўровчилар.
- Ўша масала юзага чиққунига қадар бизни тинч қўйингиз. Қачон ҳаётда учраса, уни ўрганиб чиқиб, жавобимизни айтамиз.
Бу ҳақда яна кўплаб машҳур нақлларни келтириб ўтиш мумкин.
13. Саҳобалар амал қилиш ниятида савол беришган
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари[17] баъзида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан узоқда бўлган ҳолатларида дуч келиб қолиши кутилган вазиятлар ҳақида савол беришар эди. Улар барча ҳолатларда Аллоҳ таоло ҳукми билан иш юритишга интилганлар. Шу туфайли ўша ҳолатда нима қилиш кераклигини билишлари учун савол сўрашган. Рофе ибн Худайж разияллоҳу анҳудан ривоят: Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадим:
- Ё Расулуллоҳ! Эрта бир кун душманга рўбарў бўлишни кутаяпмиз. Ёхуд шундан ҳавфсираяпмиз. Ёнимизда пичоқ йўқ. Ўшанда бирон ҳайвонни сўйсак бўладими?
- Қони оқизилиб, Аллоҳ исми зикр қилинган жонлиқ гўштини енглар. Фақат тиш ва тирноқ билан ўлдирилмаган бўлсин. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради:
- Ё Расулуллоҳ! Биз денгизга чиққанимизда ёнимизда сув кам бўлади. Агар у билан таҳорат олсак, кейин чанқаб қоламиз. Денгиз сувида таҳорат қилсак бўладими?
- Денгиз суви тоза ва унинг ўлимтиги ҳалолдир. (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоятлари).
14. Шариат аҳкомларига бўйсуниб, уларни тўла-тўкис адо этмоқ нажот ва муваффақият йўлидир!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларига бўйсунмаган ва мудом исён-маъсиятда юрган қавмлар ҳолига тушиб қолишдан бизни огоҳлантирдилар. Ўтган умматлар қилмишларига яраша жазо олганлар: Улар азобга дучор этилганлар ёхуд зиммаларига янги-янги вазифалар юкланган. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига фазлу марҳамат кўрсатиб, уларга қуйидаги сўзларни ўргатди: "Эшитдик ва итоат этдик! Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз. Ва фақат Ўзингга қайтажакмиз. Парвардигоро, бизларнинг зиммамизга бизлардан илгари ўтганларнинг бўйнига қўйган юкингни юклама! Парвардигоро, бизларни тоқатимиз етмайдиган нарсага буюрма! Бизларни авф эт, бизларни мағфират қил, бизга раҳм айла! Ўзинг Хожамизсан! Бас, Ўзинг бизни кофир қавм устидан ғолиб қил!" (Бақара сураси, 285-286-оятлар).
Сўзида ва амалида содиқ бўлган мўминлар ушбу улкан фазл-марҳамат билан дунёю Охират саодатига эришадилар. "Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида мўминларнинг сўзи "Эшитдик ва бўйсундик", демоқдир. Ана ўшаларгина нажот топгувчидирлар. Ким Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига бўйсунса, бас, ана ўшаларгина бахт-саодатга эришувчилардир". (Нур сураси, 51-52-оятлар).
Содиқ мўминлар Бани Исроилнинг Мусо алайҳиссаломга айтган сўзларини асло такрорламаслар. Мусо алайҳиссалом қавмига шаҳарга кириш буюрилганида улар бундай дедилар: "Эй Мусо! Модомики, улар шу жойда экан, биз ҳеч қачон кирмагаймиз. Бас, боргин, сен ўзинг ва Парвардигоринг улар билан урушаверинглар. Биз эса мана шу ерда ўтириб турамиз". (Моида сураси, 24-оят).
Саркаш қавм қилмишига яраша жазоланди: "Энди қирқ йил мобайнида бу ер улар учун ҳаромдир. Улар ер юзида адашиб-улоқиб юрурлар". (Моида сураси, 26-оят).
Улар исёнлари сабабли яна бир қанча лазиз неъматлардан маҳрум қилиндилар: "Яҳудий бўлган кимсаларнинг золимликлари ва кўп кишиларни Аллоҳ йўлидан тўсганлари сабабли уларга олдин ҳалол қилинган нарсаларни ҳаром қилиб қўйдик". (Нисо сураси, 160-оят).
15. Ихтилоф ва келишмовчиликдан эҳтиёт бўлайлик. Дин бирдамликка ундайди
Аллоҳ таоло мўминларни битта уммат дея тавсифлади: "Албатта ушбу умматингиз бир умматдир ва Мен Парвардигорингизман. Бас, Менга ибодат қилингиз". (Анбиё сураси, 92-оят).
Куфр, ширк, зулм ва ёмонлик кучлари қаршисида бир тану бир жон бўлиб туришлари учун мусулмонлар ўзаро бирлик-бирдамликка қаттиқ эътибор бермоқлари лозим.
Аллоҳ ва Унинг Расули бизни ихтилофдан жуда эҳтиёт бўлишга буюрди. Ўзаро келиша олмаган қавм ҳақиқий душманга қарши курашиш ўрнига бир-бирининг гўштини ейиш ва турли-туман гуруҳларга бўлиниб, ички уруш-жанжални авж олдириш билан банд бўлади. Бундай тубанлик куфр сари етаклайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мендан кейин бир-бирингизнинг бўйнингизга қилич соладиган кофир бўлиб кетмангиз!" (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Гуруҳбозлик ва ички низоларга берилиш куфр йўлини тутган аҳли китоблар одатидир: "Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улкан азоб бордир". (Оли Имрон сураси, 105-оят).
16. Жамоатни тарк қилган ва ихтилофга сабаб бўлган кимсанинг жазоси - ўлим!
Мусулмонлар бирлигига путур етказиб, улар орасига тарқоқлик ва ихтилоф уруғини сочган кимсани бу дунёда ўлим жазоси, Қиёматда эса жаҳаннам оташи кутиб турибди: "Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин Пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, Биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга дохил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир, у!" (Нисо сураси, 115-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Итоатдан чиқиб, жамоатдан ажралган ҳолда вафот этган кимса жоҳилият ўлимини топибди". (Муслим ривоятлари).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминлар ўртасига ихтилоф ва тарқоқлик олиб кирувчи кимсани ўлдиришга буюрганлар.
17. Аллоҳ таолонинг шариатини маҳкам ушлаш мусулмонларни бирлаштиради
Башарият учун зарур саналган барча хайр-яхшилик асослари Аллоҳ таоло китобида битиб қўйилган. Қуръони каримдаги мужмал-умумий ўринлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларида батафсил баён этилган. Шу боис, Ислом уммати ўз бирлик-бирдамлигини тўла маънода юзага чиқариши учун фақат Китобу Суннатга қайтмоғи шарт. "Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига боғланингиз ва бўлинмангиз". (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Аллоҳ таоло Ўзининг ана шу улуғ неъмати ила мусулмонларни бирлаштирди, уларни азизу мукаррам этди. "Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: Бир-бирингизга душман эдингиз, У Зот дилларингизни ошно қилиб қўйди ва сизлар Унинг неъмати сабабли дўст-биродарларга айландингиз". (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Фақат Аллоҳ таоло ҳидояти ила уммат нажот топиб, икки дунё саодатига эришади. "Дўзах чоҳининг ёқасида турган эдингиз, сизларни ундан халос қилди". (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Ақл сўзига қулоқ бериб, ҳаёт тажрибаларидан тўғри хулоса чиқарган миллат Аллоҳ ва Унинг Расули амрига тўлиқ итоат этса, ўша умидбахш ҳидоятга сазовор бўлади. "Ҳақ йўлни топишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини мана шундай баён қилади". (Оли Имрон сураси, 103-оят); "Албатта мана шу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! Бошқа йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўюр. Шояд тақво қилсангиз деб, сизларни мана шу нарсага буюрди". (Анъом сураси, 153-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Сизларга икки нарсани қолдирдим. Уларни маҳкам ушласангиз, ҳаргиз адашмассиз: Улар Аллоҳнинг Китоби ва менинг суннатим". (Ҳоким ривоятлари).
18. Диндаги ихтилоф
Умматни парчалаб, унинг бирлигига путур етказувчи энг асосий сабаблардан бири талашиб-тортишиш ва диндаги шубҳа-гумонлардир. Ихтилоф ва турли тортишувлар натижасида бирдамликка путур етади, маслаклар ўртасида жарликлар пайдо бўлади. Шунинг учун Қуръони карим бизни фақат Аллоҳ таолонинг шариати асосида иш юритишга буюради. Бу илоҳий шариат Одам алайҳиссаломга туширилган ваҳийдан бошланиб, набийлар сўнггиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил этилиши билан камолига етди. Мусулмонлар Аллоҳ таоло шариатидаги барча ҳукмларга тўла бўйсунадилар ва уни ҳар қандай бидъат-қўшимчадан пок тутадилар. Зотан Исломнинг асл асосларига, қатъий ҳукмли ояту ҳадисларга қарама-қарши келган неки ижтиҳод бор, ҳаммаси рад этилур. "Аллоҳ сизлар учун диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга ваҳий қилган нарсани ҳамда Биз Иброҳим, Мусо, ва Ийсога буюрган нарсани шариат-қонун қилди: "Динни барпо этинглар ва унда фирқа-фирқа бўлманглар!" (Шўро сураси, 13-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни ўрганишга ва унинг маъноларини чуқур тушунишга чақирдилар. Чунки мусулмонлар Аллоҳнинг китоби асосида ҳаёт кечирадилар. Бироқ Қуръонни тушунишда ихтилоф келиб чиқса-чи? Айни ихтилофлар баъзан катта-катта низоларга сабаб бўлади. Бундай ҳолатларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръон баҳсини тўхтатишга буюрганлар. Эҳтирослар босилиб, фикрлар ва қалблар тиниқлашгач, мўминлар Аллоҳнинг китобини ўрганишга яна ўтирадилар. Жундуб ибн Абдуллоҳ Бажалий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Модомики, қалбларингиз Қуръон устида бирлашаётган экан, уни ўқингиз. Агар талашиб-тортишиб қолсанглар, Қуръон устидан туриб кетинглар!" (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлим тўшагида ётганларида асҳобларининг адашиб-улоқиб кетмасликлари учун уларга бир саҳифа ёзиб бермоқчи бўлдилар. Аммо саҳобалар: "Ёздирамизми ёки йўқ?!" деб ўзаро тортишиб қолишгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳифани йиртиб ташладилар ва уларни ҳузурларидан чиқариб юбордилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу билан низонинг олдини олган эдилар. Зеро, барча ҳасрату йўқотишларга келишмовчиликлар сабаб бўлади. Саҳобалар тортишуви натижасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўнгги кўрсатмалари ёзилмай қолганини Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу улкан бахтсизлик деб атадилар. (Бухорий ривоятлари).
Юқорида айтиб ўтилган ҳақиқатга яна бир бор қайтайлик: ўтган умматлар динда талашиб-тортишишлари ва пайғамбарларига қарши чиқишлари сабабли ҳалокатга юз тутганлар.
19. Ҳавою хоҳишга қул бўлишнинг хатари
Ҳавою хоҳиш, шахсий манфаат, қайсарлик ва зулм-зўравонлик диндаги ихтилофларга асосий сабабчи бўлиб қолса жуда ёмон оқибатларга олиб келади. Динда ихтилоф қўзғаб, мусулмонларни бир қанча фирқаларга бўлиб юборишни кўзлаётган кимсаларни Аллоҳ таоло мусулмонлар сафига қўшмади ва пайғамбарини улардан мутлақо пок деб эълон қилди: "Динларини бўлиб, ўзлари ҳам гуруҳларга бўлиниб олган кимсаларга сизнинг ҳеч ҳам алоқангиз йўқ. Уларнинг ишлари фақат Аллоҳнинг ўзига ҳавола. Кейин уларга қилиб ўтган ишларининг хабарини берур". (Анъом сураси, 159-оят).
Ҳеч қандай далил-асосга суянмайдиган бундай ихтилофлар замирида улкан хатарлар яшириниб ётади. Ахир ўтган умматлар айнан мана шу асоссиз ихтилофлар сабабли ҳалокатга юз тутмаганмиди?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Сизлардан аввалгиларни кўп савол беришлари ва пайғамбарларига қарши чиқишлари ҳалок қилди".
Қуръони карим ҳам айни нуқтага бот-бот эътибор қаратади: "Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз!" (Оли Имрон сураси, 105-оят); "Китоб ато этилган кимсалар фақат уларга очиқ ҳужжат келганидан кейингина бўлиниб кетдилар". (Баййина сураси, 4-оят).
Бироқ аниқ ва қатъий далилга асосланган баҳс-мунозара юқоридаги асоссиз мунозаралар қаторига қўшилмайди. Чунки асосли тортишувлар асл-асосларда эмас, тармоқ ҳисобланувчи масалаларда бўлади ва улар ҳеч вақт уммат бирлигига путур етказмайди. Аслида бу ҳурфикрлилик белгисики, унда шариат аҳкомлари ва асослари ўз кафолатини топади. Фақат ҳақ деб билган нарсасигагина эргашувчи умматнинг тўғри йўл тутаётгани – ҳақлиги ана шу ерда ўзининг рамзий ифодаси билан намоён бўлади. Мусулмонлар аниқ ва кучли асосга эга бўлган нарсанигина қабул қиладилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу бир кишининг оят ўқиётганини эшитдилар. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айни оятни бошқача ўқиганларини эшитган эдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ҳалиги кишининг қўлидан тутиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб келдилар. Бир ривоятда: «Мен Расулуллоҳга хабар бердим ва у зотнинг юзларида норозилик аломатларини кўрдим», дейилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ҳар икковингиз тўғри ўқияпсиз. Ўқийверинглар! Ихтилоф қилманглар! Сизлардан аввалгилар ихтилоф қилдилар ва ҳалок бўлдилар!" (Бухорий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар иккала саҳобийнинг қироатини маъқулладилар. Чунки уларнинг ҳар иккиси ҳам қатъий далилга асосан Қуръон ўқиётган эди. Маълумки, Қуръони карим араб лаҳжаларининг бир нечтасида нозил бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам очиқ-ойдин далил қоим бўлганидан кейин ҳам талашишда давом этишдан қайтардилар. Чунки қатъий ҳужжатни кўра-била туриб, яна баҳсга киришиш ҳавойилик белгисидир.
20. Ҳадисдан олинган ҳукм
Мол-давлати кифоя қиладиган, йўл юришга қодир ва ҳеч қандай асосли узри бўлмаган кишига умрида бир марта ҳаж қилиш фарз саналади.
Ўнинчи ҳадис
Ҳалол-покиза юрган кишининг амали мақбулдир!
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ اللهَ طَيِّبٌ لا يَقْبَلُ إِلا طَيِّبًا، وَإِنَّ اللهَ أَمَرَ الْمُؤْمِنِينَ بِمَا أَمَرَ بِهِ الْمُرْسَلِينَ فَقَالَ تَعَالى: [يَا أَيُّهَا الرُّسُلُ كُلُوا مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَاعْمَلُوا صَالِحًا] وَقَالَ تَعَالى: [يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ] ثُمَّ ذَكَرَ الرَّجُلَ يُطِيلُ السَّفَرَ أَشْعَثَ أَغْبَرَ يَمُدُّ يَدَيْهِ إِلَى السَّمَاءِ يَا رَبِّ يَا رَبِّ، وَمَطْعَمُهُ حَرَامٌ، وَمَشْرَبُهُ حَرَامٌ، وَمَلْبَسُهُ حَرَامٌ، وَغُذِيَ بِالْحَرَامِ، فَأَنَّى يُسْتَجَابُ لَهُ". (رواه مسلم).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Аллоҳ покдир ва фақат пок нарсанигина қабул қилади. Албатта Аллоҳ пайғамбарларга буюрган нарсани мўминларга ҳам амр этди: "Эй Пайғамбар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар".[18] "Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз - покиза нарсалардан енглар".[19] Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам узоқ сафарга чиққан, сочлари тароқ тегмаганидан патила-патила бўлиб кетган, чанг-тўзон сочининг рангини ўзгартириб юборган бир киши ҳақида гапирдилар: "Ҳалиги одам қўлларини кўкка чўзиб: "Парвардигоро! Парвардигоро!" деб дуо қилмоқда. Бироқ унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ўзи ҳаром билан озиқланган. Қандай қилиб унинг дуоси ижобат бўлсин?!" (Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Мазкур ҳадис ҳам Исломнинг улкан қоидаларига асос вазифасини ўтаган, ҳалол билан озиқланиб, ҳаромдан четланиш борасида ҳужжат бўлган ва мусулмон жамиятини қуришда энг фойдали ҳамда хайрли қўлланма саналган ҳадислар сирасига киради. Шу асосда бунёд бўлган мусулмон жамиятда яшаётган мўмин ўзи учун хоҳлаган яхшиликни биродарига ҳам тилайди. Ўзидан нари қилган ёмонликни биродарига ҳам раво кўрмайди. Шариат аҳкомларига тўла-тўкис бўйсуниб, фақат ҳалол-покиза неъматларга қаноат қилиб кун кечирадиган яхшилар орасида сиз ҳам, биродарингиз ҳам тинч ва осуда яшайсизлар.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Аллоҳ таоло ҳузурида фақат ҳалол-покиза нарсаларгина мақбулдир
"Аллоҳ таоло фақат пок нарсанигина қабул қилади" жумласи амаллар, нарсалар, сўзлар ва эътиқодга тааллуқли саналади.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло риё, кибр каби турли чиркин нарсалар аралашмаган гардсиз-покиза амалларнигина қабул қилади.
Пок Парвардигор ҳузурида фақат ҳалол молларгина мақбулдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалол касб қилиб топилган моллардан садақа-эҳсон қилишга буюрганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Эй инсонлар! Аллоҳ таоло пок зотдир. У фақат покиза амалларнигина қабул этади".
Ҳақ таоло ҳузурига яхши-пок калималаргина кўтарилади. "Яхши сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам Аллоҳ таоло Ўз даргоҳига кўтарур". (Фотир сураси, 10-оят).
Аллоҳ субҳонаҳу сўзларни “тоййиб"-покиза ва “хабис"-ифлосга ажратади: "Аллоҳ яхши-покиза сўзга қандай мисол келтирганини кўринг: у сўз худди бир асл дарахтга ўхшайди..." (Иброҳим сураси, 26-оят).
Пок Парвардигор ҳузурида фақат ҳақиқий маънода покиза-ҳалол мўминларгина нажот топади: "Улар покиза бўлган ҳолларида, фаришталар уларнинг жонларини олар эканлар: "Сизларга тинчлик-омонлик бўлгай. Энди қилиб ўтган амалларингиз сабабли жаннатга кирингиз", дерлар". (Наҳл сураси, 32-оят).
Ибн Ражаб Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг "Аллоҳ фақат покиза амалларнигина қабул этади", деган сўзлари шарҳида айтадилар: "Мўминнинг қалби ҳам, тили ҳам, танаси ҳам пок бўлади: Унинг қалбида иймон ўрнашган, тили зикр-дуо билан машғул. Аъзолари билан эса иймон самараси саналган ва иймон исмига кирувчи солиҳ амалларни адо этади".
2. Амал қандай қилиб мақбул-покиза бўлади?
Банданинг амали мақбул бўлишида унинг ҳалол-покиза неъматларни еб-ичиши катта ўрин тутади. Ҳаром луқмадан ҳазар қилмайдиган кимсанинг амали мақбул бўлмаслигига юқоридаги ҳадис очиқ далилдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръони каримдан оятлар келтириб, ушбу ҳақиқатни таъкидладилар. Яъни пайғамбарлар ҳам, уларнинг умматлари ҳам ҳалол еб-ичишга ва солиҳ амаллар қилишга буюрилгандир. Луқма ҳалол бўлса, амал дуруст бўлади. Модомики, еб-ичиш ҳаромдан экан, амал қандай қилиб мақбул бўлсин?!
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ушбу оятни ўқидим: "Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар". (Бақара сураси, 168-оят). Шунда Саъд ибн Абу Ваққос туриб деди:
- Ё Расулуллоҳ! Аллоҳга дуо қилинг, мени дуоси қабул бўладиган киши қилсин.
- Эй Саъд, - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам, - луқмангни ҳалол-покиза этгин, дуоси мустажоб киши бўласан. Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, қорнига ҳаром луқма туширган банданинг амалини Аллоҳ қирқ кун қабул қилмайди. Ҳаромдан семирган банданинг жойи дўзахдадир". (Табароний ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Аббос айтадилар: “Аллоҳ таоло ҳаром еган кишининг намозини қабул қилмайди!"
3. "Қабул қилмайди" дегани нимани англатади?
Мазкур ибора баъзан амалнинг дуруст бўлмаслигини билдиради. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Бетаҳорат киши то таҳорат олмагунига қадар Аллоҳ таоло унинг намозини қабул қилмайди", - дедилар. Яъни таҳоратсиз кишининг намози дуруст эмас. Зеро, "қабул қилиниш" мазкур амалнинг банда зиммасидан соқит бўлганини билдиради.
Айрим ўринларда эса "қабул қилинмайди" ибораси "ажр-савоб берилмайди", деган маънони англатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Эрини норози қилган аёлнинг, коҳин-фолбинга борган кишининг ва ароқ ичган кимсанинг намози қирқ кун қабул бўлмайди". Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Қиймати ўн дирҳам бўлган ҳаром либосда намоз ўқиган кишининг намози қабул қилинмайди".
Юқорида келтирилган ҳадислардаги "қабул бўлмайди" ибораси "ажр-савоб олмайди" маъносида тушунилади. Яъни эрини норози қилган аёл ва фолбинга борган киши намоз ўқиса уларнинг устидан фарз соқит бўладию, бироқ улар қилган ибодатлари учун ажр-савоб ололмайдилар.
"Қабул этилмайди" ибораси қачон амалнинг дуруст эмаслигини англатадию қачон ажр-савобнинг йўқлигини билдиради - бу нарса қўшимча далилларга қараб аниқланади.
4. Мусулмон киши ҳаромдан қандай қутулади?
Қўлидаги молнинг эгаси кимлигини била олмаган ёхуд кўчада бировнинг нарсасини топиб олган киши ўзи учун ҳаром бўлган бу молни Аллоҳ йўлида садақа қилиб юборади ва ажр-савоб молнинг ҳақиқий эгасига тегади.
Молик ибн Динордан ривоят: “Мен Ато ибн Абу Рабоҳдан:
- Бир кишининг қўлида ҳаром мол бор ёки молнинг эгаси ким эканини билмайди. Ўша киши ҳаром молдан қандай қилиб халос бўлади? - деб сўрадим.
- Садақа қилиб юборади, - дедилар Ато. - Бироқ мен бу амал унинг номидан ўтади, деб айтмайман".
Имом Шофеий фикрларига кўра, ҳаром мол то ҳақли эгаси чиққунигача сақлаб турилади, садақа қилиб юборилмайди. Фузайл ибн Иёз эса ҳаром молни йўқотиб-чўктириб юбориш лозим, у садақа қилинмайди. Чунки Аллоҳ таолога фақат пок-ҳалол нарсаларни садақа-эҳсон қилиб қурбат-яқинлик ҳосил қилинади, деганлар.
Ибн Ражаб айтадилар: “Ҳаром молни садақа қилиб юбориш энг тўғри йўлдир. Чунки молни зое этиб, йўқ қилиб юборишдан шариатда қайтарилган. Уни золимларга тайёр ўлжа сифатида қолдириш ҳам, чириб-битиб йўқ бўлишга нишон қилиб қўйиш ҳам мутлақо ярамайди. Мол эгасининг номидан садақа бўлади. Яъни, ҳақиқий эгаси уни бу дунёда ишлатишдан маҳрум бўлган. Шу боис, садақа қилиб юборилгач, Охиратда унга фойдаси тегади".
5. Дуонинг ижобат бўлиш сабаблари
а) Узоқ сафарларга чиқиш
Сафар дуонинг қабул бўлишини тақозо этади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Уч кишининг дуоси мустажобдир: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва отанинг боласига қилган дуоси". (Абу Довуд, Ибн Можа ва Термизий ривоятлари).
Сафар узайган сари дуонинг ижобат бўлиши ҳам кучаяди. Чунки узоқ сафарда юрган кишида ғариблик ва машаққатлар туфайли синиқлик пайдо бўлади. Синиқлик эса дуонинг ижобат этилишига кучли сабаблардан саналади.
б) Кийиниш ва кўринишда ҳокисорликни лозим тутиш
...Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёмғир сўраб чиққанларида ўзларини паст тутиб, хокисор кўринишда дуо қилардилар...
в)Қўлни осмонга чўзиш
Қўлни кўкка кўтариб сўраш дуо қилиш одобларидандир. Салмон Форсий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Аллоҳ таоло ҳаёли, Карийм Зотдир. Агар биров ундан тиланиб қўлини кўтарса, Аллоҳ таоло унинг қўлларини қуруқ ва умидсиз қайтаришдан ҳаё қилади". (Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёмғир сўраб дуо қилганларида қўлларини кўкка кўтарганлар. Ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оппоқ қўлтиқлари кўринган эди. Бадр куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларни кўтариб Аллоҳдан нусрат сўрадилар. Қўлларини кўкка кўтарганларида ридолари[20] елкаларидан тушиб кетди.
г)Аллоҳ таолодан сабот билан қаттиқ туриб сўрамоқ лозим
Дуода Аллоҳ таолонинг рубубияти такрор ва такрор зикр этилса, банданинг илтижоси мустажоб бўлиши тезлашади, иншааллоҳ! Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Агар банда "Парвардигоро!" деб тўрт марта айтса, Аллоҳ таоло: "Лаббай бандам! Сўра, сўраганинг берилади", деб жавоб беради". (Баззор ривоятлари).
6. Дуонинг ижобат бўлишини нима тўсади?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида ҳаромга ботган кимсанинг дуолари мақбул бўлмаслигига ишора бор. "Унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаром билан озиқланган. Бундай кимсанинг дуоси қандай қилиб ижобат бўлсин?!"
Мазкур жумла ҳаром-ҳаришдан ҳазар қилмайдиган банданинг дуоси мутлақо қабул қилинмаслигини эмас, балки қабул бўлиш эҳтимолининг жуда йироқлигини англатади.
7. Дуо ибодатнинг мағзидир
Чунки Аллоҳ таолога ёлвориб илтижо қилаётган банда Ундан бошқа ҳеч кимдан умидвор бўлмайди. Фақат Аллоҳдангина умид қилиш эса тавҳид ва ихлоснинг моҳияти саналади. Аслида бундан улуғроқ ибодат йўқ!
8. Ҳадиси шариф кўрсатмаси
Биродарларимизни фақат ҳалол молларидан инфоқ-эҳсон қилишга чақирайлик. Уларни ҳаром нарсаларни инфоқ қилишдан қайтарайлик.
Дуоси мақбул бўлишини истаган банда аввало еб-ичиши ва кийинишини ҳалолдан қилсин. Аллоҳ таоло мўминларнинг ҳалол-покиза эҳсонларини қабул қилади. Уларнинг молларига барака беради.
Ўн биринчи ҳадис
Шубҳали нарсаларни тарк этмоқ
عَنْ أَبِي مُحَمَّدٍ الْحَسَنِ بْنِ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ، سِبْطِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَرَيْحَانَتِهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: حَفِظْتُ مِنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "دَعْ مَا يَرِيبُكَ إِلَى مَا لا يَرِيبُكَ". (رواه الترمذي والنسائي، وقال الترمذي حديث حسن صحيح).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг набиралари ва "райҳонлари" - Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳудан ривоят: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мана бу сўзларни ёдлаб қолганман: "Сени шубҳага солган нарсани қўйгин-да, шубҳалантирмайдиган нарсани ол". (Термизий ва Насоий ривоятлари. Термизий ҳасан-саҳиҳ ҳадис деб тасниф этганлар).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча оғиз сўз билан Исломдаги улкан қоидани асослаб бердилар: Шубҳали нарсалардан йироқ юрингиз. Фақат ҳалол-покиза неъматлар билан бўлинг!
Ибн Ҳажар Ҳайтамий мазкур ҳадис шарҳи сўнгида ёзадилар: "Ушбу ҳадис Ислом динининг улуғ қоидаларидан бири саналади. Ҳақ нурни тўсиб қўювчи шубҳа-гумонлар зулм-зулматларини ёриб ташлашда ҳам юқоридаги ҳадис асл-асос ҳисобланади".
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Шубҳали нарсаларни тарк этмоқ лозим
Ибодат, муомала ва умуман барча ўринларда шубҳали нарсалардан йироқ туриб, фақат ҳалол-покиза тарзда иш юритмоқ мусулмон кишини тақводор зотлар сафига қўшади. Шайтон васвасаларини даф этишда жуда фойдали бўлган мазкур хусусият инсон учун дунё ва Охиратда кўп хайрли оқибатларни юзага келтиради, иншоаллоҳ! Зеро, шубҳали нарсалардан йироқ юрган киши дини ва шаънини покиза сақлаб қолади. Аниқ ва ҳалол нарса банданинг қалбида заррача шубҳа туғдирмайди. Ҳалол билан ҳаёт кечириш кўнгилга ором бағишлайди. Унга эришган диллар ажиб саодатни туяди. Шубҳали нарсалардан инсон зоҳиран рози бўлса-да, унинг қалби ғашлик ва гумонлардан изтиробга тушади. Аслида маънавий йўқотиш сифатида унга мана шу аламли оғриқ ҳам етарли жазо бўлади. Бироқ энг катта йўқотиш ва бахтсизлик кейинроқ - инсон шубҳали нарсаларга кўникиб, аста-секин ҳаромга қўл ура бошлагач, бор бўйи билан кўринади. Чунки тақиқланган жой атрофида ўралашган кимса бир куни у ерга кириб қолиши ҳеч гап эмас.
2. Шубҳали нарсаларни тарк этиб, фақат ҳалол-покиза амалларга берилиш хусусида салафларнинг сўзлари ва ишларидан
Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳу: “Ҳаром бўлиб қолишидан қўрқиб, айрим ҳалол нарсаларни тарк этиш камоли тақводир".
Абу Абдурраҳмон Амрий: “Тақводор банда шубҳали нарсаларни шубҳа туғдирмайдиган ҳалол-покиза нарсаларга алмаштиради".
Фузайл: “Одамлар тақвони оғир нарса деб ўйлашади. Мен икки йўл турган бўлса, ҳамиша қийинроғини танладим. Сени шубҳага солган нарсаларни қўйиб, шубҳага солмайдиган аниқ-ҳалол нарсаларни тут".
Ҳассон ибн Абу Синон: “Тақводорликдан осон нарса йўқ: қачон сени бирор нарса шубҳалантирса, уни тарк этгин".
Язид ибн Зариъ ўзига теккан беш юз минг (тилла) меросни тарк этди. Унинг отаси султонлар хизматини қиларди. Улкан меросни тарк этган Язид бир умр сават тўқиб, шунинг орқасидан кун кечирди.
Мисвар ибн Махрама тижорат учун жуда кўп дон сотиб олди. Куз пайтида кўкка булут чиққанини кўриб, кайфияти бузилди. Сўнг ўзининг бу қилиғидан норози бўлиб деди: “Во ажаб! Ҳали мен мусулмонларга фойдали бўлган ёмғирни ёмон кўрдимми?!" Шундан кейин ўша сотиб олган молидан мутлақо фойда қилмасликка қасам ичди. Унинг қароридан хабар топган Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу шундай дедилар: “Аллоҳ сени хайрли мукофотлар билан тақдирласин!"
Иброҳим ибн Адҳамдан сўрадилар:
- Нега Замзам сувидан ичмаяпсиз?
- Челагим бўлганда ичардим! - деб жавоб бердилар Ибн Адҳам. Замзам ёнига қўйилган челак султоннинг молидан эди. Ибн Адҳам унинг шубҳали эканига ишора қилдилар.
Юқорида айтилган мисоллар кимгадир ҳаддан зиёд муболаға бўлиб туюлиши мумкин. Бироқ бир ҳақиқат ҳеч вақт хотиримиздан кўтарилмасин: уммат нопок-ҳаром ишлардан ўзини покиза сақламоғи ва ҳалол ҳаёт кечирмоғи учун ҳамиша ёрқин ҳаётий намуналарга эҳтиёж сезади. Агар ана шундай солиҳ мисоллар ва таъсирли сўзлар изсиз йўқолса, уммат аста-секин шубҳали ҳамда ҳаром нарсаларга кўникиб кетади. Зеро, меҳрибон, доно насиҳатгўйидан айрилган Ислом уммати ҳаёт сўқмоқларида жонли мисолларга доимо муҳтож.
3. Аниқ билан шак-шубҳа қарама-қарши келиб қолса, қай бири олинади?
Мазкур вазиятда аниқ ҳолат олиниб, шубҳа-гумондан юз ўгирилади. "Шаръий аҳкомлар мажалласи" тасдиқлаган фиқҳий қоидаларнинг иккинчиси айнан мана шу мавзу хусусида: "Аниқ ишонч гумон туфайли бекор бўлмайди". Қоидани яхшироқ тушуниб олишимиз учун мисол келтирамиз: Бир киши таҳорат олди. Сўнг "Таҳоратимни буздим, шекилли", деб, шубҳаланиб қолди. Яъни у таҳорат олганини аниқ билади-ю, лекин бузган-бузмаганини эслай олмаяпти. Бундай ҳолатда аниқ нарса эътиборли саналиб, ҳалиги киши таҳоратли дейилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Агар бирортангиз ичида бир нарсани сезса ва чиқарган-чиқармаганини билмай қолса, то ел чиқарганини эшитмагунича ёки ҳидини сезмагунича масжиддан чиқиб кетмасин". (Муслим ривоятлари).
4. Шариат аҳкомларига тўлиқ бўйсунган киши шубҳали нарсалардан ўзини сақласин
Биз Аллоҳ таолодан чин маънода қўрқадиган, Исломга тўлиқ амал қиладиган тақводор мўминларни шубҳалардан йироқ юришга даъват этаяпмиз. Бироқ ҳаром-ҳаришга ботиб юрадиган кимсанинг дақиқ шубҳалар қаршисида тақводор бўлиб қолиши «cовуқ тақво» дейилади. Биз уни бундай тақводан қайтарамиз. Чунки у аввал ўзини очиқ ҳаром ишлардан тийсин. Ундан биринчи навбатда мана шу талаб қилинади.
Ироқ аҳлидан бир киши Ибн Умар разияллоҳу анҳудан чивин қони ҳақида сўради. Ибн Умар дедилар: “Ҳусайнни ўлдирган кимсалар мендан чивин қони ҳақида сўрайдилар-а?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳасан ва Ҳусайн хусусида: "Улар менинг дунёдаги гул-райҳонларимдир!" деганларини эшитганман".
Бишр ибн Ҳорисдан сўрашди:
- Она ўғлидан хотинини талоқ қилишини сўраяпти. Ўғил онасининг талабига жавоб берадими?
Бишр жавоб бердилар:
- Агар ўғил барча нарсада онасига яхши муомалада бўлиб, бўйсуниб келган ва фақат хотинини талоқ қилиш масаласи қолган бўлса, волидасининг амрига юрсин. Бироқ онага бўйсуниб хотинини талоқ қилгач, онасини савалайдиган бўлса, талоқ қилмасин.
Бир киши Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан:
- Сиёҳдонингиздан ёзиб турай, - деб изн сўради.
- Ёзавер, - дедилар имом Аҳмад, - Бу зулматли совуқ тақво.
Сўнг бошқа бировга дедилар:
- Менинг тақвоим ҳам, сизнинг тақвоингиз ҳам бу даражага етмаган.
Аҳмад ибн Ҳанбал ўзларини паст олиб, тавозе билан шундай дедилар. У кишининг ўзлари биродарларининг сиёҳдонидан ёзмасдилар. Аслида Аҳмад ибн Ҳанбал шундай тақво қилишга ҳақли эдилар. Бироқ, дини Исломи комил бўлмаган, тақво мақомида юксалмаган кишиларни бундан қайтарардилар.
5. Ростгўйлик хотиржамликдир, ёлғончилик эса саросимадир
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқоридаги мазмунда ворид бўлган ҳадислари Термизий ривоятида келтирилган. Киши бирор нарсанинг жавобини билишни истаса, фақат рост ва аниқ-тиниқ сўзни изласин. Ростгўйлик омонати шуки, қалб ундан хотиржамлик туяди. Ёлғон эшитганда эса қалб хижил бўлиб, шубҳа-гумонга тўлади.
6. Мўминлар ҳаётларини фақат аниқ ишончли асослар устига қурмоқлари лозим
7. Ҳалоллик, ростгўйлик ва ҳақиқат ҳамиша хотиржамлик-розилик олиб келади. Ҳаром-ҳариш, ботил ва ёлғон фақат шубҳа, гумон ҳамда изтироб олиб келади.
Ўн иккинчи ҳадис
Фойдали нарсалар билан машғул бўлиш
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مِنْ حُسْنِ إِسْلامِ الْمَرْءِ تَرْكُهُ مَا لا يَعْنِيهِ". (حديث حسن رواه الترمذي وغيره هكذا).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кишининг ўзи учун муҳим бўлмаган нарсаларни тарк қилиши унинг Исломи чиройли эканлигидандир". (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари. Ҳасан ҳадис).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Бу ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳамроҳлари, У зотдан набавий ахлоқ-одоб тарбиясини олган Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилаяптилар. Мазкур ҳадисда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам мухтасар бир жумла ичида дунё ва Охират яхшиликларини баён қилиб берганлар. Дарҳақиқат, қисқа сўзларда улуғ маъноларни ифодалаш борасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам беназирдирлар. Юқоридаги кичкина ҳадис диннинг ярмини ўзида мужассам этган. Зеро, дин бажармоқ ва тарк этмоқдир. Мазкур ҳадис тарк қилишга асос бўлаяпти.
Айримлар ушбу ҳадис динни тўлалигича ўзида жамлаган, чунки у бир вақтнинг ўзида ҳам тарк қилишга, ҳам феъл-бажаришга далолат қилаяпти, дейишган.
Ибн Ражаб Ҳанбалий айтадилар: “Мазкур ҳадис одоб-ахлоқнинг улкан асосларидан бири саналади".
Абу Довуд барча соҳа-фан доирасида Суннат аслларини тўрт ҳадис ташкил қилади деганларида, улар ичига юқоридаги ҳадисни ҳам киритганлар.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Соғлом муҳит яратиш
Ислом ҳамиша соғлом жамият қуришга ва инсонларнинг уруш-жанжалсиз, ўзаро тинч-тотув бўлиб, дўстона ҳаёт кечиришларига интилади. Ҳақ дин жамиятдаги ҳар бир шахснинг озор чекмасдан бахтли яшаб ўтишини, унинг Охирати ҳам хайрли бўлишини истайди. Маълумки, бировлар ишига - хусусан ўзига алоқаси бўлмаган нуқтада - аралашиш кўпинча жамият ўртасида фасод тарқатади. Одамлар орасида кўзга кўринмас жарликлар пайдо қилади. Инсонларни ҳалокатга бошлайди. Шу боис, ахлоқли ва комил иймонли мусулмон ўзига тааллуқли бўлмаган ишларга аралашиб юрмайди.
2. Беҳуда нарсалар билан машғул бўлиш умрни зое кетказиш ва иймон заифлиги аломатидир
Инсон ҳаёти давомида жуда кўп нарсаларга гувоҳ бўлади. Минглаб одамлар, уларнинг ўзаро муносабатлари, турли соҳалардаги алоқа-келишувлар... Биз қилган ҳар бир амалимиз, ўтказган дақиқаю сонияларимиз ва гапирган сўзларимизнинг барчаси учун жавоб берамиз. Агар атрофдаги биз учун кераксиз бўлган нарсаларга ўралашиб қолсак, зиммамиздаги вожибот ва масъулиятларга вақт топа олмаймиз. Ўз вожиботларини адо этмаган киши эса дунё ва Охиратда қилмишига яраша жазо олади. Бу эса ушбу енгилтак кишининг Пайғамбар хулқ-атворидан ҳеч нарса ўрганмаганидан, идроки заиф ва иймони деярли фақат тилда қолиб кетганидан далолат беради.
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят: Саҳобалардан бир киши вафот этганида кимдир:
- Жаннат хушхабари билан хушҳол бўл, - деб сўзлади.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалиги кишига дедилар:
- Сен қаердан биласан, эҳтимол у ўзи учун кераксиз нарсаларни гапиргандир ёки мол-давлатини камайтириб қўймайдиган нарсада бахиллик қилгандир?! (Термизий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳуга дедилар: “Одамнинг ўз нафсида мавжуд бир нолойиқ хислатни англамаслиги ва беҳуда нарсаларга аралашиши унинг ёмонлигига кифоя қилади". (Ибн Ҳиббон ривоятлари).
3. Беҳуда нарсалардан юз ўгирмоқ саломатлик ва нажот йўлидир
Зиммасида нақадар оғир масъулият ва вазифалар борлигини ҳис этган киши фақат ўзи билан машғул бўлиб, дунё ва Охиратда фойдаси тегадиган амалларга уринади. Беҳуда-бемаъни нарсалардан юз ўгириб, ўзи учун муҳим машғулотларга берилади.
Бу дунёда инсон учун муҳим амалларга қараганда кераксиз-беҳуда нарсалар анча кўп. Демак, фақат фойдали ҳатти-ҳаракатлар билан машғул бўлган киши саноқсиз ёмонлик ва маъсиятлардан саломат қолар экан. Охират озиғини ғамлаш умидида турли бекорчи нарсалардан четда юриш кишининг тақвосини, иймонининг мустаҳкамлигини, Исломининг комиллигини, ҳавои хоҳишларга берилмаслигини ва иншоаллоҳ, Парвардигор ҳузурида нажот топгувчилардан бўлишини билдиради.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар сизлардан бир киши ўз Исломини чиройли қилса, қилган ҳар бир яхшилиги ўн баробардан тортиб етти юз баробаргача зиёдаси билан ёзилади. Ёмонликлари эса қандай бўлса-шунча ёзиб қўйилади". (Бухорий ривоятлари).
Молик бундай ёзадилар: “Луқмондан сўрашди:
- Сизни бу даражага нима олиб чиқди?
- Ростгуйлик, омонатни адо этмоқ ва беҳуда нарсаларни тарк этмоқ! - деб жавоб бердилар Луқмони Ҳаким".
4. Аллоҳ таоло билан машғул қалб ўзи учун кераксиз бўлган ишларга эътибор бермайди
Аллоҳ таолони худди кўриб тургандек ибодат қиладиган ва ҳамиша Аллоҳнинг яқинлигини ҳис этиб турадиган солиҳ бандалар беҳуда ишларга эътибор бермайдилар. Уларнинг фақат Аллоҳ ибодати ва фойдали амаллар билан машғул бўлишлари иймонларининг собитлиги ва сўзларининг ростлигига далолат қилади. Фойдасиз-бемаъни нарсалар билан ўралашиб юриш эса кишининг Аллоҳ яқинлигини ҳис қилмаслигини, Аллоҳ ҳузурида ростгўй эмаслигини билдиради. Бундай кимсаларнинг амаллари ҳавога учиб, ўзлари ҳалокатга юз тутадилар. Ҳасан Басрий айтадилар: “Банданинг кераксиз нарсалар билан машғул қилиб қўйилиши Аллоҳ таолонинг ундан юз ўгирганига далолат қилади".
5. Инсон учун нима муҳим ва нима кераксиз саналади?
Инсон учун муҳим нарсалар: ҳаёт учун зарурий емоқ, ичмоқ, кийим-бош, уй-жой каби эҳтиёжлар ва Охиратдаги нажот-саломатликка тааллуқли амаллар.
Кераксиз нарсалар: мол-дунё кетидан қувиш, хилма-хил таом ва ичимликларни кўпайтириш, мансаб тама қилиш ва бировлар мақтовини хуш кўриш... Ҳақиқий тақво эгалари бундай машғулотлардан ўзларини четга оладилар...
Дунё ва Охиратда инсон учун бирон нафи тегмайдиган ўйин-кулги, ҳазил-ҳузул каби кўнгилочар одатлар мубоҳ саналади. Вақтни беҳуда зое этадиган бундай ишлардан мўмин киши йироқ тургани афзал. Зеро, биз ҳали ўтказган вақтларимизга ҳам жавоб берамиз.
Кўп гапириш охир-оқибат оғиздан ҳаром гапларнинг чиқишига олиб боради. Шунинг учун умматнинг яхшилари бекорчи ва ортиқча гаплардан йироқ юришни ўзларига одат қилганлар. Муоз разияллоҳу анҳудан ривоят:
- Ё Расулуллоҳ! Биз ҳар битта гапирган гапимизга жавоб берамизми?
- Сени йўқлаб онанг йиғласин, эй Муоз! Ахир одамларни юз тубан дўзахга қулатадиган нарса тилларининг ҳосили эмасми?! (Термизий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Одам боласининг амри маъруф, наҳий мункар ва Аллоҳ таоло зикридан бошқа сўзлари унинг фойдасига эмасдир". (Термизий ривоятлари).
6. Мусулмон киши хайрли ишлар билан машғул бўлмоғи лозим. У турли бемаъни сафсаталар ва беҳуда ишлардан ўзини покиза сақлаши зарур.
7. Инсон нафсини тарбиялаб бормоғи, уни тубан одатлардан нафратланишга ўргатмоғи керак. Ҳақиқий иймон эгалари беҳуда нарсаларга асло эътибор бермайдилар.
Ўн учинчи ҳадис
Иймон ва Ислом биродарлиги
عَنْ أَبِي حَمْزَةَ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ خَادِمِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى يُحِبَّ لأَخِيهِ مَا يُحِبُّ لِنَفْسِهِ". (رواه البخاري ومسلم).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ходимлари - Абу Ҳамза Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизларнинг бировингиз то ўзига яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунига қадар иймонли бўла олмайди". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Имом Нававий “Саҳиҳи Муслим" шарҳида ёзадилар: “Ўз замонида Мағрибда моликийлар имоми саналган Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абу Зайд бундай деган эди: “Барча хайрли одоблар ушбу тўрт ҳадис асосида таркиб топган:
1. “Аллоҳ ва Охират кунига иймон келтирган киши яхши нарсани гапирсин ёки сукут сақласин";
2. “Кишининг ўзи учун муҳим бўлмаган нарсаларни тарк этиши унинг Исломининг гўзаллигидандир";
3. “Ғазаб қилма!";
4. “Сизларнинг бирингиз то ўзига яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунига қадар иймонли бўлмайди".
Эҳтимол, шунинг учун имоми Нававий мазкур тўрт ҳадисни “Арбаийн" сафига киритгандирлар. Хурдоний ушбу ҳадисни Ислом асосларидан бири сифатида таъкидлаганлар.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Мусулмон жамиятнинг бирдамлиги ва ундаги ўзаро тинч-тотувлик
Ислом ҳамиша инсонларнинг ўзаро дўст-аҳил яшашларини истайди. Ҳар бир шахс жамият манфаати ва саодати йўлида жон куйдирмоғи лозим. Ўшанда адолат қарор топади, кўнгиллар хотиржамлик туяди ва биродарлик ришталари мустаҳкамланиб, аҳиллик кучаяди. Бироқ ҳар бир шахс ўзи учун хоҳлаётган тинчлик, саодат ва бошқа яхши неъматларни биродарига ҳам чин дилдан тиламаса, бундай аҳил-иноқ жамият вужудга келмайди. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзи учун хоҳлаган яхшиликни биродарига ҳам соғинишни иймон таркибига киритдилар.
2. Комил иймон
Аллоҳ таоло рубубиятини тан олиш ва фаришталарга, илоҳий китобларга, Пайғамбарларга, Охират кунига ҳамда қазо-қадарга иймон келтириш каби рукнларга эътиқод қилиш билан иймоннинг асли қарор топади. Иймоннинг асли собит бўлиши учун бундан бошқа нарсаларнинг ҳожати йўқ. Юқоридаги ҳадисда эса Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга қуйидаги ҳақиқатни баён қилиб бердилар: Киши худбинлик, ҳасад ва адовату нафрат каби иллатлардан холи бўлмас экан, унинг қалбида иймон мустаҳкам қарор топмайди. Комил иймон эгаси бўлмоқ учун инсон ўзига хоҳлаган соғлик, тинчлик, яхши ҳаёт кечириш, Аллоҳнинг розилигига эришишдек улуғ неъматларни биродарига ҳам соғинмоғи лозим.
Комил мусулмон табиатида қуйидаги олий сифатлар ўз ўрнини топади:
· Ўзи учун хоҳлайдиган хайрли-ҳалол нарсаларни ва тоат-ибодат амалларини биродарига ҳам соғиниш. Ўзининг бошига тушишини истамаган ёмонлик ва маъсиятдан биродарларининг ҳам омон юришини тиламоқ. Муоз разияллоҳу анҳу дейдилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан энг афзал иймон ҳақида сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: “Ўзинг учун яхши кўрган нарсани бошқа одамларга ҳам исташинг ва ўзингга хоҳламаган нарсани ўзгаларга ҳам хоҳламаслигинг!" (Аҳмад ривоятлари).
· Биродарининг дини ва амалида бирон нуқсон кўрганда уни ўнглашга ҳаракат қилмоқ.
· Ўзи учун бировлардан инсоф-адолат талаб қилганидек, биродарига нисбатан ҳам ҳамиша адолатли бўлиб, унинг ҳақ-ҳуқуқларини тўла адо этиш. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимда-ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилишини хоҳласа, Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган ҳолида дунёдан ўтсин ва ўзига нисбатан қандай муомалани яхши кўрса, одамларга ҳам шундай муомалада бўлсин". (Муслим ривоятлари).
3. Мусулмондаги олийҳимматлик ва инсонийлик
Комил иймон эгасининг яхшилик тилашию ёмонликдан сақланишни исташи нафақат мусулмонларга нисбатан бўлади. Балки у ғайридинларга ҳам яхшиликни, хусусан иймон яхшилигини тилайди. Кофир-фосиқ кимсанинг бузуқликлардан тийилиб, иймон неъматидан баҳраманд бўлишини истайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ўзингга яхши кўрган нарсани ўзгалар учун ҳам яхши кўр - мусулмон бўласан". (Термизий ривоятлари).
Шу боис, кофирга ҳидоят тилаб дуо қилиш мустаҳаб саналади.
4. Хайрли амалларда биродарлар билан мусобақалашмоқ иймон камолидандир
Ухровий фазилатларда бошқалардан ўзиб кетишга ҳаракат қилиш ва шу неъматни Парвардигордан сўраб илтижо қилиш айб ёхуд ҳасад дейилмайди. Аксинча, бу иймон комиллигининг аломатидандир. “Бас, мусобақалашувчи кишилар мана шу неъматлар йўлида мусобақалашсинлар". (Мутаффифийн сураси, 26-оят).
5. Покиза ва фозил жамият иймон самарасидир
Ҳадиси шарифда ҳар бир муслим ўз биродарига яхшилик соғинмоғи таъкидланган. Мазкур олий сифат мўминнинг чин иймон соҳиби ва чиройли мусулмон эканини билдиради. Сиз ўзингизга яхши кўрган хайрли нарсаларнинг бировларга ҳам бўлишини хоҳласангиз, сизга ҳам бошқалар худди шундай муносабатда бўла бошлайдилар. Пировардида, ўзаро аҳил-иноқ жамият вужудга келади. Бундай соғлом муҳитда ҳаёт ўз изига тушиб, зулм-адоват барҳам топади. Хусусан, ҳар бир шахс кўпчилик манфаатини ўйлаб ҳаракат қилса, эл-улус қувончини ўз бахтидек кўриб, унинг ғамидан оромини йўқотса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам таърифлагандек ҳолат юзага келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мўминларни ўзаро меҳр-муҳаббатда бир танадек эканларини кўрасиз. Агар танада бирон аъзо касалланса, ундаги бошқа аъзолар бедорлик ва иситма билан унга ҳамдард бўлишади". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Мана шундай соф муҳитли жамият Аллоҳ таоло инояти ила иззату мукаррамликка етишади. Охиратда эса уларни ажру савоб ва хайрли мукофотлар қарши олади.
6. Иймонсиз жамият худбинлик ва ички низолар уясига айланади
Қалблар иймондан холи бўлган кун ўзаро муҳаббат ҳам барҳам топади. Кўнгилларга ҳасад, худбинлик ва ёвузлик ин қуради. Одамлар икки оёқли бўриларга айланади. Ҳаёт издан чиқади. Зулм-зўравонлик тантана қилади. Ички адоватлар ва бир-бирини кўролмаслик одат тусига киради. Бундай тубан ҳолатга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримаси мос тушади: “Улар жонсиз ўликлардир. Ва улар қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмайдилар". (Наҳл сураси, 21-оят).
7. Ҳадис яна қуйидагиларни ифодалайди
· Инсонларни ўзаро аҳил-иноқ қилиш билан улар аҳволини ўнглаш Ислом дини қаттиқ эътибор берадиган муҳим амаллар сирасидандир.
· Ҳасад билан комил иймон ҳеч қачон бирлашмайди. Ҳасадчи ўзгаларнинг ундан ўзиб кетишини ёхуд тенглашишини асло истамайди. Бундай қалби касал кимсалар ўзлари етиша олмайдиган хайр-яхшиликнинг бошқаларга насиб этишини ёмон кўрадилар. Ҳасадчи бўлишдан Аллоҳнинг ўзи асрасин!
· Иймон кўпайиб-камайиб туради. Тоат-ибодат билан иймон зиёдалашиб, гуноҳ-маъсият оқибатида камаяди.
Ўн тўртинчи ҳадис
Мусулмон кишининг қони тўкилмайди
عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "لا يَحِلُّ دَمُ امْرِئٍ مُسْلِمٍ يَشْهَدُ أَنْ لا إِلَهَ إِلا اللهُ وَأَنِّي رَسُولُ اللهِ إِلا بِإِحْدَى ثَلاثٍ: الثَّيِّب الزَّانِي، وّالنَّفْسُ بِالنَّفْسِ، وَالتَّارِكُ لِدِينِهِ الْمُفَارِقُ لِلْجَمَاعَةِ". (رواه البخاري ومسلم).
Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деб ва мени Аллоҳнинг элчиси деб гувоҳлик берадиган мусулмон кишининг қони фақат уч ҳолатдан бири сабабидангина ҳалол бўлади: оилали бўла туриб зино қилса, жонга-жон сифатида ва Ислом динидан чиқса, жамоатни тарк қилса". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Мазкур ҳадиси шарифда Исломда инсоннинг нечоғлик қадрланиши яққол кўринади. Жамият учун зарарли хулқ-атворлардан холи, соғлом табиатли мукаррам инсоннинг ҳаёти қаттиқ ҳимоялангандир. Бироқ инсонийлик хислатларидан маҳрум бўлган, қалби маразга тўла кимсалар жамиятга хавф-хатар солувчи заҳарли ва қўланса жуссага айлансалар-чи?! Инсонларнинг дини, ор-номуси ва ахлоқига чанг солсалар-чи?! Бундай кимсалар исломий иззат-икромга номуносиб-дирлар. Жамият тинч ва осуда ҳаёт кечирмоғи учун уларни таг-томирлари билан юлиб ташламоқ лозим.
Ибн Ҳажар Ҳайтамий ёзадилар: “Мазкур ҳадис энг эътиборли нарсалардан бири - жон масаласига тааллуқли бўлгани боис ҳам, муҳим асослар сирасига киради. Инсон қачон ўлимга ҳукм қилинади? Ҳадис ушбу саволга жавоб берар экан, асосан инсон ҳаётининг дахлсиз сақланишига кўпроқ эътибор қаратган ва бу мантиқан тўппа-тўғридир. Чунки Ислом ҳамиша инсониятнинг энг гўзал ва энг мўътадил суратида қолишини истайди".
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Мусулмон қонининг ҳурмати
“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расулидир", деб пок Парвардигорнинг ягоналигию, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатлари ҳақлигини тасдиқлаган кишининг ҳаёти омонда бўлади. Зеро, мусулмоннинг жонига қасд қилишга ўзининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам ҳаққи йўқ! Фақат қуйидаги уч оғир жиноятдан бири содир этилсагина, шаҳодат келтирган киши мазкур дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Ушбу жиноятларнинг бирини содир этган киши ўлимга маҳкумдир:
1. Бир жонни қасддан ноҳақ ўлдириш;
2. Турмуш қурганидан кейин зино қилиш;
3. Муртадлик.
2. Тошбўрон
Турмуш қурган эркак ёки аёл ҳаромга юриб, зинога қўл урса, тошбўрон қилиб ўлдирилади ва бу ҳамма иттифоқ қилган масаладир. Чунки у Аллоҳ таоло неъмат қилиб берган ҳалол жуфтини қўйиб, ўзганинг ҳалолига кўз тикди. Покиза булоқдан юз ўгириб, ифлос балчиққа ўзини урди. Зинокор насл-насабнинг бузилиб-аралашиб кетишига сабабчи бўлиши билан инсониятга қарши жиноят қилган ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг қайтариғига қулоқ осмаган бундай кимсанинг жазоси тошбўрондир. “Зинога яқинлашманглар! Чунки у бузуқлик ва ёмон йўлдир". (Исро сураси, 32-оят).
Хоҳ аёл бўлсин, хоҳ эркак бўлсин, озод, балоғатга етган, ақл-ҳуши жойида, дуруст никоҳ билан турмуш қуриб, жуфти ҳалоли билан қовушган банда Қуръонда “муҳсан" деб таърифланади. Муҳсан зинога қўл урса, тошбўрон қилиб ўлдирилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳсан зинокорни тошбўрон қилишга буюрганлар ва тошбўрон қилдирганлар. Муҳаддислар бу ҳақда бир қанча ривоятларни келтирганлар.
Тошбўрон қилиш хусусида Қуръони каримнинг лафзи насх[21] этилган оятида шундай дейилган: “Кекса киши ва кампир зино қилсалар, уларни Аллоҳдан жазо сифатида албатта тошбўрон қилингиз. Аллоҳ Азиз, Ҳаким Зотдир".
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу Қуръони каримнинг қуйидаги оятидан тошбўрон қилишни истинбот[22] қилганлар: “Эй аҳли китоб! Сизларга расулимиз келиб, Китобдаги сиз яшириб келган кўп оятларни сизларга баён этмоқда ва хатоларингизнинг кўпини афв этмоқда". (Моида сураси, 15-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадилар: “Тошбўрон қилишни инкор қилган киши ўзи билмаган ҳолда Қуръонга куфр келтириб қўяди. (Сўнг Ибн Аббос разияллоҳу анҳу юқоридаги оятни тиловат қилдилар). Аҳли китоб яширган нарсалардан бири зинокорнинг тошбўрон қилиниши эди". (Насоий ва Ҳоким ривоятлари).
3. Қасос
Бир мусулмонни қасддан ўлдирган кимса билиттифоқ[23] қасос-қатлга рўбарў қилинади. “Биз Тавротда: жонга жон, деб ёзиб қўйдик". (Моида сураси, 45-оят).
Золимдан қасос олинар экан, одамлар тинч-бехавотир яшайдилар. “Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй аҳли донишлар! Шояд (шу билан жиноятлардан) сақлансангизлар!" (Бақара сураси, 175-оят).
Мукаллаф[24] банда бир жонни қасддан ўлдирса, қатл қилинади. Бу ерда қотил ёки мақтулнинг аёл ёки эркаклиги ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эр киши ўлдирилган аёл сабабли қатл қилинади", дедилар. (Амр ибн Ҳазм китобидан).
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қизни ўлдирган яҳудийни қатл қилдилар".
Ўлдирилган кишининг волийлари[25] қотилни авф этсалар, қасос ижро этилмайди.
Агар қотил ҳам, мақтул ҳам кофир бўлса, билиттифоқ қасос вожиб. Бироқ мақтул яъни ўлдирилган киши зиммий ёхуд омонлик берилган қавмдан бўлиб, ҳарбий одам бўлмаса нима қилинади? Айрим олимлар (жумладан ҳанафийлар) қуйидаги оят ва ҳадисга биноан қасос вожиб бўлади, дейишган: “Албатта жонга жондир..." (Моида сураси, 45-оят); Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жонга жон!"
Бошқалар (улар қаторида шофеийлар, моликийлар ва ҳанбалийлар бор) кофирни ўлдириб қўйгани учун мусулмондан қасос олинмайди, деб фатво беришган. Улар бунга қуйидаги ҳадисни ҳужжат қилиб келтиришган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мусулмон кофирни ўлдиргани сабабли ўлдирилмайди". (Бухорий ривоятлари).
Иккинчи қавл[26] эгалари мазкур ҳадисни жонга жон мазмунидаги умумий ҳадисга нисбатан хословчи сифатида қабул қилишди.
Жумҳур[27] олимлар наздида боласини ўлдириб қўйгани учун ота қатл қилинмайди. Ушбу фатво Умар ибн Ҳаттоб разияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган.
4. Муртаднинг жазоси
Диндан қайтган кимса куфрда қаттиқ туриб, муртадликдан тавба қилишни истамаса, билиттифоқ ўлдирилади. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Динини ўзгартирган кимсани ўлдирингиз!" (Бухорий ва сунан соҳиблари ривояти).
Агар аёл диндан қайтса, нима қилинади?
Жумҳур олимлар юқоридаги умумий далилларга биноан: “Муртад аёллар ҳам қатл этилади", деб фатво берганлар. Ҳанафийлар эса: “Муртад аёл ўлдирилмайди. У то динга қайтмагунича ёки ажали етиб вафот этгунига қадар хибсда сақланади", дейишган. Негаки: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам урушда аёлларни ўлдиришдан қайтарганлар". (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Ҳанафийлар аслий кофира билан диндан қайтган муртад аёл ўртасини ажратмаганлар ва ушбу ҳадисни ҳужжат қилиб олганлар.
5. Қасос ва жазо ким томонидан амалга оширилади?
Қасосни ҳоким буйруғига мувофиқ мақтулнинг волийси амалга оширади. Муртад ва оилали зинокорга ҳам ҳоким амрига биноан ҳукм ижро этилади. Агар мақтулнинг волийси ҳокимдан бесўроқ қотилни ўлдириб қўйса ёхуд бирон киши муртад ёки оилали зинокорни ҳоким изнисиз қатл қилса, ҳокимнинг вазифасига берухсат дахл этганлари учун уларга таъзир берилади. Бироқ ҳақиқатан ўлимга лойиқ кимсаларни ўлдирганликлари сабабли қатл қилинмайдилар.
6. Ҳадис яна қуйидагиларни ифодалайди:
· Динда мусулмонлар жамоаси тутган йўл эътиборга олинади. Бу уларнинг мутлақ кўпчилик қисми демакдир;
· Ҳамиша мусулмонлар жамоаси билан бирга бўлиш лозим. Мусулмонлардан ажралиб қолиш мумкин эмас;
· Юқорида санаб ўтилган учта жиноятдан қайтариш ва уни содир этишдан огоҳлантириш;
· Ҳадлар, яъни шаръий жазоларларни татбиқ қилишдан аввал жамиятни Аллоҳ таолодан қўрқишга ва У Зотнинг ҳамиша барча ишларни кўриб-билиб туришини ҳис этишга одатлантирмоқ ва шу руҳда тарбия қилмоқ керак;
· Исломда ҳад инсонларни гуноҳ ва маъсиятлардан тўсиб турувчи бир тўсиқ кабидир;
· Ҳанафийлар наздида қасос фақат қилич билан ижро этилади. Шофеийлар эса қуйидаги фатвода тўхташди: қотил мақтулни нима билан ўлдирган бўлса, ўзи ҳам шундай йўл билан ўлдирилади. Аммо мақтулнинг волийси қилични танлаши мумкин...
Ўн бешинчи ҳадис
Фақат яхши сўзларни сўзламоқ, меҳмон ва қўшни ҳаққига риоя этмоқ иймоний хислатлардандир
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَو لِيَصْمُتْ، و مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيُكْرِمْ جَارَهُ، وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيُكْرِمْ ضَيْفَهُ". (رواه البخاري ومسلم).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши сўзларни гапирсин ёки сукут сақласин. Ким Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисини иззат-икром қилсин. Ким Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини иззат-икром қилсин". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Ибн Ҳажар ёзадилар: “Мазкур ҳадис ҳам жавомеул калим намунасидир. Учта асосни ўзида жамлаган бу саҳиҳ ривоят сўз ва феъллардаги гўзал ахлоқларни тарғиб қилади".
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Инсон ва унинг жамият билан бўлган алоқаси
Жамиятдаги ҳар бир киши жамият билан узлуксиз алоқада бўлиб туради. Сиз ўзгалар билан алоқа боғлашга муҳтож бўлганингиздек, бошқалар ҳам сиз билан турли муносабатларда бўлишга эҳтиёж сезадилар. Ислом инсонлар ўртасидаги алоқа ва ўзаро муносабатлар соғлом асос устига қурилишини истайди. Одамлар бир-бирларини иззат-икром қилиб, чиройли сўзлар ва гўзал хулқ-атворлар билан ёр-биродарлари, қўни-қўшнилари ҳамда қадрли меҳмонлари кўнглини овласалар, ҳақ дин тарғиб қилаётган покиза жамият юзага келади. Бунинг учун эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқоридаги сўзлари ҳар биримиз учун дастуруламал бўлмоғи лозим.
2. Фақат хайрли сўзларни сўзлаб, беҳуда гаплардан ўзини тиймоқ иймон комиллигидандир
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадиси шарифларида биз учун ҳар икки дунёда фойдали бўлган ажойиб хислатни баён қилиб бердилар. Мусулмон фарзанди фақат дунёю охиратига манфаати бор сўзларни сўзлайди. Ўзи учун ҳам, биродарлари учун ҳам бефойда бўлган гап-сўзлар қаршисида сукутни афзал кўради. Зеро, беҳуда гап-сўз орқасидан кимгадир зиён етказиб қўйиш ёхуд фисқу фасод урчишига йўл очилиши ҳеч гап эмас. Ана унда киши Парвардигори ғазабига дучор бўлади. Шу боис, фақат хайрли сўзларни сўзлаш комил иймон белгиларидан саналади. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банданинг иймони то унинг қалби ўнгланмагунига қадар тўғри бўлмайди. Токи тил тўғриланмас экан, қалб тўғри бўлмайди". (Аҳмад ривоятлари). Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банда тилини сақламагунга қадар иймон ҳақиқатига етмайди". (Табароний ривоятлари).
3. Кўп гапириш ҳалокатга олиб боради. Тилни беҳуда гаплардан сақламоқ нажотга бошлайди
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кишининг ўзи учун муҳим бўлмаган нарсаларни тарк этиши унинг Исломи гўзаллигидандир".
Беҳуда валақлаш кишининг яхши амалларини ҳавога совуриб, уни жаннатдан маҳрум қилиши мумкин. Мусулмон киши бир гапни гапиришдан олдин яхшилаб ўйлаб кўрсин. Агар унинг оғзидан чиқадиган сўз хайрли бўлса, ажру савоб келтирса, гапирсин. Бордию ёмонлик-фасод қўзғайдиган бемаъни гап бўлса ёки яхши-ёмонлиги мубҳам бўлса, тилини тийгани маъқул. Чунки одам ҳар битта гапи учун жавоб беради. Банданинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз унинг фойдасига ёхуд зарарига хизмат қилади. “У бирон сўзни талаффуз қилса, албатта унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи бордир". (Қоф сураси, 18-оят). Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банда аҳамият бермаган ҳолда Аллоҳ таоло рози бўладиган сўзни гапириб қўядида, ана шу сўзи сабабли Парвардигор уни қанча даражага кўтаради. Яна бир банда парво қилмаган ҳолда Аллоҳ таоло ғазабини келтирадиган сўзни айтиб қўйиб, шу сабабли жаҳаннамга қулайди". (Бухорий ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз разияллоҳу анҳунинг: “Биз ҳар битта гапимизга жавоб берамизми?" деган саволига қуйидагича жавоб қилганлар: “Сени йўқлаб онанг йиғласин, эй Муоз! Ахир одамларни бурунлари билан дўзахга қулатадиган нарса тилларининг ҳосили эмасми?!" (Термизий ривоятлари).
4. Сўзлаш одоби
Исломда сўзлаш одоблари мавжуд:
· Мусулмон фарзанди ҳамиша фойдали-хайрли сўзларни сўзламоғи ва ҳар қандай ҳолатда ҳаром гап-сўзлардан ўзини тиймоғи лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларни сифатлаб шундай дейди: “Улар лағвдан юз ўгирувчи кишилардир". (Мўминун сураси, 3-оят). Лағв деб ғийбат, туҳмат, маломат каби ботил гап-сўзларга айтилади.
· Тақволи зотлар мубоҳ гапларни ҳам кўп гапирмайдилар. Чунки тинмасдан гапирадиган киши бехосдан ҳаром ёхуд макруҳ сўзларни айтиб юбориши мумкин. Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ зикридан бўлмаган гапларни кўпайтирмангиз. Чунки Аллоҳ зикридан ташқари гапларни кўп гапириш қалбни қотиради. Аллоҳ таолодан энг узоқ банда қалби қаттиқ кимсадир". (Термизий ривоятлари). Умар разияллоҳу анҳу айтадилар: “Кўп гапирадиган кимса кўп тойилади. Кўп тойиладиган кишининг гуноҳи ҳам кўпаяди. Гуноҳи кўпайган кимсага дўзах муносиб макон бўлади".
· Эҳтиёж туғилганда, хусусан ҳақни баён этиш, амру маъруф, наҳий мункар қилиш учун гапирмоқ шарт. Зеро, бу улуғ ҳикматлар сирасига киради. Чунки ҳақни айтмасдан жим турган кимсанинг соқов шайтондан фарқи йўқ.
5. Қўни-қўшни билан яхши муносабатда бўлиш
Қўшнига яхшилик қилиш ва унга озор бермаслик комил иймон ва гўзал Ислом аломатидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқоридаги сўзлари барчамиз учун етарли мавъиза бўлмоғи керак. Аллоҳ таоло бандаларини ёлғиз Ўзига ибодат қилишга буюрар экан, оят давомида қўни-қўшни билан яхши муносабатда бўлишни ҳам амр этди.
“Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик этманглар. Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшнию бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўл остингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз!" (Нисо сураси, 36-оят).
Исломда қўшнига яхшилик қилиш ва унга нисбатан чиройли муносабатда бўлиш шу қадар таъкидланганки, тарих давомида ҳеч қайси тузум қўшничиликка бунчалик эътибор бермаган. Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қўшнига яхшилик қилиш хусусида Жибрийл алайҳиссалом менга шунчалик кўп насиҳат этдики, қўшни ҳам мерос олса керак деган ўйга бориб қолдим". (Бухорий ривоятлари).
Қўшнига озор бериш иймони чала кимсанинг иши. Мазкур ярамас сифат бандани ҳалокат сари бошлайди.
6. Қўшнига озор бериш Исломда ҳаромдир
Бу иш гуноҳи кабиралардан саналади ва унинг Аллоҳ ҳузуридаги жазоси ҳам даҳшатли бўлади. Ён-атрофдагиларга озорлар етказиб юрувчи кимса комил иймон неъматига етишолмайди. Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрашди:
- Энг улкан гуноҳ нима?
- Сени Аллоҳ таоло яратган бўла туриб бировни Унга шерик қилишинг, - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Сўнг қайси гуноҳ?
- Овқатингга шерик бўлишидан қўрқиб ўз болангни ўлдиришинг!
- Сўнг қайси гуноҳ?
- Қўшнингнинг ҳалоли билан зино қилишинг. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Абу Шурайҳ разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди. Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди. Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди, - дедилар.
- Ким, ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам! - сўрашди саҳобалар.
- Озорларидан қўшниси хотиржам бўлмайдиган кимса! - деб жавоб бердилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Бухорий ривоятлари).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрашди:
- Ё Расулуллоҳ! Фалончи аёл кечалари туриб намоз ўқийди. Кундузлари рўзадор юради. Бироқ унинг тили жуда узун - қўни-қўшниларига озор беради.
- Унда яхшилик йўқ. У аёл дўзахда бўлади! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Фалончи аёл эса фарз намозларини ўқийди. Рамазон рўзасини тутади. Бир бўлак пишлоқ бўлса ҳам садақа қилади. Унинг шундан бошқа амали йўқ. Бироқ у тили билан қўшниларига озор бермайди.
- Ўша аёл жаннатий! - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Аҳмад ва Ҳоким ривоятлари)
7. Қўшнига қилинадиган яхшилик кўринишлари
· Қўшнининг эҳтиёжини қондириш.
Умар разияллоҳу анҳу айтадилар: “Мўмин киши қўшнисини оч қўйиб, ўзи тўқ юрмайди". (Аҳмад ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ён қўшнисининг оч-наҳорлигини била туриб, қорни тўқ ҳолда тунни ўтказган киши менга иймон келтирмабди!" (Ҳоким ривоятлари). Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят: Халилим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга қуйидагича ўгит бердилар: “Агар шўрва пиширсанг, сувини кўпроқ солгин. Сўнг қўшниларинг оиласига қара ва уларга ҳам таомингдан улаш". (Муслим ривоятлари).
· Ўз ҳаққидан кечиб бўлса-да, қўшнига фойда етказиш.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳеч бирингиз қўшнисини унинг деворига хода қадашдан тўсмасин". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
· Қўни-қўшнига ҳадялар бермоқ. Хусусан, бирон муносабат билан қўни-қўшниларга эҳсон қилиш хайрли амалдир.
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қўшни аёл қўшни аёлга ҳатто бир бўлак суякли гўштни ҳадя этишини ҳам арзимас санамасин". (Яъни бу нима бўларди, демасдан, боридан чиқараверсин). (Бухорий ривоятлари).
8. Меҳмонни иззат-икром қилиш кишининг иймони ва Исломи гўзаллигидандир
Ислом шариатига тўла-тўкис амал қилиб, яхшилар йўлидан юрган ҳар бир мўмин-мусулмон меҳмонини иззат-икром қилмоғи лозим. Чунки бу мўминнинг Аллоҳ таолога бўлган ҳақиқий иймони ва чин таваккулига далилдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини иззат-икром қилсин".
Меҳмон ҳурматини жойига қўймоқ Исломнинг гўзал одобларидан ва солиҳ инсонлар хулқидан эканлиги шубҳасиз. Хўш, меҳмонни зиёфат қилиш мезбон тарафидан кўрсатиладиган фазлу карамми ёхуд меҳмоннинг вожиб ҳаққими? Мазкур масалада уламолар ихтилоф қилганлар. Аҳмад ва Лайс меҳмонни бир кеча-кундуз имкон қадар зиёфат этмоқ вожиб дейишган. Уларнинг далиллари:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Меҳмон учун бир кеча зиёфат ҳар бир мусулмон зиммасида вожибдир". (Ибн Можа ривоятлари).
Уқба ибн Омир разияллоҳу анҳудан ривоят:
- Ё Расулуллоҳ! Сиз бизни чор атрофга жўнатасиз. Биз борган жой аҳли меҳмондўстлик кўрсатмайди. Ўшанда биз нима қилишимиз керак? - деб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадик.
- Агар бир қавм орасига келиб тушсангиз ва улар меҳмонга лозим бўлган нарсаларни муҳайё қилсалар, қабул қилиб олингиз. Аммо қавм бундай қилмаса, улар адо этиши лозим бўлган меҳмон ҳаққини улардан ўзларингиз олинглар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
“Ким Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини иззат-икром қилсин".
Бу буйруқ. Маълумки буйруқ фарзга далолат қилади. Агар меҳмонни иззат-икром қилиш фарз деб олинса, унда қуйидаги масала қандай ечилади: Бир киши меҳмоннинг ҳаққини адо этмади. Хўш, ҳалиги меҳмон ҳаққини мезбон молидан ўзи ундириб оладими ёки ундириб олиш учун ҳокимга арз қиладими? Айни масала хусусида имом Аҳмаддан икки хил сўз ривоят қилинган.
Аксар уламолар наздида меҳмонни зиёфат қилиш фарз эмас, мустаҳаб саналади. Чунки ҳадисда “Меҳмонни иззат-икром қилсин", бошқа бир ривоятда эса “Яхшилик қилсин", дейилган. Ҳар иккала лафз фарзни англатмайди. Чунки иззат-икром ҳам, яхшилик қилиш ҳам гўзал ахлоқлар сирасига киради.
9. Меҳмондўстлик ва меҳмон одоблари
Меҳмонни очиқ юз ва ширинсуханлик билан кутиб олиш ва имкон қадар таом ҳозирлаш меҳмондўстлик одобларидандир. Мезбон биринчи куни аҳли-оиласи истеъмол қиладигандан зиёдароқ неъматлар билан меҳмонини иззат-икром этади. Қолган икки кунда эса оиласининг кундалик егулиги билан дастурхон тузайди. “Меҳмонни кутиб олиш уч кундир. Қўшимча туҳфаси эса бир кеча-кундуз. Ундан ортгани эса садақадир". (Муслим ривоятлари).
Меҳмон мезбонни ноқулай аҳволга солиб қўймаслиги керак. Бировникида уч кундан ортиқ туриб уни қийнаб қўймасин. Ҳеч нарсаси йўқлигини била туриб, мезбонникида яшайвериш одобдан эмас. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Бир биродарини гуноҳкор этгунга қадар унинг уйида туриш мусулмон киши учун ҳалол бўлмайди.
- Ё Расулуллоҳ! Қандай қилиб уни гуноҳкор қилади? - сўрашди саҳобалар.
- Биродарининг меҳмон қилишга ҳеч нарсаси бўлмаса ҳам уникида туравериш! - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Муслим ривоятлари).
Мазкур ҳолатда мезбон меҳмонга вазиятни тушунтириб уни кузатиб қўйиши мумкин. Хусусан, уч кундан сўнг бунга мезбоннинг тўла ҳаққи бор. Чунки у мезбонлик бурчини ўтаб бўлган ҳисобланади.
10. Ҳадисга амал қилиш хосияти
Мазкур ҳадис мазмунини тўлиқ англаб, унга тўла-тўкис амал қилмоқ жуда аҳамиятли. Чунки у қалбларни бир-бирига яқинлаштиради, ўртадан кин-адоватни кўтаради. Ҳаммамиз кимгадир қўшнимиз. Кўпчилик одамлар меҳмон ёхуд мезбон бўлишади. Агар ҳар ким ўз қўшнисини иззат-икром қилса, ҳар бир мезбон меҳмоннинг ҳурматини жойига қўядиган бўлса, жамият фаровонлашади, ўзаро муҳаббат, дўстлик қарор топади. Айниқса, ҳар бир инсон сўзлаш одобига риоя қилиб, фақат яхши-хайрли сўзларни сўзласа ёки сукут қилса, яхшиликлар зиёда бўлади.
Ўн олтинчи ҳадис
Ғазаб қилма - жаннатий бўласан!
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَجُلا قَالَ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَوْصِنِي، قَالَ: "لا تَغْضَبْ" فَرَدَّدَ مِرَارًا، قَالَ: "لا تَغْضَبْ". (رواه البخاري).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Менга насиҳат қилинг", деди.
- Ғазаб қилма! - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Ҳалиги одам илтимосини бир неча бор такрорлади.
- Ғазаб қилма! - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам". (Бухорий ривоятлари).
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Мусулмоннинг хулқи
Мусулмон фарзанди гўзал ахлоқлар билан сифатланган, ҳилму ҳаё ила зийнатланган бўлади. Тавозе либосини кийган бу инсон ўзгаларга раҳмдиллик билан муомала қилади. У бировлар оғирини ўз елкасига олади, озор-азиятларга сабр қилади, жазолашга қодир бўла туриб дилозорни афв этади, ҳамиша ғазабини боса олади... Хуллас, улуғ сифатлар ва гўзал ахлоқларни ўзида мужассам этади.
Саҳобий дунёю Охират яхшилигига етишиш умидида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан насиҳат сўраганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир оғиз лўнда ибора билан унга насиҳат қилдилар: “Ғазаб қилма!"
Мазкур ибора ҳар бир хайр-яхшиликка дахлдор ва барча ёмонликка тўсиқ бўлган насиҳат эди.
2. Жаннатга бўлган муҳаббат ва унга олиб борадиган йўлларни излаш
Жаннат талабгори бўлмиш улуғ саҳобий ўзининг раҳнамоси, Фирдавси аълога етакловчи йўлбошчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ёдлаш ва англаш осон, аниқ ҳамда лўнда бир насиҳат сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг сўровига мос, ҳамма замонларга хос тарзда жавоб қилдилар: “Ғазаб қилма!" Яъни юксак, набавий, қуръоний, иймоний ахлоқлар соҳиби бўл! Агар ана шундай олий ахлоқларни эгаллай олсанг, ғазабга қул бўлиб қолмайсан ва Аллоҳ розилигию жаннатига бошловчи ҳақ йўлингдан тойилмайсан.
3. Ҳалимлик ва босиқлик дунёю Охират саодатига бошлайди
Эй жаннатга дохил бўлишдан умидвор мусулмон биродар! Табиатингиз устун келиб, аччиғингиз чиққан кезда ўзингизни ғазаб ҳукмига топшириб қўйманг. Токи ёвузлик кучлари сизни ҳар кўйга солмасин. Ғазаб ҳукмрон бўлган пайтда банда ҳаром ишларга қўл уриб қўйиши мумкин. Шу боис, ғазабингиз аланга олишига йўл қўйманг. Тақводор, комил иймонли мусулмон қандай бўлиши лозимлигини эсланг. “Парвардигорингиз томонидан бўлгуси мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган, эни осмонлар ва ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз. (У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларни афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади". (Оли Имрон сураси, 133-134-оятлар).
Ғазабингизни жиловлашни ўрганинг, шунда Аллоҳ таолонинг ғазабидан омон қоласиз ва тақводор зотлар сафида сиз ҳам жаннат аҳлига айланасиз.
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар:
- Аллоҳ азза ва жалланинг ғазабидан мени нима узоқлаштиради?
- Ғазаб қилма! - деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Аҳмад ривоятлари).
Ҳасан Басрий айтадилар: “Кимда-ким қуйидаги тўрт хусусиятга эга бўлса, Аллоҳ таоло уни шайтондан асрайди ва дўзахга ҳаром қилади: рағбат, қўрқув, шаҳват ва ғазаб пайтида ўзини қўлга олиш".
4. Ғазаб барча ёмонликнинг бошидир
Яна юқоридаги ҳадисга қайтамиз. Насиҳат сўровчи саҳобий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Ғазаб қилма!" деган каломни эшитди ва қабул қилди. Бироқ шу лўндагина ҳикматли сўз билан кифояланмасдан яна ва яна насиҳат сўради. Улуғ саҳобий жаннатга киришдек улуғ мақсади учун бундан-да етукроқ ва фойдалироқ кўрсатма олмоқчи бўлган эди. Бироқ у ҳар гал “Насиҳат қилинг", - деганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир хилда “Ғазаб қилма!" насиҳатини эшитарди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур насиҳатни такрор-такрор қайтаришлари билан агар тўлиқ идрок этиб амал қилинса, шунинг ўзи етарли эканини таъкидладилар.
Оқил мўмин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъкидлари таъсирида у зотнинг мақсадларини англади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан насиҳат сўраган саҳобий айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини фикр қилиб, шундай хулосага келдим: ғазаб дунёдаги жамики ёмонликни ўзида жамлар экан". (Аҳмад ривоятлари). Яъни ғазабини енга олган киши барча ёмонликни тарк этган бўлади. Барча ёмонликларни тарк этган киши эса жамики яхшиликка эришган ҳисобланади.
Сизга Аллоҳнинг салавоти ва саломи бўлсин, Ё Расулуллоҳ! Пок Парвардигор сизни энг гўзал мукофотлар билан тақдирласин! Сиз бизга ҳусни хулқни ўргатдингиз. Барча ёмонликнинг калити бўлмиш хавфли хислатдан огоҳ этдингиз...
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради:
- Энг яхши амал нима?
- Ҳусни хулқ! Бу иложи борича ғазаб қилмаслигингдир, - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
5. Ғазаб заифлик, ҳалимлик эса қувват белгисидир
Ғазабга берилиш, бирпасда ловуллаб кетиш кишининг заифлигини билдиради. Бундай кишилар гарчи соғлом ва бақувват бўлсалар-да, заиф ҳисобланадилар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кучли деб ҳаммани енгадиган кишига айтилмайди. Ғазабланган пайтда ўзини қўлга ололган одам кучлидир!" (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
6. Ғазабнинг ҳалокатли оқибатлари
Жиззакилик бемаза хулқ, ёмон табиат ва ҳалокат келтирувчи қуролдир. Ғазабга қул бўлган банда, унинг хунук оқибатларидан қочиб қутулолмайди. Бу кўнгилсиз оқибатлар аввало унинг ўзига, иккинчидан эса жамиятга зарар келтиради.
· Ғазабнинг кишига етказадиган зарарлари жисмий-моддий, хулқий-маънавий ва руҳий-диний йўқотишлардан иборат.
Сиз дарғазаб кимсанинг ҳолатини кузатсангиз, бунинг моҳиятини тўла-тўкис англаб етасиз. Унинг ранги ўзгаради, қони қайнайди, томирлари бўртади, бармоқлари калтирай бошлайди, ҳарақатларидан маъно кетиб, оғзидан боди кириб, шоди чиқади. Ғазабдан ўзини йўқотиб қўйган одамнинг тилидан хунук ҳақоратлар ёғилади. Баъзан оғзидан куфр сўзлари ҳам чиқиб кетади. Устига-устак, унинг жоҳилона ҳатти-ҳаракати туфайли молу жонига зиён-заҳматлар етади.
· Ғазабнинг жамиятга зарари: ғазаб қалбларда нафрат уйғотади, ғаламисликка ундайди. Охир-оқибат у ўзига қул бўлган кишини бошқалардан ажратиб олади. Ғазабу нафратга тўлган қалб ўзгалар мусибатидан қувонади. Пировардида, одамлар орасига зулм оралайди. Яқинлар алоқаси узилади, ёру-дўст ораси бузилади. Ҳаёт издан чиқади.
7. Ғазабни даф этиш ва даволаш йўллари
Ғазабланиш ҳар бир инсонга хос хусусият. Бироқ ҳақиқий иймон эгалари ғазабни қўзғовчи сабаблардан йироқ юриш ва уни муолажа этиб бориш орқали ўзларини мана шу ёқимсиз феъл-атвор ёмонликларидан омон сақлайдилар.
· Ғазаб сабабчилари. Ғазабга сабаб бўлувчи омиллар жуда кўп ва хилма-хилдир. Қуйида биз уларнинг баъзиларини санаб ўтамиз: кибр, бошқалардан ўзини катта олиш, ўзгаларни масхара қилиш, ноўрин ҳазил-мазахлар, талашиб-тортишиш, бировларнинг ишига тумшуқ суқиш, мол-мулк ва мансабу обрў ортидан қувиш... Мусулмон фарзанди бундай бемаза хулқ-атвордан халос бўлиши керак. У турли-туман бемаъни одатлардан ўзини олий тутсин.
· Ғазабни даволаш йўллари. Ғазабдан қутулиш учун киши сабр, мулойимлик, собитлик ва оғир-босиқлик каби гўзал ахлоқларни ўзида шакллантирмоғи керак. Биз ҳар бир соҳада Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак оламиз. Қаранг-а, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу масалада қандай йўл тутганлар:
Зайд ибн Саъна мусулмон бўлишидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, жуда қўполлик билан қарзини сўрайди. Ҳолбуки, қарз муддати ҳали битмаган эди. Зайд мана шу ерда нубувват сифатини кўрди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳалимликлари ғазабларидан муқаддам турарди. Жоҳилнинг жаҳли-ғазаби у зотнинг ҳалимликларини зиёда этарди, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайдга табассум қилиб, бағрикенглик билан муомала қилдилар. Умар разияллоҳу анҳу эса уни жеркиб ташладилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар разияллоҳу анҳуга ҳам, Зайдга ҳам таълим-тарбия бўлсин учун дедилар: “Эй Умар! Мен ҳам, у ҳам бошқа нарсага муҳтожроқмиз. Сен мени қарзни чиройли адо этишга, уни эса қарзини яхшилик билан сўрашга чақиргин".
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Саънанинг қарзини бериб юборишни ва Умар етказган азият учун қўшимча ҳақ ҳам беришни буюрдилар. Мана шу ҳодиса Зайднинг Исломга кириб, Аллоҳ таоло ғазабидан омон қолишига сабаб бўлди. (Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва Табароний ривоятлари).
Ғазабланган киши иложи борича ўзини тутсин. Ғазабнинг хунук оқибатинию кечиримлиликнинг фазилатини эсга олсин. “Тақводор зотлар яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларни авф этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшиликлар қилувчиларни севади". (Оли Имрон сураси, 134-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ғазабини амалга оширишга қодир бўла туриб, ўзини босган бандани Аллоҳ таоло Қиёмат куни бутун халойиқ олдида чақиради ва унга истаган ҳурини танлаш ихтиёрини беради". (Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривоятлари); “Аллоҳ учун ғазабини ютган банданинг ичи иймон билан тўлдирилади". (Аҳмад ривоятлари). Абу Довуд ривоятида: “Аллоҳ уни омонлигу иймон билан тўлдиради", дейилган.
Ғазаби қайнаган киши “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм" деб, Аллоҳ таолодан паноҳ сўрасин. “Агар сизни шайтоннинг шарри тутса, Аллоҳдан паноҳ сўранг! Албатта У Эшитувчи, Билгувчидир". (Аъроф сураси, 199-оят).
Икки киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида уришиб қолди. Улардан бири ғазабланиб, юзлари қизариб, иккинчисини ҳақорат қиларди.
“Мен бир калимани биламан", - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам - Агар у ушбу калимани айтса, ғазаби тарқалиб кетади: “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ғазаби келган киши дарҳол ҳолатини ўзгартирмоғи лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар қай бирингизнинг ғазаби келса, тик турган бўлса, ўтириб олсин. Агар шунда ҳам ғазаби тарқамаса, ётиб олсин!" (Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари). Чунки тик турган киши ғазабланганда бирон нарса қилиб қўйиши мумкин. Ўтирган ёки ётган киши эса бирон ножўя ҳатти-ҳаракат қилишдан тийилади. Яъни унинг ҳолати бунга йўл қўймайди.
Ғазаб келганда сукут сақлаш керак. Чунки гоҳида кишининг оғзидан чиқаётган гаплар унинг ғазабини баттар алангалатиб юборади ёки қаттиқ афсус-надомат келтиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги сўзни уч бора такрорладилар:
“Агар қайси бирингиз дарғазаб бўлса, сукут қилсин!" (Аҳмад, Термизий ва Абу Довуд ривоятлари).
Ғазабни сўндирадиган воситалардан яна бири таҳоратдир. Маълумки ғазаб ҳароратни кўтаради. Сув эса кишини совутиб, асл ҳолига қайтаради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилаётиб шундай дедилар: “Билингларки, ғазаб одам боласи қалбида ёниб турган чўғдир!" (Аҳмад ва Термизий ривоятлари). Таҳорат ибодатида Аллоҳ таоло зикри мавжуд. Инсондаги ғазабни алангалатиб турувчи шайтон эса ибодат қаршисида ортга чекинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яралган. Агар ғазабингиз келса, таҳорат қилинг!" (Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари).
8. Аллоҳ таоло учун ғазабланиш
Биз юқорида нафс учун бўлган ғазабнинг ёмонлиги ҳақида сўз юритдик. Бироқ Аллоҳ таолони деб, Унинг динини, буйруғу қайтариқларини, соф эътиқодини ва мусулмон биродарларини ҳимоя этиб, дарғазаб бўлиш мақтовли хислатдир. “Улар билан жанг қилинглар, шунда Аллоҳ уларни сизларнинг қўлингиз билан азоблайди, расво қилади ва сизларни уларнинг устига ғолиб этади ҳамда мўмин қавм дилларини қондириб, кўнгилларидаги ғам-андуҳни кетказади". (Тавба сураси, 15-оят).
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чодирларидаги бокира кизлардан-да ҳаёлироқ эдилар. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нарсани ёқтирмасалар, биз буни у кишининг юзларидан билиб олар эдик". (Бухорий ривоятлари). Араблар қизлари учун уйнинг бир бурчагига парда тортиб, жой қилиб берар эдилар. Бокиралар номаҳрамлардан панада ҳаё билан жим ўтирардилар. Бу ерда «чодир» деганда ана ўша жой назарда тутилган.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч ғазаб қилмасдилар. Аммо Аллоҳ таоло белгилаган ҳудуд поймол этилса, у кишининг ғазабига ҳеч нарса туриш беролмасди". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
9. Инсон ғазаб устида қилиб қўйган ишларига ҳам жавоб беради
Киши ғазаб ҳолатида бировнинг қийматли нарсасига зиён етказиб қўйса, тўлайди. Ғазаб пайтида бир жонни қасддан ўлдирса, қасосга рўбарў қилинади. Оғзидан куфр калимаси чиқиб кетса, муртад бўлади. У тавба-тазарру қилмоғи шарт. Ичган қасами ҳам, айтган талоғи ҳам ўтади. Яъни дарғазаблиги унга тўсиқ бўла олмайди.
10. Мусулмон киши ҳамиша фойдали нарсаларни ўрганишга, чиройли мавъизага ва хайрли насиҳатга муҳаббатли бўлмоғи лозим
Кам гапириб, кўп амал қилмоқ ва гўзал намуналарга иқтидо этмоқ фазилатли кишиларнинг одатларидир.
Ўн еттинчи ҳадис
Ҳар бир ишни пухта қилмоқ лозим
عَنْ أَبِي يَعْلَى شَدَّادِ بْنِ أَوْسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "إِنَّ اللهَ كَتَبَ الإِحْسَانَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ، فَإِذَا قَتَلْتُمْ فَأََحْسِنُوا الْقِتْلَةَ، وَإِذَا ذَبَحْتُمْ فَأَحْسِنُوا الذِّبْحَةَ، وَلْيُحِدَّ أَحَدُكُمْ شَفْرَتَهُ وَلْيُرِحْ ذَبِيحَتَهُ". (رواه مسلم).
Абу Яъло Шаддод ибн Авс разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло ҳар бир ишда яхшиликни ёзгандир. Агар қатл қилсангиз, яхши бир тарзда қатл этинг. Агар жонлиқ сўйсангиз, яхши бир тарзда сўйинг. Пичоғингизни ўткирлаб олинг ва жониворга роҳат беринг". (Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Диннинг муҳим асосларидан саналмиш мазкур ҳадис Исломдаги барча вазифаларни пухта ва чиройли суратда адо этишни ўргатади. Зеро, ҳар бир нарса шариат ҳукмига мувофиқ тушмоғи билан гўзалдир. Инсоннинг ҳаётий ишлари: кундалик турмуш тарзи, аҳли оиласию атрофдагилар билан муомаласи ҳамда ухровий амаллари: қалб амали бўлмиш иймон ва аъзолар амали Ислом мукаммал, пухта адо этилса, дунё ва Охират саодатига эришмоқ мумкин бўлади.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Барча машруъ яъни шариат рухсат берган амалларни мукаммал ва чиройли адо этмоқ вожибдир
“Албатта Аллоҳ адолатли ва чиройли амаллар қилишга буюрур". (Наҳл сураси, 90-оят). “Яхшилик қилинг! Албатта Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади". (Бақара сураси, 195-оят).
Буюрилган амалларни бажаришда ҳам, қайтарилган ишларни тарк этишда ҳам, ўзаро муомала-муносабатларда ҳам мукаммалликка интилмоқ лозим. Ана шунда банданинг амали қабул бўлиб, олажак ажру савоби ортади.
2. Қатлни пухта ижро этиш
Шариат ҳукмига биноан ўлимга ҳукм этилганларни қатл қилишда ёки жиҳодда энг енгил услуб билан қатл ижро этилади.
а) Жанг майдонида қотилни қатл этмоқнинг энг енгил усули қилич билан бошни танадан жудо қилмоқдир. “Бас, қачон сизлар кофирлар билан тўқнашганларингизда бўйинларига урингиз-ўлдирингиз". (Муҳаммад сураси, 4-оят).
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусла қилишдан қайтарганлар". (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Мусла - ўлик ёки тирик инсоннинг тана аъзоларини кесиш.
Кофирларга қилмишларига муносиб жавоб қайтариш қабилида мусулмонлар ҳам ўточар ва ёндирувчи қуролларни қўллашлари мумкин. “Бас, ким сизларга тажовуз қилса, сизлар ҳам уларга тажовузлари муқобилида тажовуз қилинг". (Бақара сураси, 194-оят).
Бироқ мусулмонлар ҳеч қачон бундай қуроллар билан одамларни азоблаш ва чалажон қилиб ташлашни ўзларига мақсад қилиб олмайдилар. Баъзи бир кофир давлатлар душман жангчиларини атайлаб чалажон қилиб қолдиришни, ўлдирмасдан ташлаб кетишни тарғиб қиладилар. Чунки ярадор жангчи ўз қўшинига ортиқча юк бўлиб тушади. Бу талончилик ва хунрезлик урушларининг иқтисодий ва нафсий кўринишидир. Ислом ҳеч қачон бундай разилона ҳаракатга йўл қўймайди. У ҳар бир соҳада ишни чиройли ва мукаммал қилишни мақсад қилган.
б) Бир жонни қасддан ноҳақ ўлдирган киши - агар мақтулни мусла қилган бўлса ҳам - қилич билан қатл этилади, мусла қилинмайди. Молик, Шофеий ва Аҳмадлар: “Бундай кимса мақтулни қандай ўлдирган бўлса, ўзи ҳам шундай қатл қилинади", дейишган.
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: “Кумуш тақинчоқ таққан бир жорияни яҳудий кимса тош билан урди. Ҳалиги аёлни чалажон ҳолатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб келишди.
- Сени фалон яҳудий ўлдирдими? - деб сўрадилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Жория бошини кўтарди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан учинчи маротаба сўрадилар:
- Сени фалончи ўлдирдими?
Аёл бошини туширди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша яҳудийни чақиртириб келдилар. Яҳудийнинг боши икки тош орасига қўйиб мажақланди". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Саврий, Абу Ҳанифа ва бир ривоятга кўра Имом Аҳмад ҳам, мақтулни мусла қилган қотил фақат қилич билан ўлдирилади, деб фатво беришган.
Имом Аҳмаддан нақл қилинган учинчи қавлда шундай дейилган: “Қотил мақтулга нисбатан нима қилган бўлса, ўзи ҳам ўша нарсага дучор қилинади. Фақат мақтул ўтда ёқилган ёки мусла қилинган бўлса, қотил қилич билан ўлдирилади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни мусла қилишдан ва ўтда ёқишдан қайтарганлар".
в) Куфр сабабли ўлдириладиган кимсани - унинг аслий кофир ёки муртад бўлишидан қатъиназар - мусла қилиш аксар олимлар наздида макруҳдир.
3. Оловда ёқиб ўлдириш мумкин эмас.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтда ёқишга аввал рухсат бериб, сўнг бундан қайтарганлар". (Бухорий ривоятлари). Аввал изн берилиб, сўнг ман этилиши мазкур ҳукмни янада таъкидлироқ қилиб кўрсатади. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ азза ва жалла азоби билан азобламангиз!" (Бухорий ривоятлари).
XX аср охирларига келиб ёндирувчи снарядлар тақиқланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса бу ҳукмни ўн уч аср муқаддам айтиб кетган эдилар. Устига-устак катта, кучли давлатлар имзолаган битимлар қоғозларда қолиб кетади!
Ҳеч бир жонзот ўтда куйдирилмаслиги лозим. Исломдаги бу ҳукм ҳайвонлару ҳашаротларни ҳам ўз ичига олади. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кетаётиб, ёндириб юборилган чумоли ини олдидан ўтиб қолдик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарғазаб бўлиб, шундай дедилар: “Аллоҳ азза ва жалланинг азоби билан азоблашга одамзоднинг ҳаққи йўқ!" (Аҳмад, Абу Довуд ва Насоий ривоятлари).
Шу боис, аксар уламолар, ҳатто ҳашоратларни ҳам ўтда ёқишни кариҳ санаганлар. Иброҳим Нахаий айтадилар: “Чаённи ўтда куйдириш мусла ҳисобланади". Умму Дардо бургани ўтда куйдиришдан қайтарганлар. Имом Аҳмад айтадилар: “Тирик балиқ ўтда қовурилмайди. Чигиртканинг ҳукми енгилроқ. Чунки унда қон йўқ".
4. Ҳайвонларни боғлаб қўйиб, сўнг уларни ўқ ёки бошқа нарса отиб ўлдириш мумкин эмас.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чорва ҳайвонларни бундай усулда ўлдиришдан қайтарганлар". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ибн Умар разияллоҳу анҳу бир тўп кишилар олдидан ўтдилар. Улар товуқни боғлаб қўйиб, ўққа тутаётган эдилар. “Ким бундай қилди? - деб сўрадилар Ибн Умар разияллоҳу анҳу. - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу ишни қилганларни лаънатлаганлар!" (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
5. Жонли нарсадан нишон сифатида фойдаланиш мумкин эмас
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам отишдан - ҳайвонни отиб, сўнг ейишдан қайтардилар. Ҳайвон сўйилади. Ундан кейин агар хоҳласалар, отаверишсин". (Имом Аҳмад ривоятлари).
6. Ҳайвонларни шариатга мувофиқ чиройли тарзда сўймоқ лозим
Исломда жонлиқ сўйишнинг ўз одоблари мавжуд бўлиб, улар мулойимлик ва мукаммалликнинг ажойиб мажмуидир.
Қассоб ҳайвонни қийнаб қўймаслик учун аввал пичоғини обдон ўткирлаб олмоғи керак. Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пичоқни ўткирлашни ва уни ҳайвондан яширишни буюрдилар: “Агар қай бирингиз жонлиқ сўйса, тайёргарлик кўриб олсин!" - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари).
Сўйиладиган ҳайвонга юмшоқ муомалада бўлиш ҳам мазкур одоблар сирасига киради. Жонивор сўйиладиган жойга аста етаклаб келинади. Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят: Бир киши қўйнинг қулоғидан ушлаб тортарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ёнидан ўтиб қолдилар: “Қўйнинг қулоғини қўйиб юбориб, бўйнидан ушла!" - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Ибн Можа ривоятлари).
Имом Аҳмад айтадилар: “Сўйилишга олиб кетилаётган ҳайвон аста етакланади. Ҳайвонга пичоқ фақат сўйилаётган пайтда кўрсатилади. Унгача пичоқ яшириб турилади".
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайвонни сўйганда терисини кесиб, бўйин томирини узмай қўйишдан ҳам қайтарганлар". (Ибн Можа ривоятлари).
Шунингдек, ҳайвонни бошқа жониворлар олдида сўймаслик, сўяётганда қиблага қаратиб, Аллоҳ номини тилга олиб, Унинг неъмати-марҳаматини эътироф этиш, сўнг то жони чиқиб кетгунга қадар тегинмай туриш мустаҳабдир. Ҳеч вақт ҳайвон устига ортиқча юк юкланмаслиги лозим. Миниладиган ҳайвонни фақат эҳтиёж бўлганда мининг. Жониворнинг сути соғиб олинаётганда боласига зарар етказмайдиган миқдорга риоя этмоқ керак.
7. Юқоридаги ҳадис Исломнинг улкан асослари каторига қўшилади. Зеро, у ҳар бир ишни шариат буюрганидек чиройли ва мукаммал адо этишга чақиради.
Ўн саккизинчи ҳадис
Аллоҳ таолодан қўрқиш ва ҳусни хулқ
عَنْ أَبِي ذَرٍٍّ جُنْدُبِ بْنِ جُنَادَةَ وَأَبِي عَبْدِ الرَّحْمَنِ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "اتَّقِ اللهَ حَيْثُمَا كُنْتَ، وَأَتْبِعِ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَةَ تَمْحُهَا، وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ". (رواه الترمذي وقال: حديث حسن. وفي بعض النسخ: حسن صحيح).
Абу Зар - Жундуб ибн Жунода разияллоҳу анҳу ва Абу Абдурраҳмон Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳдан тақво қил! Ёмонлик ортидан бир яхшилик қилгинки, уни ўчириб юборади. Одамлар билан чиройли хулқ ила муомалада бўлгин". (Термизий ривоятлари).
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Ҳадис тарихи
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зар Ғифорий ва Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳумога насиҳат қилиб, юқоридаги сўзларни айтганлар. Мазкур воқеа бир қанча йўллар ва турлича муносабатлар билан зикр этилган.
1. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётиб шундай деганлар:
- Эй Муоз! Аллоҳдан қўрққин! Одамларга гўзал хулқ билан муомалада бўлгин. Агар бирон ёмон иш қилиб қўйсанг, ортидан бирон яхшилик қилгин.
- Ё Расулуллоҳ! - деб сўрадим мен, - “Ла илаҳа иллаллоҳ" (дейиш) ҳам ҳасанотларданми?
- У энг улуғ ҳасанотлардан! - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Ибн Абдулбар ривоятлари).
2. Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга дедим:
- Ё Расулуллоҳ! Менга шундай бир амални ўргатингки, у мени жаннатга яқинлаштириб, жаҳаннамдан узоқлаштирсин.
- Агар бир ёмон иш қилиб қўйсанг, ортидан яхши амал қилиб қўйгин. Зеро, яхши амал ўн баробар мисли билан ёзилади.
- Ё Расулуллоҳ! “Ла илаҳа иллаллоҳ" ҳам ҳасанотларданми?
- У энг яхши ҳасанотлардандир! (Аҳмад ривоятлари).
2. Инсон ер юзида мукаррам халифадир
Аллоҳ таоло инсонни яратди ва унга беҳисоб неъматлари билан фазлу карам кўрсатди. Одамлар орасидан Пайғамбарлар чиқариб, уларга самодан ваҳий туширди. Аллоҳ Расуллари инсонларга қуйидагиларни уқтирдилар:
· Ҳеч қачон Аллоҳ таолога ширк келтирмасдан, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилингиз!
· Аллоҳ буюрган ишларни амалга оширингиз! У Зот қайтарган нарсаларга яқин йўламангиз!
· Ҳамиша яхши амаллар қилишга интилингиз! Мункар ишлардан тийилингиз!
· Ҳар бирингиз инсоният бахт-саодати йўлида ҳаракат қилингиз!
· Ўзаро аҳил-иноқ яшангиз! Бир-бирларингизга беминнат ёрдам қўлини чўзингиз!
· Покиза табиат, ширин калом ва гўзал хулқ ила зийнатланингиз!
Ана шунда шахс ҳам, жамият ҳам бахтли ҳаёт кечиради. Дунёю Охират яхшилигига эришади ва Одам алайҳиссаломнинг муқарраб (Аллоҳга яқин) фаришталардан хосланган хусусияти - инсоннинг ердаги халифалиги қарор топади. “Эсланг, Биз фаришталарга: Одамга сажда қилинг, дейишимиз билан улар саждага эгилдилар". (Бақара сураси, 34-оят).
3. Боқий насиҳат
Икки улуғ саҳобийнинг бизга қилган туҳфаси нечоғлик гўзал ва қимматли! Улар ҳабиблари ва мураббийлари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан хос насиҳат эшитдилар. Дунёю Охират саодатига бошловчи ушбу хайрли насиҳат кейинчалик бутун Ислом уммати учун мангу мавъиза ва йўлланма бўлиб қолди. Мазкур насиҳат Ҳақ таоло ҳуқуқларини ўз ичига олиб, бандалар ҳақларини ҳам ҳимоя этиб туради.
4. Тақво нажот йўлидир
Юқоридаги ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолодан тақво қилишга чақирадилар. Чунки у яхшиликни ўзида жамловчи, ёмонликдан қайтарувчи хислатдир. Мўминлар айнан тақво сабабли Аллоҳ таоло нусрати ва мададига ҳақли бўладилар: “Албатта Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилувчи зотлар билан биргадир". (Наҳл сураси, 128-оят).
Пок Парвардигор тақво эгаларига чиройли ризқ ва бало-офатлардан омонлик ваъда этган: “Ким Аллоҳдан қўрқса, У Зот унинг учун ташвишлардан чиқар йўлни пайдо қилур ва уни ўзи ўйламаган тарафдан ризқлантирур". (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).
Аллоҳ таоло Ўзининг тақволи бандаларини душманлар макр-ҳийлаларидан омон сақлайди: “Агар сабр ва тақво қилсангиз, уларнинг макрлари сизларга ҳеч қандай зарар қила олмайди". (Оли Имрон сураси, 120-оят).
Аллоҳ Ўзидан қўрқадиган бандага албатта раҳм қилади: “Аллоҳ деди: Азобимни Ўзим хоҳлаган кимсага етказурман. Раҳматим-меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақво қиладиган, закотни берадиган зотларга ва оятларимизга иймон келтирувчи бўлган кишиларга ёзурман". (Аъроф сураси, 156-оят).
Аллоҳ таолодан тақво қилмоқ чин бандаликдир. У Зот тақво сифати ила безанган қулларини мағфират этади: “У (Аллоҳ) тақво эгасидир (яъни бандалари Ундан тақво қилишлари-қўрқишлари лозимдир) ва (У тақво қилувчи бандалари учун) мағфират Эгасидир". (Муддассир сураси, 56-оят).
Тақводор зотлар Охиратда олий мақомларга эришадилар: “Албатта тақводор зотлар жаннатларда ва дарёларда қодир Подшоҳ ҳузуридаги рози бўлинган ўринда бўлурлар". (Қамар сураси, 54-55-оятлар).
Тақвонинг фазли ва унинг улкан самаралари хусусида яна бир қанча оят-ҳадисларни келтириб ўтиш мумкин. Инчунун, тақвонинг мўминлар йўли ва Набийлар хулқига айланиши одатий ҳолдир. “Ана ўша зотларгина Аллоҳ ҳидоят қилган кишилардир. Бас, ўшаларнинг йўлларигагина эргашинг". (Анъом сураси, 90-оят).
Аллоҳ таоло бандаларининг аввалгиларини ҳам, охиргиларини ҳам тақвога буюради. Зеро ким тақвони лозим тутса, зафар қучади. Ундан юз ўгирган кимсалар эса ҳалокатга маҳкумдирлар! “Биз сизлардан илгари китоб берилган зотларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳдан қўрқинглар деб амр қилдик. Агар кофир бўлиб кетсангизлар, бас, осмонлардаги ва ердаги бор нарса Аллоҳникидир! Аллоҳ беҳожат ва мақтовга сазовор бўлган Зотдир!" (Нисо сураси, 131-оят).
5. Тақво моҳияти
Тақво Ислом олиб келган ақида, ибодат, муомала ва хулқ каби асосларни ўзида мужассам этган ва шу билан бирга айрим нарсаларни ман этувчи калимадир. “Юзларингизни машриқ ва мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, Охират кунига, фаришталарга, китобларга, Пайғамбарларга иймон келтирган, ўзи яхши кўра туриб молини қариндош-уруғларига, етим-есирларга, мискин-бечораларга, йўловчи-мусофирларга, тиланчи-гадоларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни берадиган киши, аҳдлашганларида аҳдларига вафо қилувчилар ва хусусан оғир-енгил кунларда ва жангу жадал пайтида сабр-тоқат қилувчилар яхши кишилардир. Ана ўшалар чин иймонли инсонлардир, ана ўшалар асл тақводорлардир". (Бақара сураси, 177-оят).
Демак, тақво дегани қуруқ даъво эмас экан. Уни Аллоҳ таоло йўлида мунтазам амал қилиш ва маъсиятларни қатъий суратда тарк этиш деб тушунмоғимиз лозим. Салафи солиҳлар тақвони қуйидагича баён қилишган: “Аллоҳга ҳамиша итоат этмоқ. Асло исён-маъсиятга яқинлашмаслик. Парвардигор зикри-ёди билан юрмоқ. Ҳаргиз уни унутмаслик. Мудом Аллоҳга шукр қилмоқ. Ҳеч вақт куфр кўчасига кирмаслик".
Солиҳ инсонлар тақвони чин маънода тушунганлар ва барча-барча ҳолатларида унга тўла-тўкис амал қилганлар. Зеро, улар Парвардигорнинг қуйидаги нидосига ҳар доим лаббай деб жавоб беришарди: “Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингизда дунёдан ўтинглар". (Оли Имрон сураси, 102-оят).
6. Комил тақво
Шубҳали нарсалардан йироқ юриш киши тақвосининг комиллигини билдиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Шубҳали нарсалардан сақланган киши дини ва номусини сақлабди!" (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳаромга аралашиб қолишдан қўрқиб, ҳатто мубоҳ-мумкин нарсаларни ҳам тарк этмоқ юқоридаги ҳадис мазмунидан тушунилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банда зиёнли (ҳаром) нарсалардан қўрқиб, ҳеч бокиси йўқ (мубоҳ) нарсаларни ҳам тарк этмагунга қадар, тақводорлардан бўла олмайди". (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).
Ҳасан Басрий айтадилар: “Тақво сифати тақводор зотларда давом этиб, ҳатто ҳалол нарсаларни ҳам тарк этишларига тўғри келган".
7. Банда қандай қилиб тақводор бўлади?
Мусулмон фарзанди ҳақиқий тақводор зотлар сафига қўшилиши учун аввало динини яхши билмоғи лозим. Чунки у Исломни яхши билмай туриб, нималардан тақво қилиши кераклигини билолмайди. “Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларигина қўрқур!" (Фотир сураси, 28-оят).
Жоҳил-оми киши нима вожибу нима ҳаромлигини ажрата олмай қолади. Шу боис, илм олиш энг афзал ибодатлардан саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Олимнинг обиддан устунлиги худди менинг энг қуйиларингизга нисбатан устунлигим кабидир". (Термизий ривоятлари). “Ким илм излаб йўл юрса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди". (Муслим ривоятлари). “Аллоҳ таоло кимга яхшиликни хоҳласа, уни динни тушунадиган қилиб қўяди". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
8. Аллоҳга тавбалар этмоқ ва хайрли амаллар қилишга шошилмоқ тақводор мўминлар хулқидандир
Инсон баъзида унутиб ёки ғафлат босиб, гоҳо нафсининг сўзига юриб ёхуд шайтон васвасасига учиб, бирон гуноҳга қўл уриб қўяди. Бундай ҳолатда тақво эгалари гуноҳларини билган заҳоти Аллоҳ таолога тавба-тазарру қилишга ва У Зотдан истиғфор сўрашга ошиқадилар. Пок Парвардигор ўзининг тақводор бандаларини Қуръони каримда қуйидагича тавсифлайди: “Улар қачон бирон-бир фаҳш ишни қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрайдиган - ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур - билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир". (Оли Имрон сураси, 135-оят). “Тақво қилувчи зотларни қачон шайтон томонидан бирон васваса ушласа, Аллоҳни эслайдилар, бас, ўшанда улар ҳақни кўра бошлайдилар". (Аъроф сураси, 201-оят).
Аллоҳ таолога тавбалар қилган тақводор мўмин қилиб қўйган гуноҳини ювиш учун дарҳол хайрли амаллар қилишга киришади. У Аллоҳнинг қуйидаги ваъдасига аниқ ишонади: “Албатта ҳасанотлар ёмонликларни кетказади". (Ҳуд сураси, 114-оят). У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ёмонлик-маъсият ортидан яхши-савобли амал қилгин: уни ўчириб юборади!" деган сўзларига ижобат этади.
9. Тоат-ибодат нури маъсият зулматларини йўқ қилади
Намоз, рўза, закот, ҳаж ва жиҳод каби солиҳ амалларни мунтазам қилиб бориш кишидан содир бўлган гуноҳларни ювиб кетади. Бу ҳақда жуда кўп ҳадислар ворид бўлган. Қуйида уларнинг баъзиларини келтириб ўтамиз:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимки иймон билан ва Аллоҳдан савоб умид этган ҳолда Рамазон рўзасини тутса, унинг ўтган барча гуноҳлари мағфират қилинади". (Бухорий, Муслим ривоятлари);
- Сизларга Аллоҳ таоло унинг сабабидан хатоларни ўчирадиган ва даражаларни кўтарадиган нарсани айтиб берайми?
- Ҳа, ё Расулуллоҳ! - дейишди саҳобалар.
- Қийин ҳолатларга қарамай, таҳоратни комил олмоқ, масжидларга кўп қадам қўймоқ ва намоздан сўнг кейинги намозни кутмоқ! (Муслим ривоятлари);
“Ким мана бу уйга ҳаж қилиб, бепарда сўзлардан ва гуноҳ амаллардан ўзини тийса, худди онадан янги туғилгандек гуноҳларидан фориғ бўлади". (Бухорий, Муслим ривоятлари).
Тоат-ибодатларнинг гуноҳларга каффорат бўлиши хусусида Қуръони каримда ҳам оятлар мавжуд.
10. Гуноҳи кабираларнинг каффорат этилиши учун тавба шартдир
Ҳасанотлар, яъни яхши амаллар кичкина гуноҳларга каффорат эканлиги уммат орасида билиттифоқ қарор топган ҳақиқат. Аммо қилувчисига Аллоҳ таоло аламли азоб ваъда этган гуноҳлар: ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш, судхўрлик, ароқ ичиш каби гуноҳи кабиралар ўчирилиши учун албатта тавба-тазарру шартдир. “Мен тавба қилган ҳамда иймон келтириб яхши амаллар қилган, сўнгра тўғри йўлга юрган кишиларни албатта мағфират қилгувчидирман". (Тоҳо сураси, 82-оят).
Бандаларнинг ҳақ-ҳуқуқларига тааллуқли бўлмаган ўринларда шу нарсага умид қилинади. Бироқ бандалар ҳаққига тегишли саналган ўғрилик, талончилик ва бировни ўлдириш каби гуноҳларда гуноҳкор аввало мазлумлар ҳаққини адо этиши ёхуд уларнинг кечиб юборишларига эришиши шарт. Ана шундан кейингина тавбанинг қабул бўлишига умид қилиш, ҳаттоки ёмонликларнинг яхшиликларга айлантириб берилишига умид боғлаш мумкин. “Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас, Аллоҳ таоло ана ўшаларнинг гуноҳларини савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон бўлган Зотдир". (Фурқон сураси, 70-оят).
Киши мазлумнинг ҳаққини адо этмаса ёки унинг кечиб юборилишига эриша олмай қолса, Қиёмат кунида қилмишига яраша жавоб олади. Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мўминлар дўзахдан халос бўлишгач, жаннат билан дўзах оралиғидаги кўприкка қамаладилар. Улар шу ерда дунёда ўтказган зулмлари учун ўзаро ҳисоб-китоб қилиб оладилар. Сўнгра покланиб - ораста бўлган мўминларга жаннатга киришга изн берилади". (Бухорий ривоятлари).
Аллоҳ таоло бандаларига фазлу марҳамат этди. Агар инсоннинг кичкина гуноҳлари бўлмаса, унинг солиҳ амаллари гуноҳи кабиралардан кичкина гуноҳлар миқдоридаги қисмини енгиллатади. На катта ва на кичкина гуноҳга қўл урмаган банда эса Аллоҳ таолодан зиёда ажру савоблар олади.
11. Ахлоқ-одоб инсоний тараққиёт асосидир
Юқоридаги ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга шахс ҳаётини ҳам, жамият ҳаётини ҳам бирдек ўнглайдиган омилларни бир-бир кўрсатиб ўтдилар. Яъни сиз одамлар билан чиройли муомалада бўлинг. Бировларнинг сизга қандай муносабатда бўлишини истасангиз, ўзингиз ҳам ўзгаларга шундай муомала қилинг. Ана шунда сиз - мусулмон фарзанди яхшиларнинг дўстига айланасиз. Сиз одамларни яхши кўрасиз, улар ҳам сизни яхши кўрадилар. Сиз одамларни иззат-икром қиласиз, улар ҳам сизга ҳурмату эътибор кўрсатадилар. Сиз одамларга яхшилик қиласиз, улар ҳам сизга яхшилик билан жавоб берадилар. Ана шунда жамиятдаги ҳар бир шахс ўз вазифасини қониқиш ва камоли садоқат билан адо этади. Ҳаёт ўз изига тушади, инсоний қадриятлар сақланиб қолади, ҳақиқий маданият бўй кўрсатади.
Ислом ахлоқ-одобнинг инсон ҳаётида нечоғлик муҳим ўрин эгаллашини тўғри эътироф этгани боис, унга кўп эътибор беради. Қуйида фикримиз далили сифатида ушбу мавзуга доир оят ва ҳадисларни келтириб ўтамиз:
“Кечиримли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг". (Аъроф сураси, 199-оят);
“Ёмонликни энг гўзал сўз билан даф қилинг! Шунда баногоҳ, сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-қалин дўст каби бўлиб қолур". (Фуссилат сураси, 34-оят);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Сизларнинг Аллоҳга энг суюклиларингиз ва Қиёмат кунида менга энг яқин бўладиганларингиз ҳақида хабар берайми?
- Ҳа! - деб жавоб беришди саҳобалар.
- Гўзал хулқлиларингиз! (Ибн Ҳиббон ривоятлари);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Энг иймони комил мўмин хулқи гўзал бўлган мўминдир!" (Термизий ва Абу Довуд ривоятлари);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизларнинг яхшиларингиз гўзал хулқлиларингиздир". (Абу Довуд ва Аҳмад ривоятлари).
Гўзал хулқ хусусида яна бир қанча оят ва ҳадисларни санаб ўтиш мумкин. Биз келтирган далилларимизга қуйидаги саҳиҳ ривоятни хулоса сифатида эслаб ўтмоқчимиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мен гўзал ахлоқларни камолига етказиш учунгина юборилдим!" (Ҳоким ва Байҳақий ривоятлари. Бухорий бу ҳадисни “Ал-адаб ал-муфрад"да ривоят қилганлар).
12. Ҳусни хулққа қандай эришилади?
Киши гўзал хулқларни аста-секин ўзлаштириб бориши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз разияллоҳу анҳуга дедилар: “Одамларга нисбатан хуш хулқли бўлгин!" Бошқа бир лафзда эса: “Имкон қадар хулқингни гўзал қилгин!" дейилган.
Хўш, ҳусни хулққа қандай эришилади?
Аввало Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хулқларидан ўрнак олиш орқали ҳусни хулқ юзага чиқади. “Сизлар учун Аллоҳнинг Пайғамбарида гўзал намуна бордир". (Аҳзоб сураси, 21-оят). Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам юксак хулқ эгаси бўлганлар. Аллоҳ таоло айтганидек: “Албатта сиз улуғ хулқ устидадирсиз!" (Қалам сураси, 4-оят).
Разил ва тубан кимсалардан йироқ юриб, ҳамиша тақводор, фозил ва гўзал хулқли яхши одамлар суҳбатида бўлиш ҳам киши хулқига ижобий таъсир кўрсатади. “Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорларининг юзини-розилигини истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, улардан кўзларингиз четлаб ўтмасин! Ва Биз қалбини Бизни зикр қилишдан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!" (Каҳф сураси, 28-оят).
13. Гўзал хулқлар
Қариндош-уруғлар билан яхши муомалада бўлиш, силаи раҳм, кечиримлилик, бағрикенглик ва қўли очиқлик каби хислатлар мақтовли хулқлар таркибига киради. Уқба ибн Омир Жуҳаний разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Эй Уқба! Сенга дунёю Охират аҳлининг энг афзал ахлоқи хусусида хабар берайми? Сендан алоқасини узган одам билан алоқангни тикла. Сени маҳрум этган кимсага сен инъом эт. Сенга зулм ўтказганни афв эт". (Ҳоким ривоятлари). Имом Аҳмад ривоятларида: “Сени ҳақорат қилган кимсани кечириб юбор", - дейилган.
Бировларга азият етказмаслик, одамлар ҳақида ёмон гумон қилмаслик, ҳалимлик, камтарлик, меҳрибонлик ва очиқ юзлилик ҳам ҳусни хулқ доирасидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Биронта хайрли ишни ҳақир-арзимас санаманг. Ҳатто биродарингизга очиқ юз билан йўлиқишни ҳам!" (Муслим ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банда ёмонликдан тийилсин. Зеро, мана шу нарса унинг учун садақадир". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Одамлар билан чиройли муносабатда бўлиш ва гўзал хулқ-атвор комил иймонли, тақводор зотлар сифатидир.
Ёмонлар даврасига - модомики, улар яхшиликка бўйсунмас ва ёмонликдан қайтмас эканлар - асло яқин йўламанг. Чин тақво эгалари маъсият аҳлини ҳеч вақт дўст тутмаганлар.
Ўн тўҚҚизинчи ҳадис
Аллоҳ таоло ҳифзу ҳимояси, мадади ва нусрати
عَنْ أَبِي الْعَبَّاسِ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كُنْتُ خَلْفَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمًا، فَقَالَ: "يَا غُلامُ، إِنِّي أُعَلِّمُكَ كَلِمَاتٍ: احْفَظِ اللهَ يَحْفَظْكَ، احْفَظِ اللهَ تَجِدْهُ تُجَاهَكَ، إِذَا سَأَلْتَ فَاسْأَلِ اللهَ، وَإِذَا اسْتَعَنْتَ فَاسْتَعِنْ بِاللهِ، وَاعْلَمْ أَنَّ الأُمَّةَ لَوِ اجْتَمَعَتْ عَلَى أَنْ يَنْفَعُوكَ بِشَيْءٍ لَمْ يَنْفَعُوكَ إِلا بِشَيْءِ قَدْ كَتَبَهُ اللهُ لَكَ، وَإِنِ اجْتَمَعُوا عَلَى أَنْ يَضُرُّوكَ بِشَيْءٍ لَمْ يَضُرُّوكَ إِلا بِشَيْءٍ قَدْ كَتَبَهُ اللهُ عَلَيْكَ، رُفِعَتِ الأَقْلامُ وَجَفَّتِ الصُّحُفُ". (رواه الترمذي و قال: حديث حسن صحيح).
وَفِي رِواية غير الترمذي: "احْفَظِ اللهَ تَجِدْهُ أَمَامَكَ، تَعَرَّفْ إِلَى اللهِ فِي الرَّخَاءِ يَعْرِفْكَ فِي الشِّدَّةِ، وَ اعْلَمْ أَنَّ مَا أَخْطَأَكَ لَمْ يَكُنْ لِيُصِيبَكَ، وَمَا أَصَابَكَ لَمْ يَكُنْ لِيُخْطِئَكَ، وَاعْلَمْ أَنَّ النَّصْرَ مَعَ الصَّبْرِ، وَأَنَّ الْفَرَجَ مَعَ الْكَرْبِ، وَأَنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا".
Абу Аббос Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларидан уловларига мингашиб кетардим. “Эй бола!" - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. “Мен сенга бир неча калималарни ўргатаман: Аллоҳнинг ҳақларини сақлагин - У Зот сени сақлайди. Аллоҳнинг ҳақларини сақла - Уни қаршингда топасан. Агар сўрасанг, Аллоҳдан сўра. Агар кўмак тиласанг, Аллоҳдан тила. Билгинки, бутун уммат сенга бир манфаат етказмоқ учун жамлансалар ҳам, фақат Аллоҳ таоло сен учун ёзиб қўйган манфаатни етказа оладилар. Агар улар сенга бир зарар бермоқ қасдида тўплансалар ҳам, фақат Аллоҳ сенга ёзиб қўйган зарарнигина бера оладилар. Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриб бўлган". (Термизий ривоятлари. Ҳасан-саҳиҳ ҳадис).
Яна бир ривоятда шундай дейилган: “Аллоҳнинг ҳақларини сақла - Уни қаршингда топасан. Ёруғ кунларингда Аллоҳни танигин - оғир кунларингда У Зот сени танийди. Билгинки, нима сени четлаб ўтган бўлса, унинг сенга тегиши (тақдирда) йўқ эди. Сенга етган нарсанинг (тақдири азалда) сени четлаб ўтиши йўқ эди. Билгинки, албатта ғалаба сабр билан, ёруғлик-ечим машаққат билан қўлга киритилади, шубҳасиз, оғирлик билан бирга енгиллик ҳам келур".
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Ибн Ражаб Ҳанбалий ёзадилар: “Мазкур ҳадис Исломнинг энг муҳим умумий қоидаларини ва улуғ насиҳатларини ўзида жамлаган. Ҳатто уламолардан бири бундай деган эдилар: “Ушбу ҳадис устида фикр юритиб, хангу манг бўлиб қолдим. Ўзимни йўқотиб қўйишимга бир баҳя қолди. Эвоҳким, мазкур ҳадис маъноларини биз ҳали ҳам тўла-тўкис англаб етмаганмиз ёхуд ундан мутлақо ғофилмиз!"
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммат тарбиясига қаттиқ эътибор берганлар
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминлар қалбида, хусусан уларнинг ёшлари қалбида соғлом ақида ниҳолини ўтқазишга ташна бўлганлар. “Ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл топишингизга) ҳарис-ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир Пайғамбар келди-ку". (Тавба сураси, 128-оят).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакиларининг ўғли Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳуга юқоридагидек насиҳатлар қилдилар. Ушбу насиҳатлар таъсирида банда ўзини ўнглаб олади. Ҳамиша, ҳамма нарсада ёлғиз Парвардигорга суянадиган мағрур ва қўрқмас инсонга айланади. Бундай инсонни турли вазиятлар ҳар кўйга сололмайди. У хавф-хатарлар қаршисида тиз чўкмайди. Энди у одамларнинг маломатидан қўрқмасдан ҳақни баралла айтади. Зеро, ер юзида бирон нарса Парвардигори изнисиз амалга ошмаслигини билган, Аллоҳ таоло ҳукмисиз ҳеч ким на зарар ва на фойда беролмаслигини ич-ичидан англаб етган чин мўминнинг бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.
2. Қимматли ўгит беришнинг ҳикматли услуби
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу насиҳатни кай тарзда эшитганларини бизга ҳикоя қилаяптилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу улуғ ҳикматни сўзлашдан олдин “Эй бола!" деб тингловчининг эътиборини ўзларига қаратдилар. Сўнг насиҳат унинг дилига ўрнашиб қолиши учун яна бир бор таъкидладилар: “Мен сенга бир неча калималарни ўргатаман!"
Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз насиҳатларини қисқа ва лўнда калималарда ифодаладилар. Бироқ айнан мана шу қисқа сўзлар замирида фикрни чархлайдиган, иймонни кучайтирадиган, улкан асосларга тегишли тоғ-тоғ маънолар ётарди.
3. Аллоҳни ёд этгин, Аллоҳ ҳам сени асрайди
Аллоҳ таоло буйруқларига тўла бўйсунинг, У Зот белгилаб қўйган ҳақ-ҳуқуқларга асло дахл қила кўрманг. Фарзларни адо этишда ҳеч қачон бепарволик қилманг. Аллоҳ қайтарган ҳаром ишлардан йироқ юринг. Ўзингиз билан мункар амаллар ўртасига парда тортинг. Ана шунда сиз Аллоҳ таоло ҳифзу ҳимоясига гувоҳ бўласиз. Пок Парвардигор дину эътиқодингизни бузилишдан, нафсингизни залолат ботқоғига тушиб қолишдан асрайди. Сизни инсу жиндан иборат шайтонлардан, ёвуз махлуқлардан ҳимоя этади. Озор-азиятлар нишонига айланмайсиз. На сизга ва на ортингиздан эргашган аҳли оилангиз, яқинларингизга ҳеч кимса дахл қила олмайди. “Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилувчи фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар". (Раъд сураси, 11-оят).
Аллоҳ таоло тақводор бандаларининг зурриётларини ҳам балою офатлардан асрайди: “Уларнинг оталари солиҳ киши эди". (Каҳф сураси, 82-оят).
Агар сиз дунёда Аллоҳнинг буйруқларига тўлиқ бўйсуниш билан У Зотни ёд этиб юрсангиз, Пок Парвардигор Охиратингизни хайрли этади, кенглиги осмонлару ер баробарида бўлган тақводорлар манзили - жаннатга киргизади. “Парвардигорингиз томонидан бўлган мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган, эни осмонлар ва ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз". (Оли Имрон сураси, 133-оят). “Уларга: “Мана шу неъматлар сизларга - ҳар бир Аллоҳга қайтувчи, аҳдини сақлагувчи, шунингдек, Раҳмондан ғойибона қўрққан ва тавба этувчи қалб билан келган кишиларга ваъда қилинаётган нарсалардир. Унга (яъни жаннатга) тинч-омон кирингиз! Бу кун мангу қоладиган Кундир", - дейилур. Улар учун у жойда хоҳлаган нарсалари бордир. Ва яна Бизнинг даргоҳимиздаги қўшимча инъомлар ҳам бордир". (Қоф сураси, 32-35-оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига Аллоҳ таолодан ҳифзу ҳимоят сўрашни ўргатар эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳуга ухлаш олдидан қуйидагича дуо қилишни буюрдилар: “Парвардигоро! Агар жонимни олсанг, унга раҳм этгин! Агар қўйиб юборсанг, уни солиҳ бандаларингни асраганингдек асрагин!" (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар разияллоҳу анҳуга ушбу дуони ўргатдилар: “Парвардигоро! Мени турган ҳолимда Ислом билан асрагин. Ўтирган ҳолимда Ислом билан асрагин. Уйқудалигимда Ислом билан асрагин. Ҳеч бир душман ва на ҳасадчини менга мусибат бериш билан қувонтирма!" (Ибн Ҳиббон ривоятлари).
4. Аллоҳ таоло нусрати ва мадади
Ким Аллоҳнинг ҳудудларига риоя қилса, Аллоҳ таоло у билан бирга бўлади, уни қўллаб-қувватлайди, ҳимоя қилади, ўнглайди ва яхшиликка муваффақ этади. Зулмат қанчалик қуюқлашмасин, аҳвол нечоғлик оғир ва мураккаб бўлмасин, Аллоҳнинг ҳақиқий тақводор бандалари ўзларининг Ҳомийлари, Қўриқчилари ва Мададкорлари билан биргадирлар. “Зотан Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилувчи зотлар билан биргадир". (Наҳл сураси, 128-оят). Қатода айтадилар: “Ким Аллоҳдан тақво қилса, Аллоҳ у билан бирга бўлади. Ким билан Аллоҳ бирга бўлса, демак у билан енгилмас гуруҳ, мудроқ босмас қўриқчи ва ҳеч адашмайдиган йўлбошчи бирга экан".
Аллоҳ таолонинг нусрати Унинг буйруқларга бўйсуниш ва мункар ишлардан тийилиш билан чамбарчас боғлиқдир. Ким Аллоҳга итоат этса, Парвардигори уни ғолибу азиз қилади. Ким Яратганга осий бўлса, хорлик ботқоғига ботади. “Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз, У Зот ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит қилур". (Муҳаммад сураси, 7-оят). “Агар сизларга Аллоҳ ёр бўлса, ҳеч ким сизлардан ғолиб бўлмас. Ва агар сизларни ёрдамсиз қўйса, Ундан ўзга ҳеч бир зот ёрдамчи бўлмас. Иймон келтирган зотлар Аллоҳнинг Ўзигагина суянсинлар!" (Оли Имрон сураси, 160-оят).
5. Ёшликни ғанимат бил!
Йиғитлик даврида Аллоҳ таоло ҳукмига тўла-тўкис бўйсуниб, У Зотнинг ҳудудларини сақлаган-риоя этган инсонни кексайиб, кучдан қолган пайтида Аллоҳ сақлайди. Унинг ақлини, кўзидан нурни, қулоғидан эшитишни олиб қўймайди. Қиёматда эса мукаррам манзилга дохил қилади. Ҳеч қандай соя йўқ пайтда Аршининг соясидан баҳраманд этади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Етти тоифа кишини Аллоҳ таоло ўз соясидан ўзга соя бўлмайдиган кунда соясига олади: Одил раҳбар, Аллоҳ азза ва жалланинг ибодатида улғайган ўсмир..." (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Эҳтимол, айнан мана шу хислат сабабли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакиларининг ўғилларига юқоридаги насиҳатни айтгандирлар. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу ўша кунлари ёш бола эдилар. Токи мана шу ёш ниҳол ўзининг жўшқинлик пайтини, ёшлик шижоатини ғанимат билсин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари барча муборак каломлари каби айни ҳақиқатдир: “Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат бил: кексаликдан олдин ёшликни..." (Ҳоким ривоятлари).
Хусусан, ёшлар уммат келажаги, унинг орзу-умиди ҳисобланади. Ҳақ ва адолат уларнинг елкалари узра қоим бўлади. Умматнинг қайнаб турган кучларини йўлдан уриш ниятида ботил аҳли турли найранглар кўрсатади. Шу боис ҳам, ўсиб келаётган авлод доимий эътибор ва назоратга муҳтождир. Токи улар инсонлар ва жинлардан иборат шайтонлар қаршисида ўзларини йўқотиб қўймасинлар.
6. Аллоҳ таолонинг шокир бандалари У Зот марҳамати ва нусратига муносибдирлар
Аллоҳнинг фазлу марҳаматини ҳис этиб, Унга шукроналар айтадиган, ҳамиша шариат кўрсатмаларига мувофиқ ҳаракат қиладиган ва Парвардигори ҳақларига риоя этадиган шокир бандалар Аллоҳ таоло ҳифзу ҳимоясига, У Зот нусратию мададига лойиқдирлар. Чин тақводор инсонлар нафс алдовларию шаҳват аврашларига бўйсунмайдилар. Улар Аллоҳ таоло неъматларини фақат У Зот розилиги йўлида тасарруф этиб, Парвардигордан ҳамиша ҳақ йўлда собит қилишини сўрайдилар. Зиёда шукрлари сабабли Аллоҳ фазлу марҳамати улардан тўхтамайди. Ҳақиқий мўмин ўзининг ҳар лаҳза Улуғ ва Беҳожат хожасига муҳтожлигини эътироф қилади. Фазлу барака фақат Аллоҳ таоло қўлида эканлигига ва У Зот хоҳлаган бандасига фазл кўрсатишига қатъий иймон келтиради. “Сизларга берилган барча неъматлар Аллоҳдандир". (Наҳл сураси, 53-оят).
Парвардигорини ана шундай чиройли таниган банда Аллоҳ таолога қурбат-яқинлик ҳосил қилади ва У Зот муҳаббатини қозонади. Унинг дуолари ижобат бўлиб, сўраган нарсасига эришади. Ширин ҳаётини бузадиган, жонига таҳдид соладиган бало-офатлардан уни Меҳрибон Рабби омон сақлайди. “Ёруғ кунларингда Аллоҳни танигин - У Зот сени оғир кунларда танийди". Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Оғир дамларда дуо-илтижосини Аллоҳ таоло ижобат этишини истаган банда ёруғ кунларда кўп дуо қилсин!" (Термизий ривоятлари).
Пок Парвардигор Ўзининг ана шундай солиҳ бандалари хусусида марҳамат қилади: “Агар у Мендан сўраса, албатта бераман. Агар у Мендан паноҳ тиласа, албатта уни паноҳимга оламан". (Ҳадиси қудсий).
7. Барча ҳожат Аллоҳ таолодан сўралади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳуни ва шу орқали барча мўминларни ҳамиша ва фақат Аллоҳга юзланишга буюрдилар. Эҳтиёж ҳам, паноҳ ҳам, мадад ҳам ёлғиз Аллоҳдан сўралади. Биз дуою шукр билан ҳеч қачон Ундан ўзгага юкинмаймиз. Мағфират ҳам фақат Парвардигордан умид қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан сўра! Агар кўмак истасанг, Аллоҳдан иста!" (Термизий ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло айтади: “Дуо қилувчи борми, Мен унинг дуосини ижобат этаман! Сўровчи борми, Мен унинг сўраган нарсасини бераман. Истиғфор айтувчи борми, Мен уни мағфират қиламан"". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
8. Дуони ижобат қилгувчи Зотга қилинади
Дуо фақат яккаю ёлғиз Аллоҳга қилинади. “Менга дуо қилингиз, қилган дуоларингизни мустажоб қилурман". (Ғофир сураси, 60-оят).
Аллоҳ субҳонаҳу Ундан ҳожатини сўровчи дуогўй бандаларини мақтаб зикр этган: “Дарҳақиқат, улар яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилувчи эдилар". (Анбиё сураси, 90-оят).
Фақат Аллоҳ таологина бандалари дуо-илтижосини эшитади ва ижобат қилади. “Бандаларим сиздан Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, ҳақ йўлга юришлари учун Менинг даъватимга жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар". (Бақара сураси, 186-оят).
9. Ҳожатлар ҳеч вақт малолланмайдиган Сахий Зотдан сўралади
Чин иймон эгалари инсонлардан асло умидвор бўлмайдилар. Улар Аллоҳ таоло буюрганидек, барча ҳожатларини Карим ва Раҳмон Парвардигорларидан сўрайдилар. “Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан сўранглар!" (Нисо сураси, 32-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан сўрангиз. Зеро, Аллоҳ Ундан сўрашларини хуш кўради". (Термизий ривоятлари).
Битмас-туганмас хазиналар Эгаси бўлмиш Ҳақ таоло ҳеч қачон бандалари сўрови ва илинжидан малолланмайди. “Сизларнинг ҳузурларингиздаги нарсалар йўқ бўлур. Аллоҳ даргоҳидаги нарсалар эса боқийдир". (Наҳл сураси, 96-оят).
Аллоҳ субҳонаҳу Унга дуо-илтижо қилмай қўйган бандасидан ғазабланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади. Ҳар бирингиз барча ҳожатини, ҳатто оёқ кийимининг узилиб кетган боғичини ҳам Парвардигоридан сўрасин!" (Термизий ривоятлари).
Наҳот шунча таъкиддан кейин ҳам бировларга нарса беришдан оғринадиган ва илтимосларни малол оладиган ожиз инсондан умидвор бўлсак?!
Ожиз бандалардан умидвор бўлманг,
Сўранг, саховати чекланмас Зотдан.
Аллоҳ ғазаб қилур, сўрамай қўйсак,
Инсонлар дарғазаб, илтимос қилсанг.
10. Аллоҳдан ўзгага юкиниш хорликдир
Одамлардан бирон нарса сўрасангиз, бериш-бермасликлари даргумон. Агар берсалар, миннат қилишади. Рад этсалар, сизга хўрлик ва хорлик қолдиришади. Чўзилган қўлнинг силтаб ташланиши нафсга нафрат олиб киради. Кўнгил ойнасини чил-чил қилади. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи асҳобларидан байъат қабул қилаётганларида ҳеч қачон одамлардан сўрамаслик хусусида аҳд-паймон олганлар. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу, Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳу, Савбон ва Авф ибн Молик разияллоҳу анҳум ана шундай байъат берганлар сафида эдилар. Улар қамчилари ёхуд туяларининг жилови ерга тушиб кетса ҳам, ўзлари тушиб олардилар. Бировлардан илтимос қилмасдилар. (Муслим ва Абу Довуд ривоятлари).
11. Қодир ва Енгилмас Зотдан мадад сўранг
Ёрдам аслида ҳар нарсага қодир Зотдан сўралади. Биз барча каттаю кичик муаммолар қаршисида кўмакка муҳтожмиз. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким на фойда ва на зарар келтира олади. Фақат Парвардигор мададигина ҳақиқий нусратдир. Аллоҳ мададидан мосуво бўлган кимса аниқ бадбахтдир! “Агар сизларга Аллоҳ ёр бўлса, ҳеч ким сизлардан ғолиб бўлмас. Ва агар сизларни ёрдамсиз қўйса, Ундан ўзга ҳеч бир зот ёрдамчи бўлмас". (Оли Имрон сураси, 160-оят).
Қалблар Аллоҳ таоло измидадир. Пок Парвардигор уларни Ўзи хоҳлаган тарафга буриб қўюр. Модомики, шундай экан, келинг, ҳақиқий Хожамиз, Берувчимиз, Сақлагувчимиз, фазлу марҳамати чексиз Аллоҳ таолога илтижо қилайлик. Ҳар бир мушкулот қаршисида фақат У Зотни зикр этиб, қуллик мақомида туриб таваккул этайлик. “Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас Аллоҳнинг Ўзи унга етарлидир!" (Талоқ сураси, 3-оят). “Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз". (Фотиҳа сураси, 5-оят).
12. Аллоҳдан ўзгадан мадад тилаш, ўзгалар ёрдамига кўз тикиш заифлик ва хорлик белгисидир
Ёрдам сўраб қўл чўзган киши ўзининг ожизлигини, муҳтожлигини ҳолати билан эътироф этиб турган бўлади. Айни муҳтожлик инсонда фақат ва фақат Аллоҳ таолога нисбатан мавжуддир. Зеро, мадад тиламоқ ибодат моҳияти саналади. Аллоҳдан ўзгага кўз тикиш хорликдан бошқа нарса эмас. Аслида ёрдам сўралувчи фойда етказиш ва зарарни даф этишга ҳамда сўровчининг мақсадини рўёбга чиқаришга қодир бўлмоғи шарт. Мазкур сифат ҳам Ёлғиз Пок Парвардигор имконидадир. Кимда-ким ожиз бандани мана шундай деб ўйласа, умиди пучга чиқади. Ўзи ёрдамга муҳтож бўлган инсондан умидвор бўлмоқ оқиллар иши эмас. “Агар Аллоҳ сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар сизга бирон яхшиликни ирода қилса, Унинг фазлу марҳаматини қайтара олувчи йўқдир!" (Юнус сураси, 107-оят). “Аллоҳ одамлар учун не бир раҳмат-марҳаматни очиб қўйса, бас, уни тутиб қолувчи бўлмас ва нени тутиб қолса, бас, Ундан сўнг уни (бандаларга) юборувчи кимса бўлмас". (Фотир сураси, 2-оят).
13. Қазо ва қадарга иймон келтирмоқ қалбга сокинлик, хотиржамлик бағишлайди
Барча нарса Аллоҳ таолонинг изну иродаси билан амалга ошишини ва У Зотнинг улуғ нусрати ҳамда ҳифзу ҳимоясини ҳис қила олган, унга тўла-тўкис иймон келтирган мўмин ожиз бандаларнинг қарши ҳатти-ҳарақатларига эътибор бермайди. Чунки у яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам тақдирдан эканлигини ва ҳеч ким ўзича фойда ёхуд зарар келтира олмаслигини яхши билади. “Айтинг, барчаси Аллоҳ ҳузуридандир". (Нисо сураси, 87-оят).
Бандалар эса ўз амаллари билан савоб ёки азобга ҳақли бўлувчи сабаблардир, холос. “Билгинки, бутун уммат сенга бирон фойда бермоқ учун жамлансалар ҳам, фақат Аллоҳ сен учун ёзиб қўйган фойдани етказа оладилар. Агар улар сенга бир зарар бермоқ қасдида тўплансалар ҳам, фақат Аллоҳ сенга ёзиб қўйган зарарни етказа оладилар". (Термизий ривоятлари). “Агар Аллоҳ сизни бирон зиён билан ушласа, бас, уни фақат Ўзигина аритгувчидир. Агар сизни бирон яхшилик билан ушласа, бас, билингки, У ҳамма нарсага қодирдир". (Анъом сураси, 17-оят).
Агар Аллоҳ таоло тақдир этмаган бўлса, ҳеч ким сизга зиён-заҳмат етказа олмайди. Аллоҳнинг Ўзи барча бало-офатни даф этади. Шунингдек кимдир сизга бирон яхшилик-фойда етказишга жидду жаҳд қилса-ю, бироқ тақдирда ёзилмаган бўлса, унинг қўлидан ҳеч нарса келмайди. “Хоҳ ерга, хоҳ ўзларингизга қандай мусибат етмасин, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда - Лавҳул Маҳфузда битилган бўлур..." (Ҳадид сураси, 22-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳар битта нарсанинг ҳақиқати-моҳияти бўлади. Банда токи нимаики унга етган бўлса, ўша нарсанинг (тақдири азалда) уни четлаб ўтиши йўқ эканлигига ва уни четлаб ўтган нарсанинг (тақдирда) унга етмоғи ёзилмаганига амин бўлмас экан, иймон ҳақиқатига етиша олмайди". (Аҳмад ривоятлари).
14. Қазо ва қадарга иймон келтириш кишини жасоратли қилади
Аллоҳ таоло тақдир этиб қўйган фойда ёхуд зиёндан ўзга ҳеч нарса содир бўлмаслиги ва киши бошига тушадиган ҳар бир иш аввалдан белгилаб қўйилгани ҳаммамиз учун аниқ ҳақиқат. Демак, мўмин бировларнинг маломатидан чўчиб ўтирмасдан - ҳатто ўз зиёнига бўлса ҳам - фақат ҳақни сўзламоғи ва Аллоҳ буюрган ишни амалга оширишга киришмоғи лозим. Мўмин инсон ўлимдан қўрқиб ёки узоқроқ яшашдан умидвор бўлиб, орқага чекиниши эмас, аксинча, шижоат ва баҳодирлик мақомида собит туриши керак. У ўзи тиловат қилаётган мана бу оятга чин дилдан иймон келтирганини исбот қилиши зарур: “Айтинг: “Бизга фақат Аллоҳ биз учун ёзиб қўйган нарсагина етур. У бизнинг Хожамиздир. Бас, иймонли кишилар фақат Аллоҳга суянсинлар!" (Тавба сураси, 51-оят).
Чунки тақдирда ёзилган нарсадан барибир ҳеч ким қочиб қутула олмайди. “Айтинг, “Агар уйларингизнинг ичига (беркиниб олганингизда) ҳам ўлдирилиши ҳукм қилинган кишилар ҳалокат жойига келган бўлар эдилар". (Оли Имрон сураси, 154-оят).
15. Иймон таслим бўлиш эмас, таваккул тирик товонлик эмас
Баъзи бир ярамас кимсалар ўзларининг маъсият-ҳаром ишларига Аллоҳ тақдирини ҳужжат қилишади. Улар залолат ботқоғига ботганликларини, шаҳват ва ҳавои нафсга қул эканликларини ана шу йўл билан хаспўшлашга уринадилар. Аллоҳ таоло бандаларини тақдирга ишонишга буюрар экан, айни пайтда уларга ҳаракат-амални ҳам амр этган. “Айтинг: “Амал қилинглар. Бас, Аллоҳ амалларингизни кўриб турур". (Тавба сураси, 105-оят).
Барча соҳада биз учун олий намуна бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмон киши амал, ҳаракат ва жидду жаҳд каби сабабларни амалга оширмоғи лозимлигини таъкидлаганлар. Тақдирни ҳужжат этиб, сабабларни тарк этган кимса Аллоҳ ва Расулига осийлик қилган, Ислом шариатига хилоф юрган бўлади. Чунки сабабларни қилмаслик боқибеғамлик ва ялқовликдан бошқа нарса эмас. Натижани ёлғиз Аллоҳдан кутиб, айни пайтда сабабларни муҳайё қилиб қўймоқлик ҳақиқий иймон ва тақводандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Амал қилинглар. Ҳар ким ўзи учун яралган нарсага эришади". (Муслим ривоятлари).
16. Ғалаба сабр билан биргадир
Инсон ҳаёти курашлардан иборат. Бу дунёда биз беҳисоб ва турли-туман душманларга рўбарў келамиз. Ушбу курашларда кишининг зафар қучиши унинг сабр-матонатига боғлиқ. Сабр бу турли-туман пинҳону ошкор душманларни ер билан яксон этувчи қудратли қуролдир. Аллоҳ таоло уни бандаларини синашнинг асосий жабҳаси қилди. Айнан сабр орқали содиқ мўмин каззоб мунофиқдан ажралади. “Албатта Биз, то сизларнинг орангиздаги жиҳод қилувчи ва сабр қилувчи зотларни билгунимизча ҳамда сизларнинг ҳоли-хабарларингизни текшириб-юзага чиқаргунимизча, сизларни имтиҳон қилурмиз". (Муҳаммад сураси, 31-оят). “Албатта мол-мулкларингиз ва жонларингиз мусибати билан синалурсизлар ва албатта сизлардан илгари Китоб берилганлар ва мушриклар томонидан кўп азият-маломатлар эшитасизлар. Агар сабр-тоқат қилсаларингиз ва Аллоҳдан қўрқсаларингиз, албатта, бу ишларнинг пухталигидандир". (Оли Имрон сураси, 186-оят).
Аллоҳ таоло Ўз китобида тақводор бандаларини тавсифлайди: “Ва хусусан оғир-енгил кунларда ва жангу жадал пайтида сабр-тоқат қилувчилар яхши кишилардир". (Бақара сураси, 177-оят).
Сабр - бу ақл ва шариат тақозо этадиган хайрли ишларга нафсни мажбур қилиш. Шунингдек, у шариат ва ақл ман этадиган амаллардан нафсни тийиш ҳамдир. Китобу Суннатда сабр калимаси бир қанча ўринларда зикр этилган. Бироқ уларнинг ҳаммаси битта маъно остида бирлашади ва битта ғоя томон бошлайди. Қуйида сабр ўринларининг айримлари хусусида тўхталиб ўтамиз:
а) Тоатларни бажариш ва маъсиятлардан четланишда сабр қилиш
Албатта Аллоҳнинг буйруқларига тўла-тўкис амал қилиб, мункар ишлардан ўзини покиза сақлаш анча мушкул вазифа. Нафсга унинг маълум оғирлиги тушиши ҳам шубҳасиз. Шариат буюрган амалларни бажариб, мункар ишлардан тийилиб юрмоқ учун инсон ўзининг ҳақиқий душмани билан курашиши лозим. Бу душман нафс, ҳавои-хоҳиш ва шайтон тимсолида гавдаланади. “Албатта нафс барча ёмонликларга буюргувчидир". (Юсуф сураси, 53-оят). “Бас, сиз ҳавои-хоҳишга эргашиб кетманг!" (Сод сураси, 26-оят).
Ана шу душманлар инсонни йўлдан уришга, унга шаҳватларни чиройли қилиб кўрсатишга ва уни тоат-ибодатлардан узоқлаштиришга уринадилар. Улар кўзлаган мақсадларига эришиш учун бетўхтов хуруж қилиб туришади. Шу боис, инсон нафсини жиловлаб олиш, ҳавои хоҳишини шариат измига юргизиш ва ҳақиқий душманни-шайтонни мағлуб этиш йўлида жидду жаҳд кўрсатмоғи лозим. “Сизга ваҳий қилиб юборилаётган нарсага эргашинг ва то Аллоҳ Ўз ҳукмини туширгунича сабр қилинг. У Зот ҳукм қилгувчиларнинг энг яхшисидир". (Юнус сураси, 109-оят). “У осмонлар, ер ва уларнинг орасидаги бор нарсаларнинг хожасидир. Бас, сиз Унга ибодат қилинг ва бу ибодатда сабр-тоқатли бўлинг!" (Марям сураси, 65-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ йўлида нафсига қарши жиҳод қилган киши мужоҳиддир!" (Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоятлари).
Нафсини жиловлаб, фақат тоат-ибодатлар сари ошиқадиган ва маъсият-гуноҳ ишлардан йироқ юрадиган мўмин ўзининг махфий душмани устидан албатта ғалаба қозонади. Нафс, шайтон ва ҳавои-хоҳиш измига юрмайди. Аслида ҳеч қайси ғалаба мазкур ғолиблик каби улуғ саналмайди. Нафсини мағлуб этиб, ҳавои-хоҳиш асирлигию шайтон васвасаларидан озод бўлган инсон қалбида ҳақ нури порлайди. Энди у Аллоҳ азза ва жалла йўлидан оғишмай қадам ташлайди. “Бизнинг йўлимизда жиҳод қилган-курашган зотларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз". (Анкабут сураси, 69-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сабр зиё демакдир". (Муслим ривоятлари).
б) Мусибатларга сабр қилиш
Ҳаёт давомида инсоннинг жони, моли, аҳли-оиласи ва тинчлиги кўп хатарларга дуч келади. Албатта ҳар битта мусибат қаршисида сабот билан туриш осон иш эмас. Бундай ҳолатларда кишини умидсизлик чулғаб олади ва у қўрқув-саросима исканжасида қолади. “Қачон унга бирон ёмонлик етса, ноумид бўлур". (Исро сураси, 83-оят). “Дарҳақиқат, инсон бетоқат қилиб яратилгандир. Қачонки унга ёмонлик етиб қолса, у ўта бесабрлик қилгувчидир". (Маориж сураси, 19-20-оятлар).
Мусибатлар қаршисида эсанкираб ўзини йўқотиб қўювчилар ҳаётда мағлуб бўладилар. Улар ғалаба сари йўл очишга уринмайдилар. Аллоҳ таоло мўминларни мусибат чоғида сабр-бардошли бўлишга ундаган. Чунки ҳаёт мусибат-кулфатсиз ўтмайди. Шу боис, нажот калити бўлмиш сабр билан қуролланиб музаффарият сари одимламоқ, заифлик ва умидсизлик чангалига тушиб қолмаслик мақсадга мувофиқ ишдир. “Албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва экин-тикинга нуқсон етказиш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирон мусибат келганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтгувчилармиз", дейдиган собирларга хушхабар беринг. Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот-мағфират ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир". (Бақара сураси, 155-157-оятлар).
Дарҳақиқат, ана ўшалар иззат ва шараф йўлини тутган инсонлардир. Айниқса мусибатнинг илк лаҳзасида ўзларини мардона тутувчи зотлар амали таҳсинга лойиқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “(Ҳақиқий) сабр мусибатнинг дастлабки зарбаси пайтида бўлади". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Собир бандалар оғир ҳолатлардан матонат билан чиқиб кетадилар. Улар бошларига тушган кулфатни ҳам дунёю Охиратлари учун хайрли натижага айлантиришга уринадилар. Шу боис, уларнинг кулфат ҳолати билан саодат онлари бир-биридан у қадар кескин фарқланмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мўминнинг иши қизиқ! Унинг ҳамма иши ўзи учун хайрли. Бу нарса фақат мўминда мавжуд. Агар мўминга бир хурсандчилик етса, шукр қилади ва бу унинг учун хайрли. Агар унинг бошига ғам-кулфат тушса, сабр қилади ва бу ҳам унинг учун хайрли бўлади". (Муслим ривоятлари).
Қуйидаги ажиб мисолга диққат қилинг. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари одам жўнатдилар:
- Ўғлим ўлим тўшагида ётибди. Бизникига етиб келинг!
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизларига салом айтиб, шундай деб юбордилар:
- Олгани ҳам, бергани ҳам Аллоҳникидир. Ҳар бир нарсага Унинг ҳузурида маълум муҳлат белгилангандир. Бас, сабр қилиб Аллоҳдан ажр-савоб умид эт!" (Бухорий ривоятлари).
в) Бандалар озор-азиятига сабр қилмоқ
Сиз турли-туман хулқ-атворли одамлар орасида яшар экансиз, албатта улардан бир қанча озор-азиятлар кўрасиз. Агар ҳар бир озор-азият сизга қаттиқ таъсир этиб, ғамга ботириб қўяверса, шубҳасиз бутун ҳаётингиз азобга айланади. Шу боис, имкон қадар биродарингизнинг хато-камчиликлари, билиб-билмай қилиб қўядиган зулм-озорларини кўтаришга ва кечириб юборишга ҳаракат қилинг. Шунда меҳр-муҳаббатга тўлиқ, саодатли ҳаёт кечирасиз.
“Бас, Аллоҳнинг фармони келгунича уларни авф қилинг ва хатоларидан ўтинг". (Бақара сураси, 109-оят).
“Ёмонликни энг гўзал сўзлар билан даф қилинг! Шунда, баногоҳ, сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-содиқ дўст каби бўлиб қолур". (Фуссилат сураси, 34-оят).
Албатта бировлар озорини кўтариш, уларни кечиб юбориш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. “Албатта ким сабр қилса ва кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу пухта ишлардандир". (Шўро сураси, 43-оят).
Бу фақат Аллоҳ таолодан мадад тиловчи чинакам мўминларгина қодир бўлган оғир вазифадир. “Биз сизларнинг баъзиларингизни баъзиларингиз учун фитна-синов қилиб қўйдик. Сизлар сабр қила олурмисизлар? Парвардигорингиз барчани кўриб турувчи бўлган Зотдир". (Фурқон сураси, 20-оят).
Аллоҳнинг собир бандалари Парвардигорлари беражак ажру савоблар умидида сабр-тоқат қилурлар. “Улар Парвардигорларининг Юзини кўзлаб сабр қилдилар". (Раъд сураси, 22-оят).
г) Даъват майдонида, амри маъруф ва наҳий мункар чоғида сабр қилмоқ
Аллоҳ таоло Пайғамбарларга сабрли бўлишни буюрди: “Аҳлингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам намоз ўқишда чидамли бўлинг!" (Тоҳо сураси, 132-оят). “Яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (озор-мусибатларга) сабр қил". (Луқмон сураси, 17-оят). “Ва улар айтаётган сўзларга сабр қилинг ҳамда уларни чиройли тарк этинг!" (Муззаммил сураси, 10-оят).
Аллоҳ таоло йўлига даъват қилувчи киши Аллоҳнинг душманлари устидан белгилаб қўйилган ғалабага етмоғи учун сабр-матонатли бўлмоғи лозим. “Бас, сабр-тоқат қилинг! Шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. (Охиратга) ишонмайдиган кимсалар сизни ҳаргиз бетоқат қилмасинлар". (Рум сураси, 60-оят).
Натижага шошилган кимса охир-оқибат ҳасрат-надомат чекиб қолади. Унинг бутун ҳаракати чиппакка чиқади. “Бас, сиз ҳам ўтган Пайғамбарлар орасидаги сабот-матонат эгалари сабр қилганидек сабр қилинг ва уларга азобни шоширманг". (Аҳқоф сураси, 35-оят).
д) Жиҳод ва жанг майдонида сабр қилмоқ
Жиҳод кишининг қалбига ўлим хавфини солади. Шу боис, нафс уни истамайди. “Сизларга ёқмаса-да, жанг қилишингиз фарз қилинди". (Бақара сураси, 216-оят).
Аллоҳ йўлида жанг қилиши фарз саналган киши аввало сабр-матонатли бўлмоғи лозим. У душманга қараганда сабрлироқ ва чидамлироқ бўлсагина, зафар қучади. “Эй мўминлар, сабр қилингиз ва сабру тоқатда кофирлардан устун бўлингиз ҳамда доимо жиҳод учун ҳозир бўлиб турингиз! Ва Аллоҳдан қўрқингизким, шояд шунда нажот топгайсизлар!" (Оли Имрон сураси, 200-оят).
Аллоҳ таоло жиҳод билан сабрни бир жойда келтирди: “...сўнг жиҳод қилиб, сабр қилган зотлар..." (Наҳл сураси, 110-оят).
Сабр душман устидан ғалаба қозонишнинг асосий шарти сифатида таъкидланди: “Агар сизлардан йигирмата сабр-тоқатли киши бўлса, икки юз нафарни енгадилар!" (Анфол сураси, 65-оят). Сўнг мўминларга енгиллик туширилди: “Бас, сизлардан юзта сабр-тоқатли киши бўлса, икки юзта кофирни енгадилар". (Анфол сураси, 66-оят).
Аллоҳ таоло сабр-тоқат билан жанг қилувчи бандаларига кўкдан фаришталар тушириб ёрдам беришини билдирди. Яъни самовий мадад ҳам сабрга боғлиқ қилинди: “Агар сабр қилсангиз ва Аллоҳдан қўрқсангиз ва кофирлар шу онда сизларга хужум қилсалар, Парвардигорингиз сизларга беш минг белгили фаришта билан мадад берур". (Оли Имрон сураси, 125-оят).
Аллоҳнинг дўстлари-мўминлар душманлар қаршисида сабот билан турсалар, Пок Парвардигор кофирлар тузаётган ҳийлаю найрангларни йўққа чиқаради. Натижада Аллоҳнинг содиқ бандалари душманлар макридан омон қоладилар. “Агар сабр-тоқат қилсангизлар ва Аллоҳдан қўрқсангиз, уларнинг найранглари сизларга ҳеч қандай зарар қила олмайди. Албатта Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини иҳота қилгувчидир". (Оли Имрон сураси, 120-оят).
Бироқ мўминлар сабр сифатидан маҳрум бўлсалар, аламли мағлубият ва кулфат гирдобида қоладилар. Аллоҳ таоло бесабр ва хусусан бошқа номаъқул одатлари бор қавмни паноҳига олмайди. “Эй мўминлар, (кофир) жамоага рўбарў бўлганларингизда саботли бўлингиз ва доимо Аллоҳни ёд этингиз. Шояд, нажот топсангизлар. Ва Аллоҳ ҳамда Унинг Пайғамбарига итоат қилингиз ва ўзаро талашиб тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб куч-қувватларингиз кетур. Сабр-тоқат қилингиз. Албатта Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир". (Анфол сураси, 45-46 оятлар). Қуръони каримда қуйидаги оятлар кўп бор такрорланган: “Аллоҳ сабр қилгувчиларни яхши кўради. Албатта Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир".
Пайғамбарлар йўлини тутган содиқ мўминлар жанг майдонларида орттирадиган жароҳат ва ўлим-йитимларга сабр қиладилар. Саросимага тушиб, хавфсираб-қўрқиб қолмайдилар. Ана шунда Аллоҳ таоло уларга Ўз нусратини туширади. “Қанчадан-қанча Пайғамбарлар ўтганки, улар билан бирга кўпдан-кўп художўйлар жанг қилганлар. Ҳамда Аллоҳ йўлида ўзларига етган машаққатлар сабабли сусткашлик-заифлик қилмаганлар ва душманларига бўйин эгмаганлар. Аллоҳ сабр қилгувчиларни яхши кўради". (Оли Имрон сураси, 146-оят).
17. Сабр самараси
Хотиржамлик, қониқиш-розилик, саодат ҳиссини туйиш, азизу мукаррамлик, Аллоҳ нусрати ҳамда муҳаббатига сазовор бўлмоқ сабрнинг самараларидир. Ҳаммасидан олийси – Охиратда қўлга киритиладиган беҳисоб ажру мукофотлар. “Шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилувчиларнинг ажр-мукофотлари тўла-тўкис ва ҳисобсиз қилиб берилур". (Зумар сураси, 10-оят).
Фаришталар саломи ила янада кўркамроқ бўлиб турган жаннатлар: “...(у диёр) абадий туриладиган жаннатлар бўлиб, улар у жойларга ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат бўлган солиҳ бандалар билан бирга кирурлар. Сўнг уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб дерлар: “Сабр-тоқат қилиб ўтганларингиз сабабли энди (бу жаннатларда) сизларга тинчлик-осойишталик бўлгай. Бу Охират диёри нақадар яхши!" (Раъд сураси, 23-24 оятлар).
Аллоҳ таоло собир бандаларига мағфират ва розилик ила боқади: “Мен бугун уларни сабр-тоқат қилганлари сабабли мукофотладим - ҳақиқий ютуққа эришганлар ана ўшалардир". (Мўминун сураси, 111-оят). “Бирор мусибат келганда: “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтгувчилардирмиз", дейдиган собирларга хушхабар беринг. Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот-мағфират ва раҳмат бордир". (Бақара сураси, 156-157-оятлар).
Ҳали бир кун келади. У кунда на молу давлат ва на фарзандлар фойда беради. Фақат Аллоҳ ҳузурига тоза қалб билан келган собир бандаларгина Аллоҳ таоло марҳаматига лойиқ кўрилурлар. Сабрнинг нечоғлик улуғ неъмат эканлигини балки энди аниқроқ ҳис қилармиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳеч кимга сабрдан яхшироқ ва улканроқ неъмат берилмаган". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
18. Рўшнолик қайғу-қийинчилик билан биргадир
Инсон баъзида кетма-кет ёғилаётган бало-мусибатлар тагида қолиб кетади. Кулфат ва қийинчиликлар зарбидан ғам чекади. Албатта буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг синови. Токи банда ана шу қийинчиликларни енгиб ўтиб, синовдан муваффақиятли ўтсин ва жаннат эгалари сафига қўшилсин. Мусибатларга сабр қилиб, умидсизликка тушмасдан ҳар битта иш тақдирдан эканлигини англаган ва шунга рози бўлиб, ўзини мардона тута олган банда Аллоҳ иноятига ноил бўлади. Барча ғам-ташвишлари барҳам топиб, дунёю Охират саодатини қўлга киритади. Ана шунда тақводор банда қуйидаги ҳақиқатни англаб етади: нур зулмат қаъридан, раҳмат қуёши ғам-ташвиш булутлари орасидан сизиб чиқади. Банданинг бошига тушган ҳар бир мусибат замирида хайрият ётади. Ҳаётдаги бало-кулфатлар содиқ мўмин махлуқларга суянмайдиган бўлиши учун хизмат қилади. Буларнинг бари унинг қалби ёлғиз Холиқи билан боғланишида фойда беради. Зеро, барча иш қодир Аллоҳнинг қўлидадир. Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бизга ана шу ҳақиқатни бот-бот уқтиради: “Ёки сизлардан илгари ўтган зотлар ибрати сизларга келмай туриб жаннатга киришни ўйладингларми? Уларга бало ва мусибатлар келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, ҳатто Пайғамбар ва иймонли кишилар: “Ахир қачон Аллоҳнинг ёрдами келади?" дейишган эди. Шунда уларга бундай жавоб бўлган: “Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг ёрдами яқиндир". (Бақара сураси, 214-оят). “У Зот бандалар умидсизликка тушганларидан кейин ёмғир ёғдирадиган ва раҳмат-баракотни кенг ёядиган Зотдир". (Шўро сураси, 28-оят).
Каъб ибн Молик разияллоҳу анҳу ва уларнинг икки биродари қиссасида ҳам собир бандаларнинг яхши намунаси мавжуд. Улар Табук ғазотидан ҳеч қандай сабабсиз қолиб кетган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини Каъб ва унинг икки биродари билан алоқа қилмасликка буюрдилар. Ғазотдан қолиб кетган уч содиқ саҳобий оғир кунларни бошдан кечирдилар. Ҳатто... “...уларга кенг ер торлик қилиб қолгунича ва диллари сиқилиб, Аллоҳнинг ғазабидан фақат Ўзига тавба қилиш билангина қутилиш мумкин эканини билгунларига қадар тавбалари қолдирилган эди". Ниҳоят ёруғ кунлар, саодатли онлар етиб келди: “Сўнгра Аллоҳ тавба қилишлари учун уларга тавба йўлини очди. Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, Меҳрибондир". (Тавба сураси, 118-оят).
Ўтган Пайғамбарлар ва солиҳ инсонлар ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зот асҳоблари бошидан ўтган оғир кунлар, уларнинг ечимлари ҳақидаги қиссалар биз учун чин маънода ибратдир. Устма-уст ёғилаётган бало-кулфатлар оғирлигидан қадди букилган ҳар бир мўмин комил ишонч билан Аллоҳ таолодан саодатли кунлар келишини кутсин. Фақат ва фақат Парвардигорига умид кўзларини тиксин.
19. Қийинчилик ва енгиллик
Мазкур ҳадис маънолари ўзаро чамбарчас боғлиқ эканлигига эътибор берган бўлсангиз керак. Дарвоқе, қийинчилик ташвиш келтиради, енгиллик эса ёруғликка элтадиган эшикдир. Ҳар иккиси учун сабр ва чидам шарт. Ана шунда унинг ортидан зафар-муваффақият бўй кўрсатади. Бу ҳам Парвардигорнинг фазли-марҳамати ҳисобланади. Қийинчилик ортидан ҳамиша енгиллик келади. “Аллоҳ танглик-қийинчиликдан кейин енгилликни ҳам пайдо қилади". (Талоқ сураси, 7-оят). “Бас, албатта ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга бир енгиллик ҳам бордир. Албатта ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга бир енгиллик ҳам бордир". (Шарҳ сураси, 5-6 оятлар).
Шу боис, Аллоҳ таоло бандаларига фақат хайрли-енгил ишларни буюрган. “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди". (Бақара сураси, 186-оят).
Бандалари учун оғир-машаққат бўлган нарсаларни улар устидан соқит қилади. “Бу динда Аллоҳ сизларга бирон ҳараж-танглик пайдо қилмади". (Ҳаж сураси, 78-оят).
“Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар бир қийинчилик-машаққат келиб, манави тешикка кирса, албатта бир енгиллик келиб, унинг ортидан киради ва уни чиқариб юборади". Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди: “Бас, албатта ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга бир енгиллик ҳам бордир". (Баззор ривоятлари).
Яъни оғир-машаққатли соатлар ҳеч қачон давомий бўлмайди, хусусан Аллоҳ тақдирига рози бўлиб, шариат аҳкомларига тўлиқ амал қиладиган ва фақат Парвардигорларидан енгиллик-нажот истаб дуо-илтижо қиладиган солиҳ инсонлар албатта саодатли онларга етишадилар. “Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, Аллоҳнинг Ўзи унга етарлидир". (Талоқ сураси, 3-оят).
20. Ҳадисдан олинган фиқҳий фатво
Агар миниладиган ҳайвон кучли бўлиб, бемалол икки ёки уч кишини кўтара олса, улов эгаси ўз орқасидан бошқа бировни мингаштириб олиши мумкин. Бироқ миниладиган жонивор бир кишидан ортиғини кўтара олмайдиган бўлса, унга жабр қилмаслик лозим.
21. Ҳадис яна қуйидаги нарсаларни ифодалайди:
а) Муаллим бирон муҳим нарсани ўргатишидан аввал шогирдининг диққатини бир жойга жамламоғи керак. Яъни таълим унинг ёдида қолиши учун ўша нарсанинг муҳимлиги тушунтирилади;
б) Ким ҳақ устида турган бўлса ва унга чақирса ёхуд амри маъруф ва наҳий мункар қилса, Аллоҳ душманлари ва золимлар макри унга зарар бермайди;
в) Мусулмон киши ўз зиммасидаги тоат-ибодатларини адо этиб, мункар ишларни тарк қилиши, амри маъруф-наҳий мункар фарзини бажо этиши, иймони заиф одамларнинг хунук оқибатлардан қўрқитишларига қулоқ солмаслиги керак. Чунки унинг тақдирида ёзилган иш содир бўлмасдан иложи йўқ.
Йигирманчи ҳадис
Ҳаё иймондандир
عَنْ أَبِي مَسْعُودٍ عُقْبَةَ بْنِ عَمْرٍو الأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ مِمَّا أَدْرَكَ النَّاسُ مِنْ كَلامِ النُّبُوَّةِ الأُولَى: إِذا لَمْ تَسْتَحْيِ فَاصْنَعْ مَا شِئْتَ". (رواه البخاري).
Абу Масъуд Уқба ибн Амр Ансорий Бадрий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Одамлар орасида аввалги Пайғамбарлардан сақланиб қолган бир гап шуки: агар уялмасанг, хоҳлаган ишингни қил!" (Бухорий ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Уятли ишларни қилишдан ўзни тийиш, атрофдан таъна-маломат олиб келадиган айбли ишларни тарк этиш ҳаёнинг қисқача мазмунини ифодалайди. Кишиларни ҳаёли бўлишга даъват этиш уларни барча маъсият ва ёмонликлардан қайтарувчи чақириқдир. Ҳаё инсонларга хуш келувчи хайрли хислат ҳамдир. Одамлар ҳаёдан маҳрум бўлишни нуқсон ва айб деб биладилар. Шунингдек, у иймоннинг комиллигини билдирувчи хусусият саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳаё иймоннинг бир шохобчасидир!" (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳаё фақат яхшилик келтиради". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Аслида Ислом дини ўзининг умум аҳкомлари ва кўрсатмалари билан эзгулик ва ҳақни қарор топтирувчи, маломатли ишларни тарк қилишга чақирувчи қизғин даъватдир. Шу боисдан имом Нававий мазкур ҳадисни “Арбаин" таркибига қўшганлар. У киши бундай деган эдилар: “Бу ҳадис Ислом асосларидан биридир. Яъни шариат буюрган вожиб ва мандуб амалларни бажармасликдан ҳаё қилинади. Шариат қайтарган ҳаром ва макруҳ ишларни эса бажаришдан ҳаё қилинади. Мубоҳ амалларга келсак, уларни бажаришдан ҳам, тарк қилишдан ҳам ҳаё қилиш мумкин. Шунга кўра, ушбу ҳадис бешала ҳукмни ўз ичига олгандир".
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Пайғамбарлар меросидан
Ҳаё ҳар қандай олий хулқнинг негизидир. У инсонни яхшиликка ундайди, ёмонликдан узоқ юришга чақиради. Шу боис, ҳаё ўтган Пайғамбарлар меросининг ўчирилмаган қисмига дохил этилди. Одамлар асрлар бўйи Пайғамбарлардан айни ҳаё ҳақидаги даъватни эшитиб келдилар, уни авлоддан авлодга мерос қилиб қолдирдилар. Шу тариқа у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларигача етиб келди. Модомики, биз Аллоҳ таоло иродасига мувофиқ барча Пайғамбарлар меросхўри бўлган эканмиз, демак Аллоҳ берган ҳаё неъматини маҳкам тутмоғимиз, мазкур гўзал хислат ила безанмоғимиз лозим. Токи Пайғамбарларнинг покиза мероси орамизда яшаб қолсин. Аллоҳ таоло ер ва ундаги бор нарсани яна Ўзига қайтиб олгунига қадар кишилар ҳақ ва хайрият ила кун кечирсинлар
2. Ҳадис маънолари
Улуғ олимларимиз мазкур ҳадисни уч хил шарҳлаганлар. Қуйида биз ҳадисга берилган учала маънони келтириб ўтамиз.
Биринчи маъноси: Ҳадисдаги буйруқ феъли таҳдид-ваъидни ифодалайди. Унда ҳадис маъноси қуйидагича шарҳланади: Агар сенда ҳаё бўлмаса, хоҳлаган ишингни қилавер. Албатта Аллоҳ таоло сени қаттиқ жазолайди!
Амр-буйруқ феълининг таҳдид маъносида келиши қуйидаги ояти каримада ҳам кузатилади: “(Эй кофирлар), хоҳлаган ишингизни қилаверинглар. Албатта У қилаётган ишларингизни кўриб турувчидир". (Фуссилат сураси, 40-оят).
Иккинчи маъноси: Ҳадисдаги буйруқ хабар маъносини ифодалайди. Яъни беҳаё кимсалар хаёлларига нима келса қилаверадилар. Чунки ҳаё инсонни қабиҳ-разил одатлардан тўсиб туради. Ҳаёсиз махлуқлар эса бузуқлик ва тубанлик балчиғига ботадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларида ҳам буйруқ феъли хабар маъносини ифодалаб келган: “Кимда-ким менинг ишимда мен айтмаган гапни гапирса, жойини жаҳаннамдан тайёрлайверсин". Яъни, у жойини жаҳаннамдан тайёрлабди.
Учинчи маъноси: Буйруқ мубоҳликни билдиради. Яъни, агар сен бир ишни қилишдан Аллоҳдан ҳам, одамлардан ҳам ҳаё этмасанг, модомики у шариатда қайтарилмаган бўлса, уни қилавер, рухсат. Зеро шариатда қайтарилмаган ҳар қандай амал мубоҳдир.
Юқоридаги шарҳлар орасида албатта биринчи келтирилгани кучлироқдир. Бироқ имом Нававий (Аллоҳ у кишини Ўз раҳматига олсин) учинчи маънони рожиҳ-кучли санаганлар. Абу Убайд Қосим ибн Салом, Ибн Қутайба ва Муҳаммад ибн Наср Марвазийлар иккинчи маънони ихтиёр этишган.
3. Ҳаё икки хил бўлади:
Биринчи: туғма ҳаё
Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган бандасига гўзал ҳаё ато этади. Бу табиий уятчанлик ҳисси кишини қабиҳ ва тубан амаллардан тўсиб туради. Шу боис, ҳаё эзгулик манбаи ва иймоннинг бир бутоғи дея эътироф этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чодирларида ўтирган бокиралардан ҳам ҳаёлироқ бўлганлар. Умар разияллоҳу анҳу айтадилар: “Ҳаёли инсон ўзини бир четда тутади. Ўзини четга олган банда тақводор бўлади. Тақво қилганлар омон қоладилар".
Иккинчи: ўзлаштирилган ҳаё
Аллоҳ таоло бандаларига ҳаммадан яқин ва барча нарсадан огоҳ Зот. Кўзлар хиёнати ҳам, қалблар разолати ҳам Ундан махфий қолмас! Ушбу ҳақиқатни англаб етган мусулмон ҳар бир ҳолатда Аллоҳдан ҳаё қилишга интилади. Бундай гўзал сифатга эришиш йўлида ҳаракат қилаётган мўмин бир пайтнинг ўзида иймоннинг олий хислатларини ҳам қўлга киритади. Бундай ҳаё Аллоҳ таолонинг неъматларини ҳис этиш ва ўзининг ношукурлигини эътироф қилиш орқали ҳам ҳосил бўлади. Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳдан чинакам ҳаё қилиш бу бошни ва ундаги нарсаларни, қорин ва унинг ичидагиларни сақлашинг, ўлимни ва йўқ бўлишни ёд этишингдир! Охиратни танлаган банда дунё зийнатини тарк этади. Ким шундай йўл тутса, у Аллоҳдан чинакам ҳаё қилибди". (Аҳмад ва Термизий ривоятлари).
Бордию бандада ўзлаштирилган ҳаё ҳам, қалбида туғма уятчанлик ҳам бўлмаса, уни разолату маъсиятлардан тўсиб турувчи нарса қолмайди. Натижада у инсу жинлардан иборат иймонсиз шайтонлар сафига қўшилади.
4. Бемаъни ҳаё
Нафсни қабиҳ ва ярамас ишлардан тўсувчи ҳаё мақтовли хулқ саналади. У иймонни комил этиб, эгасига фақат яхшилик келтиради. Бироқ ҳар бир нарсанинг чегараси бор. Шу боис, кишини изтиробга солиб қўювчи ортиқча тортинчоқлик кераксиз ҳаёдир. Тортинишга ҳечам ҳожат бўлмаган ўринларда ийманиб ўтириш ёмон хулқ саналади. Чунки бу - беҳуда ҳаё! Бундай сифат кишини илм олиш ва кундалик ризқини топишдан тўсиб қўяди. Баъзилар ўз ўрнида бўлмаган кераксиз ҳаёга заифлик деб баҳо берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳаё икки турли бўлади: бири иймондандир, иккинчиси эса ожизликдир". (Ҳасан Басрийнинг мурсал ривоятлари).
Ибн Ражаб Ҳанбалий юқоридаги ривоятни Ҳасан Басрийнинг сўзи бўлса керак, деб тахмин қилганлар. Шунингдек, Бишр ибн Каъб Адавий ҳам Имрон ибн Ҳусайн разияллоҳу анҳуга шундай деган эдилар: “Биз китобларда ўқишимизча, ҳаёнинг Аллоҳ учун вазмин ва босиқ бўлиш каби хили ҳам, заифлик саналган хили ҳам мавжуд экан". Шунда Имрон разияллоҳу анҳунинг ғазаблари келди: “Мен сенга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларини айтсам, сен унга қарши гапирасанми?!"
Имрон разияллоҳу анҳу ҳақлар. Кишини гўзал амалларга ундовчи ва уни ярамас қилиқлардан тўсувчи ҳаё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида мақталган ҳаёдир. Аммо Аллоҳ таоло ёки бандалар ҳақ-ҳуқуқларини адо этишда инсоннинг йўлига тўғаноқ бўлувчи заифлик ҳаё дейилмайди. Бундай ортиқча тортинчоқлик инсоннинг ожизлигидан бошқа нарса эмас.
5. Муслима аёлнинг ҳаёси
Ҳаё безаги ила зийнатланган муслима ер юзини обод этиш ва ёш авлодга таълим-тарбия беришда соғлом аёллик фитрати билан иштирок этади. Қуръони каримдаги ушбу ажойиб мисолга бир эътибор беринг. Шуайб алайҳиссалом қизларидан бирини Мусо алайҳиссаломни чақириб келишга жўнатдилар: “Бас, улардан бири ҳаё билан юриб келиб: “Отам сени бизларга қўйларимизни суғориб берганинг ҳаққини бериш учун чақирмоқда", деди". (Қасас сураси, 25-оят).
Қиз отасининг сўзларини етказмоқ учун покиза ва иффатли бўлиб, ҳаё-ибо билан қадам ташлаб келди. Ўзини у ёндан-бу ёнга ташлаб, солланиб, пардоз-андозга бурканиб, икки оёқли фитна бўлиб эмас, одмигина бокира қиз бўлиб, Мусо алайҳиссаломга мурожаат қилди. Соғлом табиатли, тоза қалбли бу қиз сўзлаганда ҳам нозланмасдан, атайлаб қилиқлар кўрсатмасдан, аниқ-тиниқ гапирди. Покиза қизлар соф табиатлари туфайли бегона эркаклар қаршисида гапиришга тортинадилар. Лекин ниятлари пок ва қалблари тоза бўлганлиги боис, улар бир гапни бузмасдан, узмасдан, бегонанинг кўнглига чўғ ташламасдан, содда ҳамда тушунарли қилиб баён этадилар. Тап тортмасдан заруратсиз бегона эркаклар билан аралашиб юрадиган, шаллақи, эркакшода аёллар Қуръон ва Ислом мактабида таълим олмаган заифалардир. Улар Аллоҳнинг тоати ва аёллик ибосини маъсият ва фисқу фужурга айирбошлаганлар. Шайтон ноғорасига ўйнаган бундай аёллар дунёю Охират бахтсизлигидан ўзга нарсага эришмаслар.
6. Ҳаё самараси
Ҳаёли инсонлар иффатли, покиза бўладилар. Улар барча ҳолатларда ўзларининг иффатларини сақлаб қоладилар. Ҳаёнинг самараларидан яна бири вафодир. Аҳнаф ибн Қайс айтадилар: “Ҳеч қачон ёлғончилик билан мардоналик бир инсонда жамланмайди. Мардоналик самаралари ростгўйлик, вафодорлик, ҳаё ва иффатдир".
7. Ҳаёнинг зидди
Безбетлик бандани тубан ҳолатларга туширади. Ҳаёдан бебаҳра кимсалар атрофдан ёғилаётган танқидларни писанд қилмай қўядилар. Бориб-бориб улар ножўя ишларни намойишкорона бажарадиган бўлиб кетадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Умматим орасида гуноҳни ошкора бажарувчилардан бошқалари саломат қолувчилардир".
На Аллоҳдан ва на бандасидан ҳаё қиладиган бешарму беандиша кимсаларни фақат қаттиққўллик ва қатъий жазогина жоҳилона қилиқлардан тўхтатади. Чунки одамлар орасида шундайлари борки, улар ҳаё қилмайдилар, бироқ қўрқадилар. Бу ерда ажабланарли нарса йўқ. Зеро, ҳаёсизлик соғлом инсоний табиатдан ажралиш демакдир!
8. Ота-она ва мураббийлар вазифаси
Бола тарбиясига масъул инсонлар ўсиб келаётган ёш авлодга ҳаё хулқини сингдиришлари лозим. Ота-оналар фарзандлари нималар билан машғул эканлигини кузатиб борсинлар. Болаларни ахлоқсиз доира таъсирига тушиб қолишдан асрамоғимиз керак. Уларда фойдали китобларга нисбатан меҳр уйғотинг. Бузуқ кинофилмлар, бемаъни томошалар ва беҳаё сўзлардан уларни имкон қадар йироқ тутинг.
9. Ҳаё фақат яхшилик келтиради
Кимнинг ҳаёси зиёда бўлса, яхшилиги ҳам зиёдалашади. Ҳаёси камайган банданинг хайрияти ҳам камаяди.
10. Дин аҳкомларини ўрганишда ва ҳақ талабида уялиб тортиниб турмаслик керак
“Аллоҳ ҳақни айтишдан тортинмайди". (Аҳзоб сураси, 53-оят).
Йигирма биринчи ҳадис
Ҳақ устида собитқадамлик ва иймон
عَنْ أَبِي عَمْرٍو، وَ قِيلَ: أَبِي عَمْرَةَ سُفْيَانَ بْنِ عَبْدِ اللهِ الثَّقَفِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، قُلْ لِي فِي الإِسْلامِ قَوْلاً، لا أَسْأَلُ عَنْهُ أَحَدًا غَيْرَكَ. قَالَ: "قُلْ آمَنْتُ بِاللهِ ثُمَّ اسْتَقِمْ". (رواه مسلم).
Абу Амр (ёки Абу Амра) Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга дедим:
- Ё Расулуллоҳ! Менга Исломда шундай бир сўз айтингки, у ҳақда бошқа ҳеч кимдан сўрамай.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Аллоҳга иймон келтирдим, деб айтгин-да, сўнгра тўғри йўлда юр! (Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Мазкур ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган жавомеул калим (қисқа сўзларда улкан маъноларни ифодалаш) мўъжизасининг ажойиб намунасидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобийнинг саволига икки оғиз сўз билан жавоб бердилар ва мана шу икки калимада Ислом асосларини баён этдилар: Иймон ва ҳақ устида собитқадам туриш. Маълумки, Ислом тавҳид ва итоатдан иборат. Тавҳид Аллоҳга иймон келтириш билан юзага келса, итоат тўғри йўлда юриш билан бўлади. Зеро, у шариат буйруқларига тўла бўйсуниб, қайтарилган амаллардан йироқ юрмоқдир. Иймон, Эҳсон ва Ислом каби қалб ҳамда бадан амали ушбу доира ичига киради. “Бас, сизлар Унинг ўзига тўғри (тоат-ибодатда) бўлингиз ва Ундан мағфират сўрангиз!" (Фуссилат сураси, 6-оят).
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Тўғри йўлда юриш нима дегани?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга иймон келтирдим, дегин-да, сўнгра тўғри йўлда юр!" - дедилар. Бошқа бир ривоятда: “Раббим - Аллоҳ!" дегин-да, сўнгра тўғри йўлда юр!" дейилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари қуйидаги оятлардан олингандир: “Албатта “Парвардигоримиз Аллоҳдир", деб сўнгра тўғри йўлда юрган зотларнинг олдиларига (ўлим пайти) фаришталар тушиб, дерлар: “Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар!" (Фуссилат сураси, 30-оят).
“Албатта “Парвардигоримиз Аллоҳдир", деган, сўнгра тўғри йўлда устивор бўлган зотлар учун хавфу хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмаслар". (Аҳқоф сураси, 13-оят).
Абу Бакр разияллоҳу анҳу “Сўнгра тўғри йўлда устивор бўлганлар..." оятини қуйидагича шарҳлаганлар: “Улар Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмадилар. Аллоҳдан ўзга биронта илоҳга юзланмадилар. Аллоҳ таоло - Парвардигоримиз, деб собит турдилар".
Умар разияллоҳу анҳу юқоридаги оятни минбарда туриб тиловат қилдилар-да, бундай дедилар: “Улар Аллоҳ таолонинг тоатида собит турдилар. Тулкига ўхшаб йўлда эгри-бугри юрмадилар".
Юқоридаги сўзларда комил тавҳид устида устивор туриш таъкидланаяпти. Қушайрий айтадилар: “Ҳақ йўлда собитлик ишларни камолга етказувчи бир даражадир. У мавжуд бўлиши билан яхшиликлар юзага келади ва тартибга тушади. Ҳақ йўлда собит бўлмаган киши охир-оқибат муваффақиятсизликка учрайди".
Тўғри йўлда устивор туришга фақат улуғ инсонларгина қодир бўладилар. Чунки у одат ва кўникмалардан ажралиб, Парвардигор қаршисида содиқ бўлиб турмоқдир.
Воситий айтадилар: “Ҳақ йўлда собитлик шундай бир сифатки, у билан хайрли ишлар камолига етади".
Ибн Ражаб айтадилар: “Ҳақ йўлда собитлик бу тўғри йўл-ҳақ дин устида ўнгу сўлга бурилмасдан, оғишмасдан собит қадам ташламоқдир. У барча зоҳирий ва ботиний тоат-ибодатларни ҳам, жамики қайтариқларни ҳам ўз ичига олади. Демак, Пайғамбаримизнинг ушбу васиятлари барча хайрли хислатларни ўзида мужассам этган".
2. Инсон тўғри йўлда юриш борасида ҳам ноқис
Ҳақ йўлда собитлик ҳолату маърифат камолида улуғ даража, сўзу амалда қалбнинг поклиги ҳамда эътиқоднинг бидъат ва залолатлардан тозалиги дея таърифланган экан, инсон тўғри йўлда тўла-тўкис бўла олмайди, барибир унинг камчиликка йўл қўйиши турган гап. “Бас, сизлар Унинг ўзига тўғри тоат-ибодатда бўлингиз ва Ундан мағфират сўрангиз". (Фуссилат сураси, 6-оят).
Яъни нуқсон-камчиликларни йўқотиш учун мағфират тилаб, тўғриликка қайтингиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни тўғриликка, ҳақ устида собит туришга буюрдилар:
“Тўғриликда собит бўлаверингиз. Аммо ҳаргиз тўла-тўкис тўғриликда бўлолмайсизлар". (Муслим ва Аҳмад ривоятлари).
“Тўғри йўлга юринглар ва тўғриликка яқинлашаверинглар!" (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Юқоридаги ҳадислар инсоннинг тўғрилик борасида нуқсонли эканига очиқ далилдир. Ҳақ йўлда собит бўлиш сўз, амал ва мақсадларнинг барчасида нишонга аниқ отилган ўқдек тўғри бўлишни талаб қилади.
3. Қалбнинг тўғрилиги
Тўғри йўлда устивор туриш негизида тавҳид асосидаги қалб тўғрилиги ётади. Қачонки қалб Аллоҳни таниб, Ундан қўрқиб, Уни улуғлаб, севиб, истаб, Унга илтижо қилиб, таваккул этиб, фақат Ундан умидвор бўлиб ва ўзгалардан юз ўгириб, тўғрилик касб қилар экан, тананинг бошқа аъзолари ҳам Аллоҳнинг тоат-ибодатида устивор бўлади. Чунки қалб тана аъзолари қаршисида шоҳ саналса, аъзолар унинг оддий аскарларидир. Агар шоҳ ислоҳга юз тутса, қўшин ҳам, раият ҳам салоҳиятли бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Огоҳ бўлингизким, танада бир парча гўшт бор. Агар шу парча гўшт яхшиланса, бутун тана яхшиланади. Агар у бузилса, бутун тана бузилади. Билингларки, у қалбдир!" (Бухорий ривоятлари).
4. Тилнинг тўғрилиги
Инсон аъзолари орасида қалбдан кейин тилнинг тўғрилиги алоҳида аҳамиятга эга. Чунки тил қалбнинг таржимони ҳисобланади. Киши учун энг хавфли нарса хусусида савол беришганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилларини ушлаб кўрсатганлар.
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банданинг иймони то унинг қалби тўғриланмагунга қадар тўғриланмайди. Токи тил тўғриланмас экан, қалб тўғри бўлмайди". (Аҳмад ривоятлари).
Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Одам боласи уйғонганида, унинг аъзолари тилни ўраб олиб шундай дейдилар: “Бизнинг ҳақимизда Аллоҳдан қўрқ! Чунки биз фақат сенга боғлиқмиз. Агар сен тўғри бўлсанг, биз тўғри бўламиз. Сен эгри бўлсанг, биз ҳам эгри бўламиз!" (Термизий ривоятлари).
5. Тўғрилик фойдаси
Тўғрилик ўз соҳибига тоат-ибодат билан ҳавою хоҳишлар ўртасида бўладиган жангу жадалда мустаҳкамлик бахш этади, уни мардлик ва муваффақият сари етаклайди. Шу боис, ҳақ йўлдан асло оғишмай ҳаёт кечирган солиҳ бандалар шу дунёдаёқ фаришталардан жаннат хушхабарини эшитишга ҳақли бўладилар. Аллоҳнинг малоикалари уларнинг хавф-хатар ва ташвишларини аритиб юборадилар.
“Албатта: “Парвардигоримиз Аллоҳдир", деб, сўнгра тўғри йўлда устивор бўлган зотларнинг олдиларига фаришталар тушиб дерлар: “Қўрқманглар ва маҳзун бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар! Бизлар ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам сизларнинг дўстларингизмиз. Сизлар учун жаннатда кўнгилларингиз тусаган нарсалар бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз муҳайё". (Фуссилат сураси, 30, 31-оятлар).
6. Тўғрилик аҳамияти
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигор томонидан айнан шу нарсага буюрилдилар: “Ўзингизга буюрилганидек тўғри йўлда бўлингиз". (Ҳуд сураси, 112-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қуръоннинг жамики оятлари ичида мана шу оятдан қаттиқроқ ва оғирроқ оят нозил қилинмаган". Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ! Соч-соқолингизга нега бунча эрта оқ оралади?" деб сўраганларида, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Мени Ҳуд сураси ва унинг шериклари қаритди, - дедилар.
Ҳасан разияллоҳу анҳу айтадиларки: “Мазкур оят нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жиддий машғул бўлиб қолдилар ва кулиб юрганлари кўринмади". Қушайрий ривоят қиладилар: Бир киши тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб, у зотдан: “Ё Расулуллоҳ! “Мени Ҳуд ва унинг биродарлари қаритди", дегансиз. Айнан қайси оят сизни қаритди?" - деб сўради.
- “Ўзингизга буюрилганидек тўғри йўлда бўлингиз!" ояти, - деб жавоб берибдилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
7. Тавҳид ва Ёлғиз Аллоҳ ибодатига ихлос қўйиш билан ҳақ йўлда устивор бўлишга бир-биримизни чақирайлик
8. Саҳобаи киромлар ҳамиша динларини яхшироқ ўрганиш ва иймонларини саломат сақлашга ташна бўлишган
Йигирма иккинчи ҳадис
Жаннат йўли
عَنْ أَبِي عَبْدِ اللهِ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ الأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَجُلا سَأَلَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: أَرَأَيْتَ إِذَا صَلَّيْتُ الصَّلَوَاتِ الْمَكْتُوبَاتِ، وَصُمْتُ رَمَضَانَ، وَأَحْلَلْتُ الْحَلالَ، وَحَرَّمْتُ الْحَرَامَ، وَلَمْ أَزِدْ عَلَى ذَلِكَ شَيْئًا، أَ أَدْخُلُ الْجَنَّةَ؟ قَالَ: "نَعَمْ". (رواه مسلم).
Абу Абдуллоҳ Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий разияллоҳу анҳудан ривоят: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради:
- Айтинг-чи, мен фарз намозларини ўқисам, Рамазон рўзасини тутсам, ҳалолни ҳалол деб, ҳаромни ҳаром деб билсам ва бошқа ҳеч бир амални зиёда қилмасам, жаннатга кираманми?
- Ҳа! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Журжоний ёзадилар: “Мазкур ҳадис дини Исломда улкан ўрин тутади. У диннинг барча қисмини ўзида жамлаган. Чунки амаллар қалбий ва баданий бўлади. Ҳар иккисининг ичида ҳам рухсат берилгани ва ман этилгани мавжуд. Модомики, банда ҳалолни ҳалол, ҳаромни ҳаром деб эътиқод қилар экан, демак у барча вазифаларни адо этади ва шу тариқа жаннатга киради".
Ҳадисдаги савол сўраган саҳобийнинг исмлари Нўъмон ибн Қавқал Хузоийдир. У киши Бадр ва Уҳуд жангларида қатнашганлар ҳамда Уҳудда шаҳид бўлганлар. Уҳуд куни Нўъмон разияллоҳу анҳу:
- Эй иззат эгаси бўлган Раббим! - деган эдилар. - Мен Сенинг номингга қасам ичиб айтаманки, қуёш ботгунга қадар мана шу оқсоқ оёғим билан жаннат майсаларини босиб юраман.
Нўъмон разияллоҳу анҳу шаҳид бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Нўъмон Аллоҳ азза ва жалла ҳақида яхши гумонда бўлди. У Аллоҳни ўзининг хайрли ўйида топди. Мен Нўъмоннинг чўлоқ бўлмаган ҳолда жаннат майсаларини босиб юрганини кўрдим".
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун оламларга раҳмат қилиб юборилганлар
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам башариятни оқибати дўзах бўлган залолат зулматидан қутқариб, жаннатга боришнинг очиқ ва енгил йўлига бошламоқ учун бутун оламларга раҳмат этиб юборилганлар. Аллоҳ таоло жаннат йўлини маълум ҳад-ҳудудлар билан белгилаб қўйди ва айни чегараларга риоя этган ҳолда юришни буюрди. Ана шу тартибга бўйсунган бандалар ўз мақсадларига етишадилар. Қарши чиққанлар эса жаҳаннам қаърига қулайдилар. Албатта Аллоҳ таоло белгилаб қўйган чегаралар инсон тоқатидан ташқарида эмас. У Зот ҳамиша бандаларига енгиллик беришни истайди. Уларга оғирликни раво кўрмайди. Мазкур ҳақиқат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларини ўрганган кишилар кўз ўнгида очиқ-ойдин намоён бўлади.
2. Жаннат талабида ҳаракат қилмоқ
Жобир разияллоҳу анҳу жаннатга муҳаббатли бир мўмин ҳақида ҳикоя қилдилар. Улуғ саҳоба ўзининг суюкли Пайғамбарини кенглиги осмонлар ва ер қадар бўлган, тақводор зотлар учун ҳозирлаб қўйилган жаннат талабида саволга тутди. Жаннат боғларига бошловчи йўлни кўрсатишларини ўтинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг талабини бажо келтирдилар.
Саҳобаи киромлар турли муносабатларда ушбу саволни ҳар хил услублар билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бот-бот сўрашган:
Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳудан ривоят: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради:
- Мени жаннатга олиб кирадиган амал ҳақида сўзлаб беринг!
- Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмасдан ибодат қил, намозни тўкис адо эт, закот бер ва қариндош-уруғларинг билан алоқани узма! - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Мени жаннатга яқинлаштириб, дўзахдан узоқлаштирадиган амал ҳақида хабар беринг, мен ўша амални қиламан". Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят этган “Саҳиҳайн"даги ҳадис ҳам юқоридаги мазмунни такрорлаган. Фақат унда “Яқинларинг билан алоқа қил" лафзи ўрнига “Рамазон рўзасини тут!" дейилган.
Ибн Мунтафиқ разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафотда турганларида ёнларига бордим ва:
- Ё Расулуллоҳ! Сиздан икки нарса ҳақида сўрайман: Мени дўзахдан нима асрайди ва нима жаннатга киргизади? - деб савол бердим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:
- Саволинг қисқа бўлса-да, сўраган нарсанг жуда улкан ва унга олиб борувчи йўл жуда узоқ! Энди, яхшилаб қулоқ сол: Аллоҳга ҳеч нарсани шерик этмасдан, холис ибодат қил, фарз намозларни комил адо эт, фарз бўлган закотни адо эт ва Рамазон рўзасини тут. Одамларнинг сенга қандай муомала қилишларини истасанг, ўзинг ҳам уларга шундай муомалада бўл. Сенга нисбатан қилишларини истамаган муомаладан бошқаларни ҳам халос эт. (Аҳмад ривоятлари).
3. Фарзларни адо этиб, ҳаром-ҳаришдан ҳазар қилмоқ нажот гаровидир
Нўъмон разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар:
- Агар мен фарз намозини ҳеч қолдирмасдан ўқиб борсам...
“Албатта намоз мўминларга вақти тайинланган фарз бўлди". (Нисо сураси, 103-оят).
- Рамазон ойида барча қонун-қоидаларига риоя қилган ҳолда рўза тутсам...
“...Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ҳамда ҳидоят ва Фурқоннинг очиқ оятлари бўлиб, Қуръон нозил қилингандир. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин". (Бақара сураси, 185-оят).
- Сўнгра ҳалолни ҳалол деб, ҳаромни ҳаром деб эътиқод қилиб ва ҳаромдан четланиб фақат ҳалол ишларгагина қўл урсам-у... бошқа мустаҳаб-нафл амалларни бажара олмасам, айрим макруҳ ишлардан ўзимни тўхтата олмасам... Жаннатга кираманми?... Бор-йўғи шугина амалим менинг Аллоҳ ҳузурида нажот топишимга ва энг катта орзу-умидим бўлган жаннатга киришимга кифоя қиладими? Ҳеч қандай азоб ёхуд жазога дучор бўлмасдан, Аллоҳга яқин солиҳ бандалар ва пешқадамлар қаторида тураманми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам берган жавоб содиқ саҳобийнинг қалбини қувончга тўлдирди. Нўъмон разияллоҳу анҳу дилларига ором бағишлайдиган, кўнгилларини тўқ қиладиган жавобни эшитдилар: “Ҳа!"
Яъни юқорида санаб ўтган амалларинг сенинг жаннатийлар қаторидан жой олишингга кифоя қилади. Қандай қилиб ҳам “Йўқ!" жавоби эшитилсин?! Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигорлари номидан қуйидаги сўзларни айтганлар-ку: “Менга қурбат-яқинлик ҳосил қилувчилар Мен фарз этган амалларни адо этишдек нарса билан яқинлик ҳосил этмайдилар". (Ҳадиси қудсий. Бухорий ривоятлари).
Эй, ўз лафзида содиқ бўлган мўмин! Аллоҳ таолонинг ушбу хушхабари билан шодланинг: “(Мўминлар) Аллоҳнинг ҳудудларини муҳофаза қилувчилардир. Бу мўминларга жаннат хушхабарини етказинг!" (Тавба сураси, 112-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Беш вақт намозни ўқийдиган, Рамазон рўзасини тутадиган, закот чиқарадиган ва етти гуноҳи кабирадан сақланадиган ҳар бир банда учун жаннат эшиклари очилади. У хоҳлаган эшикдан жаннатга киради". Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги оятни тиловат қилдилар: “Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангизлар, қилган кичик гуноҳларингизни ўчирурмиз ва сизларни улуғ манзил-жаннатга киргизурмиз!" (Нисо сураси, 31-оят. Мазкур ҳадисни Насаий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилганлар).
Бу ҳақда яна бир қанча ҳадисларни келтириб ўтиш мумкин.
Етти гуноҳи кабира қуйидагилардир:
1. Зинокорлик;
2. Ароқхўрлик;
3. Сеҳр қилиш;
4. Покизалик билан танилган инсонни зинокорликда айблаш;
5. Бир жонни қасдан ўлдириш;
6. Судхўрлик;
7. Ислом душманлари қаршисида жанг майдонини ташлаб қочмоқ.
Ҳадиси шарифларда бошқа гуноҳи кабиралар ҳам зикр этилган. Валлоҳу аълам.
4. Ислом енгиллик динидир
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ердаги жавоблари, шунингдек, бошқа ҳадислар ҳам, Исломда ҳараж-танглик йўқ эканлигига очиқ далилдир. Аллоҳ таоло бандаларига тоқатларидан ташқари машаққатни юкламайди. “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди". (Бақара сураси, 185-оят). “Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф этмайди". (Бақара сураси, 286-оят). “(Аллоҳ) бу динда сизларга бирон ҳараж-танглик пайдо қилмади". (Ҳаж сураси, 78-оят).
Шариатдаги барча буйруқлар инсон тоқати доирасида бўлиб, улар енгиллик асосига барпо қилинган. Чунки Ислом аҳкомлари Меҳрибон, Билгувчи ва Хакийм Зот бўлган Аллоҳ таоло томонидан жорий этилгандир. Шу боис, оқил инсонлар дунёю Охират саодатига эришмоқ йўлида шариат буйруқларига тўла-тўкис қулоқ тутадилар.
5. Мўминнинг ростгўйлиги ва самимийлиги
Нўъмон разияллоҳу анҳу тили ҳам, қалби ҳам очиқ бўлган содиқ мусулмоннинг ажойиб намунасидирлар. Улар ўзларини тақводор қилиб кўрсатишга уринмадилар, қилмайдиган ёхуд қила олмайдиган ишлари ҳақида лоф урмадилар. Нўъмон - нажот ва боқий муваффақият талабида юрган инсон. У зот мақсадларига олиб борувчи омилларни бажаришга ҳозиру нозирдирлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга “Ҳа" деб жавоб берганларидан сўнг улуғ саҳобийнинг ростгўйлиги ва очиқлиги янада равшанроқ намоён бўлди.
- Аллоҳга қасамки, - дедилар Нўъмон разияллоҳу анҳу, - мана шу амалларга зиёда ҳеч нарса қўшмайман!
Аллоҳ таоло розилигига У Зот фарз этган қулай амалларни бажариш билан эришилади. Бинобарин, шариат аҳкомлари содиқ мўминларга қулайдир. Аллоҳ таоло шариатни улар учун ўнғай қилиб қўйган. Парвардигор қалбларига муҳр босиб қўйган бадбахт кимсалар учун эса Ислом фақат оғир машаққатлардан иборат бўлиб туюлади. “Сабр ва намоз ўқиш билан мадад сўранглар! Албатта намоз ўқиш оғир ишдир. Магар ўзларининг Парвардигорларига рўбарў бўлишлари ва шубҳасиз Унга қайтажакларини биладиган шикастанафс зотларга оғир эмасдир". (Бақара сураси, 45-46-оятлар).
Қалблари иймон нури билан мунаввар бўлган, мунофиқлигу мақтанчоқликдан мутлақо пок ва шариат аҳкомларининг қадр-қимматини яхши биладиган чин мўминлар томонидан юқоридаги очиқ эътироф кўп бора такрорланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳамиша уларга бир хил жавоб берганлар.
Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бир аъробий - Зимом ибн Саълаба разияллоҳу анҳу келиб, у зотдан намозлар хусусида сўради.
- Беш вақт намоз! - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Булардан бошқа фарз намозлари ҳам борми? - сўради саҳройи араб.
- Йўқ. Магар хоҳишинг бўлса, нафл намозлар ўқишинг мумкин.
Саҳобий бошқа фарзлар ҳақида сўраб-суриштирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга фарзларни баён қилиб бердилар.
- Менинг зиммамда бундан ташқари вожиботлар ҳам борми?
- Йўқ! Магар хоҳишинг бўлса, нафл ибодатларни адо этишинг мумкин!
- Аллоҳга қасамки, Аллоҳ менга фарз этган нарсалардан ортиқча ҳеч нарсани ихтиёр этмайман ҳам, улардан ҳеч нарсани олиб ташламайман ҳам! - деди-да, Зимом ибн Саълаба разияллоҳу анҳу кетди.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобийнинг орқасидан:
- Агар у сўзида содиқ бўлса, нажот топди! - дедилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
“Саҳиҳи Муслим"да охирги сўз қуйидагича ворид бўлган: “Агар у ўзига буюрилган нарсаларни маҳкам тутса, жаннатга киради".
“Саҳиҳайн"даги бир ривоятда эса бундай дейилган: “Кимда-ким жаннат аҳлидан бўлган кишини кўрмоқни истаса, унга қарасин!"
6. Закот ва ҳаж - Исломнинг икки фарзи
Закот Ислом арконларидан саналиб, динда унинг ўрни ва аҳамияти жуда улкандир. “Уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг". (Тавба сураси, 103-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётиб бундай дедилар:
- Айтгинки, Аллоҳ уларга закотни фарз этди. У бойлардан олиниб, фақир-бечораларга қайтарилади! (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Байтуллоҳга ҳаж қилиш ҳам худди шу мақомда туради. “Йўлга қодир бўлган инсонлар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш вазифаси бордир". (Оли Имрон сураси, 97-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Эй инсонлар! Аллоҳ сизларга ҳаж қилишни фарз этди. Ҳаж қилинглар! (Муслим ривоятлари).
Ушбу икки рукнни адо этишга қодир бўлган ҳар бир мусулмон уларга қаттиқ эътибор бермоғи лозим. Чунки мазкур фарзлар мукаллаф банданинг дўзахдан омонлик топиб, жаннатга киришида асосий шартлардан ҳисобланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Мунтафиқнинг саволига жавоб бериб шундай дедилар (Ибн Мунтафиқ “Мени жаннатга нима олиб киради?" деб сўраган эдилар):
- Аллоҳдан қўрқ, Унга ҳеч нарсани шерик қилма, намозни тўкис адо эт, закот бер, Байтуллоҳни ҳаж қил ва Рамазон рўзасини тут! (Аҳмад ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Нўъмон разияллоҳу анҳуга закот ва ҳаж хусусида ҳеч нарса демадилар. Буни қуйидаги шарҳларнинг бири билан изоҳлаш мумкин:
а) У пайтда закот ва ҳаж фарз қилингани йўқ эди.
б) Нўъмон камбағал одам бўлганлари боис, закот ва ҳажга қодир эмасдилар. Бинобарин, уларга мукаллаф ҳам эмасдилар.
в) Саҳобийнинг “ҳалолни ҳалол, ҳаромни ҳаром деб билсам", деган сўзларининг умумий маъноси закот ва ҳажни ҳам қамраб олади. Чунки юқоридаги сўзни айтган киши барча фарз амалларни адо этиб, жами мункар ишларни тарк қилмоғи лозим эди. Закот ва ҳажни адо этмоқ ҳалол-фарз, уларни тарк қилмоқ эса ҳаром-мункар ишдир.
7. Намоз ва рўзанинг аҳамияти
· Намоз
Сўровчи саволини айнан намоздан бошлади. Бу нарса саҳобийларнинг намоз масаласини нечоғлик муҳим санашганини кўрсатади. Қандай қилиб унинг аҳамияти бўлмасин, ахир намоз диннинг асоси ва мусулмонликнинг аломати-ку?! Мўминлар бир кеча-кундузда беш вақт намозни барча одобу суннатлари билан тўлиқ адо этадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бу ишнинг боши Исломдир. Исломни қабул қилган киши саломат қолади. Унинг асоси эса намоздир. Чўққиси - Аллоҳ йўлидаги жиҳод!" (Табароний ривоятлари);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимда-ким бизнинг намозимизни ўқиса, қибламизга юзланса ва сўйган жонлиғимизни еса, у Аллоҳ ҳамда Пайғамбар ҳимоясидаги мусулмондир". (Бухорий ривоятлари);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар масжидларга қатнашни канда қилмайдиган кишини кўрсангиз, унинг иймонли эканига гувоҳлик берингиз!" (Термизий ривоятлари);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Намози йўқ кимсанинг дини йўқ! Дини Исломда намознинг тутган ўрни бамисоли танадаги бошнинг ўрни кабидир". (Табароний ривоятлари).
· Бенамоз кимсанинг ҳукми
Ҳадиси шарифларда намозни тарк қилмоқ куфр ёхуд куфрга олиб борувчи восита сифатида баҳоланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Киши билан куфр ўртасида намозни тарк этмоқ туради". (Муслим ривоятлари); Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Биз билан улар ўртасидаги аҳд намоздир. Кимда-ким уни тарк қилса, куфр келтирган бўлади". (Аҳмад ва “Сунан" соҳиблари ривояти).
Абдуллоҳ ибн Шақиқ Уқайлий айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари амаллар ичида фақат намозни тарк этишни куфр деб билардилар". (Термизий ва Ҳоким ривоятлари).
Юқорида келтирилган шаръий далилларга асосланиб, намозни тарк қилган кимсанинг ҳукмини билишимиз мумкин. Банданинг нима учун ва қайси эътиқод билан намоз ўқимаслигига қараб мазкур ҳукмлар турлича бўлади.
а) Намознинг фарзлигини ва асосий ибодатлардан бири эканини инкор этиб, намозни тарк этган кимса билиттифоқ кофир ва муртад ҳисобланади. У мусулмонлик даъвосини қилиб, Исломнинг бошқа амалларини адо этса ҳам, модомики юқоридаги эътиқодидан воз кечмаса, мўмин бўлмайди. Уни тавбага чақирилади, агар шунда ҳам бу гумроҳликдан қайтмаса, ўлимга ҳукм қилинади. Бундай равишда қатл қилинган кишига муртад муомаласи қўлланади: унинг жасади ювилмайди, унга жаноза ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига кўмилмайди ва унга нисбатан мерос олиш-бериш ҳукми юргазилмайди.
б) Бироқ намознинг фарзлигини тан олсаю дангасаликдан ёки енгил-елпи қараш сабабли намоз ўқимаса, мусулмонлар ижмосига биноан бундай банда фосиқ саналади. Мазҳаб имомлари бундай ярамас одатли кимсаларга қандай муомала қилиш хусусида турлича фатво берганлар.
Абу Ҳанифа ва у кишининг асҳоблари ижтиҳоди: “Дангасалик қилиб намоз ўқимайдиган кимса ҳибсга олиниб, дарра ва бошқа йўллар билан таъзир берилади. Агар намоз ўқишни бошламаса, умрбод ҳибсда сақланади. Чунки у одамларга ёмон ўрнак кўрсатиши ва Ислом ҳукмларига нисбатан бепарволикни вужудга келтириши мумкин".
Имом Молик, Шофеий ва Аҳмадлар эса: “Ялқовлик сабабли намоз ўқимайдиган кимса тавбага чақирилади. Агар тавба қилиб, намозга тушмаса, ўлдирилади!" деб фатво беришган.
Имом Молик ва Шофеий фикрига кўра ҳалиги кимса кофир сифатида эмас, шаръий ҳад (шаръий жазо) юзасидан қатл қилинади. Сўнг жасади ювилиб, жаноза ўқилади ва мусулмонлар қабристонига кўмилади.
Имом Аҳмад эса бу масалада қуйидагича йўл тутганлар: “Ялқовлик сабабли намоз ўқимайдиган кимса (агар тавба қилмаса), кофир сифатида ўлдирилади ва унинг жасадига муртадга қилингандек муомала қилинади". Имом Аҳмад ижтиҳоди Умар, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Муоз ибн Жабал (разияллоҳу анҳум) каби саҳобалар ва аксарият тобеинлар сўзига мувофиқ тушади.
· Рўза
Рўза Исломда намоздан кейин иккинчи мартабада туради. Бироқ фарзлик борасида ҳар иккиси бир хилдир. Рўзанинг Ислом рукнларидан бири эканлиги уммат ижмоси билан ҳам таъкидланган. Бу ҳақда бир қанча ҳадисларни келтириб ўтиш мумкин. Нўъмон разияллоҳу анҳу намоздан кейин рўзани тилга олишларининг боиси ҳам мана шунда.
Намоз ҳар куни беш маҳал ўқилса, рўза ҳар йили тўлиқ бир ой тутилади. Рўзадор Аллоҳ учун очлик ва ташналикка бардош беради, ўзини тута билишни ўрганади, шаҳватлар чангалидан халос бўла бошлайди, камбағал-бечоралар аҳволини тушуниб, уларга ёрдам бериш сингари фазилатли хулқларга одатланади. Натижада жамиятда адолат ва ўзаро ҳамжиҳатлик туйғулари ривож топади. Шу боис, рўза Аллоҳ таолонинг қуйидаги эътиборига муносиб топилди. Аллоҳ таоло айтади: “Одам боласининг барча амали ўзи учундир. Фақат рўзагина бундан мустасно. Рўза Мен учундир ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман. Рўза қалқондир!" (Ҳадиси қудсий, Муслим ривоятлари).
Ҳа, рўза маъсиятлар ҳамда дўзах оташидан тўсувчи қалқон, гуноҳлар каффорати ва жаннатийлар сафидан жой олиш учун воситадир! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимки иймон билан ва савоб умид этган ҳолда Рамазон рўзасини тутса, унинг барча ўтган гуноҳлари кечирилади". (Бухорий ва бошқалар ривояти).
Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, дедим:
- Менга шундай бир амални буюрингки, у мени жаннатга олиб кирсин.
- Рўза тут. Зеро унинг тенги йўқдир, - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Сўнг иккинчи маротаба келдим.
- Рўза тутгин, - деб жавоб бердилар яна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Аҳмад ва бошқалар ривояти).
· Рўза тутмаган кимсанинг ҳукми
Рўзанинг фарзлигини инкор этиб, Рамазон рўзасини тутмаган кимса билиттифоқ кофир-муртад ҳисобланади. Унга муртад каби муомала қилинади. Чунки Рамазон рўзасининг фарзлиги қатъий далиллар билан собит бўлган.
Аммо ҳеч қандай узр-сабабсиз, бепарволик қилиб Рамазон рўзасини тутмаган кимса мусулмонлар ижмосига биноан фосиқ саналади. Унинг Исломи шубҳали бўлиб, диндан чиқиб қолиши гумон қилинади. Бундай бепарволик бандани куфрга олиб боради. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Ислом ришталари ва дин устунлари учтадир. Ислом асослари улар устида барқарор бўлади. Кимда-ким шулардан бирини тарк этса, кофир бўлиб, қони ҳалол бўлади: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ" деб гувоҳлик бермоқ, фарз намози ва Рамазон рўзаси. (Абу Яъло ва Дайламий ривоятлари. Заҳабий саҳиҳ деганлар).
Ҳеч қандай узрсиз рўза тутмаган кимса ҳибсга олинади ва кундузи емоқ-ичмоқдан маҳрум қилинади. Яъни рўза тугагунга қадар ана шу тарзда рўзанинг ташқи кўриниши ҳосил қилинади.
8. Ибодат мартабалари. Мўмин ҳамиша комил даражага интилади
Иймон камолот асосидир! Банданинг жаннатга кириш-кирмаслиги унинг иймонига боғлиқ. Аллоҳга, Пайғамбарларга, илоҳий китобларга, фаришталарга, Охират кунига ва қазои қадарга иймон келтириб, ширкдан пок бўлган мўмин шубҳасиз жаннатга киради. Агар у фарзларни бажармасдан ва мункар ишлардан тийилмасдан ҳаёт кечирган бўлса, қилмишига яраша жазо олиб, сўнгра жаннатга киради. Абу Зар разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ла илаҳа иллаллоҳ"ни айтиб, сўнг ана шу калима устида вафот этган ҳар бир банда жаннатга киради". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У Ёлғиз ва шериксиздир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг қули ва элчисидир. Ийсо Аллоҳнинг қули, Пайғамбари, Марямга туширган калимаси ва руҳидир. Жаннат ҳам, дўзах ҳам ҳақ!" деб гувоҳлик берган бандани қандай амали борлигига қарамасдан Аллоҳ жаннатга киритади". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
· Фарзларни бажариб, ҳаром ишлардан йироқ юрмоқ бандани дўзахдан сақлайди.
Аллоҳ таоло ибодатидаги асллик фарзларга риоя этиб, ҳаром ишларни тарк қилишдир. Ушбу қоидага тўла-тўкис амал қилган инсон ҳақиқий бахт ва муваффақият мазасини тотади. Амр ибн Мурра разияллоҳу анҳудан ривоят: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, деди:
- Ё Расулуллоҳ! Мен Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва сизнинг Пайғамбар эканлигингизга гувоҳлик бераман, беш вақт намоз ўқийман, молимнинг закотини бераман ва Рамазон рўзасини тутаман!
- Кимда-ким юқоридаги нарсаларга амал қилса, модомики ота-онасига оқ бўлмас экан, Набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан Қиёмат кунида мана бундай бирга бўлади! - деб Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки бармоқларини кўрсатдилар. (Аҳмад ривоятлари).
Ота-онага Аллоҳ ва Расули буюрганидек муомала қилмаслик уларга оқ бўлиш дейилади.
· Нафл ибодатлар инсонни Аллоҳ таолога янада яқинроқ қилади
Шариатнинг фарз буйруқларига бўйсуниб, ҳаром ишлардан ўзини покиза сақловчи мусулмон нафл ибодатларни тарк этгани ёхуд макруҳ амалга қўл ургани учун жазога тортилмайди.
Бироқ нафл ибодатларни ташлаб қўйиш оммавий тус олса, шариат буни кечирмайди. Масалан, бутун маҳалла ёки қишлоқ аҳли суннат амалларини адо этмай қўйса, фақиҳлар фатвосига биноан уларга қарши уруш очилади. Яъни улар суннатни оммавий тарзда тарк этганлари учун жавобгар бўладилар. Чунки бу ҳолат суннатга амал қилмайдиган маҳалла аҳлининг нафл ибодатлардан мутлақо юз ўгирганларига, уларнинг суннатга хоҳиш-рағбатлари йўқ эканига далолат қилади.
Энди якка бир шахснинг суннатларга риоя қилмаслиги масаласига ўтсак. Кимда-ким суннат амалларни арзимас санаб ёки фазилати ва шаръийлигига эътиқод қилмагани сабабли тарк этадиган бўлса, жазога мустаҳиқ бўлади. Кишининг ушбу ҳолати куфр ва диндан чиқиш саналади. У тавба қилдирилади ва суннат амалларга риоя этишга мажбур қилинади.
Нафл ибодатларнинг шаръийлигига шубҳа билдирмаса-да, ялқовлиги боис мудом уларга амал қилмайдиган киши эса, фосиқликнинг бир турига қўл урган ҳисобланади. Динга ва унинг вазифаларига бепарво қараган бундай кимсаларнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди. Боз устига, улар жуда улкан ажру савоблардан бебаҳра қолишади. Унутманг, нафл ибодатлар фарзларда йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар ўрнини тўлдиради.
Аллоҳ таоло ҳузурида юксак даражаларга эришиш умидида юрган жаннат талабгори нафл ибодатларни ташлаб қўймайди. Ҳаром ва макруҳ амалларга яқин йўламайди. У ўзидан талаб этилган фарз, вожиб ва суннат ўртасини ажратмаганидек, ман этилган ҳаром билан макруҳни ҳам ажратмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари ўзларига нима буюрилган бўлса, тўлиқ бўйсунганлар, шариат қайтарган амаллардан юз ўгирганлар. Улар Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасини дастуруламал қилиб олган эдилар: “Пайғамбар сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар!" (Ҳашр сураси, 7-оят).
Яъни ажр-савоб топиш ва раҳмату розиликка эришиш учун маъсиятлардан пок сақланиб, шариат ҳукмига бўйсунинг! Тобеинлар, улардан кейинги салафи солиҳлар ва улуғ уламолар худди шундай ҳаёт кечирганлар.
Шариат аҳкомларини вожиб, мандуб, мубоҳ ва макруҳ деган қисмларга ажратиш фақиҳларнинг изланишлари натижасида юзага келган. Чунки одамлар қайси амал дуруст ёки қай бири ботил ё фосид эканлигини ажратиб олишлари лозим эди. Акс ҳолда улар қайси амални қайтадан қилиш ёки қилмаслик каби фиқҳий ҳукмлардан бехабар қолишарди.
Саҳобий “Юқорида айтганларимга ҳеч нарса қўшмайман!" деганларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътироз билдирмадилар. Унга нафл ибодатларнинг фазилатини уқтириб ўтирмадилар. Биз биламизки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалиги саҳобийга енгил ва ўнғай бўлиши учун ҳеч нарса қўшмадилар. Бу билан раҳбарлар ва ҳақ даъватчиларига ҳам ўгит бердилар. Токи улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олиб, кечиримлилик ва бағрикенглик каби улуғ хулқларга интилсинлар, омма учун ҳамиша динни қулай кўрсатиб, уларни ҳам ҳаракатга чорласинлар! Ислом енгилликдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқоридаги сукутлари айни ҳақиқатга ҳаётий исбот ва тасдиқ мақомида туради.
Аллоҳ таоло фарз этган амалларни адо этиб, ҳаром-ҳаришдан ўзини покиза сақлаган мўминнинг қалби мунаввар бўлади ва Аллоҳ таоло ибодатидан ажиб роҳат туяди. Ана шу ором, хотиржамлик ва қалб сокинлиги бандани ибодатга янада муҳаббатли қилиб қўяди. У энди фақат фарзлар билан кифояланмайди. Нафл амалларни ҳам алоҳида меҳр билан адо этиб, макруҳ ишлардан тийилади. Бир тасаввур қилиб кўринг-а, қуйидаги ҳадиси қудсийни эшитган мусулмон қандай қилиб нафл ибодатларга бепарво бўлиши мумкин: “Аллоҳ таоло айтади: “Бандам нафл ибодатлари билан Менга қурбат-яқинлик ҳосил қилаверганидан Мен уни яхши кўриб қоламан. Агар уни яхши кўрсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, тутадиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. Сўраса, бераман. Агар паноҳ тиласа, паноҳимга оламан. Дуо қилса, дуосини ижобат этаман!" (Бухорий ривоятлари).
Яъни Аллоҳ таоло суйган бандасига ҳамиша мададкор бўлади. Уни бало-офатлардан асрайди. Ҳар ҳаракати ва ишида унга ўзи кўмак беради.
Камолот пиллапояларидан ана шу тарзда дадил одимлаётган тақволи банда кундузлари қўрқмас мужоҳидга, тунлари эса Аллоҳ қўрқувидан сел-сел кўз ёши тўкадиган ҳақиқий обидга айланади.
“Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни тунлари кўп ибодат қиладилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар". (Сажда сураси, 16-оят).
9. Бир нарсани ҳалол ёки ҳаром қилиш ҳақ-ҳуқуқи Аллоҳдан ўзга ҳеч кимда йўқ!
Мусулмон киши ўзининг яхши ёки ёмон амал қилишидан қатъиназар (зотан дунёда бегуноҳ кимса топилмайди), Аллоҳ ҳалол этган нарсани ҳалол, ҳаром қилганини ҳаром деб билмоғи шарт. Бу иймоннинг асоси саналади. Шариат ҳалол қилган нарсани ҳаром ёки ҳаром қилганни ҳалол этишга журъат этган кимса Аллоҳ азза ва жалланинг ҳаққига аралашмоқчи бўлган ҳисобланади. Чунки бир нарсани ҳалол ёки ҳаром деб белгилаш ожиз бандаларнинг иши эмас. Кимда-ким Аллоҳ ва Расули жорий этган қонунга хилоф юришни ўзига ҳалол деб билса ва ўзича шариатга зид қонунлар чиқарса, дини Исломдан ажралади. Ундан Аллоҳ ҳам, Расули ҳам покдир! “Эй мўминлар, Аллоҳ сизлар учун ҳалол қилиб қўйган покиза нарсаларни ҳаром деманглар ва Аллоҳ белгилаган чегарадан тажовуз қилманглар! Албатта Аллоҳ тажовузкор кимсаларни севмас!" (Моида сураси, 87-оят).
Ривоят қилишларича, ушбу оят зоҳидлик йўлини тутиб, айрим ҳалол нарсаларни ўзларига ҳаром қилмоқчи бўлган бир неча саҳобий хусусида нозил этилган экан. Ҳалол неъматлардан бутунлай юз ўгирмоқчи бўлган саҳобаларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагича жавоб берганлар: “Мен намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Рўза тутаман, тутмасдан ҳам юраман ҳамда аёлларга уйланаман. Кимда-ким суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас!" (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Бу ҳадисда нафл намоз ва нафл рўза ҳақида сўз юритилган.
10. Қасамни бузиш ва унга вафо қилиш
Бирон-бир хайрли ишни қилишга қасам ичган инсон қасамига вафо қилгани афзал. “Қасамларингизни бузишдан сақланингиз!" (Моида сураси, 89-оят).
Бирон вожибни тарк этишга ёки бирон гуноҳ-маъсиятни қилишга қасам ичган киши қасамини бузиши шарт.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимда-ким бир маъсиятни қилишга қасам ичган бўлса, унинг қасами йўқ!" (Абу Довуд ривоятлари). Яъни, бундай нотўғри қасамга амал қилинмайди.
Бир хайрли ишни қилмасликка қасам ичиб қўйган киши гарчи ўша хайрли иш вожиб-фарз бўлмаса ҳам, қасамини бузгани афзал. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қасам ичган киши ичган қасамидан хайрлироқ нарсани кўриб қолса, ўша хайрли нарсани қилсин. Қасамига эса каффоратини берсин". (Муслим ривоятлари).
11. Ҳадис яна қуйидагиларни ифодалайди:
· Мусулмон фарзанди ўзи билмайдиган фиқҳий фатволарни аҳли илмлардан сўраб ўргансин. Ўшанда у қилаётган амалининг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиб хотиржам бўлади.
· Устозлар сўровчиларга нисбатан бағрикенглик билан муомала қилмоқлари лозим. Улар кишиларга яхши хабарлардан сўзлаб, мулойимлик билан шариат аҳкомларига тарғиб қилсинлар.
Йигирма учинчи ҳадис
Ҳар бир яхшилик садақадир
عَنْ أَبِي مَالِكٍ الْحَارِثِ بْنِ عَاصِمٍ الأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "الطُّهُورُ شَطْرُ الإِيْمَانِ، وَالْحَمْدُ لِلَّهِ تَمْلأُ الْمِيزَانَ، وَسُبْحَانَ اللهِ وَالْحَمْدُ لِلَّهِ تَمْلآنِ – أَوْ تَمْلأُ – مَا بَيْنَ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ، وَالصَّلاةُ نُورٌ، وَالصَّدَقَةُ بُرْهَانٌ، وَالصَّبْرُ ضِيَاءٌ، وَالْقُرْآنُ حُجَّةٌ لَكَ أَو عَلَيْكَ، كُلُّ النَّاسِ يَغْدُو، فَبَائِعٌ نَفْسَهُ، فَمُعْتِقُهَا أَوْ مُوبِقُهَا". (رواه مسلم).
Абу Молик Ҳорис ибн Осим Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Покизалик иймоннинг ярмидир. “Алҳамду лиллаҳ" мезонни тўлдиради. “Субҳаналлоҳ" ва “Алҳамду лиллаҳ" осмонлару ер оралигини тўлдиришади (ёки тўлдиради). Намоз нурдир. Садақа (закот) далил-ҳужжатдир. Сабр зиёдир! Қуръон сенинг фойдангга ёхуд зарарингга ҳужжатдир. Ҳамма тонг саҳардан ҳаракат қилиб, ўзини (Аллоҳга ёки шайтонга) сотади. Пировардида нафсини халос қилади ёки уни ҳалок этади". (Муслим ривоятлари).
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Улуғ ҳикмат
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қисқа сўзларда улкан маъноларни баён этганлар. Саҳобаи киромларга қилинган мухтасар насиҳатлар барча яхшиликларни қамраб олиши ва барча ёмонликлардан қайтариши билан бир қаторда, ҳеч қачон ғализ ёки чигал бўлмаган.
Юқоридаги саҳиҳ ҳадис ҳам биз учун фойдали бўлган улуғ ҳикматлар ва ажиб мавъизалар билан тўлиб-тошган. Унутманг, бу ҳикматлар фақат илоҳий ваҳийдан сўзловчи содиқ ва омонатдор зот томонидан айтилган. Қуйида ушбу ҳикматли насиҳатлар мағзини чақишга уриниб кўрамиз.
2. Таҳорат ва унинг ажри
Таҳорат намознинг дуруст бўлиши учун шартдир. Ҳадиси шарифларда таъкидланганидек, мўминнинг бадани ва кийимини покиза тутиши унинг иймони таъсиридандир. Чунки банда таҳорат шартларига амал қилиши билан Парвардигори амрига қулоқ тутган бўлади. “Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни яратган Парвардигорингизга ибодат қилингиз – шоядки тақво эгалари бўлсангиз". (Бақара сураси, 21-оят); “Эй мўминлар, намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни ошиқларигача ювингиз. Агар жунуб бўлсаларингиз, покланингиз!" (Моида сураси, 6-оят). “Либосларингизни пок тутинг!" (Муддассир сураси, 4-оят).
Ҳақиқий мўмин Парвардигори қаршисида покиза ва ораста бўлиб турмоғи учун шариат буюрган озодаликка риоя қилади. Аллоҳ таоло бандасини гўзал хилқатда яратди. Хилқати кўркам мўмин покиза бўлиб Парвардигор ибодатига бел боғлар экан, Аллоҳ таоло ҳам унга Ўз муҳаббатини туширади. “Албатта Аллоҳ тавба қилгувчиларни ва ўзларини мудом пок тутгувчиларни яхши кўради". (Бақара сураси, 222-оят).
а) Покизалик - иймоннинг ярми
Покизалик - Аллоҳ таоло ҳузурида олий мартабаларга кўтарилди ва унинг ажр-мукофоти иймоннинг ярим ажрига тенг қилинди. Маълумки, иймон ўтган барча катта-кичик гуноҳларни ўчириб юборади. Покизалик, хусусан таҳорат эса аввалда йўл қўйилган кичик гуноҳларни ўчириб юборади ва шунга биноан, у иймоннинг ярим даражасига тенглаштирилади. Усмон разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимда-ким таҳорат олса ва таҳоратини чиройли-мукаммал этса, унинг хатолари танасидан чиқиб кетади. Ҳатто хатолари тирноқлари остларидан чиқиб кетади". (Муслим ривоятлари).
Иймон киши қалбидаги ширк, мунофиқлик каби маънавий кирликларни ювиб ташлайди. Таҳорат эса инсон танасининг зоҳирий қисмини тоза тутади. Шу боис, таҳорат Қиёмат кунида мўминларнинг белгисига айланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қиёмат кунида умматим таҳорат таъсиридан бошлари, оёқлари ва қўлларидан нур таралган ҳолларида чақириладилар. Қай бирингиз ўз нурини узунроқ қилишга қодир бўлса, шундай қилсин". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
б) Таҳорат - намознинг ярми
Баъзилар ҳадисдаги иймон лафзини намоз деб шарҳлаганлар. Улар қуйидаги ояти каримани ўз сўзларига далил қилиб келтиришади: “Аллоҳ иймонларингизни (яъни намозларингизни) зое қилгувчи эмас". (Бақара сураси, 143-оят).
Бинобарин, таҳорат иймоннинг, яъни намознинг ярми ҳисобланади. Чунки у намознинг дуруст бўлиши учун шартдир. Шарт эса ўша нарсанинг ярми каби қадрланади.
в) Таҳорат жаннат калитидир!
Мусулмонлар сафидан жой олмаганликлари сабабли кофирлар дўзахдан жой эгалладилар. “(Жаннат аҳли дўзах аҳлига): “Сизларни нима сақарга киритди?" деганларида, улар айтурлар: “Бизлар намоз ўқувчилардан бўлмадик". (Муддассир сураси, 42-43-оятлар).
Намоз инсонни дўзахдан қутқариб, жаннат сари бошловчи йўлдир. Намоз калити бўлган таҳорат билвосита жаннат калити ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимда-ким таҳорат олса ва таҳоратини маромига етказса, сўнг икки ракъат намоз ўқиб, намозига қалби ҳамда юзи билан юзланса, унга жаннат вожиб бўлади". (Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қай бирингиз таҳорат олса ва таҳоратини тўлиқ-комил адо этса, сўнг: “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу" деб айтса, унинг учун жаннатнинг саккиз эшиги очиб қўйилади. Банда уларнинг хоҳлаганидан киради". (Муслим ривоятлари).
г) Таҳорат иймон хислатларидан
Таҳорат иймоннинг кўзга кўринмас хислатларидан ҳисобланади. Уни муҳофаза қилиш фақат мўминда топилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Фақат мўмин кишигина таҳоратни муҳофаза этади". (Ибн Можа ва Ҳоким ривоятлари). Чунки таҳорат махфий амал. Устига-устак нафсга оғирлиги ҳам бор. Шу боис, таҳоратни сақловчи мўмин жаннатга киришда илғор бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни эрталаб Билол разияллоҳу анҳуни ҳузурларига чақирдилар:
- Эй Билол, нима туфайли жаннатга мендан илгари кирдинг? Кеча мен жаннатга кирганимда, олдинда сенинг қадам товушларингни эшитдим.
- Ё Расулуллоҳ! - деб жавоб бердилар Билол. - Мен ҳар доим азон айтганимда икки ракъат намоз ўқиб оламан. Таҳоратим бузилиши билан, дарҳол таҳорат оламан.
- Мана шу туфайли! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Ибн Хузайма ривоятлари).
д) Таҳорат омонатдир
Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Беш вақт намозлар, жумъа келаси жумъагача ва омонатни адо этмоқ ўртадаги гуноҳларга каффорат бўлади.
- Омонатни адо этмоқ нима? - деб сўрашди.
- Жунубликдан ғусл қилиш. Зеро ҳар битта тук тагида жунублик бўлади! - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Ибн Можа ривоятлари).
Абу Дардо разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Аллоҳ таоло одам боласини дин хусусида фақат шу нарсага (яъни таҳоратга) омонатдор қилди".
Чунки банданинг таҳорат олган-олмагани фақат Аллоҳга ва ўзига аён. Ҳеч ким ёнидаги биродарининг таҳоратли ёки таҳоратсиз эканини билолмайди. Покланмоқ кишининг нияти ва ҳаракати билан амалга ошади. Аксарият ҳолларда амал ҳам худди мақсад каби бировлар кўзидан пинҳон қолади. Шу боис, таҳорат олиб нопокликдан халос бўлмоқ омонатни адо этиш таркибига киритилди.
е) Қалб поклиги
Инсон маънан ўзини покиза тутмас экан, унинг зоҳирий озодалигидан ҳеч қандай наф йўқ. Инчунун, мўминнинг бадани ҳам, қалби ҳам покиза бўлмоғи лозим. Ҳадисдаги “покизалик" лафзини Ғаззолий қалбни ҳасад, адоват, нафрат ва бошқа маънавий иллатлардан поклаш ҳамда гуноҳ-маъсиятларни тарк этиш, деб шарҳлаганлар. Лут алайҳиссалом ва у зотнинг оиласи фосиқ қавмнинг бузуқ қилмишларидан ўзларини покиза тутганларида, ярамас кимсалар уларни қуйидагича таърифлаган эдилар: “Улар ўта покиза кишилар экан". (Аъроф сураси, 82-оят).
3. Аллоҳ таоло зикри ва шукронаси
Аллоҳ таоло неъматларига ҳадисларда ворид бўлган зикрлар билан шукроналар айтмоқ Қиёмат кунида тарозининг солиҳ амаллар палласини оғир қилади. Банда Аллоҳ таолога кўп шукр қилиб, ҳамду сано айтса, Парвардигорни улуғлаб, У Зотнинг ширку нуқсондан поклигини ҳам бот-бот таъкидласа, нажот топгувчи солиҳ инсонлар қаторидан жой олади.
“Алҳамду лиллаҳ" мезонни тўлдиради. “Субҳаналлоҳ" ва “Алҳамду лиллаҳ" осмонлару ер оралиғини тўлдиришади (ёки тўлдиради). (Муслим ривоятлари).
“Тасбеҳ ва такбир осмону ерни тўлдиради". (Муслим ривоятлари).
“Ла илаҳа иллаллоҳ" калимаси Аллоҳга етгунга қадар ўртада ҳеч қандай парда-тўсиқ бўлмайди. (Термизий ривоятлари).
Абу Саид ва Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳумодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло сўзлардан тўрттасини танлаб олди: “Субҳаналлоҳ, Алҳамду лиллаҳ, Ла илаҳа иллаллоҳ ва Аллоҳу акбар". Кимда-ким “Субҳаналлоҳ" деб айтса, унга йигирма яхшилик-ҳасана ёзилади ва йигирмата ёмон амали ўчирилади. “Аллоҳу акбар" деб айтганга ҳам, “Ла илаҳа иллаллоҳ" деганга ҳам, “Алҳамду лиллаҳ" деб айтганга ҳам мана шундай (ажр-мукофот) бўлади. Чин дилдан “Алҳамду лиллаҳи роббил аламийн" деб айтган кишига ўттиз ҳасана ёзилади ва ўттизта ёмонлиги ўчирилади". (Аҳмад ривоятлари).
Ушбу келтирилган зикр-дуоларни қалбан ҳис қилган ва фикран идрок этган ҳолда айтган бандалар учун ваъда қилинган улуғ ажр-мукофотлар масофаларга қиёс қилинса ёки уларга ҳажм-миқдор сифати берилса, мазкур хайрли мукофотлар осмонлару ер оралиғини қоплаган бўларди. Аллоҳ таоло танлаган бундай зикрлар бандани олий даражалар сари кўтаргувчи пиллапоялардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ихлос билан “Ла илаҳа иллаллоҳ" калимасини айтган банда модомики, гуноҳи кабира қилмаган бўлса, унинг учун осмон эшиклари очилади ва айтган калимаси Аршга қадар етиб боради". (Термизий ривоятлари).
Арш - Фирдавсул-аълонинг шифти. У ерда банда олий мақом соҳибига айланади.
Уламолар мазкур тўрт каломни қуйидаги оятда айтилган “боқий яхшиликлар" деб шарҳлаганлар: “Мол-мулк ва бола-чақа ҳаёти дунё зийнатидир. Парвардигорингиз наздида эса боқий яхшиликлар савоблироқ ва орзу қилишга арзигулироқдир". (Каҳф сураси, 46-оят).
Зеро, улар Парвардигор ҳузурида савоб бўлиб қоладиган ва ўсиб-катталашиб борадиган яхшиликлардир. Шу боис, улар мол-мулк ва бола-чақадан хайрлироқ дейилди.
а) Қалб хотиржамлиги
Дуо-зикрлар кишига таъсир қилиши учун албатта айтилаётган сўзлар қалбдан чиқиши ва айтувчи имкон қадар уларнинг маъноларини англаши лозим. “Улар иймон келтирган ва қалблари Аллоҳни зикр қилиш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, қалблар Аллоҳ зикри билан ором олур!" (Раъд сураси, 28-оят).
б) Зикрдан айрилмаслик
Албатта ҳар биримиз хотиржамлик ва қалб оромини истаймиз. Ўзимиздаги ушбу зарурий эҳтиёжни қондирмоқ учун ҳамиша Аллоҳ зикри билан бирга бўлмоғимиз шарт. Токи Парвардигор нусрати ва мададига ҳақли, У Зот мағфирати ҳамда марҳаматига лойиқ бандалар сафига қўшилайлик. Аллоҳ таолога эътимод қилиб, қалбини ёлғиз Унгагина боғлаган зотлар даргоҳи илоҳийда эсланади ва ҳидоят йўлига йўлланиб, фазлу марҳамат ёмғиридан баҳраманд бўладилар. “Эй мўминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар! Ва эртаю кеч У Зотни поклаб тасбеҳ айтинглар! У Зот сизларни зулматлардан Нурга чиқариш учун сизларга марҳамат кўрсатадиган Зотдир. Унинг фаришталари ҳам ҳақларингизга дуо қилурлар". (Аҳзоб сураси, 41-43-оятлар).
4. Намоз нурдир
Исломнинг асосий рукнларидан бўлмиш намоз ибодатли бандаларни хайрли йўлга бошловчи, уларни маъсиятлардан тўсиб, тўғриликка йўлловчи нурдир. “Албатта намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур". (Анкабут сураси, 45-оят).
Зулматли тунда машъала кўтариб кетаётганлар тўғри йўлдан адашмайдилар. Намоз бандаларга ҳидоят ва ҳақ йўлини ёритиб турувчи маънавий нурдир. У ҳаёти дунёда мусулмон фарзандига ажиб чирой ва салобат бахш этади. Қиёматда эса бу нур уларнинг юзларида жилваланади.
“Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрар". (Таҳрим сураси, 8-оят).
Ҳар куни беш маҳал бутун дунёдан узилиб, Парвардигори олам қаршисида хушуъ ва хузуъ билан турувчи комил мусулмон ўзгалар билан ҳам чиройли муносабатда бўлади. Ўзининг хулқи ва тақвоси билан бошқалардан яққол ажралиб турувчи банданинг қалбидаги нур Аллоҳ таоло марҳамати билан унинг юзига балқиб чиқади. “Уларнинг юзида сажда изидан қолган белги-аломатлар бордир". (Фатҳ сураси, 29-оят).
Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар банда намозни мудом ўз вақтида адо этса-муҳофаза қилса, таҳорат, рукуъ, сажда ва қироатларни комил суратда қоим қилса, намози унга қуйидагича дуо қилади: “Мени қандай асраган бўлсанг, Аллоҳ сени ҳам ўшандай асрасин!" Сўнг намоз нур сочиб турган ҳолида кўкка кўтарилиб Аллоҳ таоло даргоҳига қадар етади ва ўз соҳибини шафоат қилади". (Табароний ривоятлари).
а) Жамоат ва масжид нури
Барча намозларни жамоат билан адо этган мусулмон улуғ хайриятларга сазовор бўлади. Ҳамиша масжидда жамоат сафида намоз ўқийдиган мўмин улкан муваффақият қозониб, яхшилар қаторида биринчилардан бўлиб жаннатга қадам қўяди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Беш вақт намозни жамоат билан ўқиган киши пешқадамларнинг аввалги сафида туриб сиротдан ялт этувчи яшиндек ўтиб кетади. У Қиёмат куни ойдин кечадаги тўлин ойдек бўлиб келади". (Табароний ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Зулматли кечаларда масжидлар сари юрувчи инсонларга Қиёмат кунидаги комил нур хушхабарини бергин!" (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
б) Кўзлар қувончи
Банда намоз орқали Парвардигори билан боғланади, Унга муножотлар қилади. Шу боис, намоз ҳақиқий мўминларнинг кўз қувончига айланган. Мусулмонлар Аллоҳ ибодатида турар эканлар, ич-ичларидан омонлик ва ором ҳиссини туядилар. Бошларига ғам-ташвиш булути соя солганда ҳам севимли Пайғамбарлари кўрсатмасига амал қилиб, намоз ўқишга тутинадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кўзимнинг қувончи намозда қилинди". (Аҳмад ва Насоий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бирон нарса ғамга солиб қўйса, у зот шундай дер эдилар: “Эй Билол, намозга иқомат айтиб, бизга роҳат бағишланг!" (Абу Довуд ривоятлари).
5. Садақа ҳужжат-бурҳондир
Араб тилида “бурҳон" сўзи қуёшнинг ёрқин шуъласи-нури маъносини беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари ҳам бунга мисол бўла олади: “Мўминнинг руҳи танасини тарк этганда бамисоли қуёш нуридек мунаввар бўлади". (Ҳадисдаги “қуёшнинг нури" ибораси “бурҳон" калимаси билан ифодаланган). Шу боис, қатъий далил-ҳужжатга ҳам “бурҳон" лафзи ишлатилади. Чунки у қаратилган нарсага очиқ-ойдин далолат қилиб туради.
Закот иймон дурустлигининг ёрқин далилидир. Молининг закотини асло оғринмасдан бажонидил берадиган инсонлар иймон лаззатини тотган яхшилар тоифасига кирадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким қуйидаги уч нарсага амал қилса, иймон мазасини тотади: Ёлғиз Аллоҳга қуллик қилса, Ундан ўзга илоҳ йўқ деб билса ҳамда ҳар йили молининг закотини очиқкўнгиллик билан ва бажонидил адо этса!" (Абу Довуд ривоятлари).
Пул-мол - ширин нарса. Нафслар молга бахиллик қилиши тайин. Аллоҳ таоло йўлида кўнгилдан чиқариб молини сарфлай олган банда Парвардигор ваъдаси ва таҳдидига инонадиган иймони чин мўмин саналади.
Покизалик ва ростгўйлик
Ўзини ҳамиша покиза тутувчи, Аллоҳ таоло зикри ва шукри билан ҳаёт кечирувчи, У Зот ҳаққини тўла-тўкис адо этувчи мўмин бахиллик, хасислик каби маънавий кирликлардан ҳам покиза юради. Мусулмон киши ҳар доим сахий ва мурувватли бўлади. Зеро, иймон билан бахиллик битта қалбда жамланмайди. “Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, ана ўшалар нажот топгувчилардир". (Тағобун сураси, 16-оят).
Шу боис, Аллоҳ таоло йўлида закот бермоқ ёки фақиру бечораларга ёрдам, хайрли ишларга кўмак бўлсин учун инфоқ-эҳсонлар қилмоқ иймон дурустлигига қатъий далил саналади. Ана шундай мартабага мушарраф бўлганлар нажот топувчи саодатманд мўминлар сафидан жой оладилар. “Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир. Улар беҳуда-фойдасиз (сўз ва амаллардан) юз ўгирувчи кишилардир. Улар закотни бажарувчи кишилардир". (Мўминлар сураси, 1-4 оятлар).
6. Сабр зиёдир
Зиё оддий ёруғликдан фарқли ўлароқ, ҳарорати бор нурдир. Мисол учун ой ёруғлиги ҳароратсиз, қуёш зиёси эса иссиқлиги билан ундан анча фарқ қилади. “Сабр зиёдир!" дейилди. Чунки сабр нафсларга бироз оғир келади. Рўзадорлар ўзларини емоқ, ичмоқ ва шаҳват каби айрим кўнгилхушликлардан тўсадилар.
Сабр ғалаба сари етаклайди
Инсон сабр қилгани сайин ҳақ устида тобора муқимроқ ўрнашади. Ҳаёт турли-туман мусибат ва қийинчиликлар билан тўла. Киши улар қаршисида сабот-матонат билан турмас экан, ўзини йўқотиб қўйиши турган гап. Умуман, бу ҳаётда инсон учун сабрдек муҳим ва зарур эҳтиёжни топмоқ мушкул. Биз тоат-ибодат қилишда ҳам, гуноҳ-маъсиятларни тарк этишда ҳам, бало-кулфатларга бардош беришда ҳам сабрга муҳтожмиз. Шу боис, сабр барча қувватлардан устун қўйилди. Аллоҳнинг собир бандалари сабр зиёси остида мангу ҳақ йўл соҳибларига айландилар. Аллоҳ таоло сабрли бандаларига зиёда ажру савоблар инъом этажак. Улар Парвардигорнинг мақтовига ҳам лойиқ кўрилурлар: “Дарҳақиқат, Биз Айюбни сабр қилувчи ҳолида топдик. У нақадар яхши бандадир. Ҳақиқатан у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) бутунлай қайтгувчидир". (Сод сураси, 44-оят).
“Бирор мусибат келганда: “Албатта биз Аллоҳникимиз ва албатта биз У Зотга қайтгувчидирмиз", дейдиган собирларга хушхабар беринг. Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот-мағфират ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир". (Бақара сураси, 155-157-оятлар).
7. Қуръон ҳужжатдир
Мўминнинг дастури ҳам, пешвоси ҳам Аллоҳнинг китобидир. У Қуръон кўрсатмасига бўйсунади, ундаги буйруқларни адо этиб, қайтариқларидан тийилади ҳамда Аллоҳ азза ва жалла китоби баён қилган хулқ билан хулқланади. Кимки Қуръон кўрсатмаларига биноан ҳаёт кечирса, Аллоҳнинг китоби бундай банданинг фойдасига ҳужжат бўлади. У соҳибини, яъни Қуръон тиловат қилувчи боамал мўминни ҳаёти дунёда нажот сари бошлайдиган далил, Қиёмат куни эса уни ҳимоя қиладиган бурҳон, яъни қатъий ҳужжат бўлади. Аммо Қуръон таълимотига бўйсунмаган, унинг ҳақ йўлидан озган кимсаларга нисбатан рўзи маҳшарда Аллоҳнинг китоби даъвогар мақомида туради. Бундай кимса Қуръон оятидан қанчалик кўп ўқиса, шунчалик гуноҳи ортади. Чунки у ўқиган нарсаларига амал қилмасдан, ўзига қарши ўзи далил-исбот тўплагандир. “Албатта бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур". (Исро сураси, 9-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизларга шундай бир нарсани қолдирдимки, агар уни маҳкам ушласангизлар, мендан кейин ҳаргиз залолатга юз тутмайсизлар: У Аллоҳнинг китобидир!" (Муслим ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:"Қуръон ўқинглар! Қиёмат кунида у шафоат қилувчи бўлиб келади".
а) Қуръон мўмин учун шифо, кофир ва мунофиқ учун озордир
Мўмин Аллоҳ таоло китобидан ўзининг моддий ва маънавий оғриқларига шифо топади. У Қуръони каримни ўқиган сайин енгиллашиб, руҳан тетик бўлиб, томирларида ҳаёт қонлари қайнаб-тошаётганини ҳис қилиб боради. Кофиру мунофиқлар эса Қуръон тиловатини эшитсалар, сиқилиб, озорланишади. Уларнинг бўғинларига титроқ югуриб, бамисоли ҳалокат жарига қулаётгандек юзларини ғам босади. “Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим кимсаларга фақат зиённи зиёда қилур". (Исро сураси, 82-оят).
Салафлардан бири шундай дегандилар: “Қуръон билан ҳамсуҳбат бўлиб, сўнг саломат ҳолида ўрнидан турган банда ё фойда ёки зиён топади". Улуғ олим ушбу сўзларни айтгач, Исро сурасидаги 82-оятни тиловат қилдилар: “Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим кимсаларга фақат зиённи зиёда қилур".
б) Жаннат йўлида
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг ажойиб мавъизалари сўнггида одамларнинг турли тоифалари хусусида гапирдилар.
Албатта ҳар бир тирик жон тонг оттириб, кунни кеч қилади. Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳар хил ҳолатда бўлишади. Кимдир кеча ёки кундузини Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло тоатида ўтказади. У Парвардигори билан ҳам, одамлар билан ҳам содиқ-ростгўй инсон мартабасида туриб муомала қилади ва пировардида ўзини ҳалокатдан, нафсини аччиқ азобдан асраб қолади. Бу ҳур фикрли, иродали, оқил инсон ўзи учун фақат абадий жаннат ва боқий неъматнигина муносиб кўради.
Яна кимдир кеча ёки кундузини маъсият ичида ўтказади. Аллоҳ билан ҳам, бандалар билан ҳам шариат ҳукмига зид муомалада бўлади ва натижада ҳалокатга учрайди. Шаҳвати ва шайтонига қул бўлган бу кимса ўзини жуда арзонга сотади: Унинг баҳоси ҳаёти дунёда бадбахтлик, Охиратда эса дўзах ўтида мангу ёнмоқликдир.
“Ҳамма тонг-саҳардан ҳаракат қилиб ўзини (Аллоҳга ёки шайтонга) сотади. Пировардида нафсини халос қилади ёки уни ҳалок қилади".
Яъни ҳар бир инсон ўзининг саодати ёки ҳалокати сари ҳаракатланади. Аллоҳ тоати йўлида вақтини ўтказиб, ўзини Парвардигорига бағишлаган бандалар жонларини қаттиқ азобдан асраб қолурлар. Аллоҳга осийлик билан кунни кеч қилган ёки тонг оттирган кимсалар эса ўзларини арзимас чақага сотадилар. Улар Аллоҳ таоло ғазабини келтирувчи кирдикорлари боис, даҳшатли азобга гирифтор бўлурлар. “Жонга ва уни расо қилиб-яратиб, унга фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам илҳом қилиб қўйган Зотга қасамки, дарҳақиқат нафсини-жонини поклаган киши нажот топди. Ва уни кўмиб-хорлаган кимса ноумид бўлди". (Шамс сураси, 7-10-оятлар).
Тоат-ибодат нафсни поклайди, уни олий мақомларга кўтаради. Гуноҳ-маъсиятлар эса уни тупроққа қориб, хорликка ташлайди. “Айтинг: “Албатта зиёнкорлар Қиёмат кунида ўзларига ҳам, аҳли оилаларига ҳам зиён қилувчи кимсалардир. Огоҳ бўлингизким, ана шугина очиқ зиёнкорликдир". (Зумар сураси, 15-оят).
в) Мақбул ва нажотбахш шаҳодат
Мўмин ўзининг мустаҳкам иймони ва Парвардигор зикри билан Охиратда нажот топишга интилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимда-ким тонг ёки тун кириши пайтида “Парвардигоро, мен тонгга етдим, Сени, Аршингни кўтариб турувчи фаришталарни, малоикаларингни ва жами мавжудотингни гувоҳ қилиб айтаман: Сен Аллоҳдирсанки, Сендан ўзга илоҳ йўқ ва Сен Ёлғиз ҳамда шериксиздирсан. Албатта, Муҳаммад Сенинг банданг ва элчингдир!" деб айтса, Аллоҳ таоло унинг тўртдан бир қисмини дўзахдан халос қилади. Бу зикрни икки марта айтса, ярми, уч маротаба айтса, тўртдан уч қисмини дўзахдан халос қилади. Агарда уни тўрт марта айтса, Аллоҳ уни бутунлай дўзахдан халос қилади". (Абу Довуд ривоятлари).
Ушбу шаҳодат мўмин қалбида Аллоҳ таолодан қўрқувни кучайтиради ва уни тоат-ибодатларга муҳаббатли ҳамда гуноҳ-маъсиятлардан қочувчи бандага айлантиради. Юқоридаги шаҳодат шу тариқа банданинг дўзахдан йироқлашиб, Аллоҳ розилигига яқинлашишига сабаб бўлади.
г) Ўзингизни фақат Аллоҳга бағишланг
Мўмин азиз ва олийҳиммат инсондир. Аллоҳнинг ҳақиқий қули ўзини фақат Аллоҳгагина сотишга рози бўлади. Чунки Ундан ўзга ҳеч ким мўминга муносиб ҳақ тўлай олмайди. Аслида, Аллоҳ таоло билан мўмин ўртасидаги савдо азалдаёқ пишган эди: “Албатта Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарида сотиб олди". (Тавба сураси, 111-оят).
Шу боис, чин мўминлар ҳамиша Аллоҳ розилиги томон ошиқадилар. Улар ўзларининг комил баҳоларини қўлга киритмоқ учун Аллоҳ ғазабини келтирадиган амаллардан юз ўгирадилар. Аллоҳ таолонинг ҳақиқий бандалари мол-дунё қаршисида алданиб қолмайдилар. Динсиз кимсаларнинг таҳдиди ёки ўлим билан юзма-юз келиш хавфи уларни дин йўлидаги фаолиятларидан тўхтатиб қўймайди. “Одамлар орасида Аллоҳ розилиги йўлида ўз жонини берадиган зотлар ҳам бор. Аллоҳ бандаларига Ғамхўр, Меҳрибондир". (Бақара сураси, 207-оят).
“Мўминлар орасида ўзларини Аллоҳга берган (шаҳидлик ҳақидаги) аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир. Бас, улардан айрим кишилар ўз аҳдига вафо қилди, улардан баъзилари кишилар эса (шаҳид бўлишга) интизордир. Улар (аҳд-паймонларини) ўзгартирганлари йўқ". (Аҳзоб сураси, 23-оят).
8. Ҳадис яна қуйидагиларни таълим беради:
1. Иймон сўз ва амалдир.
У кўпайиб, камайиб туради. Солиҳ амаллар ва тоат-ибодатлар билан зиёда бўлса, маъсият-гуноҳлар уни камайтириб юборади.
2. Амаллар Қиёматда тортилади.
Улар оғир ёки енгил келиши мумкин. Ушбу ҳақиқат Қуръон, ҳадис ва ижмо билан тасдиқланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Иккита калима борки, улар Раҳмон учун суюкли, мезонда оғир ва тилга осон калималардир: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи. Субҳаналлоҳил-азийм". (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мезонга қўйиладиган энг оғир нарса ҳусни хулқдир".
3. Намоз шартларини тўлиқ бажариб, сўнгра унинг вақтлари, рукнлари, вожиблари, суннатлари ва одобларига риоя этган ҳолда ибодат қилмоқ лозим.
4. Хайрли ишларга ёрдам бермоқ, камбағал-муҳтожларга инфоқ-эҳсон қилмоқ ва бева-бечоралар, етимлар ҳамда камтарин-камсуқум инсонлар ҳолидан хабар олмоқ қилинган садақа-эҳсоннинг холис Аллоҳ юзи учун бўлишини таъмин этади.
5. Мусибатларга, хусусан дин ва даъват йўлидаги машаққатларга сабр қилмоқ керак. “Сизга етган мусибатларга сабр қилинг!" (Луқмон сураси, 17-оят). “Бас, сиз ҳам Пайғамбарлар орасидаги сабр-матонат эгалари сабр қилганларидек сабр қилинг". (Аҳқоф сураси, 35-оят).
6. Қуръон мусулмоннинг дастуридир. Барчамиз унинг маъноларини англаб, буйруқларига амал қилишимиз шарт.
7. Мўмин бутун вақтини Аллоҳ таоло тоатида ўтказишга интилади. У фақат Парвардигори билан машғул бўлади. Ҳамиша дунёю Охиратда ўзи учун фойдали бўлган амалларни бажаради.
Йигирма тўртинчи ҳадис
Аллоҳ зулмни ҳаром қилди
عَنْ أَبِي ذَرٍّ الْغِفَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِيمَا يَرْوِيهِ عَنْ رَبِّهِ عَزَّ وَجَلَّ أَنَّهُ قَالَ: "يَا عِبَادِي إِنِّي حَرَّمْتُ الظُّلْمَ عَلَى نَفْسِي وَجَعَلْتُهُ بَيْنَكُمْ مُحَرَّمًا فَلا تَظَالَمُوا.
يَا عِبَادِي كُلُّكُمْ ضَالٌّ إِلا مَنْ هَدَيْتُهُ، فَاسْتَهْدُونِي أَهْدِكُمْ.
يَا عِبَادِي كُلُّكُمْ جَائِعٌ إِلا مَنْ أَطْعَمْتُهُ، فَاسْتَطْعِمُونِي أُطْعِمْكُمْ.
يَا عِبَادِي كُلُّكُمْ عَارٍ إِلا مَنْ كَسََوْتُهُ، فَاسْتَكْسُونِي أَكْسُكُمْ.
يَا عِبَادِي إِنَّكُمْ تُخْطِئونَ بِاللَّيْلِ وَالنَّهَارِ، وَأَنَا أَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا، فَاسْتَغْفِرُونِي أَغْفِرْ لَكُمْ.
يَا عِبَادِي إِنَّكُمْ لَنْ تَبْلُغُوا ضَرِّي فَتَضُرُّونِي، وَلَنْ تَبْلُغُوا نَفْعِي فَتَنْفَعُونِي.
يَا عِبَادِي لَوْ أَنَّ أَوَّلَكُمْ وَآخِرَكُمْ وَإِنْسَكُمْ وَجِنَّكُمْ كَانُوا عَلَى أَتْقَى قَلْبِ رَجُلٍ وَاحِدٍ مِنْكُمْ مَا زَادَ ذَلِكَ فِي مُلْكِي شَيْئًا.
يَا عِبَادِي لَوْ أَنَّ أَوَّلَكُمْ وَآخِرَكُمْ وَإِنْسَكُمْ وَجِنَّكُمْ كَانُوا عَلَى أَفْجَرِ قَلْبِ وَاحِدٍ مِنْكُمْ مَا نَقَصَ ذَلِكَ مِنْ مُلْكِي شَيْئًا.
يَا عِبَادِي لَوْ أَنَّ أَوَّلَكُمْ وَآخِرَكُمْ وَإِنْسَكُمْ وَجِنَّكُمْ قَامُوا فِي صَعِيدٍ وَاحِدٍ، فَسَأَلُونِي، فَأَعْطَيْتُ كُلَّ وَاحِدٍ مَسْأَلَتَهُ مَا نَقَصَ ذَلِكَ مِمَّا عِنْدِي إِلا مَا يَنْقُصُ الْمِخْيَطُ إِذَا أُدْخِلَ الْبَحْرَ.
يََا عِبَادِي إِنَّمَا هِيَ أَعْمَالُكُمْ أُحْصِيهَا لَكُمْ ثُمَّ أُوفِيكُمْ إِيَّاهَا، فَمَنْ وَجَدَ خَيْرًا فَلْيَحْمَدِ اللهَ، وَمَنْ وَجَدَ غَيْرَ ذَلِكَ فَلا يَلُومَنَّ إِلا نَفْسَهُ". (رواه مسلم).
Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ азза ва жалладан ривоят қилиб дедилар: “Аллоҳ таоло деди:
- Эй бандаларим, Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим. Уни сизларнинг ўртангизда ҳам ҳаром этдим. Бас, бир-бирларингизга зулм қилмангиз.
- Эй бандаларим, барчаларингиз залолатдасизлар. Фақат Мен ҳидоят этганларгина бундан мустасно. Бас, Мендан ҳидоят тиланг, сизларни ҳидоятга йўллайман.
- Эй бандаларим, барчаларингиз очсизлар. Фақат Мен таом берганларгина бундан мустасно. Бас, Мендан таом сўрангиз, сизларга таом бераман.
- Эй бандаларим, барчаларингиз яланғочсизлар. Фақат Мен кийинтирган кишигина яланғоч эмас. Бас, Мендан кийим сўранглар, сизларни кийинтираман.
- Эй бандаларим, сизлар кечаю кундуз хато қиласизлар. Мен барча гуноҳларни мағфират этаман. Бас, Мендан мағфират тилангиз, сизларни мағфират қиламан.
- Эй бандаларим, сизлар Менга зарар етказиш даражасига ҳеч қачон етолмайсизларки, Менга зарар етказсангизлар! Менга фойда етказиш даражасига ҳам ҳеч қачон етолмайсизларки, Менга фойда етказсангизлар!
- Эй бандаларим, агар аввалингизу охирингиз, инсу жинларингиз орангиздаги энг тақводор инсоннинг қалбидек бўлсангиз ҳам, бу Менинг мулкимга ҳеч нарса зиёда қилмайди.
- Эй бандаларим, агар аввалингизу охирингиз, инсу жинларингиз орангиздаги энг фожир кимсанинг қалбидек бўлсангизлар ҳам, бу Менинг мулкимдан ҳеч нарсани камайтириб қуймайди.
- Эй бандаларим, агар аввалингизу охирингиз, инсу жинларингиз бир жойга тўпланиб Мендан (ҳожатларини) сўрасалар ва Мен уларнинг ҳар бирига сўраган нарсасини берганимда ҳам, бу Менинг ҳузуримдаги нарсаларни камайтирмайди, магарам, игна денгизга ботирилганда ундан қанча сувни камайтирадиган бўлса, ўшанча миқдорда камайтиради, холос.
- Эй бандаларим, булар сизларнинг амалларингиз, холос: Мен уларни ҳисоблаб қўяман ва шунга қараб сизларга тўлиқ жазо-мукофот берурман. Ким яхшиликни топса, бас, Аллоҳга ҳамд айтсин. Ким бошқа нарсани топса, фақат ўзини маломат қилсин!" (Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Мазкур ҳадиси қудсий Исломнинг улкан асослари, фарълари ва одобларига тааллуқли муҳим қоидаларни ўз ичига олган улуғ ривоятлардан саналади. Нававий “Азкор" номли асарларида қуйидагиларни ёзадилар: “Ушбу ҳадиси қудсийни Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилган шахс - Абу Идрис Хавалоний мазкур ҳадисни айтар чоғида унинг улуғлигини таъкидлаш учун тиз чўкиб олар эдилар".
Ҳадиси қудсийни ривоят қилган кишилар - дамашқлик ровийлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал айтадилар: “Шом аҳли учун бундан-да шарафлироқ ҳадис йўқдир".
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Ҳадиси қудсий таърифи
Ҳадиси қудсий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ таолодан қилган ривоятларидир. Ҳадиси қудсий баъзан Жибрийл алайҳиссалом орқали, баъзан эса ваҳий, илоҳий илҳом ёки туш воситасида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга етказилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўз сўзлари билан асҳобларига сўзлаб берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Парвардигордан ривоят қилишлари, яъни ҳадиснинг ўзига хос санади уни бошқа ҳадислардан фарқлаб туради. Шу боис, аксарият ҳолларда ҳадиси қудсий Аллоҳ таолога нисбат берилади.
Қуръони карим билан ҳадиси қудсий қуйидаги жиҳатлар билан бир-биридан фарқланади:
· Қуръони каримнинг лафзи ҳам, маъноси ҳам мўъжиза. Аммо ҳадиси қудсий ожиз қолдириш хусусиятига эга эмас.
· Қуръон оятлари намозда ўқилади. Ҳадиси қудсий эса ўқилмайди.
· Қуръонни инкор қилган кимса кофир бўлади. Ҳадиси қудсийни инкор қилувчи эса фосиқ бўлади.
· Қуръони каримнинг лафзи ҳам, маъноси ҳам Аллоҳдан. Ҳадиси қудсийнинг лафзи Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларидан ташкил топган, маъноси эса Аллоҳ тарафидан ваҳий қилинган.
· Қуръони каримнинг маъносини ривоят қилиб бўлмайди. Ҳадиси қудсий маъносини ривоят қилиш мумкин.
· Қуръони каримни нопок ҳолда ўқиш мумкин эмас. Ҳадиси қудсийни ўқиш ёки ушлаш учун таҳорат шарт қилинмайди.
· Жунуб одам Қуръонни ўқиши ёки кўтариб юриши мумкин эмас. Ҳадиси қудсийни жунуб одам ҳам кўтариб ёки ўқиб юраверади.
· Қуръони каримдан бир ҳарф ўқиган кимсага ўн ҳасанот ёзилади. Ҳадиси қудсий ўқишга бундай ажр-мукофот белгиланмаган.
· Қуръони каримни сотиш дуруст эмас (Имом Аҳмад ривоятларига биноан) ёки макруҳ (Шофеийлар сўзига биноан). Ҳадиси қудсийни сотиш ман этилмаган ва макруҳ ҳам эмас.
Ҳадиси қудсийни илоҳий ҳадислар деб ҳам аташади. Уларнинг сони юзтадан кўпроқ.
2. Аллоҳ зулмни Ўзига ҳаром қилди
Аллоҳ таолонинг зулмни ўзига ҳаром қилганига мазкур ҳадис очиқ далилдир: “Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим".
Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган: “Мен бандаларга зулм қилувчи эмасман". (Қоф сураси, 29-оят); “Албатта Аллоҳ инсонларга асло зулм қилмайди". (Юнус сураси, 44-оят); “Албатта Аллоҳ зарра миқдоричалик зулм қилмас". (Нисо сураси, 40-оят).
3. Зулм бандалар учун ҳам ҳаромдир
Аллоҳ таоло бандаларни бир-бирларига зулм қилишдан қайтарди. Зеро, зулмнинг ҳар қандай кўриниши ҳаромдир.
Зулм икки хил бўлади:
1. Ўзига зулм қилиш.
Мазкур зулмнинг энг даҳшатлиси Аллоҳ таолога ширк келтирмоқдир. “Албатта ширк энг катта зулмдир". (Луқмон сураси, 13-оят).
Чунки мушрик ҳар қандай шерикдан пок Аллоҳга бир махлуқни тенглаштириб, уни холиқ даражасига кўтарди.
Катта-кичик гуноҳлар ширкдан кейин турадиган зулм саналади. Банда гуноҳ-маъсиятга қўл уриши билан ўзини дунёю Охират бадбахтлигига гирифтор қилади ва бу нафсга нисбатан очиқ зулмдир.
2. Инсоннинг бошқа бировга зулм ўтказиши.
Ушбу зулмнинг ҳаромлиги ҳақида бир қанча ҳадисларни келтириб ўтиш мумкин. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Зулм Қиёмат кунида зулматларга айланади". (Бухорий ва Муслим ривоятлари);
Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло золимни маълум вақт қўйиб қўяди. Охири (бир куни) уни (азоб билан) ушлаганида, асло қутулиб кета олмайди". Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги оятни ўқидилар: “Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши-азоби аламли ва қаттиқдир". (Ҳуд сураси, 102-оят; Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Одамлар орасида адолат ўрнатиш ва зулм-зўравонликларга бутунлай барҳам бериш, шак-шубҳасиз, Исломнинг энг олий мақсадларидандир. Чунки адолат ҳар қандай бошқарув тизими ёки цивилизация учун тамал тоши вазифасини ўтайди. Бинобарин, жавр-зулм халқларнинг тинкасини қуритиш, жамиятни остин-устин қилиш, ҳаёти дунёни заҳар-заққумга айлантириб, Охиратда Аллоҳ таоло ғазабини олиб келишнинг асосий сабабчиларидан ҳисобланади.
4. Аллоҳ азза ва жаллага муҳтожлик
Бутун махлуқот дунёю Охиратда ўзларига фойда-манфаат касб этиш ва зарар-зиённи даф қилишлари учун Аллоҳ таолога муҳтождирлар. Улар ҳаёти дунёда Кариму Раҳмоннинг ҳидояти ва ризқ-насибасига қарам бўлсалар, Охиратда У Зотнинг раҳмату мағфиратига жуда-жуда муҳтождирлар.
Мусулмон ўзининг фақирлигию муҳтожлигини Парвардигорига арз этиш орқали Аллоҳ таолога яқинлашади.
Банданинг Аллоҳга бўлган ҳақиқий қуллиги қуйидаги уч суратнинг бирида акс этади:
· Сўрамоқ. Аллоҳ таоло бандаларнинг ўз муҳтожликларини изҳор этиб, Унга ёлворишларини хуш кўради. Емоқ, ичмоқ, киймоқ каби моддий эҳтиёжлар ҳам, ҳидоят, мағфират каби маънавий эҳтиёжлар ҳам Ёлғиз Аллоҳдан сўралади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳар бирингиз барча ҳожатини, хатто оёқ кийимининг боғичи узилиб кетса, уни ҳам Парвардигоридан сўрасин".
· Ҳидоят талабида илтижо қилиш.
· Аллоҳ таолонинг буйруқларига тўлиқ бўйсуниш. Яъни шариат буюрган ишларни тўлиқ адо этиб, қайтарган-мункар амаллардан ўзини пок тутиш.
Йигирма бешинчи ҳадис
Аллоҳ таоло фазлу марҳамати
عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ نَاسًا مِنْ أَصْحَابِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالُوا لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَا رَسُولَ اللهِ، ذَهَبَ أَهْلُ الدُّثُورِ بِالأُجُورِ، يُصَلُّونَ كَمَا نُصَلِّي، وَيَصُومُونَ كَمَا نَصُومُ، وَيَتَصَدَّقُونَ بِفُضُولِ أَمْوَالِهِمْ. قَالَ: "أَوَلَيْسَ اللهُ قَدْ جَعَلَ لَكُمْ مَا تَصَدَّقُونَ؟ إِنَّ لَكُمْ بِكُلِّ تَسْبِيحَةٍ صَدَقَةٌ، وَكُلِّ تَكْبِيرَةٍ صَدَقَةٌ، وَكُلِّ تَحْمِيدَةٍ صَدَقَةٌ، وَكُلِّ تَهْلِيلَةٍ صَدَقَةٌ، وَأَمْرٍ بِالْمَعْرُوفِ صَدَقَةٌ، وَنَهْيٍ عَنْ مُنْكَرٍ صَدَقَةٌ، وَفِي بُضْعِ أَحَدِكُمْ صَدَقَةٌ". قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، أَيَأْتِي أَحَدُنَا شَهْوَتَهُ وَيَكُونُ لَهُ فِيهَا أَجْرٌ؟ قَالَ: "أَرَأَيْتُمْ لَوْ وَضَعَهَا فِي حَرَامٍ، أَكَانَ عَلَيْهِ وِزْرٌ؟ فَكَذَلِكَ إِذَا وَضَعَهَا فِي الْحَلالِ كَانَ لَهُ أَجْرٌ". (رواه مسلم).
Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан баъзи бировлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга дедилар:
- Ё Расулуллоҳ! Бой-бадавлат одамлар ажр-савобларни олиб кетишди-ку: улар биз намоз ўқиганимиздек намоз ўқишади, рўза тутганимиздек рўза тутишади ва ошиқча мол-давлатларидан садақа қилишади.
- Аллоҳ таоло сизларга ҳам садақа қилинадиган нарсаларни бермаганми? - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. - Ҳар бир тасбеҳингиз - садақа, ҳар бир такбирингиз - садақа, ҳар бир таҳлилингиз - садақа, яхшиликка буюриш - садақа, ёмонликдан қайтариш - садақа ва жуфтингиз билан қовушишингиз ҳам садақа!
- Ё Расулуллоҳ! Агар биримиз шаҳватини қондирса, шунинг учун ҳам ажр оладими?!
- Ахир у шаҳватини ҳаромга тўкканида гуноҳкор бўлармиди?! Демак, шаҳватини ҳалолга тўккани унинг учун ажр бўлади. (Муслим ривоятлари).
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. “Бас, баслашувчи кишилар мана шу йўлда баслашсинлар!" (Мутаффифийн сураси, 26-оят).
Зиёда яхшиликлар ва солиҳ амаллар устида ўзаро баслашмоқ, мусобақалашмоқ шариатда тарғиб қилинган ишлар сирасига киради. Мусулмон фарзанди айни масалада ҳам бетиним ҳаракат қилмоғи лозим.
Улуғ саҳобий Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ўзлари гувоҳи бўлган ажиб воқеани ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масалага ҳикмат билан ёндошганларини бизга ҳикоя қилиб бераяптилар. Юқоридаги ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меҳрибонликлари намоён бўлади ва динда яхшилик эшикларининг кенг очиб қўйилгани яққол кўзга ташланади. Аллоҳ таоло Қуръонни одамларга баён қилиб бериш учун унга ўз сўзини нозил этган банда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам баёнларига қулоқ тутинг.
Воқеа бундай бўлганди. Муҳожир ва ансорларнинг камбағаллари, хусусан муҳожирлар, хайрли амалларини зиёда этиш ва садақа-эҳсонларини орттиришга қўллари калталик қилаётганини ҳис этдилар. Чунки уларнинг қўлида иймонларининг чин ва Исломларининг чиройли эканлигига далил бўлиши учун хизмат қиладиган эҳсонга аталган ортиқча мол-давлат йўқ эди. Саҳобаи киромлар “Садақа (иймон дурустлигига) ҳужжатдир", ҳадисидан бохабар бўлганлар. Улар инфоқ-эҳсон қилувчи зотлар мақталган, саховатли инсонларга кенглиги осмонлару ер баробарида бўлган жаннатлар берилиши ҳақида сўз юритилган ва ниҳоят инфоқ-эҳсон қилишга ундалган оят-ҳадисларни кўп эшитган-ўқиган эдилар. Фақир-камбағал саҳобалар бой-бадавлат биродарлари Аллоҳ йўлида саховат кўрсатишга ошиқаётганларини кўриб турардилар.
Бадавлат мўминларнинг бири Аллоҳ йўлида бутун мол-давлатини кўтариб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам пойларига ташласа, иккинчиси ярим давлатини нисор қилиб юборарди. Бир саҳобий минглаган бойлигини эҳсон қилса, бошқа бири улкан миқдордаги мол-давлатини Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам оёқлари остига тўкарди. Оқибат, саҳобийнинг хайрли саховатидан рози бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳаққига дуо қилардилар. Аллоҳдан унинг учун мағфират ва розилик сўрардилар.
Бундай Охират савдосини кўрган фақир асҳобларнинг қалблари жунбушга келди. Улар бадавлат биродарларининг молига кўз тикиб ёхуд ҳасад қилиб эмас, балки саховатлари орқасидан эришаётган олий ютуқларига ҳавас қилиб, суюкли Пайғамбарлари қошига келишди. Зеро, бу яхшилик ва Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш йўлидаги самимий мусобақа эди.
Хуллас, улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, эҳсон қилишга мол-давлатлари йўқлигидан кўзлари ёшга тўлиб, ҳол-аҳволларини баён этдилар:
- Ё Расулуллоҳ! Бой-бадавлат одамлар ажр-савобларни олиб кетдилар...
...Бой-бадавлат одамлар бутун ажр-савобни олиб кетишди ва натижада Охират савдосида биздан ўзиб кетдилар. Чунки улар...
- Биз намоз ўқиганимиздек намоз ўқийдилар, рўза тутганимиздек рўза тутадилар...
Намозу рўзада барчамиз баробармиз. Биз улардан ортиқча намоз ўқиётганимиз ёки кўп рўза тутаётганимиз йўк. Бироқ уларнинг биздан ортиқча жиҳатлари бор:
- Улар эҳтиёжларидан ошиқча мол-давлатларидан садақа қилишади...
Биз эса йўқчилик боис ҳеч нарса садақа қилолмаймиз. Аммо кўнглимиз Аллоҳ ҳузурида улар етган мартабага етмоқни истайди. Айтинг, нима қилайлик?
2. Улуғ ҳикмат. Яхшилик эшиклари кенг очиқ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам камбағал-бечора асҳоблар қалбларидаги иштиёқни англадилар ва Аллоҳ таоло ато этган ҳикмат билан уларни хотиржам қилдилар.
Мол-дунёси йўқ саҳобаларга Аллоҳ таолонинг раҳмати кенглиги, айрим амалларга берилажак ажр-мукофот садақа-эҳсон ажридан кам эмаслигини тушунтирдилар. Ўша амалларни адо қилувчи киши садақа-эҳсон улашувчи банда мартабасига яқинлашади. Ҳатто ундан ўзиб кетиши ҳам мумкин. Зеро, ҳар ким қўлидан келган ишни қилади. “Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ортиқ нарсага таклиф қилмайди". (Бақара сураси, 286-оят); “Аллоҳ ҳеч бир жонни Ўзи унга ато этган ризқдан бошқа нарсага таклиф қилмас". (Талоқ сураси, 7-оят).
- Аллоҳ таоло сизларга ҳам садақа қилинадиган нарсаларни бермаганми?!
Сизлар ҳам жуда кўп садақа ишларини қилишга қодирсиз. Аҳли-оилага инфоқ-эҳсон кўрсатиш ва бошқа шундай амаллар борки, уларнинг ҳеч бири ажр-савобда Аллоҳ йўлида қилинган инфоқ-эҳсондан кам эмас!
3. Аллоҳ азза ва жалла зикрини қилиш кишининг ўзига энг яхши садақадир
Агар саховат кўрсатгани ортиқча молу дунёингиз бўлмаса, Пок Парвардигор шаънига тасбеҳ, такбир, таҳлил ва ҳамдлар айтинг. Ўшанда сиз ҳар битта сўзингиз учун садақа-эҳсон ажрини оласиз. Ахир қанақасига бошқача бўлсин?! Аллоҳ таоло зикри “боқий яхшиликлар" дея таърифланиши энди сизга сир эмас-ку! “Парвардигорингиз наздида боқий яхши амаллар савоблироқ ва орзу қилишга арзигулироқдир". (Каҳф сураси, 46-оят); “Албатта Аллоҳ зикри улуғроқдир". (Анкабут сураси, 45-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бирор кун, тун ёки соат йўқки, унда Аллоҳнинг Ўзи хоҳлаган бандасига марҳамат этадиган садақа-эҳсони бўлмаса. Аллоҳ таоло бандасига Парвардигор зикрини қилишга илҳом беришдек марҳамат кўрсатмаган". (Ибн Можа ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрашди:
- Қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида энг фазилатли бандалар кимлар?
- Аллоҳни кўп зикр қилувчилар, - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Аҳмад ва Термизий ривоятлари).
4. Яхшиликка чақириш жамиятга қилинган эҳсондир
Амри маъруф, наҳий мункар эшиги ҳамма мусулмонлар учун кенг очиқ. Ушбу фарзи кифояни адо этувчи банданинг ажру мукофоти эҳсон қилувчи саховатпешалар ажридан асло кам эмас. Билъакс, айрим ҳолларда улардан бир неча баробар юқори ҳам бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳар бир яхши иш садақадир". (Муслим ривоятлари).
Қанақасига шундай бўлмасин?! Ахир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммати айнан яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш хусусияти билан инсонлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлди-ку! “Одамлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро, сиз яхши амалларга буюрасиз. Ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз". (Оли Имрон сураси, 110-оят).
5. Аллоҳ азза ва жалланинг фазли кенгдир
Инсонлар модомики, ниятлари тўғри экан, ҳар кеча-кундузда улкан ажр-савобларга эга бўлишади. Чунки ҳамма ҳам аҳли-оиласини, қўли остидагиларни едириб-ичириш учун ҳаракатда бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кишининг аҳли оиласига, жуфти ҳалолига ва қўл остидагиларига қилган нафақаси садақадир". (Муслим ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло юзини истаб қилган ҳар бир нафақангизга ажр оласиз. Ҳатто аёлингиз оғзига тутган бир луқма учун ҳам ажрга эга бўласиз". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳар бир мусулмон эр вазифасини тўлиқ адо этиш, жуфти ҳалолини ҳам, ўзини ҳам ҳаромдан пок асраш ва оқибати аламли азоб бўлган гуноҳ ишга қўл уриб қўймаслик учун аёли билан яқинлик қилади. Мўмин киши тоза ниятлар билан аёлига яқинлик қилгани учун ажр-савоб олади.
6. Амаллар ниятларга қараб бўлади
Аллоҳ таоло бандаларига яна бир фазлу марҳамат кўрсатди: Банданинг одатий амали ҳам ажр ёзиладиган ибодатга айланади. Унинг бир ишни бажариши ёки тарк қилиши Парвардигори сари яқинлаштириш вазифасини бажара бошлайди. Агар банда жисмини соғлом сақлаш ва Аллоҳнинг тоатига куч тўплаш ниятида еб-ичса, савоб олади. Ваҳоланки, овқатланиш аслида ибодат эмас, банданинг одат ва эҳтиёжларидан ҳисобланади. Хусусан, таомнинг аввали ва охирида Парвардигор зикрини унутмаса, ҳар кунлик одати ибодат мақомига чиқади. Суннатда кўрсатилганидек, овқатга қўл уришдан олдин Аллоҳ исмини айтмоқ ва таом сўнггида Парвардигорга ҳамд ва шукроналар билдирмоқ лозим.
Ўзини ва жуфти ҳалолини зинодан пок сақлаш, оила муносабатида аёли ҳаққини адо этиш ёхуд Аллоҳ таолога содиқ қул бўлувчи солиҳ фарзандга етишиш ниятида ҳалоли билан қовушган мусулмон аёли билан яқинлик қилгани учун ҳам ажрга эга бўлади. Аллоҳнинг савобидан умидвор мўмин аёли билан қовушганида унга мана шу неъматни ато этган Парвардигори фазли-марҳаматини унутиб қўймаслиги ва тўшакда ҳам суннатга тўлиқ амал қилмоғи керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қай бирингиз аёли билан яқинлик қилаётганида “Бисмиллаҳ, Парвардигоро, бизни шайтондан йироқ қилгин! Бизга ризқ қилиб берадиган зурриётимиздан ҳам шайтонни йироқ этгин", деб айтса, улардан дунёга келажак фарзандга шайтон зарар бермайди". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буйруқларига бўйсуниб, ажр-савоб умидида Аллоҳ ҳаром қилган гуноҳ-маъсиятлардан ўзини тийган банда ҳам Парвардигори томонидан мукофотланади. “Улар Парвардигорларининг оятлари эслатилган вақтда уларга кар ва кўр ҳолларида ташланмайдилар, (балки уларни англаб-билиб амал қилурлар)". (Фурқон сураси, 73-оят). “Мўминлар - Аллоҳ номи зикр қилинганда қалблари қўрқувда бўладиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган ва Парвардигорларигагина суянадиган кишилардир". (Анфол сураси, 3-оят).
7. Эзгулик эшиклари бисёрдир
Эҳсон ва яхшиликлар юқорида санаб ўтилган ишлар билан чекланиб қолмаган. Қанчадан-қанча амаллар борки, улар туфайли беҳад кўп ажр-савобларга эга бўлиш мумкин.
Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Одам фарзанди учун қуёш чиққан ҳар кунда садақа бордир!
- Ё Расулуллоҳ! Биз қаердан олиб ҳар куни садақа қила оламиз? - сўрашди саҳобалар.
- Яхшилик эшиклари бисёрдир, - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам - Тасбеҳ, ҳамд, такбир, таҳлил, яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш, йўлдан азият берувчи нарсаларни олиб ташлаш, кар одамга (керакли гапни) эшиттириш, кўр кишини етаклаб юриш, йўл-йўриқ сўровчига йўл-йўриқ кўрсатиш, ёрдамга муҳтож, бечораҳол одам билан оёқларинг кучига таяниб ҳаракат қилишинг (яъни унга ёрдам бераман деб елиб-югуришинг), заиф кишининг (оғирини) билакларинг қуввати билан кўтаришинг, мана шуларнинг барчаси сенинг ўзинг учун қилган садақангдир! (Ибн Ҳиббон ривоятлари).
- Одамлардан ўз ёмонлигингни тийсанг, бу садақадир. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
- Биродаринг юзига қараб қилган табассуминг садақадир... Челагингдаги сувни биродаринг челагига бўшатиб беришинг ҳам садақадир. (Термизий ривоятлари).
8. Ҳадис яна қуйидагиларга ундайди:
· Одамларга таскин берилаётганда, қалбларга хушхабар етказилаётган ва хотирлар жам қилинаётганда ҳикмат билан иш юритмоқ лозим.
· Ҳадисда ишора этилган зикрлар ажр-савоби садақа мукофотига баробардир. Мол-давлати йўқ фақирлар, хусусан, фарз намозларидан сўнг юқоридаги зикрларни тилга олсалар, эҳсон қилган киши ажрига эга бўладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизларга шундай бир нарсани айтайинки, агар уни ўзингизга лозим тутсангизлар, сизлардан ўзиб кетганларга етиб оласизлар, ортингиздагиларнинг ҳеч бири сизга етолмайди ва атрофингиздагиларнинг энг яхшилари бўласизлар. Фақат айни нарсага амал қилганларгина сизлар билан баробар бўла оладилар: Ҳар намоздан сўнг ўттиз уч маротабадан тасбеҳ, ҳамд ва такбир айтингиз!" (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
· Ўзи ва аҳли оиласидан ортган мол-давлатни фақирларга эҳсон-садақа қилмоқ мустаҳабдир. Бой-бадавлат мусулмонлар кўп хайр-саховат кўрсатсалар ҳам, суннатда ворид бўлган зикр-дуоларни ёддан чиқармасинлар. Зеро, Аллоҳ таоло зикри уларнинг савобини янада зиёда қилади.
· Кишининг ўзи ёки аҳли оиласи учун зарур бўлган нарсани садақа қилиб юбориши макруҳдир. Бордию садақа қўл остидагилар ҳаққининг поймол бўлишига олиб борса, бундай саховат ҳаром саналади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Садақанинг яхшиси бойликдан бўлганидир". (Бухорий ривоятлари).
· Ўзига тўқ, бой-бадавлат одамлар учун садақа зикрдан афзалдир. Чунки унинг фойдаси кўпчиликка тегади. Зикрнинг фойдаси эса ўз эгаси учун, холос. Агар бой-бадавлат мўминлар ҳам садақа қилиб, ҳам Аллоҳ зикрини мудом лозим тутсалар, Пок Парвардигор ҳузурида улуғ ажр-савобларга эга бўлишади.
Муслим ривоят қилган юқоридаги ҳадисда шундай қўшимчалар бор: Камбағал муҳожирлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига қайтиб келиб дедилар:
- Бой биродарларимиз биз қилган зикр-дуоларни эшитиб, улар ҳам шундай қилишга тушдилар?!
- Бу Аллоҳнинг фазли. Уни ўзи хоҳлаган бандасига беради, - деб жавоб бердилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
· Шукр қиладиган саховатли бой ҳамда сабр қиладиган тақволи фақир фазилатли бандалардир.
· Амри маъруф ва наҳий мункар динда муҳим ўрин тутади. Ушбу фарзи кифоя билан бир гуруҳ мусулмонлар машғул бўлсалар, бу масъулият қолганлар зиммасидан соқит бўлади. Бордию ҳеч ким бу фарзга эътибор қилмаса, ҳамма гуноҳкор бўлади. Амри маъруф ва наҳий мункар ҳеч қандай фирқа ёки гуруҳнинг хос вазифаси эмас.
· Эр аёли қаршисидаги ўз масъулиятини ҳис қилиб, жуфти ҳалоли учун тўла-тўкис хотиржамликни таъмин этмоғи ва ўз навбатида аёл ҳам эрининг фазлу эҳсонини эътироф этиб, унга гўзал муомалада бўлмоғи лозим.
· Мусулмон фарзанди ўзи учун фойдали бўлган, мартабасини кўтарадиган масалаларни сўраб, билиб олсин.
· Фатво сўровчи киши, модомики, саволи оғир ботмаслигини билса, фатво берувчидан айни ҳукмнинг далил-исботи ҳақида одобсизлик қилмаган ҳолда сўраб олиши мумкин.
· Олимлар савол сўраган биродарларига жавоб берар эканлар, айни жавобларининг шаръий далилини ҳам баён этиб берсинлар. Зеро, бу кишининг амал қилиши учун кучли туртки бўлади.
· Бир ишни унга ўхшаш бошқа бир масалага қиёс қилиб, унга ҳукм бино қилиш шариатда собитдир.
Йигирма олтинчи ҳадис
Ислоҳ ва адолат
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "كُلُّ سُلامَى مِنَ النَّاسِ عَلَيْهِ صَدَقَةٌ كُلَّ يَوْمٍ تَطْلُعُ فِيهِ الشَّمْسُ: تَعْدِلُ بَيْنَ اثْْنَيْنِ صَدَقَةٌ وَتُعِينُ الرَّجُلَ فِي دَابَّتِهِ فَتَحْمِلُهُ عَلَيْهَا أَوْ تَرْفَعُ لَهُ مَتَاعَهُ صَدَقَةٌ، وَالْكَلِمَةُ الطَّيِّبَةُ صَدَقَةٌ، وَبِكُلِّ خَطْوَةٍ تَمْشِيهَا إِلَى الصَّلاةِ صَدَقَةٌ، وَتُمِيطُ الأَذَى عَنِ الطَّرِيقِ صَدَقَةٌ". (رواه البخاري ومسلم).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Инсонлардаги жами аъзолар учун қуёш чиқадиган ҳар бир кунда садақа мавжуд: Икки киши ўртасида адолат қилишинг - садақа. Бировнинг уловга минишига ёрдам бериб, уни чиқариб қўйишинг ёки нарсасини олиб беришинг - садақа. Яхши сўз - садақа. Йўлдан азиятли нарсани олиб ташлашинг ҳам садақадир". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Мусулмонлар қалбини бир қилиш, улар ўртасида Ҳақ калимасини ўрнатиш, Ислом шон-шавкатини тиклаш ва мўминларни Аллоҳ душманлари устидан ғолиб қилиш ҳақ диннинг олий мақсадларидан саналади. Ушбу буюк мақсадлар фақат ўзаро бирдамлик ва ҳамжиҳатлик билангина амалга ошиши мумкин. Юқоридаги ҳадиси шариф ҳам ўзининг ажойиб чақириғи билан айни мақсадлар сари чорлайди ва Аллоҳ таолонинг мана бу ояти билан уйғун жаранглайди: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва тажовузкорлик йўлида ҳамкорлик қилмангиз!". (Моида сураси, 2-оят).
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари ҳам шу маънога ҳамоҳангдир: "Мўминлар бир-бирларига меҳр-муҳаббат ва ғамхўрликда бамисоли битта тана кабидирлар. Агар танадаги бир аъзо оғриб қолса, қолган аъзолар бедорлик ва иситма билан унга жўр бўлишади". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Инсон уч юз олтмиш бўғиндан иборат қилиб яралган. Ҳар бир бўғинда садақа мавжуд". (Муслим ривоятлари).
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Инсон суяклари ва бўғинларининг тузилишида улкан илоҳий қудрат намоёндир
Аллоҳ таоло инсонни энг гўзал шакл-шамойилда яратди. Унинг аъзолари ва бўғинларини бағоят уйғун ва чиройли суратда бино этди.
Пок Парвардигор бандаларини ўз қалбларининг қоронғу бурчакларига назар солишга, суяклари, бўғинлари, қон айланиши ва ҳужайралари хусусида фикр юритишга буюрди. Токи улар ҳар нарсага қодир, Ҳакийм Яратгувчининг санъатини эътироф этсинлар. “Токи уларга Қуръоннинг ҳақ эканлиги аниқ маълум бўлгунга қадар албатта Биз уларга атрофдаги ва ўз вужудларидаги оят-аломатларимизни кўрсатажакмиз". (Фуссилат сураси, 53-оят). “Ўз вужудларингиздаги (оят-аломатларга) назар солмайсизларми?!" (Зориёт сураси, 21-оят).
Инсон жисмидаги бўғинлар батартиб ва кўркам суратда яратилгани, уларнинг турли вазифаларни бажара олиши бугун ҳеч кимга сир эмас. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам танадаги аъзо-бўғинларни алоҳида тилга олдилар. Аллоҳ таоло кофир кимсаларга уларни бўғинларидан айириб қўйишини айтиб таҳдид қилди: “Йўқ, Биз унинг бармоқларини баробар қилиб қўйишга қодирмиз". (Қиёмат сураси, 4-оят).
Протез ясайдиган корхонада ишловчи бир ғарблик муҳандис кунларнинг бирида жажжи қизчаси кафтига тикилиб, ўйланиб қолди. У қаршисида турган илоҳий санъат намунаси билан энг замонавий услубда ясалган протезларни бир-бирига солиштириб кўрди. Албатта, ўртадаги фарқ жуда улкан эди ва айни ҳақиқат унинг иймонга келиб, ҳақ йўлни ихтиёр этишига сабаб бўлди[28]. Аллоҳу акбар!
2. Соғлиқ-саломатлик учун шукр қилмоқ лозим
Суяклар, бўғинлар ва асаб толаларининг соғломлиги жуда катта неъматдир. Биз бунинг учун яратган Эгамизга беҳад шукроналар айтмоғимиз керак. “У сени яратиб, сўнг (барча аъзоларингни) тиклаб, сўнг (қоматингни ҳам) рост қилиб қўйган Зот-ку! У сени Ўзи қай суратни хоҳлаган бўлса, ўшандай таркиб топтирди". (Инфитор сураси, 7-8-оятлар).
“Сўнгра ўша Кунда албатта неъматлар хусусида сўралурсизлар". (Такосур сураси, 8-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос айтадилар: “Неъматлар" бу тана ҳамда қулоқ ва кўз саломатлигидир. Аллоҳ таоло бандалардан бу неъматларни нималарга ишлатганларини сўрайди. Бу нарса Аллоҳнинг: “Албатта қулоқ, кўз, дил - буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур"[29] - деган оятида айтилгандир".
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу оятдаги “неъматлар"ни омонлик ва сиҳат-саломатлик деб шарҳлаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қиёмат кунида бандадан энг биринчи сўраладиган ва Аллоҳ таоло унга айтадиган сўз мана будир: “Биз сенинг жисмингни соғлом қилиб қўймадикми?! Сени совуқ сув билан қондирмадикми?!" (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).
Абу Дардо сиҳат-саломатликни инсон танасининг ўсиши деб таърифлаганлар.
Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтадилар: “Довуд аҳли-оиласи ҳикматида шундай сўзлар ёзиб қўйилган: Офият-саломатлик кўзга кўринмас мулкдир. Яъни, Қиёматда банда сўроққа тутиладиган неъматдир".
Бу айтилганларга қарамасдан, кўпчилигимиз Аллоҳнинг бу улуғ неъматидан ғофилмиз. Сиҳат-саломатликнинг қадрига етмаймиз ва оқибат Парвардигорга шукроналар айтишда ҳам қосирлик қиламиз.
3. Шукрнинг турлари
Аллоҳ таоло неъматларига шукр қилиш неъматларнинг ортиб бориши ва доимий бўлишига сабабчи бўлади. “Эсланг, Парвардигорингиз эълон қилган эди: «Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман". (Иброҳим сураси, 8-оят).
Инсон нафақат тили билан, балки ўз амали билан ҳам Аллоҳга шукр қилмоғи лозим. Бандадан адо этиш талаб этилган шукр вожиб ва мустаҳаб турларига бўлинади.
· Вожиб (фарз) шукр
Жами вожибларни адо этиб, ҳаром-ҳаришдан батамом ўзни тийиш вожиб-фарз саналади. Бу эса сиҳат-саломатлик ва бошқа неъматларга шукр қилиш ўрнига ҳам ўтади. Абу Асвад Дайлийдан ривоят: Биз Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳу ҳузурларида эдик. У зот бундай дедилар: “Ҳар битта бўғин-аъзоингиз учун зиммангизда ҳар куни садақа мавжуд. Ҳар битта намозингиз - садақа, рўзангиз - садақа, қилган ҳажингиз - садақа, тасбеҳингиз - садақа, такбирингиз - садақа..." (Абу Довуд ривоятлари). Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар буларни қилмаса, ёмонликдан тийилсин. Мана шу унинг учун садақа бўлади". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Демак, ёмон амаллардан ўзни покиза сақлаш банданинг шукр қилувчилардан дея тан олинишга кифоя қилар экан. Албатта инсон бунинг учун фарзларни тўлиқ адо этиши ва ҳаромдан йироқ юриши шарт. Зеро, фарзларни бажармаслик энг катта ёмонликдир. Салафлар айтадилар: “Шукр бу гуноҳларни тарк этишдир. Аллоҳнинг ҳеч бир неъматидан маъсият йўлида фойдаланмаслик шукр ҳисобланади".
· Мустаҳаб шукр
Аллоҳнинг фарзларини адо этган, ҳаром ишлардан ўзини покиза сақлаган мўмин нафл ибодатларни ҳам қилса, мустаҳаб шукрни адо этган бўлади. Бу Аллоҳга шукр қилишда солиҳ пешқадамлар етган даража бўлиб, жуда кўп ҳадисларда унга тарғиб этилган.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам нафл намозларда жуда узоқ турганларидан оёқлари шишиб кетарди. Саҳобалар бу ҳолни кўриб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга дедилар:
- Нега бундай қиласиз? Ахир Аллоҳ таоло сизнинг аввалгию охирги гуноҳларингизни мағфират қилган-ку!
- Мен шукр қилувчи банда бўлмайинми?! - деб жавоб берардилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
4. Ҳадисда зикр этилган садақа турлари ва уларнинг ҳукмлари
Аллоҳ таолонинг вожиб ва мустаҳаб шукрни садақа деб аташи У Зотнинг бандаларига қилган зиёда фазлу карамидир. Пок Парвардигор бандаларнинг ушбу шукрларини уларнинг ўзи учун садақа қилиб берди:
- Аъзоларинг билан биродарларингга ёрдам бериб, аъзоларингдаги неъматим шукрини адо эт! Сен улар воситасида биродарларингга садақа инъом қилгин!
Садақа фақат мол-давлат доирасида чекланмайди. Талашиб-тортишиб қолганлар ўртасини ислоҳ қилмоқ, биродарига уловга чиқишида ёрдамлашмоқ каби садақалар нафи ўзгаларга ҳам тегади. Айримлари эса фақат кишининг ўзига тегишли бўлади. Масалан, намоз сари юрмоқ...
Ҳадиси шарифда қуйидаги садақалар санаб ўтилди:
· Бир-бири билан хусуматлашиб, ажрашиб кетган икки киши ўртасини ислоҳ қилмоқ
Ҳар иккала тараф ўртасини жоиз сулҳ (яъни ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилмасдан келиштириш) ва адолатли ҳукм билан ислоҳ этмоқ энг афзал ибодатлардан саналади. “Мўминлар ҳеч шубҳасиз оға-инидирлар. Бас, икки оға-инингиз ўртасини ўнглаб қўйинглар!" (Ҳужурот сураси, 10-оят); “Агар садақа беришга, бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар, уларнинг кўп махфий суҳбатларидан ҳеч қандай хайр-фойда йўқдир". (Нисо сураси, 114-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Сизларга намоз, рўза ва садақа даражасидан афзал бўлган нарса хабарини берайинми?"
- Ҳа! - дейишди асҳоблар.
- Ўртани ислоҳ қилиш! - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Ўзаро келишмай қолган икки мўмин ўртасини ўнглаб қўймоқ уларнинг ҳар иккисига садақа қилмоқ кабидир. Чунки ҳар икки томон ислоҳ туфайли одатда келишмовчилик ортидан келиб чиқувчи турли бемаъни гап-сўз ва тубан амаллардан омон қолади. Шу боис, мусулмонлар ўртасини ўнглаш фарзи кифоя қилинди. Икки мўмин орасида дўстлик ришталарини улаш йўлида хатто ёлғон ишлатишга рухсат берилди.
· Бировга уловига чиқишда ёрдамлашмоқ
Бир биродарингизни уловига чиқариб қўйишингиз, чиқишига ёрдамлашишингиз ёки унинг юкларини ортиб беришингиз сиз учун шукр ва садақадир. Бу ўзаро ёрдам-мурувват саналади. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Биродарини (оёқ кийимининг) боғичи устига чиқариб қўйган киши бамисоли Аллоҳ йўлида уни уловига чиқариб қўйган кабидир".
· Яхши сўз
Акса уриб “алҳамду лиллаҳ" деган кишига “ярҳамукаллоҳу ва яшфийк" деб жавоб айтиш, салом бериш, алик олиш ва зикрлар яхши сўз таркибига киради. “Яхши сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам Аллоҳ Ўз даргоҳига кўтарур". (Фотир сураси, 10-оят).
Садақа қилишга имконингиз бўлмаса, сизга қўл чўзиб турган кишига илиқ жавоб қайтаринг. Бу ҳам яхши сўзлар сирасидандир. “Яхши сўз ва кечириш кетидан озор келадиган садақадан яхшироқ". (Бақара сураси, 263-оят). Одамлар билан чиройли муомала қилиш киши қалбига қувонч бағишлайди ва унинг ажри улуғдир.
Тавҳид калимаси ҳам албатта яхши сўз доирасига киради. “Аллоҳ яхши сўзга (яъни иймон калимасига) қандай мисол келтирганини кўргин: У сўз худди бир асл дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи маҳкам ўрнашган, шохлари эса осмонда бўлиб, Парвардигорининг изни-иродаси билан ҳар вақт мева берур". (Иброҳим сураси, 24-оят).
Шунингдек, дуо-зикр, мусулмон кишини ўринли суратда мақтамоқ, ҳоким ҳузурида уни оқлаш, панд-насиҳат ва кишини хурсанд қилувчи, қалбларни бир-бирига ошно қилувчи барча хайрли воситалар яхши сўз ичига киради.
· Намоз сари қадам ташламоқ
Масжидларни эътикоф, тавоф, дарс, мавъиза каби тоат-ибодатлар ва намоз билан мунаввар этмоқ учун жамоат намозида ҳозир бўлиш юқоридаги ҳадисда алоҳида таъкидланган ва унга тарғиб ҳам қилинган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Масжидга эрталаб ёхуд кечқурун йўл олган киши ҳар гал эрта ёки кеч масжидга келганида Аллоҳ таоло унга бир мукофот ҳозирлаб қўяди". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Зулматли кечаларда масжидлар сари юрувчи кишиларга Қиёмат кунидаги мунаввар-комил нур хушхабарини беринг". (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
· Юришга халал берадиган нарсаларни йўлдан олиб ташлаш
Йўлдан тош, тикан, чўп ва нажосат каби йўловчиларга халақит берадиган озорларни олиб ташлаш ажр-савобда ҳадис аввалида зикр этилган садақалардан (яхши сўз, масжидга юриш кабилар) қуйироқ турувчи садақадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Иймон етмиш учдан ортиқ шохобчадан иборатдир. Уларнинг олийси “Ла илаҳа иллаллоҳ!", қуйи даражаси йўлдан азият берадиган нарсаларни олиб ташлашдир".
Баъзилар юришга халақит қилувчи нарсаларни йўлдан олиб ташлаётганда тавҳид калимаси (Ла илаҳа иллаллоҳ)ни айтмоқ суннатдир, дейишади. Яъни ўшанда сиз иймоннинг олий даражаси билан қуйи шохобчасини жамлаган бўласиз.
Агар ҳар биримиз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларига мувофиқ ҳаракат қилганимизда, дунёда Ислом диёрларидан-да покизароқ ва чиройлироқ юрт бўлмас эди. Кўчалар турли-туман ташландиқ нарсаларга тўлиб кетмасди.
5. Чошгоҳ намози аъзолар саломатлиги шукронасидир
Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳар бир аъзоингиз устида садақа бор: ҳар бир тасбеҳ - садақа, ҳар бир таҳмид - садақа, ҳар бир таҳлил - садақа, ҳар бир такбир - садақа, яхшиликка буюриш - садақа, ёмонликдан қайтариш - садақа. Чошгоҳ намозининг икки ракъати юқоридагилар ўрнига ўтади". (Муслим ривоятлари).
Чошгоҳ намозининг энг ками икки ракъатдир. Ҳар икки ракъатдан сўнг салом бериш, яъни уни икки ракъат-икки ракъатдан ўқиш суннат ҳисобланади. Унинг вақти қуёш найза бўйи кўтарилгандан тиккага етишига озгина етмай қолгунгачадир. Чошгоҳ намозига катта фазилат берилган. Чунки у бошқа бир нуқсонли амални тўлдириш учун эмас, Аллоҳ неъматлари шукронасини адо этиш учун хизмат қилади. Суннат намозлари эса фарзларда йўл қўйилган камчиликлар ўрнини тўлдиришга хизмат қилади. Инсон ҳар куни тонг отганидан кун ботгунга қадар шукр қилмоғи керак. Бандани кун аввалидан бошлаб сергак ва шукр қилувчига айлантирадиган ибодатларнинг энг афзали чошгоҳ намози бўлади. Ҳофиз Ироқий чошгоҳ намозидаги бундай мумтозликни Аллоҳдан ўзга ҳеч кимга маълум бўлмаган бир хусусият ва сир туфайли деб шарҳлаганлар.
6. Неъматлар учун Аллоҳ таолога ҳамд айтиш ҳам шукрдир
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимда-ким тонг пайти: “Парвардигоро! Менга ёки бошқа бирон махлуқингга насиб неъмат ёлғиз Сендандир. Сен шериксизсан. Сенга ҳамду шукроналар бўлсин!" деб айтса, ўша куннинг шукрини адо этган ҳисобланади. Кимда-ким кун ботгач, шу зикрни айтса, ўша тун шукрини адо этган бўлади". (Абу Довуд ва Насоий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло бир неъматни бандасига инъом қилганида банда “алҳамду лиллаҳ" деб айтса, унинг берган нарсаси олганидан афзалроқ бўлади". (Ибн Можа ривоятлари).
Айрим олимлар ушбу ҳадисга асосланиб ҳамдни неъматлардан устун қўйишган. Чунки неъматлардан мурод соғлик, ризқ-рўз каби дунёвий неъматлардир. Ҳамд эса диний неъматлар таркибига киради. Тўғри, ҳар иккиси ҳам Аллоҳ таолонинг инояти. Лекин Аллоҳ таоло бир бандасини берилган неъматларга ҳамд айтиш орқали шукр қилишга йўлласа, бу бандага берилган дунёвий неъматлардан афзалдир. Аслида инсон неъматларга шукр қилмай қўйса, улар бало-мусибатга айланади. Агар Аллоҳ таоло бандасини илоҳий неъматлар учун ҳамд айтиш ва бошқа хайрли воситалар билан шукр қилишга муваффақ этса, шукр неъмати комилроқ ва тўкисроқ бўлади.
7. Барча садақалар холис Аллоҳ учун қилинмоғи шарт
Барча яхши амаллар ва садақалар ажр-савобга лойиқ бўлиши учун аввало ният холис бўлмоғи, яъни ҳар бир хайрли иш фақат Аллоҳ таоло йўлида қилинмоғи шарт. “Агар садақа беришга ё бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар, уларнинг кўп махфий суҳбатларидан - ҳеч қандай фойда йўқдир. Ким Аллоҳ розилигини истаб бу ишларни қилса, унга улуғ мукофот беражакмиз". (Нисо сураси, 114-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам садақа қилиш, яхшиликка чақириш, бечораларга ёрдам бериш, озор-маъсиятлардан йироқ юриш каби хислатларни гапира туриб дедилар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, кимда-ким Аллоҳ ҳузуридаги нарса - ажр-савоб умидида ушбу хислатларнинг қай бирига амал қилса, ўша хислат Қиёмат кунида ҳалиги банда жаннатга киргунга қадар унинг қўлидан тутиб туради. (Ибн Ҳиббон ривоятлари).
Ҳасан Басрий ва Ибн Сийрийнлардан ривоят қилинишича, киши яхши амали учун гарчи нияти бўлмаса ҳам, ажр олаверади.
Ҳасан Басрийдан сўрашди:
- Бир кишидан ёмон кўрадиган одами ҳожатини раво қилишни илтимос қилди. Ҳалиги киши уялганидан унга сўраган нарсасини берди. Киши мана шу амали учун ажр оладими?
- Бу эзгу ишлар таркибига киради. Эзгуликда эса албатта ажр бўлади! - деб жавоб бердилар улуғ тобеин. (Ҳамид ибн Занжавайҳ ривоятлари).
Ибн Сийрийндан сўрашди:
- Бир киши жаноза ортидан Аллоҳ ҳузуридаги ажру мукофотни ўйлаб эмас, балки марҳумнинг яқинларидан уялиб эргашади. Киши шу иши учун ажр оладими?
- У бир эмас, икки ажрга эга бўлади, - деб жавоб бердилар Ибн Сийрийн. - Биродарининг жаноза намозида қатнашгани учун биринчи, маҳалла-қавм билан алоқасини узмагани учун иккинчи ажрга эга бўлади. (Абу Нуайм ривоятлари).
8. Ҳадисдан садақа турларини санаб чиқиш кўзда тутилмаган. Чунки барча садақа турларини санаб чиқиб бўлмайди
Бироқ, мана шу айтиб ўтилганларининг ўзи қолган садақа турларига ишора қилиш учун кифоя қилади. Қуйидаги ҳадис ҳамма садақа турларини умумлаштиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бутун махлуқот Аллоҳ таоло қарамоғида. Аллоҳ учун энг суюкли банда Унинг қарамоғидагиларга мунисроқ-меҳрибонроқ бўлган кишидир".
9. Аллоҳ таоло инсоннинг аъзоларини соғлом ва комил этиб, унга ҳидоят кўрсатди
Шу боис, банда ҳар куни ҳар бир аъзоси учун Парвардигорига шукроналар айтмоғи лозим. Яхшилик қилмоқ, эҳсон-садақа тарқатмоқ, бева-бечораларга ёрдам қўлини чўзмоқ, чиройли муомала, меҳр-мурувват, озор-азиятни даф этмоқ, инсониятга ва умуман бутун мавжудотга яхшиликни раво кўриш каби барчага фойдали садақалар шукр таркибига киради.
Фақат кишининг ўзига манфаати тегадиган садақалар қуйидагилардир: Зикр, тасбеҳ, такбир, таҳлил (“Ла илаҳа иллаллоҳ" дейиш), ҳамд, истиғфор, Пайғамбарга салавот айтиш, Қуръон тиловати, масжидга қатнаш, у ерда намозни кутиб ёки мавъиза тинглаб ўтириш, кийиниш ва юриш-туришда камтаринлик, ҳалол ризқ талабида ҳаракат қилиш, мусибатларга сабрли бўлиш, умидсизликка тушмаслик, ўтган қилмишларни ҳисоб-китоб қилиш, гуноҳлар учун тавба-тазаррулар, Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлаш, осмонлару ер хусусида, Охират ишлари: жаннат, дўзах, башорат ва таҳдид тўғрисида тафаккур юритиш...
Йигирма еттинчи ҳадис
Яхшилик ва ёмонлик
عَنِ النَّوَّاسِ بْنِ سَمْعَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "البِرُّ حُسْنُ الْخُلُقِ، وَالإثْمُ مَا حَاكَ فِي نَفْسِكَ وَكَرِهْتَ أَنْ يَطَّلِعَ عَلَيْهِ النَّاسُ". (رواه مسلم).
وَعَنْ وَابِصَةَ بْنِ مَعْبَدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَتَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: "جِئْتَ تَسْأَلُ عَنِ الْبِرِّ؟" قُلْتُ: نَعَمْ. فَقَالَ: "اسْتَفْتِ قَلْبَكَ، الْبِرُّ مَا اطْمَأَنَّتْ إِلَيْهِ النَّفْسُ وَاطْمَأَنَّ إِلَيْهِ الْقَلْبُ، وَالإثْمُ مَا حَاكَ فِي النَّفْسُ وَتَرَدَّدَ فِي الصَّدْرِ وَإِنْ أَفْتَاكَ النَّاسُ وَأَفْتَوْكَ". (حديثٌ حَسَنٌ رُوِينَاهُ في مُسْنَدَيِ الإمَامَيْنِ: أحمدَ بنِْ حنبلٍ، والدارميِّ بإسنادٍ حسنٍ).
Наввос ибн Самъон разияллоҳу анҳудан ривоят: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Яхшилик бу ҳусни хулқдир. Гуноҳ эса кўнглинг хотиржам бўлмаган ва одамлар билиб қолишини истамайдиган ишингдир". (Муслим ривоятлари).
Вобиса ибн Маъбад разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келдим:
- Сен эзгулик хусусида сўрагани келдингми? - дедилар Набий соллаллоҳу алайхи ва саллам.
- Ҳа! - деб жавоб бердим.
- Қалбингдан сўра! - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам - Нафсинг ва қалбинг хотиржам бўлган нарса эзгуликдир. Одамлар фатво бераверсалар ҳам ичингни ғаш қилиб, кўнглингга ўрнашмаган нарса гуноҳдир. (Аҳмад ва Доримий ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар: “Мазкур ҳадис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қисқа сўзларда улкан маъноларни ифодалашларига ёрқин мисолдир. Зеро, эзгулик калимаси барча хайрли ишлар ва яхши хислатларни ўз ичига олади".
Гуноҳ калимаси эса жами катта-кичик ёмон амаллар ва одатларга тегишлидир. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшилик билан гуноҳ калималарини бир-бирига зид атамалар сифатида келтирдилар.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Эзгуликнинг таърифи
Юқоридаги икки ҳадисда яхшилик лафзи икки хил шарҳланди. Бу ердаги ҳар хилликни бундай тушунмоқ лозим. Эзгулик калимаси мутлақ, яъни ҳеч қандай қайдсиз ишлатилганда, ундан қуйидаги икки маънонинг бири тушунилади:
а) Инсонларга яхшилик қилиш, улар билан чиройли муомалада бўлиш. Хусусан, ота-онага яхшилик қилиш алоҳида таъкидланади. Баҳз ибн Ҳаким оталаридан, боболаридан ривоят қиладилар:
- Ё Расулуллоҳ! Кимга яхшилик қилишим керак?
- Онангга! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Кейин кимга?
- Отангга!
- Кейин-чи?
- Яқинларинг ва (ундан кейинги) яқинларингга!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳаж вақтидаги энг яхши амал хусусида сўрашганида, қуйидагича жавоб берганлар: “Таом едирмоқ ва саломни ёймоқ!" (Аҳмад ривоятлари). Бошқа бир ривоятда “Хуш сўз" дейилган.
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу айтардилар: “Яхшилик жуда енгил нарса: очиқ юз ва ширин сўз".
Агар эзгулик калимаси тақво лафзи билан бирга келса, қуйидаги маънолар тушунилади:
· Эзгулик - одамлар билан чиройли муомалада бўлмоқ; Тақво - Ҳақ таоло буйруқларини бажариб, қайтариқларидан йироқ юрмоқ.
· Эзгулик - вожибларни адо этмоқ; Тақво - ҳаром ишлардан йироқлашмоқ. Бу икки лафз қуйидаги оятда ёнма-ён келган: “Эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз!" (Моида сураси, 2-оят).
б) Яхшилик калимасидан барча ошкор ва пинҳон тоат амалларни адо этиш кўзда тутилади. “Юзларингизни машриқ ва мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, Охират кунига, фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига иймон келтирган, ўзи яхши кўриб туриб молини қариндош-уруғларига, етим-есирларга, мискин-бечораларга, йўловчи-мусофирларга, тиланчи-гадойларга ва қулларни озод қилиш учун берадиган, намозни тўкис адо қилиб, закотни берадиган киши, аҳдлашганда аҳдларига вафо қилувчилар, хусусан, оғир-енгил кунларда ва жангу жадал пайтида сабр-тоқат қилувчилар яхши кишилардир. Ана ўшалар чин иймонли кишилардир ва ана ўшалар асл тақводорлардир". (Бақара сураси, 177-оят).
Демак, ушбу маънога кўра, яхшилик лафзи ичига Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ва Охират кунига иймон келтириш каби ботиний тоатлар ҳам, Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш, намоз ўқиш, закотни адо этиш, аҳдга вафодорлик, душман қаршисида сабот билан турмоқ, касаллик, йўқчилик каби тақдир синовларига сабр этмоқ сингари зоҳирий тоатлар ҳам киради.
2. Ҳақни таниш туғма хислатдир
“Нафсинг ва қалбинг хотиржам бўлган нарса эзгуликдир". Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари инсон ҳақни таниш ва унга рози бўлиш табиати билан яратилганини кўрсатади. Соғлом табиат албатта ҳақни севадиган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳар бир туғилган гўдак Ислом фитратида дунёга келади". Ҳадис ровийси Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу бундай дер эдилар: “Агар хоҳласангизлар, қуйидаги оятни ўқингиз: “Аллоҳ инсонларни яратган табиий хилқатни сақлангиз". (Рум сураси, 30-оят).
Иймон нури билан мунаввар бўлган соғлом қалб фақат Аллоҳ таоло зикри билан хотиржам бўлиши Қуръони каримда айтиб қўйилган. Шу боис, мўмин киши шубҳали ўринларда қалбига қулоқ тутади. Қалб хотиржам бўлса, ўша нарса яхшилик. Агар кўнгил тортмаса, шубҳали амал гуноҳ деб эътибор қилинади. “Огоҳ бўлингизким, Аллоҳ зикри билан қалблар ором олади". (Раъд сураси, 28-оят).
3. Гуноҳнинг икки аломати
Гуноҳнинг ички ва ташқи аломати мавжуд:
а) Ички аломат: кўнгил ўзи хотиржам бўлмаган ишдан изтиробга тушади, қийналади ва ундан қочишни истайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Гуноҳ кўнглингиз хотиржам бўлмаган ишдир". Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар: “Гуноҳ - қалбларни тирнайдиган нарса!"
б) Ташқи аломат: инсон мусулмонлиги туфайли бир номаъқул ишини биродарлари кўриб қолишини истамайди. Бироқ бу ёқтирмаслик одатий эмас, диний ёқтирмаслик бўлади.
Кимда-ким ўзи ёки бировлар учун гуноҳ-савоблиги шубҳали бўлган ишларда мазкур икки аломатни учратса, бу гуноҳни таниб олиш мартабаларининг энг олийси ҳисобланади.
4. Берилган фатвони олиш ёки олмаслик
Мусулмон фарзанди кўнглига ўтирмаган, дили хотиржам бўлмаган фатвони олмаслиги лозим. Чунки фатво билан тақво бошқа-бошқа нарсалардир. Фатво берувчи зоҳирга қараб ҳукм чиқаради. Инсон ичидан ўтган нарсани ўзи яхши билади. Аллоҳ таоло қалбини очиб қўйган мўминлар бировларнинг шаръий далилсиз айтган фатволарини олишмайди. Имом Нававий айтадилар: “Пулининг аксарини ҳаромдан топган кимса сизга ҳадя юборса ва кўнглингиз ҳадянинг ҳалоллигига хотиржам бўлмаса, муфтийнинг “ҳадяни ейиш ҳалол" деган фатвоси шубҳани кетказмайди".
Шунингдек, агар бир аёл сизга фалончи қиз билан эмикдош бўлганингизни айтса, лекин асос комил эмаслиги сабабли муфтий унинг никоҳини сизга ҳалол деб топса, мазкур фатво қалбдаги шубҳани йўқотмайди. Шу боис, одамлар фатво беришса-да, тақво қилмоқ лозим.
Аммо аниқ шаръий далил асосида чиқарилган фатво қалбга ўрнашиш-ўрнашмаслигидан қатъиназар, қабул қилинади. Сафар ёки касал ҳолатида рўза тутмаслик, мусофирнинг намозни қаср қилиб ўқиши каби шаръий рухсатлар бунга мисол бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баъзи буйруқлари асҳоби киромлар кўнглига ўтирмагани боис, улар бу буйруқларни амалга оширишни хоҳлашмади ёки тўхтаб қолишди. Ҳудайбия сулҳига биноан қурбонлик қилиш учун олиб келинган жонлиқларни сўйиб, умрани тўхтатиш, Маккага кирмай қайтиб кетиш асҳоблар учун оғир туюлди. Албатта саҳобалар ихлосу иймонларининг кучлилигидан шундай ғайритабиий ҳолат содир бўлди. Бироқ очиқ ҳужжат қоим бўлган кезда ҳақиқий мўмин учун фақат Аллоҳ ва Расули ҳукмига бўйсуниш қолади, холос. (Саҳобийлар мазкур воқеада кўнгилларига ёқмаса ҳам ўз билганларида туриб олишмади, Расулуллоҳнинг буйруқларига бўйсунишди - таржимон). “Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари бир ишни ҳукм қилганда ҳеч бир мўмин ва мўминада (уни бажариш ёки бажармаслик) ишларида ихтиёр бўлиши мумкин эмасдир". (Аҳзоб сураси, 36-оят).
Мўминлар Аллоҳ ва Расулининг ҳар бир ҳукмини очиқ қалб ва тўла бўйсуниш билан қарши олмоқлари шарт. “Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, сизга тўла-тўкис таслим бўлмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар". (Нисо сураси, 65-оят).
5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўъжизалари
Вобиса разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улкан мўъжизалари намоён бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Вобиса гапирмасларидан туриб уларнинг дилларидаги гапни айтиб бердилар. Вобиса разияллоҳу анҳу айтадилар:
- Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келар эканман, яхшилик ва ёмонлик ҳақида бирон нарсани ҳам қолдирмасдан сўраб олишни мақсад қилган эдим. Одамларни ёриб ўта бошладим.
- Эй Вобиса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан четроқ тур, - дейишди улар.
- Мени ўтказиб юборинглар, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқинроқ борай. У зот мен яқин бўлишни истайдиган энг суюкли инсондир.
- Яқинроқ кел, эй Вобиса! - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шунчалик яқинлашдимки, хатто тиззам у зотнинг тиззаларига тегиб турарди.
- Эй Вобиса! Мендан сўрамоқчи бўлган нарсангни айтайми?
- Айтинг, Ё Расулуллоҳ!
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бармоқларини бирлаштириб, улар билан кўксимга нуқиб, дедилар:
- Эй Вобиса! Қалбингдан сўра! Нафсингдан сўра! Қалбинг ва нафсинг хотиржам бўлган нарса яхшиликдир. Одамлар фатво бераверсалар-да, ичингни ғаш қилиб, кўнглингга ўтирмаган нарса гуноҳдир. (Абу Нуайм ривоятлари).
6. Одамларни ўз ўринларига қўйиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Вобиса разияллоҳу анҳунинг идрокига ишонганлари боис, уни қалбига, виждонига ҳавола қилдилар. Зеро, дили тоза, ақл-заковати ўткир бўлган солиҳ инсонлар бир нарсани идрок этишда янглишмайдилар. Бироқ қўпол табиатли, заиф идрокли бефарқ кимсаларга бундай жавоб берилмайди. Улар ўзлари учун зарур бўлган шаръий буйруқ ва қайтариқлар тўғрисида батафсил маълумот олишлари лозим.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чиройли йўриқлари шу ерда ўз аксини топган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кишилар билан уларнинг ақлларига яраша муомала қилардилар ва ҳар кимни ўз ўрнига қўйишга буюрардилар.
7. Энг гўзал ахлоқ
Шак-шубҳасиз энг гўзал, шарафли ва хайрли ахлоқ Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ахлоқларидир. Чунки у шариат ахлоқи эди. Аллоҳ таоло бандалари учун дастуруламал қилиб тайинлаган Қуръоний одоблар унда жамулжам бўлганди. Аллоҳ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни Қуръони каримда қуйидагича мақтаган: “Албатта сиз улуғ хулқ устидадирсиз!" (Қалам сураси, 3-оят). Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқлари Қуръон эди".
Яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг китобидаги барча кўрсатмаларга сўзсиз бўйсунганлари, амал қилганлари учун Қуръон у зотнинг хулқларига айланиб қолганди.
8. Ҳар бир мусулмон фарзанди гўзал ахлоқлар билан хулқланишга интилмоғи лозим. Чунки ҳусни хулқ энг улуғ яхшиликдир
9. Исломда қалбнинг мартабаси. Амал қилишдан олдин қалбдан сўралади
10. Дин инсон виждонидаги терговчидир. Ожиз ақллар чиқарган қонунлар эса фақат ташқаридан ҳаракат қилади, холос
11. Ислом инсонларни гуноҳга қўл уришдан тўсади
Чунки ҳар ким ичидаги иймон номли қўриқчиси кузатувида бўлади. Бундай ишончли кузатувчи ҳеч вақт ғафлатда қолмайди. Ташқи назоратчиларга таяниб иш юритувчи қонунларни эса ғафлатда қолдириш ёки унинг таъсир доирасидан чиқиб кетиш у қадар қийин иш эмас.
Йигирма саккизинчи ҳадис
Суннатларни маҳкам тутинг! Бидъатлардан йироқ бўлинг!
عَنْ أَبِي نَجِيحٍ عِرْبَاضِ بْنِ سَارِيَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: وَعَظَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَوْعِظَةً وَجِلَتْ مِنْهَا الْقُلُوبُ، وَذَرَفَتْ مِنْهَا الْعُيُونُ، فَقُلْنَا: يَا رَسُولَ اللهِ، كَأَنَّهَا مَوْعِظَةُ مُوَدِّعٍ، فَأَوْصِنَا. قَالَ: "أُوصِيكُمْ بِتَقْوَى اللهِ عَزَّ وَجَلَّ، وَالسَّمْعِ وَالطَّاعَةِ، وَإِنْ تَأَمَّرَ عَلَيْكُمْ عَبْدٌ، فَإِنَّهُ مَنْ يَعِشْ مِنْكُمْ فَسَيَرَى اخْتِلافًا كَثِيرًا، فَعَلَْيَكُمْ بِسُنَّتِي وَسُنَّةِ الْخُلَفَاءِ الرَّاشِدِينَ الْمَهْدِيِّينَ، عَضُّوا عَلَيْهَا بِالنَّوَاجِذِ، وَإِيَّاكُمْ وَمُحْدَثَاتِ الأُمُورِ، فَإِنَّ كُلَّ بِدْعَةٍ ضَلالَةٌ". (رواه أبو داود والترمذي وقال: حديثٌ حسنٌ صحيحٌ).
Абу Нажиҳ Ирбоз ибн Сория разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга мавъиза қилдилар. Бундан қалблар қўрқувга тушди, кўзлар ёшга тўлди.
- Ё Расулуллоҳ! Бу бамисоли видолашаётган кишининг мавъизасидек бўлди, - дедик биз. - Энди насиҳат қилинг!
- Сизларга Аллоҳ азза ва жалладан қўрқишни васият қиламан. Агар бир қул устингизга амир бўлса ҳам, унга қулоқ тутинг, итоат этинг. Ҳали сизлардан (узоқроқ) яшаганларингиз кўп ихтилофларни кўради. Бас, менинг суннатимга ва ҳидоят қилинган, тўғри йўлдаги халифалар суннатига эргашингиз! Уни ақл тишларингиз билан (маҳкам) тишлаб олинглар. Янги пайдо бўлган ишлардан эҳтиёт бўлинглар. Зеро, ҳар бир бидъат залолатдир. (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Таъсирли мавъизанинг сифатлари
Мавъиза оқибатни ёдга солувчи эслатма ва насиҳатдир. Унинг қалбларга етиб бориб, нафсларда ўз таъсирини ўтказиши учун қуйидаги шартлар талаб қилинади:
а) Мавзунинг танланиши
Мавъиза пайтида фақат шаръий ҳукм ва ҳудудлар баёни билан чекланиб қолмасдан, эшитувчиларнинг дину дунёларига тааллуқли бўлган масалалардан сўз очмоқ, уларни ғафлат уйқусидан уйғотмоқ лозим. Одамлар учун зарур бўлган, кундалик ҳаётда учрайдиган мавзуларни танлаб, уларни ҳикмат тили билан пухта баён қилиш керак. Шубҳасиз, аксарият мусулмонларнинг жумъа ва ҳайит хутбалари билан кифояланишлари уларнинг дин моҳияти, азизлик руҳи, нафсга карши кураш каби муҳим нуқталарга лоқайд бўлиб қолишларига кучли таъсир кўрсатган. Негаки, жумъа ва ҳайит хутбалари тингловчиларни ҳаракатга келтирувчи очиқ даъват эмас, мажбурий вазифага айланиб қолган. Минбарларда ўқиладиган қадимий хутба саҳифалари беихтиёр ғафлат уйқусидаги мусулмонларга аллалагандек таъсир қилмоқда ва натижада Ислом дастури билан кундалик ҳаёт, маиший муаммолар ўртасига қалин парда тортилмоқда.
Хайрли натижаларга эришмоқчи бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олишимиз лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпинча расмий хутбалардан бошқа пайтларда ҳам асҳобларига панд-насиҳат берардилар. Мазкур таъсирли мавъизалар Аллоҳ таолонинг мана бу амрининг амалдаги кўриниши эди: “Парвардигорингизнинг йўлига ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг!" (Наҳл сураси, 125-оят).
б) Мавъизада оммага етиб борадиган, тушунарли сўзларни ишлатинг
Кўзланган мақсадни аниқ ифодалайдиган, тингловчиларнинг қулоқларидан кириб бориб, қалбларига ўрнашадиган тушунарли ва чиройли сўзлардан фойдаланиб, панд-насиҳат қилиш лозим. “Уларга панд-насиҳат қилиб, ўзлари ҳақида етук сўзларни айтинг!" (Нисо сураси, 63-оят). Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Термизийлар қилган ривоятда шундай дейилган: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга етук панд-насиҳат қилдилар".
в) Мавъизани чўзиб юбормаслик
Узоқ давом этган панд-насиҳат эшитувчиларни малоллантириб, зериктириб қўяди ва натижада мавъиза кутилгандек таъсир кўрсатмайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хутба ва мавъизалари ҳамиша қисқа, лўнда бўларди. Жобир ибн Самура разияллоҳу анҳудан ривоят: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга намоз ўқирдим. У Зотнинг намозлари ҳам, хутбалари ҳам ихчам бўларди". (Муслим ривоятлари). “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жумъа куни мавъизани чўзиб юбормас эдилар. У Зотнинг мавъизалари бир неча енгил калималардан ташкил топарди". (Абу Довуд ривоятлари).
г) Панд-насиҳат учун муносиб фурсат ва мувофиқ вақт танланмоғи лозим
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамма вақт панд-насиҳат қилавермаганлар. Пайғамбаримиз вақти-вақти билан ваъз айтганлар. Абу Воилдан ривоят: “Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ҳар пайшанба куни зикр-мавъиза қилардилар. Бир киши уларга шундай деди:
- Эй Абу Абдураҳмон! Биз сизнинг суҳбатингизни яхши кўрамиз ва соғинамиз. Истардикки, сиз ҳар куни бизга ҳадис айтсангиз.
- Мен сизларни малоллантириб қўймай, деб ҳар куни мавъиза айтмайман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни зериктириб-сиқиб қўйишни истамаганлари боис, аҳён-аҳёнда мавъиза қилардилар". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
2. Ҳақиқий воизнинг сифатлари
Ғафлат уйқусига ботган нафсларни ва мудроқ қалбларни ҳаракатга келтирмоқ учун айтилаётган ваъз қуйидаги сифатларга эга бўлган шахс томонидан жаранглаши керак:
а) Воиз ўзи айтаётган сўзларга ишониши, улардан таъсирланиши ва мавъизанинг тингловчилар қалбига етиб бориб, уларни қаноатлантириши учун куйиб-ёниши шарт.
Бу унинг юз ифодалари, хатти-ҳаракатлари ва гап оҳангларида яққол сезилиб турсин. Ушбу воситалар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мавъиза қилаётган чоғларида ўзгариб кетардилар. Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилсалар ва Қиёматни зикр этсалар, дарғазаб бўлиб, овозлари кўтарилиб кетарди. Кўзлари қизарарди. Бамисоли “Эртаю кеч сергак туринг!" деб қўшинни огоҳ қилаётган огоҳлантирувчига ўхшаб қолардилар".
б) Воизнинг қалби турли иллатлардан покиза бўлса, унинг ростгўй юрагидан чиқаётган сўзлар тингловчилар кўнглини забт этади.
Қалби ва нафси соғлом бўлмаган воизнинг гаплари одамларнинг бу қулоқларидан кириб, у қулоқларидан чиқиб кетади. Ҳасан Басрий Басра масжидида йиғилганларга ваъз ўқиётган одамнинг сўзларини эшитиб, сира таъсирланмадилар. Одамлар тарқалганидан сўнг улуғ тобеин ҳалиги воизга қараб шундай деган эканлар:
- Эй (воиз), ё сенинг қалбингда касаллик бор ёки менинг қалбимда!
в) Мавъиза қилувчи кишининг сўзи билан иши бир бўлиши керак.
Чунки унинг панд-насиҳатларини тинглаб, фасоҳату балоғатига таҳсин ўқиганлар энди қилаётган амалларини кузата бошлайдилар. Агар воизнинг сўзи билан иши бир бўлса, унга эргашадилар. Аммо воизнинг ўз сўзларига амал қилмаслигини ёки мутлақо тескари ҳаёт кечиришини сезиб қолсалар, уни маломат қилиб буткул юз ўгирадилар.
Айтадиларки, сўзи билан ваъз ўқиган кимса, каломини зое этибди. Амали билан ваъз қилган киши аниқ нишонга урибди. Сўзи ва иши бошқа-бошқа бўлган кимсаларга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти етарли танбеҳ эмасми: “Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани гапирасизлар. Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур ишдир". (Саф сураси, 2-3-оятлар).
3. Саҳобаи киромлар фазилати. Улар қалбининг мусаффолиги
Мавъиза қилинаётган пайтда саҳобалар қалбини қоплаган қўрқув ва кўзларидаги ёшлар уларнинг фазилати, салоҳияти ва иймон мартабасию нажот мартабасида олий мақомлар эгаси эканликларини кўрсатади. Рушду ҳидоятнинг йўлчи юлдузлари деб эътироф этилмиш улуғ асҳоблар Пайғамбарлари ва муаллимлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам, Азиз ва Олий Парвардигорлари томонидан ҳам мақтов эшитдилар: “Улар Пайғамбарга нозил қилинган нарсани эшитган пайтларида унинг ҳақ эканини билганлари сабабли кўзларидан ёш қуйилаётганини кўрасиз". (Моида сураси, 83-оят).
Аллоҳ азза ва жалла китобида барча мўминлар шаънига қуйидаги мақтовлар айтилган: “Аллоҳ (номи) зикр қилинганда қалбларига қўрқинч тушадиган ва Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган кишиларгина (ҳақиқий) мўминлардир". (Анфол сураси, 2-оят).
4. Тақвога чақириш
Шариат таклифларидан бўлмиш барча буйруқларни адо этмоқ ва жами қайтариқлардан нафсни покиза тутмоқ тақводир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларига тақвони васият қилишлари бу сифатнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътиборларида улкан ўрин тутганини билдиради. Чунки тақвони маҳкам тутиш дунёю Охират саодатига етаклайди. Аллоҳ таоло аввалу охиргиларга уни тавсия этган. “Биз сизлардан илгари Китоб берилган зотларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳдан қўрқинглар деб амр қилдик". (Нисо сураси, 131-оят).
5. Итоатга чақириш
Мусулмон амирларнинг хайрли ишлардаги буйруқларига итоат этиш Қуръон ҳукми билан таъкидланган. “Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва Пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган ҳокимларга бўйинсунингиз!" (Нисо сураси, 59-оят).
Аслида Ислом амирига бўйсуниш Аллоҳ таолодан қўрқиш-тақво таркибига кирса-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни алоҳида тилга олдилар. Ушбу таъкид масаланинг жуда эътиборли эканига далолат қилади. Мусулмонлар дунё саодати, бирдамлик, мустаҳкам тартиб-интизомга эришишлари ва Парвардигорларига ошкора тоат-ибодат қила олишлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам васиятларига амал қилишлари керак.
Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу айтганларидек, “Одамларни фақат яхши ёки фожир раҳбаргина ислоҳ қила олади. Агар амир фожир бўлса, мўмин унинг хусусида Парвардигори амрига бўйсунади ва бу билан фожир раҳбарни ажалига олиб боради". Бугунги итоатсизлик, бошбошдоқлик ва низо-тортишувларга мойиллик мусулмонларнинг заифлашиб қолишларига олиб келган омиллардандир. Бу ўз навбатида мусулмонлар орасида фитна оловини ёқди, кўп жанжалларни келтириб чиқарди, Ислом умматининг кучини қирқиб, мунофиқлик, бидъат ва гуноҳ-маъсиятлар гулханига мой сепди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар сизларга бир қул амир бўлса ҳам...», дедилар. Имом Бухорий ривоятларида эса: «Агар устингизга боши майиздек (қоп-қора) ҳабаш қул амир этиб тайинланса ҳам қулоқ солинглар, итоат этинглар!» дедилар.
Уламолар буни икки хил маънода тушунганлар:
· Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келажакда мусулмонлар аҳволи ёмонлашиб, шариат аҳкомлари татбиғига халал етиши хусусида хабар беряптилар. Натижада раҳбарликка нолойиқ кимсалар уммат бошчиларига айланади. Ўшанда икки зарарнинг енгилроғи танланиб, нолойиқ амирга итоат қилинади. Чунки раҳбар бўлишга нолойиқ саналган қулнинг ҳукмига сабр этмоқ жамиятда фитна-фасод тарқалишидан енгилроқдир.
· Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги сўзни зарбулмасал тариқасида айтяптилар. Яъни бу бир мисол, холос. Зотан, қулнинг ҳокимлик қилиши ҳеч қаерда дуруст дейилмаган. Шу жиҳатдан қуйидаги ривоят ушбу ҳадисга ўхшаб кетади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимки Аллоҳ таоло учун хатто каклик иничалик масжид қурса, Аллоҳ таоло унга жаннатда уй бино қилади". Албатта қуш иничалик жой ҳеч қачон масжид бўлолмайди.
6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатлари ва хулафои рошидинлар суннатига эргашмоқ
Суннат бу юриладиган йўлдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг тўғри йўлдаги халифалари тутган эътиқод, қилган амал ва айтган сўзларини маҳкам ушлаш мазкур суннатга амал қилиш ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хулафои рошидинларнинг Китобу Суннатдан хулоса чиқариб қилган ишлари тойилишдан йироқ бўлишини билганлари боис, юқоридаги сўзларни айтдилар.
Мусулмонлар “хулафои рошидин" номига ушбу тўрт халифани билиттифоқ мансуб қилганлар: Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али (Аллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин!).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва кейинги тўрт халифа суннатига эргашмоқ - хусусан, бугунгидек ихтилоф ва фирқалар кўпайган бир пайтда - шубҳасиз, нажот сари бошлайди.
7. Бидъатлардан ҳазир бўлинг!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким бизнинг ушбу ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, унинг иши рад қилинади".
Мана шу ҳадис шарҳидан унинг улкан асос эканлиги ва кимда-ким динда йўқ нарсани чиқарса, унинг бидъати ўзига қайтарилиши ҳақида билиб олдик. Албатта Ислом бу каби залолатли бидъатлардан мутлақо покдир. Ҳар кимки бир ишни пайдо қилиб, уни динга нисбат берсаю, у нарсанинг динда асоси бўлмаса, у ёмонланган янгиликдир.
Бидъатнинг шаръий ва луғавий маънолари мавжуд. Динда шоренинг[30] буйруғига ҳамда унинг хос ва умумий далилига тескари тарзда янгилик яратиш бидъатнинг шаръий таърифидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳар бир бидъат залолатдир!" деган кенг қамровли ҳадислари мана шундай бидъатдан огоҳлантирувчи қоидадир.
Бидъатнинг луғавий маъноси эса илгари ўхшаши бўлмаган нарсани ихтиро қилиш демакдир. Айрим саҳобалар тилида бидъат лафзининг мақталишини ҳам айнан шу иккинчи маънода тушунмоқ лозим. Умар разияллоҳу анҳу таровеҳ намозини ўқиётган мусулмонларни бир имом орқасига жамладилар ва кейин шу тарзда намоз ўқиётган мўминларни кўриб: “Бу нақадар яхши бидъат бўлди!" деган эдилар. Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳу Умар разияллоҳу анҳуга айтдилар:
- Илгари бундай бўлмаган-ку?!
- Биламан, - деб жавоб бердилар Умар разияллоҳу анҳу.- Лекин бу яхши нарса.
Яъни Умар разияллоҳу анҳугача бу ишнинг бўлмагани аниқ эди. Бироқ шариатда унинг асли мавжуд бўлган.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу халифаликлари даврида мусҳафнинг жамланиши, закот беришдан бош тортганларга қарши уруш очиш, бутун умматни битта мусҳаф атрофига тўплаш, Усмон разияллоҳу анҳу халифаликлари даврида Қуръондан нусхалар кўчириб, чор-атрофга жўнатиш каби бир қанча янги ишларни саҳобалар хайрли деб топдилар ва айни ҳаракатлар шариатда асосланганлигига шубҳа билдирмадилар.
8. Видолашув пайтида дунё ва Охират учун фойдали бўлган тавсияларни айтмоқ суннатдир
9. Динда асоси бўлмаган янги ишларнинг олдини олиш, одамларни улардан қайтариш лозим
Йигирма тўҚҚизинчи ҳадис
Яхшилик эшиклари ва ҳидоят йўллари
عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَخْبِرْنِي بِعَمَلٍ يُدْخِلُنِي الْجَنَّةَ وَيُبَاعِدُنِي عَنِ النَّارِ، قَالَ: "لَقَدْ سَأَلْتَ عَنْ عَظِيمٍ، وَإِنَّهُ لَيَسِيرٌ عَلَى مَنْ يَسَّرَهُ اللهُ تَعَالَى عَلَيْهِ: تَعْبُدُ اللهَ لا تُشْرِكُ بِهِ شَيْئًا، وَتُؤْتِي الزَّكَاةَ، وَتَصُومُ رَمَضَانَ، وَتَحُجُّ الْبَيْتَ".
ثُمَّ قَالَ: "أَلا أَدُلُّكَ عَلَى أَبْوَابِ الْخَيْرِ: الصَّوْمُ جُنَّةٌ، وَالصَّدَقَةُ تُطْفِئُ الْخَطِيئَةَ كَمَا يُطْفِئُ الْمَاءُ النَّارَ، وَصَلاةُ الرَّجُلِ فِي جَوْفِ اللَّيْلِ، ثُمَّ تَلا: (تَتَجَافَى جُنُوبُهُمْ عَنِ الْمَضَاجِعِ – حَتَّى بَلَغَ – يَعْلَمُونَ)".
ثُمَّ قَالَ: "أَلا أُخْبِرُكَ بِرَأْسِ الأَمْرِ وَعَمُودِهِ وَذِرْوَةِ سَنَامِهِ". قُلْتُ: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ. قَالَ: رَأْسُ الأَمْرِ الإسْلامُ، وَعَمُودُهُ الصَّلاةُ، وَذِرْوَةُ سَنَامِهِ الْجِهَادُ".
ثُمَّ قَالَ: "أَلا أخْبِرُكَ بِمِلاكِ ذَلِكَ كُلِّهِ". فَقُلْتُ: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ، فَأَخَذَ بِلِسَانِهِ وَقَالَ: "كُفَّ عَلَيْكَ هَذَا". قُلْتُ: يَا نَبِيَّ اللهِ، وَإِنَّا لَمُؤَاخَذُونَ بِمَا نَتَكَلَّمُ بِهِ؟ فَقَالَ: "ثَكِلَتْكَ أُمُّكَ، وَهَلْ يَكُبُّ النَّاسَ فِي النَّارِ عَلَى وُجُوهِهِمْ – أَوْ قَالَ: عَلَى مَنَاخِرِهِمْ – إِلا حَصَائِدُ أَلْسِنَتِهِمْ". (رواه الترمذي وقال: حديث حسن صحيح).
Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят: Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга:
- Ё Расулуллоҳ, менга шундай бир амални айтингки, у мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирсин, - дедим.
- Сен улкан нарса ҳақида сўрадинг, - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам - Бироқ у Аллоҳ таоло осон қилган кишига осондир: Аллоҳга бирон-бир нарсани шерик этмасдан ибодат қил. Намозни тўкис адо эт, закот бер, Рамазон рўзасини тут ва Байтуллоҳга ҳаж қил!
Сўнг дедилар:
- Сенга яхшилик эшикларини кўрсатайинми?! Рўза қалқондир. Садақа бамисоли сув ўтни ўчирганидек гуноҳларни ўчиради. Кишининг тунда ўқиган намози ҳам (яхшилик эшикларидандир).
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги оятни тиловат қилдилар: "Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни, тунларини ибодат билан ўтказиб, оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. Бас уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб, улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини бирон жон била олмас".[31]
Сўнг дедилар:
- Сенга ишнинг боши, устуни ва чўққиси ҳақида хабар берайми?!
- Ҳа, ё Расулуллоҳ! - дедим мен.
- Ишнинг боши Ислом, устуни намоз ва чўққиси жиҳоддир!
Сўнгра дедилар:
- Сенга мана шуларнинг ҳаммасининг ўзаги ҳақида хабар берайми?!
- Ҳа, ё Расулуллоҳ! - деб жавоб бердим. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилларини ушлаб, дедилар:
- Мана бунингни тийгин!
- Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, нима, биз гапирган гапларимизга ҳам жавобгар бўламизми?!
- Сени йўқлаб онанг йиғласин, ахир одамларни юзлари билан (ёки “бурунлари билан" дедилар) дўзахга қулатадиган нарса тилларининг мевалари эмасми?! - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Термизий ривоятлари. Ҳасан саҳиҳ ҳадис).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Ушбу ҳадисда инсонни жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирувчи солиҳ амаллар баён этилаяпти. Бандаларнинг жаннатга киришлари, дўзахдан нажот топишлари учун пайғамбарлар юборилган, китоблар нозил қилинган. Шу боис, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуга: “Сен улкан нарса ҳақида сўрадинг", дедилар. Шу саволни берган яна бир саҳобийга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган эдилар: “Гарчи саволинг қисқа бўлса-да, жуда улкан ва узун нарса хусусида сўрадинг!"
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Муоз разияллоҳу анҳу солиҳ амалларга қаттиқ эътибор берганлар
Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳунинг юқоридаги саволлари бир томондан уларнинг солиҳ амалларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрганишга бўлган баланд иштиёқлари ва уларга нисбатан тиришқоқ эканликларини кўрсатса, иккинчи томондан улуғ саҳобийнинг фасоҳатли тилига далолат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муознинг қисқа ва маъноли саволларини эшитиб, уларни мақтадилар: “Сен улкан нарса ҳақида сўрадинг!"
Чунки жаннатга етишмоқ ва дўзах ўтидан омон қолмоқ жуда улкан ишдир. Аллоҳ таолонинг барча буйруқларини сўзсиз адо этмоқ ва жами мункар ишдан ўзни покиза сақламоқ ушбу олий мақсадга олиб боради. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу худди шу ҳақда сўраган эдилар.
2. Солиҳ амаллар инсоннинг жаннатга киришига сабабдир
Муоз разияллоҳу анҳунинг “Мени жаннатга киритадиган амал ҳақида хабар беринг" деган саволлари ва мана бу ояти карима амалларнинг жаннатга кириш учун сабаб эканига очиқ далил ҳисобланади: «Қилиб ўтган амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир!" (Аъроф сураси, 43-оят).
Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳеч қайсиларингиз жаннатга амали билан кирмайди!" деган ҳадисларига келсак, унинг маъноси қуйидагича: Ҳеч ким фақат амали билан жаннатга ҳақли бўлмайди. Аввало амаллар мақбул бўлмоғи лозим. Бу эса ёлғиз Парвардигор фазли ва марҳамати билан амалга ошади. Ҳаёти дунёда кишининг солиҳ амалга муваффақ этилиши ҳам Аллоҳ таоло тавфиқи биландир. Аллоҳ ҳидоят этган бандалар ҳақ йўлдан оғишмасдан солиҳ амалларни адо этадилар. Аллоҳ ҳидоятига муяссар бўлмаган бадбахт кимсалар эса залолатга юз тутиб, беамал қоладилар.
“Ана энди ким (садақаларни) адо этса ва (Аллоҳдан) қўрқса ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса, бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким бахиллик қилса ва ўзини беҳожат билса ҳамда гўзал оқибатни ёлғон деса, бас, Биз уни оғир йўлга “муяссар" қилурмиз!" (Лайл сураси, 5-10-оятлар).
3. Ислом рукнларини адо этмоқ
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу саволига жавоб бердилар: Аллоҳ таолони яккаю ёлғиз деб билиш ва намоз, закот, рўза ҳамда ҳаж каби Ислом фарзларини адо этиш солиҳ амал ҳисобланади. Аллоҳ таоло Ўзининг фазлу марҳамати билан ушбу солиҳ амалларни жаннатга дохил бўлиш учун сабаб қилди.
Аввалги шарҳларда айтиб ўтилганидек, иймоннинг мазкур беш рукни диннинг пойдеворлари саналади.
4. Яхшилик эшиклари
Ибн Можа ривоятларида “Жаннат эшиклари" дейилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуга насиҳат қила туриб, фарз амалларни тўкис адо қилгач, Аллоҳ таоло муҳаббатини қозониш учун нафл-суннат ибодатларга эътиборли бўлишга чақирдилар. Ҳадиси қудсийда айтилади: “Бандам Мен унинг зиммасига фарз этган амаллардан кўра суюклироқ нарса билан Менга қурбат-яқинлик ҳосил қилмаган. Бандам нафл ибодатлар билан Менга яқинлик-қурбат ҳосил қилишда давом этаверганидан Мен уни яхши кўриб қоламан".
Яхшилик эшиклари ва унга олиб борувчи сабаблар қуйидагилардир:
а) Рўза қалқондир!
Бу ерда нафл рўза хусусида гап кетаяпти. Чунки Рамазон рўзаси ҳақида ҳадиснинг аввалида айтиб ўтилди. Нафл рўза Охиратда ўз соҳибини дўзахдан тўсади. Мўмин Аллоҳ таоло амрига бўйсуниб, нафсини ейиш-ичиш каби хоҳишлардан тўсади ва бу инсонни шариат ҳудудларига риоя қилишга ўргатади. Аллоҳ буюрганларини адо этиб, қайтарган ишларидан қайтишга, яъни тақволи бўлишга олиб боради. Нафсининг шаҳват ва хоҳишларидан устун келган мўмин, энди унга асир бўлмайди ва нафл рўзалари сабабли тақводор, покиза, солиҳ инсонлар сафига қўшилади.
б) Садақа гуноҳларни ўчиради
Бу ўринда садақалардан мурод закотдан ташқари садақалардир. Чунки ҳадисда ундан олдинроқ закот ҳақида алоҳида гапирилди. Садақа-эҳсонлар Аллоҳ таоло ҳаққига тааллуқли кичик гуноҳлар асарини ўчириб юборади. Улкан гуноҳлар эса фақат ҳақиқий тавба билангина ўчирилиши мумкин. Бошқа бир инсон ҳаққига тааллуқли бўлган гуноҳлар ёлғиз ўша кишининг розилиги билан кечиб юборилади. Садақанинг нафи бошқаларга ҳам текканлиги боис, унга гуноҳларни ўчириш хусусияти берилган. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Садақа Парвардигор ғазабини ўчиради ва ёмон ўлимни даф этади". (Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоятлари).
Хато-гуноҳлар ўчирилиши билан умидлар уйғонади, қалблар ёришади, амаллар софлиги таъминланади. Садақа ўзининг ана шу хислатлари билан бошқа солиҳ амаллар учун эшик вазифасини ўтайди.
в) Кечаси туриб ўқиладиган намоз
Кечаси туриб ўқиладиган намоз фазилати эркак-аёлга баробар. Ҳадисда мукаллаф бўлган ҳар бир банда кўзда тутилган. Таҳажжуд намозининг улкан фазилати ҳақида бир қанча оят-ҳадислар ворид бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сажда сурасининг 16-17-оятларини келтириб ўтдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кечаси туриб ўқиладиган намоз ва инфоқ-эҳсон фазилати хусусидаги муборак ҳадисларини Аллоҳ таолонинг оятлари таъкидлаб келади: “Албатта тақводор зотлар Парвардигор ўзларига ато этган нарсаларини (ажр-мукофотларни) қабул қилган ҳолларида жаннатлар ва булоқлар устида бўлурлар. Зеро, улар бундан илгари чиройли амаллар қилувчи эдилар. Улар кечадан озгина (фурсатгина) кўз юмар эдилар ва саҳарларда улар мағфират сўрар эдилар". (Зориёт сураси, 15-18-оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Фарз намозидан кейин энг афзал намоз кечаси туриб ўқиладиган намоздир". (Муслим ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Таҳажжуд намозини лозим тутинглар. Албатта бу сизлардан илгари ўтган солиҳ зотлар одатидандир. Қиёми лайл (яъни кечалари туриб намоз ўқиш) Аллоҳ азза ва жаллага яқинлик, гуноҳдан тўсувчи, ёмон қилмишларни ювиб юборувчи ва танадан касалликни ҳайдовчидир". (Термизий ривоятлари).
Таҳажжуд намози учун энг афзал вақт тун ўртаси ҳисобланади.
5. Ислом динининг боши, устуни ва унинг олий нуқтаси
Инсониятнинг меҳрибон муаллими Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бамисоли саҳобийларининг кўзларида зиёда илмга бўлган муҳаббат чўғини кўрдилар-у, набавий маърифат инжуларидан яна бир қанчасини ҳадя қилдилар.
«Сенга айтиб берайми?» деб сўз бошладилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Албатта ушбу жумладан кейин эшитувчининг эътибори бир жойга жамланади ва айтилажак сўзларни жон қулоғи билан тинглайди. Ўрганувчининг эътиборини бир жойга тўплаш учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ана шундай йўл тутардилар.
а) Ишнинг боши - Ислом
Ушбу жумланинг шарҳи Имом Аҳмад Муоз разияллоҳу анҳудан келтирган бошқа бир ривоятдан англашилади. У ерда бундай дейилган: “Бу ишнинг боши - “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У Ёлғиздир ва Муҳаммад Унинг қули ҳамда элчисидир", деб гувоҳлик беришинг!"
Яъни диннинг боши юқорида айтиб ўтилган икки шаҳодатдир. Кимда-ким мана шу икки шаҳодатга ичи ва таши билан иқрор бўлмаса, унинг Исломга мутлақо алоқаси йўқ. Баъзилар айтадилар:"Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган ушбу диннинг боши ўзининг бешта рукни билан бирга бўлган Исломдир".
б) Устуни - намоз
Чодирни тутиб турувчи асос устун бўлганидек Исломни тутиб турувчи асос намоздир. Уйнинг устунлари уни кўтариб, яшашга яроқли қилиб туради. Худди шунингдек, намоз динни кўтариб, зоҳир қилиб туради. Намозни тўкис адо этувчи мўминлар Парвардигорга яқин бўлишдек олий даражага эришадилар. Айнан мана шу ибодат рукни ожиз ва муҳтож инсоннинг Меҳрибон, Ҳалийм ва Азийз Парвардигори билан бўлган алоқасини мустаҳкамлайди.
в) Чўққиси жиҳоддир!
Чунки айнан жиҳод орқали Аллоҳнинг калимаси олий бўлади, Ислом ўзга динлар устидан тантана қилади. Ўзга ибодатларда ушбу хусусият йўқлиги боис, жиҳод Исломнинг чўққиси дейилди.
Жиҳоднинг фарзлардан кейин энг афзал амал эканлигига далолат қилувчи бир қанча ҳадислар мавжуд. Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадим:
- Ё Расулуллоҳ! Энг афзал амал қайси?
- Аллоҳга иймон келтирмоқ, кейингиси Аллоҳ йўлида жиҳод қилмоқ. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Арабларнинг энг яхши моли туя бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисда туянинг ўркачини ташбеҳ қилиб келтирдилар. Улар бошлиқларини ҳам туяга ўхшатишарди.
6. Юқоридагиларнинг барчасига асос тилни тийишдир
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуга қилган насиҳатлари сўнгида мазкур олий амалларнинг асоси бўлган ҳамда уларни маромига ва меъёрига етказадиган бир амални баён этдилар: “Тилингни тийгин!"
Тилни ёмон сўзлардан, гуноҳ-маъсиятлардан тийишнинг нақадар муҳимлиги аввалги шарҳларимизда ҳам кўп бор айтилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ ва Охират кунига иймон келтирган банда (фақат) яхши гапни гапирсин, йўқса сукут сақласин".
“Бир саҳобий дедилар:
- Ё Расулуллоҳ! Менга шундай бир амални кўрсатингки, у мени жаннатга олиб кирсин.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилларига ишора қилиб дедилар:
- Манавини тийгин!
Ҳалиги киши саволини яна такрорлади.
- Сени йўқлаб онанг йиғласин! Ахир одамларни бурунлари билан дўзахга итқитаётган нарса тилларининг ҳосиллари эмасми?! - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам". (Баззор ривоятлари).
Ибн Ражаб Ҳанбалий айтадилар: “Тилларининг ҳосиллари"дан мурод ҳаром сўзга берилажак жазо-уқубатдир. Зеро, инсон ўзининг сўзи ва амали билан яхшилик ёки ёмонлик уруғларини сочади. Сўнг Қиёмат кунида эккан нарсасининг ҳосилини ўради. Сўзи ва амали билан эзгулик уруғини сочган инсон хайрли ҳосил кўтаради. Сўз ва амали ёмонликдан иборат бўлган кимса надоматли ҳосил кўтаради".
Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу ҳадисидан тушунамизки, инсоннинг дўзах оташида ёнишига кўпинча унинг тили сабабчи бўлар экан. Инсон Аллоҳ наздида энг улкан гуноҳ саналмиш ширкни ҳам ана шу тили билан қилади. Ширкнинг шериги - Аллоҳ таоло хусусида билмасдан гапириш, ширкка тенг кўрилган гуноҳ - ёлғон гувоҳлик бериш, сеҳр-жоду, туҳмат каби гуноҳи кабиралар ва ёлғон, ғийбат, бўҳтон каби гуноҳлар ҳам тилнинг мевалари таркибига киради. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Инсонни энг кўп дўзахга киритадиган нарса икки ғовак: оғиз ва фарждир". (Аҳмад ва Термизий ривоятлари).
Молик Зайд ибн Асламдан, отасидан ривоят қиладилар: “Умар разияллоҳу анҳу Абу Бакр разияллоҳу анҳу ҳузурларига кирсалар, тилларини қўллари билан тортиб турган эканлар.
- Ҳой, Аллоҳ мағфират қилгур, секинроқ! - дедилар Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу.
- Мени балоларга гирифтор этган мана шу бўлади! - деб жавоб бердилар Абу Бакр разияллоҳу анҳу".
Ибн Бурайдадан ривоят: “Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг тилларини ушлаб шундай деяётганларининг гувоҳи бўлдим: “Шўринг қурғур! Фақат яхши сўзларни сўзла: ўлжа оласан ёки ёмон гап-сўздан сукут қил: саломат қоласан. Акс ҳолда, билгинки, пушаймон бўласан!" Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан сўрашди:
- Эй Абу Аббос! Нега ундай деяпсиз!
- Айтишларича, Қиёмат кунида инсоннинг энг ёмон кўрган ва ғазабини сочган аъзоси ўзининг тили бўлар экан. Фақат яхши нарсаларни ёздирган бандагина бу ҳолга тушмайди".
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу Яккаю Ёлғиз илоҳ бўлмиш Аллоҳ номига қасам ичиб айтардиларки, ер юзида узоқ вақт ҳибс этилишга тилдан-да лойиқроқ нарса йўқ!
Ҳасан Басрий айтадилар: “Тил тананинг амиридир. Агар у аъзолар устидан жиноят қилса, аъзолар ҳам жиноятга қўл уради. Агар у яхши бўлса, аъзолар ҳам яхши бўлади".
7. Фарзлардан кейинги энг афзал амал
Абу Ҳанифа ва Молик фарзлардан кейин энг яхши амал илм ўрганиш, сўнгра жиҳод дейишган. Шофеий амалларнинг энг афзали фарз ва нафл намоздир деганлар. Имом Аҳмад наздида энг афзал амал Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш саналган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан энг афзал амал ҳақида кўп бор сўрашган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўровчининг ҳолатига қараб ҳар гал бошқача жавоб айтганлар: Энг афзал амал аввалги вақтида ўқилган намоз, жиҳод, ота-онага яхшилик қилиш...
8. Саҳобаи киромлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўрсатмалар бериб, ваъз қилиб туришларини сўрашган
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга мавъизалар қилардилар. Бу ҳадисда инсон биринчи бўлиб амалга ошириши лозим бўлган беш фарз унинг жаннатга киришига ва дўзахдан узоқ бўлишига сабабчи экани баён этилади.
9. Исломни ҳимоя қилиш ва Аллоҳнинг калимасини олий этиш йўлида жиҳод қилишнинг фазилати каттадир
10. Тилдан келадиган хатар. Зеро инсон оғзидан чиққан сўзига жавоб беради
Тил ўзининг пушаймон келтирувчи ҳосиллари билан эгасини жаҳаннамга қулатиши ҳам мумкин.
Ўттизинчи ҳадис
Аллоҳ таоло белгилаб қўйган ҳадлар ва ҳаром ишлар
عَنْ أَبِي ثَعْلَبَةَ الْخُشَنِيِّ جُرْثُومِ بْنِ نَاشِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "إِنَّ اللهَ تَعَالَى فَرَضَ فَرَائِضَ فَلا تُضَيِّعُوهَا، وَحَدَّ حُدُودًا فَلا تَعْتَدُوهَا ، وَحَرَّمَ أَشْيَاءَ فَلا تَنْتَهِكُوهَا، وَسَكَتَ عَنْ أَشْيَاءَ – رَحْمَةً لَكُمْ غَيْرَ نِسْيَانٍ – فَلا تَبْحَثُوا عَنْهَا". (حديث حسن رواه الدارقطني وغيره).
Абу Саълаба Хушаний Журсум ибн Ношир разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Аллоҳ таоло бир қанча фарзларни лозим этди, бас, уларни зое қилмангиз. Ҳад-чегараларни белгилади, уларни босиб ўтмангиз. Айрим нарсаларни ҳаром қилди, уларга яқин йўламангиз. Баъзи нарсалар хусусида - унутганидан эмас, сизларга марҳамат кўрсатиб, - сукут қилди, бас, улар устида баҳс қилмангиз. (Дориқутний ва бошқалар ривояти)
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қисқа сўзларда улкан маъноларни ифодалаш мўъжизаси берилгани мана шу ҳадисда ҳам очиқ-ойдин кўриниб турибди. Олимлардан бири мазкур қисқа ва чуқур маъноли ҳадис ҳақида бундай деганлар: “Ҳадислар орасида ёлғиз ўзи дин асослари ва фаръларини жамлаган бу каби ривоят йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳукмларни тўрт қисмга бўлдилар: Фарзлар, ҳаром қилинган ишлар, ҳадлар ва сукут қилинган ишлар".
Ибн Самъоний айтадилар: “Мазкур ҳадисга амал қилган киши улкан ажр-савобга эришиб, азоб-уқубатдан омон қолади. Чунки фарзларни бажарган, ҳаромлардан ҳазар қилган, белгиланган ҳадларни босиб ўтмаган ва сукут қилинган - беркитилган ишлар хусусида чуқур кетмаган киши ҳамма фазилатларга эришган, дин ҳақларини тўлиқ уддалаган бўлади. Зеро, шариат ушбу ҳадисда зикр қилинган қисмлардан бошқа нарса эмас".
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Фарз ва вожибларга тўлиқ амал қилмоқ
Аллоҳ таоло бандаларига буюрган намоз, закот, рўза ва ҳаж каби амаллар фарз ҳисобланади.
Шофеийлар наздида Китоб, Суннат, ижмо ёки бошқа бир шаръий далил билан собит бўлган нарса фарз дейилади. Улар фарз ва вожиб амалларини бир хил маънода деб билишади. Фақат ҳаж масаласида мазкур икки лафзни фарқлайдилар: яъни, ҳаждаги фарзнинг мисоли қурбонлик билан ўнгланмайдиган ифоза тавофидир. Қурбонлик билан тўлдирилса бўладиган видолашув тавофи эса вожиб саналади.
Ҳанафийлар наздида фарз ва вожиб алоҳида-алоҳида маъноларни ифодалайди. Улар фикрига кўра қатъий далил билан собит бўлган ҳукм фарз ҳисобланади. Масалан намоз, закот, рўза... Вожиб эса “занний" (гумонли) далил билан собит бўлган ҳукмдир. “Занний" далил деганда қиёсни ёки бир кишининг хабарини назарда тутилган. Бунга фитр садақасини мисол келтириш мумкин.
Фарзлар икки қисмга бўлинади: фарзи айн ва фарзи кифоя.
Фарзи айн ҳар бир мукаллафга айнан тегишли бўлган фарзлар. Масалан беш вақт намоз, закот, рўза...
Фарзи кифоя эса маълум тоифанинг у билан машғул бўлиши билан бошқалар устидан соқит бўладиган фарз. Агар ҳеч ким фарзи кифояни адо этмаса, ҳамма баробар гуноҳкор бўлади. Масалан жаноза намози, саломга алик олиш, амри маъруф ва наҳий мункар...
2. Аллоҳ таоло белгилаган ҳадларни босиб ўтмаслик
Ҳадлар - инсонларни ҳаромдан тўсишга хизмат қилувчи шариатда белгиланган жазолар. Масалан зино ҳадди, ўғирлик ҳадди, ароқ ичганнинг ҳадди ва ҳоказо...
Фатҳ йилида Бани Махзум қабиласидан бир аёлга ўғрилик ҳадди тайин қилинди. Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу ўша аёлнинг жазосини енгиллатишни сўраб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилганларида, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидагича танбеҳ эшитдилар: “Сен ҳали Аллоҳ таоло ҳадларининг бирида ўртага тушяпсанми?!"
Аллоҳ азза ва жалла белгилаб қўйган бу ҳадлар ҳеч қандай зиёдаю нуқсонсиз тўла-тўкис амалга оширилмоғи лозим.
Ароқ ичган кимсага Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр даврларида 40 дарра уриларди. Аста-секин бу ҳаром ичимликни ичувчилар кўпайиб боргани боис Умар разияллоҳу анҳу нафси бузуқларни тийиб қўйиш мақсадида, ижтиҳод қилиб ароқхўрнинг ҳаддини 80 даррага кўтардилар. Умар разияллоҳу анҳунинг бу ижтиҳодлари шаръан дуруст ва мақбул ижтиҳоддир. Шу сабабли Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Албатта, ҳар иккиси: зиёда этилгани ҳам, зиёда этилмагани ҳам суннатдир!" Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар разияллоҳу анҳуга иқтидо қилмоқни алоҳида ҳам, умумий тарзда ҳам таъкидлаганлар: “Мендан кейин Абу Бакр билан Умарга эргашинглар!" “Сизлар менинг суннатим ва ҳидоятга йўлланган хулафои рошидинлар суннатини лозим тутингиз!"
Саҳобалар Умар разияллоҳу анҳунинг юқоридаги ижтиҳодларини тўла қабул қилишди. Хусусан, Али разияллоҳу анҳу айтган қуйидаги сўзлардан сўнг ушбу ижтиҳодга нисбатан асҳоби киромлар қалбида ҳеч қандай ғашлик қолмади.
Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу дедилар:
- Эй Амирулмўминин! Ароқ ичган кимса алжирашга тушади. Алжираган одам, албатта туҳмат-бўҳтон қилади. Аллоҳнинг китобида туҳматчининг жазоси саксон даррадир...
“Покиза аёлларни бадном қилиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсаларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар! Улар фосиқ кимсалардир". (Нур, 4-оят).
3. Ҳаромдан ҳазар қилмоқ
Китобу Суннатда ҳаромлиги қатъий айтиб қўйилган барча мункар амаллардан тийилиш, улардан пок сақланиш буюрилган. Қатъий ҳаром ишларга ёлғон гувоҳлик бермоқ, етимнинг молини емоқ, судхўрлик каби нопок қилмишларни мисол қилиб келтириш мумкин. “Айтинг, Парвардигорим бузуқ ишларнинг ошкорасини ҳам, махфийсини ҳам ҳаром қилди!" (Анъом, 151-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳар қандай маст қилувчи нарса ҳаромдир!". “Қонларингиз, мол-давлатларингиз ва обрўларингиз бир-бирингизга ҳаромдир".
Китобу Суннатда ҳаром қилинган нарсаларга соғлом ақл ва инсоф кўзи билан қараган инсон, шубҳасиз, уларда очиқ-равшан иллатларни топади. Чунки уларнинг барчаси нопокликдан бошқа нарса эмас. Шариатда нима ҳаром қилинмаган бўлса, у ҳалол-покиза неъматдир. “Эй мўминлар, Аллоҳ сизлар учун ҳалол қилиб қўйган покиза нарсаларни ҳаром деманглар". (Моида, 87-оят)
4. Аллоҳ таолонинг бандаларига қилган марҳамати
Аллоҳ субҳонаҳу айрим нарсалар хусусида сукут қилди. Яъни, уларни на ҳалол ва на ҳаром деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни Аллоҳ таолонинг бандаларига қилган марҳамати деб таърифладилар. Бинобарин, ҳукми айтилмаган ишларни қилишда ҳеч қандай танглик йўқ. Албатта, Аллоҳ таолонинг ушбу сукути хато ёки унутиш орқали содир бўлгани йўқ. Зеро, Қодир ва Меҳрибон Яратувчи бундай нуқсонлардан буткул покдир! “Парвардигорингиз унутгувчи эмас". (Марям, 64-оят). “Парвардигорим адашмас ва унутмас". (Тоҳо, 52-оят).
5. Кўп савол бериш ва чуқур кетишдан қайтарилган
Мазкур ҳадисдаги қайтариқ фақат Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларига хос бўлиши ҳам мумкин. Чунки ҳукми айтилмаган нарсалар ҳақида сўраб-суриштиравериш ўша нарсалар хусусида қатъий ҳукм туширилишига сабаб бўлиб қоларди. Натижада ўша нарса ҳалол ёки ҳаром деб ҳукм оларди. “Эй мўминлар, (Аллоҳ сизлардан кечиб юборган) очилганида сизларни хафа қиладиган нарсалар ҳақида сўраманглар". (Моида, 101-оят).
Бироқ юқоридаги қайтариқнинг ҳамма замонлар учун умумий бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. У ҳолда мазкур қайтариқ динда чуқур кетишга тааллуқли бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизларга (индамай) қўйган нарсаларим хусусида мени тинч қўйинглар. Зеро, сизлардан аввалгиларни кўп савол беришлари ва Пайғамбарларига қарши чиқишлари ҳалок қилди". Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мутанаттеъ (вайсақи) кимсалар ҳалок бўлдилар!"
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар: “Беҳуда нарсаларни сўраб-суриштиришдан ва ғулув кетишдан эҳтиёт бўлинглар. Сизлар эски нарсани (яъни саҳобалар йўлини) лозим тутинглар".
Саҳобаи киромлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўп савол бермаганлари боис мусофирлар келса, хурсанд бўлишарди. Чунки мусофирлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан турли масалалар ҳақида савол сўрашарди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам берган жавобларни саҳобаи киромлар ҳам эшитиб олар эдилар.
Биз учун ҳолати номаълум бўлган, бироқ иймон келтиришимиз шарт қилинган нарсалар хусусида баҳс юритиш фойдасиз баҳс-мунозара таркибига киради. Чунки бундай беҳуда масалалар кишини шак-шубҳага солиб қўяди. Баъзан инсон куфр калимасини айтиб қўйиши ҳам мумкин. Ибн Исҳоқ айтадилар: “Холиқ ҳақида ҳам, махлуқ хақида ҳам аниқ эшитилмаган нарса асосида тафаккур қилиб бўлмайди. Мисол учун Аллоҳ таолонинг ушбу оятини олайлик: “Мавжуд бўлган барча нарса ҳамду сано айтиш билан У Зотни поклар". (Исро, 44-оят). Хўш, жонсиз нарсалар қандай қилиб тасбеҳ айтаркин?! - деб фикр юритиш мумкин эмас. Боиси - Аллоҳ таоло ҳар бир нарсанинг тасбеҳ айтиши ҳақида хабар бермоқда. Энди жонсиз нарсаларнинг қай тарзда тасбеҳ айтишини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади ва Ўзи хоҳлаган равишда қилиб қўяди!"
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қай бирингизнинг олдига шайтон келади-да, “Уни ким яратган? Буни ким яратган?" дейишга тушади. Охир-оқибат “Парвардигорингни ким яратган?" дейди. (Бунақа пайтда) инсон Аллоҳдан паноҳ тилаб, ўзини тийиб олсин!" (Бухорий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Одамлар сўрашда давом этаверганларидан ҳатто “Аллоҳ бор махлуқотни яратди. Хўш, Унинг ўзини ким яратган?" дейишгача бориб етишади. Кимгаки ана шундай бирор ўй-фикр келса, “Аллоҳга иймон келтирдим!" деб айтсин". (Муслим ривоятлари).
6. Биз фарзларни бажаришга, ҳадларга риоя қилишга ва ҳаромдан йироқ юришга буюрилганмиз
Айрим нарсалар хусусида сукут қилинган бўлса, бу ҳам Парвардигорнинг бизга кўрсатган марҳаматидир.
Ўттиз биринчи ҳадис
Зоҳидлик моҳияти ва унинг самараси
عَنْ أَبِي الْعَبَّاسِ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ السَّاعِدِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، دُلَّنِي عَلَى عَمَلٍ إِذَا عَمِلْتُهُ أَحَبَّنِي اللهُ وَأَحَبَّنِي النَّاسُ. فَقَالَ: "ازْهَدْ فِي الدُّنْيَا يُحِبَّكَ اللهُ، وَازْهَدْ فِيمَا عِنْدَ النَّاسِ يُحِبَّكَ النَّاسُ". (حديث حسن رواه ابن ماجه وغيره بأسانيد حسنة).
Абул Аббос Саҳл ибн Саъд Соидий разияллоҳу анҳудан ривоят:
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, деди:
- Ё Расулуллоҳ! Менга шундай бир амални кўрсатингки, агар уни қилсам, Аллоҳ ҳам, одамлар ҳам мени яхши кўрсин.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Дунёга қизиқма, шунда Аллоҳ сени яхши кўради. Одамлардаги нарсаларга қизиқма, шунда одамлар ҳам сени яхши кўришади. (Ибн Можа ва бошқалар ривояти).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Мазкур ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки улкан насиҳатларини ўзида жамлаган:
1. Дунёга нисбатан зоҳид бўлмоқ. Шубҳасиз, ҳаёти дунёга кўнгил бермаслик Аллоҳнинг муҳаббатини қозонишга сабабдир.
2. Одамлар қўлидаги мол-дунёга нисбатан зоҳид бўлмоқ. Албатта инсонлар тамагирлик қилмайдиган, камсуқум кишиларни ёқтирадилар.
Инсон икки дунёда ҳам саодатли бўлмоғи учун ўзида қуйидаги хислатларни шакллантирмоғи лозим. Аввало, у боқий Охират неъматларини ўткинчи дунё лаззатларидан афзал билиб, Парвардигори муҳаббатига ноил бўлмоғи, қолаверса бандалар қўлидаги мол-дунёга тама кўзини тикмасдан, боқий яхшиликлар сари иззат ва ибо билан интилиб, одамлар муҳаббатини қозонмоғи керак. Зеро, Охиратдаги боқий неъматлар ўткинчи лаззатлардан яхшироқ ва умид қилишга лойиқроқдир. Шу боис Ибн Ҳажар Ҳайтамий мазкур ҳадисга қуйидагича баҳо берганлар: “Ушбу ҳадис Ислом асоси бино бўлган тўрт ҳадиснинг бири ҳисобланади".
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Зоҳидликнинг маъноси
Дунёга нисбатан зоҳид бўлишни салаф ва халаф уламолари турлича шарҳлаганлар. Бироқ ушбу хилма-хил иборали таърифларнинг барчаси қуйидаги ривоят асосида бирлашади: Имом Аҳмад Абу Идрис Хавалонийдан ривоят қиладилар: “Дунёга нисбатан зоҳид бўлиш ҳалол неъматни ўзига ҳаром билиш ёки молини зое этиш билан амалга ошмайди. Ҳақиқий зоҳидлик ўз қўлингдаги нарсага қараганда Аллоҳнинг қўлидаги нарсага кўпроқ ишонишинг ва бир мусибат етса, унинг ажрига ва Охират учун захира бўлишига ўша мусибатнинг ўрни сен учун тўлиб туришига қараганда кўпроқ умидвор туришингдир!"
Ушбу таърифда зоҳидлик қалбга тегишли бўлган уч амал билан шарҳланган. Уларнинг биронтаси ташқи тана аъзоларининг амалидан эмас. Шу боис Абу Сулаймон Дороний айтардилар: “Ҳеч кимсага “У зоҳид" деб гувоҳлик берма. Зоҳидлик қалбда бўлади".
Юқорида айтиб ўтилган уч амал қуйидагилардир:
Биринчи амал: Инсон ўз қўлидаги мол-давлатга қараганда Аллоҳ таоло мулкидаги нарсаларга кўпроқ ишонмоғи-суянмоғи лозим. Албатта, бу тўғри эътиқод ва Аллоҳ кафолатлаган нарсаларга (масалан ризқ-рўз масаласига) тўла амин бўлиш орқали вужудга келади. “Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир!" (Ҳуд сураси, 6-оят). “Ва осмонда сизларнинг ризқу рўзингиз ва сизларга ваъда қилинаётган нарса бордир!" (Зориёт, 22-оят).
Иккинчи амал: Мол-давлат ёки фарзанддан жудо бўлиш каби бирон мусибат етганда банда кетган нарсасининг ўз ўрнида қолишини эмас, ўша мусибат сабабли олинажак ажр-савобни кўпроқ исташи лозим. Ушбу хислат ҳам комил эътиқод самараси ҳисобланади ва у банданинг дунёга кўнгил қўймаганига далолат қилади. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагича дуо қилардилар: “Парвардигоро! Биз билан Сенга гуноҳ қилиш ўртасини тўсадиган қўрқувингни, бизни жаннатингга олиб кирувчи итоатингни ва бизга дунё мусибатларини енгил қилувчи иймон-эътиқодни биздан дариғ тутмагин!"
Учинчи амал: Ҳақнинг муқобилида сизни мақтовчилар ҳам, қораловчилар ҳам сиз учун ҳеч қандай аҳамият касб қилмаслиги керак. Бу сизнинг ўткинчи дунё ҳавасларига учмаслигингизни кўрсатади. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар: “Аллоҳ ғазабланадиган ишларда инсонлар розилигига эътибор бермаслик аниқ иймондир".
Зоҳидлик ҳақида улуғ имомлар шундай деганлар:
Ҳасан Басрий: “Бировни кўрганда “У мендан афзал экан" деювчи одам зоҳиддир";
Ваҳб ибн Вирд: “Насиб этмаган дунёвий нарсани ўйлаб сиқилмаслик ва қўлга киритилган дунёвий неъмат учун қувониб кетмаслик дунёга нисбатан зоҳидлик дейилади";
Зуҳрийдан зоҳидлик хусусида сўрадилар: У киши: “Сабрини ҳаром-ҳариш мағлуб этмаган, шукридан уни ҳалол машғул қилиб қўймаган банда зоҳиддир!" - деб жавоб бердилар;
Суфён ибн Уяйна: “Аллоҳ неъмат берса шукр қиладиган ва мусибат-синов келганда сабр этадиган банда дунёга нисбатан зоҳид бўлади";
Рабиъа: “Зоҳидликнинг боши нарсаларни ҳақли равишда ҳосил қилиб, уларни ҳақли жойига сарфлашдир";
Суфён Саврий: “Зоҳидлик бу ёмон ейиш ёки “або" (жундан тўқилган либос) кийиш эмас, балки орзу-ҳавасларнинг озлигидир!";
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: “Орзу-ҳаваснинг камлиги ва одамлар қўлидаги нарсадан умидвор бўлмаслик зоҳидлик саналади".
2. Зоҳидлик турлари
Айрим салафлар зоҳидликни уч қисмга бўлганлар:
а) Ширкни тарк этиш.
б) Маъсиятларни тарк этиш.
в) Ҳалол хусусида зоҳид бўлмоқ.
Зоҳидликнинг аввалги икки қисми вожиб, учинчи қисми эса вожиб эмас.
Ибн Муборак Муалло ибн Абу Мутенинг қуйидаги сўзларини келтирадилар: “Зоҳидлик уч турли бўлади: сўзу амалда бирон бир дунёвий нарсани мақсад қилмасдан, Аллоҳ таоло учун холис бўлиш; бемаъни ишларни қўйиб, фақат яхшилиги бор амалларни қилиш; ҳалол хусусида ҳам зоҳид бўлиш. Зоҳидликнинг бу қисми ихтиёрийдир".
Иброҳим ибн Адҳам айтадилар: “Зуҳд уч турга бўлинади: фарз зуҳд, фазл зуҳд ва саломатлик зуҳди. Ҳаромдан зоҳид бўлмоқ - фарз зуҳд, ҳалол хусусида зоҳид бўлмоқ - фазл зуҳди, шубҳали нарсалардан йироқ юрмоқ - саломатлик зуҳди".
Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан ҳам зуҳднинг уч тури ривоят қилинади:
Биринчи: Ҳаромни тарк этиш. Бу омманинг зоҳидлиги.
Иккинчи: Ҳалолнинг ортиқчасини тарк этиш. Бу хослар зуҳди.
Учинчи: Аллоҳдан машғул қилиб-чалғитиб қўювчи нарсалардан зоҳид бўлиш. Бу орифлар зуҳдидир.
3. Инсонни зоҳид қилувчи сабаблар
Киши дунёдан кўнгил узмоғи учун қуйидагиларни ҳис қилиши лозим:
а) Охиратни ва Қиёмат куни Парвардигор қаршисида туришни ҳис этмоқ. Ана шунда инсон ҳавои нафсидан ғолиб келади, ўткинчи дунёнинг арзимас матолари ва бачкана ҳою ҳаваслардан юз ўгиради. Ҳориса разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга дедилар:
- Мен энди ҳақиқий мўминман!
- Албатта ҳар битта мўмин учун ҳақиқатнинг ҳаққи бор! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам - Сенинг иймонинг ҳақиқати нима?
- Мен нафсимни дунёдан ажратиб олдим. Энди мен учун унинг тош-тупроғи баробар. Мен гўёки Парвардигорим Аршига шундай қараб тургандайман. Гўё жаннат аҳлининг жаннатда роҳатланишига ва дўзах аҳлининг дўзахда азоб чекаётганига қараб тургандайман!
- Эй Ҳориса, билибсан, бас, маҳкам тур! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
б) Дунё лаззатлари қалбларни Аллоҳ таолодан машғул қилиб қўяди. Олий даражаларлардан бенасиб этади. Охир-оқибат, пайти келиб жуда оғир бир Кунда неъматлар шукронасининг савол-жавоби бандани узоқ вақт ушлаб қолади. “Сўнгра ана ўша Кунда албатта неъматлар тўғрисида масъул бўлурсизлар". (Такосур, 8-оят).
в) Инсон мол-давлат орттириш йўлида қанча машаққат ва хорликларга чидайди. Бироқ дунёнинг алдови кўп, у бирпасда йўқ бўлиб кетади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таоло наздида дунёнинг нечоғлик ҳақир-арзимас эканлигини қуйидагича ифодалаганлар: “Агар Аллоҳ ҳузурида дунёнинг пашша қанотичалик қиймати бўлганида, кофирга ундан бир қултум сув ҳам ичирмас эди". (Термизий ривоятлари).
г) Дунё малъундир. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Дунё малъундир. Ундаги нарсалар ҳам лаънатланган. Фақат Аллоҳ зикри ва Унга яқин нарсалар, олим ёки ўрганувчигина бундан мустаснодир!" (Ибн Можа ривоятлари). Яна бир ривоятда: “Фақат Аллоҳ таоло юзи учун қилинган нарсаларгина бундан мустасно!" дейилган. Яъни, дунёга ҳам, унинг Аллоҳдан узоқлаштирувчи ўткинчи лаззатларига ҳам лаънат тамғаси босилган. Фақат Парвардигорни танитгувчи ва Унга яқин қилувчи фойдали иш, Аллоҳ зикри ва У Зотга яқинлаштирувчи бошқа амалларгина бундан мустасно.
4. Дунё муҳаббат қўйишга арзимайди
Унга алданиб қолишдан эҳтиёт бўлайлик. Ҳақиқий зоҳид оят-ҳадисларни ўқиган сари ўз мавқеида тобора мустаҳкам ўрнаша боради. Дунёнинг арзимас мато эканига ва унга алданиб қолишдан эҳтиёт бўлиш лозимлигига яна бир бор иймон келтиради. “Йўқ, сизлар, ҳаёти дунёни устун қўюрсизлар! Ҳолбуки Охират яхшироқ ва боқийроқдир". (Аъло, 16,17-оятлар). “Уларга айтинг: “Дунё матоси озгинадир. Аллоҳдан қўрққан кишига Охират яхшироқдир". (Нисо, 77-оят). “...Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин ва ҳаргиз сизларни “ғарур" (яъни шайтон) Аллоҳ (гуноҳни кечиб юборади деган алдов) билан алдаб қўймасин". (Луқмон, 33-оят). “(Мушриклар) мана шу ҳаёти дунё билан шод-хуррам бўлдилар, ҳолбуки бу ҳаёти дунё Охират олдида фақат бир арзимас матодир". (Раъд, 26-оят).
Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларини одамлар ўраб олган ҳолда бозор ёнидан ўтдилар. Сўнг қулоқлари тагидан кесиб ташланган улоқча жасади ёнида тўхтаб, унинг (кесик) қулоғидан кўтардилар.
- Қай бирингиз манавини бир дирҳамга олишни истайсиз? - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Биз уни текинга олишни ҳам истамаймиз. Уни нима қиламиз?! - дейишди саҳобалар.
- Уни текинга ҳам олмасмидингиз?
- Аллоҳга қасамки, агар у тирик бўлганда ҳам, уни хоҳламас эдик. Чунки унинг қулоқлари кесик! Қандай қилиб, ўлик ҳолида унга кўнглимиз чопсин?!
- Аллоҳга қасамки, сизларга манави улоқча қанчалик хор-ҳақир кўринса, Аллоҳ таоло наздида дунё бундан-да хорроқдир! (Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Охират олдида дунё худди бирингизнинг бармоғини денгизга тиқиб олганидек, холос: кўрсин-чи, у қанчаям нарса олиб чиқаркин". (Муслим ривоятлари).
5. Китобу Суннатда дунёнинг қораланиши унинг замони ёхуд маконига тегишли эмас
Мазкур қоралаш дунё замони, яъни унинг кеча-кундузига тааллуқли эмас. То Қиёматга қадар Аллоҳ амри ила ўрин алмашиб келувчи кеча-кундузлар зикр ва шукр қилувчи бандалар учун ана шундай кетма-кет қилиб қўйилди.
Аллоҳ таоло пойандоз ва тинч маскан этиб қўйган дунё макони – ер ҳам, ундаги дов-дарахт, экин-тикин ва турли жонзотлар ҳам Китобу Суннатда асло қораланмаган. Чунки уларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг бандаларига инъом этган неъматлари ҳисобланади. Инсонлар уларга қараб Парвардигорлари қудратини кўрадилар ва улардан ҳамиша фойдаланадилар.
Юқорида зикр этилган қоралов дунёдаги амалларга тегишлидир. Чунки уларнинг аксарияти Пайғамбарлар кўрсатмасига зид ва оқибати бехайр зарарли қилмишлар таркибига киради. “Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат ўйин-кулгу, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдир, холос. У худди бир ёмғирга ўхшарки, унинг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани кофирларни ҳайратга солиб қўюр. Сўнгра у қурур, бас, уни сарғайган ҳолда кўрарсиз". (Ҳадид, 20-оят).
Ибн Ражаб Ҳанбалий айтадилар: “Одамлар дунёда икки қисмга бўлинадилар:
Биринчи қисм - Охиратни - савоб ва жазо уйини инкор этувчилар. Аллоҳ таоло бундай кимсаларни қуйидагича таърифлаган: “Албатта Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган, ҳаёти дунёнинг ўзигагина рози бўлиб, фақат ўша билан хотирлари жам бўлган ҳамда Бизнинг оятларимиздан ғофил қолган кимсалар - ана ўшаларнинг жойлари, - касб қилиб ўтган гуноҳлари сабабли - дўзахдир!" (Юнус, 7-оят). Улар ажал келгунча иложи борича кўпроқ лаззатланиб қолишни, дунё неъматларига бурканишни истовчи кимсалардир. “Кофир бўлган кимсалар лаззатлардан фойдаланиб, чорва ҳайвонлар еганидек еб-ичурлар ва дўзах уларнинг жойлари бўлур!" (Муҳаммад, 12-оят). Ҳатто мана шу тоифа орасида ҳам дунёга кўнгил қўймасликка чақирувчилар учрайди. Улар мол-давлат зиёдалашгани сари ғам-ташвиш ҳам кўпайиб боришини тушунадилар ва “Инсон мол-дунёга қанчалик боғланиб қолса, ўлим соатида улардан ажралишни ўйлаб шунчалик кўп ғам-алам чекади!" дейишади. Уларнинг зоҳидликдаги энг юқори даражаси мана шудир.
Иккинчи қисм: Ўлимдан кейин савоб ва жазо уйи борлигини тасдиқ этувчи, Пайғамбар шариатларига бўйин эгувчи одамлар. Мазкур тоифа уч қисмга бўлинади: ўзларига зулм қилувчилар, муқтасид-ўрта йўлни тутувчилар, Аллоҳ изни билан фақат хайр-яхшилик ортидан юрувчилар.
1) Ўзларига зулм қилувчилар. Кўпчиликни ташкил қилувчи бу тоифа кишилари мол-дунёни ўринсиз топиб, ўринсиз ишлатадилар. Уларнинг аксар ўй-фикрлари дунё бўлиб қолган. Ўйин-кулгу, зеб-зийнат, ўзаро мақтанчоқлик ва мол-давлатни кўпайтириш билан машғул қавм ана шулардир. Улар, гарчи Охиратга умумий суратда иймон келтирган бўлсалар-да, дунёнинг мазмун-моҳиятини, унинг боқий ҳаёт сафари учун бир зумлик қўним эканини англамайдилар.
2) Муқтасид-ўрта йўлни тутувчилар. Улар дунёга нисбатан ўринли муносабатда бўладилар. Бироқ унинг мубоҳ яъни ҳаром қилинмаган лаззатларига ҳаддан ташқари берилиб кетадилар. Тўғри, улар бунинг учун азобланмайдилар. Лекин дунёнинг мубоҳ лаззатларига нечоғлик берилган бўлсалар, Охиратдаги даражаларига шунчалик нуқсон етади".
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят: “Дунёнинг бирор нарсасига етишган банда - гарчи у мол-дунёга нисбатан сахий бўлса-да, - албатта, Охиратда Аллоҳ ҳузуридаги даражаларларини камайган ҳолда топади".
Қатода ибн Нўъмон разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: “Аллоҳ бир бандасини яхши кўриб қолса, худди сизлар касалларингизни сувдан асраганингиз каби уни дунёдан асрайди". (Термизий ривоятлари).
“Аллоҳ таоло яхши кўрган бандасини бамисоли сизлар беморларингиздан хавфсираб уларни еб-ичишдан асраганларингиз каби дунёдан асрайди". (Ҳоким ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг эса жаннатидир". (Муслим ривоятлари).
3) Аллоҳ изни билан фақат хайр-яхшилик ортидан юрувчилар.
Улар дунёнинг мазмун-моҳиятини тўғри тушунганлар. Аллоҳ таоло нима учун бандаларини дунёга келтириб, уларга дунё лаззатларию неъматларини муҳайё этиб қўйганлигини қуйидаги оятда айтиб қўйилганидек тўғри англайдилар: “Сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилмоқ учун!"
Салафлардан бири буни шундай шарҳлайдилар: “Аллоҳ таоло имтиҳон учун - кимнинг дунёдан кўнгил узиб, Охиратга юз тутишини кўрмоқ учун дунёнинг зеб-зийнат ва неъматларини яратганини айтгач, бу дунёнинг бир кун келиб йўқ бўлишини ҳам маълум этди: “Ҳеч шак-шубҳасиз, ернинг устидагиларни сип-силлиқ, қуп-қуруқ қилиб (йўқ қилиб) қўювчи ҳам Биздирмиз". (Каҳф, 8-оят).
Дунёнинг оқибати шу эканини англаган мўмин бутун диққат-эътиборини Охират ҳовлисини обод этишга қаратади. У дунёда мусофир озиғи билан кифояланади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мен билан дунё ўртасида нима ҳам бор? Мен билан дунёнинг мисли бамисоли дарахт соясида бироз дам олиб, сўнг уни тарк этган суворий кабидир". (Термизий ривоятлари).
Мол-дунёга ҳирс қўймаган инсонларнинг аксарияти фақат тириклик учун зарур бўлган миқдор билан кифояланишган. Баъзан нафсни амал ва ҳаракатга тетикроқ қилиш мақсадида дунёнинг айрим мубоҳ неъматларидан тотинганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Дунёларингиз ичида менга аёллар ва хушбўйликлар ёқимли қилинди". (Аҳмад ва Насоий ривоятлари). Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёдан аёллар, хушбўй нарсалар ва таомларни яхши кўрардилар. Аёллар ва хушбўйликлардан тотиндилар. Таомларга етишганлари йўқ". (Аҳмад ривоятлари.)
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунё неъматларидан тоат-ибодатларга куч топиш ва уларни зиёда этиш учун тотинар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёдан Охирати учун захира йиғиб, охир-оқибат Парвардигорини рози этган банда учун дунё ҳовлиси нақадар яхши! Дунё Охират ғамидан тўсиб қўйган ва Парвардигори розилигидан чеклаб қўйган кимса учун у нечоғлик ёмон жой!» (Ҳоким ривоятлари).
6. Аллоҳ муҳаббатини қозониш
Дунёга кўнгил қўймасдан, унга нисбатан зоҳид бўлиб Аллоҳ таоло муҳаббатини қозониш мумкин. Чунки Аллоҳ итоатли бандаларни яхши кўради. Дунё муҳаббати билан Аллоҳ муҳаббати бир жойда жамланмаслиги шаръий ҳужжатлар асосида ҳам, ҳаёт тажрибалари асосида ҳам исбот этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Дунёга муҳаббат қўймоқ барча гуноҳ-хатоларнинг бошидир!" Аллоҳ таоло хато-маъсиятларни ҳам, гуноҳкорларни ҳам хуш кўрмайди. Дунё бир лаҳзалик ўйин-кулгудир! Аллоҳ ўйин-кулгини яхши кўрмас!
Қалб Аллоҳ мулки ҳисобланади. У ерда Аллоҳ муҳаббатига дунё муҳаббати шерик қилинмаслиги лозим. Шаҳват ва лаззатлар ортидан югуриб, Аллоҳ ибодатидан машғул бўлиб, дунёга муҳаббат қўймоқ ҳаром. Бироқ яхши амаллар қилиб, Аллоҳ таолога яқинроқ бўлиш умидида дунёни яхши кўрмоқ мақтовли муҳаббат саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қариндошларига силаи раҳм қилишига ва бошқа яхши ишларига ёрдам берадиган ҳалол-пок мол солиҳ кишига нақадар ярашади-я!" (Имом Аҳмад ривоятлари).
7. Инсонлар муҳаббатини қозониш
Бандалар муҳаббати қай тарзда қозонилиши юқоридаги ҳадиси шарифда очиқ баён этилди:
- Улар қўлидаги мол-давлатга кўз тикманг! Одамларнинг яхши кўрган нарсасини тинч қўйсангиз, улар сизни яхши кўрадилар. Аксарият қалблар дунё муҳаббатига гирифтор бўлган. Агар бирон кимса уларнинг маҳбуби-дунёларига кўз тикса, уни қаттиқ ёмон кўрадилар. Мол-дунёларига тамагирлик қилмасангиз, улар наздида сиздан яхши одам бўлмайди.
Ҳасан Басрий айтадилар: “Инсон, модомики, одамлар қўлидаги нарсага кўз тикмас экан, улар учун суюклидир. Киши қачон бировлар молига тама кўзи билан қараса, одамлар уни ҳурмат қилмай қўйишади. Суҳбатидан қочиб, ўзини ёмон кўришади".
Бир саҳройи араб Басра аҳлидан сўради:
- Улуғларингиз ким?
- Ҳасан! - деб жавоб беришди басраликлар.
- У нима билан бу даражага эришди?
- Одамлар Ҳасаннинг илмига муҳтожлар. У эса одамларнинг мол-дунёларидан беҳожат!
- Бу нақадар яхши! - деди аъробий.
Хусусан, раҳбар ва олим кишилар ушбу хислатни ўзларида шакллантирмоқлари лозим. Чунки раҳбарлар бировлардан нарса тама қилмайдиган бўлсалар, эл муҳаббатини қозонадилар ва сўзлари ўтадиган бўлади. Халқ бундай раҳбар ортидан эргашади.
Дунёга ҳирс қўймаган олим омма орасида суюкли бўлади. Одамлар уни тинглайдилар, айтган панд-насиҳатларига амал қиладилар. Умар разияллоҳу анҳу ҳузурларида Ибн Салом разияллоҳу анҳу Каъб разияллоҳу анҳудан сўрадилар:
- Олимлар илмни англаб, ёдлаб олганларидан сўнг улар қалбидан илмни супуриб ташлайдиган нарса нима?
- Тама, очкўзлик ва одамлардан ҳожатларини (битказиб беришни) сўрамоқ!
- Рост айтдинг!
8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоби киромлар зуҳди
Дунёга кўнгил бермаслик борасида ўзимизга намуна қидиргудек бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадислари, насиҳатлари ва ҳаёт тарзлари бизнинг талабимизни тўла-тўкис қондиради. У зотнинг Охират неъматлари хусусида айтган сўзлари ва қилган амаллари илоҳий тарбиянинг ажиб самараси эди. Аллоҳ таоло ўз Пайғамбарига мана бундай таълим берган эди: “Сиз кўзларингизни Биз айрим тоифаларни фитнага солиш учун баҳраманд қилган ҳаёти дунё гўзалликларидан иборат нарсаларга тикманг! Парвардигорингизнинг ризқи яхшироқ ва боқийроқдир". (Тоҳо, 131-оят)
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратдан аввал ҳам, кейин ҳам, оғир кунларда ҳам, енгил кунларда ҳам дунё матоларига бепарво бўлиб, Охират талабида елиб-югуриб, ибодатга муҳаббат қўйиб ҳаёт кечирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам этакларини тутган асҳоби киромлар дунё зоҳидларининг пешволарига айландилар.
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу бир кишининг «Дунёга қизиқмаган, Охиратга рағбат қилганлар қани?» деган сўзларини эшитдилар-да, ўша кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумо қабрларини кўрсатиб, дедилар:
- Сен булар ҳақида сўраяпсан!
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ўз асҳобларига дедилар:
- Сизлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобийларига қараганда кўп намоз ўқийсизлар, рўза тутасизлар ва жиҳод қиласизлар. Аммо улар сизлардан яхшироқ эдилар.
- Қандай қилиб? - сўрашди ҳамсуҳбатлар.
- Улар сизларга қараганда зоҳидроқ ва Охират йўлида рағбатлироқ эдилар. Дунё уларга ҳалол моллари билан келганида саҳобалар уни Аллоҳга яқинлик ҳосил қилмоқ учун тутдилар ва дин хизмати ҳамда Аллоҳ калимасининг олийлиги йўлида сарфлаб юбордилар, - деб жавоб бердилар Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу.
Абу Сулаймон айтадилар:
- Усмон билан Абдураҳмон Аллоҳнинг еридаги хазинаси эдилар. Улар мол-давлатларини Аллоҳ тоати йўлида инфоқ-эҳсон этардилар. Бу икки саҳобий қалблари ва илмлари билан Аллоҳга муомала қилардилар.
9. Исломга ёт бўлган зоҳидлик
Аллоҳ таоло неъматларидан бутунлай юз ўгириб, уларнинг бирортасидан фойдаланмаслик Ислом руҳига бегона зоҳидлик саналади. Айрим мусулмонлар ана шундай ғайриинсоний зоҳидликдан таъсирланиб қолганлар. Шу боис Аббосийлар давлатининг заифлашган даврида ва ундан кейин ҳам жулдур кийим кийиб, ҳеч қандай касб-ҳунар қилмасдан, фақат садақа-эҳсон билан кун кечирувчи ва тағин ўзларини зоҳид деб даъво қилувчи кимсаларни учратиш мумкин эди. Ҳолбуки бундай ҳаракатсизлик, ўлик ҳаёт ва хорлик Исломга мутлақо ётдир.
Бугун мусулмонлар бундай касалликлардан батамом тузалганлар. Улар ер юзини гуллатиш, фойда орттириш йўлида тинимсиз ҳаракат қиладилар. Бироқ бугуннинг мусулмонлари фойда ва мол-дунё тўплашга шу қадар берилдиларки, энди биз Охиратдан ғофиллик касалига чалиндик. Бинобарин, Аллоҳни эслатадиган, зоҳидликка чақирадиган, мол-дунё йиғиш мусобақасини тўхтатадиган, шайтон қўйган макр-тузоқлардан огоҳ этадиган ва дунёнинг арзимас матоларию кўпириб-тошувчи шаҳватлари билан ғурурланиб кетишдан қайтарадиган бир эслатмага жуда-жуда муҳтожмиз.
Ўттиз иккинчи ҳадис
Исломда зарар етказиш йўқ
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ سَعْدِ بْنِ سِنَانٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لا ضَرَرَ وَلا ضِرَارَ ". (حديث حسن، رواه ابن ماجه و الدارقطني وغيرهما مسنَدًا. ورواه مالك في الموطأ مُرسَلا: عن عَمْرِو بْنِ يحيى، عن أبيه، عن النبي صلى الله عليه وسلم. فأسقط أبا سعيد. وله طرق يقوي بعضها بعضا).
Абу Саид Саъд ибн Синон ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “(Зиёни тегмаганга) зарар бермоқ ҳам, (зиёни текканга ғайришаръий) зарар етказмоқ ҳам йўқдир!" (Ибн Можа, Дориқутний ва бошқалар ривояти).
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Ҳадисда зарар етказмоқ инкор этилган. Унинг шаръий жазо ва қасосга дахли йўқ
Ҳадиси шарифда бировга ноҳақ зарар-озор етказмоқ рад этилган. Аммо жазога лойиқ кимсани қилмишига яраша жазоламоқ шариат доирасидаги ишдир. Масалан, кимгадир зулм қилган кимсанинг муносиб жазога тортилиши шаръий қасос саналиб, бу ҳақиқатда инсонларга ҳаёт бағишлайди. “Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй аҳли донишлар!" (Бақара сураси, 179-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Одамлар то “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!" деб гувоҳлик бермас эканлар, улар билан уришишга буюрилдим. Агар шаҳодат калимасини айтсалар, мендан қонлари ва молларини омон сақлайдилар, илло унинг ҳаққи қолади. Уларнинг ҳисоб-китоби Аллоҳгадир". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Яъни улар бир жиноят содир этсалар, қилмишларига яраша молий ёки баданий жазога мустаҳиқ бўладилар.
Аслида жиноятчини қилмишига яраша жазолаш зарарнинг олдини олиш ҳисобланади. Чунки жиноятчининг жазоланиши жамият ва унинг аъзолари учун хавфли зарарни даф этади.
2. Ислом ҳеч қачон зарарли нарсаларга буюрмайди ва фойдали нарсалардан қайтармайди
Аллоҳ таоло бандаларини нимага буюрган бўлса, ўша нарса уларнинг дин ва дунёлари учун фақат фойда келтиради. Аллоҳ таоло ман этган ишлар эса, ҳеч шак-шубҳасиз инсонлар ҳаёти ва Охирати учун зиён-фасоддан ўзга нарса эмас. “Айтинг: “Парвардигорим адолатга буюргандир". (Аъроф, 33-оят).
Албатта адолат замирида фақат эзгулик ётади. Аллоҳ таоло инсонлар ақли ва танаси учун фойдали бўлган нарсаларни ҳалол қилди. Бандаларнинг ҳис-туйғулари, куч-қувватлари, соғлик-саломатликлари ва мол-мулкларига зарар етказувчи нопокликларни эса қатъий ҳаром қилди.
“Айтинг, “Аллоҳ бандалари учун чиқарган зийнат ва ҳалол-пок ризқларни ким ҳаром қилди?!" Айтинг: “Улар ҳаёти дунёда иймон эгалари учун бўлиб, “кофирлар ҳам уларга шерик бўлур, Қиёмат кунида эса фақат (мўминларнинг) ўзларига хосдир". (Аъроф, 32-оят).
“Айтинг: “Менга ваҳий қилинган Қуръонда ейдиган киши учун ҳаром қилинган нарсани топмаяпман. Магар ўлакса ё тўкилган қон ёки тўнғиз гўшти бўлса, - чунки у нажасдир, - ёхуд Аллоҳдан ўзга учун аталган фосиқлик бўлса ҳаромдир". (Анъом, 145-оят).
Аллоҳ таолодан ўзгага атаб сўйилган жонлиқ “фосиқлик" дейилди. Чунки у шу ишни қилувчи инсонни Парвардигор итоатидан чиқаради.
3. Динда ҳараж-танглик йўқ
Исломда зарар йўқлиги боис бандалар устидан ҳараж-танглик кўтарилгандир. Инсон ўзи мукаллаф бўлган амални бажариш асносида мушкул аҳволга тушиб қолса, шариат унга енгиллик беради. Бу ерда ҳеч қандай ғайритабиий нарса йўқ. Зеро, Ислом енгиллик динидир. “(Аллоҳ) бу динда сизларга бирон ҳараж-танглик қилмади". (Ҳаж, 78-оят). “Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф этмас!" (Бақара, 286-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мен ҳаққа интилувчи, бағрикенг дин билан юборилдим". (Аҳмад ривоятлари.)
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрашди:
- Аллоҳ учун энг суюкли дин қайси?
- Ҳаққа интилувчи, бағрикенг дин, - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Аҳмад ва Бухорий ривоятлари).
Яъни, суюкли дин ёлғиз Аллоҳ таолога чақирувчи, бандаларни машаққатли ва танг ҳолатларга солиб қўймайдиган ҳақ дин. Ҳолат ва вазиятлар ўзгарса ҳам шаръий таклиф ўз ўрнида қолганида, мукаллафга катта зарар-оғирлик тушар эди.
Машаққат пайтида шариат берадиган енгилликларга қуйидаги мисолларни келтириш мумкин:
а) Киши бемор бўлса ёки сув топа олмаса, таяммум қилади. “Агар бемор ё мусофир бўлсангиз ёки сизлардан биров ҳожатхонадан чиққан бўлса ёхуд аёлларингизга қўшилган бўлсаларингизу сув топа олмасангиз, покиза тупроқ билан таяммум қилингиз: юзларингиз ва қўлларингизни покиза тупроқ билан силангиз. Аллоҳ сизларга машаққат қилмоқ истамайди, балки сизларни поклашни ва шукр қилишларингиз учун сизларга ўз неъматини комил қилиб қўйишни истайди". (Моида, 6-оят).
б) Касал ва мусофир кишилар рўза тутмасликлари мумкин.
“(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқоннинг очиқ оятлари бўлиб, Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди". (Бақара, 185-оят).
в) Ҳаж қилаётган киши айрим сабабларга кўра тақиқланган ишларни қилиши мумкин. “Ҳадянгиз ўз жойига бормагунча бошларингизни қирманг. Энди агар сизлардан кимдир касал ёки бошида бирор дарди бўлса (ва сочини қирдирса), у ҳолда (уч кун) рўза тутиш ёки (олти мискинга) садақа бериш ёхуд (қўй) сўйиш билан эваз тўласин!" (Бақара, 196-оят).
Ҳадя жойи – Ҳарам. Вақти – Зулҳижжанинг ўнинчи куни.
г) Қийналиб қолган қарздорга муҳлат берилади.
Ҳалол нарса учун маълум бир муҳлатга қарз олган киши белгиланган муддатда қарзини уза олмаса, қарз берувчи тўлов муддатини узайтириши лозим. Қарздор тўлаш имконини топгунга қадар муҳлат узайтирилади. “Агар қарздор ночор бўлса, бойигунча кутинг". (Бақара, 280-оят).
Фақиҳлар фатво берганлар: “Қарздор киши ўз мулкига зарар етказиб, яъни кийим-кечаги, уй-жойи, зарур хизматкоридан ажралиб ёки бола-чақаси тирикчилиги учун шарт бўлган тижоратига путур етказиб қарзини тўлашга мажбур қилинмайди".
д) Ҳажга пиёда боришни назр қилган киши, ўз назрини бажаришга мажбур эмас. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ўғли кўмагида қадам ташлаб кетаётган бир қарияни кўриб, сўрадилар:
- У нега бундай қиляпти?
- Қария ҳажга пиёда боришни назр қилган экан, - деб жавоб беришди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло бу одамнинг ўзини қийнашидан беҳожатдир!" дедилар ва унга уловга минишни буюрдилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Уқба ибн Омир разияллоҳу анҳудан ривоят: Опам ҳажга пиёда боришни назр қилиб, менга Расулуллоҳдан фатво сўраб беришни буюрди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадим.
- Пиёда ҳам юрсин, от-уловга ҳам чиқсин! - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳажга пиёда боришни назр қилган киши қандай йўл тутади? Уламолар бу ҳақда шундай дейдилар:
Имом Аҳмаддан нақл қиладилар: “Пиёда юриши шарт эмас. У ҳар қандай ҳолатда ҳам от-уловда юради ва бунинг ҳеч қандай зиёни йўқ". Яна бир ривоятда “Уч кун рўза тутиб беради", дейилган бўлса, бошқа бирида “Ичган қасами (назри)нинг каффоратини адо этади", - дейилган.
Имом Молик айтадилар: “Ҳажга пиёда боришни назр қилган киши от-уловга минса, ҳажи ўтмайди. У ҳажининг қазосини адо этишга мажбур бўлади. Назр қилган киши қанча пиёда юрган бўлса, ўшанча жойини от-уловда босиб ўтиши, қанча от-уловда юрган бўлса, ўшанча пиёда юрмоғи лозим. Бордию пиёда юрганидан от-уловда юргани кўп чиқса, ҳажининг қазоси билан ҳадя-қурбонлик қилиши ҳам керак бўлади".
Машҳур қавлга кўра бундай одам, агар тоқати етса, ҳажга пиёда боради. Бордию пиёда юришдан ожиз бўлса, от-улов миниб ҳаж сафарига чиқади ва каффорат ёки қурбонлик қилиши шарт бўлмайди. Имом Шофеий ҳам шундай фатво берганлар. Баъзилар “От-уловга минган киши қасами-назрининг каффоратини адо этиши керак", - дейишади...
4. Зарарнинг кўринишлари
Одатда хатти-ҳаракатларнинг ушбу икки турида зарар мақсади намоён бўлади:
Биринчи: Мукаллафнинг фақат бировга зарар етказишни кўзлаб қилган хатти-ҳаракатлари. Албатта бундай хатти-ҳаракатлар қатъий ҳаромдир.
Иккинчи: Мукаллаф тўғри ниятда баъзи бир ишларни амалга оширади. Лекин унинг кўзлаган мақсади оқибатида ёки асносида бошқа бировга зарар етади.
Биринчи: Шариатда ҳаром ҳисобланган, кўпинча ўзгаларга зарар етказувчи биринчи турдаги хатти-ҳаракатлар
Буларга қуйидаги мисолларни келтириб ўтиш мумкин:
а) Савдо-сотиқдаги зарар.
Унинг бир неча кўринишлари мавжуд:
· Мажбурий савдо (“Байъул-музтар")
Сиз бир нарсага муҳтожсиз, бироқ унга етадиган маблағингиз йўқ. Шунда сиз шу зарур нарсани эгасидан одатдаги баҳосига қараганда бир неча баробар ортиқча нархда оласиз. Масалан, аслида минг сўм турадиган нарсани икки минг сўмга оласиз.
Али разияллоҳу анҳу хутба қилиб дедилар: “Ҳали одамлар бошига ситамли кунлар келади. Ўзига тўқ-бадавлат одам қўлидаги мол-мулкига ёпишиб олади, хасислик қилади. Ҳолбуки, унга бундай қилиш буюрилмаган эди. Аллоҳ таоло “Ўртангизда фазлни унутиб қўймангиз!" деган. Қийин аҳволда қолган кишилар билан савдо қилишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “байъул-музтар"дан (қийин аҳволда қолган киши билан савдо қилиш) қайтарганлар". (Абу Довуд ривоятлари). Исмоилий ривоятларида қуйидаги сўзлар ҳам зиёда қилинган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “...Агар қўлингда биродарингга нафи тегадиган хайр-яхшилик бўлса, яхшилик қилгин. Аксинча бўлса, унинг ҳалокатини ҳеч ҳам зиёда қилмагин!" Яъни, бундай пайтда муҳтож инсонга эҳсон қилиш ниҳоятда муносибдир. Унинг аҳволини бадтар оғирлаштириш тўғри эмас.
Абдуллоҳ ибн Маъқал мажбурий савдо рибодир дедилар. Ҳарб айтадилар: “Аҳмаддан “байъул-музтар" ҳақида сўрашди. У киши макруҳ дедилар".
· Пулини маълум муддатгача тўлаш шарти билан насияга сотиб олинган молни нақд пулга арзон баҳода сотиб юбормоқ
Масалан, бир одам пулга муҳтож, бироқ қарз бериб турадиган одам топилмади. Шунда у маълум муддатга насияга мол сотиб олади. Мақсади - нақд пул топиш учун уни сотиб юбориш.
Агар у молни аввалги эгасидан бошқа одамга сотадиган бўлса, бу ҳақда Аҳмад: “Бунинг байъул-музтар бўлишидан қўрқаман" деганлар.
Агар мол аввалги эгасига арзон баҳода қайтариб сотилса, жумҳур олимлар сўзига биноан бундай савдо ботил ва ҳаром бўлади. Улар буни судхўрликнинг бир воситаси деб билганлар. Бу Молик, Абу Ҳанифа ва Аҳмадлар сўзи. Улуғ имомлар ўз сўзларига Дориқутний ривоят қилган ушбу асарни ҳам ҳужжат сифатида келтирганлар. Бир аёл Оиша разияллоҳу анҳога деди:
- Мен Зайд ибн Арқамга ойлик маош олганида тўлаш шарти билан саккиз юз дирҳамга қул сотган эдим. Кейин Зайдга унинг пули зарур бўлиб қолди. Шунда мен ҳали тўлов муддати келмай туриб қулни ундан олти юз дирҳамга сотиб олдим.
- Сен қилган олди-сотди жуда ёмон бўлибди! - дедилар Оиша разияллоҳу анҳо – Зайд ибн Арқамга айтиб қўй, агар тавба қилмаса, Аллоҳ таоло унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қилган жиҳодию ҳажини ботил этади!
Шундан сўнг Зайд ибн Арқам разияллоҳу анҳу Оиша разияллоҳу анҳо ҳузурларига узр сўраб келдилар. Онамиз разияллоҳу анҳо унга қуйидаги оятни тиловат қилдилар: “Бас, кимга Парвардигоридан мавъиза-насиҳат етгач тўхтаса, у ҳолда аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга топширилади". (Бақара, 275-оят).
Уламолар ушбу ҳадис тўғрисида айтишди: Оиша разияллоҳу анҳонинг ушбу сўзлари ва қайтаришлари мазкур фатвони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганларига далил бўлади. Агар савдо битимида судхўрлик қилишга йўл қидирилган, яъни ҳийла ишлатилган бўлса, Имом Шофеий ҳам юқоридаги мазҳаб имомлари фикрига қўшилганлар. Бироқ савдода судхўрлик қилиш мутлақо кўзда тутилмаган бўлса, Шофеий наздларида бундай савдо дуруст саналади. Чунки бу ерда савдо рукнларига путур етаётгани йўқ. Одамларнинг хатти-ҳаракатидан эса ёмон гумон қидирилмайди. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларини ниятларига қараб Ўзи ҳисоб қилади. Бу Имом Шофеийнинг фикрлари.
· Ҳаддан ташқари қиммат баҳолаш.
Харидор нарсани яхши ажрата олмагани боис бир молни ортиқча қиммат нархда сотиб олиши мумкин. Бироқ сотувчи бундан тийилмоғи лозим.
Имом Аҳмад ва Молик мазҳабига биноан бундай чоғда харидорнинг савдони бузишга ҳаққи бор. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят: “Бир киши[32] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга савдо-сотиқда кўп алданишни айтди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга дедилар:
- Савдо қилаётганингда: “Алдов йўқ!" деб айтгин. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Имом Аҳмад “алдов"га қуйидагича шарҳ берганлар: “Бу –одатда ҳеч ким алданмайдиган даражада чув тушириш". Масалан, бир сўм турадиган нарсани беш сўмга пуллаш.
Моликийлар фикрига кўра агар нарсани сотилаётган баҳосидан кўра учдан бирига ортиқроққа сотган бўлса, харидор савдони бекор қилишга ҳақли.
б) Васиятда зарар етказиш
Бу икки турли бўлади:
· Айрим меросхўрларга Аллоҳ белгилаб қўйган миқдордан ортиқча улуш ажратмоқ. Натижада қолган меросхўрлар ҳаққига зарар етади. Модомики, қолган меросхўрлар норози эканлар, айрим ҳақдорларга зиёда мерос ажратиш шариатда ман этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло ҳар бир ҳақдорга ўз тегишини бериб қўйган. Бинобарин, мерос олувчилардан бирига алоҳида васият қилиш йўқ!"
· Меросхўрлар ҳаққига зарар-нуқсон етказиш мақсадида етти ёт бегонага мерос қолдирмоқ. Меросхўрларга зарар етказиш кўзда тутилган-тутилмаганлигидан қатъиназар, модомики, меросхўрлар ижозат бермас эканлар, бегона кишига мероснинг учдан биридан ортиқроқ васият қилиш мумкин эмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бегонага бериладиган мерос миқдори тўғрисида бундай дедилар: “Учдан бири бўлса майли. Аслида учдан бири ҳам кўп!" (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Банда ҳаёти давомида ўтказиб юборган яхшиликлар ёки хайр-эҳсон борасида йўл қўйилган баъзи камчиликлар ўрнини тўлдириши учун унга молининг учдан бирини бегонага васият қилишга рухсат берилди. Албатта, у меросхўрларга зарар етказишни мақсад қилмаган бўлиши шарт. Акс ҳолда, гуноҳга ботади. “Мерос тақсимоти сизлар қилган васият ва қарзларингиз адо этилганидан кейин бўлур". (Нисо, 12-оят).
Банданинг васият воситасида меросхўрларга зарар етказиши унинг ажр-савобдан маҳрум бўлиб, ёмон оқибатга дучор бўлишига олиб бориши ҳам мумкин. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Эркак-аёл Аллоҳ итоатида олтмиш йил амал қилади. Сўнг уларнинг жон бериш вақти келади. Ҳар иккиси васиятда зарар беришга уринади. Бас, оқибат иккисига ҳам дўзах вожиб бўлади!" Сўнг Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу қуйидаги оятни ўқидилар: “Мерос тақсимоти сизлар қилган васият ва қарзларингиз адо қилинганидан кейин бўлур". (Термизий ва бошқалар ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу дедилар: “Васиятда (меросхўрлар ҳаққига) зарар бермоқ гуноҳи кабиралардандир".
Агар жон бераётган киши васияти орқали меросхўрига зарар етказишни мақсад қилганига иқрор бўлса, ўша васият амалга ошириладими ёки рад этиладими? Аксарият олимлар сўзига кўра васият амалга оширилади. Лекин имом Моликдан бундай васиятнинг рад этилиши ривоят қилинган.
в) Қайта никоҳга олиш.
Аёлни ражъий (бир ёки икки) талоқ қилган киши идда муддати битмасдан уни яна ўз қарамоғига олиши мумкин. “Уларнинг идда муддатлари битиб қолса, бас, уларни яхшилик билан олиб қолинг ёки яхшилик билан кузатинг. Уларга зулм қилиш билан зарар етказиш учун ушлаб турмангиз. Ким шундай қилса, ўзига зулм қилибди". (Бақара, 231-оят). “Агар эрлари ислоҳни (оилани тиклашни) истасалар, шу муддат ичида уларни қайтариб (никоҳларига) олишга ҳақлидирлар". (Бақара, 228-оят).
Демак, ражъий талоқ қилган хотинини унга зарар етказмоқ ниятида идда муддати битмасдан қайта никоҳга олган кимса, гуноҳга қўл урган бўлади. Хўш, бу зулм қандай кўринишда бўлиши мумкин?
Бир киши хотинини ражъий талоқ қилади-да, идда муддати битишга озгина қолгунга қадар ташлаб қўяди. Сўнг аёлини қайта никоҳга олади. Бироқ у жуфтини яхши кўриб ёки рағбат билдириб бу ишни қилмайди. Унинг нияти имкон қадар аёлни янги турмушдан тўсиб туриш. Шу боис у жуфти ҳалоли қаршисидаги ўзининг эрлик вазифасини ҳам адо этмайди. Айни ҳолат номард эр томонидан такрор содир этилиши мумкин.
Имом Молик фатволарига биноан талоқ қилган аёлининг идда муддатини узайтириш орқали унга зулм қилишни кўзлаган кимса, агар хотинини идда муддатида қайта никоҳига олиб, сўнг у билан қовушмасдан яна талоқ қилса, идда муддати янгидан бошланмайди. Яъни, аввалги идда муддати ўз кучида қолади.
Имом Аҳмаддан нақл қилинган қавлга биноан эр зарар беришни мақсад қилган-қилмаганлигидан қатъиназар, аввалги идда кунлари ҳисобга олинади.
Бироқ аксарият олимлар наздида ҳар қандай ҳолатда ҳам идда муддати янгидан бошланади. Аёлига зулм қилиш учун юқоридаги услубни қўллаган эр эса гуноҳкор бўлади.
г) Қасам ичиб зарар етказмоқ.
Яъни, эр маълум муддат мобайнида ёки мутлақо аёлига яқинлашмасликка қасам ичади. Агар у қасам ичганидан бошлаб тўрт ой ўтгунга қадар аёли билан қовушса, аёлини қайтариб олган бўлади ва қасамини бузгани учун каффорат тўлайди. Мабодо тўрт ой ўтса ҳам, юқоридаги қароридан қайтмаса, эр шариат кучи билан қайтарилади. “Хотинларидан қасам билан юз ўгирган кишилар учун тўрт ой муҳлат бор. Агар (шу муддат ичида аёлларига) қайтсалар, жоиздир. Зеро, Аллоҳ шубҳасиз мағфиратли, раҳмлидир. Ва Агар талоқ қилишни қасд қилган бўлсалар, бас, албатта Аллоҳ эшитувчи, билувчидир". (Бақара, 226-227-оятлар).
Хўш, ўз сўзида қатъий турган эр қай тарзда қайтарилади? Олимлар бу масалада икки хил фикр билдиришган:
Жумҳур олимлар фатвосига биноан эр қози ҳузурига олиб келинади ва унга қароридан қайтиш ёки аёлини талоқ қилиш буюрилади. Агар эр қайсарликда давом этса, унинг ўрнидан қози ражъий талоқ айтади.
Ҳанафийлар сўзига кўра эса, қасамдан кейин тўрт ой муҳлат ўтиши билан ўз-ўзидан аёлга боин талоқ тушади.
Қасамга ўхшаш бошқа масалаларни ҳам шунга қиёс қилиш мумкин.
Аёлига зарар бермоқ қасдида қасам ичмасдан тўрт ой у билан яқинлик қилмаган эрнинг ҳукми нима бўлади? Ушбу ҳолатга имом Аҳмад шундай деганлар: “Унинг ҳукми аёлидан қасам ичиб юз ўгирган кимса ҳукми билан бир хил!"
Ҳанбалийлар наздида тўрт ой муддат орасида аёли билан ҳеч бўлмаса бир марта яқинлик қилмоқ вожиб (фарз) саналади. Ҳеч қандай узрли сабабсиз ташлаб қўйилган аёл талоқ сўраса, бир гуруҳ ҳанбалий олимлар фикрига кўра эридан ажратиб олинади. Хўш, айни ҳолатда зарар бериш қасди бор-йўқлигига қараладими?
Молик ва унинг асҳоблари наздида аёлининг тўшагини ҳеч қандай узрсиз тарк этса, никоҳ бузилади. Бироқ улар ўртасидаги иддани турлича белгилашган.
Ҳеч қандай узр-сабабсиз сафар муддатини чўзаётган эрдан аёли уйга қайтишини талаб қилсаю эр рози бўлмаса, Молик ва Аҳмад сўзларига биноан ҳоким эр-хотин ўртасини ажратиб қўяди.
д) Бола эмизишда зарар етказиш.
“Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу ҳукм) эмизишни бенуқсон қилмоқчи бўлган кишилар учундир. Уларни (яъни оналарни) яхшилик билан едириб, кийдириш отанинг зиммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ташқари нарса таклиф қилинмайди. Болалари сабабли она ҳам, ота ҳам зарар тортмасин". (Бақара, 233-оят).
Онанинг боласини эмизишга ҳаққи бор. Агар эр аёлидан тўла роҳатланиш учун асраш мақсадида жуфти ҳалолини боласини эмизишдан ман этса, бу жоиз. Бироқ аёлини қийнамоқ қасдида юқоридаги ишга қўл урса, гуноҳкор бўлади ва шариат кучи билан қайтарилади. Ҳар икки ҳолатда болани эмизадиган бошқа аёл бор бўлиши керак. Агар болани эмизишга бошқа аёл топилмаса ёки гўдак бегона кўкракни оғзига олмаса, эрнинг аёлини эмизишидан тўсишга мутлақо ҳаққи йўқ. Чунки бу ерда гўдакка зарар етади.
Она кимнингдир никоҳида бўлмаса, яъни ажрашган ёхуд эри ўлиб бева қолган бўлса, у боласини эмизгани учун гўдакка қараши шарт бўлган кишидан ҳақ талаб қилиши мумкин. Ана шунда боланинг отаси ёки вориси аёлга ҳақ тўлашга мажбур. Агар она эмизгани учун жуда катта ҳақ талаб қилса, лекин ота ёхуд ворис эмизадиган бошқа аёлни топсалар, онанинг талабига рози бўлишга мажбур эмаслар. Чунки она эмизиш баҳосини ошириб, уларга зарар етказишни кўзлаяпти. Бироқ бошқа эмизувчи топилмаса, отага ҳам, болага ҳам зарар етмаслиги учун она ўша пулга гўдакни эмизишга мажбур қилинади.
Иккинчи: Мукаллаф тўғри ниятда баъзи бир ишларни амалга оширади. Лекин унинг кўзлаган мақсади оқибатида ёки асносида бошқа бировга зарар етади. Яъни, кишининг ўз мулки доирасида қилган хатти-ҳаракатидан бошқаларга зиён етади ёки у бошқа бировни ўз мулки имкониятидан фойдаланишга қўймайди. Натижада тасарруф ҳуқуқидан маҳрум бўлган киши зарар кўради.
а) Ўз мулки доирасида хатти-ҳаракат қилиб, ўзгаларга зарар етказмоқ икки хил кўринишда бўлади:
· Мулкида ғайриодатий суратда хатти-ҳаракат қилмоқ. Албатта бу мумкин эмас. Агар ушбу хатти-ҳаракат оқибатида бошқалар зарар кўрса, айбдор улар кўрган зарарни тўлайди. Масалан, қаттиқ шамол турган кунда ўз ерида ўт ёқиш. Албатта, ўт қўшни ерларга ҳам ўтиб кетади. Оқибатда ер эгаси қўшниларига етказган зарарни тўлашга мажбур бўлади.
· Ўз мулки доирасида одатий хатти-ҳаракат юритиб, бировларга зарар етказмоқ.
Бу борада фиқҳий назарлар бир-биридан фарқ қилади. Масалан, қўшнисининг қудуғи ёнидан қудуқ қазиб, унинг сувини қуритмоқ. Имом Молик ва Аҳмад фикрига кўра ҳалиги киши бу ишдан қайтарилади. Агар қудуқ қазиса, қудуғи кўмиб ташланади. Чунки у бировга зарар беряпти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “(Қудуқ) қазишда бир-бирингизга зарар етказманглар!" (Абу Довуд ривоятлари). Яъни, бировнинг сувини кетказиш учун унинг қудуғи ёнидан қудуқ қазиманглар. Бошқа уламолар эса буни жоиз дейишган.
Шунингдек, қўшни тарафга дарча-дераза очмоқ ёки баланд бино қурмоқ, унинг ҳовлиси кўринадиган қилиб ёки уларни қуёшдан-ёруғликдан тўсиб баланд уй солмоқ мумкин эмас. Хусусан, ҳоким уй солувчининг нияти ёмонлик эканини тахмин қилса, уни бу ишдан қайтаради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшнининг ҳаққи хусусида гапириб, дедилар: “Қўшнининг изнисиз баланд бино қуриб, уларни шамолдан тўсиб қўймасин". (Хароитий ривоятлари).
Имом Аҳмад наздида шундай. Айрим Шофеийлар ҳам бу борада Имом Аҳмад фикрига мувофиқ йўл тутганлар.
· Ўз мулкида қилган хатти-ҳаракати оқибатида қўшниларга зарар етказмоқ. Мисол учун бир нарсани қаттиқ силкитмоқ, тарақлатиб урмоқ ёки бадбўй ҳидли нарсани сақламоқ. Молик ва Аҳмад мазҳабида киши бу ишидан қайтарилади. Шофеийлар наздида эса фақат бировлар мулкига зарар етказсагина, ман этилади.
· Бировларга зарарли бўлган нарсани, агар имкони бўлса, эвазини тўлаб даф этмоқ. Дейлик, сизнинг мулкингизда бошқа бировнинг ҳам ҳаққи бор. Масалан, бирон хона ёки ҳаммом ҳар иккингизга тегишли. Бироқ шеригингизнинг ўз ҳақидан фойдаланишида сизга зарар мавжуд. Айни ҳолатда ҳалиги киши ўз ҳақини чегириб ташлашга мажбур қилинади. У ҳақ эвазини ёки пулини олади. Натижада биродарига етаётган зарар даф этилади.
Самура ибн Жундуб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича бир ансорийнинг ҳовлисида Самура разияллоҳу анҳуга тегишли унча катта бўлмаган хурмо бор эди. Ансорий бола-чақали одам эди. Ҳар гал Самура разияллоҳу анҳу хурмо учун ҳовлига кирганларида, у ноқулай ҳолатга тушиб, қийналарди. Шу боис ансорий Самура разияллоҳу анҳудан хурмони сотишларини сўради. Самура разияллоҳу анҳу рози бўлмади. Хурмоларининг эвазига бошқа жойдан хурмо олиб беришни таклиф қилди. Самура яна рад этди. Ниҳоят, ансорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб воқеани сўзлаб берди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Самурага юқоридаги икки таклифни айтдилар. Самура яна рози бўлмади. “Хурмо дарахтини унга бер, - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. - Фалон-фалон нарса сеники бўлади". Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ёққан нарсаларни таклиф этдилар. Бироқ Самура ўз сўзида қаттиқ туриб олди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ансорийга қуйидаги буйруқни бердилар: “Бориб, хурмосини қўпориб ташла!" (Абу Довуд ривоятлари).
Имом Аҳмад ушбу ҳадисни эшитгач, шундай дедилар: “Бировларга зарарли бўлган шу каби ишлар, албатта ман этилади. Агар кимдир ихтиёрий равишда рози бўлмаса, ҳоким томонидан мажбур қилинади. Бундай ишларда биродарига зиён етказишига йўл қўйилмайди, шунда у биродарига қайишган бўлади".
б) Ўз мулкидан бошқа бировнинг фойдаланишини ман этиб, унга зарар етказмоқ. Бу ерда бир қанча масалалар мавжуд.
· Қўл остидаги мулкидан қўшнисининг фойдаланишига йўл қўймаслик.
Агар қўшнининг фойдаланиши оқибатида сиз зарар кўраётган бўлсангиз, қўшнингизни мулкингизда хатти-ҳаракат қилишдан ман этишингиз мумкин. Масалан, сизнинг қулай-қулай деб турган деворингиз бор. Қўшнингиз унинг устига тўсин ташламоқчи бўлди. Ҳолбуки, девор уни кўтара олмайди. Сиз қўшнингизнинг девордан фойдаланишига қарши туришингиз мумкин. Аммо қўшнининг фойдаланишидан ҳеч кимга зарар етмаса-чи...
Абу Ҳанифа, Шофеий ва Молик наздида мулкингиздан берухсат фойдаланмоқчи бўлган қўшнини ман этишга ҳақлисиз. Чунки қўшнингиз хатти-ҳаракати орқасидан сизга зарар етиб қолиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мусулмон кишига биродарининг розилигисиз унинг таёғини ҳам олиш ҳалол эмас!" (Ибн Ҳиббон ривоятлари).
Негаки Аллоҳ таоло мусулмоннинг молини ноҳақ ейишни қатъий ҳаром қилган.
Имом Аҳмаднинг фикрлари эса ўзгача: Мусулмон киши унинг мулкидан фойдаланмоқчи бўлган қўшнисини қайтармаслиги лозим. Кўнмаган тақдирда эса, Имом Аҳмаддан “бунга мажбур этилади" ва “мажбур этилмайди" деган икки хил ривоят мавжуд.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳеч бирингиз унинг деворига ёғоч ташламоқчи бўлганида, қўшнисини рад этмасин". Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу дедилар: “Сизларга не бўлдики, бу ҳадисдан юз ўгираяпсизлар?! Аллоҳга қасамки, шу ҳадис билан елкаларингизга тушираман". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Муҳаммад ибн Масламага “қўшнингни сувини ҳовлингдан оқиб ўтишига қаршилик қилмайсан", деб ҳукм чиқариб, “Ҳатто қорнингдан ошириб бўлса ҳам унинг сувини ўтказасан", - деб буюрдилар.
· Сув, ўт-ўлан, туз ва оловни бермаслик.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ўт-ўлан ўсишининг олдини олиш мақсадида ортиқча сувни тўсиб турманглар!" (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Яъни, ўт сувсиз ўсмайди. Сувни тўсган киши ўт ривожини тўсган бўлади. Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради:
- Ё Расулуллоҳ! Нимани (одамларга) бермаслик мумкин эмас?
- Тузни.
- Ё Расулуллоҳ! Нимани бермаслик мумкин эмас?
- Яхшилик қилишинг ўзинг учун яхшидир! (Абу Довуд ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мусулмонлар уч нарсада: ўт-ўлан, сув ва оловда бир-бирларига шерикдирлар. (Абу Довуд ривоятлари).
Юқоридаги ҳадислар асосида уламолар сув, ўт-ўлан, туз ва олов хусусида фатво берганлар:
Сув. Абу Ҳанифа ва Шофеий фикрларига кўра сув эгаси оқувчи ёки қайнаб чиқувчи (яъни булоқ) сувининг ортиқчасини - гарчи ўз ерига тегишли бўлса ҳам - ман қила олмайди. Бироқ у экинни суғориш учун сувини текинга беришга мажбур эмас.
Имом Аҳмад наздида эса ортиқча сувни ичиш учун ҳам, мол ёки экинни суғориш учун ҳам текинга бериши шарт. Сувни бермай қўйиш ўт-ўланнинг йўқ бўлишига олиб бориши мумкин.
Имом Молик айтадилар: Сув эгаси, яъни унинг оқар жойи ёки қайнаб чиқадиган булоғининг соҳиби фақат қийналиб қолган кишигагина ортиқча сувини текинга беришга мажбур. Ҳеч кимнинг мулки бўлмаган ортиқча сув эса ҳаммага берилиши шарт.
Ўт-ўлан. Шофеий айтадилар: Фақат қаровсиз ернинг ўт-ўланигина ҳеч кимдан ман қилинмайди. Қолган ерларнинг ортиқча ўт-ўлани берилмайди.
Абу Ҳанифа ва Аҳмад наздида ўт-ўланнинг ортиқчаси ҳеч қачон ман этилмайди.
Туз. Ҳеч ким меҳнат қилиб қазиб чиқармаган қаровсиз ердаги туз ман қилинмайди. Яъни ундан ҳамма фойдаланиши мумкин.
Олов. Ўт ёқиб олиш учун бир парча чўғ, ёритиш, исиниш ёки овқат пишириш учун ортиқча ўт-олов ман қилинмайди. Бироқ кимнингдир мулки бўлган ўт ёқиш мосламаси бировга берилмаслиги мумкин. Албатта қизғанмаслик афзал.
5. Фиқҳнинг тўртдан бири
Суютий ўзларининг “Ашбоҳ ва назоир" номли асарларида имом Шофеий мазҳаблари қуйидаги тўрт асос устига қурилганини ёзадилар:
Биринчи: Аниқ нарса шубҳа-гумон билан йўққа чиқарилмайди.
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга намозда турганида худди таҳорати бузилгандек бўлаверишидан шикоят қилди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бирор овоз ёхуд ҳид билмагунингча намозингни бузма!" (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Яъни, ҳалиги киши таҳорат билан намозга кирганини аниқ билади. “Таҳоратим бузилди..." деган гумон унинг юқоридаги аниқ ишончини йўққа чиқармайди.
Иккинчи: Машаққат енгилликни лозим қилади.
“(Аллоҳ таоло) динда сизларга бирор ҳараж-танглик қилмади". (Ҳаж сураси, 78-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мен ҳаққа интилувчи, бағрикенг дин билан юборилдим". (Аҳмад ривоятлари).
Учинчи: Зарар йўқ қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “(Исломда зиёни тегмаган кишига) зарар бермоқ ҳам, (зиён-заҳмат етказган кимсага ғайришаръий суратда) зарар етказмоқ ҳам йўқдир!"
Тўртинчи: Одат ҳакамдир!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мусулмонлар яхши деб топган нарса Аллоҳ наздида ҳам хайрлидир!" (Аҳмад ривоятлари).
(Баъзилар бу сўз Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳунинг сўзлари дейишади. Аллоҳнинг ўзи билгувчироқдир).
Демак, мавзумиз асоси бўлган ушбу ҳадис Ислом фиқҳининг тўртдан бири ҳисобланар экан. Фақиҳлар уни аслий асослардан деб билиб, бир қанча фаръий қоидаларни айни асосга биноан ижтиҳод қилдилар. Қуйида аслий қоида ва ундан келиб чиқадиган фаръий қоидалар хусусида сўз юритамиз.
Аслий қоида: Исломда (зиёни тегмаганга) зарар бермоқ ҳам, (зиён етказган кимсага) ғайришаръий зарар етказмоқ ҳам йўқдир.
Ушбу аслий қоиданинг фиқҳий тармоқлари:
· Бировнинг молига талофат етказган кишига унинг ҳам молини нуқсонли қилиш билан жавоб берилмайди. Чунки бу ерда фақат зарар зиёда бўлиб, ҳеч ким фойда кўрмайди. Бировнинг молига талофат етказган киши молнинг қийматини тўлайди ва шу йўл билан мол эгаси кўрган зарарни даф этади.
Фаръий қоидалар:
а) Имкон қадар зарарнинг олди олинади.
Яъни, зарар ҳосил бўлмасдан унинг олдини олиш чоралари кўрилади. Чунки зарарни кетказишга қараганда унинг олдини олиш осонроқ. Шариат таклифи-буйруғи ҳар бир инсоннинг тоқатига яраша бўлади.
Мазкур қоидага биноан жиноят устида ушланмаган бўлсалар-да, расво ва қинғир ишлари билан донг таратган кимсаларни жамият тинчлигини таъминлаш учун тавбалари зоҳир бўлгунга қадар ҳибсда сақлаб туриш мумкин.
б) Ҳосил бўлган зарар йўқотилади.
Яъни, зарар қопланади ва нуқсон етган ўринлар тўлдирилади.
Фиқҳий тармоқ: Агар биров йўл ўртасига тарнов чиқариб қўйсаю, у кўчадан ўтувчиларга зиён етказса, олиб ташланади. Агар у туфайли бирон нарса нобуд бўлса, тарнов эгаси тўлайди.
в) Зарар ўрни худди шундай яна бир зарар билан қопланмайди.
Яъни маълум зарар худди шундай ёхуд ундан каттароқ бошқа бир зарар билан даф этилмайди.
Фиқҳий тармоқ: Ўртадаги шериклик мол-мулк (масалан уй...) агар бўлинмайдиган бўлса, бир тараф молни тақсимлашга мажбурланмайди. Чунки бўлинмайдиган нарсани тақсимлаш ўртадаги шерикликка қараганда қўпроқ зарар келтиради.
г) Қаттиқроқ зарар юмшоқроқ зарар билан даф этилади.
Катта зарарни даф этмоқ учун кичикроқ зарарга қўл урилади.
Фиқҳий тармоқ: Агар закот моллари фақир-бечоралар эҳтиёжини қондириш учун кифоя қилмаса, адолатли исломий ҳоким бой-бадавлат одамлар молидан фарз қилинган закотга қараганда кўпроқ қисмини олишга ҳақли. Чунки бойларга етказилган бу зарар ҳоли хароб камбағаллар чекаётган зарар қаршисида ҳечдир.
Мазкур қоидага қуйидаги икки асос ҳам мувофиқ келади:
· Икки ёмонликнинг енгилроғи танланади.
· Агар иккита зиён рўбарў келса, эътиборни зарари каттароқ бўлганига қаратилади.
д) Кўпчиликка зарар тегмаслиги учун бир кишига етадиган хос зарарга рози бўлинади.
Умумий зарар билан хос зарар рўбарў келиб қолса, кўпчиликка зиён тегмаслиги учун умумий зарар даф қилинади.
Фиқҳий тармоқ: Адолатли Ислом раҳбари катта-катта соҳаларда яккаҳоким бўлиб олган бой-бадавлат кишиларни бозор нархида савдо қилишга мажбур этиши мумкин. Тўғри, бу ерда айрим шахслар зарар кўради. Бироқ кўпчиликка етадиган зарар даф этилади.
е) Зарарни даф этмоқ фойда келтирмоқдан муқаддам туради.
Фойда билан зарар бир пайтга тўғри келиб қолса, гарчи фойда қўлдан чиқарилса ҳам, аввало зарарнинг олди олинади.
Фиқҳий тармоқ: Иқтисодий жиҳатдан улкан фойдалар келтирувчи гиёҳванд моддалар ва маст қилувчи ичимликлар савдоси ман этилади. Чунки улар жамиятга, инсон хулқи ва саломатлигига катта зарар келтиради.
ж) Агар бир нарсани ман қилувчи сабаб билан, рухсат берувчи сабаб тўқнашиб келса, ман қилувчи сабаб муқаддам қўйилади.
Фиқҳий тармоқ: Шерикларга тегишли мол устида томонларнинг бири иккинчисига зарар келтирадиган тасарруфни қилмоқчи бўлса, бундай тасарруф тақиқланади. Чунки унинг хатти-ҳаракати орқали иккинчи томон (яъни шериги) зарар кўради. Шерикнинг ҳақи айни тасарруфни ман этиб турибди. Ҳолбуки, шерикчилик ҳақига кўра, мол тасарруфи биринчи томонга ҳам жоиз эди.
з) Зарарнинг муқаддамлиги эътиборга олинмайди.
Аслида ғайришаръий бўлган ҳар қандай зарар эски ёки янгилигидан қатъиназар даф этилади.
Фиқҳий тармоқ: Масалан, бир кишининг деразаси қаровсиз ерга қараган эди. Кейин у ерга уй қурилди. Энди ҳалиги деразадан қараган киши ҳовлида юрган аёлларни кўриб турарди. Шу боис ҳовлининг янги солинганига қарамасдан, дераза олиб ташланади.
Ушбу қоида қуйидаги қонунни чегаралайди: Муқаддам нарса ўз муқаддамлигида қолади. Яъни, одамлар қўл остидаги мол-мулк, манфаатлар дахлсиз қолдирилади. Ушбу нарсаларнинг улар қўлида анчадан буён (муқаддам) борлиги -мадомики қарши далил йўқ экан, - жорий далил сифатида қабул қилинади.
Фиқҳий тармоқ: Масалан, сизнинг тўсинингиз қўшни деворга ўрнатилган. Қўшнининг тўсинни олиб ташлашга ҳаққи йўқ. Чунки унинг муқаддамлиги тўғри ўрнатилганига ва эвази ўталганига далилдир.
6. Агар икки киши сўкишса ёки бир-бирларига туҳмат ёғдирса, ўртада қасос бўлмайди. Ҳар бири ўз гуноҳига яраша жавоб беради. Аммо уларнинг бирида иккинчисининг ҳақи бор бўлса, уни ҳоким ҳал қилиб беради.
Ўттиз учинчи ҳадис
Исломда қозилик асослари
عَن ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لَوْ يُعْطَى النَّاسُ بِدَعْوَاهُمْ لادَّعَى رِجَالٌ أَمْوَالَ قَوْمٍ وَدِمَاءَهُمْ، لَكِنِ الْبَيِّنَةُ عَلَى الْمُدَّعِي وَالْيَمِينُ عَلَى مَنْ أَنْكَرَ". (حديث حسن، رواه البيهقي وغيره هكذا، وبعضه في الصحيحين).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар одамларнинг даъволарига асосланиб сўраган нарсалари берилаверса, (айрим) кимсалар қавмнинг молию қонини даъво қилиб чиққан бўлардилар. Бироқ даъво қилувчи далил келтириши, инкор этувчи эса қасам ичиши шарт". (Байҳақий, Абу Довуд, Насоий, Термизий ва Ибн Можа ривоятлари. Ҳасан ҳадис. Ҳадиснинг баъзи қисмлари Бухорий ва Муслимда ҳам келтирилган).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Имом Нававий ушбу ҳадисни шариат аҳкомларининг энг улкан асосларидан деб таърифлаганлар. Шайхулислом Ибн Дақиқ Ийд айтадилар: “Мазкур ҳадис ҳукмларнинг асосларидан бири ҳамда келишмовчилик ва тортишув пайтида энг улкан низомдир!"
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Ислом шариатининг олийлиги
Ҳаёт учун комил дастур саналмиш Исломда барча нарса ўз ўрнига қўйилган. Соф ақида, холис ибодат, гўзал ахлоқ ва одил шариат... У ҳар бир шахс ҳақ-ҳуқуқини кафолатлаб беради, инсонларнинг қони, моли ва обрўларини бирдек ҳимоя қилади. Шу боис барча масалалар фақат одил шариат ҳукмига мувофиқ ечилади. Золим кимсалар ҳар нарсани ўз фойдаларига ҳал қилмасликлари ва уммат золимлар қўлида қўғирчоқ бўлиб қолмаслиги учун Ислом шариатининг мустаҳкам қоидалари мавжуд. Сўзимизнинг далил-исботи сифатида юқоридаги ҳадиси шарифни келтириб ўтишимиз мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъвогар учун ҳам, инкор қилувчи учун ҳам нималар лозимлигини очиқ баён қилиб бердилар. Бинобарин, ҳукм чиқарувчи қози ҳам айни асосларга биноан ҳақ билан ноҳақ ўртасини ажратади.
2. Далил ва унинг турлари
Олимлар ҳадисдаги далил калимасини билиттифоқ «гувоҳлик» деб шарҳлаганлар. Чунки далил ҳақни кўрсатиши, даъвогарнинг рост сўзлаётганини исботлаши лозим. Бунга эса фақат гувоҳлар орқали эришилади. Чунки улар кўриб-билиб турадилар.
Даъвонинг тури ва оқибатда берилажак жазоларга қараб далил яъни, гувоҳлик ҳам бир неча хил бўлади. Аллоҳ таоло шариатида гувоҳликнинг тўрт тури собитдир:
а) Зинога гувоҳлик бериш.
Бировнинг зино қилгани тасдиқланиши учун тўртта эр киши гувоҳлик беришлари лозим. Аёллар гувоҳлиги бу масалада қабул қилинмайди. “Хотинларингиздан қайси бир аёл фоҳишалик қилса, ундай аёлларнинг устида ўзларингиздан бўлган тўрт кишини гувоҳ қилинг". (Нисо, 15-оят).
“Покиза аёлларни бадном қилиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсаларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар". (Нур, 4-оят).
б) Маълум шаръий жазо чоралари белгилаб қўйилган гуноҳлар ва қотиллик хусусида гувоҳлик бериш. Ўғрилик, ароқхўрлик ва туҳмат қилиш каби гуноҳлар бунга мисол бўла олади. Мазкур ўринларда ҳам эр киши гувоҳлик бериши шарт: “Ўзларингиздан бўлган иккита адолат соҳибини гувоҳ қилинглар!" (Талоқ, 2-оят).
Айрим фақиҳлар - масалан Шофеий - никоҳ, талоқ каби молиявий бўлмаган ҳуқуқлар гувоҳлигини ҳам ушбу шаҳодат таркибига қўшганлар. Улар ушбу масалаларда ҳам ҳукм собит бўлиши учун икки эр кишининг гувоҳлиги шарт, дейишди.
в) Савдо-сотиқ, қарз, ижара каби молиявий ҳақ-ҳуқуқларни тасдиқлаш учун гувоҳлик бермоқ.
Бунда икки эркак ёки бир эркак ва икки аёл гувоҳлиги қабул қилинади: “Ва сизлар рози бўладиган (адолатли) гувоҳлардан икки эркак кишини, агар икки эркак топилмаса, бир эркак ва икки аёлни гувоҳ қилинглар". (Бақара, 282-оят).
Айрим фақиҳлар - масалан ҳанафийлар - ҳадлар[33] ва қасосдан бошқа ҳақ-ҳуқуқлар гувоҳлигини ҳам ушбу қисм таркибига қўшишган.
г) Ҳомиладорлик, бокиралик каби одатда эркаклар назари тушмайдиган аёллар масалалари хусусида гувоҳлик.
Бу ерда эркаклар иштирокисиз фақат аёллар гувоҳлиги билан кифояланилади. Ҳанафийлар наздида ҳатто битта аёлнинг гувоҳлиги қабул қилинади.
Уқба ибн Омир разияллоҳу анҳу Абу Иҳоб ибн Азизнинг қизига уйландилар. Бир аёл келиб «Мен Уқбани ҳам, у уйланган қизни ҳам эмизганман!» - деди.
- Сизнинг мени эмизганингизни билмайман! - деди Уқба. - Менга буни айтмагансиз-ку?
Уқба разияллоҳу анҳу Мадинага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига отландилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг саволини эшитгач, шундай дедилар:
- Қандай қилиб энди у аёл сенга ҳалол бўлади? Ахир иккалангизнинг эмикдош эканингиз айтилибди-ку!
Уқба разияллоҳу анҳу у хотинни талоқ қилиб, бошқа аёлга уйландилар. (Бухорий ривоятлари).
Уқба разияллоҳу анҳуга фақат битта аёл айтган эди.
Ҳанафийлар фикрига қўшилмаганлар айтадилар: “Аёллар шаҳодати қабул қилинмоғи учун албатта улар бир нечта бўлмоқлари лозим. Уқба ибн Омир разияллоҳу анҳу тақво қилганлари ва ўзларини шубҳали нарсадан пок сақлаганлари боис, аёлларини талоқ қилдилар. Ҳолбуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: аёлингни қўйиб юбор, деганлари йўқ эди".
3. Даъвогарнинг ҳужжати — далил-исбот, инкор қилувчининг ҳужжати — қасам
Қози кимнинг ҳужжати қоим бўлса, ўшанинг фойдасига ҳукм қилишга мажбур. Ислом шариати ҳукмига кўра, даъвогар даъво қилаётган нарсасига эришиш учун далил-исбот келтирмоғи, инкор қилувчи эса ўзини оқлаш учун қасам ичмоғи лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Даъвогар далил-исбот келтирмоғи, даъво қилинмиш (яъни айбланувчи) эса қасам ичмоғи лозим». (Термизий ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъвогарга: «Сенинг икки гувоҳинг бўлиши керак ёки у қасам ичади», деганлар. (Муслим ривоятлари).
Чунки даъвогар бировлар учун яширин бўлган нарсани кўтариб чиқади ва шу боис ўз фойдасига кучли ҳужжат келтирмоғи лозим. Далил, яъни гувоҳлик кучли ҳужжат ҳисобланади. Сабаби - у бетараф шахснинг сўзи. Қасам эса очиқ далилга қараганда кучсизроқ асосдир. Чунки қасам - ўзаро талашиб-тортишаётган икки томондан бирининг сўзи. Даъво қилинмиш (яъни айбланувчи) ҳеч қандай махфий нарсани кўтариб чиққани йўқ. У ҳаммага маълум одатий ҳолатида туради ва заифроқ ҳужжат - қасам билан кифояланади.
4. Даъвогарнинг ҳужжати жавобгарнинг ҳужжатидан муқаддам туради
Ҳукм пайтида даъво шартлари тўла-тўкис топилса, қози тинглайди. Сўнг жавобгар шахсдан сўрайди. Агар у иқрор бўлса - масала ҳал. Чунки маҳкамага тортилган кишининг иқрори ҳукм учун етарли асос ҳисобланади. Бироқ айбланувчи даъвони инкор этса, қози даъвогардан ҳужжат талаб қилади. Даъвогар ўз сўзига ҳужжат келтира олса, қози инкор қилувчининг кучли қасам билан айтган сўзларию қилган инкорига эътибор бермайди: масала даъвогар фойдасига ҳал қилинади. Агар даъвогар ҳужжат келтира олмаса, қози даъво қилинмиш шахсдан қасам ичишини талаб этади. Унинг қасам ичиши билан даъвогар сўзининг кучи йўқолади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъвогардан сўрадилар:
- Сенинг бирон ҳужжатинг борми?
- Йўқ! - деб жавоб берди даъвогар.
- Демак, сенга унинг қасами бўлади! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Муслим ривоятлари)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи даъвогардан далил сўрадилар ва далил йўқ бўлса, қасам инобатга олинишини баён этдилар. Хуллас, даъвогарнинг ҳужжати даъво қилинмиш шахс ҳужжатидан муқаддам туради.
5. Даъвогардан қасам ичиш талаб қилинадими?
Бордию жавобгар шахс қасам ичишдан бош тортса ва: “даъвогарнинг ўзи қасам ичиб даъво қилган нарсасини олаверсин", деб қозидан талаб қилса, қандай йўл тутилади? Яъни, даъво қилинмиш шахснинг талаби инобатга олинадими?
Айрим фақиҳлар, масалан Шофеийлар даъво жавобгарнинг бу талабига жавоб берилади, дейишади. Чунки у қасам ичиб, ўзини оқлаб олса бўларди. Модомики, даъвогарнинг қасами билан ўзига қарши ҳукм чиқарилишига рози экан, демак у ўзига ўзи ҳукм чиқармоқда.
Яна бир гуруҳ фақиҳлар, масалан ҳанафийлар даъвогарга қасам ичирилмайди, дейишади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъвогарга «Сенинг гувоҳинг ёки унинг қасами. У томондан сенга бошқа нарса йўқ!» деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Демак, даъвогарнинг қасами билан унинг фойдасига ҳукм қилинмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъволашаётган икки тараф қандай ҳужжатлар келтириши лозимлигини аниқ айтиб қўйганлар: “Даъвогар далил-исбот келтиради, даъво қилинмиш шахс эса қасам ичади". (Термизий ривоятлари).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъво қилинмиш шахс ҳужжати қасам эканлигини тайин қилиб қўйдилар. Бу қасам ичиш фақат унга тегишли эканини билдиради. Агар даъвогар ҳам қасам ичадиган бўлса, баъзи қасамлардан даъво қилинмиш шахс маҳрум бўлади. Бу эса қасамнинг фақат даъво қилинмиш шахсга тегишли эканига хилофдир.
6. Қасамдан бош тортишга асосланиб ҳукм қилиш
Жавобгар шахснинг қасам ичишига тўғри келсаю, у қасам ичишдан бош тортиб, ўзини олиб қочса, ҳанафийлар ва ҳанбалийлар сўзига кўра даъвогар талаб қилган ҳақни ундиришга ҳукм қилинади. Бироқ бу сўз ҳамма масалаларга умумий бўлмай, қандай ишларда қасамдан бош тортишга биноан ҳукм қилиниши ва қайси ишларда унга биноан ҳукм чиқарилмаслиги борасида тафсилот бордир. Уларнинг бу борадаги ҳужжатлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “инкор этувчи эса қасам ичиши шарт", деган сўзларидир. Бу ҳадис қасамнинг жавобгар шахс устидаги вожиб эканлигини англатади. Эс-ҳушли диндор одам ўз зиммасидаги вожибни адо этишдан бўйин товламайди. Унинг қасамдан бўйин товлаши ўз устида даъво қилинаётган ҳақни тан олгани ёки ҳақ ўзиники бўлса ҳам уни даъво қилувчи кишига беришга рози бўлганини кўрсатади. Банда ўз ҳақини ихтиёрий равишда бировга беришга ҳақли ҳисобланади. Шу боисдан унга қарши шундай ҳукм қилиш мумкин бўлади.
Моликий ва шофеийлар эса бу масалада бошқача фикр билдиришади. Улар жавобгар шахснинг қасамдан бош тортганига биноан ҳукм чиқарилмайди, балки бунда даъвогардан қасам ичиш талаб этилади, агар у қасам ичса, талаби қондирилади, йўқса қондирилмайди, дейишди. Уларнинг ҳужжати қуйидагича: Аслида жавобгар шахснинг зиммасида ҳеч нарса йўқ деб эътибор қилинади. То далил келмагунча унинг зиммасига бировнинг ҳақи тушиб қолмайди. Қасамдан бош тортиш эса бу борада далил бўлишга ярамайди. Негаки бу ишнинг ёлғон қасамдан қочиш эканлиги эҳтимоли бўлганидек, тақво юзасидан рост қасамдан чўчиш эканлиги эҳтимоли ҳам бордир. Эҳтимоллик мавжуд бўлган кезда ҳукмга йўл қўйилмайди.
7. Жавобгар шахс қачон қасам ичиши керак?
Уч имом – Абу Ҳанифа, Шофеий ва Аҳмад айтадилар:
“Ҳар қандай жавобгар шахс қасам ичиладиган ҳолатга рўбарў келса, қасам ичиши керак бўлади. Бу борада даъво қилинмиш кишилар ким бўлишининг фарқи йўқдир". Уч имом ўз сўзларига даъво қилинувчи шахсга қасам ичирилиши ҳақидаги ҳадисларнинг умумий маъносини ҳужжат қилганлар.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ эса бундай дейдилар: “Даъво қилинмиш шахсдан қасам талаб этилиши учун у билан даъвогар ўртасида қарз ёки бошқа олди-берди муомаласи бўлгани собит бўлиши ёхуд даъво қилинмиш шахс даъво қилинганидек бошқа бировлар ҳақини ўзлаштириб олганини кутса бўладиган кишилардан бўлиши лозим". Имом Моликнинг бу борадаги ҳужжатлари фойда-зиённи эътиборга олишдир. Токи одамлар бир-бирларига озор бериш учун хоҳлаган кишиларини ноўрин равишда қозига судрайвермасинлар. Чунки буни ҳисобга олмаслик пасткаш кимсаларнинг фазилатли ва шарафли кишиларга хиралик қилишлари ҳамда уларни маҳкамага чақиртириб, қасам ичириш билан ҳурматларини тўкишга йўл очиб қўяди.
8. Нима билан қасам ичиш керак?
Тортишувчилардан бири қасам ичишига тўғри келса, қози Аллоҳ таоло номига қасам ичиради. Қасам ичувчи киши мусулмон ёки номусулмон бўлишидан қатъиназар бошқа нарса билан қасам ичиши жоиз эмас. Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Албатта, Аллоҳ сизларни оталарингиз номига қасам ичишдан қайтаради. Ким қасам ичса, Аллоҳ номига қасам ичсин ёки жим турсин". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Қози Аллоҳнинг сифатларини зикр қилиш билан қасамни кучайтириши мумкин. Масалан, у қасам ичувчига қараб: “Ундан ўзга илоҳ бўлмаган, яширин ва ошкор нарсаларни билувчи бўлган, Раҳмли ва Меҳрибон зотга қасам ичаман", деб айт, дейди. Бундан мақсад қасам ичувчининг наздида қасамни улкан қилиб кўрсатиш ва агар алдаётган бўлса, уни қасам ичишдан тўхтатиб қолишдир. Қози қуйидаги услубларни қўллаши мумкин: Агар қасам ичувчи мусулмон бўлса, Қуръонни ушлаш-қўлга олиш шартлари ва одобларига риоя қилган ҳолда Қуръон ҳозир қилинади. Агар қасам ичувчи яҳудий бўлса, “Мусога Тавротни нозил қилган Аллоҳ таоло номига", агар насроний бўлса, “Исога Инжилни нозил қилган Аллоҳ таоло номига" қасам ичирилади. Агар бутпараст бўлса, “Мени яратган ва гавдалантирган Худо номига қасам ичаман", деб айттирилади ва ҳоказо.
9. Қасам ичиш одоблари
Бировнинг маҳкамада қасам ичишига тўғри келса, қози ёки шу каби бир кишининг унга ваъз-насиҳат қилиши, ёлғон қасам ичишдан огоҳлантириб, бу тўғрида келган оят ва ҳадисларни эслатиши мустаҳабдир. Бу тўғрида қуйидаги ҳадисни келтириш мумкин. Икки аёл бир уй ёки хонада мунчоқ ўтказар эдилар. Улардан бири бигизни кафтида яшириб чиқиб кетди ва уни иккинчи аёлдан даъво қилди. Бу масала Ибн Аббосга кўтарилганда: “Унга Аллоҳни эслатинглар ва: “Аллоҳга берган аҳд-паймон ва қасамларини озгина қийматга сотиб юборадиган кимсалар учун Охиратда ҳеч қандай насиба йўқдир"[34]оятини унга ўқинглар", - дедилар. Аёлга панд-насиҳат қилишган эди, у бигизни ўзи олганини тан олди. (Бухорий Муслим ривоятлари).
Қасам ичиши талаб этилган киши агар ўзининг ноҳақлигини билса, Аллоҳнинг ғазабига йўлиқмаслиги ва Унинг раҳматидан маҳрум бўлмаслиги учун ўз зиммасидаги ҳақни тан олиб, қасам ичишдан сақланиши вожибдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимки бир мусулмон кишининг молини ўзлаштириб олаётган пайтида тўхтатилиб, қасам ичиши талаб қилинсаю, ёлғон қасам ичса, у банда Аллоҳга йўлиққанда, Аллоҳ ундан ғазабланган ҳолда бўлади". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Инсон агар ўзининг ҳақлигини аниқ билса, қасам ичгани яхшироқдир. Айрим ҳолларда эса, айтилганидек, бу вожиб ҳам бўлади. Чунки Аллоҳ таоло мусулмоннинг ҳақи зое бўлиб кетмаслиги учун бундай ҳолларда қасам ичишни жорий этган. Агар шундай қилинмаса, ярамас кимсалар одамлар молларини ноҳақ йўл билан ейиш учун даъвогарликни дастак қилиб оладилар. Улар даъво қилинган кишилар тақво юзасидан қасам ичмасликларини билиб туриб ноҳақ даъволарни кўтариб чиқадилар ва ботилни ундиришга уринадилар.
10. Бир гувоҳ ва қасамга биноан ҳукм чиқармоқ
Агар даъвогарнинг ҳужжати тўкис бўлмаса, яъни даъвоси учун иккита гувоҳ талаб этиладиган чоғда битта гувоҳ келтирса, иккинчи гувоҳ ўрнига қасам ичирилиб, унинг фойдасига ҳукм қилинадими?
Ҳанафийлар айтадилар: “Ҳукмларнинг ҳеч бирида битта гувоҳ ва қасамга асосланиб ҳукм қилинмайди. Ҳар бир кўтарилган даъвонинг ҳужжати тўла-тўкис бўлиши шарт. Агар даъвогарнинг ҳужжати чала бўлса, жавобгар қасам ичади, даъвогарга эса ҳеч қачон қасам ичирилмайди". Уларнинг бу борадаги ҳужжатлари Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Сенинг икки гувоҳинг бўлиши керак ёки у қасам ичади. Сен учун бундан бошқа йўл йўқ", деган сўзларидир. Шунингдек, улар “Қасам ичиш даъво қилинувчининг зиммасидадир" деган ҳадиснинг умумий маъносини ҳам далил қилишади.
Моликий, шофеий ва ҳанбалийлар бундай дейишди: “Молиявий ҳақларда ва пул-мол мақсад қилинган тортишувларда ягона гувоҳ ва қасам билан ҳукм қилинаверади". Бунга далил Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисдир: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам битта гувоҳ ва қасам билан ҳукм қилдилар". (Муслим ривоятлари).
11. Ҳужжат келтирган бўлишига қарамай даъвогар ва гувоҳларга қасам ичирмоқ
Маълум бўлганидек, даъвогар ҳужжат келтирса, қози унинг даъвосига қараб ҳукм чиқаради. Имом Аҳмаддан ривоят қилинишича, агарда қози даъво қилувчи ва гувоҳларнинг ростгўйлигига шак-шубҳа қилса, гувоҳлар рост гувоҳлик берганлари тўғрисида даъвогарга қасам ичириши мумкин. Ибн Ражаб Ҳанбалий “Жомеул-улум вал-ҳикам" номли китобларида Имом Аҳмаддан шу масала ҳақида сўрашганини келтирганлар. Имом Аҳмад бу саволга: “Али разияллоҳу анҳу шундай қилганлар!" деб жавоб берадилар. Савол берувчи: “Бу тўғрими?" деб сўрайди. Имом Аҳмад унга яна: “Али шундай қилганлар!" деб жавоб берадилар. Яъни, Али разияллоҳу анҳу шундай қилган бўлсалар бу қандай қилиб тўғри бўлмасин?! Демак, Аҳмад раҳимаҳуллоҳ бу ишни жоиз деб билганлар.
Шунингдек, қози гувоҳларнинг гувоҳлигини кучайтириш ва шубҳани йироқ қилиш учун улардан ҳам қасам талаб қилиши мумкин.
12. Қозининг ўзида бор маълумотга қараб ҳукм қилиши
Агарда қози ўзига олиб чиқилган даъвонинг ҳақиқатини билса, ўзида бор маълумотга биноан ҳукм чиқариши жоиз бўлмайди. Балки ўз олдида ҳозир бўлган даъвогар ёки жавобгарнинг зоҳирий ҳужжатларига асосан ҳукм чиқаради. Гарчи бу ҳужжатлар унинг билган маълумотларига тескари бўлса ҳам бошқача йўл тута олмайди. Бунга асос Умму Салама разияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисдир: Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мен бор-йўғи бир инсонман. Сизлар менга хусуматлашиб келасизлар. Айримларингиз ҳужжат келтиришда бошқа бировингиздан бийронроқ бўлиши мумкин. Мен эшитганимга биноан унинг фойдасига ҳукм қилиб бераман". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз билганларига асосан эмас, эшитганларига кўра ҳукм қилишларини эълон қилдилар. Бунинг ҳикмати шуки, шу йўл билан зулм ва бузғунчилик йўли тўсилади. Ана шунда ёмон қозилар жавр-зулм қилиш ва одамларни шубҳа остига олишлари учун воқеанинг ҳақиқатини билишларини баҳона қила олмайдилар. Қолаверса, шу йўл билан чиқарилган ҳукм ҳақида айблов ва гумонлар қўзғатилишининг олди олинади. Айниқса, қозининг ҳукми даъволашувчилар кўнглига мос тушмаса, улар таниш-билишлик қилиш, бир томонга ён босиш, пора олиш ва шунга ўхшаш айбларни қозига тўнкашлари мумкин эди.
Фиқҳдаги кучлироқ сўз мана шудир. Мазҳабларда бу масаланинг турли тафсилотлари бор бўлиб, унинг баён қилинган ўринларига мурожаат қилишингиз мумкин.
13. Қозининг ҳукми ҳаромни ҳалол, ҳалолни ҳаром қилиб бермайди
Қозининг олдида бир нарсани собит этиш ёки инкор этишга восита бўладиган гувоҳлик ёки қасам каби зоҳирий ҳужжатлар тўла-тўкис топилса, шуларга биноан ҳукм чиқаради. Чунки у юзага чиққан далилларга қараб ҳукм қилишга буюрилган. Ана шунда кимнинг зиёнига ҳукм қилинган бўлса, у ҳукмни ижро этишга мажбурдир. Бироқ айни ҳукм воқеликда ноҳақ бўлиши ҳам мумкин. Даъвогар иккита ёлғончи гувоҳларни келтириши ва жавобгар шахснинг ёлғон қасам ичиши каби ҳолатлар содир бўлиб туради. Бундай ҳолатда фойдасига ҳукм қилинган шахс ўз фойдасига ҳукм қилинган ҳақни олишга мустаҳиқ эмаслигини била туриб уни олиши ҳалол бўлмайди. Шунингдек, бир киши аниқ‑тиниқ ўзиники эканлигини билган ҳақидан маҳрум этилса, содир этилган ажрим ўша нарсани унга ҳаром қилиб қўймайди. Бунинг асоси Умму Салама разияллоҳу анҳонинг юқорида ўтган ҳадисларидир: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Кимга биродарининг бирорта ҳақини ҳукм қилиб берсам, уни олмасин, чунки унга дўзахдан бир бўлак олиб берган бўламан".
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фойдасига ажрим қилинган кишини ўзи учун ҳақли эмаслигини билиб турган нарсани олишдан қайтариб, бу дўзахнинг бир бўлаги эканлигини уқтирдилар. Демак, унинг фойдасига чиққан ажрим ҳақиқатда ўша нарсани унга ҳалол қилиб қўйгани йўқ. Шу қаторда айни ажрим ўша нарсани иккинчи томонга ҳаром қилиб қўйгани ҳам йўқ.
Барча эътиборли мазҳаблардаги фатво мана шундайдир.
14. Адолатли қозининг ажри
Қози даъвонинг турли жиҳатлари билан танишиб чиқиш учун бор қобилиятини сарфлаши ва ижтиҳоди асосида тўғри ва ҳақ деб чиқарган хулосаси асосида ҳукм қилиши вожибдир. Бунга далил Умму Саламанинг ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган сўзларидир: “...Мен уни рост айтди, деб ҳисоблайман-да, унинг фойдасига ҳукм чиқараман". (Бухорий ривоятлари).
Қози мана шундай йўл тутса, ҳукми адолатли бўлади ва чиқарган ҳукми воқеликда тўғри ёки нотўғри бўлишига қарамай, қилган ишига савоб олади. Чунки у ўз бурчи бўлган ҳар томонлама ҳақиқатни ўрганиш вазифасини бажариб, ўзига имкони берилган зоҳирий далилларга кўра ҳукм чиқарди.
Амр ибн Ос разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳоким ҳукм қилиб, ижтиҳод қилсаю, тўғри топса, унга иккита ажр бор. Агар ҳукм қилиб, ижтиҳод қилсаю, янглишса, унга битта ажр бор". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
15. Битта қози жаннатда, иккита қози дўзахдадир
Қозилик мансабини эгаллашнинг қуйидаги шартлари бор: Аллоҳнинг шариатидаги ҳалол ва ҳаромни билиш, исломий қонунчилик асосларига мурожаат қилиб, юзага келган ҳодисаларнинг шаръий ҳукмларини чиқариб олишга қодир бўлиш. Сўнгра у ижтиҳод қилиш, тўғри ечим топишга уриниш ва ўзи ҳақ деб топган ҳукм бўйича ажрим чиқаришга бурчлидир. Агар у мулоҳаза қилиб ўтирмай ва боқибеғамлик билан ёки Аллоҳнинг шариатини билмаган ҳолида ҳукм қилгудек бўлса, гарчи чиқарган ажрими ҳақиқатга мувофиқ келиб қолса ҳам у гуноҳкордир. Чунки унинг ҳукми тўғри чиқиб қолиши чин мақсад билан юзага келмади. Унинг ҳукми бир гал ҳақиқатга тўғри келиб қолган бўлса, ҳали бошқа гал нотўғри чиқадиган бўлади. Ҳақни била туриб арзимас дунё матоси, нафс-ҳаво ундови туфайли ёки бировдан қасд олиш ва зулм ўтказиш мақсадида ноҳақ ҳукм чиқарган қозига вой бўлсин, вой бўлсин!
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қозилар уч хилдир. Уларнинг биттаси жаннатда, иккитаси дўзахда бўлур. Жаннатий қози ҳақни билган ва унга кўра ҳукм қилган кишидир. Ҳақни билиб, адолатсиз ҳукм қилган киши дўзахдадир, жоҳил бўла туриб одамларга қозилик қилган киши ҳам дўзахдадир". (Абу Довуд ва бошқалар ривояти).
Ўттиз тўртинчи ҳадис
Ёмонликнинг олдини олмоқ - исломий бурч!
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدْهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ، وَذَلِكَ أَضْعَفُ الإِيْمَانِ". (رواه مسلم).
Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: “Қай бирингиз бирон ёмон ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Бунга кучи етмаса, тили билан ўзгартирсин. Агар бунга қодир бўлмаса, қалби билан ўзгартирсин. Буниси эса иймоннинг ўта заифлигидир". (Муслим ривоятлари).
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳунинг мазкур ҳадисни ривоят қилишлари
Ториқ ибн Шиҳобдан ривоят: Ҳайит куни хутбани намоздан олдин биринчи бўлиб бошлаган киши Марвон бўлди. Шунда бир киши ўрнидан туриб, деди:
- Хутбадан олдин намоз ўқилади!
- У нарса тарк қилинди! - деб жавоб берди Марвон. “Ўша одам ўз бурчини адо этди", - дедилар Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу - Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Қай бирингиз бирон ёмонликни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин..." (Муслим ривоятлари). Бухорий ва Муслим ривоят қилган бошқа бир ривоятда Марвоннинг қўлидан тортқилаб, юқоридаги сўзни айтган киши сифатида Абу Саид разияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳикоя қилинади ва Марвон уларга “У нарса тарк қилинди!" деб жавоб беради.
Эҳтимол, ҳалиги киши биринчи бўлиб гапиргандир. Сўнг мункарни қўл билан ўзгартириш мақсадида Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу сўз олган бўлишлари мумкин. Аллоҳнинг ўзи билгувчироқдир!
2. Ботил аҳлига қарши курашмоқ
Ҳаёт яратилганидан буён ҳақ билан ботил яшаб келмоқда. Диллардаги иймон шуъласи ўчиб қолмаслиги учун Аллоҳ таоло Пайғамбарлар юбориб турди. Улар иймон чўғини пуфлаб, қайтадан аланга олдирдилар. Пайғамбарларнинг содиқ издошлари ҳар доим ҳар ерда Ҳақ ҳимоясида эдилар. Албатта бундай пайтларда ботил аҳли бошини эгиб яшашга мажбур бўларди. Бироқ қулай фурсат келиши билан улар яна фисқу фасод тарқатишга киришардилар. Оқибатда Ҳақнинг холис мухлислари ёмонликнинг олдини олиш учун ҳам тил билан, ҳам қўл билан ҳаракат қилиб майдонга чиқишар эди. Иймон эгалари ҳеч қачон ёвуз, сохта маъбудлар тантанасига жим қараб турмаганлар! Фақат иймон нуридан маҳрум бўлган ва ҳаёти дунёда хорликни, Охиратда эса аламли азобни ўзларига насиба қилиб олган шўрпешоналаргина золимларга таъзим қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мендан аввал Аллоҳ таоло томонидан юборилган ҳар бир Пайғамбарнинг фидойи ёрдамчилари ва асҳоблари бўлган. Улар ўз Пайғамбарларининг суннатини ушлаб, айтганига юришган. Булар кетидан кейинги авлод келади. Улар ўзлари қилмайдиган ишларни гапиришади. Буюрилмаган ишларни қилишади. Кимки уларга қарши қўли билан курашса, у мўминдир! Ким уларга қарши тили билан курашса, у мўминдир! Ким уларга қарши қалби билан курашса, у мўминдир! Бундан кейин хардал уруғичалик ҳам иймон йўқ!" (Муслим ривоятлари).
3. Мункардан қайтармоқ
Ҳар бир мусулмон учун ёмонликнинг олдини олмоқ вожибдир. Киши имкон қадар мункар амални тўсмоғи, уни ўзгартирмоғи лозим. Мўминлар қурблари етганича қўл, тил ва қалб билан мункарга қарши курашадилар.
а) Қалб билан инкор қилмоқ
Яхши-ёмонни фарқламоқ ва мункар ишни қалбдан инкор этмоқ ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарзи айндир. Қалбида яхшини яхши, ёмонни ёмон деб билмаган кимса ҳалокат жарига қулайди. Ҳатто қалбида ҳам мункарни инкор этмаслик кишининг иймондан маҳрум бўлганига далолат қилади.
Али разияллоҳу анҳу дедилар: “Сизлар энг биринчи мағлуб бўладиган жиҳод қўлларингиз билан қиладиган жиҳоддир! Сўнг тилларингиз жиҳоди, сўнг қалбларингиз жиҳоди... Қачон инсон қалби яхши нарсани тан олмай қўйса, бу уни ўзгартириб, остин-устин қилиб юборади!" Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу бир кишининг “Кимда-ким яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармас экан, ҳалок бўлур!" деган сўзларини эшитиб, шундай дедилар: “Қалбида яхши-ёмонни танимаган кимса ҳалок бўлур!"
б) Инсон ҳеч нарса қила олмаса, мункарни қалби билан инкор этади
Киши мункар амални қўли ёки тили билан инкор эта олмаса, уни қалби билан ёмон кўриб, зиммасидаги масъулиятни адо этади. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар: ““Қай бирингиз узоқроқ умр кўрса, (шундай замонларни кўрадики,) бирон мункар ишни кўрганда, унинг шу мункарни ёмон кўришини фақат Аллоҳ таоло билади, холос. Банданинг қўлидан бошқа ҳеч нарса келмайди."
Инсон ўзи ёки молига нисбатан унинг бардоши етмайдиган даражада зарар тегишидан хавфсираса, ожиз саналади. Бироқ шундай зарар келади, деган кучли гумон ғолиб бўлмаса ҳам мункарни инкор этмай қўйса, қалбда норози бўлиб туриш билан зиммасидаги вожиб юкидан халос бўлмайди. Яъни, киши ўзини бехавотир сезган заҳоти мункарга қарши қўли ёки тили билан курашмоғи лозим.
Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: “Аллоҳ таоло Қиёматда бандасидан “Мункар ишни кўрганингда, уни инкор этишдан нима тўсди?", деб сўрайди. Аллоҳ банданинг тилига хужжатини солса, у айтади: “Парвардигорим! Мен Сендан умидвор бўлдим ва одамлардан ажралдим!" (Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари).
в) Маъсиятга рози бўлмоқ гуноҳи кабирадир
Маъсиятга қалбида рози бўлган кимса, ўша маъсиятнинг устида бўлган-бўлмаганидан қатъиназар, улкан гуноҳга қўл урган ҳисобланади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ер юзида бирон маъсият қилинса, унинг шоҳиди бўлиб, ўша гуноҳни ёмон кўрган киши, (бир ривоятда “инкор этса" дейилган) бамисоли гуноҳ-маъсиятни кўрмаган кишидек бўлади. Бирон маъсиятнинг шоҳиди бўлмаса-да, унга рози бўлган кимса худди гуноҳ-маъсиятнинг шоҳиди кабидир".
Яъни, маъсиятни қўли ёки тили билан ўзгартишга қодир бўлмаган мусулмон уни қалбидан ёмон кўрса, бамисоли ўша маъсиятни кўрмаган кишидек унга жавоб бермайди. Бироқ гуноҳга розилик кўзи билан боқмоқ қалб инкорини ҳам йўққа чиқаради. Маълумки, маъсиятни ҳеч бўлмаса қалбда ёмон кўриш фарзи айн ҳисобланади.
г) Маъсиятни қўл ёки тил билан инкор қилиш икки хил бўлади:
Фарзи кифоя
Бирон маъсият-мункар ишни мусулмонларнинг бир жамоаси кўрса ёхуд эшитса, ушбу маъсиятни инкор этиш уларга вожиб бўлади. Агар жамоатдан бир киши шу ишни амалга оширса, қолганлар устидан масъулият соқит бўлади. Аммо мункарни қайтариш ёки ўзгартиришга уларнинг ҳеч бири ҳеч қандай сабабсиз эътибор бермаса, барчалари бирдек гуноҳкор бўладилар. “Ораларингиздан яхшиликка даъват қиладиган, амри маъруф ва наҳий мункар қиладиган бир жамоат бўлсин!" (Оли Имрон, 104-оят).
Фарзи айн
Бирон мункарни эшитган-кўрган киши агар уни ўзгартиришга ёки тўхтатишга қодир бўлса, мазкур вазифа унинг зиммасига тушади. Шунингдек, маъсиятни бир гуруҳ мусулмонлар кўрган-эшитган бўлсалар ҳам уни ўзгартириш ёки тўсиш фақат битталарининг қўлидан келса, айни вазифа айнан ўша қодир мусулмоннинг зиммасига тушади. Агар у қодир бўла туриб маъсиятнинг олдини олмаса, гуноҳкор саналади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Қай бирингиз бирон гуноҳ-маъсиятни кўрса..." дедилар. Яъни, ундан бошқа киши шу маъсиятни кўрмаган. Хабардорлик ва қодирлик ҳам кўрмоқ билан баробар.
4. Қурби етса ҳам гуноҳ-маъсиятдан қайтармаслик оқибатлари
Агар мункар ишларнинг олди олинмаса, ер юзида фасод-бузғунчилик авж олиб, зулм тантана қилади. Яхшилар хор, ёмонлар азиз бўлади. Фазилату эзгулик барҳам топиб, жабру разолат кенг қулоч ёяди. Оқибат ҳамманинг устига Аллоҳ таолонинг ғазаби келади! “Бани Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Ийсо ибни Марям тилида лаънатлангандир. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишлардан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш!" (Моида, 78-79-оятлар).
Абу Бакр разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир қавм орасида гуноҳ-маъсиятлар қилинсаю, улар ўзгартишга қодир бўла туриб, маъсиятларни ўзгартирмасалар, Аллоҳ таоло улар устига умумий жазо-азоб жўнатишига сал қолади". (Абу Довуд ривоятлари).
Жарир разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир қавм орасида бир киши маъсият ишларни қилсаю, қавм уни ўзгартиришга қодир бўла туриб ўзгартирмаса, Аллоҳ таоло улар устига ўлмасларидан олдин азоб юборади".
Адий ибн Умайр разияллоҳу анҳудан ривоят: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деяётганларини эшитдим: “Аллоҳ таоло хос (бир тоифа) кимсалар қилмиши сабабли оммани азобламайди. Бироқ одамлар ён-атрофларида қилинаётган мункарни кўриб туриб, уни инкор этишга қодир бўлсалар ҳам инкор этмасалар, Аллоҳ таоло оммани ҳам, хос кимсаларни ҳам азоблайди!" Бир ривоятда: “Агар мункар иш ошкора қилинса, ҳаммалари азобга ҳақли бўлади..." дейилган.
Ушбу мавзуни лўнда ва қойилмақом ёритиб берадиган мана бу ажабтовур масалга эътибор қаратинг-а: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ ҳудудида қоим банда билан мазкур ҳудудларни бузувчи кимсанинг мисоли бир кемага бўлиниб жойлашган қавмга ўхшайди. Уларнинг баъзиларига кеманинг тепа қисмидан, баъзиларига эса пастки қисмидан жой тегди. Пастда жойлашганлар сув ичмоқчи бўлсалар, тепадагиларга мурожаат қилишарди. Кейин улар шундай дейишди:
- Ўзимиз учун шу ердан бир тешик очиб олсак тепадагиларни ҳам қийнаб ўтирмасдик.
Агар тепадагилар уларни ўз билганларига ташлаб қўйишса, барчалари ҳалок бўлишади. Агар пастдагиларнинг қўлидан тутиб қолишса, ўзлари ҳам, улар ҳам омон қолишади". (Бухорий ривоятлари).
Жамиятда содир этилган ҳар бир маъсият ушбу жамият хавфсизлигига хатар солувчи бир тирқишдир!
5. Нотўғри тушунчалардан йироқ бўлмоқ.
Кўпчилик мусулмонлар мункарга қарши турмасликларини турли баҳоналар билан оқлашга уринишади. Улар ўзларича Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасини ҳужжат сифатида келтиришади: “Эй мўминлар, ўзингизни билингиз. Модомики, ҳақ йўлни тутган экансиз, адашганлар сизларга зарар етказа олмайди". (Моида, 105-оят).
Агар тўғри фаҳмланса, ушбу оят ҳам мункарни инкор қилишга буюраётгани аён бўлади.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу дедилар: “Эй одамлар, сизлар ушбу оятни ўқиб, уни нотўғри талқин қиласизлар. Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларини эшитганмиз: “Одамлар золимни кўриб туриб, унинг қўлидан тутмасалар, Аллоҳ таоло ҳаммаларини азобга гирифтор қилишига сал қолади!" (Абу Довуд ва бошқалар ривояти).
“Саҳиҳи Муслим" шарҳида имом Нававий ёзадилар: “Муҳаққиқ олимлар наздида ушбу оятнинг тўғри маъноси қуйидагича: Модомики, сизлар ўз устларингиздаги вазифани адо этаркансизлар, ўзгаларнинг қосирликлари сизларга зарар бермайди. Бу эса Аллоҳ таолонинг мана бу сўзига ўхшайди: “Ҳеч бир кўтарувчи ўзга жоннинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас". (Анъом, 164-оят). Албатта амри маъруф ва наҳий мункар ҳам мукаллафнинг[35] вазифалари қаторига киради. Банда ёмонликдан қайтариш билан ўз вазифасини адо этган бўлади. Ёмоннинг ёмонликдан қайтмаганига у жавоб бермайди. Наҳий мункар қилиш билан унинг иши тугайди. Валлоҳу аълам!"
6. Катта зарар юзага келишидан қўрқиб наҳий мункарни тарк қилмоқ
Инсон мункарнинг олдини олишга қодир бўлса ҳам айни мункардан каттароқ ёмонлик келиб чиқишидан қўрқса, “Икки зарарнинг енгилроғи танланади" деган аслий қоидага биноан унинг устидан вожиб соқит бўлади. Фақат наҳий мункар ортидан келадиган ёмонлик киши наздида нақд бўлиши шарт. Арзимас гап-сўзлар ёки турли ваҳима-васвасалар вожибни тарк қилишига сабаб бўла олмайди. Мукаллаф назарида деярли аниқ бўлган улкан зараргина шаръий узр ўрнига ўтади.
7. Амри маъруф ва наҳий мункарга қулоқ солмайдиган кимсага ҳам насиҳат қилинаверади
Мусулмон киши бир банданинг насиҳатни қабул қилиш-қилмаслигидан қатъиназар, уни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтараверади. Олимлар бу билан мукаллаф ўз зиммасидаги вожибни адо этган бўлади, дейишади. Чунки ундан насиҳатни қабул қилдириш эмас, фақат етказиб қўйиш талаб этилган. Биз юқорида Имом Нававийнинг сўзларини келтириб ўтган эдик. “Бас, сиз панд-насиҳат қилинг! Зотан сиз фақат бир панд-насиҳат қилгувчидирсиз, холос". (Ғошия сураси, 21-оят). “Сизнинг зиммангизда фақат етказиш бор, холос". (Шўро сураси, 48-оят). “Панд-насиҳат қилинг! Зеро у панд-насиҳатлар мўминларга наф етказур". (Зориёт, 55).
Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳунинг “ўша одам ўз устидаги вазифани адо этди", деган сўзлари ҳам шу маънода эди.
Ҳаддан ошган қавм Аллоҳ ман этган шанба кунида балиқ овларди. Золим қавм насиҳатга қулоқ солмаслигини билсалар-да, солиҳ инсонлар уларга панд-насиҳат қилдилар. “Ўшанда бир жамоат: “Не сабабдан Аллоҳнинг ўзи ҳалок этадиган ёки қаттиқ азоблайдиган қавмга панд-насиҳат қилурсизлар?" деганларида, улар айтдилар: “Парвардигорингизга (Қиёмат кунида) узримизни айтиш учун ва шояд (улар) Аллоҳдан қўрқсалар, деб (насиҳат қилмоқдамиз)". (Аъроф, 164-оят).
Амри маъруф ва наҳий мункар қилишдан ўзларини четга тортадиган айрим кишилар “Ўзингни қийнама. Гапирган билан фойдаси йўқ!" деб бошқаларни ҳам вожиб амаллардан тўсадилар. Улар қуйидаги ояти каримани ҳужжат қилиб келтиришади: “Аниқки, сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмайсиз". (Қасос сураси, 56-оят).
Ахир бу оят Абу Толиб хусусида нозил бўлган-ку! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакиларини ҳамиша Исломга даъват қилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарар эдилар. Бироқ Абу Толиб сўнгги нафасигача ширкдан қайтмади. Ҳимоячилари ва ёрдамчилари бўлмиш Абу Толибдан айрилиб қолган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ таоло тасалли бериб, юқоридаги оятни нозил этди. Яъни: “Сиз ўзингиз хоҳлаган кишининг қалбига иймон-ҳидоят ўрнаштира олмайсиз!" Аллоҳ таоло Пайғамбарини амри маъруф ва наҳий мункар қилишдан қайтармаган. Аксинча... “Албатта сиз тўғри йўлга етаклайсиз!" (Шўро сураси, 52-оят); “Бас, сиз ўзингизга буюрилган ишни (Ҳақ даъватини) ошкора қилинг!" (Ҳижр сураси, 94-оят).
8. Ҳақ сўзни айтишдан чўчиманг!
Мусулмон киши ўзи тоқат қила оладиган моддий-маънавий зарар-азиятларга парво қилмасдан, одамларнинг маломат қилишлари, яккалаб қўйишлари ва масхараларидан чўчимасдан ва қаршисидаги банданинг обрў-эътибори, мансаби ёки бойлигидан ҳайбатга тушмасдан, ҳикмат билан муносиб сўзларни топиб, амри маъруф ва наҳий мункар қилмоғи лозим.
Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз хутбаларида бундай дедилар: “Огоҳ бўлинглар! Одамларнинг ҳайбати ҳақни билган кишини ҳақни айтишдан тўсмасин!" Абу Саид разияллоҳу анҳу йиғлаб, дедилар: “Биз қанча нарсаларни кўриб, гапиришга ботинолмадик!" (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари). Имом Аҳмад ривоятларида қуйидагича қўшимча ҳам бор: “Ҳақнинг айтилиши ёки улкан нарсанинг зикр этилиши билан ажал яқинлашиб ҳам қолмайди, ризқ узоқлашиб ҳам кетмайди!"
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Ҳеч бирингиз ўзини камситмасин!"
- Ё Расулуллоҳ! - дейишди саҳобалар - қандай қилиб биз ўзимизни камситишимиз мумкин?
- Сизлардан кимдир Аллоҳ амри-буйруғини кўради (билади). Айни масалада (яъни шу амрга хилоф иш қилинаётганда) уни ўзгартириш учун гапириш керак эди. Бироқ у ҳеч нарса демайди. Аллоҳ таоло ундан “Фалон-фалон ўринда сени гапиришдан нима тўсди?", деб сўрайди.
- Одамлардан қўрқдим, - дейди у. Аллоҳ таоло айтади:
- Сен Мендан қўрқишинг керак эди! (Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари).
Уламолар шарҳлайдилар: “Бу ерда қуруқ қўрқув-ваҳима назарда тутилаяпти. Чунки мусулмон киши инсон тоқат қила олмайдиган молиявий ёхуд маънавий зарар сабабли ёмонликни инкор қилмаса, узрли саналади".
9. Раҳбарларга амри маъруф ва наҳий мункар қилмоқ
Амри маъруф ва наҳий мункар бутун уммат устидаги вожибдир. Уммат раҳбарлар ва фуқаролардан таркиб топган. Демак, ҳар икки томон бир-бирларини яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб турмоғи лозим. Раҳбарлар гуноҳ-маъсиятга берилсалар, қодир кишилар қўллари ва тиллари билан уларни тўғрилаб қўйсинлар. Зулм ва мункар амалларнинг йўлини тўссинлар.
Саид ибн Жубайрдан ривоят: Мен Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан сўрадим:
- Султонни яхшиликдан буюриб, ёмонликдан қайтарайинми?
- Агар сени қатл қилишидан қўрқсанг, панд-насиҳат қилма! - деб жавоб бердилар Ибн Аббос разияллоҳу анҳу.
Мен ушбу саволни икки маротаба такрорладим. У киши ҳар гал бир хил жавоб бердилар. Кейин:
- Агар панд-насиҳат қилишинг зарур бўлса, яккама-якка гаплаш! - дедилар Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу.
Имом Товус айтадилар: “Бир киши Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу ҳузурларига келиб, деди:
- Шу султоннинг олдига чиқиб, унга амри маъруф ва наҳий мункар қилайми?
- Унинг учун фитна бўлма! - дедилар Ибн Аббос разияллоҳу анҳу.
- Султон мени маъсият ишга буюрса-чи?
- Буни назарда тутаётганмидинг? Ундай чоғда эркак бўл!"
Имоми Ҳарамайн айтадилар: “Ҳоким зулм-зўровонликни ошкора қилса ва ўзининг ёмон ишларидан сўз ва огоҳлантиришлар билан тўхтамаса, ўша ер улуғлари келишиб, ҳокимни тахтдан туширишлари мумкин". Имом Нававий айтадилар: “Агар бу иш каттароқ зарарни қўзғаб юбормайдиган бўлса, улуғлар юқоридагидек йўл тутадилар".
Абу Бакр разияллоҳу анҳу халифа бўлиб кўтарилганларида раҳбар учун ҳам, раият учун ҳам фойдали бўлган қуйидаги насиҳатни айтган эдилар: “Сизларга халифа бўлдим. Ҳолбуки, мен орангиздаги энг яхши инсон эмасман. Агар ишни тўғри олиб борсам, менга кўмак беринглар. Нотўғри олиб борсам, мени тўғрилаб қўйинглар. Модомики, сизларнинг устингизда Аллоҳга итоат қилар эканман, сизлар ҳам менга итоат этинглар. Агар Аллоҳга осий бўлсам, менга бўйсунманглар!»
Раиятнинг панд-насиҳат қилиши, раҳбарларнинг қулоқ осиши лозимлиги хусусида Умар разияллоҳу анҳу қуйидагича намуна кўрсатганлар. Бир киши Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳуга “Эй Умар, Аллоҳдан қўрқ!" деб қўпол гапирди. Султонга яхши кўриниб, унга яқинлашиб олишни истаган бир кимса ушбу қулай фурсатдан фойдаланмоқчи бўлиб, деди:
- Амирулмўмининга силлиқроқ гапир!
- Агар (панд-насиҳат) калимасини айтмасангизлар, сизларда яхшилик йўқ. Агар панд-насиҳатни қабул қилмасак, бизларда яхшилик йўқ! - деб жавоб бердилар Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу.
Аллоҳ таоло Ислом раҳбарларини ана шундай нодир шахслар сийратига иқтидо этгувчилардан қилсин!
10. Панд-насиҳат қилиш фитна қўзғаш эмас
Мункарни ўзгартириш деганда қурол кўтариб чиқиш тушунилмайди. Чунки қўлларнинг қиличга югуриши фитна келтириб чиқариши ва кўп ноҳақ қонлар тўкилишига сабаб бўлиши мумкин. Мусулмонлар чиройли панд-насиҳат қилиб бир-бирларини ўнглайдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Дин насиҳатдир!
- Ким учун Ё Расулуллоҳ! - сўрашди саҳобалар.
- Аллоҳ, Унинг Китоби, Пайғамбари, мусулмонлар раҳбари ва оммаси учун! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Муслим ривоятлари).
Аллоҳ китоби учун насиҳат - унга амал қилмоқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун насиҳат - суннатни маҳкам тутмоқ, Ислом раҳбарлари ва оммаси учун насиҳат эса уларнинг бир-бирларини яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришларидир! “Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни ато этадилар. Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм қилур! Шак-шубҳасиз Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир". (Тавба, 71-оят).
11. Ҳикмат билан панд-насиҳат қилмоқ
“Парвардигорингизнинг йўли-динига ҳикмат ва чиройли мавъиза билан даъват қилинг!" (Наҳл сураси, 125-оят).
Буюрилаётган ва қайтарилаётган иш турига ёки қайтарилаётган киши ҳолатига қараб юмшоқ ёки қаттиқ тарзда панд-насиҳат қилинади. Яъни, қайси услуб кўзланган мақсадга тезроқ ва яхшироқ етказса, ўша йўл маъқул топилади. “(Эй Мусо ва Ҳорун), сизлар Фиръавннинг олдига боринглар, Чунки у ҳаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўз сўзланглар. Шояд, панд-насиҳат олса ёки (Менинг қаҳримдан) қўрқса!" (Тоҳо, 43-44-оятлар).
“Эй Пайғамбар, кофир ва мунофиқларга қарши курашинг ва уларга қаттиққўл бўлинг!" (Тавба, 73-оят).
Шу боис амри маъруф ва наҳий мункар қилувчи киши, хусусан, қуйидаги сифатларга эга бўлмоғи шарт: мулойимлик, ҳалимлик, адолатпарварлик ва илм.
Суфён Саврий айтадилар: “Қуйидаги учта сифатга эга бўлмаган кимса панд-насиҳат қилмасин: буюраётган нарсасида ҳам, қайтараётган нарсасида ҳам мулойимлик; буюраётган нарсасида ҳам, қайтараётган нарсасида ҳам адолатли бўлмоқ; буюраётган ёки қайтараётган нарсасини яхши билмоқ".
Имом Аҳмад айтадилар: “Одамлар муросаю мадорага, мулойимликка муҳтождирлар. Амри маъруф ҳеч вақт қўрслик билан қилинмайди. Фақат фисқу фасодни ошкора қилувчига қаттиқ муносабатда бўлинади". Чунки у ҳурматга лойиқ эмас. Имом Аҳмад бундай дедилар: “Даъватчи мулойимлик ва хокисорлик билан буюради. Агар одамлар унга ёқимсиз сўзни айтсалар, аччиқланмайди. Акс ҳолда ўзи учун ўч олган бўлиб қолади".
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу асҳоблари бирон қавм ёнидан ўтаётиб, улардан кўнгилсиз нарсаларни кўрсалар, “Секинроқ, Худо хайрингизни берсин, секинроқ!" дер эдилар.
12. Сабр-тоқат билан панд-насиҳат қилмоқ ва бу йўлда етган озор-азиятларни кўтармоқ
Ибн Шубрума айтадилар: “Амри маъруф ва наҳий мункар худди жиҳод кабидир. Бу ўринда ҳам бир шахс икки киши қаршисида сабот билан турсин. Панд-насиҳат қилувчининг икки кишидан қўрқиб қочмоғи ҳаром. Бироқ бундан ортиғига сабр қилмоғи вожиб эмас. Албатта оғир бўлса-да, азиятларга сабот билан туриб бермоқ янада афзал".
Имом Аҳмад ҳам шуни таъкидлаганлар. “Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балоларга) сабр қил!" (Луқмон сураси, 17-оят).
Бировдан дашном ёки ҳақорат эшитиш хавфи мункарни қайтариш бурчини зиммадан соқит қилмайди.
13. Аллоҳ йўлида азият чекмоқ азизликдир!
Аллоҳ учун амри маъруф ва наҳий мункар қилувчи одам жоҳилларнинг озорлари билан хорланиб қолмайди. Билъакс, бу ҳақиқий мукаррамлик, дунёю Охират азизлиги ва Аллоҳ йўлидаги энг улуғ шаҳидликдир! Имом Аҳмаддан сўрашди:
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Мўмин ўзини хорламасин!" (яъни, тоқатидан ташқари бало-мусибатларга ўзини урмасин!) - деганмилар?!
- Бу бошқа нарса", - деб жавоб бердилар имом Аҳмад.
Яъни, келадиган озорга чидай олмаслигини билган мўмин мункар ишни фақат қалбида ёмон кўради ва саломат қолади. Ўзининг бунга бардош бера олишини билган мўмин эса мункар қаршисида жим турмайди. Биз ана шундай қатъиятли шахслар хусусида гапираяпмиз. Албатта, мункарни қалб билан инкор этмоқ энг қуйи даражадир.
Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Энг афзал жиҳод золим султон қаршисида айтилган ҳақ сўздир!" (Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).
Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Шаҳидларнинг саййиди Ҳамза ибн Абдулмутталиб ва золим раҳбар қаршисига чиқиб, унга панд-насиҳат қилгани учун қатл этилган кишидир!" (Ҳоким ривоятлари).[36]
Абу Убайда ибн Жарроҳ разияллоҳу анҳудан ривоят: Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Аллоҳ наздида энг мукаррам шаҳидлар ҳақида сўрадим. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагича жавоб бердилар: “Золим ҳоким қаршисида туриб унга панд-насиҳат қилгани учун қатл этилган киши!" (Баззор ривоятлари).
14. Очиқ-ойдин кўриниб турган мункар ишлар инкор этилади. Яширин мункар ишларни қидириб топиш учун жосуслик қилинмайди
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қай бирингиз мункарни кўрса..." деганлар. Бироқ биз учун махфий бўлган, шак-шубҳа аралашган айрим ножўя ишлар сўраб-суриштирилмайди. Чунки бундай жосуслик Ислом шариатида ман қилинган.
Мункар ишни билган ёки жойидан, келиб чиқишидан хабардор бўлган киши худди уни кўрган киши кабидир. Масалан, ишончли одамнинг хабар бериши ёки мункар борлигини билдирувчи белгилар топилиши билан айни фасоднинг олдини олиш ва уни таг-томири билан қўпориб ташлаш учун муносиб чоралар кўрилади.
Бир мункарни фош этмоқ учун девор ошиб, уйларга бостириб кириш мумкинми? Агар тахмин этилаётган мункар иш вақти ўтса ёки ҳаяллаб қолинса кейин ўнглаб бўлмайдиган зино, одам ўлдириш каби гуноҳлардан бўлса, ушбу мункар ишларнинг кенг ёйилиб кетмаслиги, фисқу фасод томир отмаслиги учун шубҳа остига олинган ўринлар кузатилиши-текширилиши мумкин.
Мазкур доирага кирмайдиган мункар ишлар устида кузатув олиб борилмайди. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳуга “Фалончининг соқолидан ароқ томчилайди!" дейишганида, улуғ саҳобий қуйидагича жавоб бердилар: “Аллоҳ таоло бизни жосуслик қилишдан қайтарган!"
15. Ихтилофли нарсалар инкор қилинмайди
Уламолар ижмосига биноан фақат билиттифоқ ҳаром саналган иш қилинса ёки аниқ фарз бўлган амал тарк этилса, қаршилик кўрсатилади. Масалан, ароқхўрлик, судхўрлик, аёлларнинг очиқ-сочиқ юриши, намоз ёки жиҳоднинг тарк қилиниши ва ҳоказо.
Уламолар орасида фарзлиги ёки ҳаромлиги тортишувли бўлган масалаларга келганда инкор қилинмайди. Албатта, бу ерда уммат эътироф этган уламолар маълум далил асосида туриб тортишган, турли хил фикр билдирган масалалар назарда тутилмоқда. Хаворижлар каби суннатга хилоф юрган фирқаларнинг ихтилофлари, ҳеч қандай далилсиз чиқарилган ғайриоддий ҳукмлар ёки саҳиҳ-кучли далилга зид бўлган ихтилофлар мутлақо эътиборга олинмайди. Мисол тариқасида мутъа никоҳини келтириб ўтамиз. Мутъа маълум вақтга уйланиш демакдир. Гарчи айрим тоифалар мутъа никоҳига рухсат берган бўлсалар-да, унинг ҳаромлигига ва ҳалоллигининг мансух қилинганига[37] саҳиҳ далиллар мавжудлиги боис мазкур никоҳ ботил саналади. Мутъа никоҳига кўра уйланган кимса зинокор ҳисобланиб, ҳад урилади.
16. Амри маъруф ва наҳий мункар қилиш масъулияти
Амри маъруф ва наҳий мункар қилмоқ бутун уммат зиммасидаги вазифадир. Мункар ишни кўрган-билган ва инкор этишга қодир бўлган ҳар бир мусулмон суннатга мувофиқ уни рад қилмоғи шарт. Бу борада ҳоким билан маҳкум, олим билан оми ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. “Одамлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро, сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз". (Оли Имрон, 110-оят). “Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар..." (Тавба, 71-оят).
Ҳар иккала оятда ҳам бутун умматга хитоб қилинган. Шунингдек, панд-насиҳат қилишга буюрувчи ҳадисларнинг аксарият қисми ҳам бутун умматга тааллуқлидир: “Қай бирингиз мункар ишни кўрса, уни ўзгартирсин!"; “Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаринглар!"
Аммо ушбу масъулият, хусусан икки синф - олимлар ва раҳбарлар зиммасида алоҳида таъкидланган.
а) Олимлар масъулияти
Уламолар Аллоҳнинг шариатини бошқалардан яхшироқ биладилар. Ҳикмат ва чиройли мавъиза билан панд-насиҳат қилувчи олимлар сўзига кишилар кўпроқ қулоқ солишади. Уммат илм эгаларига эҳтиром назари билан боқади. “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур". (Мужодала, 11-оят).
Уламолар ўз елкаларида турган ушбу масъулиятни унутиб қўйишлари, унга нисбатан бефарқ бўлишлари хатарли оқибатларга олиб боради. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бани Исроил маъсиятларга берилганида уламолари уларни қайтаришди. Бироқ Бани Исроил гуноҳ-маъсиятдан қайтмади. Сўнг уламолар ҳам уларнинг мажлисларида иштирок этадиган, улар билан бирга еб-ичадиган бўлишди. Аллоҳ таоло уларнинг қалбларини бир-бирига аралаштириб қўйди ва уларни Довуд ва Ийсо ибни Марям тилида лаънатлади. Чунки улар осий бўлиб, ҳаддан ошган эдилар". Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суяниб ўтирган эдилар, бирдан ўтириб олдилар-да, бундай дедилар: “Йўқ, жоним қўлида бўлган зотга қасамки, то уларни ҳаққа мажбурлаб кўндирмагунингизгача (ишингиз ўнгланмайди). (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
б) Раҳбарлар масъулияти
Бошлиқлар зиммаларидаги ушбу улкан масъулиятни ҳис этмас эканлар, бунинг оқибати жуда хунук бўлади. Чунки раҳбарлар қўлида ҳокимият бор. Куч-қудрат ва қурол-яроғ эгалари бўлганлари учун ҳам улар фитна чиқиб кетишидан асло қўрқмасдан мункарни рад эта оладилар. Одамлар ҳамиша ҳокимларнинг кўрсатмалари билан ҳисоблашиб иш тутганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Султонга қулоқ солувчилар Қуръонга қулоқ солувчилардан кўпроқ бўлади".
Ибн Асир ушбу ҳадисни “Ниҳоя"да келтириб, ёзадилар:
“Яъни, шундай одамлар борки, мавъиза ва насиҳатдан таъсирланмайдилар, бироқ ҳокимнинг калтаги ёки қиличини кўришлари билан ҳақ олдида бўйин эгиб, қаршиликни тўхтатадилар".
Ҳоким амри маъруф ва наҳий мункарга бефарқ бўлса, фисқу фасод аҳли ўзларини жуда эркин ҳис қиладилар. Осий кимсалар шариат аҳкомларини ҳурмат қилмасдан маъсият ва бузғунчиликка киришадилар. Шу боис Аллоҳ таоло марҳамати билан ўз салтанатида собит турган, ҳақ йўлдан тойилмаган ҳокимлар яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришни ўзларига асосий шиор қилиб олишади. “Албатта Аллоҳ ўзига (яъни динига) ёрдам берган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир. Улар - агар Биз уларни ер юзида ҳоким қилсак - намозни тўкис адо этадиган, закотни ато этадиган, яхшиликка буюрадиган, ёмонликдан қайтарадиган зотлардир. Ишларнинг оқибати Аллоҳнинг измидадир". (Ҳаж сураси, 40-41-оятлар).
Ушбу улкан вожибни эътиборсиз қолдирган ҳокимлар Аллоҳнинг омонатига хиёнат қилган, панд-насиҳат этишлари шарт бўлган раиятни қаровсиз қолдирган бўладилар. Энг даҳшатлиси раҳбар шахсларнинг маъсият ботқоғига ботиб, панд-насиҳатга қулоқ осмай қўйишларидир. Ундан ҳам ёмони масъул амирларнинг ўзлари ёмонликка буюриб, яхшиликдан қайтаришга тушганларида кўринади. Табиийки, бундай чоғда улар шариат билан ҳукм юритмаётган бўладилар.
Ислом раҳбарлари, аввало, Аллоҳнинг шариатини ўрганмоқлари лозим. Амирлар дин ҳимояси, шариат устиворлиги, раиятни яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш ҳамда жамиятда эзгуликни кенг ёйиб, фисқу фасодни таг-томири билан йўқотиш йўлида ҳаракат қилиб, Пок Парвардигордан мадад сўрасинлар. Тағин дўзахга чақирувчи доҳийлардан бўлиб қолмасинлар! “Уларни дўзахга чорлаб турадиган пешволар қилиб қўйдик. Қиёмат кунида ҳам уларга ёрдам берилмас". (Қасос сураси, 41-оят).
17. Панд-насиҳат қилувчининг одоблари
Панд-насиҳати бировларга таъсир қилиши учун, аввало, кишининг ўзи айтаётган сўзларига амал қилмоғи лозим. Ана шунда Аллоҳ таоло бандасининг амалини даргоҳида қабул этади ва унинг сўзлари Қиёматда ўзига қарши ҳужжат бўлмайди. Беамал насиҳатгўйларнинг мавъизалари Қиёмат кунида ўзларига қарши ҳужжат бўлиб, уларни жаҳаннам қаърига бошлайди. “Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани гапирасизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишларни гапиришларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур ишдир". (Саф, 2-3-оятлар).
Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу айтадилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитганман: “Қиёмат кунида бир кимса олиб келиниб, дўзахга ташланади. Шунда қорнидан ичак-чавоғи чиқиб кетади. У дўзах ўтида худди тегирмонни айланаётган эшакдек чархпалак бўлади. Дўзахийлар унинг ёнига келиб сўрайдилар:
- Эй фалончи, сенга нима бўлди? Ахир сен одамларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарар эдинг-ку?!
- Тўғри, - деб жавоб беради ҳалиги одам - Бироқ мен бировларни яхшиликка буюрардим-у, ўзим уни қилмасдим. Бировларни мункардан қайтарардим-у, лекин ўзим уни қилардим". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
18. Иймон хислатларидан
Амри маъруф ва наҳий мункар қилмоқ иймон хислатларидандир. Панд-насиҳат қилувчининг фазилати ушбу амал даражасига қараб белгиланади. Мункар ишни қўли билан ўзгартувчи киши албатта тили билан ўзгартувчидан афзал бўлади. Тили билан мункарни ўзгартувчи кимса фақат қалби билан мункарни ўзгартиришга қодир биродаридан афзал саналади. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари далилдир: “Бу энг заиф иймондир!"; “Кучли мўмин кучсиз мўминга қараганда яхшироқ ва Аллоҳга суюклироқдир. Албатта барчаларида хайр-яхшилик бор".
19. Ниятнинг поклиги
Панд-насиҳат қилувчи шахс шуҳрат ёки обрў-эътибор топиш каби дунёвий ғаразларни кўзламасдан холис Аллоҳ таоло розилиги учун яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарсин. Мўмин киши ҳаром ишни кўрганида Аллоҳнинг фармони бажарилмаётгани учун дарғазаб бўлиб, мункардан қайтаради. У биродарлари Парвардигор ғазабини келтирадиган ишларни қилиб қўйиб, аламли азобга гирифтор бўлмасликлари учун амри маъруф қилади. Ҳавои нафсга бўйсуниб ҳақ йўлдан тойилиб кетмасликка чақиради. Ҳақиқий мўмин ўз зиммасидаги амри-маъруф ва наҳий мункар масъулиятини чуқур ҳис қилади. Парвардигори ғазабига йўлиқмаслик учун фақат Унинг ҳузуридаги ажру мукофотлар умидида яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаради.
Жарир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен намозни тўкис адо этишга, закотни беришга ва барча мусулмонларга насиҳат қилишга сўз бериб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат бердим". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
20. Ҳақиқий қуллик
Чин мўминлар Аллоҳ таолони жуда улуғлаганларидан, Унга исён қилинишини, Унинг унутилишини тасаввур эта олмаганликларидан амри маъруф ва наҳий мункарга астойдил эътибор берадилар. Улар ҳақли равишда пок Парвардигор ҳамиша улуғланиши, Унга шукроналар айтилиши лозим деб биладилар. Аллоҳ таоло муҳаббати улар қалбининг тўридан жой олиб, қон-қонларига сингиб кетган бўлади. Шунинг учун бундай ихлосли зотлар инсонларнинг маъсиятдан қайтиб, тоат-ибодатларга берилиши йўлида ҳеч нарсаларини аямайдилар. Ҳатто даъват ортидан келган азият ва зарарларни ҳам мамнуният билан қабул қиладилар. Улар баъзан ўзларига ёмонлик қилган кимсаларга ҳам Аллоҳдан ҳидоят ва мағфират тилайдилар. Албатта бундай улуғ мартабага фақат ҳақиқий иймон ва ихлос эгаларигина мушарраф бўлурлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрик қавмдан зулм-азият кўрган ҳолатларида юзларидан оққан қонларини артиб, яна ўша золим кимсалар ҳақига дуо қилардилар: “Парвардигоро! Қавмимни Ўзинг мағфират этгин. Улар билмасдан қилаяптилар!"
Салафлардан бири айтганлар: “Майли, танамни қайчилар билан қиймалаб ташласинлар, фақат бутун инсоният Аллоҳга итоат этса, бас!" Абдуллоҳ ибн Умар ибн Абдулазиз оталарига дедилар: “Аллоҳ йўлида иккимизни қозонларга солиб қайнатишса ҳам, розиман".
Аллоҳ муҳаббати билан тўлиб-тошган бу қалблар ўзларига яхши кўрган хайрли неъматни ўзгаларга ҳам чин маънода соғинадилар.
21. Улуғ олимнинг хулосаси
Ислом оламининг илми сербарака ва серманфаат бўлган раббоний олимларидан бири - имом Нававий “Саҳиҳи Муслим" шарҳида ушбу мавзу, яъни амри маъруф ва наҳий мункар мавзусида ҳам сўз юритганлар. Қуйида улуғ имомнинг нодир хулосаларини эътиборингизга ҳавола қиламиз: “Амри маъруф ва наҳий мункар бобининг аксарият қисмига узоқ замонлардан буён амал қилинмайди. Бизнинг замонамизда фақат ундан айрим расм-русумларгина қолган, холос. Аслида амри маъруф ва наҳий мункар боби жуда кўп ишларга калит ҳисобланмиш улкан бобдир. Жамиятда бузғунчилик кўпайса, яхши-ёмон бирдек жазоланади. Агар ҳеч ким золимнинг қўлини зулмдан тўхтатмаса, Аллоҳнинг балоси ҳаммага ёғилади. “Пайғамбарнинг амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар". (Нур сураси, 63-оят).
Аллоҳ розилиги йўлида ҳаракат қилувчи ва Охират талабгори бўлган ҳар бир мусулмон фарзанди ушбу бобга қаттиқ эътибор берсин. Зеро, бугун амри маъруф ва наҳий мункарнинг катта қисми зое бўлган. Панд-насиҳат қилувчи киши ниятини холис қилиб, ишга киришсин. Қаршисидаги кимсанинг юқори мартаба эгаси эканлиги уни ҳақ сўзни айтишидан тўсиб қўймасин. Зеро Аллоҳ таоло бундай деган: “Албатта Аллоҳ ўзига (яъни, динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур!" (Ҳаж, 40-оят); “Ким Аллоҳга боғланса, бас, аниқки, у тўғри йўлга ҳидоят қилинибди". (Оли Имрон, 101-оят); “Бизнинг (йўлимизда) жиҳод қилган-курашган зотларни албатта ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз". (Анкабут, 69-оят); “Одамлар: “Иймон келтирдик", дейишлари билангина имтиҳон қилинмаган ҳолларида қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки, Биз улардан олдингиларни имтиҳон қилган эдик-ку?! Бас (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ (“Иймон келтирдик", деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур". (Анкабут, 2-3-оятлар).
Собир бандалар бошларига тушган мусибатнинг катта-кичиклигига қараб ажр оладилар. Мўмин киши биров билан яхши муносабатда бўлгани ёхуд унинг дўстлиги учун амри маъруф ва наҳий мункардан тўхтамайди. У ўрталарида қандай муносабат-манфаат мавжудлигидан қатъиназар, биродарини ҳамиша яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаради. Албатта биродарликнинг маълум ҳақ-ҳурмати бор. Биродарини Охират яхшилигига чақириб, уни аламли азобдан огоҳ этмоқ ҳам шу дўстликнинг ҳақлари ичига киради. Ҳақиқий дўст биродарининг охирати обод бўлишини истайди. Бу йўлда яқин ўртоғининг мол-давлати бироз камайса ҳам парво қилмайди. Душман эса инсонни Охиратда маҳрумлар қаторида туришини кўзлайди. Майли, айни маҳрумлик кишига ҳаёти дунёда қўшимча фойдалар келтирса ҳам, у рози. Фақат Охиратда хайрли насибадан бебаҳра қолса, бас. Мана шунинг учун шайтон бизга душман ҳисобланади. Пайғамбарлар - уларга Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин! - мўминларниг чин дўстларидир. Чунки улар мудом умматларнинг охирати ҳақида ғам чекканлар, ҳидоятга чорлаганлар. Марҳаматли Аллоҳ таолодан бизни, яқинларимизни ва барча мусулмонларни ўз розилигига муваффақ этишини сўраймиз! Аллоҳ таоло барчамизни раҳмати ва марҳамати соясига олсин. Валлоҳу аълам.
Имом Нававий яна бундай дейдилар: “Панд-насиҳат қилувчи киши кўзлаган мақсадига эришмоғи учун хушмуомала бўлмоғи лозим. Имом Шофеий разияллоҳу анҳу айтадилар: “Ким биродарига яширинча мавъиза қилса, дарҳақиқат, унга насиҳат ва яхшилик қилибди. Ошкора панд-насиҳат ўқувчи киши, биродари обрўсини тўккан ва уни ёмонотлиқ қилган бўлади". Амри маъруф ва наҳий мункар бобида кўпчилик қуйидаги камчиликка бепарво қарайди: Масалан, сиз бировнинг айб-нуқсонли нарса сотаётганини кўриб, индамадингиз. Албатта, бу очиқ-ойдин кўриниб турган хато. Олимлар фатвосига кўра, нуқсонни кўриб-билиб турган киши сотувчини бу ишдан қайтариши ва олувчини молнинг айби-нуқсонидан огоҳ этиши вожиб. Аллоҳнинг ўзи Билгувчироқдир!"
Ўттиз бешинчи ҳадис
Исломий биродарлик ва мусулмоннинг ҳақлари
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "لا تَحَاسَدُوا ، وَلا تَنَاجَشُوا، وَلا تَبَاغَضُوا، وَلا تَدَابَرُوا، وَلا يَبِعْ بَعْضُكُمْ عَلَى بَيْعِ بَعْضٍ، وَكُونُوا عِبَادَ اللهِ إِخْوَانًا، الْمُسْلِمُ أَخُو الْمُسْلِمِ: لايَظْلِمُهُ، وَلا يَكْذِبُهُ، وَلا يَحْقِرُهُ، التَّقْوَى هَهُنَا – وَيُشِيرُ إِلَى صَدْرِهِ ثَلاثَ مَرّاتٍ – بِحَسْبِ امْرِئٍ مِنَ الشَّرِّ أَنْ يَحْقِرَ أَخَاهُ الْمُسْلِمَ، كُلُّ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ حَرَامٌ: دَمُهُ وَمَالُهُ وَعِرْضُهُ". (رواه مسلم).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, сунъий равишда молнинг нархини оширмангиз,[38] ўзаро нафрат-адоватда бўлмангиз, бир-бирларингизга терс ўгирилиб кетмангиз. Ҳеч бирингиз бошқа бировнинг савдоси устидан савдо қилмангиз. Эй Аллоҳнинг қуллари, ўзаро биродар бўлингиз. Мусулмон-мусулмоннинг биродаридир: У биродарига зулм қилмайди, уни алдамайди ва пастга урмайди. Тақво мана бу ерда! – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб уч марта кўкракларига ишора қилдилар. - Кишининг ёмонлигига унинг мусулмон биродарини пастга уриши кифоядир. Мусулмоннинг қони, моли ва обрў-номуси бошқа бир мусулмон учун ҳаромдир. (Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исломий биродарлик фақат баландпарвоз сўзларда қолиб кетишини истамаганлар. Бинобарин, юқоридагидек кўрсатмалари билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ҳаётий ҳақиқатга айлантирдилар. Ислом илгари сурган ушбу улуғ ғоянинг ҳаётийлиги ва ҳимояси учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам очиқ йўлланмалар бердилар. Токи Исломий биродарлик воқеликда ўзининг ажойиб таъсирлари билан намоён бўлсин! Токи у хаёлий бир орзу бўлиб қолмасин! Шу боис ҳам имом Нававий мазкур ҳадисни жуда фойдали ва сермазмун деб мақтаган эдилар. Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар: “Ушбу ҳадис беҳад фойдали ҳамда буюк асос ва мақсадларга ишора қилувчи ривоятдир. У ўзининг мазмун-моҳияти билан барча Ислом аҳкомлари ва одоб-ахлоқини қай бир кўринишда ифода этиб турибди".
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Ҳасад қилманглар
а) Ҳасаднинг луғавий ва шаръий таърифи:
Бир кишида бор бўлган неъмат ундан кетиб, ўзига ёки бошқа бировга ўтишини орзу қилмоқ ҳасаддир.
Бу ярамас хулқ инсон табиатида бор нарса. Чунки инсон ўзидек бир кишининг фазилатда ундан ўтиб кетишини истамайди.
б) Ҳасаднинг ҳукми
Олимлар ҳасадни ҳаром дейишади. Унинг ҳаромлигига Китобу Суннатдан бир қанча далиллар келтириш мумкин:
“Аҳли китобларнинг кўпчилиги сизларни иймонли бўлганингиздан кейин, уларнинг ўзларига ҳам ҳақиқат очиқ равшан бўлганидан сўнг ҳасад қилганлари сабабли куфрга қайтаришни истайди". (Бақара сураси, 109-оят).
“Ёки одамларга Аллоҳ ўз фазлу карамидан берган нарсага ҳасад қиляптиларми?!" (Нисо, 54-оят).
Зубайр ибн Аввом разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлардан илгариги умматлар касали – ҳасад ва ўзаро нафрат-адоват орангизга суқилиб кирди. Нафрат-адоват қирувчидир. У сочни эмас, динни қиради. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, то бир-бирларингизни яхши кўрмас экансизлар, мўмин бўлмайсизлар. Сизларга бир нарсани ўргатайми? Агар уни қилсангизлар, ўзаро меҳр-муҳаббатли бўласизлар: Саломни ўртангизда кенг ёйингиз!" (Аҳмад ва Термизий ривоятлари).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳасаддан сақланинглар. Зеро, ҳасад худди олов ёғочни - ёки ўт-ўланни, дедилар - ямлаганидек яхши амалларни ейди". (Абу Довуд ривоятлари).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Ўтган умматлар касали ҳали менинг умматимга ҳам тегади.
- Ё Расулуллоҳ, уларнинг касали нима эди? - сўрашди саҳобалар.
- Кибр-ҳаво, ношукрлик, мол-дунё тўплаш мусобақаси, ўзаро адоват-ҳасад... Кейин зулм-бузғунчилик бўлади, сўнг алғов-далғов. (Ҳоким ва бошқалар ривояти).
в) Ҳасад нима сабабдан ҳаром қилинган?
Ҳасад - Аллоҳ таолога эътироз ва Унга қайсарлик қилишдир. Ҳасадгўй Аллоҳнинг ишини барбод этишга, фазлу марҳаматини йўққа чиқаришга уринади.
Абу Таййиб бундай деган:
Ер юзида энг золим ҳасадгўй бўлур,
Неъматга кўмилганни кўролмай ўлур.
Ҳасадгўйнинг золимлиги шунда кўринадики, аслида у ўзига яхши кўрган нарсани биродарига ҳам соғиниши керак эди. Аниқки у ўзига берилган неъмат йўқ бўлишини хоҳламайди. Аммо у биродаридаги неъмат йўқ бўлишини орзу қилиб, унинг ҳаққини поймол этди.
Ҳасадгўй учун байрам йўқ. У беҳуда нарса учун хафа бўлади, ҳаром йўл билан ўзини азоблайди. Бировни кўролмаслик пасткаш кимсаларга хос хулқдир.
г) Ҳасадгўйлар уч қисмга бўлинади:
Биринчи қисм: Улар бировга тиллари ёки қўллари билан зулм қилиб, унга берилган неъматни йўқотиш пайида юрадилар. Айримлари бировнинг молига ҳасад қилиб, уни ўзиники қилиб олишга уринади. Энг ярамас, энг жирканч тоифаси эса бировнинг молини ўзиники қилиб олишга уринмайди. Унинг бутун ҳаракати бировга берилган неъматнинг заволига қаратилади.
Иккинчи қисм: Улар гарчи бировга ҳасад қилсалар-да, асло ҳасадларидан келиб чиқиб ҳаракат қилмайдилар. На тил ва на қўл билан ҳасад қилаётган кишиларига зарар-зулм етказмайдилар. Ҳасан Басрийдан қилинган бир ривоятда бундай ҳасад учун киши гуноҳкор бўлмайди, дейилган. Бироқ у ривоят заиф йўллар билан етиб келган. Бу турдаги ҳасад икки хил бўлиши мумкин:
а) Агар киши ҳасадига мағлуб бўлиб, ундан сира қутула олмаса, бундай ҳаракатсиз ҳасади сабабли гуноҳкор бўлмайди.
б) Агар кимса биродарига берилган неъматнинг заволини кўриб, роҳатланса, у худди маъсиятга қаттиқ аҳд қилувчи кабидир. Ҳасаднинг бу тури учун азоб бўлиши ёки бўлмаслиги хусусида уламолар ихтилоф қилганлар. Айни ҳасад кишини тил билан бировга озор беришга олиб бориши мумкин. Ана унда ҳасадгўй сўзсиз гуноҳга ботади. Баъзан киши ўзи ҳасад қилаётган биродарининг даражасига етишиш учун олға ташланади. “Ҳаёти дунёни истайдиган кимсалар: “Эҳ, қани эди бизлар учун ҳам Қорунга ато этилган молу давлат бўлса эди..." дедилар". (Қасас сураси, 79-оят).
Ҳасад қилинаётган даража Охиратга тегишли бўлса, бу яхши ҳавасдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ йўлида шаҳид бўлишни орзу қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Фақат икки нарсага ҳасад (яъни ҳавас) қилса бўлади: Аллоҳ таоло бировга мол-давлат берса ва у кеча-кундуз молидан инфоқ-эҳсон қилса. Аллоҳ таоло бировга Қуръон ато этса ва ҳалиги киши кечаю кундуз Қуръон билан қоим бўлса!" (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Учинчи қисм: Улар қалбларида ҳасад пайдо бўлганини сезишлари билан уни йўқотишга киришадилар. Бундай киши биродарига қўлидан келганича яхшилик қилади, унинг ҳақига дуода бўлади ва фазилатини ёяди. Қалбида уйғонган ҳасадни кетказишга интилади, охири ундаги ҳасад ўрнини “шу мусулмон мендан яхшироқ ва афзалроқ экан", деган маънодаги меҳр-муҳаббат эгаллаб олади. Албатта, бу иймоннинг олий даражалари намунасидир. Ўзи учун яхши кўрган неъматни биродарига ҳам астойдил соғинадиган комил иймонли зотларгина ана шундай йўл тутадилар.
2. Бировга зарар бериш мақсадида молнинг баҳосини ошириш ножоизлиги
Бир киши мол сотиб олишга рағбати йўқ бўлса‑да бозорда овозни баланд қўйиб, мол баҳосини оширади. Масалан, ўзини харидор қилиб кўрсатади-да, мол баҳосини кўтариб савдолашади. Бу иш сотувчи билан келишиб олиб қилинса ҳам, сотувчи бехабар бўлса ҳам, барибир қатъий ҳаром ҳисобланади. Чунки айни услуб алдов ва ғирромликдан бошқа нарса эмас. Исломда ҳар иккиси қайтарилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким бизни алдаса, у биздан эмас".
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бировга зарар бермоқ ниятида мол нархини сунъий равишда оширишни ман қилганлар". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ибн Абу Авфо бундай иш қилувчини рибо молини еювчи хоин деб атаганлар. Ибн Абдулбар айтадилар: “Агар киши шариат ҳукмини билиб туриб шу ишга қўл урса, билиттифоқ гуноҳкордир".
Савол: Ана шундай ҳолатда савдо битими тузилса, унинг ҳукми нима бўлади?
Жавоб: Бу хусусда уламолар турлича фатво берганлар. Имом Аҳмаддан қилинган бир ривоятда бундай савдо битими фосид[39] дейилган.
Баъзилар “Агар бировга зарар бермоқ қасдида мол нархини бозор баҳосидан оширувчи одам сотувчи бўлса ёки сотувчи билан шу ишни келишиб олган бирон кимса бўлса, савдо фосиддир, чунки қайтариқ айнан савдо битимини қилувчи шахсга келиб тақаляпти. Бироқ улар бу алдовга бош қўшмаган бўлсалар, савдо фосид эмас. Сабаби қайтариқ четдаги кимсага тегишли бўлаяпти", - дейишади. Шофеий ҳам бир ривоятда “Агар сотувчи юқоридаги ғирромликни қилмаса, савдо битими дуруст" деганлар. Аксарият уламолар, масалан, Абу Ҳанифа, Молик, Шофеий ва бир ривоятда Аҳмадлар бу савдо битими мутлақо, яъни ҳеч қандай қайд ёки шартсиз дуруст дейишган. Фақат Молик ва Аҳмад сўзларига кўра айни ғирром услубдан бехабар харидор одатдан ташқари даражада алданса-зарар кўрса, савдо битимини бузишга ҳақли бўлади. Имом Аҳмаднинг баъзи асҳоблари ва Имом Молик фатволарига биноан мол нархига қўшимча қўйилган қиймат асл баҳонинг учдан бирини ташкил этса, харидор савдо битимини бекор қилиши мумкин. Агар бекор қилишни истамаса, мол баҳосига ғирромлик натижасида қўшилган зиёда чегириб ташланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ман этган бу қаллоблик “нажаш" деб аталади. Бу сўзни юқорида айтиб ўтилган савдо муомаласидан кенгроқ маънода шарҳлаш ҳам мумкин. Чунки “нажаш"нинг яна бир луғавий маъноси макр‑ҳийла ва авраш йўли билан бирон нарсани қўзғаш демакдир. Шу маъно эътиборга олинса, ҳадиснинг мазмуни қуйидагича бўлади: бир‑бирингизга алдов, ўзаро муомалада ҳийла ишлатмангиз, айёрлик қилмангиз, озор етказмангиз.
Аллоҳ таоло бундай деган: “Ёмон макр-ҳийла фақат ўз эгаларини ўраб ҳалок қилур". (Фотир, 43-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Макр ва алдов дўзахдадир!"
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мусулмонга зарар етказишга уринган ёки унга нисбатан макр-ҳийла ишлатган кимса малъундир!" (Термизий ривоятлари).
Хуллас, алдов ва хиёнат аралашган барча муомалалар Исломда қайтарилган. Молнинг айбини беркитиш, яхши нарса билан ёмон нарсани аралаштириб сотиш ва ҳоказо ғирромликлар ман этилган.
Фақат душманга қарши жангда ҳийла қилиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Уруш ҳийладир!"
3. Ўзаро нафрат-адоватда бўлмангиз
Мусулмонлар ҳавои нафсларига бўйсуниб биродарларига нафрат ёки истеҳзо назари билан боқмасинлар. Фақат Аллоҳ учун бир кимсадан нафратланиш, уни ёмон кўриш мумкин. Мўминлар ҳеч вақт ўзларининг диндош биродарларидан нафратланмайдилар. “Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир!" (Ҳужурот сураси, 10-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, то мўмин бўлмас экансизлар, жаннатга кирмайсизлар. Бир-бирингизни яхши кўрмагунингизгача, мўмин бўлмайсизлар".
Адоват-нафрат икки тарафдан ёки бир тарафдан зоҳир этилади. Аллоҳ таоло учун кимдандир нафратланиш вожиб ёки мандуб амал. Аллоҳдан ўзгани деб бировни ёмон кўриш эса ҳаромдир. “Эй мўминлар, менинг душманим ва сизларнинг душманларингизни дўст тутмангиз!" (Мумтаҳана сураси, 1-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким Аллоҳ учун яхши кўриб, Аллоҳ учун ёмон кўрса ва бериши ҳам, бермаслиги ҳам Аллоҳ учун бўлса, иймонини комил қилибди". (Абу Довуд ривоятлари).
Мўмин ҳамиша ўзини-ўзи тергаб турмоғи лозим. Унинг яхши ёки ёмон кўриши ҳавои нафси таъсирида бўлмаслиги керак. Чунки унда мўмин Аллоҳ учун эмас, бошқа нарса учун кимнидир ёмон кўради ва бу нафрат Исломда ҳаром саналади.
Одамлар ўртасига низо-адоват уруғини сочувчи ҳар қандай нарса ҳаромдир. Бинобарин, Аллоҳ таоло мўминларга ароқ ичишни ва қимор ўйнашини ҳаром қилди. “Ичкилик, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос. Энди тўхтарсизлар!" (Моида, 91-оят).
Бировлар орасига низо-адоват солиш учун туҳмат-бўҳтон гапларни ташиб юриш ҳаром. Икки киши ўртасини ислоҳ қилиш учун ҳатто ёлғон сўзлашга шариат рухсат беради. Бинобарин, доимо ислоҳга ва бирдамликка тарғиб қилинади. “Уларнинг кўп махфий суҳбатларидан - агар садақа беришга ё бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар, - ҳеч қандай фойда йўқдир". (Нисо, 114-оят).
Аҳиллик, ўзаро тотувлик шарафли неъмат бўлгани боис Аллоҳ таоло мўминларга ҳақли равишда қуйидагича миннат қилди: “Аллоҳнинг сизларга берган нематини эсланг: Бир-бирларингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди ва сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз". (Оли Имрон, 103-оят); “У сизни Ўз ёрдами ва мўминлар билан қувватлантирган ва уларнинг дилларини бирлаштирган Зотдир. Агар ердаги бор нарсани сарфласангиз ҳам, уларнинг дилларини бирлаштира олмаган бўлур эдингиз, лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди". (Анфол, 63-оят).
4. Бир-бирларингиздан юз ўгириб, ўртадаги алоқани узмангиз!
Дунёвий нарсалар сабабли биродардан юз ўгирмоқ ҳаромдир. Қуйидаги ҳадисда ҳам айнан ушбу маъно таъкидланган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиб, бир-бирига йўлиққанда униси у ёққа, буниси бу ёққа бурилиб кетиш мусулмонга ҳалол эмас. Уларнинг биринчи бўлиб салом бергани энг яхшисидир". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Биродари билан бир йил аразлашиб, алоқани узган кимса бамисоли унинг қонини тўккан кабидир". (Абу Довуд ривоятлари).
Бироқ бирон диний масала туфайли Аллоҳ йўлида уч кундан ортиқ ҳам ҳажр қилмоқ мумкин. Имом Аҳмад юқоридаги фатвога Табук ғазотидан узрсиз қолиб кетган уч саҳобийнинг мусулмонлардан ажратиб қўйилганини далил қилиб келтирганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу уч саҳобийга танбеҳ бериб ва мунофиқ бўлиб чиқишларидан хавфсираб эллик кун уларни бошқалардан ажратиб қўйдилар. Ҳеч ким улар билан гаплашмади, муомала қилмади. Залолат манбаларига чақирувчи ва улкан бидъатларни қилиб юрувчи кимсаларни ҳам бошқалардан ажратиб қўймоқ мумкин. Хаттобий одоб бериш мақсадида ота фарзанди билан, эр хотини билан маълум вақт алоқани узиб қўйишига рухсат берганлар. Бу масалада ҳатто уч кундан ортиқ ҳажр қилмоқ жоиз дейилган. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларини бир ой четлаб қўйганлар.
5. Ҳеч бирингиз бошқа бировнинг савдоси устидан савдо қилмангиз!
Бу ҳақда кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мўмин кишига биродари савдоси устидан савдо қилиш ҳалол эмас". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Яъни, энди бирон нарса сотиб олган кишига “Молини қайтиб бер! Сенга худди шу пулга бундан яхшироғини сотаман" ёки “Арзон бераман!", деб ўртадаги савдони бузиш мумкин эмас. Сотувчига “Сотган молингни қайтиб ол! Мен қимматроққа сотиб оламан!" деб савдони аксинча бузиш ҳам билиттифоқ ҳаром...
Хуллас, сотувчи ёки харидорни йўлдан уриб, савдо устига савдо қилмоқ ҳаромдир.
Имом Нававий айтадилар: “Савдо-сотиқда бундай йўл тутмоқ гуноҳ ва қайтарилган ишдир". Бироқ кимдир ана шу ножоиз ишга қўл уриб, сотса ёки олса, Шофеий, Абу Ҳанифа ва бошқа фақиҳлар наздида савдо битими кучга киради. Довуд Зоҳирий сўзига кўра савдо битими эътиборга олинмайди. Имом Моликдан бундай савдо ўтади ва ўтмайди, деган маънодаги икки хил ривоят келган.
Юқоридаги сўзлар савдо амалга ошгандан кейинги ҳолатга тегишли эди. Аммо икки киши ўзаро савдолашиб, гапни бир жойга қўйганларидан кейин ҳали олди‑берди қилмаган бўлсалар‑у, бошқа биров четдан келиб, сотувчига “Молингни мен қимматроққа сотиб оламан" деб ёки харидорга “Сенга бундан яхшироқ молни арзонроққа сотаман", деб, уларни айнитиши ҳам ҳаромдир. Бу борада сотувчи ёки олувчининг мўмин ё кофир бўлишининг фарқи йўқ. Чунки бу аҳд ва зиммага вафо қилиш масаласидир.
Юқоридаги ҳолатларда бировларга зарар ва озор етказилгани боис ҳаром ҳукми берилган. Аммо ким ошди савдоси жоиздир. Чунки у ҳали ҳеч ким билан келишиб қўймаган ҳолда қимматроқ пул таклиф қилган кишига молни сотишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир нарсани сотмоқчи бўлиб: “Ким кўпроқ тўлайди?" деганлар.
6. “Эй Аллоҳнинг қуллари, ўзаро биродар бўлингиз!"
Яъни, оға-инилардек, ҳасад-адоват қилмасдан, бир-бирингизнинг савдонгизни бузмасдан, ўртадаги борди-келдини узмасдан ҳамиша очиқ юз ва тоза қалб билан яхши ишларда биродарингизга ёрдамчи бўлиб, ўзаро меҳр-муҳаббат ва дўстона лутф билан муомала қилингиз. Унутмангки, сизлар Аллоҳнинг қулларисиз! Хожасига содиқ қуллар Унинг амрини асло ерда қолдирмайдилар. Парвардигорингиз сизларни дин йўлида оға-инилардек ўзаро баҳамжиҳат бўлишга буюрди. Аллоҳ таолонинг ушбу амрини амалга оширмоқ учун қалблар бир-бирига ошно ва сафлар жипс бўлиши шарт. “У сизни ўз ёрдами ва мўминлар билан қувватлантирган ва уларнинг дилларини бирлаштирган Зотдир!" (Анфол, 63-оят).
Биродарига салом бермоқ, акса уриб “алҳамду лиллаҳ" деганида “ярҳамукаллоҳу ва яшфийк" деб жавоб айтмоқ, касал бўлса, бориб кўрмоқ, чақирганида бормоқ, вафот этса жанозасида қатнашмоқ каби мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳақларига риоя этиш орқали ҳам мўминларнинг бирдамлиги янада мустаҳкамланади.
Бир-бирларига ҳадялар қилиб, қўл сиқишиб кўришадиган мусулмонлар ўртасида меҳр-муҳаббат кучаяди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир-бирингизга ҳадялар беринглар. Чунки ҳадя қалбдаги кекни кетказади". (Термизий ривоятлари). “Бир-бирингизга ҳадялар қилиб туринглар, ўзаро меҳр-муҳаббатли бўласизлар". Умар ибн Абдулазиздан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда айтилади: “Бир-бирингиз билан қўл бериб кўришинглар, чунки у нафрат-адоватни йўқотади. Ўзаро ҳадя алмашиб туринглар!»
Ҳасан Басрий айтадилар: “Қўл бериб кўришмоқ ўртадаги меҳр-муҳаббатни зиёда қилади".
7. Мусулмонниг биродари қаршисидаги вазифалари
Мусулмон киши Исломдаги биродарлари билан муомала қилганида, ҳамиша ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-муҳаббат ришталарини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор бермоғи лозим. “Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар". (Ҳужурот сураси, 10-оят).
Мўминлар бирдамлигига путур етказадиган ва ўрталарига совуқлик туширадиган хатти-ҳаракатлардан йироқ юрмоқ лозим. Хусусан, қуйидаги тўрт нарсадан ҳазир бўлмоқ керак. Зулм, ночор ташлаб қўйиш, алдаш ва алдоқчига чиқариш ҳамда менсимаслик. Ҳар биримиз ўзимизга яхши кўрган неъматни биродаримизга ҳам соғинмас эканмиз, иймони ва Исломи комил зотлар сафига қўшила олмаймиз. Биродарига зиён-заҳмат етмаслиги учун тиришмоқ ҳам комил иймонли инсон хислати сирасига киради. Мана шунда ҳамма нарса жой-жойига тушади.
Исломдаги гўзал ахлоқнинг нафи нафақат мусулмонларга, балки бутун инсониятга тегади. Шу боис, шариат ҳеч кимга зулм-зўровонлик қилишга ёки бировни четга суриб қўйиб, уни пастга уришга рухсат бермайди. Кофирлар шахс эътибори билан эмас, куфрлари сабабли айрим жазо-тақиқларга дучор бўладилар.
а) Зулм ҳаромдир.
Шариат изнисиз бир инсоннинг моли, жони, дини ёки ор-номусига зарар етказмоқ мутлақо мумкин эмас. Чунки айни зулм сабабли Исломий биродарликка путур етади. Ўртадаги аҳиллик дарз кетади. “Аллоҳ таоло айтади: “Эй бандаларим! Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим ва уни сизларнинг ўртангизда ҳам ҳаром этдим. Бас, бир-бирингизга зулм етказмангиз". (Ҳадиси қудсий).
б) Мусулмонни ёрдамсиз ташлаб қўймоқ ҳаромдир.
Ёрдамга муҳтож мусулмонни четга суриб қўймоқ, қодир бўла туриб унга ёрдам қўлини чўзмаслик Исломда қатъий ҳаромдир. “Агар улар дин йўлида сизлардан ёрдам сўрасалар, ёрдам қилиш зиммангиздадир". (Анфол, 72-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мусулмон киши бошқа бир мусулмоннинг ҳақ-ҳурмати топталаётган, ор-номуси тўкилаётган пайтда биродарига ёрдам бермаса, Аллоҳ таоло уни ёрдамга муҳтож пайтида ёрдамсиз қолдиради". (Абу Довуд ривоятлари).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қаршисида бир мўминнинг хорланаётганини кўриб, унга ёрдам беришга қодир бўла туриб ёрдам қўлини чўзмаган кимсани, Аллоҳ таоло Қиёмат куни бутун халойиқ кўз ўнгида хор қилади". (Аҳмад ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Биродари йўқлигида унга ёрдам қилган кишига Аллоҳ таоло дунёю Охиратда ёрдам қилади". (Баззор ривоятлари).
Биродарини ёрдамсиз қолдириш дунёвий ва диний кўринишда бўлиши мумкин. Мазлум биродарига ёрдам бермаслик ёки унга зулм ўтказаётган золимни тўхтатмаслик дунёвий ишларда биродарини ташлаб қўйиш ҳисобланади. Биродарига панд-насиҳат қилиб уни гуноҳ-маъсият йўлидан қайтармаслик эса диний ишларда ташлаб қўйиш дейилади.
в) Мусулмонни алдаш ёки уни алдоқчига чиқармоқ - ҳаром
Мусулмон киши биродарининг ҳаққини адо этиб унга рост сўзламоғи, биродари гапирганида тасдиқламоғи лозим. Мусулмон кишини алдамоқ Исломий омонатга халал етказади. Хусусан, қаршингизда турган кишини ростгўй деб тасдиқлаб турган бўлсангиз... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сенга ишониб турган биродарингга ёлғон сўзлашинг улкан хиёнатдир". (Аҳмад ривоятлари).
Ўртадаги совуқликни кўтариш ёки мол-жонни сақлаш учун эмас, ҳеч қандай шаръий узрсиз ёлғон гапирмоқ алдов ва хиёнатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар банда бир оғиз ёлғон сўзласа, у қилган ишнинг бадбўйлигидан қочиб фаришта бир мил узоқлашади". (Термизий ривоятлари).
г) Мусулмонга менсимай қараш - ҳаром
Мусулмон киши ҳеч қачон биродарини пастга уриб, унга юқоридан туриб муомала қилмайди. Чунки Аллоҳ таоло уни азиз-мукаррам қилиб яратган. Хитоб этиб шариат ҳукмига мукаллаф этган. Мусулмон қадр-қимматини тушириб, унга кибр билан муносабатда бўлмоқ Аллоҳ рубубияти чегарасига тажовуз саналади. Бу эса гуноҳи азимдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кишининг мусулмон биродарини пастга уриши унинг ёмонлигига кифоядир".
Бировларга менсимай юқоридан қараш кибрнинг мевасидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳаққа рози бўлмаслик ва бировларни назар-писанд қилмаслик кибрдир!" (Муслим ривоятлари); Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳақни тан олмаслик ва одамларнинг устидан кулиш кибрдир". (Аҳмад ривоятлари).
Мутакаббир ўзини доно ва бекаму кўст инсон деб ҳисоблайди. Унинг назарида атрофдагилар нўноқ, ношуд одамлар. Шу боис кибр-ҳаволи кимсалар бошқалар устидан кулиб, мазах қилиб гапирадилар.
Бу ёмон сифат бандани жаннатдан йироқлаштириб, дўзахга олиб боради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қалбида зарра мисқолида кибр бўлган банда жаннатга кирмайди". (Муслим ривоятлари); Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизларга жаннат аҳлининг хабарини берайинми?! Улар заиф, камсуқум инсонлардир. Агар Аллоҳ номига қасам ичсалар, Аллоҳ уни оқлайди. Сизларга дўзах аҳлининг хабарини берайинми?! Улар қўпол, баднафс ва гердайган кимсалардир". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
8. Инсонлар фақат тақво билан бир-бирларидан ортиқдирлар
Шариат буйруқларига тўлиқ бўйсуниш, гуноҳ-маъсиятлардан тийилиш билан Аллоҳнинг азобидан қочиш тақводандир. Инсон Парвардигори наздида шахси ёки мол-давлати билан эмас, фақат тақвоси ва тоат-ибодати билангина мукаррам бўлади. Шундай ночор, камсуқум инсонлар борки, улар зулмга асосланган ҳокимияти, сохта обрў-эътиборлари ёхуд ҳаром мол-дунёлари учун кўкларга кўтарилган тубан кимсалардан қадр-қимматда юқори турадилар. Жоҳиллар эътиборида ҳақир саналсалар-да, бундай зотлар ўз тақволари билан Аллоҳ таоло наздида азиз ва мукаррамдирлар. Зеро, инсонларнинг Пок Парвардигор ҳузуридаги мартабалари ҳусн-чирой, насл-насаб, шакл-шамойил, мол-давлат ёки териларининг ранги билан эмас, тақво ва солиҳ амаллари билан бир-бирлариникидан фарқланади. “Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлиларингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ Билгувчи ва Огоҳдир". (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар:
- Энг мукаррам инсон ким?
- Аллоҳ таолодан энг кўп тақво қиладиган банда! - деб жавоб бердилар у зот.
Тақво қалбда бўлади. “Ким Аллоҳнинг қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта бу дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур". (Ҳаж сураси, 32-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло сизларнинг жуссаларингизга ёки кўринишларингизга қарамайди. У қалбларингизга назар солади". (Муслим ривоятлари).
Демак, бир банданинг қай даражада тақводорлиги ҳам ёлғиз Аллоҳга аён. Аллоҳнинг кузатувчанлигини ҳис қилиш зоҳирий амаллар таъсирида эмас, қалбдаги Аллоҳ қўрқуви билан ҳосил бўлади. Аллоҳ таоло инсоннинг қалбига назар солади, яъни бандасига қалбидаги яхшилик ёки ёмонликка яраша жазо-мукофот беради. Қанча-қанча бадавлат, бообрў, келишган одамлар борки, қалблари ҳувиллаб ётибди. Ҳеч нарсаси йўқ, хокисор инсонлар борки, қалблари тақво билан лиммо-лим. Шунинг учун ҳам бировни камситмоқ улкан гуноҳ саналади. Чунки бу нотўғри мезонда чин тақво четда қолиб, “хас-хашаклар" тош босади.
9. Мусулмоннинг ҳақ-ҳурмати
Мусулмоннинг моли, қони ва обрў-эътибори дахлсиздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам видолашув ҳажларида, қурбонлик, арафа ва ташриқ кунларининг иккинчисида улкан жамоат олдида шу нарсани таъкидлаганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир-бирингизнинг молингиз, қонингиз ва обрўйингиз сизларга худди мана шу кунингиз, мана шу шаҳрингиз мана шу ойингиз ҳурмати каби ҳаромдир!" (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Булар осуда Ислом жамиятининг муҳташам биносига пойдевор бўлувчи умуминсоний ҳақ-ҳуқуқлардир. Ушбу покиза муҳитда мусулмон мол-мулки ва обрў-эътиборидан бехавотир яшайди. Ҳеч ким унинг мулкига тажовуз ёки ўғрилик қилмайди. Ҳақ-ҳуқуқини поймол этиб, уни пастга урмайди. Мўминларни тўкис ҳимоя этмоқ учун Аллоҳнинг шариатида тажовузкорларга қасос, ўғрининг қўлини кесиш, зинокорни тошбўрон қилиш ёки дарралаш белгилаб қўйилган.
Ислом мукаррам инсонни ҳатто қўрқитиш, хавотирга солишни ҳам ман этади. Бир саҳобий биродарининг арқонини олиб қўйиб, қўрқитди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мусулмонни қўрқитмоқ мусулмон учун ҳалол эмас!" (Абу Довуд ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳеч бирингиз на ҳазиллашиб ва на жиддий равишда биродарининг битта чўпини олмасин". (Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).[40]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Икки киши учинчисига эшиттирмасдан суҳбатлашмасин. Бу нарса уни хафа қилади". (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Яна бир ривоятда “Бу нарса мўминга озор етказади. Аллоҳ мўминнинг озорланишини ёмон кўради", - дейилган.
10. Ҳадис яна қуйидагиларни ифодалайди
· Ислом нафақат ақида ва ибодат, балки у ахлоқ ва муомала ҳамдир.
· Ислом шариатида ярамас хулқлар ҳалок қилувчи гуноҳ саналади.
· Аллоҳ таоло бандаларини ният ва амал деган нозик мезон асосида тортиб кўради ва шунга кўра ҳукм чиқаради.
· Аллоҳдан қўрқув қалбда бўлади.
Ўттиз олтинчи ҳадис
Эзгулик мажмуаси
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمِنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنْيَا نَفَّسَ اللهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ، وَمَنْ يَسَّرَ عَلَى مُعْسِرٍ يَسَّرَ اللهُ عَلَيْهِ فِي الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ، وَاللهُ فِي عَوْنِ الْعَبْدِ مَا كَانَ الْعَبْدُ فِي عَوْنِ أَخِيهِ. وَمَنْ سَلَكَ طَرِيقًا يَلْتَمِسُ فِيهِ عِلْمًا سَهَّلَ اللهُ لَهُ بِهِ طَرِيقًا إِلَى الْجَنَّةِ. وَمَا اجْتَمَعَ قَوْمٌ فِي بَيْتٍ مِنْ بُيُوتِ اللهِ، يَتْلُونَ كِتَابَ اللهِ وَيَتَدَارَسُونَهُ بَيْنَهُمْ، إِلا نَزَلَتْ عَلَيْهِمُ السَّكِينَةُ، وَغَشِيَتْهُمُ الرَّحْمَةُ، وَحَفَّتْهُمُ الْمَلائِكَةُ، وَذَكَرَهُمُ اللهُ فِيمَنْ عِنْدَهُ. وَمَنْ بَطَّأَ بِهِ عَمَلُهُ لَمْ يُسْرِعْ بِهِ نَسَبُهُ". (رواه بهذا اللفظ مسلم).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради. Модомики, банда биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида бўлади. Ким илм талабида йўл юрса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Одамлар Аллоҳнинг уйларидан бирига йиғилиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилиб, уни ўзаро дарс қилиб ўргансалар, улар устига осудалик тушади, уларни раҳмат қоплайди ва фаришталар ўраб олади. Аллоҳ таоло ўз ҳузуридагиларга уларни зикр қилади. Амали секинлаштирган кимсани насл-насаби тезлаштира олмайди". (Муслим ривоятлари)
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Мусулмонлар бир тана аъзоларидир
Иймон ва Ислом жамиятининг фуқаролари битта тананинг аъзоларига ўхшайдилар. Ўзаро бир тан-бир жон бўлиб кетган бу инсонлар ҳамиша бир-бирларининг ғам-ташвишларига ҳам, қувончларига ҳам шерикдирлар. Улар биродарларининг шодлигидан ўзларида йўқ севинсалар, мусибатларидан қайғуга тушадилар. Мўминларнинг шодиёналари ҳам, ғам-ташвишлари ҳам ўртада бўлади. “Мўминлар бир-бирларига меҳр-муҳаббат ва ғамхўрлик қилишда бамисоли битта тана кабидирлар. Агар танада бир аъзо оғриса, қолган аъзолар иситма ва бедорлик билан унга шерик бўлади". (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Мўминлар ҳамиша биродарлари бошидан ғам-ташвиш булутини аритишга алоҳида эътибор берганлар. Бу йўлда бор имкониятларини ишга солганлар.
2. Дунё ғам-ташвишлари сон-саноқсиз ва уларни аритиш йўллари ҳам хилма-хилдир
Ҳаёт ғам-ташвишлар билан тўла. Мусулмон киши ҳаёти давомида турли-туман қийинчилик, ғам ва бало-мусибатларни бошидан кечиради. Ана шундай оғир дамларда мўминлар бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари лозим.
а) Мусулмонни зулмдан халос қилиш
Мўмин ҳеч қачон биродарига зулм қилмайди. Бироқ Аллоҳ розилигига эришиш учун бунинг ўзи кифоя эмас. Мусулмон киши биродарини ўзгалар зулмидан халос этишга ҳам ҳаракат қилиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У биродарига зулм ҳам қилмайди, уни (золим қўлига) ташлаб ҳам қўймайди». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Биродаринг золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам бер!
- Ё Расулуллоҳ! - деди бир саҳобий - Биродарим мазлум бўлса-ку, ёрдам бераман. Аммо у золим бўлса, қандай ёрдам қиламан?
- Уни зулм қилишдан тийгин. Мана шу унга берган ёрдаминг бўлади». (Муттафақун алайҳ).
Хусусан, бир мўмин дини-иймони учун кофир ва фосиқ кимсалардан жабр кўраётган бўлса, унга ёрдам бермоқ лозим. "Агар улар дин йўлида сизлардан ёрдам сўрасалар, ёрдам қилиш зиммангиздадир". (Анфол, 144-оят).
Мусулмоннинг моли, жони ёки обрў-эътиборига моддий ёхуд маънавий зулмнинг қай бири етишидан қатъиназар, унга ёрдам бермоқ вожибдир. Саҳл ибн Ҳаниф разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қаршисида мўмин киши хорланаётганида қодир бўла туриб, унга ёрдам қўлини чўзмаган бандани Аллоҳ таоло бутун халойиқ кўз ўнгида хор қилади». (Аҳмад ривоятлари)
б) Мусулмонни асирликдан қутқармоқ
Бир мусулмон душман чангалига тушиб қолса, биродарлари уни қутқармоқ учун ҳаракат қилмоқлари шарт. Зеро, мусулмон киши биродарини кофир чангалига - фитна ўчоғига ташлаб қўймайди. Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Оч қолганга таом беринглар, касал ётганни бориб кўринглар ва тутқунни озод қилинглар!» (Бухорий ва Абу Довуд ривоятлари).
в) Муҳтож мусулмонга қарз бермоқ
Баъзан киши молиявий жиҳатдан қийналиб қолади. У ейиш-ичиш, бошпана, даволаниш каби асосий эҳтиёжларини қондириш учун биродарларининг ёрдамига муҳтож бўлади. Ана шундай ҳолатларда мусулмонлар қийналган биродарларига саховат қўлини чўзишлари, ҳеч бўлмаса унга қарзи ҳасана беришлари лозим. Ўз фойдаси йўлида бировлар қонини ичувчи судхўр жамиятнинг аҳволи покиза Ислом муҳитида кўринмаслиги керак. Чунки жоҳиллар қийналиб қолган кишини кўрсалар, ундан ўз фойдалари йўлида унумли фойдаланишга, унинг бор-будини шилиб олишга ҳаракат қиладилар. "Намозни тўкис адо этинглар, закотни ато этинглар ва (бечора-мискинларга хайру саховат қилиш билан) Аллоҳга қарзи ҳасана беринглар". (Муззаммил, 20-оят).
Ушбу сифати билан мусулмон комил исломий муҳитга асос солади ва Парвардигори ҳузурида ажр-мукофотга ноил бўлади. «Аллоҳга қарзи ҳасана берадиган ким борки, Аллоҳ унга бир неча баробар қилиб қайтарур». (Бақара сураси, 245-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким бир мусулмонга икки марта бир дирҳам қарз берса, уларнинг бирини садақа қилиб юборгандек ажр олади». (Ибн Ҳиббон ривоятлари).
Айрим ҳолларда қарз ажр-савобда садақадан юқори бўлиши мумкин. Бу эса олувчи ва берувчининг ҳолатига боғлиқдир. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Исро кечасида жаннат эшигига «Садақага ўн баробар, қарзга ўн саккиз баробар ажр бўлур», деб ёзилганини кўриб, сўрадим:
- Эй Жибрийл, нима сабабли қарз садақадан афзал бўлди?
Жибрийл жавоб бердилар:
- Чунки сўровчи баъзида нарсаси бўла туриб ҳам сўрайверади. Қарз олувчи эса фақат муҳтож бўлгани учун сўрайди». (Ибн Можа ривоятлари).
3. Қиёмат кунининг ғами ва ундан халос бўлмоқ
Қиёмат кунининг ғам-ташвишлари қанчалар кўп ва қанчалар улкан. Ўша кунда ғам-ташвишларини бироз бўлса-да енгиллатиш учун мўмин киши солиҳ амалларга нақадар муҳтож. Қиёмат куни қаршисида нажот эшиклари очилиши ва жаннат йўли ёритилишини истаган банда ўзи учун бу дунёда хайрли амаллар захирасини тўлдириб олиши даркор.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Аллоҳ таоло аввалгиларнию охиргиларни бир тепаликка жамлайди. Нидо қилувчини уларга эшиттиради, кўз уларни кўради. Қуёш яқин келади. Одамлар тоқатлари ва бардошлари етмайдиган кулфат ва ғам-ташвишга рўбарў бўладилар. Улар бир-бирларига қараб, шундай дейдилар:
- Бошларингизга тушган ишни кўраяпсизларми?! Парвардигорингиз ҳузурида сизларни шафоат қиладиган бирон зотни қараб кўрмайсизларми?!" (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Қиёмат кунида одамлар ялангоёқ, яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолларида тўпланадилар», деган сўзларини эшитиб, сўрадим:
- Ё Расулуллоҳ! Аёлу эркак ҳаммаси-я? Ахир улар бир- бирларига қарайдилар-ку?!
- Эй Оиша, - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам - Иш (яъни Қиёмат даҳшати) уларнинг буни ўйлашларидан қаттиқроқдир». (Муттафақун алайҳ).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам "У Кунда барча одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик турадилар" ояти ҳақида шундай дедилар: “Кимдир икки қулоғининг ярмигача терга ботиб туради". (Муттафақун алайҳ).
Ана шу даҳшатлар гирдобида мўмин кишига Аллоҳ таолонинг адолати етиб келади. У дунёдаги амалига яраша жазо-мукофот олади. Ҳаёти дунёда биродарлари ғам-ташвишини кетказиб юрган мўмин ўша куни ўзининг тоғ-тоғ ғам-ташвишларидан Аллоҳ таоло марҳамати билан фориғ бўлади: "Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади".
4. Қийин аҳволда қолган кишига ёрдам бермоқ
Қарзга ботиб, узишга кучи етмаётган ёки қарамоғидагиларни едириб-ичиришдан ожиз қолган ночор кишига ёрдам қўлини чўзмоқ шарт. Қийналиб қолган мўминга қуйидаги ёрдамларни бериш мумкин:
а) Қарз берган киши то биродари қарзини тўлашга қодир бўлгунга қадар сабр қилади. Ночор-қарздор биродарига бундай енгиллик бермоқ вожибдир: "Агар қарздор ночор бўлса, бойигунча кутинг". (Бақара сураси, 280-оят).
б) Қарз берган киши қарзининг бир қисмини ёки ҳаммасини кечиб юборади. Ёки қарзни тўлаш муддати келганда қийин аҳволга тушиб қолган ночор мусулмонга бошқа биров қарз бериб ёки қарзини ўтаб бериб, уни бу мушкул аҳволдан қутқаради. Бу енгиллик шариатда мандуб саналиб, Аллоҳ ҳузурида улкан фазлга сабаб бўлади. "Агар қарздор ночор бўлса, бойигунча кутинг! Агар билсангизлар садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир". (Бақара сураси, 280-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ким қийналиб қолган кишига муҳлат берса ёки қарзини кечиб юборса, Аллоҳ таоло уни ўз соясига олади". (Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Кимда-ким Қиёмат кунидаги ташвишлардан Аллоҳ унга нажот беришини истаса, ночорга ёрдам берсин ёки унинг қарзини ўтаб берсин". (Муслим ривоятлари).
Аллоҳ таоло бундай саховатли бандасига шу дунёда ҳам мукофотлар беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Дуоси ижобат бўлишини ва ғам-ташвиши аришини истаган банда қийналиб қолган кишига ёрдам берсин". (Аҳмад ривоятлари).
5. Аллоҳ таоло бандаларига енгиллик берур
Мол-давлат ҳам, фарзандлар ҳам фойда бермайдиган Кунда банда ҳеч шубҳасиз Аллоҳ азза ва жаллага юзланади. "У Кунда ҳаққоний подшоҳлик Раҳмон учундир. У кун кофирларга кўп қийин кун бўлур". (Фурқон сураси, 26-оят); "Чунки қачон бурғу чалинганида, ана ўша Кун қийин Кундир. Кофирларга осон бўлмаган кундир". (Муддассир, 8-10-оятлар).
Аллоҳга куфрони немат қилиб ибодат нима, шукр нима билмаган, атрофдаги одамларга яхшилик ва эҳсон кўзи билан боқмаган золим кимсалар учун У кун ҳақиқатан жуда оғирдир. Аллоҳ ибодати ва шукрида қоим бўлган, Парвардигори фазли-марҳаматини эътироф этиб, ночор бандаларга ёрдам берган чин мўминлар Қиёмат кунида қилган яхши амалларига муносиб тарзда мукофотланадилар. Аллоҳ таоло уларнинг хато-камчиликларини кечиб юбориб, бу оғир кунни енгил қилади.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Бир киши одамларга қарз берар ва хизматкорига «Агар қийналган одам бўлса, қарзини кечиб юбор. Шояд, Аллоҳ бизни кечирса», дер эди. Ҳалиги банда Аллоҳга рўбарў бўлганида, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечиб юборди". (Бухорий ривоятлари).
Абу Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши ҳисоб-китоб қилинганида, унда ҳеч қандай яхшилик топилмади. Фақат у бой-бадавлат бўлиб, одамлар билан аралашиб юрар ва хизматкорларига: "Қийналган одамдан пулни кечиб юборинглар", дер эди. Аллоҳ азза ва жалла деди: "Бу ишга Биз ҳақлироқмиз. Унинг гуноҳларидан ўтинглар". (Муслим ривоятлари).
6. Аллоҳ таоло соясида
Саҳл ибн Ҳаниф разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ким Аллоҳ йўлидаги мужоҳидга, қарзини узолмаётган ночор қарздорга ёки мукотабга[41] ёрдам берса, Аллоҳ соясидан ўзга соя бўлмаган куни Парвардигори олам уни сояси остига олади". (Аҳмад ривоятлари).
7. Аллоҳ ва Расулига итоат қилишнинг нодир намуналари
Тоат-ибодат, хайр-саховат ва шукрони неъмат борасида саҳобаи киромларга ҳар қанча ҳавас қилсак арзийди. "Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида мўминларнинг сўзи "Эшитдик ва бўйсундик", демоқликдир. Ана ўшаларгина нажот топгувчилардир". (Нур сураси, 51-оят).
Пайғамбар хулқи билан хулқланган, тоат-ибодатда мустаҳкам бўлган асҳоби киромлар хайр-саховати биз учун жуда ибратлидир. Каъб ибн Молик разияллоҳу анҳу масжидда Ибн Абу Худраддан қарзини талаб қилиб, бироз тортишиб қолдилар. Уларнинг баланд овозларини ҳужраларида туриб эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳужра пардасини кўтариб, чақирдилар:
- Эй Каъб!
- Лаббай, Ё Расулуллоҳ!
- Қарзингнинг бунчасини кечиб юбор! - (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ярмини деб ишора қилдилар).
- Ё Расулуллоҳ, бўпти, шундай қилдим.
- Тур, қарзингни тўла! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Абу Худрадга. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки кишининг баланд овозда гаплашаётганини эшитдилар. Уларнинг бири биродаридан бўйнидаги қарзини бироз камайтиришни ва озгина енгиллик беришини сўрарди. Иккинчиси эса "Аллоҳга қасамки, бундай қилмайман", - деб туриб олган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг ёнига чиқдилар:
- Ким у, яхшилик қилмайман, деб Аллоҳ номига қаттиқ қасам ичаётган?!
- Мен, Ё Расулуллоҳ. Бўлди, унинг айтгани бўлади, - дедилар ҳалиги саҳобий". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Асҳоби киромларга яхшилик-хайр йўлида биргина ишоранинг ўзи кифоя эди. Аллоҳ улардан рози бўлсин!
8. Мусулмоннинг айбини беркитмоқ
Мусулмон киши ҳеч қачон биродарини одамлар ўртасида шарманда қилиш учун камчиликларини қидириб, гапириб юрмайди. Аксинча, дин йўлидаги биродарларида нуқсон кўрса, уни бошқалар кўзидан беркитади. Бу ҳақда бир қанча ҳадисларни келтириб ўтиш мумкин:
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ким мусулмон биродарининг айбини беркитса, Қиёмат куни Аллоҳ унинг айбини беркитади. Ким биродари айбини очиб юрса, Аллоҳ унинг айбини очиб, уйида турган ҳолида шарманда қилади". (Ибн Можа ривоятлари).
Салафлардан бири айтадилар:
"Мен айбсиз одамларни кўрдим. Бироқ улар бошқалар айбини гапирдилар ва бошқалар ҳам уларни айблаб гапиришди. Айб-нуқсонли одамларни ҳам кўрдим. Улар бошқалар айбини гапирмадилар, бас, унутилдилар: уларнинг ҳам айблари кўринмади".
Мусулмонларнинг айб-камчилигини қидириб юрмоқ мунофиқлик саналади. Бировларни кўпчилик ўртасида изза қилиш учун фақат нуқсонларини излаб юрувчи кимсалар қалбига иймон неъмати мустаҳкам ўрнашмаган бўлади. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга кўтарилиб, баланд овозда нидо қилдилар: "Эй, тилида мусулмон бўлиб, қалби иймонга тўлмаган кимсалар! Мусулмонларга озор берманглар, уялтирманглар, камчиликларини қидирманглар! Кимда-ким мусулмон биродарининг камчилигини қидирса, Аллоҳ ҳам унинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни кўч-кўрони ичида бўлса ҳам шарманда қилади". (Термизий ривоятлари). Абу Довуд ва Аҳмад ривоятларида: "Мусулмонларни ғийбат қилманглар!" - ҳам дейилган.
9. Мусулмоннинг камчилигини кўриб қолган киши нима қилади?
Бировнинг айбидан воқиф бўлган мусулмон киши индамасдан буни яшириб кетсинми ёки чиқиб жар солсинми? Одамлар бу борада икки хил ҳолатда бўладилар:
а) Ҳолати яширин, яъни одамлар орасида маъсият қилувчи сифатида ном чиқармаган киши. Бундай одам томонидан бирон маъсият, тойилиш содир этилса, уни бошқаларга гапириб, тарқатиб юрмасдан, яширмоқ лозим. Чунки мусулмонлар орасида яхши ном қозонган бир мўминнинг камчилигини ёймоқ ғийбат ва бузғунчиликдан бошқа нарса эмас. "Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, Охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз". (Нур сураси, 19-оят).
Олимлар айтадилар: "Бу ерда мўмин билмасдан қилиб қўйган бир хато ёхуд мутлақо содир бўлмаган нарса билан уни айблаб гап тарқатиш назарда тутилаяпти".
Гуноҳлар билан номи чиқмаган, нопок ишларни ошкора қилиб юрмаган мўминлар айбини беркитмоқ лозим. Мусулмоннинг айбини беркитиш деганда ана шундай кишилар назарда тутилади.
Бир олим айтган эдилар: "Гуноҳкор мусулмонлар айбини беркитинг. Чунки уларнинг маъсиятларини ёймоқ Ислом аҳлининг айбини кўрсатмоқдир. Ишларнинг энг афзали биродарлар айбини беркитмоқдир".
Албатта, биродарининг айбини бошқалар кўзидан яширган киши фақат шу билан кифояланиб қолмайди. У биродарига панд-насиҳат қилиб, уни ёмон ишлардан йироқ юришга ва шариат аҳкомларига тўла риоя этишга даъват қилади. Зеро, панд-насиҳат қилмоқ мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳақлари сирасига киради.
б) Маъсиятларни ошкора қилувчи, ёмонлик билан танилган фожир кимсалар айби беркитилмайди. Қилган гуноҳига афсус-надомат чекмайдиган фосиқ кимсаларнинг асл башарасини маълум қилмоқ, ҳатто вожиб ҳамдир. Чунки бунда бошқа мусулмонлар ҳақиқатдан хабардор бўлиб, фосиқлар ёмонлигидан ўзларини эҳтиёт қиладилар. Ошкора бузғунчилик қилувчи кимсанинг кирдикори зўрайиб, ўзи одамлардан тап тортмайдиган бўлиб кетса, унинг ишини ҳокимга кўтариш вожиб бўлади. Ислом раҳбари гуноҳкорга қилмишига яраша шаръий жазо белгилайди.
Гуноҳдан тийилмайдиган фожирлар айбини беркитмоқ уларни бадтар руҳлантириб юборади. Натижада жамият орасида фасод авж олади. Шу боис Ислом диёрини фитна-бузғунчиликдан покиза сақлаш йўлида бундай ярамас кимсаларга, ҳатто қидириб топиб жазо берилади. Бунинг далили қуйидаги ҳадисдан олинади: Икки киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига ҳукм сўраб келди. Бирининг ўғли иккинчисининг аёли билан зино қилганди. "Эй Унайс, ўша аёлнинг олдига бор. Агар иқрор бўлса, уни тошбўрон қил", - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
10. Хато-маъсиятни ҳокимга маълум қилмоқ
Мусулмон киши қилиб қўйган хатосини ичига яширгани ва Парвардигорига тавбалар қилгани мандубдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, деди:
- Ё Расулуллоҳ, Мен Мадина четида бир аёлга тегиниб қўйдим. Фақат жимо қилганим йўқ. Мана, мен қаршингизда турибман. Хоҳлаган ҳукмингизни чиқаринг.
- Аллоҳ гуноҳингни беркитган экан. Уни сен ҳам ичингга яширсанг бўларди, - дедилар Умар". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Мусулмон киши гуноҳини тан олиб ҳокимнинг олдига борса-ю, қилиб қўйган гуноҳини батафсил баён қилмаса, ҳоким ҳам ундан тафсилотларни суриштирмагани яхши. Қилинган гуноҳни яширин қолдириб, имкон қадар уни иқрор бўлишдан қайтаради. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида эканимда бир киши келиб, деди:
- Ё Расулуллоҳ, мен ҳад-шаръий жазога лойиқ иш қилдим. Мега жазо беринг.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан ҳеч нарсани суриштирмадилар. Намоз вақти бўлди. Ҳалиги одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга намоз ўқиди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларини тугатгач, яна гапирди:
- Ё Расулуллоҳ, мен жазога лойиқ иш қилдим. Аллоҳнинг китобини устимда жорий этинг.
- Сен биз билан бирга намоз ўқимадингми? - сўрадилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Ҳа!
- Аллоҳ сенинг гуноҳингни (ёки жазойингни дедилар) кечирди. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда эканликларида ҳузурларига бир киши келиб, деди:
- Ё Расулуллоҳ, мен зино қилдим!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзларини ўгириб олдилар. Ҳалиги одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юз ўгирган томонга ўтди. Гуноҳини эътироф этиб тўрт марта гувоҳлик бергач, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни чақириб, дедилар:
- Ақлдан озадиган касалинг борми?
- Йўқ, Ё Расулуллоҳ!
- Уйланганмисан?
- Ҳа, ё Расулуллоҳ!
- Буни олиб бориб, тошбўрон қилинглар, - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам". (Бухорий ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: Моиз ибн Молик гуноҳини эътироф этиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келганида, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Эҳтимол ўпгандирсан, баданини ушлагандирсан ёки қарагандирсан?
Юқоридаги ҳукмлар гуноҳкор ва унинг эътирофига тааллуқли эди. Агар ҳоли яширин кишининг бир гуноҳ қилиб қўйганини кўрсак, унинг айбини яширмоқ афзал, ҳатто буни бошқаларга етказиш макруҳ ёки ҳаром саналади. Бу жамиятнинг тинч-осуда яшаши учун зарурдир.
11. Маъсият қилишга одатланиб қолган кимса...
Бировнинг айбини беркитмоқ деганда гуноҳга қўл урган‑у шу гуноҳи ниҳоясига етган, ўзи эса Аллоҳдан қўрқадиган банда назарда тутилган. Бироқ ошкора гуноҳ-маъсият қилувчи фосиқлар қаршисида жим туриш ярамайди. Уларни маъсиятдан қайтармоқ, агар қайтмасалар, пайсалламай ҳокимга хабар бермоқ лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Мункарни кўрсангизлар, ўзгартиринглар", деганлар.
12. Гуноҳкорнинг ёнини олмоқ
Одамлар орасида ёмон ном чиқармаган дин-диёнатли киши камчиликка йўл қўйсаю, шу номаъқул иши бировнинг ҳақига тааллуқли бўлса, ўша одамдан унинг айбидан ўтишни сўраб ўртага тушиш мустаҳабдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дин-диёнатли кишиларнинг хатоларини кечиринг, магар ҳадларни жорий этинг». (Абу Довуд ривоятлари).
Маъсиятдан ҳаё қилмайдиган фосиқ кимсанинг айби яширилмаганидек, унинг ўртасига ҳам ҳеч ким тушмайди. Бошқаларга ибрат бўлиши учун бундай кимсалар шаръий жазога тортилади. Имом Молик айтадилар: "Фасод ва ёмонлик билан танилган кимсани ҳеч ким оқламасин, ёнини олмасин. Унинг устидан ҳад қоим қилиниши керак".
13. Ҳокимнинг олдида шафоат қилиш йўқдир!
Иш ҳокимга етиб боргунга қадар бировнинг ёнини олиш, ўртага тушиш мумкин. Иш ҳокимга кўтарилгач, ўртага тушиб воситачилик қилиш гуноҳ саналади. Имом Молик айтадилар: "Одамларга озор-азият етказмайдиган киши томонидан бир хато содир этилса, иш ҳокимга кўтарилмасдан туриб, унинг ёнини олиш мумкин".
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят: “Ўғрилик қилган Бани Махзумлик бир аёлнинг иши Қурайшни анча ўйга толдирди. Улар мана шу аёлнинг ишини ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан гаплашиб бераркин, дейишди.
- Бунга фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суюклиси Усома ибн Зайднинг журъати етиши мумкин, ‑ деб айтишди. Усома разияллоҳу анҳу ўғри аёлнинг гуноҳини сўраб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилдилар.
- Сен Аллоҳ белгилаган ҳад-шаръий жазо хусусида ўртага тушяпсанми?! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб, хутба қилдилар: “Сизлардан аввалгилар ораларидаги бирон обрў-эътиборли шахс ўғрилик қилса, индамай, заиф киши ўғрилик қилса, жазога тортганликлари боис ҳалок бўлишди. Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса ҳам, қўлини кесган бўлардим". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Сафвон ибн Умайя разияллоҳу анҳунинг ридоси ўғирланганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўғрининг қўлини кесишга буюрдилар.
- Ё Расулуллоҳ, мен бундай бўлишини истамагандим. Майли, ўша ридо унга садақа, - деди Сафвон ибн Умайя разияллоҳу анҳу.
- Уни ҳузуримга олиб келмасдан шундай қилсанг бўлмасмиди? - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Насоий, Ибн Можа ва Молик ривоятлари).
Имом Молик "Муватто"да қуйидаги ривоятни келтирадилар: “Зубайр ибн Аввом разияллоҳу анҳу ўғрини ушлаб ҳокимнинг олдига олиб бораётган кишини учратиб қолдилар ва ўғрини шафоат қилмоқчи бўлдилар. Бироқ ҳалиги одам:
‑ Йўқ, олдин уни султонга олиб борай‑чи, ‑ деди.
- Уни ҳокимнинг олдига олиб борганингдан кейин шафоат қилувчи ҳам, шафоатланган ҳам лаънатланади, - дедилар Зубайр разияллоҳу анҳу".
Агар ҳокимнинг олдида ҳам айбдорнинг гуноҳи сўраб олинаверса, Ислом раҳбарининг ҳайбати йўқолади. Ҳақ-ҳуқуқлар поймол бўлиб, жамиятда фасод-бузғунчилик кенг ёйилади. Жиноятчилар жазодан қутилиб қолишга кўз тикишади, ислоҳ қилувчилар умиди пучга чиқади. Натижада, уммат жар ёқасига келиб қолади. Шу боис Ислом раҳбарлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига эргашиб, ўз қарорларида қатъий турмоқлари лозим. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатмаларига хилоф юришдан ҳазир бўлсинлар. "Пайғамбарнинг амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!" (Нур, 63-оят).
14. Ўзига хос таъриф
Ибн Ҳажар Ҳайтамий биродарнинг айбини беркитишни қуйидагича таърифлаганлар: “...Ёки беркитишдан мурод кишининг дини сақланишига ёрдам бериб, ҳиссий ёки маънавий камчилигини яширишдир. Мисол учун, аҳли оилага муҳтож кишини уйлантириш ёки иш излаган кишига тижорат қилиши учун мол топиб бериш ва ҳоказо".
Имом Ҳайтамийнинг гапларини мусулмонлар тўлиқ тушунганларида, жамият жуда кўп бало-офатлардан қутиларди. Турли-туман фасод ҳам шу билан барҳам топган бўларди. Хусусан, оила қуришга имконияти етмаган йигит-қизларнинг беҳуда санғишлари ва уйланиш масаласидаги бир қанча қийинчиликлар ўз-ўзидан йўқоларди. Мусулмонлар ҳали-ҳануз беғам, бепарво, адашиб-улоқиб юрибдилар. Улар Исломга мутлақо ёт бўлган бемаъни одатлар, кераксиз тақлидлар қулига айланишган. Бундай мусулмонлар учун энг муҳими маҳалла-кўй ўртасида ўзини кўз-кўз қилиш, сохта мақтанчоқлик, обрў-эътибор. Айни бидъатларнинг асосий қурбонлари эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам васият қилиб кетган умматининг покиза ёшлари бўлмоқда.
Мусулмонлар фарзандлари учун моддий ва маънавий тинч муҳитни яратмоқлари лозим. Токи дин саломатлиги, жамият тинчлиги ва Охират ҳаловати таъмин этилсин.
15. Мусулмонларнинг бир-бирларига ёрдам беришлари, Аллоҳ азза ва жалланинг мадади
Модомики, шахслар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик ва дўст-биродарлик бўлмас экан, улар яшаётган жамият ҳеч қачон кучли, мустаҳкам бўла олмайди. Ҳар бир мусулмон киши биродарининг иши учун моли, жони, обрў-эътиборини ўртага қўйиб ҳаракат қилсагина, жипс жамоа вужудга келади. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чақирган ва Қуръонда буюрилган мўминларнинг бир тан, бир жон бўлишлари воқеликда кўринади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Мўмин мўминга бир-бирини суяб, тутиб турувчи бино кабидир". (Муттафақун алайҳ).
"Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз". (Моида, 2-оят).
Ўзаро ҳамкорлик жамиятларнинг таркиб топишида, уммат ва шахслар ҳаётида кучли таъсирга эга бўлганлиги боис, ушбу хислат Аллоҳ таоло наздидаги энг афзал амаллардан саналди. Ҳамкорлик ибодатга айланди ва унинг ажр-мукофоти намоз, рўза, садақа каби амаллар ажрига тенг ёки ортиқ қилинди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Бир кишига от-уловига чиқишда ёрдам беришинг ёки нарсасини кўтариб олиб беришинг ҳам садақадир". (Муттафақун алайҳ).
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга сафарда эдик. Орамизда рўза тутганлар ҳам, тутмаганлар ҳам бор эди. Рўза тутмаганлар дадил туриб ишга киришишди. (Бир ривоятда чодирлар тикишди, от-уловларни суғоришди, дейилган). Рўза тутганлар эса чарчаб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бугун ажрни рўза тутмаганлар олиб кетди, - дедилар". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Яъни, рўза тутмаганлар худди рўза тутганлардек ёки кўпроқ ажрга эга бўлишди. Чунки улар ўз амаллари билан биродарларининг рўза тутишларига ҳам ёрдам бердилар.
Абу Қилоба разияллоҳу анҳудан ривоят: “Бир гуруҳ саҳобийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир ҳамсафарларини мақтаб келишди:
- Биз фалончидек одамни ҳеч қачон кўрмаганмиз. У ҳар доим тиловатда бўлди. Қаерга қўнсак, намоз ўқирди.
- Унинг кундалик юмушларини ким бажарди?.. Ким туясига ем берди? - деб сўрадилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Биз! - дейишди саҳобалар.
- Сизларнинг ҳаммангиз ундан яхшисизлар, - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам". (Абу Довуд ривоятлари).
Яъни, сизлар ҳам худди Қуръон тиловат қилган ва намоз ўқигандек ёки кўпроқ ажр оласизлар.
Умар разияллоҳу анҳудан ривоят: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Амалларнинг энг афзали мўминни хурсанд қилмоқдир: Уни кийинтирасан, қорнини тўйғазасан ёки ҳожатини чиқарасан". (Табароний ривоятлари).
Мусулмон киши биродарига ёрдам бериб улкан натижага, яъни Аллоҳ таборака ва таолонинг мададига мушарраф бўлади.
"Модомики, банда биродарининг ёрдамида турар экан, Аллоҳ унинг ёрдамида бўлади".
Тўғрида, ахир куч-қувват Ёлғиз Аллоҳ таолодандир. Борлиқни ҳаракатга келтирувчи, берувчи ёки ман этувчи ёлғиз Пок Парвардигордир. Соғлигу касаллик, қуввату заифлик, бойлигу фақирлик барча-барчаси Унинг измидадир. У Зот бандалари қалбини Ўзи хоҳлаганидек буриб, айлантириб туради. Биродари ташвиши йўлида елиб-югураётган бир бандасига бошқаларни меҳрибон қилиб қўяди. Одамлар ўз-ўзидан унинг ғамини ейдиган, хизматини қиладиган бўлиб қоладилар. Фазл Аллоҳдандир ва яна Аллоҳга қайтади. Аллоҳ таоло бандаларига жазо-мукофот бериш учун амални уларга нисбат берди. Инсонларни бир-бирига муҳтож этиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳнинг карамидир. "Сизларга берилган барча ноз-неъматлар Ёлғиз Аллоҳдандир". (Наҳл сураси, 53-оят).
16. Гўзал намуна ва салафи солиҳлар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини бир нарсага чақирсалар, аввало ўзлари ибрат бўлардилар. Саҳобаларига, хусусан муҳтожларига ёрдам беришда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам беназир эдилар. Хаббоб ибн Арат разияллоҳу анҳунинг қизлари ҳикоя қиладилар: "Хаббоб ҳарбий гуруҳ билан чиқиб кетганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳолимиздан хабар олиб турардилар. Ҳатто эчкимизни соғиб берардилар. Идишимиз сутга тўлиб-тошиб кетарди. Хаббоб қайтиб келиб, соғгач, эчкининг сути аввалги ҳолига қайтарди." (Аҳмад ривоятлари)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари у зотнинг ҳақиқий шогирдлари, чин издошлари бўлдилар. Улар ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашардилар. Саҳобаларга чиройли суратда эргашган зотлар – тобеинлар ҳам бу йўлдан оғишмадилар. Аллоҳ улардан рози бўлсин, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлсинлар.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу эрлари йўқ уйларнинг қўйларини соғиб берардилар. Сиддиқ разияллоҳу анҳу халифа бўлгач, бир жория «Абу Бакр энди қўйларимизни соғиб бермайди», деди. Бу гап халифага етиб борди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу бунга қуйидагича жавоб бердилар: "Нега энди?! Умид қиламанки, мен киришган иш (яъни халифалик) аввал қилиб юрган амалларимнинг биронтасини ўзгартирмайди".
Умар разияллоҳу анҳу ҳамиша бевалар ҳолидан хабар олиб, кечаси уларга сув ташиб берардилар. Бир кеча Талҳа ибн Убайдуллоҳ разияллоҳу анҳу Умар разияллоҳу анҳунинг бир аёлникига кириб кетаётганларини кўрадилар. Ҳалига аёл қартайиб, ўтириб қолган кўр кампир экан.
- Кечаги киши сизникида нима қилади? - сўради Талҳа.
- У фалон вақтдан буён ҳолимдан хабар олиб туради, керакли нарсаларни олиб келиб беради. Ахлатларни чиқариб ташлайди, - деб жавоб берди у аёл.
- Сени йўқлаб онанг йиғласин, эй Талҳа, - дедилар Талҳа разияллоҳу анҳу - Сен ҳали Умарнинг камчиликларини қидириб юрибсанми?
Абу Воил разияллоҳу анҳу ҳар куни эрлари йўқ ва кекса аёллар ҳолидан хабар олар, уларга керакли нарсаларни сотиб олиб келиб берардилар.
Мужоҳид айтадилар: "Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳунинг хизматини қилай, деб бирга сафарга чиқдим. Қайтага Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу менинг хизматимни қилдилар".
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бир кишининг ҳожатини чиқариш учун асҳобларини жўнатиб, дедилар: "Сизлар Собит Бунонийникига ўтиб, уни ҳам бирга олиб кетинглар. Асҳоблар Собитнинг олдига келишди.
- Мен эътикофдаман, - дедилар Собит. Улар Ҳасан Басрийнинг олдига қайтиб бориб, воқеани баён қилдилар.
- Унга бориб айтинглар, - дедилар Ҳасан Басрий - Эй Аъмаш, билмайсанми, ахир биродарингнинг ишини деб юришинг сен учун ҳаждан кейинги ҳаждан ҳам яхшироқдир!
Асҳоблар Собитнинг олдига қайтишди. У эътикофини тарк қилиб, биродарларига қўшилди".
17. Ўртага тушинглар, ажр оласизлар!
Ўзаро ҳамкорлик нафақат моддий ёрдамни, балки маънавий кўмакни ҳам ўз ичига олади. Мисол учун, кимдир биродарининг ҳожатини чиқариш учун ўз обрў-эътиборини ўртага қўйиб, ҳоким ёки масъул шахслар олдида ҳаракат қилади. Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бир сўровчи келса ёки у зотга бировнинг иши тушадиган бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига дердилар: "Ўртага тушинглар, ажр оласизлар. Аллоҳ таоло Пайғамбарининг тили орқали Ўзи хоҳлаганидек ҳукм қилур". (Бухорий ривоятлари).
Яъни муҳтож киши менга ўз эҳтиёжини баён қилганида, унинг ёнини олиб, ўртага тушинглар. Ўшанда сўзларингизнинг қабул бўлиш-бўлмаслигидан қатъиназар, сизлар ажр оласизлар. Зеро, Аллоҳ Пайғамбари тили орқали сўровчига нисбатан салбий ёки ижобий ҳукм чиқарур. Бу Аллоҳнинг қазои қадаридир.
Ибн Ҳажар "Фатҳул Борий"да ёзадилар: "Мазкур ҳадис яхшилик қилишга, хайрли ишларга сабабчи бўлишга ва катталар ҳузурида заиф-ночорлар ёнини олишга чақиради. Чунки ҳар ким ҳам ҳокимнинг ёнига кириб, унга бор ғамини батафсил тушунтириб беришга қодир эмас. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматдан алоҳида бўлиб ажралиб олмаганлар".
Албатта, бу ерда Аллоҳ ҳадларидан бошқа ишларда шафоат қилиниши назарда тутилаяпти.
18. Жаннат йўли
Банданинг Аллоҳ таоло ҳузурида нажот топиши учун Ислом шарт. Ислом эса фақат илм билан юзага келади. Зеро, Аллоҳ таолони таниш ва Унга етишиш учун илмдан ўзга йўл йўқ. Хайрли илм Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога олиб борадиган энг яқин йўлни кўрсатади. Кимда-ким мана шу йўлдан оғишмай олға юрса, кўзлаган мақсадига эришади. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам талаби илмни жаннат йўли деб шарҳладилар. Хайрли илм талабида йўл босмоқ кишини жаннат сари бошлайди. "Илм талабида йўл босган инсонга Аллоҳ таоло жаннат йўлини осон қилиб қўяди".
Айтаётган сўзимизга энг кучли далил бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қилинган ваҳийнинг илмга ва илмнинг воситаларига буюриш билан бошланганидир. Илоҳий ваҳий Аллоҳ таолонинг улуғлиги ҳамда борлиқ сирларини идрок этишда илм неъматининг аҳамияти ва шарафига эътибор тортиш ҳамда собит илмий ҳақиқатларга ишора қилиш билан бошланди. Мана, у оятлар: "Яратган зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан ўқинг! У инсонни лахта қондан яратган Зотдир. Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз ўта карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни) ўргатган зотдир. У инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди". (Алақ сураси, 1-5-оятлар).
19. Исломда илмнинг ўрни
Жаннат йўли саналмиш хайрли илм Исломда жуда қадрланади. Аллоҳ ҳузуридаги манзил-мартабада уламолар анбиёлар мартабасига яқинлаштирилган. "Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни даража-мартабаларга кўтарур". (Мужодала, 11-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Аллоҳнинг Пайғамбарлари на дирҳам ва на динор қолдирдилар. Улардан илм мерос бўлиб қолди. Ким уни олса, дарҳақиқат, тўкис насибага эга бўлибди". (Термизий ва бошқалар ривояти).
20. Исломда талаби илмнинг ҳукми
Илм ўрганмоқ фарздир. У икки хил даражада бўлади:
а) Фарзи айн: Ҳар бир мўмин-мусулмон билиши шарт бўлган илмлар. Улар кишининг ақидаси соғлом, ибодати дуруст ва бутун ҳаёти Аллоҳ шариатига мувофиқ бўлиши учун зарур саналган илмлардир. "Билингки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир". (Муҳаммад сураси, 19-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Илм ўрганмоқ ҳар бир мусулмонга фарздир". (Ибн Можа ривоятлари).
б) Фарзи кифоя: Умуман, мусулмонлар жамоаси билиши шарт бўлган илмлар. Бу соҳада маълум шахсларнинг машғул бўлиши бошқалар устидан масъулиятни соқит қилади. Агар ҳеч ким улар билан шуғулланмай қўйса, ҳамма бирдек гуноҳкор бўлади. Масалан, шариат илмларини чуқур, батафсил ўрганмоқ, ёд олмоқ, мусулмон жамоа учун зарур бўлган соҳаларни эгалламоқ ва ер юзида ҳақ ва адолат давлатининг мустаҳкам туришига сабаб қилиб қўйилган илмларнинг эгалланиши ана шу фарзи кифоя таркибига киради. Агар Ислом давлати ҳар соҳада тўкис ва мукаммал бўлса, воқеликда ўзига хос ҳайбат касб этади. Ана шунда чор-атрофдаги душманлар, фосиқу фожир кимсалар унга қарши юришга журъат қила олишмайди. "Барча мўминлар жангга чиқишлари лойиқ эмас. Ахир улардан ҳар бир гуруҳдан бир тоифа одамлар чиқмайдиларми?! (Қолганлари эса Мадинада) динни ўрганиб, (жангга кетган) қавмлари уларнинг олдиларига қайтган вақтларида, у қавмлар Аллоҳнинг азобидан сақланишлари учун уларни огоҳлантиргани (қолмайдиларми)?!" (Тавба, 122-оят).
Уммат эҳтиёжи учун зарур бўлган илмлар ҳам диний илмларга қиёс қилинади.
Шариат илмларини чуқур ўрганмоқ, мусулмон учун зарур бўлган соҳаларни эгалламоқ ҳам мусулмон учун мандубдир. "Айтинг: "Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин". (Тоҳо сураси, 114-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Аллоҳ таоло кимга бир хайр-яхшиликни истаса, уни динни англайдиган қилиб қўяди". (Муттафақун алайҳ).
21. Илм ‑ нур, уламолар эса йўл кўрсатувчи машъалалардир
Аллоҳни танимоқ, унинг розилигини топмоқ ва Қиёмат кунида Унга яқин бўлиб, муваффақият қозонмоқ учун илм ягона чорадир. Аллоҳ таоло айнан мана шу нур билан Пайғамбарларни жўнатди, уларга китоблар нозил этди. Пок Парвардигор у орқали бандаларини жаҳолат зулматларидан, шак-шубҳа ва ваҳима чангалидан халос қилади. "Сизларга Аллоҳ тарафидан Нур – очиқ китоб келдики, Аллоҳ у сабабли ўзининг розилигига эришган зотларни нажот йўлларига ҳидоят қилур ва ўз изну иродаси билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва уларни тўғри йўлга ҳидоят қилур". (Моида сураси, 15-16-оятлар).
"Бас, унга (Пайғамбарга) иймон келтирган, уни улуғлаб, унга ёрдам қилган ҳамда у билан нозил қилинган нурга (яъни Қуръонга) эргашган зотлар – ана ўшаларгина нажот топгувчилардир". (Аъроф, 157-оят).
Ихлосу ибодатда мустаҳкам олимлар Пайғамбарлар илмига меросхўр бўладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Пайғамбарлар на дирҳам ва на динор қолдирдилар. Улардан фақат илм мерос бўлиб қолди". (Термизий ва бошқалар ривояти).
Уламолар уммат йўлини ёритувчи, ҳамиша уларни ортларидан эргаштириб, саодат манзилига олиб чиқувчи, раиятга ҳақиқий иззат ва мукаррамлик нималигини кўрсатиб берувчи ёрқин машъалалардир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ердаги уламолар худди кўкдаги юлдузларга ўхшайди. Одамлар қуруқлигу денгиз зулматларида юлдузларга қараб йўл топадилар. Агар улар ўчса, йўлбошловчилар ҳам адашиб кетиши мумкин".
Уммат орасида илм бор экан, улар ҳидоят ва хайрдан, адолат ва тараққиётдан йироқлашиб кетмайдилар. Илмнинг йўқолиб кетмаслиги уни кўтарувчи олимлар ҳаётига боғлиқ. Яъни, олимлар йўқолиши билан илм ҳам уммат устидан кўтарилади. Натижада, жамиятда парокандалик бошланиб, разолат ва фасод томир отади. Тўғри йўлдан адашган уммат ўзини-ўзи ҳалокат сари бошлайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Аллоҳ таоло илмни бандалари орасидан шундай суғуриб олиб қўймайди. У зот олимларни олиб қўйиш билан илмни олиб қўяди. Ҳатто биронта олимни қолдирмагач, кишилар жоҳил кимсаларни раҳнамо тутадилар. Жоҳил раҳнамолардан сўрасалар, улар илмсизлик билан фатво берадилар. Оқибат ўзлари ҳам адашадилар, ўзгаларни ҳам адаштирадилар". (Муттафақун алайҳ).
22. "Ва айтинг: "Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин".
Мусулмон киши ҳеч қачон олдинга интилишдан тўхтамайди. У ҳамиша фазилатли мартабаларга эришиш йўлида ҳаракат қилади. Хусусан, фазилат белгиси бўлмиш фойдали илмга сира тўймайди. Ахир, қуйидаги оят-ҳадисларни ўқиб, яхшилик йўлида қандай сусткашлик қилади: "Айтинг: "Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин". (Тоҳо сураси, 114-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Мени Аллоҳ азза ва жаллага янада яқинроқ қиладиган илмни зиёда этмаган куним қуёш чиқиши билан мен учун баракотли эмас".
Илм лаззати кишининг бу йўлдаги хатти-ҳаракатини кучайтиради. Ушбу ҳақиқатни Парвардигори илм берган, таълимни гўзал қилган ва одоб бериб, одобини ҳам комил этган ростгўй зот таъкидлаганлар. У зотга Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Икки оч сира тўймайди: Илм толиби ва дунё талабгори". (Баззор ва бошқалар ривояти).
Зиёда илм фақат Аллоҳ тавфиқи билан муяссар бўлади. Толиби илм динини сақлаш, биродарларига ёрдам бериш учун фақат Аллоҳ таоло розилигини истаб, холис ниятда таҳсилга киришса, Аллоҳ таолонинг Ўзи унинг йўлини очиб қўяди. Покиза ниятли толиб қайси бир мавзуга қўл урмасин, унинг қаршисида кенг уфқлар намоён бўлади. "Қасамки, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олувчи борми?" (Қамар сураси, 17-оят).
23. Илмига амал қилган киши кўп нарсаларни ўрганади
Илм билан амал, гап билан иш битта бўлса, Аллоҳ тавфиқи ва инояти ҳам олий даражада зоҳир бўлади. "Аллоҳдан қўрқингиз! Аллоҳ сизларга билдиради. Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир". (Бақара сураси, 282-оят).
Мусулмон ҳар қачон ўрганиб, илмга амал қилса, у жаннат йўлидан шунча олға юрган, Аллоҳ таборака ва таолога янада кўпроқ қурбат ҳосил қилган бўлади. Банда Аллоҳга қанчалик яқин бўлса, талаби илмга бўлган тавфиқи ҳам шу қадар ортади. Боамал кишининг ҳар бир ўргангани унинг ҳидоят ва тақвосини зиёда қилади. Худди шу тарзда илмига амал қилувчи ҳақиқий уламолар фазилат ва илм чўққиларига кўтарилиб, комил ва тўкис ҳидоят эгаси бўладилар. Аллоҳ таоло ҳузурида ҳам улар мартабаси ҳавас қилгуликдир. "Аллоҳ ҳақ йўлдаги кишиларга яна ҳидоятни зиёда қилур. Парвардигорингиз наздида абадий қолувчи яхши амаллар савоб жиҳатидан ҳам, оқибат жиҳатидан ҳам ортиқроқдир". (Марям, 76-оят).
"Ҳидоят топган – тўғри йўлга юрган зотларга эса Аллоҳ яна ҳидоятни зиёда қилур ва тақво ато этур". (Муҳаммад сураси, 17-оят).
24. Илмга амал қилмасликнинг оқибати
Олимларнинг йўл кўрсатувчи машъалалар эканини, уларсиз уммат адашиб-улоқиб кетишини юқорида айтиб ўтдик. Бироқ бундан-да ёмон офат бор. У уламоларнинг ҳақ йўлдан тойилиб, тоат-ибодатда эмас, гуноҳ-маъсиятда ўзгаларга ўрнак бўлиши, айтган гапларининг қилаётган ишларига тўғри келмаслигидир. Шариат ушбу тойилишнинг нечоғлик хунук оқибатларга олиб боришини баён этиб, ундан қаттиқ қайтарди. "Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани айтурсизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур ишдир". (Саф сураси, 2-3-оятлар).
Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу айтадилар: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитганман:
- Қиёмат кунида бир кимса олиб келиниб, дўзахга ташланади. Шунда қорнидан ичак-чавоғи чиқиб кетади. У дўзах ўтида худди тегирмонда айланаётган эшакдек чархпалак бўлади. Дўзахийлар унинг ёнига келиб сўрайдилар:
- Эй фалончи, сенга нима бўлди? Ахир сен одамларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарар эдинг-ку?!
- Тўғри, - деб жавоб беради ҳалиги одам, - Бироқ мен яхшиликка буюрардим-у, ўзим уни қилмасдим. Ёмонликдан қайтарардим-у, ўзим уни қилардим». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Исро кечасида оловдан ясалган қайчилар билан лаблари қиймаланаётган одамлар олдидан ўтдим.
- Эй Жибрийл, улар кимлар? - деб сўрадим.
- Умматингизнинг ўзлари қилмайдиган ишларни гапирувчи хатиблари! - деди Жибрийл алайҳиссалом". (Мунзирий ривоятлари). Байҳақий ривоятларида «Аллоҳ китобини ўқиб, унга амал қилмайдиганлар», дейилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Банда умрини қандай ўтказгани, илмига нималарда амал қилгани, молини қаердан топиб, қаерга ишлатгани ва танасини нимада қаритгани хусусида сўралгунга қадар унинг қадамлари жилмай туради". (Термизий ривоятлари. Ҳасан-саҳиҳ ҳадис).
25. Илм тарқатиш
Ислом илм ўрганишни ва уни бошқаларга ўргатишни тарғиб қилади. "Ахир улардан ҳар бир гуруҳдан бир тоифа одамлар жангга чиқмайдиларми?! (Қолганлари эса Мадинада) динни ўрганиб, (жангга кетган) қавмлари уларнинг олдиларига қайтган вақтларида, у қавмлар Аллоҳнинг азобидан сақланишлари учун уларни огоҳлантиргани (қолмайдиларми)?!" (Тавба сураси, 122-оят)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Биздан бир нарсани эшитиб, уни эшитганидек етказган кишининг юзини Аллоҳ яшнатсин. Шундай етказилганлар борки, улар эшитганларга қараганда яхшироқ англайдилар". (Термизий ва бошқалар ривояти).
Банда учун энг хайрли ва ўлимидан сўнг ҳам ажр-савоби етиб турадиган амал бошқаларга илм ўргатмоқдир. Зеро, Аллоҳ таоло худди шу илм сабабли уни азиз-мукаррам қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Банда вафот этиши билан унинг амали узилади. Фақат уч нарса бундан мустасно: Садақаи жория, фойдали илм ва унинг ҳақига дуо қилувчи солиҳ фарзанд". (Муслим ва бошқалар ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Энг афзал садақа мусулмон кишининг илм ўрганиб, сўнг уни мусулмон биродарига ўргатишидир". (Ибн Можа ривоятлари).
26. Илм талабида ниятини холис қилиб, ҳатто мумкин нарсалардан ўзни тийиш
Толиби илм ёки олим ҳамиша холис Аллоҳ учун илм ўрганиши ва ўргатиши лозим. Унинг мақсади мол-дунё, мансаб ёки обрў-эътибор қозониш эмас, Аллоҳ динини асраш, уни бошқаларга ўргатиш ва биродарларига шу тариқа наф етказиш бўлиши керак. «Фалончи бундай экан» деган мақтовни эшитиш, илми билан бошқалардан устун туриш ёхуд кимларнидир баҳс-мунозарада мағлуб этиб, мағрур юриш учун илм ўрганган кимса Аллоҳ таоло ғазабига дучор бўлади. Унинг илм йўлида чеккан барча ғам-ташвишлари ва қилган саъй-ҳаракатлари беҳуда кетади.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Аллоҳ юзи мақсад қилинадиган бир илмни дунёвий ғаразни кўзлаб ўрганган кимса Қиёмат кунида жаннатнинг ҳидини топмайди". (Абу Довуд ва бошқалар ривояти).
Каъб ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитганман: "Олимлар билан тортишиш ёки нодонлар билан талашиш ва шу йўл билан одамларни ўзига қаратиш мақсадида илм ўрганган кимсани Аллоҳ таоло дўзахга киритади". (Термизий ва бошқалар ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Қиёмат кунида энг биринчи ҳисоб-китоб қилинадиганлар... (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мужоҳид ва эҳсон қилувчи ҳақида гапирганлар. Сўнг:) илм ўрганган, бошқаларга ҳам илм ўргатган ва Қуръон ўқиган банда келтирилади. Аллоҳ таоло унга берган неъматларини эслатади. Банда эътироф этади.
- Хўш, сен улардан фойдаланиб, қандай амал қилдинг? - сўрайди Аллоҳ таоло.
- Илм ўргандим ва уни ўргатдим, Сен учун Қуръон ўқидим, - деб жавоб беради банда.
- Бекор айтибсан! Сен одамларнинг "Бу олим!" дейишлари учун илм ўргандинг ва "қори" дейишлари учун Қуръон ўқидинг. Шундай деб айтилди ҳам!
Сўнг Аллоҳ буйруғига биноан ҳалиги банда юзтубан ҳолда судралиб, дўзахга ташлаб юборилади".
27. Илмнинг ярми – "билмайман"
Чин ихлосли олимлар ҳеч қачон билмаган нарсаларини билмайман, деб айтишдан кибр қилмаганлар. Аксарият уламолар жуда кўп саволларга шундай жавоб қайтаришган. Фақат аниқ билган нарсаларинигина айтганлар. Ҳатто айтадиларки, илмнинг ярми билмайман, дейишдир. Бу кишининг ўз сўзига қанчалик эътиборли эканлигини кўрсатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг олий мартабаларида туриб “билмайман" дейишдан тортинмаганлар: "Бу масалада сўралувчи сўровчидан илмлироқ эмас".
Кишининг бир нарсани билмаслигини эътироф этиши асло уят саналмайди. Ахир Аллоҳ таолонинг қўйидаги каломини эшитмаганмисиз: "Сизларга жуда оз илм берилгандир". (Исро, 85-оят).
28. Толиби илм одобларидан
Илм толиби ҳақиқий устозларни излаб топиши, улар этагини маҳкам тутиб, хизматларига ҳамиша шай туриб илм ва одоб ўрганмоғи лозим. "Мусо унга (Хизрга): "Сенга билдирилган билимдан менга ҳам тўғри йўлни таълим беришинг учун сенга эргашсам майлими?" – деди". (Каҳф сураси, 66-оят).
29. Аллоҳ азза ва жалла зикри
Аллоҳ таолони зикр қилмоқ энг улуғ ибодатлардандир.
"Сиз ўзингизга ваҳий қилинган Китобдан (оятлар) тиловат қилинг ва намозни тўкис адо қилинг! Албатта намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур. Аниқки, Аллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғроқдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билиб турур". (Анкабут сураси, 45-оят).
Чунки Аллоҳ таоло зикри инсонни ҳар бир ишида шариатга мувофиқ юришга ундайди. Унга Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсани кўриб турувчи Зот эканлигини таъкидлайди. Иймон кузатуви остида ҳаёт кечирувчи инсон Парвардигори билан ҳам тўғри ва чиройли муносабатда бўлади. Шу боис мусулмон ҳамиша Аллоҳ таоло зикри билан юришга буюрилган.
"Эй иймон келтирган зотлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар ва эртаю кеч Унга тасбеҳ айтинглар!" (Нур сураси, 41-42-оятлар).
"Намозни адо қилиб бўлганингиздан кейин ҳам турган, ўтирган ва ёнбошлаган пайтларингизда доим Аллоҳни ёд этингиз!" (Нисо сураси, 103-оят).
30. Энг яхши зикр Аллоҳ таоло китобидир
Аллоҳ таоло китобида шариат аҳкомлари, мусулмоннинг вазифалари ва унинг ҳаёт йўлини белгилаб берувчи, бахт-саодатга бошловчи ҳақ кўрсатмалари ҳамда бандалар эҳтиёт бўлишлари лозим бўлган ёмонликлар баён этилган. Бинобарин, Аллоҳ таолони зикр этмоқ учун Унинг каломидан-да хайрли восита йўқ.
"Сизга эса одамларга нозил қилган (аҳкомлар)ни баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани - Қуръонни нозил қилдик". (Наҳл сураси, 44-оят).
"У бир эслатма ва очиқ-равшан Қуръондир". (Ёсин сураси, 69-оят).
"Бу бир эслатмадир. Шак-шубҳасиз, тақводор зотлар учун гўзал оқибат бор". (Сод сураси, 49-оят).
"Қасамки, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олувчи борми?" (Қамар сураси, 17-оят).
31. Масжидлар ободлиги
Аллоҳ азза ва жалла зикри, Қуръон тиловати ва илм ўрганиш учун энг хайрли маскан Аллоҳнинг уйлари – масжидлардир. Аллоҳ уйларини мўминлар обод қиладилар. Масжидларнинг ободонлиги намоз, эътикоф каби ибодатлар ёнига қўшилган илм ва зикр биландир.
"(У чироқ) бир уйларда (яъни масжидларда ёқилурки), Аллоҳ уларни баланд кўтариб (бино) қилинишга ва уларда ўзининг номи зикр қилинишига изн берган (яъни амр қилган) эди. У (масжидларда) эртаю кеч У зотни поклайдиган кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на олди-сотди Аллоҳни зикр қилишдан, намозни тўкис адо этишдан ва закотни ато этишдан чалғита олмас. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган Кундан қўрқурлар. Улар Аллоҳ ўзларини қилган амалларининг энг гўзаллари сабабли мукофотлаши ва яна уларга ўз фазлу карами билан зиёда (савоблар ато) қилиши учун (ибодат қилурлар). Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур". (Нур сураси, 36-38-оятлар).
32. Ибодат ва шафоат
Қуръон тиловати ибодатдир ва банда бунинг учун ажр-савоб олади. Қуръон тиловати банданинг Қиёмат кунида нажот топишига ва Парвардигори розилигига эришишига восита бўлади. Чунки Қуръон Аллоҳ ҳузурида ўз қорисини шафоат қилади.
"Сиз ўзингизга ваҳий қилинган Парвардигорингизнинг китоби - Қуръонни тиловат қилинг!" (Каҳф сураси, 27-оят).
"Айтинг: "Мен фақат мана шу шаҳарнинг (яъни Макканинг) Парвардигоригагина ибодат қилишга буюрилганман. У (бу шаҳарни) ҳаром қилган зотдир, Барча нарса Уникидир. Мен мусулмонлардан бўлишга ва Қуръон тиловат қилишга буюрилганман". Бас, ким ҳақ йўлга юрса, фақат ўз фойдаси учун юрар. Ким йўлдан озса, у ҳолда айтингки: "Мен фақат огоҳлантирувчиларданман". (Намл, 91-92-оятлар).
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Қуръонни ёд олган ҳолида уни ўқиётган киши улуғ-мукаррам фаришталар билан биргадир. Қуръонни ўқишга қийналса-да, уни мудом ўқиб юрадиган кишига иккита ажр бордир". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ким Аллоҳ китобидан бир ҳарф ўқиса, унга битта яхшилик-ҳасана ёзилади. Ҳасанага ўн баробар зиёдаси билан (ажр-мукофот берилади). Мен "Алиф, лом, мим" битта ҳарф деб айтаётганим йўқ. Балки, алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир". (Термизий ривоятлари).
Абу Умома Боҳилий разияллоҳу анҳудан ривоят: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитганман: "Қуръон ўқинглар! Чунки у Қиёмат кунида ўқувчилар учун шафоатчи бўлиб келади". (Муслим ривоятлари).
Қуръон тиловатига қулоқ солмоқ фазилатда уни тиловат қилишдан кам эмас. Қуръонни жим туриб тингламоқ Аллоҳ таоло мағфирати ва раҳматига ноил бўлишга сабабчидир.
"Қачонки Қуръон қироат қилинса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз, шояд раҳматга сазовор бўлсангизлар". (Аъроф сураси, 204-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ким Аллоҳ китобидан бир оятга қулоқ тутса, унга зиёда ҳасаналар ёзилади. Ким бир оят тиловат қилса, Қиёмат кунида унинг учун нур бўлади". (Аҳмад ривоятлари).
Шу боис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Қуръон тиловатини эшитишни хуш кўрганлар. Абдуллоҳ ибн Маъсуд разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Менга Қуръон ўқиб бер», дедилар.
- Қуръон сизга нозил этилган бўлса-ю, мен сизга ўқиб берайми? - дедим.
- Мен уни бировдан эшитишни ёқтираман.
Мен Нисо сурасини ўқиб, қуйидаги оятгача етдим: "Биз ҳар бир умматдан гувоҳ келтирганмизда ва Сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда уларнинг ҳоли не кечур?!" (Нисо сураси, 41-оят) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам "Бас" ёки "тўхта", - дедилар. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўзларидан ёш оқаётган экан". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
33. Нур устига нур
Қуръон тиловати ёки унга қулоқ солишга тушуниш, тадаббур ва Аллоҳ қўрқуви ҳам қўшилса, ажр-савоб зиёда бўлиб, нур устига нур бўлади. Бу банданинг ақлу заковати ва Аллоҳ ҳузуридаги даражасига бир ишорадир. "(Қуръон барча одамлар) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун Биз сизга нозил қилган бир муборак китобдир". (Сод сураси, 29-оят).
Биз ўрганаётган ҳадис ҳам мўминларни ушбу фазилатга ундайди. Мўминлар қай бир хонадонда, манзилу масканда йиғилиб, Қуръон тиловати билан Парвардигорларини зикр қилсалар, ҳадисда таъкидланган фазилатга ноил бўладилар. Хусусан, уйларида ўтириши хайрли бўлган муслималар учун ҳам бу фазилат тааллуқлидир. Албатта, эр кишилар масжидларда зикр ва тиловат қилишлари афзал. Чунки Аллоҳнинг уйларида кишини чалғитадиган, кўнглию баданини кирлатадиган моддий ва маънавий кирликлар бўлмайди. Боз устига, Аллоҳ зикри билан масжидлар ободдир.
34. Аллоҳ фазли ва ризоси
Қуръон тиловати ва тадаббури билан машғул мўминларга Аллоҳ таоло тўрт мукаррамлик ато этади. Уларнинг ҳар бири Қуръон мухлисларининг олий мартабасига, Аллоҳ таоло розилиги ва мағфиратига далолат қилади.
Биринчи мукаррамлик: «Улар устига осудалик нозил қилинади».
Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят: "Бир киши Каҳф сурасини ўқирди. Шунда ҳовлидаги от безовталанди. Ҳалиги киши тўхтаб қараб, атрофини ўраб турган туман ёки булутни кўрди. У бўлган воқеани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сўзлаб берди.
- Ўқийвер! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам - У Қуръон учун нозил бўлган осудаликдир". (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Ушбу осудалик билан қалблар хотиржам бўлади, кўнгиллар ором олади. Инсон ақли тиниқлашиб, қарор топади. "Улар иймон келтирган, қалблари Аллоҳни зикр қилиш-эслаш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур". (Раъд сураси, 28-оят).
Қалблари тош қотиб, Аллоҳ зикридан ғофил юрган, қимматли вақтларини бесамар кетказиб, нафрат ва ғазаб остида кун кечираётган бадбахт кимсалар ҳоли нақадар ёмон! Ахир Охиратда уларни абадий азоб-жаҳаннам кутиб турибди. "Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг-бахтсиз ҳаёт бўлур ва биз уни Қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз". (Тоҳо сураси, 124-оят).
"Бас, диллари Аллоҳни эслашдан қотиб қолган (яъни Аллоҳни эслашни тарк қилган) кимсаларга ҳалокат бўлгай. Улар очиқ залолатдадирлар!". (Зумар сураси, 22-оят).
Иккинчи мукаррамлик: "Уларни раҳмат қоплайди".
"Салмон разияллоҳу анҳу Аллоҳ таоло зикрини қилиб ўтирган бир давра орасида эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг ёнидан ўтдилар. “Нималарни гапиряпсизлар? Мен устингиздан ёғилаётган раҳматни кўриб, унга шерик бўлишни хоҳладим! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам». (Ҳоким ривоятлари).
Аллоҳ таоло раҳмати банда учун энг улкан ва хайрли насибадир. "Айтинг: "Аллоҳнинг фазлу марҳамати ва раҳмат-меҳрибонлиги билан – мана шу неъмат билан шод-хуррам бўлсинлар. Зеро, бу улар тўплайдиган мол-дунёлардан яхшироқдир". (Юнус, 58-оят).
Аллоҳ китобини тиловат қилишлари ва ўзаро уни ўрганишлари уларнинг чиройли амал эгалари эканликларига далолат қилган, Аллоҳ раҳматига яқин бўлган зотларга нақадар яхши! «Зеро, Аллоҳнинг раҳмати чиройли амал қилувчиларга яқиндир». (Аъроф, 56-оят)
Ушбу амаллари уларнинг чин иймонли, ростгўй, тақводор ва Аллоҳ азобидан омон қолгувчилардан эканликлари ҳақидаги хушхабар ҳамдир. "Аллоҳ айтди: "Азобимни Ўзим хоҳлаган кимсага етказурман. Раҳматим-меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Мен раҳматимни тақво қиладиган, закотни берадиган зотларга ва Бизнинг оятларимизга иймон келтиргувчи бўлган кишиларга ёзурман". (Аъроф сураси, 156-оят).
Учинчи мукаррамлик: "Уларни фаришталар ўраб олади.
Усайд ибн Хузайр разияллоҳу анҳудан ривоят: "Усайд разияллоҳу анҳу кечаси Бақара сурасини ўқирдилар. Отлари олдиларида боғлиқ эди. Бирдан от безовталаниб қолди. Усайд Қуръон ўқишдан тўхтаган эдилар, от ҳам тинчланди. Улар яна ўқишни бошладилар, от яна безовталанди. Ўқишдан тўхтаган эдилар, от тинчланди. Сўнг яна тиловат қилдилар, от яна безовталанди. Усайд от яқинида турган ўғиллари Яҳёдан хавотирланиб туриб кетдилар. Ўғилларини олаётганларида бошларини тепага кўтардилар ва бир нарсаларни кўрдилар. Тонг отгач, бўлган воқеани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга гапириб бердилар.
- Ўқи, эй Ибн Хузайр! Ўқи, эй Ибн Хузайр! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Ё Расулуллоҳ, мен Яҳёни от босиб кетишидан қўрқдим. У отнинг ёнида эди. Бошимни кўтардим ва унинг олдига бордим. Бошимни осмонга кўтарсам, бир булутга ўхшаган нарса. Унда бамисоли чироқлар ёниб турибди. Улар чиқиб кетди, ниҳоят кўринмай қолди.
- Унинг нималигини биласанми? - сўрадилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Йўқ!
- Улар сенинг овозинг учун яқинлашган фаришталар эди. Агар ўқийверганингда, одамлар уларни кўриб қоларди. Фаришталар улардан яширина олишмасди". (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Қуръон тиловат қилувчилар кўпайгани сари фаришталар сони ҳам зиёдалашиб, уларни ҳар томондан ўраб олади.
Хўш, фаришталарнинг тушиши, Қуръон ўқувчиларни ўраб туришлари нимани англатади? Бу Қуръон мухлисларининг тинч-омонликда эканликларини, уларнинг турли ёқимсиз нарсалар ва озор-азиятлардан ҳимояланганликларини билдиради. "Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилувчи фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар". (Раъд, 11-оят).
Балки фаришталар гувоҳлигининг энг яхши самараси бошқа нарсада кўринар: Маълумки, фаришталар Аллоҳ таоло билан бандалари ўртасидаги элчилардир. Улар мўминларнинг Қуръонни ўқиб-ўрганаётганларини, Аллоҳ ғазабидан қўрқиб, Унинг раҳматидан, мағфиратидан умидвор турганликларини Парвардигорлари ҳузурига кўтариб борадилар. Оқибат, Қуръон мухлислари Аллоҳ мағфирати ва раҳматига ноил бўладилар.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таолонинг шундай фаришталари борки, улар зикр аҳлини қидириб айланиб юрурлар. Агар Аллоҳни зикр қилаётган кишиларни топсалар, «қидирган нарсаларингизга келинглар», - деб бир-бирларини чақирадилар. Фаришталар зикр аҳлини қанотлари билан ўраб, дунё осмонигача етадилар. Аллоҳ таоло ўзи яхши билиб турса-да, фаришталаридан сўрайди:
- Бандаларим нима дейишяпти?
- Сенга тасбеҳ, такбир, ҳамд айтиб Сени улуғлаяптилар.
- Улар Мени кўрганмилар?
- Йўқ, Аллоҳга қасамки, кўрмаганлар.
- Агар Мени кўрсалар нима қилишади?
- Унда Сенга янада кўпроқ ибодат қилиб, бундан-да кўп тасбеҳ айтиб, сени улуғлашади.
- Улар мендан нима сўраяптилар?
- Сендан жаннат сўраяптилар?
- Жаннатни кўришганми?
- Йўқ, Аллоҳга қасамки, эй Парвардигор, жаннатни кўрмаганлар.
- Агар кўрганларида, нима бўларди?
- Агар жаннатни кўрсалар, унга янада қаттиқроқ интилиб, талабгор бўлиб, рағбатлари ошиб кетарди.
- Нимадан паноҳ тилаяптилар?
- Дўзахдан.
- Улар дўзахни кўрганмилар?
- Йўқ, Аллоҳга қасамки, эй Парвардигор, уни кўрмаганлар.
- Агар кўрсалар, нима бўларди?
- Агар кўрсалар, дўзахдан яна ҳам кўпроқ, қаттиқроқ қўрққан бўлардилар.
- Сизлар гувоҳсизлар, Мен уларни мағфират қилдим.
Шунда фаришталардан бири дейди:
- Фалончи ораларида ўтиргани билан улардан эмас. У бир иш билан келган эди.
- Улар бирга ўтирибдилар. Уларнинг ёнида ўтирганлар ҳам бадбахт бўлмаслар!". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Тўртинчи мукаррамлик: "Аллоҳ уларни ўз ҳузуридагиларга зикр қилади".
"Бас Мени эсласангиз, Мен ҳам сизларни эслайман ва Менга шукр қилингиз ва Мени инкор қилмангиз!". (Бақара сураси, 152-оят).
Банда Аллоҳ китобини тиловат қилиб ёки оятларига қулоқ тутиб Парвардигорини зикр этса, Аллоҳ азза ва жалла ҳам унга шундай муносабатда бўлади. Пок Парвардигор бу бандасини Ўз ҳузуридагиларга зикр қилади. Аллоҳ зикри билан банда зикри ўртасида жуда катта фарқ бор. Парвардигорнинг бир бандани ўз ҳузурида эслаши унинг учун ҳам раҳмат, мағфират, қабул, розилик ва олий мартабадир. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Аллоҳ таоло айтади: Мен бандамнинг Мен ҳақидаги ўйидаман. Мени эслаган чоғида у билан биргаман. Агар у мени ичида зикр қилса, Мен ҳам ичимда зикр қиламан. Агар бир жамоада зикр қилса, Мен уни улардан яхшироқ жамоада зикр қиламан. Бандам менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир билак яқинлашаман. Агар менга бир билак яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Агар у Мен томон юриб келса, Мен у томон югуриб бораман!". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Аллоҳ таоло амрига бўйсуниб, тоат-ибодатда мустаҳкам бўлган солиҳ бандага Пок Парвардигор раҳмати, розилиги ва ажру мукофоти шу қадар тез келади.
Хуллас, Аллоҳ китобини ўқиб-ўрганиб, унга тўла-тўкис амал қилган мўминлар "тижорати" уларга беҳисоб фойдалар келтиради. "Албатта Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан умидвордирлар, зеро Аллоҳ уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлу карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берур. Албатта у мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир (яъни, озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир)". (Фотир, 29-30-оятлар).
Қуръон тиловати ва татбиғига содиқ зотлар фахр қилсинларки, бу йўлда уларнинг ибратли раҳнамолари бутун инсониятнинг энг хайрли кишиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва фаришталар улуғи Жаброил алайҳиссаломдир. Улар Аллоҳ китобини бирга дарс қилар эдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаммадан сахий инсон эдилар. Айниқса, Рамазонда Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида саховатлари жуда ошиб кетарди. Жаброил алайҳиссалом Рамазонда ҳар кеча Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашиб, Пайғамбаримизга Қуръондан таълим берардилар. Ўшанда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшиликда тўхтовсиз эсувчи шамолдан-да саховатлироқ бўлиб кетардилар". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Аллоҳ таоло зикри учун йиғилган жамоат ана шундай улуғ фойдани қўлга киритиши мумкин.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ва Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги ҳадисни эшитганларини айтганлар: "Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиб ўтирган жамоатни фаришталар ўраб олишади, уларни раҳмат қоплайди, устларига сакинат-осудалик нозил бўлади ва Аллоҳ уларни ўз ҳузуридагиларга зикр қилади!" (Муслим ривоятлари).
Тасаввур қилинг: Сизни Аллоҳ таоло фаришталар олдида зикр қилади. Ахир мўмин учун бундан ортиқ шараф бўлиши мумкинми?!
35. Исломнинг инсонпарварлиги ва адолати (Тақво ва солиҳ амал инсонни Аллоҳ азза ва жалла томон бошлайди)
Ислом бутун инсониятни бир деб таъкидлайди. Инсонлар тенг ҳуқуқлидирлар. Ҳаммалари бир жон – Одам алайҳиссаломдан тарқалганлар. Оқ билан қора, араб билан ажам ўртасида тафовут ва ортиқлик йўқдир. Асл яралиш эътибори билан бою камбағал, ҳокиму маҳкум баб-баробардир. "Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз!" (Нисо, 1-оят).
Илоҳий адолат ҳукмига кўра инсонлар фақат солиҳ амаллари билан бир-бирларидан афзалдирлар. Киши ота-бобосининг олий мартабаси билан эмас, тақво даражасига кўра Аллоҳ таолога яқин бўлади. "Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар учун сизларни халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ Билгувчи ва Огоҳдир". (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Аллоҳ таоло ҳузурида инсон насл-насабининг камтаринлиги учун зарар кўрмайди ва жавобгар бўлмайди. Зеро, Аллоҳ таоло насл-насабга қараб эмас, амалларга қараб мукофот беради. "Ҳар ким учун қилган амалларидан даражалар бор". (Анъом, 132-оят).
Инсон Парвардигори ҳузурида фақат солиҳ амали билангина олий даражага етишиши мумкин. Чунки Қиёмат кунида насл-насаб деган нарсанинг ўзи қолмайди. Бутун халойиқ бир ерга тўпланади. Ҳеч кимнинг бошқа биров билан иши бўлмай қолади. "Бас, қачон сур чалинганида, ана ўша куни уларнинг ўрталарида ҳеч қандай насл-насаб қолмас ва улар ўзаро савол-жавоб ҳам қила олмаслар". (Мўминун сураси, 101-оят).
Шу боис Қуръони Карим инсонларни насл-насабга ёпишиб олишдан қайтарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг аввало яқинларини огоҳлантиришга, ҳақ йўлга чақиришга буюрилдилар: "Ва яқин қариндош-уруғларингизни огоҳлантиринг". (Шуаро сураси, 214-оят).
Меҳрибон, мушфиқ Пайғамбар ўзининг меҳр-муҳаббатию яхшилигига энг ҳақли бўлган яқинларига Аллоҳ таоло амрини дарҳол етказди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафо тоғи устига чиқиб нидо қилдилар: "Эй қурайш жамоаси! Ўзларингизни қутқаринг! Аллоҳдан келадиган бирон нарсани сизлардан тўса олмайман. Эй Бани Абдуманоф! Аллоҳдан келадиган бирон нарсани сизлардан тўса олмайман. Эй Аббос ибн Абдулмутталиб! Аллоҳдан келадиган бирон нарсани сиздан тўса олмайман. Эй Пайғамбарнинг аммаси Сафийя! Аллоҳдан келадиган бирон нарсани сиздан тўса олмайман! Эй Муҳаммаднинг қизи Фотима! Мол-давлатимдан хоҳлаганингни сўра! Бироқ Аллоҳдан келадиган бирон нарсани сендан тўса олмайман!" (Муттафақун алайҳ).
36. Исломда қон-қардошлик ёки насл-насабга қараб эмас, иймон ва солиҳ амалга кўра дўст тутилади
Одамлар жоҳилиятда уруғчилик ва миллатчилик асосида бир-бирларига ёрдам берганлар. Ислом барча жоҳилона алоқаларга чек қўйди. Энди инсонлар иймон асосида бир-бирларига дўст ва ёрдамчи бўладилар. Дин ва амалларига кўра дўст тутинадилар, ақида асосида бир‑бирларини қўллайдилар. "Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан тўхтатадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни ато этадилар, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм қилур. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ Қудратли, Ҳикматлидир". (Тавба, 71-оят).
Мўминлар ақида ва дин асосига кўра бир-бирларига меҳр-муҳаббатли бўлсалар, Аллоҳ таоло дўстлиги ва нусратига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дўстлиги ва шафоатига ноил бўлурлар. Кимнинг иймони комилроқ бўлса, Аллоҳ ва Расули дўстлигига ҳақлироқдир. Солиҳ амалларни кўп қилган банда бошқаларга қараганда Аллоҳ таолога яқинроқ ва шафоатдан насибадорроқдир. "Зотан, менинг эгам шу Китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳ бандаларга дўст-ёр бўлур". (Аъроф, 196-оят); "Аллоҳ тақводор зотларнинг дўстидир". (Жосия, 19-оят); "Аллоҳ мўминларнинг дўстидир". (Оли Имрон, 78-оят); "Бунга (яъни, Аллоҳ мўминларга ёрдам беришига, кофирларни эса ҳалок қилишига) сабаб Аллоҳ иймон келтирган зотларнинг дўсти-ҳомийси эканлиги, кофирлар учун эса ҳеч қандай ҳомий йўқ эканлигидир". (Муҳаммад сураси, 11-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Убай хонадони менинг дўстларим эмас. Дўстим фақат Аллоҳ ва солиҳ мўминлардир". (Муттафақун алайҳ).
Қуйидаги ҳикматли сўзга қулоқ беринг:
Инсон инсон бўлур бор эса дини,
Ислом азиз қилди Салмон Форсийни.
Тақво қил, иттикол этма насабга,
Насаби не берди Абу Лаҳабга?!
37. Саодат ва нажот йўли
Демак, ақл-заковатли мўмин изтироб ва талваса ичида яшовчи бир махлуқ эмас, мувозанатли, мулоҳазали тўкис инсондир. У ота-боболарининг шарафли ҳаётларига суяниб қолмасдан енг шимариб ишга киришади, солиҳ амалларига ошиқади. Чунки у Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларига иймон келтирган: "Инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур". (Нажм, 39-оят).
Парвардигори шартларига тўла амал қилган банда унинг ваъдасига лойиқ бўлур. "Эркакми ё аёлми - кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз". (Наҳл сураси, 97-оят).
Шу боис мўмин киши Аллоҳ, Расули ва мўмин биродарларидан ўзга бирон кимсани дўст тутмайди. Кофир ва фосиқ қавмдан ҳам, уларнинг амалларидан ҳам мутлақо йироқ юради. "Мўминлар мўминларни қўйиб кофирларни дўст тутмаслар". (Оли Имрон, 28-оят).
Натижада у ер юзидаги ботил ва осий кучлардан ғолиб келади. "Сизларнинг дўстингиз фақат Аллоҳ, Унинг Пайғамбари ва таъзим-тавозе қилган ҳолларида намозни тўкис адо этадиган мўминлардир. Кимки Аллоҳни, Унинг Пайғамбарини ва мўминларни дўст тутса (нажот топгай), зеро фақат Аллоҳнинг гуруҳигина ғолиб бўлгувчидир". (Моида, 55-56-оятлар).
"Балки Аллоҳ сизларнинг Хожангиздир. Ва у энг яхши ёрдамчидир". (Оли Имрон, 150-оят).
38. Ҳадис яна қуйидаги маъноларни ифодалайди:
а) Банда қилган амалига муносиб мукофотланади. Яъни, бировнинг оғирини енгил қилган бўлса, унинг ҳам оғири енгил қилинади. Кимнингдир ғам-ташвишини аритган бўлса, унинг ҳам ғам-ташвиши аритилади. Бировнинг айбини беркитса, унинг ҳам айби беркитилади ва ҳакозо... Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Қайси бир мўмин оч биродарига таом едирса, Аллоҳ таоло унга Қиёмат куни жаннат меваларидан едиради. Қайси бир мўмин чанқаган биродарига сув ичирса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни унга Раҳиқул махтумдан ичиради. Қайси бир мўмин яланғоч биродарини кийинтирса, Аллоҳ таоло уни жаннатнинг кўм-кўк либосларидан кийинтиради". (Термизий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Аллоҳ таоло раҳмдил бандаларига раҳм қилур!". (Муттафақун алайҳ).
б) Инсонларга яхшилик қилиш орқали Аллоҳ азза ва жалла муҳаббатига эришилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Бутун яралмиш Аллоҳнинг қарамоғидагилардир. Уларнинг Аллоҳга энг суюклиси Унинг қарамоғидагиларга кўпроқ фойдаси тегадиганидир". (Табароний ва бошқалар ривояти).
Одатда, улуғлар қўл остидагиларга марҳамат кўрсатишни хуш кўришади. Бировларнинг ғам-ташвишини аритиб, уларнинг оғирини енгил қилмоқ ҳам Аллоҳнинг махлуқларига яхшилик қилмоқдир. Демак, у Пок Парвардигор муҳаббатига бошлайди.
в) Ҳамиша ўзгалар ғамини еб, уларга қўлидан келганича ёрдам бериб юрадиган саховатли зотлар оқибати хайрли бўлади. Улар иймон ва Исломда туриб омонатларини топширадилар. Қиёмат куни Аллоҳ таоло фақат мусулмон бандасини ўз раҳматига олади. Кофирлар учун У кунда ҳеч қандай енгиллик, ёрдам ёки ғам-ташвишнинг ариши йўқдир!
г) Исломга душманлиги бўлмаган кишиларнинг ҳам оғирини енгил қилиш мумкин. Яхшилик барча-барча учун матлубдир. Яъни, ҳар қандай жонзотга яхшилик қилиш лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло ҳар бир нарса устига яхшиликни ёзиб қўйди». (Муслим ривоятлари)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ҳар бир қуримаган жигарда (яъни, ҳар бир жонга қилинган яхшиликда) ажр бор". (Муттафақун алайҳ).
д) Толиби илмлар амалларига риё сизиб киришидан эҳтиёт бўлсинлар. Чунки риё бошқа амалларга қараганда талаби илмда кўпроқ кўзга ташланади. Бинобарин, илм йўлидаги шунча ранж-алам беҳуда кетмаслиги учун ҳамиша холис ниятли бўлмоқ лозим.
е) Ҳар бир ишда Аллоҳ таолодан мадад ва енгиллик сўрайлик. Зеро, ҳидоят ҳам, тоат-ибодат ҳам бандасига Унинг изни билан муяссар бўлур. Акс ҳолда инсонга ҳеч нарса фойда бермайди.
ж) Қуръон тиловатига меҳр-муҳаббатли бўлайлик. Уни ўрганишга, маъноларини чуқур англашга ва аҳкомларига бўйсунишга имкон қадар тиришайлик. Ахир Қуръон фақат мотам ёки маросимларда ўқиладиган китоб эмас-ку?!
з) Тавба, истиғфор ва солиҳ амал фурсати ўтиб кетмасин. "Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат қилингиз. Шояд Аллоҳнинг раҳматига мушарраф бўлсангиз. Ва Парвардигорингиз томонидан бўлғувчи мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган эни осмонлар ва ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз! У тақволи зотлар яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган одамларнинг (хато-камчиликларини) авф этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади". (Оли Имрон сураси, 132-134-оятлар).
Ўттиз еттинчи ҳадис
Аллоҳ таоло адолати, фазли ва қудрати
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِيمَا يَرْوِيهِ عَنْ رَبِّهِ تَبَارَكَ وَتَعَالَى قَالَ: "إِنَّ اللهَ كَتَبَ الْحَسَنَاتِ وَالسَّيِّئَاتِ ثُمَّ بَيَّنَ: فَمَنْ هَمَّ بِحَسَنَةٍ فَلَمْ يَعْمَلْهَا كَتَبَهَا اللهُ عِنْدَهُ حَسَنَةً كَامِلَةً، وَإِنْ هَمَّ بِهَا فَعَمِلَهَا كَتَبَهَا اللهُ عِنْدَهُ عَشْرَ حَسَنَاتٍ إِلَى سَبْعِمِائَةِ ضِعْفٍ إِلَى أَضْعَافٍ كَثِيرَةٍ، وَإِنْ هَمَّ بِسَيِّئَةٍ فَلَمْ يَعْمَلْهَا كَتَبَهَا اللهُ عِنْدَهُ حَسَنَةً كَامِلَةً، وَإِنْ هَمَّ بِهَا فَعَمِلَهَا كَتَبَهَا اللهُ سَيِّئَةً وَاحِدَةً". (رواه البخاري ومسلم في صحيحيهما بهذه الحروف).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигорлари Аллоҳ таборака ва таолодан ривоят қилиб дедилар: "Аллоҳ таоло яхшиликларни ҳам, ёмонликларни ҳам ёзди, сўнгра шуни баён қилиб берди: ким бир яхшиликни кўнглига тугса-ю, уни қилмаса, Аллоҳ таоло ўз ҳузурида уни комил яхшилик сифатида ёзиб қўяди. Агар бир яхшиликни кўнглига тугиб, уни амалга ҳам оширса, Аллоҳ таоло уни ўз ҳузурида ўн ҳасанадан етти юз баробаргача – беҳад зиёдалар билан ёзиб қўяди. Агар банда бир ёмонликни кўнглига тугса-ю, уни қилмаса, Аллоҳ таоло ўз ҳузурида уни комил яхшилик сифатида ёзиб қўяди. Агар бир ёмонликни кўнглига тугиб, уни амалга оширса, Аллоҳ таоло уни битта ёмонлик сифатида ёзиб қўяди". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Аллоҳ бизга ҳам, сизга ҳам тавфиқ берсин, эй биродарим, Аллоҳ таолонинг улкан лутф-марҳаматига боқинг ва бу сўзларни синчиклаб қараб чиқинг!
"Ўз ҳузурида» лафзи Аллоҳ таолонинг яхши амалга бўлган эътиборига ишора. "Комил" калимаси эса айни эътиборни кучайтириб, таъкидлаб келмоқда. Банда дилига туккандан кейин тарк этган ёмонлик ҳақида ҳам: "Аллоҳ таоло ўз ҳузурида уни комил яхшилик сифатида ёзиб қўяди", деб, унинг комиллигини таъкидлади. Банда томонидан содир этилган ёмонликни эса "комил" деб таъкидламади-да, унинг камайтирилишини таъкидлаб «битта» лафзини қўшимча қилди.
Мақтов ва миннат Аллоҳ хос! Биз Унинг ҳамду саноси адоғига етолмаймиз. Тавфиқ ёлғиз У зотдандир".
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Эзгуликларни амалга оширмоқ
Мўминнинг қилган битта яхши амали ўн баробар орттирилади... У нафақат яхшиликни кўнглига тугди, балки уни амал майдонига ҳам олиб чиқди. "Ким бир яхши амални қилса, унга ўн баробар қилиб қайтарилур". (Анъом сураси, 160-оят).
Аллоҳ таоло ўзи хоҳлаган бандасига бундан-да кўпроқ зиёдалар берур. "Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. Аллоҳ истаган кишиларига янада бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ карами кенг ва билимдондир". (Бақара сураси, 261-оят).
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига нўхталанган туя етаклаб келди.
- Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам! Мана шу туя Аллоҳ йўлига! - деди у.
- Мана шу туянг учун Қиёмат кунида етти юзта туя берилади, - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам". (Муслим ривоятлари).
Кишининг Исломи қанчалик гўзал, иймони нечоғлик комил ва қилган иши қай даражада ўрнига тушганига қараб, унинг амали зиёдалари билан ўзига қайтарилади.
2. Ёмон амалларни қилмоқ
Банда томонидан содир этилган ҳар бир ёмонлик ўз ҳолида ёзиб қўйилади. "Ким бир ёмон иш қилса, фақат ўшанинг баробарида жазоланур ва уларга зулм қилинмас". (Анъом сураси, 160-оят).
Бироқ айрим гуноҳлар қилинган вақти, жойи ёки қилувчисининг шарафига қараб улкан ёмонлик саналади.
а) Уруш ҳаром қилинган ойларда маъсиятга қўл урмоқ Аллоҳ таоло наздида қаттиқ ҳаромдир: "Албатта Аллоҳнинг наздида ойларнинг саноғи Аллоҳ осмонлар ва ерни яратган кунда белгилаб қўйилганидек, ўн икки ойдир. Улардан тўрти уруш ҳаром қилинган ойлардир. Бас, у ойларда жанг қилиб ўзларингизга зулм қилмангиз!" (Тавба сураси, 36-оят).
Қатода мазкур оятни қуйидагича шарҳлаганлар: “Билингки, ушбу ойларда зулм қилмоқ бошқа пайтлардагига қараганда қаттиқроқ ва ёмонроқ гуноҳдир. Албатта, зулм ҳар доим ҳам ёмон иш саналади. Бироқ Аллоҳ таоло ўз амрининг хоҳлаган қисмини янада улуғвор қилур!"
б) Ҳарамда, яъни, шундай шарафли маконда маъсиятга қўл урмоқ улкан гуноҳдир. "Ҳаж мавсуми маълум ойлардир (Яъни Шаввол, Зул-қаъда ва Зул-ҳижжа ойининг ўн куни). Бас, ким шу ойларда ўзига ҳажни фарз қилса (яъни, ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди". (Бақара сураси, 197-оят).
Абдуллоҳ ибн Умар "гуноҳ ишлар"ни "ҳарамда маъсият ишга қўл урмоқ" деб шарҳлаганлар. "Ва кимки у жойда зулм-зўравонлик билан йўлдан чиқмоқчи бўлса, унга аламли азобдан тоттириб қўюрмиз". (Ҳаж сураси, 25-оят).
Салафлардан Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос, Умар ибн Абдулазиз каби бир қанча кишилар Маккада гуноҳ иш қилиб қўйишдан қўрқиб, у ерда яшашдан ўзларини четга тортганлар.
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу айтадилар: “Маккада туриб бир марта гуноҳ қилганимдан бошқа ерда туриб етмиш марта гуноҳ қилганим яхшироқ".
Мужоҳид айтадилар: “Маккада ҳасаналар зиёда қилинганидек, ёмон амаллар ҳам зиёда қилинади".
в) Аллоҳ таолони яхши билган ва Унга яқинлик-қурбат ҳосил қилган айрим хос бандаларнинг гуноҳи ҳам улкан ҳисобланади. "Эй Пайғамбар аёллари, сизлардан ким очиқ гуноҳни қилар экан, унинг учун азоб икки баробар қилинур. Бу Аллоҳга осон бўлган ишдир. Сизлардан ким Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоат этса ва яхши амал қилса, Биз унинг ажрини икки ҳисса қилиб берурмиз ва унинг учун улуғ ризқни тайёрлаб қўйгандирмиз". (Аҳзоб сураси, 30-31-оятлар).
3. Ҳасаналарни ният қилмоқ
Ким бир яхши амални қаттиқ кўнглига тугиб, сўнг уни қилмаса ҳам, ана шу қатъий қарори Аллоҳ таоло ҳузурида комил яхшилик сифатида ёзиб қўйилади. Чунки яхшилик қилишга бел боғламоқ ҳасаналарнинг муқаддимаси ва сабабчисидир. Яхшилик сабабчиси ҳам яхшилик саналади. "Агар бандам бир яхшиликни амалга оширишга азм қилса, Мен унинг шу ниятини ҳасана-яхши амал сифатида ёзиб қўяман". (Ҳадиси қудсий. Муслим ривоятлари).
"Агар банда бир яхшиликни кўнглига тугиб, сўнг уни қилмаса, Аллоҳ таоло чин дилдан шу ишни хоҳлаганини билиб, ушбу ниятини ҳасана сифатида ёзиб қўяди". (Аҳмад ривоятлари).
Абу Дардо айтадилар: “Ким кечаси туриб намоз ўқишни ният қилиб тўшагига ётса-ю, кўзларига уйқу ғолиб келиб, тонггача ухлаб қолса, ният қилган амали унинг учун ёзиб қўйилади".
Саид ибн Мусаййиб айтадилар: “Намоз ўқишни, рўза тутишни, ҳаж қилишни ёки жиҳодга чиқишни мақсад қилган банда бирон қаршиликка учраса, Аллоҳ таоло уни қилган ниятига эриштиради".
4. Ёмон амални кўнгилга тугмоқ
Агар банда дилига туккан бир ёмон ишини тарк қилса, унинг учун комил ҳасана ёзилади. Имом Муслим Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло айтди: "У Мен туфайли дилидаги ёмон амални тарк этди!" (Муслим ривоятлари). Имом Бухорий ривоятларида эса бундай дейилган: "Агар у Мени деб ёмон ниятидан воз кечса..."
Яъни, банда фақат Аллоҳ таолони деб ёмон ниятидан воз кечсагина, унга яхшилик ёзилади. Чунки у солиҳ амални мақсад қилди. Солиҳ амал унинг Аллоҳ таоло розилиги йўлида ёмон ниятидан юз ўгирганидир. Аммо киши Аллоҳдан эмас, бошқа бировлардан қўрқиб ёки риё қилиб, кўнглига туккан ёмон ниятидан қайтса, бу иши учун ҳеч қандай ҳасанага эга бўлмайди. Аксинча, бузуқ ният таъсирида ёмонликни тарк этгани учун жазоланади, чунки у Аллоҳни қўйиб, инсонлардан қўрқди. Инсонлар қўрқувини Аллоҳнинг қўрқувидан муқаддам қўймоқ эса ҳаромдир. Шунингдек, риёкорлик ҳам шариат ҳаром қилган ишлар сирасига киради.
Қози Иёз Абдуллоҳ ибн Аббос ривоят қилган ҳадисни Абу Ҳурайра ҳадиси билан қайд қилишни маъқул топганлар.
Ҳофиз ибн Ҳажар айтадилар: "Киши юқорида шарт қилинган туйғуни (Аллоҳнинг қўрқувини) дилидан ўтказмаса-да, маъсиятни тарк қилгани учун унга ҳасана ёзилиши мумкин. Чунки маъсиятни тарк этмоқ ёмонликнинг олдини олмоқдир. Бу эса албатта хайрли амал. Эҳтимол, дилига туккан маъсиятни тарк этган киши битта ҳасана олиб, Аллоҳдан қўрққани учун ёмон ниятини тарк этган банда зиёда ҳасаналар олар».
Хаттобий айтадилар: "Кўнглига туккан маъсиятни тарк қилувчи банда аслида ўша маъсиятга қодир бўлса, гуноҳни тарк этгани учун ҳасанага эга бўлади. Чунки инсон бир ишга қодир бўла туриб уни қилмаса, тарк қилувчи дейилади. Банда билан унинг ҳирси ўртасида бошқа бир тўсиқ монелик қилса, у инсоннинг ўз ихтиёри билан маъсиятни тарк қилиши дейилмайди. Масалан, биров зино қилиш ниятида келиб, маҳкам беркитиб қўйилган эшикни оча олмади..."
5. Улуғ фазл
Муслим ривоятларида юқоридаги ҳадиснинг қуйидаги зиёдаси ҳам бор: "...Ёки Аллоҳ таоло маъсиятни ўчириб ташлайди. Аллоҳ таоло ҳақида фақат (ўзини) ҳалок қилгувчигина ҳалок бўлур".
Яъни, шариат ҳудудларини поймол этиб, ҳасаналардан юз ўгириб, ўзини ўзи ҳалок қилгувчи кимсанигина ана шу оқибат кутади. Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Масъуд айтгандилар: "Бирликлари (яъни, Аллоҳ ҳузурида ўз ҳолида ёзиладиган гуноҳлари) ўнликлардан (яъни, ўн баробар қилиб ёзиладиган яхшиликлардан) ғолиб келадиган кимсага вайл бўлсин!"
6. Фаришталар инсоннинг дилига туккан ниятидан дарак топадилар
Бу илоҳий илҳом билан ёки қалбни очиш орқали юзага чиқади. Баъзилар фаришта ёмон ниятни ёқимсиз ҳид орқали, ҳасанани ёқимли ҳид орқали сезади, дейишади.
7. Рўзанинг фазли
Ўзга ибодатлардан фарқли равишда рўзанинг савоби қанчалик зиёда бўлишини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Аллоҳ таоло айтади: "Одам боласининг ҳамма амали ўзи учундир. Фақат рўзаси Мен учун ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман". (Ҳадиси қудсий).
Чунки рўза сабрнинг энг афзал кўринишидир.
"Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур". (Зумар сураси, 10-оят).
8. Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига раҳмати кенг, мағфирати улуғ ва ажр-мукофоти беҳисобдир
9. Аллоҳ таоло бандасини дилидан ўтган ёмон ниятига кўра азобламайди. Дилидаги ёмон ниятлар амалда кўринсагина, уларга жазо беради
10. Мусулмон киши ҳамиша бир яхши ниятни дилига тугиб юрсин. Эҳтимол, у хайрли ниятлари учун мўл-кўл ажр-савоблар олар. Албатта, мўминлар қодир бўлган чоғларида хайрли ниятларини амалга оширишга ўзларини шай тутмоқлари, ўргатмоқлари лозим.
11. Ихлосли бандалар адо этган хайрли ишлари учун ҳам, тарк қилган маъсиятлари учун ҳам қалбларидаги ихлослари сабабли ажр-савоб оладилар. Ихлоснинг улканлигига қараб берилажак ажр-савоблар ҳам зиёда бўлади.
Ўттиз саккизинчи ҳадис
Аллоҳ таоло муҳаббатини қозонмоқ
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ اللهَ تَعَالَى قَالَ: مَنْ عَادَى لِي وَلِيًّا فَقَدْ آذَنْتُهُ بِالْحَرْبِ، وَمَا تَقَرَّبَ إِلَيَّ عَبْدِي بِشَيْءٍ أَحَبَّ إِلَيَّ مِمَّا افْتَرَضْتُ عَلَيْهِ، وَمَا يَزَالُ عَبْدِي يَتَقَرَّبُ إِلَيَّ بِالنَّوَافِلِ حَتَّى أُحِبَّهُ، فَإِذَا أَحْبَبْتُهُ كُنْتُ سَمْعَهُ الَّذِي يَسْمَعُ بِهِ، وَبَصَرَهُ الَّذِي يُبْصِرُ بِهِ، وَيَدَهُ الَّتِي يَبْطِشُ بِهَا، وَرِجْلَهُ الَّتِي يَمْشِي بِهَا، وَإِنْ سَأَلَنِي لأُعْطِيَنَّهُ، وَلَئِنِ اسْتَعَاذَنِي لأُعِيذَنَّهُ". (رواه البخاري).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Аллоҳ таоло айтади: Кимда-ким Менинг дўстим билан адоватлашса, Мен унга уруш эълон қиламан. Бандам Мен унинг зиммасига фарз этган амаллардан кўра суюклироқ нарса билан Менга қурбат-яқинлик ҳосил қилмаган. Бандам Менга нафл ибодатлар билан тобора яқинлашаверганидан, ҳатто уни яхши кўриб қоламан. Агар уни яхши кўрсам, Мен унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. Агар Мендан сўраса, албатта унга бераман. Агар Мендан паноҳ тиласа, албатта уни паноҳимга оламан". (Бухорий ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Аллоҳ таоло ўз дўстларидан меҳр-муҳаббатини дариғ тутмайди ва уларга озор етказган кимсаларга ғазаб қилади. Мазкур ҳадис кимлар дунё ва Охиратда Аллоҳнинг суюкли дўстлари эканини баён этади. Шу боис унга «Аллоҳ дўстлари хусусидаги энг улуғ ҳадис» деб таъриф беришган.
Шавконий айтадилар: "Ушбу ҳадис уни тўғри тушуниб чуқур фикр юритган кишига беҳад улуғ ва фойдали маъноларни туҳфа этади". Мазкур ҳадис хусусида бошқа олимлар ҳам алоҳида тўхталиб ўтганлар.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Аллоҳ таолонинг дўстлари
Улар ҳамиша Парвардигор тоат-ибодати устида қоим турувчи ва ёлғиз Унга ихлос қўювчи мўминлардир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ўз дўстларини иймон ва тақво сифати билан тавсиф этди. "Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига бирон хавф йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар. Улар иймон келтирган ва тақволи бўлганлардир. Уларга ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам хушхабар бордир". (Юнус сураси, 62-64 оятлар).
Дўстликнинг биринчи рукни Аллоҳ таолога иймон келтириш бўлса, иккинчи рукни тақводир. Ана шундан сўнг Аллоҳнинг дўстлиги ҳовлисининг эшиклари мўминлар олдида ланг очилади. Бу ҳовлида мўминлар хотиржамлик ва осойишталик неъматидан баҳраманд бўладилар. Эҳсон ва тоат пиллапоясидан юқорига кўтарила олган инсонлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматидаги пешқадамлар мартабасига етишлари мумкин. Инсон тоифаси Аллоҳ таоло китобида уч синфга бўлинади: "Сўнгра Биз бу Китобга бандаларимиздан ўзимиз танлаган зотларни ворис қилдик. Бас, уларнинг орасида (унга амал қилмай) ўз жонига жабр қилувчи ҳам бор, ўртача амал қилувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изну иродаси билан мудом яхшиликларда ўзиб кетувчи ҳам бордир. Ана ўша (яъни, Қуръонга ворис бўлиш) катта фазлдир". (Фотир сураси, 32-оят).
Ўзига жабр қилувчи – гуноҳ-маъсият ботқоғига ботган кимса.
Ўртача амал қилувчи – фақат фарзларни адо этиш ва ҳаромлардан четланиш билан кифояланадиган киши. Албатта ўртача амал қилувчи ҳам Аллоҳ валийлари сафидан жой олса-да, бироқ бу қуйи мартабадир.
Мудом яхшиликларга ўзиб кетувчи – фарз ва нафл ибодатларни тўлиқ адо этиб, ҳаром ва макруҳлардан ўзини покиза сақловчи инсон. Унинг мартабаси Аллоҳ валийларининг олий даражаси ҳисобланади.
Аллоҳ таоло валийларининг энг афзал тоифаси гуноҳу хатолардан маъсум ва пок Парвардигор тарафидан мўъжизалар билан қўллаб-қувватланган Расуллар, Набийлардир. Улардан кейин Китобу Суннатга тўлиқ амал қилган саҳобалар ва Аллоҳ дўстлигига ҳақли бўлган барча мўминлар туради. Албатта, Аллоҳнинг валийси деб эътироф қилинмоғи учун кишида иймон, тақво ва ҳар бир ишда суннатга мувофиқлик топилиши шарт. Кейинги асрларда мусулмонлар ҳаётида жуда хунук хато кўзга ташланади. Улар валийлар деганда юз йилда бир-икки марта дунёга келадиган нодир шахсларни тасаввур қилишади. Энг ёмони Исломдаги бу юксак мақомни аллақандай бетайин шахсларга ёки найрангбозлик ва кўзбўямачилик билан шуғулланувчи муттаҳам кимсаларга инъом этиш урф бўлди. Аслида уларнинг аксарияти Аллоҳ ва Исломнинг душмани бўлиб, Шайтони лаиннинг дўстларидир.
2. Аллоҳ таоло валийларига душманлик қилиш
Тақводор мўминга озор бериб, унинг моли, жони ёки обрў-эътиборига тажовуз қилган кимсага Аллоҳ таоло уруш эълон қилади. Аллоҳ таоло кимгаки уруш эълон қилса, уни албатта ҳалок қилади. Чунки у зот золим кимсаларни маълум муддат қўйиб қўйса-да, асло жазосиз қолдирмайди. Азиз ва қодир зот жазосидан золимларга омонлик йўқ.
Бир ривоятда "Аллоҳ валийсига тажовуз қилиб, унга озор етказмоқ - Аллоҳ таолога уруш очмоқ", - дейилган.
“Аллоҳ таоло деди: "Менинг валийимни хорлаган кимса, дарҳақиқат, Менга уруш эълон қилибди". (Табароний ривоятлари).
Хўш, валий билан адоватлашиш қанақа бўлади?
Ибн Ҳажар "Фатҳул борий"да буни тушунтирганлар: “Қандай қилиб биров Аллоҳ дўсти-валий билан адоватлашиши мумкин, ахир адоватлашиш икки томондан бўлади. Валий эса жоҳиллик қиладиган кимсага бағрикенг ва кечиримли бўлади‑ку!" деган савол қўйилган. Бунинг жавоби қуйидагича: Маълумки, душманлик, келишмовчилик фақат дунёвий муносабат ва хусуматлар доирасида чекланмайди. Баъзан мутаассиблик орқасидан ҳам шундай низо-адоват келиб чиқиши мумкин. Масалан, бидъатчи одам суннатга амал қилувчини ёмон кўради ва оқибат ўртада душманлик бош кўтаради. Валий Аллоҳ ва Унинг дини учун бидъатчига қарши юради. Шунингдек, фосиқ кимса ҳам Аллоҳнинг дўстини кўра олмайди. Ҳамиша мункар ишлардан ва шаҳватлар қуллигидан қайтарувчи валий маъсият «мухлислари» кўзига энг ёмон инсон бўлиб кўриниши шубҳасиз!"
3. Аллоҳ таоло учун суюкли бўлган энг афзал амал фарзларни адо этишдир
"Бандам Мен унинг зиммасига фарз этган амаллардан кўра суюклироқ нарса билан Менга яқинлик ҳосил қилмаган!".
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу айтадилар: "Амалларнинг афзали Аллоҳнинг фарзларини адо этмоқ, Аллоҳ ҳаром этган ишлардан тақво қилмоқ ва Аллоҳ таоло ҳузуридаги нарсалар хусусида ниятни холис-рост қилмоқдир!"
Умар ибн Абдулазиз хутба қилиб, дедилар: "Ибодатларнинг афзали фарзларни адо этмоқ ва ҳаром ишлардан йироқ юрмоқдир!"
Чунки бандалар Аллоҳ таолога нисбатан яқинлик ҳосил қилишлари ва розилигию раҳматига ҳақли бўлишлари учун Аллоҳ мана шу фарзларни улар зиммасига юклади. Намоз бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи энг улкан баданий фарз ҳисобланади. "Аллоҳга сажда қилиб (У Зотга) яқин бўлинг!" (Алақ сураси, 19-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Банданинг Парвардигорига энг яқин пайти унинг саждадаги ҳолатидир!"
Масъул шахсларнинг (уларнинг ҳоким ёки оддий оила бошлиқлари бўлишидан қатъиназар), қўл остидагиларга нисбатан адолатли бўлишлари ҳам бандани Аллоҳга яқинлаштирувчи фарзлар жумласига киради.
Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Қиёмат кунида Аллоҳга энг суюкли ва Унга энг яқин бўладиган банда одил раҳбардир!" (Термизий ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳукм чиқаришда ҳамда аҳли-оилалари ва қўл остидагилари хусусида адолатли бўлган одил зотлар Аллоҳ ҳузурида, Раҳмоннинг ўнг томонида нурдан ясалган минбарлар устида бўладилар. Аллоҳнинг ҳар иккала қўли ўнгдир». (Муслим ривоятлари)
4. Маъсиятлардан четланмоқ ҳам фарзларни адо этиш жумласидандир
Аллоҳ таоло маъсиятларни тарк қилишни буюрди. Аллоҳ белгилаган чегарани босиб ўтиб, маъсиятга қўл урган кимса дунёю Охиратда аламли азобга мустаҳиқ бўлур. Демак, маъсиятлардан йироқ юрмоқ ҳам юқорида айтилган ҳадиснинг умумий маъносига киради. "Бандам Мен унга фарз этган амаллардан кўра суюклироқ нарса билан Менга яқинлик ҳосил қилмаган".
Ҳатто маъсиятларни тарк қилмоқ ушбу маънога фарзлардан-да яқинроқдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Агар мен сизларни бир ишга буюрсам, уни имкон қадар адо этинглар! Агар сизларни бир нарсадан қайтарсам, унга яқинлашманглар".
Ибн Ражаб ушбу ҳадисни шарҳлаб, барча маъсиятларни Аллоҳ таолога уруш очмоқ, деб шарҳлаганлар. Улар Ҳасан ибн Одамнинг қуйидаги сўзларини келтирадилар: “Аллоҳ таоло билан урушгани кучингиз етадими?! Билингки, маъсиятга қўл урган кимса Аллоҳга уруш очган ҳисобланади. Гуноҳ-маъсият улканлашгани сайин ушбу жанг ҳам қаттиқлашиб боради. Шу боис Аллоҳ таоло инсонларга зулм-зўравонлик қилиб, ўлкаларда фисқу фасод тарқатадиган судхўрлар ҳамда йўлтўсарларни Аллоҳ ва Расулига қарши уришувчилар деб номлади".
5. Нафл ибодатлар бандани Аллоҳ таолога яқинлаштиради
Фарз ва нафл ибодатларни мудом тўкис адо этмоқ, ҳаром ва макруҳлардан мутлақо йироқ юрмоқ, ҳатто энг кичик макруҳ амаллардан ҳам тақво қилмоқ бандани Парвардигорга суюкли қилади, яқинлаштиради. Аллоҳ таоло ўзи суйган бандасини тоат-ибодат ва зикр билан машғул қилиб қўяди. Аллоҳга яқин кишилар учун Охиратда улуғ насибалар бордир. "Эй мўминлар, сизларнинг ичингиздан кимда-ким динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур. Улар мўминларга хокисор, кофирларга эса қаттиққўл, бирон маломатгўйнинг маломатидан қўрқмай Аллоҳ йўлида курашадиган кишилардир. Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, Ўзи хоҳлаган кишиларга берур. Аллоҳ фазлу карами кенг, Билгувчидир". (Моида сураси, 54-оят).
Қуръон ўқиш, тиловатига қулоқ солиш ва унинг маънолари устида тадаббур-тафаккур юритмоқ инсонни Аллоҳга яқин қилувчи улкан нафл ибодатларидандир. "Банда Аллоҳ таолога Ундан чиққан нарса (яъни Қуръон)дек бирон нарса билан яқинлик ҳосил қилмаган". (Термизий ривоятлари).
Аллоҳни севувчи мўминлар учун Маҳбублари каломидан ширинроқ сўз йўқ! Бу калом улар қалбига ором бериб, лаззат бағишлайди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар: "Ким Қуръонни яхши кўрса, демак Аллоҳ ва Расулини яхши кўрибди".
Аллоҳ таолони зикр қилиш ҳам ана шундай улуғ нафл ибодатлар сирасига киради. "Бас, Мени эслангиз, Мен ҳам сизларни эслайман". (Бақара сураси, 152-оят).
Аллоҳ таоло деди: "Мен бандамнинг Мен ҳақидаги ўйидаман. Мени зикр қилган чоғида у билан биргаман. Агар у Мени ичида зикр қилса, Мен ҳам уни ичимда зикр қиламан. Агар жамоа орасида зикр қилса, Мен уни яхшироқ жамоа олдида зикр қиламан". (Ҳадиси қудсий. Бухорий ва Муслим ривоятлари).
6. Аллоҳ муҳаббатининг мўминдаги асари
Аллоҳ таоло муҳаббатининг асари валийларида намоён бўлади.
“Агар уни яхши кўрсам, Мен унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан". Яна бир ривоятда “Ақл юритадиган қалби, гапирадиган тили бўламан", дейилган.
Ибн Ражаб айтадилар: “Яъни, фарз ва нафл ибодатларни адо қилиб, Аллоҳ таолога яқинлашишга тиришган бандани Аллоҳ таоло Ўзига яқин қилиб, иймон мартабасидан эҳсон (Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилиш) мартабасига кўтаради. Энди банда худди Аллоҳ таолони кўриб тургандек ибодат қилади. Қалби Парвардигор маърифати, муҳаббати, қўрқуви ва маҳобати билан тўлади. Аллоҳга интилувчи, фақат Унгагина суянувчи банда қалбидаги маърифат унинг кузатувчисига айланади.
Аллоҳ таоло улуғлиги билан тўлиб-тошган қалбларда ўзга нарсага ўрин қолмайди. Бундай қалб эгаси нафсининг ҳавойи хоҳишига қулоқ солмайди. У фақат Парвардигори хоҳлайдиган, рози бўладиган нарсанигина истайди. Бундан буён у ёлғиз Аллоҳ зикрини такрорлайди, Унинг буйруғига мувофиқ ҳаракат қилади. Аллоҳни деб гапиради, Аллоҳни деб эшитади, Аллоҳни деб қарайди ва Аллоҳни деб ушлайди. «Мен унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан», деган жумланинг маъноси мана шундайдир.
Ким ушбу ҳадисга ўзгача маъно берса, у ваҳдатул вужуд ва ҳулул[42] каби куфр эътиқодига ишора қилган бўлади. Аллоҳ ва Расули ундай кимсадан покдир".
Шавконий ҳадисни қуйидагича шарҳлайдилар: “Аллоҳ таоло мўминнинг ўша аъзоларига ҳидоят йўлларини ёритувчи, залолат булутларини ёрувчи ўз нури билан мадад беради. Ахир Қуръони каримда Аллоҳнинг осмонлару ер нури эканлиги айтилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Парвардигоро, қалбимга нур бергин, кўзимга, қулоғимга... нур бергин", деб дуо қилганлар".
7. Валийнинг дуоси мақбулдир
Аллоҳ таоло валийларининг дуосини ижобат этиб, уларни мукаррам қилди. Аллоҳ валийлари сўрасалар, берилади. Паноҳ тиласалар, Аллоҳ ўз паноҳига олади. Бу ҳам уларнинг азиз-мукаррамлигини билдиради. Тарихда салафи солиҳлардан кўплари дуолари мустажоблиги билан машҳур бўлганлар. Баро ибн Молик, Баро ибн Озиб, Саъд ибн Абу Ваққос (розиаллоҳу анҳум)лар ва яна кўплаб номларни санаш мумкин. Бироқ дуоси мустажаб зотларнинг аксарияти бошларига тушган ғам-ташвиш, бало-имтиҳон кетказилишини сўраб дуо қилмаганлар. Улар бу синовларга сабр қилиб, Аллоҳ таоло ажр-мукофотидан умидвор бўлишган. Баъзан дуоси мустажоб мўмин бир нарса сўрайди. Аллоҳ биладики, бандаси учун бошқа нарса яхшироқ. Шунинг учун Пок Парвардигор унинг сўраган нарсасини эмас, дунё ва Охиратда хайрлироқ бўлган бошқа нарсани беради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Мусулмон киши дуо қилса ва унинг дуосида гуноҳ ёки яқинлари билан алоқани узиш бўлмаса, Аллоҳ таоло унга қуйидаги уч нарсадан бирини беради: 1) Сўраган нарсасини тезда беради; 2) Қилган дуосини унинг учун Охиратга захира этиб қўяди; 3) Шу дуоси баробарича бир ёмонликни ундан даф қилади". (Аҳмад, Баззор, Абу Яъло ва Ҳоким ривоятлари).
8. "Аллоҳ таоло мўминнинг жонини олишда тараддудланади" каломининг шарҳи
Бухорий ривоятларида қуйидагича зиёда бор: "Мен қиладиган ишимнинг биронтасида ўлимни ёқтирмайдиган мўмин бандамнинг жонини олишда тараддудланганимдек тараддудга тушмаганман. Мен унинг ғам чекишини истамайман".
Ибн Салоҳ айтадилар: "Бу ерда “тараддуд" лафзининг асл маъноси тушунилмайди. Аллоҳ таоло мўмин бандасини яхши кўрганидан унинг жонини олаётганда худди иккиланаётган, хоҳламаётгандек бу ишни амалга оширади. Чунки Аллоҳ таоло бандасини ўлим туфайли ғам чекишини истамайди. Зеро, ўлим деярли ҳар бир киши учун энг улкан дунёвий оғриқдир. Албатта, ҳеч ким дунёда абадий яшамайди. Ҳар битта жон ўлим мазасини татиб кўришга мажбур. Аллоҳ таоло юқоридаги ҳадиси қудсий орқали ўлим билан мўмин бандасини хорламаслигини, аксинча юқорига кўтаришини тушунтираётгандек... Ахир ўлим мўмин учун мукаррамлик ва ноз-неъматлар ҳовлисига кўчиб ўтишдан бошқа нарса эмас".
9. Камтарлик
Имом Бухорий мазкур ҳадисни тавозели бўлмоққа далил қилиб келтирганлар. Чунки нафл ибодатлар билан Аллоҳга яқинлашмоқ бандадан ғояда камтарин ва тавозели бўлишни талаб қилади. Аллоҳ таоло қаршисида ўзини хокисор ва камтарин тутган зотларгина валийлар билан дўстона муносабат ўрнатадилар. Иёз ибн Ҳаммор разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Аллоҳ таоло менга ваҳий қилиб тавозели бўлишларингизни буюрди токи ҳеч ким бошқа бировнинг олдида кибр қилмасин". (Муслим ривоятлари).
10. Ҳадис яна қуйидаги маъноларни ифодалайди
а) Аллоҳ валийсининг қадри юксакдир. Чунки у Парвордигори тадбири, мадади ва ҳақиқий таваккули билан яшайди. Ҳеч қачон ҳеч нарсада ўзига ишониб қолмайди.
б) Аллоҳ валийсига озор бериб сўнг ўзи, моли, жони ёки обрўю номусида мусибатга дучор бўлмаган кимса Аллоҳ таоло интиқомидан омон қолмайди. Албатта, мусибат бошқача йўсинда келиши ҳам мумкин. Масалан, динида мусибатга йўлиқиш...
Ўттиз тўҚҚизинчи ҳадис
Исломда танглик йўқ
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "إِنَّ اللهَ تَجَاوَزَ لِي عَنْ أُمَّتِي: الْخَطَأَ، وَالنِّسْيَانَ، وَمَا اسْتُكْرِهُوا عَلَيْهِ". (حديث حسن رواه ابن ماجه والبيهقي و غيرهما).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Аллоҳ таоло мен учун умматимнинг билмасдан, унутиб ва мажбурланиб қилган ишларини кечди". (Ибн Можа, Байҳақий ва бошқалар ривояти).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Имом Нававий “Арбаийн" шарҳида ёзадилар: “Ушбу ҳадис шу қадар улкан маънолар ва муҳим нарсаларни ўзида мужассам этганки, агар улар саналадиган бўлса, бу китобга сиғмай қолади".
Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар: “Фиқҳ бобларида шу учала нарсанинг (яъни билмай қолиш, унутиш ва мажбурланиш) мавжудлиги боис, мазкур ҳадис жуда фойдалидир. Уни шариатнинг ярми деб аташ мумкин. Чунки инсон амали-ҳаракати маълум мақсад ва хоҳиш билан амалга оширилади ёки аксинча, билмасдан ва ихтиёрсиз суратда содир этилади. Иккинчи қисмга янглишиш, унутиш ва мажбурланиш киради. Ҳадис лафзидан ушбу иккинчи қисмга оид ишлар Аллоҳ томонидан кечирилгани тушунилса, ҳадиснинг мазмунидан «банда қасдан амалга оширган ишлари учун жавоб беради» деган маъно чиқади. Демак, мазкур ҳадис очиқ лафзи билан шариатнинг ярмини ифодаласа, мафҳуми билан, яъни, очиқ лафздан чиқариладиган мантиқий хулосаси билан тўлиқ шариат ҳисобланади".
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Ҳадиснинг умумий маъноси
Шариат ман этган ишни билмасдан, унутиб ёки мажбурланиш туфайли қилиб қўйган ёки шу сабабдан Аллоҳ буйруқларидан бирини нотўғри бажарган мўмин дунёда қораланмайди, Охиратда ҳам жавобгарликка тортилмайди. Бу Аллоҳ таолонинг банда учун берган улкан фазл ва марҳаматидир.
2. Аллоҳ азза ва жалланинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматига фазл кўрсатиб бу уммат устидан ҳараж-тангликни кўтариши
Аллоҳ таоло ўзга умматларга бермаган енгилликни бизларга инъом этди. Бани Исроил Аллоҳнинг бирон буйруғини унутсалар ёки қайтарилган ишни билмасдан қилиб қўйсалар ҳам Аллоҳ таолонинг азобига гирифтор бўлганлар. Пок Парвардигор бизга қуйидаги дуони Ўзи ўргатди ва уни ижобат этди: “Парвардигоро, агар унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни азобингга гирифтор айлама! Парвардигоро, бизларнинг зиммамизга биздан илгари ўтганларнинг бўйинларига қўйган юкни юклама! Парвардигоро, бизларни тоқатимиз етмайдиган нарсага зўрлама!" (Бақара сураси 286-оят).
“Билмайин қилган хатоларингиз сабабли сизлар учун гуноҳ йўқдир, лекин кўнгилларингиз қасд қилган нарсадагина гуноҳкор бўлурсизлар. Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон Зотдир". (Аҳзоб сураси 5-оят).
Шунингдек, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматига енгиллик бериб, одатда инсон қурби етмайдиган ёки унга оғир келадиган, машаққат ва танглик келтириб чиқарадиган амалларни ҳам улар зиммасидан соқит қилди. Чунки асҳоблар Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тиллари орқали айтилган буйруғига бўйсуниб, шундай дедилар: “Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни авф қилишингни сўраймиз ва фақат Ўзингга қайтажакмиз". (Бақара сураси 285-оят).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қуйидаги оят нозил бўлди: “Осмонлару ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Ичингиздаги нарсани хоҳ ошкор қилинг, хоҳ яширинг, Аллоҳ сизларни ўша нарса билан ҳисоб-китоб қилади ва Ўзи истаган кишини мағфират қилиб, Ўзи истаган кишини азоблайди. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир". Бу оят саҳобаларга оғир келиб, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида чўккалаб туриб дейишди:
- Ё Расулуллоҳ, биз намоз, рўза, жиҳод ва закот-садақа каби тоқатимиз етадиган амалларга буюрилган эдик. Энди сизга юқоридаги оят нозил этилди. Уни бажаришга бизнинг қурбимиз етмайди.
- Нима, сизлардан илгари ўтган аҳли китоблар айтгани каби “Эшитдик ва осий бўлдик", демоқчимисизлар?! Аксинча, сизлар “Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз ва фақат Ўзингга қайтажакмиз" деб айтинглар.
- “Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз ва фақат Ўзингга қайтажакмиз" - такрорлашди саҳобалар.
Саҳобалар юқоридаги сўзни такрорлаб, тиллари унга келишгандан сўнг Аллоҳ таоло унинг изидан қуйидаги оятни нозил этди: “Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар (ҳам иймон келтирдилар). Барчалари Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва Пайғамбарларига иймон келтириб, “Унинг Пайғамбарларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз" (деб айтишди). Ва “Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз ва фақат Ўзингга қайтажакмиз", дедилар".
Саҳобалар шундай қилишгач, Аллоҳ таоло юқоридаги оятни мансух этиб, Пайғамбарга қуйидагича ваҳий қилди:
“Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани юкламайди. Ҳар кимнинг қилган яхши амали ўзи учундир ва ёмон амали ҳам ўзининг бўйнигадир. Парвардигоро, агар унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни азобингга гирифтор этма!"
- Ҳа! - деб ижобат этди Аллоҳ таоло.
- “Парвардигоро, бизларнинг зиммамизга биздан илгари ўтганларнинг бўйинларига қўйган юкингни юклама!"
- Ҳа! - деб ижобат этди Аллоҳ таоло.
- “Бизларни авф эт, бизни мағфират қил, бизга раҳм айла! Ўзинг Хожамизсан! Бас, бу кофир қавм устига ўзинг бизни ғолиб қил!" (Бақара сураси, 286-оят).
- Ҳа! - деб ижобат этди Аллоҳ таоло". (Муслим ривоятлари). Абдуллоҳ ибн Аббос ривоятида эса “Ҳа" сўзининг ўрнида “(Шундай) қилдим!" сўзи нақл қилинган.
3. Адашган, унутган ёки мажбурланган банда барча ҳукмлардан эмас, фақат гуноҳдан фориғ этилган.
Мукаллаф банда шариатга хилоф хатти-ҳаракати учун қуйидаги ҳукмларнинг бирига тушади: қилган ишига жавоб бериб жазо олади; гуноҳкор бўлади; ёки ўтказиб юборган амалини адо этади, талофат етказган бўлса, кафолатини тўлайди ва ҳоказо.
Ҳадис лафзи мукаллаф устига тушадиган барча ҳукмларнинг кўтарилганига яъни унинг жавоб бермаслигига умумий далилдир.
Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар: “Демак, у фақат ҳукмдан ёки фақат гуноҳкорликдан ёки ҳар иккаласидан озод қилинади. Ҳақиқатга яқинроқ фикр ҳам шу. Чунки ҳадисни фақат биттасига (гуноҳкорлик ёки ҳукмга) тегишли деб кўрсатувчи бирон асос йўқ. Хуллас, ҳадис ҳар иккисини ҳам назарда тутган. Фақат иккинчисига хослаш учун эса далил керак".
Бироқ билмасдан, унутиб ёки мажбур бўлиб шариатга номувофиқ иш қилган бандадан айни гуноҳига тааллуқли барча ҳукмлар олиб ташланмаслигига шаръий далиллар бор. Бинобарин, у фақат гуноҳкорлик юки ва Охират азобидан халос этилган, холос, дея оламиз. Албатта ҳар битта ҳукм ҳақида алоҳида гапирилиши керак. Қуйида шу хусусда батафсилроқ сўз юритамиз.
Алий Қори “Арбаийн" шарҳида ёзадилар: “Маълумки, йўл қўйилган хатонинг ҳукми унинг гуноҳи ва ўрнини тўлдириш учун лозим бўлган нарсалардан умумийроқ. Чунончи, хато учун гуноҳкор бўлмаслик ҳақида юқоридаги ҳадисда баён этилган бўлса, айни хато ўрнини тўлдириш, ўнглаш эса қуйидаги оятдан олингандир: “Ким бир мўминни билмай ўлдириб қўйса, у бир мўмин қулни озод қилиши ва марҳумнинг эгаларига – агар улар кечиб юбормасалар, – хун тўлаши вожибдир". (Нисо сураси 92-оят).
Аллоҳ таоло ўз ҳикмати билан фақат жиноятга қасддан қўл урган, шариатга хилоф юришни ихтиёрий равишда билиб туриб танлаган осий кимсаларни жазолашга қарор қилди.
Ибн Ҳажар ёзадилар: “Билмасдан, унутиб ёки мажбурланиб гуноҳга қўл урган кимсанинг афв этилиши ҳикмат ва ақл тақозосидир. Албатта Аллоҳ таоло уни азобласа ҳам адолат қилган бўларди. Бандаларга буйруқ ва қайтариқларни юклашдан мурод итоаткор билан осийни ажратиб олишдир. Токи, нажот топган ҳам, ҳалок бўлган ҳам ўзи учун аниқ ҳужжат ҳозирласин. Ҳар бир яхшилик ёки ёмонликка савоб-жазо бермоқ учун айни хатти-ҳаракат аниқ мақсад асосида қилинган бўлиши шарт. Юқоридаги уч ҳолатда эса мақсад деган нарса мутлақо йўқ. Билмасдан ёки унутиб бир ишга қўл урган кишида қилиш мақсади йўқлиги аниқ. Мажбурланган киши эса иш қуроли вазифасини ўтаган холос. Шу боис, аксарият усул олимлари улар қилган ишларига жавоб беришга мукаллаф эмаслар, дейишган".
4. Китобу Суннатдан мисоллар
Хато қилган ёки унутган банда гуноҳкор саналмаса-да, у айни хато амалга тааллуқли бошқа ҳукмлардан озод этилмайди. Биз бу ўринда Китобу Суннатдан мисоллар келтиришимиз мумкин.
а) Билмасдан бировни ўлдириб қўймоқ. Овда ёки урушда билмасдан бир мусулмонни ёки омонлик берилган ғайридинни ўлдириб қўйган киши гуноҳкор бўлмайди. Бироқ у хун ва каффорат тўлашдан озод қилинмайди. “Мўмин мўминни фақат билмаган ҳолдагина ўлдириб қўйиши мумкин. Ким бир мўминни билмай ўлдириб қўйса, у бир мўмин қулни озод қилиши ва марҳумнинг эгаларига – агар кечиб юбормасалар – хун тўлаши вожибдир. Агар марҳум ўзи мўмин бўлиб, сизларга душман қавмдан бўлса, фақат бир мўмин қулни озод қилиши вожиб. Агар у сизлар билан сулҳ тузган қавмдан бўлса, унинг эгаларига хун тўлаш ва бир мўмин қулни озод қилиш лозим. Бас, ким (озод қилиш учун бир қул) топишга қодир бўлмаса, Аллоҳга тавба қилиб муттасил икки ой рўза тутмоғи лозим. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир". (Нисо сураси, 92-оят).
б) Намозни вақтидан кечиктирмоқ. Ухлаб қолиб ёки унутиб намозни кечиктирган киши узрли бўлгани учун гуноҳкор саналмайди. Аммо уйғонган ёки эслаган пайтида намозини ўқиб олиши шарт. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким бир намозни унутиб қўйса, уни эслаган заҳоти ўқиб олсин. Унинг каффорати фақат шудир. “Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо эт". (Тоҳо сураси, 14-оят. Бухорий ва Муслим ривоятлари). Имом Муслим ривоятларида “Ким намоздан ухлаб қолса ёки унутиб қўйса..." дейилган.
в) Мажбуран куфр калимасини айтмоқ. Куфр калимасини айтишга мажбурланган киши имкон қадар очиқ куфр сўзини айтмасдан, мужмалроқ ибораларни ишлатсин. Агар айнан очиқ куфр лафзини айтишга мажбурланса, фақат тилидагина айтиб қўйсин. Бу сўзи қалбидаги иймон-эътиқодига заррача аралашмасин.
“Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин кофир бўлса (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса (унинг иймонига зиён етмас). Аммо кимнинг кўнгли куфр билан ёзиладиган бўлса, бас, ундай кимсаларга Аллоҳ томонидан ғазаб ва улуғ азоб бордир". (Наҳл сураси, 106-оят).
Агар куфр калимасини айтишга мажбур этилаётган мўмин Аллоҳ ҳузуридаги мукофотни умид қилиб, барча озорларга сабр қила олса, бу унинг учун энг афзал ва мукаррам йўлдир. Динидан қайтмагани учун ўлдирилган киши шаҳид бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Чопилсангиз ҳам, куйдирилсангиз ҳам Аллоҳга ширк келтирмангиз!" (Ибн Можа ривоятлари).
5. Янглишмоқ ва унутмоқ ҳукмининг тафсилоти
Мукаллафнинг билмасдан ёки унутиб айтган сўзи ёки қилган иши турлича бўлгани боис ҳукмлар ҳам бир-биридан фарқланади. Буни тўрт қисмга ажратиш мумкин.
Биринчи: Агар мукаллаф билмасдан ёки унутиб шариат буйруғини тарк қилса, мазкур буйруқ унинг зиммасидан соқит бўлмайди. Мукаллаф ўтказиб юборилган вожибнинг ўрнини тўлдириши шарт. Масалан, сиз бировни камбағал ҳисоблаб, унга закот бердингиз. Кейин унинг бой эканлигини билиб қолдингиз. Сизнинг берган закотингиз ўтмайди. Закот фақир, камбағал кишига берилиши шарт. Бойга берган пулингизни қайтариб олиш-олмаслик сизнинг ишингиз.
Энди унутишга мисол келтирамиз. Биров сафар анжомлари орасида суви борлигини унутиб, таяммум қилиб намоз ўқиди. Сўнг суви борлиги ёдига тушди. У таҳорат олиб, намозини қайтадан ўқийди.
Иккинчи: Зарар-талофат етказиш таркибига кирмайдиган бирон қайтариқни билмасдан ёки унутиб қилиб қўйган киши жавобгар бўлмайди. Масалан, ароқни сув деб ўйлаб ичиб қўйган кишига ҳад урилмайди ёки таъзирга тортилмайди. Эҳромга кирган киши унутиб хушбўй нарса сепса ёки тикилган либос кийса ҳам, ҳеч нима қилмайди. Яъни, унга каффорат ёки жазо-таъзир белгиланмайди.
Учинчи: Зарар-талофат таркибига кирувчи бирон қайтариқни билмасдан ёки унутиб қилиб қўйган киши каффоратини тўлашга мажбур. Ноҳақ тортиб олинган таомни унутиб ёки билмасдан еб қўйган киши унинг каффоратидан озод эмас. Шунингдек, эҳромдалигини унутиб ёки эҳромга тааллуқли аҳкомларни билмагани сабабли бирон ҳайвонни ўлдирган киши фидя бериши шарт. «Менинг хотиним эмас», деб ўйлаб бир аёлга талоқ сўзини айтса ва ҳалиги аёл ўзининг хотини бўлиб чиқса, аёли талоқ бўлади. Уйлангани ёдидан чиқиб «Хотиним талоқ», деб юборган кишининг ҳам аёли талоқ бўлади.
Тўртинчи: Жазо-уқубати белгиланган бир қайтариқни билмасдан ёки унутиб қилиб қўйган киши учун унинг хатоси ёки унутганлиги жазони соқит қилувчи шубҳа деб ҳисоб қилинади. Дорулҳарбда (уруш ҳолатидаги жойда) кофир деб ўйлаб, бир мусулмонни ўлдириб қўйган киши хун тўламайди, ундан қасос ҳам олинмайди. Шунингдек, ўлдирилган одамнинг эгаси (отаси, ўғли, акаси...) қотилдан жазони талаб қилиш вазифасига ўз номидан бировни вакил қилиб тайинлаган бўлса ва қотилнинг қонидан кечса-ю, вакил унинг кечирилганини унутиб, ўлдириб қўйса, вакилдан қасос олинмайди, бироқ у хун тўлайди.
6. Унутувчи маъзур саналмайдиган ишлар
Унутувчи унутган нарсасига ўзи сабабчи бўлса, масалан, тез-тез ёдига олиб турмаса ёки ёдига соладиган сабаблардан юз ўгирса, қилган ишига жавоб беради. Қуръонни ўқимай ташлаб қўйганлиги учун ёд олган оятларини унутган киши, кийимидаги нажосатни дарров ювиб ташламасдан охир-оқибат унутиб нажосат теккан кийим билан намоз ўқиган киши бунга мисол бўла олади. Улар қосирлик қилган ҳисобланиб, йўл қўйган хатоларини ўнглашлари шарт.
7. Унутиш хусусидаги фиқҳий фатволар
а) Бир жонлиқни сўяётганда ёки овда бисмиллаҳ дейишни унутган кишининг ҳукми. Ҳайвонни сўяётганда Аллоҳ номини зикр қилиш Имом Шофеий наздларида суннатдир. Имом Аҳмаддан қилинган бир ривоятда ҳам шундай дейилган. Шофеий фикрларига кўра, сўювчи “Бисмиллаҳ"ни атайлаб айтмаса ҳам, сўйган молининг гўшти ҳалол бўлади. Имом ўз сўзларига қуйидаги ҳадисларни ҳужжат қилиб келтирганлар: Баро разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мусулмон киши Аллоҳ номини айтса ҳам, айтмаса ҳам, барибир, Аллоҳ номи билан сўяди";
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўяётганда Аллоҳ номини айтишни унутган киши ҳақида сўрашди. “Аллоҳ номи ҳар бир мусулмон оғзидадир, - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам". (Дориқутний ривоятлари).
Абу Ҳанифа, Молик ва Аҳмаддан қилинган машҳур ривоятда “бисмиллаҳ"ни айтмоқ шарт, агар қасдан ташлаб кетилса, сўйилган ҳайвоннинг гўшти ейилмайди, дейилган. “Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз! Зотан, бу иш итоатсизликдир". (Анъом сураси, 121-оят).
Сўювчи «Бисмиллаҳ»ни айтишни унутиб қўйган бўлса, барча мазҳаблар ҳукми бўйича сўйилган ҳайвонининг гўшти ейилади. Мавзумиз асоси бўлган ҳадиси шариф бунга далилдир.
Абу Ҳанифа, Молик ва Шофеийлар наздида овланган ҳайвон ҳукми ҳам сўйилган жонлиқ ҳукми билан бир хил.
Имом Аҳмад айтадилар: “(Ит ёки лочин каби) овчи ҳайвонни ўлжага қўйиб юборишдан ёки ўқ узишдан олдин қасдан ёки билмасдан “Бисмиллаҳ"ни айтмаса, овни ейиш мумкин эмас". Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Итингни қўйиб юбораётиб: “Бисмиллаҳ!" деган бўлсанг, овни еявер". (Муттафақун алайҳ). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Камонинг билан овлаб, Аллоҳ номини зикр қилган овингни еявер". (Муттафақун алайҳ).
Жонлиқ хусусида бу нарса вожиб эмас. Чунки жонлиқни доимо бўғзидан сўйилади. Шунинг учун бу ўринда “Бисмиллаҳ"ни айтмасликка узр топилиши мумкин. Аммо овни, одатда, бўғзидан сўйишнинг имкони бўлмайди. Шу боисдан овда “Бисмиллаҳ" борасида енгиллик берилмайди.
Ибн Қудома айтадилар: “Ов билан сўйиладиган жонлиқ ўртасида фарқ шуки, жонлиқни забҳ ўрнидан[43] сўйилгани боис, “Бисмиллаҳ" масаласида қаттиқ турилмайди. Овда эса бундай эмас».
б) Намозда адашиб гапириб юбормоқ. Шофеий наздларида намозда адашиб гапириб юбориш ибодатни бузмайди. Уларнинг мазҳабларига кўра намозни бузадиган гап тақиқлангандир. Унутган одамнинг гапи бу тақиқ остига кирмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин ёки аср намозини икки ракъат ўқидилар. Шунда Зулядайн лақабли саҳобий сўрадилар:
- Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, унутдингизми ёки намоз қисқартирилдими?
- Унутганим ҳам йўқ, намоз ҳам қисқартирилмади, - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Сўнг асҳобларидан сўрадилар:
- Зулядайн айтгандай бўлдими?!
- Ҳа, - дейишди саҳобалар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна имомликка ўтиб, намознинг унутиб қолдирилган қисмини ўқиб қўйдилар. Сўнг намозлари охирида саждаи саҳв қилдилар. (Бухорий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда эмасликларига аниқ амин бўлиб гапирдилар. Саҳобалар эса «намоз қисқартирилибди» деган гумонда гапиришди. Кейин барчалари қолган икки ракъатни ўқидилар. Мана шу хулоса эътибори билан у ҳужжат сифатида келтирилди.
Буларнинг бари озгина сўзга тегишли. Чунки узоқ суҳбат давомида киши барибир эслайди. Имом Молик ҳам шундай фатво берганлар.
Ҳанафийлар айтадилар: “Намоз ботил бўлади. Чунки гапириш қай суратда бўлмасин, намозни ботил қилгани учун, ундан қайтарилган. Ушбу ўринда адашиб гапириб юборган билан атайлаб гапирган киши ўртасида фарқ йўқ. Рўзадор эканини унутиб, овқат еб қўйган киши ҳақида аниқ далил келгани бўлгани боис, буни истисно қилинган."Ҳанафийлар намозда гапиришдан қайтарилган ҳадислар илгариги ҳужжатларни насх қилади, деб ҳисоблайдилар.
Имом Аҳмаддан эса бу намозни бузади ва бузмайди, деган маънода икки хил ривоят мавжуд.
в) Рўзада унутиб еб-ичмоқ ёки жуфтига яқинлашмоқ. Жумҳур олимлар наздида фарз рўзада унутиб еб-ичиб қўйган киши эслаган заҳоти ейишдан ҳам, ичишдан ҳам тўхтаб, рўзасини давом эттиради. Унинг рўзаси ботил бўлмайди. Каффорат ҳам, қазо ҳам вожиб эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким рўзадорлигини эсдан чиқариб еб-ичиб қўйса, рўзасини давом эттирсин. Уни Аллоҳ таоло едириб‑ичирибди". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Имом Молик айтадилар: “Фарз рўзада билмасдан еб-ичиб қўйган киши рўзасининг қазосини тутади, каффорат бермайди. У намозини унутиб қўйган кишига ўхшайди".
Имом Молик “Муватто»да ёзадилар: “Рамазонда ёки бошқа вожиб рўзада адашиб, унутиб еб-ичиб қўйган киши ўша кунги рўзасининг қазосини тутиб беради".
Афтидан, Имом Молик юқорида келтирилган ҳадисни нафл рўзага тааллуқли деб билганлар. Улар «Муватто»да бундай деганлар:
“Нафл рўзада янглишиб ёки унутиб еб-ичиб қўйган киши рўзасини давом эттиради ва қазосини тутиб бермайди".
Рўзада унутиб аёлига яқинлик қилиб қўйган киши Абу Ҳанифа, Шофеий ва Молик наздларида худди унутиб еб-ичиб қўйган киши кабидир.
Имом Аҳмаддан машҳур бўлган нақлда унинг рўзаси бузилади, қазосини тутиб беради. Каффорат вожиблиги хусусида икки хил сўз нақл қилинган.
8. Қасамдаги хато ва унутиш
Савол: Агар киши бир нарсани қилмайман, деб қасам ичиб, сўнг унутиб ёки билмасдан (яъни, шу ишининг қасамига дахлдорлигини тушунмай) ўша ишга қўл урса, қасамини бузган ҳисобланадими?
Жавоб: Имом Шофеий наздида кишининг қасами, ҳатто талоқ ёки қул озод қилишга тегишли бўлса ҳам, бу билан бузилмайди, қасами ўз ўрнида туради. Чунки ундан содир бўлган хато-унутишнинг қасамига алоқаси йўқ. Акс ҳолда қасами бузилган бўлар эди. Имом Аҳмаддан қилинган бир ривоятда ҳам шундай дейилган.
Имом Молик айтадилар: “Ҳар қандай ҳолатда ҳам қасами бузилади. Чунки хато ва унутишнинг фақат гуноҳи кўтарилган. Уларнинг ўзи ва тааллуқли ҳукмлари эса собитдир".
Имом Аҳмаддан қилинган машҳур ривоятда талоқ ва қул озод қилиш билан бошқа масалалар ўртаси ажратилган: Агар унутган ёки хато қилган кишининг қасами талоқ ва қул озод қилиш хусусида бўлмаса, бузилмайди. Талоқ ва қул озод қилишда бузилади. У унутган ҳолида аёли билан яшаётган бўлса, гуноҳкор эмас. Бироқ эслаган заҳоти ундан ажралиши шарт. Имом Аҳмад қуйидаги асосга биноан талоқ билан қул озод қилишни бошқа масалалардан ажратганлар:
- Талоқ ҳам, қул озод қилиш ҳам шартга боғлиқ қилинган. Шарт топилиши билан мақсаднинг бор-йўқлигидан қатъиназар у амалга ошади. Масалан, биров хотинига қуёш чиқса талоқсан, деса, қуёш чиқиши билан талоқ бўлади.
9. Мажбурланган кишига тегишли ҳукмлар
Мажбурланган кишининг хатти-ҳаракатига тааллуқли бўлган ҳукмлар мажбурланиш даражаси ва ундан талаб қилинаётган иш табиатига қараб турлича бўлади.
а) Баъзан мажбурланган кишида ҳеч қандай имконият, ихтиёр бўлмайди. Масалан, “Мана шу ерга сира кирмайман" деб қасам ичган кишини ушлаб, қўл оёғини боғлаб ўша жойга олиб кирилса, албатта у гуноҳкор бўлмайди. Жумҳур олимлар наздида у қасамини бузган ҳам ҳисобланмайди.
б) Мажбурланаётган киши бош тортиш имкониятига эга бўлиши мумкин. Бу ҳолатда унинг хатти-ҳаракатига жавобгарлик тааллуқли бўлади. Масалан, бировни уриб-тепиб бир ишга мажбурлашди. Агар унинг шу ишни қилмасликка имконияти бор бўла туриб, бош тортмаган бўлса, у ихтиёрли ҳисобланади. Лекин мақсад ишнинг ўзи эмас, балки зарарни даф қилиш ҳамдир. Демак, у бир эътибор билан ихтиёрли саналса, бошқа бир эътибор билан ихтиёрсиз. Шу боис унинг мукаллафлиги хусусида ихтилоф бор.
10. Мажбурланишга оид фиқҳий масалалар
а) Бировни ноҳақ ўлдиришга ёки зино қилишга мажбурланиш.
Бир жонни ноҳақ ўлдириш ва зино қилиш барча Пайғамбарлар шариатида ҳаром қилинган гуноҳи кабирадир. Шу боис, ҳатто мажбурланган ҳолатда ҳам бу гуноҳларга рухсат берилмайди. Яъни, киши бир жонни ноҳақ ўлдиришдан ёки зино қилишдан бош тортгани учун ўлдирилса, ажр-савоб олади. Шу икки ишдан бирини мажбурлангани боис қилган кишининг ҳукмлари мажбурланиш даражасига қараб турлича бўлади.
· Зинога мажбурланиш.
Жумҳур олимлар фатвосига биноан зинога мажбурланган аёл шаръий жазога тортилмайди. Агар зўрловчи қаршисида мутлақо ожиз бўлган бўлса, гуноҳкор ҳам дейилмайди. Бош тортиш имконияти мавжуд бўлса, гуноҳкордир. Уламолар бу сўзга биз ўрганаётган ҳадисни ва яна бошқа ривоятларни далил сифатида келтиришган. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида бир аёл зўрланди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам зўрланган аёлга ҳад-жазо белгиламадилар". (Асрам ривоятлари).
“Умар разияллоҳу анҳу чўри аёлни зўрлаган қулларни дарраладилар. Чўриларга эса жазо бермадилар".
Чунки мажбурлаш шубҳа саналади. Шубҳа эса шаръий жазони зиммадан соқит қилади.
Аксарият аҳли илм наздида зинога мажбурланган эркакнинг ҳукми зўрланган аёл ҳукми билан бир хил. Тўғри сўз ҳам шудир.
Ҳанбалийларнинг кўпчилиги ва ҳанафийлардан Муҳаммад ибн Ҳасан зинога мажбурланган эркакка ҳад жорий қилинади, дейишган. Уларнинг сўзи қуйидагича: “Киши ўзини қўйиб юборсагина, аёл билан қовушади ва бу мажбурланишга тўғри келмайди. Яъни, ўзини қўйиб юбориш бор жойда мажбурланиш бўлмайди. Демак, ҳад белгиланиши лозим".
Абу Ҳанифа айтадилар: “Агар зинога ҳоким мажбурласа, мажбурланган кишига ҳад белгиланмайди. Бошқа биров томонидан мажбур қилинса, ҳад тайин этилади".
· Бировни ноҳақ ўлдиришга мажбурланиш.
Мўътабар олимлар билиттифоқ айтадилар: “Бир маъсум жонни ўлдирмоқ сира мумкин эмас. Агар мажбурланган киши ўзини қутқариш учун бировни ноҳақ ўлдирса, гуноҳкор бўлади. У омон қолиш учун ўз ихтиёри билан бир жонни ноҳақ ўлдирган ҳисобланади".
Бировни ўлим билан қўрқитиш ёки ўлим хавфи бор даражада мажбурлаш ва бошқа шартлар билан боғлиқ масалалар фиқҳ китобларида батафсил ёзилган.
Хўш, мажбурланган ҳолатда бировни ўлдирса, ундан қасос олинадими?
Молик, Аҳмад ва Шофеийнинг сўзларига биноан мажбурловчидан ҳам, мажбурланувчидан ҳам қатлда иштирок этганлари учун қасос олинади. Мажбурловчи восита орқали, мажбурланувчи бевосита қотилликда шерикдирлар. Абу Ҳанифа наздларида қасос иш қуроли вазифасини ўтаган мажбурланувчидан эмас, фақат мажбурловчидан олинади. Шофеийларда ҳам шундай қавл бор.
Айрим Шофеийлар ва ҳанафийлардан Зуфар сўзларига кўра қотилликни бевосита амалга оширгани учун қасосни фақат мажбурланувчидан олинади. Чунки у иш қуроли эмас ва у билиттифоқ гуноҳ ишни қилди.
б) Зино ва қотилликдан бошқа ҳаром ишларга мажбурланиш.
Масалан, ароқ ичишга, ўғрилик қилишга....
Аксарият фақиҳлар бундай гуноҳларга мажбурланган киши ўша ишни қилиши жоиз бўлади, дейдилар. Аммо бу бировнинг молига талофат етказадиган иш бўлса, уни тўлаб бериш мажбурланувчининг зиммасига тушади ва у айни тўловни ўзини шу ишга мажбурлаган кишидан талаб қилади. Бу каби масалаларда мажбурланувчи гуноҳкор бўлмайди ва жазога ҳам тортилмайди.
Айрим моликийлар ва Имом Аҳмаддан қилинган бир ривоятда бунга рухсат берилмаган. Яъни, мажбурланувчи ўғрилик, ароқ ичиш каби жазо белгиланган ишларни қилса, унга ҳад урилади. Агар бировнинг молига зарар етказган бўлса, зарарни тўлаш мажбурловчи ва мажбурланган кишининг зиммасига тушади.
в) Ҳаром сўзни гапиришга мажбурланиш.
Аксар уламолар – Молик, Шофеий ва Аҳмад бу ҳолатда барча сўзларга рухсат беришган. Чинакам мажбурланган киши золим талаб қилаётган ҳаром сўзни айтиб, ўзини қутқарса, гуноҳкор дейилмайди. Унинг оғзидан чиққан сўз оддий лағв – бекорчи бир гап ҳисобланиб, ҳеч қандай шаръий жазога тортилмайди.
Чунки Аллоҳ таоло мажбурлангани учун куфр калимасини айтган бандадан гуноҳни соқит қилди. “Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унда гуноҳ йўқдир)". (Наҳл сураси 106-оят).
Куфрга тааллуқли бир талай ҳукмлар бўлиб, уларнинг энг каттаси гуноҳ эди. Модомики, гуноҳ соқит қилинар экан, унга боғлиқ бошқа ҳукмлар ҳам соқит қилинади. Чунки энг катта ҳукм кетгач, кичкина ҳукмлар ўз-ўзидан кетиши керак. Мажбурланган киши ўзи хоҳламасдан куфр калимасини айтаяпти. У бу сўзига Охиратда жавоб бермаганидек, дунёда ҳам жавобгарликка тортилмайди.
Ушбу масалада куфрдан бошқа сўзлар ўртасида ҳам ҳеч қандай фарқ йўқ. Яъни, айни ҳукм савдо-сотиқ, никоҳ каби аҳдларда ҳам, талоқ, қайтариб олиш каби ажримларда ҳам, қасаму назрларда ҳам жорийдир. Барчасига биз ўрганаётган ўттиз тўққизинчи ҳадис билан бирга қуйидаги ҳадисни далил келтирилган: Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят: Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мажбурланган ҳолатда талоқ ҳам, қул озод қилиш ҳам йўқ». (Абу Довуд ва бошқалар ривояти).
Абу Ҳанифа ўртадаги битимни бузиш мумкин бўлган ва томонларга ихтиёр бериладиган ишларга мажбурланиш билан бошқа масалаларга мажбурланиш ўртасида фарқлаш лозим деганлар. Яъни, савдо-сотиқ каби ишларда мажбурлаш эътиборга олинади ва мажбурланган киши айтган сўзига жавоб бермайди. Никоҳ, талоқ, қасам ва назр каби қайтиб олиш-бузишни қабул қилмайдиган масалаларда эса мажбурлаш эътиборга олинмайди. Мажбурланган кишининг айтган сўзи амалга ошади.
11. Мажбурланувчининг мажбурланиб қилаётган ишига розилиги
Агар мажбурланувчининг ўзида айни ишга розилик ва шу ишни қилишга рағбат аломатлари сезилса, у тарафдан имзоланган аҳд-шартнома ва бошқа хат-ҳужжатлар дуруст саналади. Бунда унинг мажбурланганлиги инобатга олинмайди. Чунки у қилган ноъмақул ишини ичида ўзи ҳам хоҳлаб турганди.
12. Ҳаққа мажбурлаш
Агар мукаллаф айтиши ёки қилиши унинг бурчи бўлган сўз ёки амалга мажбурланса, мажбурланган сўз ва амалда туришга уни мажбур қилинади ва у шунга тааллуқли ҳукмларга бўйсуниши шарт:
- Агар бир душман аскари Исломга мажбурланса ва тили билан динни қабул қилса, унинг Исломи дуруст дейилади.
- Аёлига яқинлашмасликка қасам ичган киши тўрт ой ўтса ҳам сўзидан қайтмаса ва талоқ қилишдан бош тортса, қози уни талоқ айтишга мажбурлайди. Ушбу талоқ ҳукми ўтади.
- «Қарзимни тўламайман» деб қасам ичган кимсани ҳоким қарзини тўлашга мажбур қилса, албатта қасамини бузиб, қарзини тўлайди. Аммо қасамини бузгани учун каффорат тўлайди.
- Агар ҳоким қарз берган кишини қарзларини узиш учун мол-давлатининг бир қисмини сотишга мажбурласа, ўртадаги савдо дуруст бўлади.
ҚирҚинчи ҳадис
Фурсатни ғанимат билинг
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: أَخَذَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِمَنْكِبَيَّ فَقَالَ: "كُنْ فِي الدُّنْيَا كَأَنَّكَ غَرِيبٌ، أَوْ عَابِرُ سَبِيلٍ".
وَكَانَ ابْنُ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا يَقُولُ: إِذَا أَمْسَيْتَ فَلا تَنْتَظِرِ الصَّبَاحَ، وَإِذَا أَصْبَحْتَ فَلا تَنْتَظِرِ الْمَسَاءَ، وَخُذْ مِنْ صِحَّتِكَ لِمَرَضِكَ، وَمِنْ حَيَاتِكَ لِمَوْتِكَ. (رواه البخاري).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки елкамдан тутиб дедилар: “Дунёда бир ғариб ёки йўловчидек бўлгин".
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу айтардилар: “Кун ботса, тонгни кутма. Тонг кирса, кеч бўлишини кутма. Касалликдан олдин соғлигингни, ўлимингдан олдин ҳаётингни ғанимат бил". (Бухорий ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Ушбу ҳадиси шариф ўзида улкан хайр ва етук мавъизаларни жамлаган қадри улуғ, фойдаси мўл ҳадисдир. Дунёга берилмаслик бобида уни асос қилиб олмоқ лозим. Мўмин киши ҳеч қачон бу фоний дунёни ўзига боқий ватан деб билиб, Охират ҳаракатидан тўхтаб қолмайди. У дунёда бир ғариб мусофирдек яшайди. Ҳамма нарсасини бот-бот кўздан кечириб, ваъда қилинган Кун сафарига ҳозирланади. Зеро, Қиёматда кишига на моли ва на фарзандлари фойда бера олади. У кун фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом қалб билан келганларгина нажот топади.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Мураббий пайғамбар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари учун беназир муаллим ва мураббий эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам таълим-тарбияларида мураббий ва муаллимлар учун қўлланма вазифасини ўтайдиган мисоллар талайгина. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам таълим‑тарбия бериш фурсатини қўлдан чиқармас эдилар. Асҳобларига айтмоқчи бўлган сўзларини чиройли ва содда баён қилардилар. Маъноларни мисоллар орқали улар кўз ўнгида яққол гавдалантирардилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам вақти-вақти билан асҳобларига мавъизалар қилиб турардилар. Уларга ўзлари энг муҳтож бўлган нарсалари ҳақида ва ақл-идрокларига муносиб тарзда гапирардилар. Уларнинг тўғри амалларини кўрсалар тасдиқлаб, хатоларини сезсалар тўғрилар эдилар. Ушбу дарсларнинг барчаси сабр, такрор ва гўзал намуна орқали уқтириларди.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтмоқчи бўлган сўзларининг муҳимлигини таъкидлаб ва айни ҳикматнинг суҳбатдошлари қалбига кириб ўрнашишини истаётганликларини унга ҳис қилдириб, қуйидагича иш кўрдилар: Абдуллоҳ ибн Умарнинг елкаларидан тутиб сўз бошладилар.
Ибн Ҳажар Ҳайтамий мазкур набавий таълимга алоҳида эътибор қаратдилар: “Бу ерда муаллим ёки воиз таълим чоғида тингловчисининг айрим аъзоларидан ушлаб гапиришининг жоизлигига далил бордир. Бунга Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ривоятини ҳам мисол келтириш мумкин. Абдуллоҳ ибн Масъуд айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки кафтимни кафтлари орасига олиб, менга ташаҳҳудни ўргатдилар".
Муаллимнинг бундай йўл тутиши шогирднинг кўнгилга илиқлик олиб кириш, диққатини тортиш ва таълимни эсида қолдириш учун хизмат қилади. Зеро бундай тарзда берилган таълим одатда ёддан чиқиб кетмайди. Албатта, айни хатти-ҳаракат ваъз қилувчининг муҳаббатини ҳам ифодалайди. Демак, юқоридаги ривоятлардан хулоса чиқариб айтамизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Умар ва Абдуллоҳ ибн Масъудни яхши кўрганлар". (“Фатҳул‑мубийн ли‑шарҳил‑арбаийн" китобидан, 276-бет).
2. Дунё фоний, Охират эса боқийдир.
Инсон бу дунёда Аллоҳ таоло белгилаган муҳлат миқдорича яшаб, сўнг бир кун ўлим таъмини тотади. “Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир". (Оли Имрон, 185-оят). “Шак-шубҳасиз сиз ҳам ўлгувчидирсиз, улар ҳам ўлгувчидирлар". (Зумар сураси, 30-оят).
Банда қачон ва қаерда жон беришини ҳам билмайди. “Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас". (Луқмон сураси, 34-оят).
Биз қанчалик узоқ яшамайлик, барибир бир кун бу дунёни ташлаб кетамиз. Айни ҳақиқатни ҳар куни кўриб, ҳар соат ҳис қилиб турамиз. Сўнг боқий, ниҳоясиз, мангу ҳаётга – Охират ҳаётига кўчиб ўтамиз. Аввал Аллоҳ таоло бутун инсониятни тирилтириб, Уларни амалларига қараб ҳисоб-китоб қилади. Инсонларни тақводорлар учун ҳозирлаб қўйилган, кенглиги осмонлару ер қадар бўлган боқий жаннат ёки кофирларга тайёрлаб қўйилган, ўтини одамлару тошлар бўлган жаҳаннам кутади. Кофирлар дўзах ўтидан қочиб қутила олмаслар.
Мана шу ҳаёти дунё билан алданган, бор-йўғини ўткинчи кунларга бағишлаб, Охиратни унутганлардан фарқли равишда оқил мўмин Охиратда ҳосилини йиғиб олиш учун ҳаёти давомида яхши амаллар уруғини сочади. У жаҳаннам чоҳи устига тортилган нажот йўлидан эсон-омон ўтиб олиш учун дунёни тўғри восита қилади.
Барча Пайғамбарлар ва уларнинг издошлари юқоридаги ҳақиқатни такрор-такрор васият қилганлар. Фиръавн қавми орасида иймонини яшириб юрган мўмин сўзига қулоқ беринг-а: “Эй қавмим, бу ҳаёти дунё фақат бир матодир. Албатта Охиратгина қароргоҳ бўлган диёрдир". (Ғофир сураси, 39-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мен билан дунё ўртасида нима бўлиши мумкин?! Мен билан дунёнинг мисоли дарахт соясида ухлаб олиб, сўнг уни тарк қилиб жўнаган отлиққа ўхшайди". (Термизий ривоятлари).
3. Дунё Охират учун кўприкдир.
Дунёда ўзини бир мусофирдек тутган мўмин унинг ноз-неъматларига алданиб, арзимас матоларига боғланиб, йўлидан қолиб кетмайди. Бу нарсалар билан машғул бўлиб қолишни ўзига нолойиқ деб билади. Чунки, мўмин назарида дунё бир қўниб ўтиладиган қўналғадир.
“Бу ҳаёти дунё алдамчи матодир". (Оли Имрон, 185-оят).
Мўмин ўзининг бу дунёга бегона эканлигини, бамисоли ватанидан, аҳли оиласидан йироқ бир ғариб мақомида туриши лозимлигини бирон лаҳза унутмайди. У ҳамиша ўзининг асл ватанига, аҳли оиласи, ёр-дўстлари қучоғига ошиқади. Бу фироқ қанчалик чўзилмасин, у бегона диёрга кўникиб кетолмайди. Шу боис, ҳаёти дунёда ҳовли-жой, кўрпа-тўшак ғамини емайди. Балки борига қаноат қилиб, имкон қадар ўзининг асл диёри учун арзирли ҳадялар ҳозирлайди. Чунки унинг ёр-дўстлари ҳам, мангу қарор топадиган суюкли манзили ҳам ўша ерда. Охират ҳовлисига қиёсланганда бир неча лаҳзалик қадр-қиймати қоладиган бу дунёдан чин мўмин шу тариқа кўнгил узади. “Охират олдида бу дунё матоси жуда оз нарсадир". (Тавба сураси, 38-оят)
“Албатта Охират (мангу) қароргоҳ бўлган диёрдир". (Ғофир сураси, 39-оят)
Ҳасан Басрий айтадилар: “Мўмин бир мусофир кабидир. У дунёда хорликдан сиқилмайди ва дунё азизлигини талашмайди. Зеро, мўминнинг ғами бошқа, одамлар ғами бошқа".
Ибн Ражаб айтадилар: “Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратгач, уни жуфти билан жаннатда яшаттирди. Сўнг икковлари жаннатдан туширилдилар. Аммо уларнинг ўзларига ҳам, солиҳ зурриётларига ҳам яна жаннатга қайтарилажаклари тўғрисида ваъда берилди. Шу сабабдан мўмин ҳамиша ўзининг асл ватанини қўмсайди. Зеро, ватанни севмоқ иймондандир".
Мўмин бу дунёда ғарибнинг ўзга юртдаги ҳаёт кечиришидан ҳам камроқ яшаб, камроқ қарор топади. Баъзан мусофир бегона юртни ёқтириб, ўша ерда уй-жой қилиб, қолиб кетиши мумкин. Бироқ мўминда дунёга нисбатан бу ҳол юз бермайди. У бир йўловчидек йўл бўйидаги лаш‑лушлар ёнидан вазмин ҳолда ўтиб боради. Қалби мудом асл ватани томон ошиқади. Қанчалик кўп йўл босса, шунчалик қувонади. Уни йўлдан озгина ушлаб қолган нарса ҳам оғринтиради. Мусофир сафарда уй-жой қилишга, ошна-оғайни орттиришга тиришмайди. Унинг учун манзилига етиб олишга кўмаклашадиган, йўл узоқлигини билинтирмайдиган чин дўстлар кифоя. Мўмин Охиратда Аллоҳ розилигига эришишдек улуғ орзусини рўёбга чиқаришга зарур бўладиган миқдордаги дунё матоларига эътибор беради. “У сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир". (Мулк сураси, 2-оят).
Мўмин дўст танлашда ўзининг нажот соҳилига етиб олишига ёрдам берадиган, мудом тўғри йўлга бошлаб турадиган солиҳ инсонларни қидиради. “У кунда дўстлар бир-бирларига душмандир, магар (Аллоҳ йўлида дўстлашган) тақводор зотларгина (мангу дўстлардир)". (Зухруф сураси, 67-оят).
Саҳрода ёлғиз қолган йўловчи қароқчи ва йўлтўсарларлардан эҳтиёткор бўлганидек, мўмин ҳам Аллоҳ азза ва жалладан ва Унинг тоат-ибодатидан узоқлаштирувчи кимсалардан ўзини эҳтиёт қилади. “У кунда бу золим қўлларини тишлаб дер: “Э, қанийди, мен ҳам Пайғамбар билан бир йўлни тутганимда эди. Ўлим бўлсин менга, қанийди, мен фалончини дўст тутмаганимда эди. Аниқки, менга эслатма - Қуръон келганидан сўнг, ўша мени йўлдан оздирди". Шайтон (ўзига эргашган барча) инсонни ёрдамсиз қўйгувчидир". (Фурқон сураси, 27-29-оятлар).
Мўмин ҳам мусофир каби Охират учун йўл озиғини ғамлайди. “Озуқани ғамланг! Энг яхши озуқа тақводир. Мендан қўрқингиз, эй ақл эгалари!" (Бақара сураси, 197-оят).
4. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу насиҳатлари
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам насиҳатларини жон қулоқлари билан тинглаб, дилларига жо қилдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу оқил шогирдлари вақти келиб ҳидоят ва нур манбаига айландилар. Энди у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларини одамларга етказар эканлар, уларни дунёга кўнгил бермасликка, камсуқум зоҳид бўлишга чақирдилар: Дунёга кўнгил бермаган чин мўмин сифатида ҳамиша ажални ҳозир кўринг. Кун ботса, тонггача яшашни, тонг отса, кечгача тирик бўлишни умид қилманг.
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил: Кексаликдан олдин ёшлигингни, касал бўлмасингдан аввал соғлигингни, фақирлигингдан олдин бойлигингни, машғул бўлиб қолишингдан аввал бўш вақтингни ва ўлимингдан аввал ҳаётингни!" (Ҳоким ривоятлари).
5. Мусулмон имкон қадар тоат-ибодат ва бошқа хайрли амалларни кўпроқ қилишга шошилади. Ўзининг улуғ орзусига етмоқ учун сусткашлик ҳам, дангасалик ҳам қилмайди. Чунки у ажали қачон келишини билмайди.
6. Мўмин ҳар битта қулай фурсатни ғанимат билиб, Охирати ғамини емоғи лозим.
7. Ҳадисда зоҳид бўлишга тарғиб қилинди. Бунинг маъноси дунё ишларини бутунлай ташлаб қўйиб, ҳаракатсиз, беамал ўтириш дегани эмас, албатта. Бу ерда дунёнинг ўзига боғланиб қолмасликка, унга берилган ҳолда Охиратни унутиб қўймасликка чақирилаяпти холос.
8. Мўминнинг вазифаси иложи борича хайрли амалларни кўпайтирмоқдир. Доим Аллоҳ таоло азобидан қўрқиб, хавфсираб туриши эса уни янада кўпроқ амалга чорлайди. Унинг ҳақиқий мусофирга ўхшаши ҳам шундадир. Зеро, мусофир киши сафари давомида мудом сергак туради, кўзлаган манзилига етолмай йўл ярмида тўхтаб қолишдан ҳазир бўлади.
9. Ёмон ҳамроҳлардан узоқлашиш лозим. Улар худди йўлдаги қароқчилар каби мўминни асл мақсади сари юришдан чалғитадилар. Натижада унинг кўзлаган манзилига етишига тўсқинлик қиладилар.
10. Нафсни тийиш, фойдали амалларни ҳосил қилиш учун дунёвий амал вожибдир. Мўмин буларнинг барчасидан Аллоҳ таоло ҳузуридаги ажр-савобга эришиш йўлида фойдаланади.
11. Ушбу ҳадис бизни мўътадилликка чорлайди. Дунё тупроғига ёпиша бошлаганимизда, Охират ғамидан узоқлашиб, ғафлатимиз ошиб кетаётганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадислари бизни ўзлигимизга чақиради, дунё ва Охират учун амал қилишда мўътадил ва мувозанатли бўлишга чорлайди.
ҚирҚ биринчи ҳадис
Иймон асоси шариатга эргашишдир
عَنْ أَبِي مُحَمَّدٍ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "لا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى يَكُونَ هَوَاهُ تَبَعًا لِمَا جِئْتُ بِهِ". (حديثٌ صحيحٌ ، رُوِينَاهُ في كتابِ الْحُجَّةِ بِإِسْنادٍ صحيحٍ).
Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан ҳеч бирингиз - токи унинг хоҳиш-истаклари мен олиб келган нарсага бўйсунмагунча, - мўмин бўла олмайди». («Китобул-ҳужжа» дан. Ҳасан-саҳиҳ ҳадис).
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Мусулмон ҳамиша комилликка интилади.
Комил мўминнинг сўзи билан иши, фикри билан тутган йўли ўртасида қарама-қаршилик бўлмайди. Ақли, фикри, ҳис-туйғулари ўзаро мувофиқ бўлганидек, қалби ҳам, тили ҳам бошқа аъзолари ҳаракатидан айри тушмайди. Унинг руҳи билан танаси мувозанатли, тили эътиқодига мос, ақидаси амалларидан кўриниб туради. Эътиқоди йўлини белгилаб, хатти-ҳаракатини ўнглайди. Шундай қилиб у шаҳватларга қул бўлмайди, бидъатлар уни ҳаддидан оширмайди. Роҳат-фароғат, айш-ишрат чалғитолмайди. Чин мўмин ҳамиша Аллоҳ таолонинг ҳақ шариатига мувофиқ ҳаракат қилади. Қисқа сўзларда кенг маъноларни баён этиш мўъжизаси берилган Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақиқий мўминнинг суратини қуйидагича чизиб бердилар: “Сизлардан ҳеч бирингиз - токи унинг хоҳиш-истаклари мен олиб келган нарсага бўйсунмагунча, - мўмин бўла олмайди".
2. Ҳавои хоҳиш моҳияти ва унинг турлари
Хоҳиш деганда баъзан ҳаққа мойиллик, унга бўйсуниш ҳам тушунилади. Масалан:
“Сиз аёлларингиздан ўзингиз хоҳлаган аёлни қолдириб, ўзингиз хоҳлаган аёлни ўзингизга ҳамхона қилурсиз", (Аҳзоб сураси, 51-оят) ояти нозил бўлганда, Оиша разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Раббингиз доим сизнинг истак-хоҳишингизни бажо қилади-я?!" дедилар. (Бухорий ривоятлари).
Умар разияллоҳу анҳу Бадрда қўлга тушган асирлар устида бўлган маслаҳат ҳақида гапириб, шундай дейдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаволарига мен айтганим тўғри келмай, Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг гапи кўпроқ ёқди".
Баъзида бу сўздан умуман ҳавои хоҳиш, майл назарда тутилиши мумкин. Умар разияллоҳу анҳунинг юқоридаги ҳадисларида ҳам ҳавои хоҳишнинг умумий маъноси назарда тутилган.
Аммо кўпинча, ҳавои хоҳиш деганда фақат нафсни қондириш, унинг рағбатларини юзага чиқариш кўзда тутилади. Ҳавои хоҳиш калимаси ҳеч қандай қайдсиз ишлатилса, ана шу маъно кўзда тутилган бўлади. Ҳавои хоҳишнинг ушбу маъноси муомалада ҳам кўп учрайди. Оят ва ҳадисларда ҳавои хоҳиш айни шу эътибор билан қораланган. Чунки у одатда ҳаққа хилоф майлдир. Кўнгил хоҳишлари ҳамиша ҳам шариатга мувофиқ келавермайди. Бинобарин, у эгасини залолатга бошлайди. Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга хитоб қилиб деди: “Бас, сен ҳавои хоҳишга эргашиб кетмагин. Акс ҳолда у сени Аллоҳ йўлидан оздирур". (Сод сураси, 26-оят).
3. Ҳавои нафсга эргашмоқ маъсият ва бидъат манбаидир
Ўзини нафсининг ҳавои хоҳишлари ҳукмига топширган, унинг инжиқликларига тўлиқ бўйсунган банда гуноҳ-маъсиятлар гирдобига тушиб қолади, Аллоҳ таоло шариатига хилоф юради. Дарҳақиқат, адашганлар, бидъатчилар, кофирлар, фосиқлар, даҳрийлар ҳақни тушуна олмаганларидан ёки унга қониқмаганларидан эмас, балки ҳавои хоҳишларига эргашганликлари боис ҳақ йўлдан юз ўгирдилар. Ахир ҳақ тушунарсиз, мавҳум нарса эмас-ку! Тутуриқсизлик, бемаънилик, мажҳуллик ботилнинг сифатларидир. “Энди агар улар сизга жавоб бера олмасалар, бас, билингки, улар фақат ҳавои нафсларига эргашурлар. Аллоҳ томонидан ҳидоятланмаган ҳолда ўз ҳавои нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?!" (Қасос сураси, 50-оят).
4. Ҳавои хоҳишга тўлиқ бўйсуниш уни илоҳ қилиб олишдир!
Итоат қулоқ солмоқ ва бўйсунмоқдир. Ҳавои хоҳишига бўйсунган, унинг рағбатларига ўзини топширган кимса ҳавосига қул ҳисобланади. Аслида ҳавои нафс ва шаҳватлар то инсонга бутунлай ҳоким бўлиб олгунга қадар тинчимайди. Нафсига қул бўлган бандалар ҳатто ақллари, қарашлари, илм-маърифати нотўғри деб билган нарсаларда ҳам кўр-кўрона ҳавои нафсларига бўйсунадилар. Нафс бандалари ҳақ олдида кўзларини кўр, қулоқларини кар қилиб олишади.
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу: “Ҳавои нафс ер юзида ибодат қилинадиган маъбуддир», деб, қуйидаги оятни тиловат қилдилар: “Ҳавои нафсини илоҳ қилиб олган кимсани кўрдингизми?!" (Фурқон сураси, 43-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ер юзида одамлар сиғинадиган маъбудлар орасида Аллоҳ таоло наздида эргашиладиган ҳавои нафсдан-да ёмонроғи йўқдир".
5. Ҳавои нафсга эргашмоқ мукаррам инсонга нолойиқ ожизликдир.
Аллоҳ таоло инсонни ўзга махлуқотлардан хослаб, уни азиз ва мукаррам этди. “Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик". (Исро сураси, 70-оят).
Инсонга инъом этилган ушбу мукаррамлик уни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариб турувчи ақл биландир. “Жонга ва уни расо қилиб яратиб, унга фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам илҳом қилиб ўргатиб қўйган зотга қасамки..." (Ваш-шамс сураси, 7-8-оят).
Нафс яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам қабул қилаверади. Унда фисқу фужурнинг ҳам, тақвонинг ҳам сабаблари муҳайё. Инсон Аллоҳ таоло берган ақл, ихтиёр ва куч-қудрат билан нафсини жиловлаб, уни хайр ва тақво мартабалари сари бошламоғи лозим. Ана шунда у ўзига муносиб бўлган фазилатли ва эъзозли даража эгасига айланади. Ҳавои нафсини жиловлаб олган киши оқил ва комил инсон номига муносибдир. Ҳавои нафсига қул бўлиб, ёмон майллар қаршисида бош эгган кимса азизу мукаррамликдан мосуво бўлади. Бу нарса унинг нодон ва ожиз эканлигининг белгисидир. “Дарҳақиқат, нафсини поклаган киши нажот топди. Ва уни кўмиб хорлаган кимса зиён қилди". (Ваш-шамс сураси, 9-10-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Нафсига қарши жиҳод қилган киши мужоҳиддир. Ҳавойи нафсига бўйсуниб, яна хомхаёллик билан Аллоҳдан умидвор бўлиб юрган банда ожиздир".
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳавойи нафси йўлдан урадиган, нафс қули бўлган банда нақадар ёмондир. Тамаси етаклаб юрадиган, тама қули бўлган банда нақадар ёмондир".
Аллоҳ таолони ҳақиқий таниган, унинг улуғлигини ҳис этган ва неъматларига шукр қиладиган бандагина нафсига қарши курашади, ҳавосига қул бўлмайди. Инсон ўз нафси билан кураша-кураша охири унинг қуллигидан бутунлай озод бўлиб, Аллоҳ азза ва жаллага тоза қалб билан юзланади. Иймони комил, эътиқоди мустаҳкам бу омадли инсон икки дунё бахт-саодатига эришиб, нажот топувчилар қаторидан жой олади. “Энди ким Парвардигорнинг ҳузурида туришидан қўрққан ва нафсини ҳавои хоҳишлардан қайтарган бўлса, у ҳолда фақат жаннатгина унга жой бўлур". (Ван-нозиот сураси, 40-41-оят).
6. Ҳавойи нафсга эргашмоқ ҳасрат-надомат, унга қарши курашмоқ бахт-саодат келтиради
Ҳавойи нафсга эргашмоқ, ҳалол-ҳаромга этибор бермасдан мол-дунё, айш-ишрат ва кўнгилхушликлар ортидан қувмоқ Аллоҳдан ўзга маъбудга сиғинмоқдир. Неъмат билан овора бўлиб, ана шу неъматни берган зотни унутмоқ зулм ва исёндир. Боқий Охиратни қўйиб фоний дунёни танламоқ - жоҳиллик ва залолатдан бошқа нарса эмас. Бу йўлнинг оқибати аниқ ҳалокатдир. Чунки унинг асосида кибр, зулм ва зўравонлик ётади. “Бас, ана ўшанда ким туғёнга тушган ва ҳаёти дунёни устун қўйган бўлса, у ҳолда фақат жаҳаннамгина унга жой бўлур!" (Ван-нозиот сураси, 37-39-оят).
7. Иймон мартабалари
Икки шаҳодатни айтиб Аллоҳ таоло шариатига бўйсунган ва қалбида унинг буйруқлари ҳамда қайтариқларига тўла амал қилишга азм қилган киши иймон асосига эришган ҳисобланиб, унинг дастлабки мартабасида туради. У ўзининг ушбу ҳолати билан кофирлар гуруҳидан ажралиб, мўминлар даврасига қўшилади. Иншаоллоҳ, Қиёмат кунида Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида нажот топиши умид қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Чин қалбдан инониб “Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасини айтган банда жаннатга киради". (Бухорий ва бошқалар ривояти).
Аллоҳ таоло шариатини лозим тутиб, барча ишларида унга бўйсунган, қайтариғига қулоқ солиб, буйруғини сўзсиз амалга оширган, ҳар бир каттаю кичик ишда фақат шариат ҳукмига бўйсунган, худди хоҳиш-истакларига майл билдирганидек, Аллоҳ ҳукмига мойил бўлган, ҳавойи нафсини шариатга мувофиқ шакллантирган, Аллоҳ қарор қилган нарсага интилиб, У инкор этган нарсадан нафратланган, ҳалолни ҳалол, ҳаромни ҳаром деб билиб қалбида заррача ҳараж, оғриниш топмасдан шубҳали ишлардан тақво қилган мусулмон иймоннинг олий мартабасига кўтарилган ҳисобланади. Акс ҳолда кишининг иймони ноқислигича қолаверади.
Шариат аҳкомларидан юз ўгириб, ўзга қонунлар этагини тутган, Аллоҳ таоло ҳукмига бўйсунмаган ва Унга нисбатан ихлос билан эътиқодда бўлмаган кимса иймонсиз инсондир. Унинг исломи дуруст бўлмайди. Бу банда Қиёмат куни жаҳаннамда мангу қолувчи кофирлар қаторидан жой олади, қандай ҳам ёмон жойдир у.
8. Аллоҳ таоло ва Унинг Расулига муҳаббат
Банда иймоннинг илк мартабасига эришиб, унинг камоли йўлида давом этмоғи учун Аллоҳ таолони яхши кўрмоғи шарт. Айни шу яхши кўриш уни Аллоҳ таоло буюрган ишларни қилишга, қайтарган ишлардан тийилишга ундамоғи лозим. Аллоҳ таоло яхши кўрган нарсани яхши кўриб, У ёмон кўрган нарсадан нафратланмоқ учун мўмин Аллоҳ ва Расулини ҳаммадан ортиқ севмоғи керак. Унинг муҳаббати шу қадар кучли бўлсинки, бу йўлда ҳар қандай фидокорлик мўминга оғир туюлмасин. “Айтинг: “Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака-укаларингиз, жуфтларингиз, қариндош-уруғларингиз ва касб қилиб топган мол-дунёларингиз, касодга учрашидан қўрқадиган тижоратларингиз ҳамда яхши кўрадиган уй-жойларингиз сизларга Аллоҳдан, Унинг Пайғамбаридан ва Унинг йўлида жиҳод қилишдан суюклироқ бўлса, у ҳолда то Аллоҳ ўз амрини (яъни, азобини) келтиргунича кутиб тураверинглар. Аллоҳ фосиқ-итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас". (Тавба сураси, 24-оят).
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳеч бирингиз токи мен унга ўзидан, боласидан, аҳли-оиласидан ва барча инсонлардан суюклироқ бўлмагунимга қадар мўмин бўлмайсиз". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳаббати мўмин учун ҳамманинг муҳаббатидан муқаддам турмоғи керак. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўрмоқ учун аввало Аллоҳ таолога муҳаббатли бўлмоқ лозим. Чунки Аллоҳ таолога муҳаббати кучли бўлган бандаларгина Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни қаттиқ яхши кўрадилар. Юқоридаги оятда ҳам айни ҳақиқатга ишора тарзида, аввал Аллоҳ, кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номлари зикр этилди.
9. Муҳаббатнинг белгиси бўйсуниш ва шариатга мослашишдир
Чинакам муҳаббат эгаси ҳамма нарсада суюкли кишисига мувофиқ ҳаракат қилади. Аллоҳ ва Расулини чин дилидан севган мўмин улар яхши кўрган нарсани яхши кўриб, улар ёмон кўрган нарсадан нафратланади. Айни муҳаббат асосида ниманидир яхши ва ниманидир ёмон санамоқ амалларда ҳам кўринмоғи шарт. Демак, Аллоҳ ва Расулига муҳаббати юксак бўлган мўмин шариатга мувофиқ яшайди. Ўзининг муҳаббати ва иймони қуруқ сўз бўлиб қолмаслиги учун у шариат буйруқларини тўлиқ адо этиб, қайтарилган ишларга яқин йўламайди. “Айтинг: “Агар Аллоҳни севсангиз менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади..." (Оли Имрон сураси, 31-оят).
Ҳасан Басрий айтадилар: “Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, биз Парвардигоримизни жуда қаттиқ яхши кўрамиз!" дейишди. Шунда Аллоҳ таоло Ўзига бўлган муҳаббат даъвогарлари учун бирон белги-аломат қилмоқни хоҳлади ва юқоридаги оятни нозил этди".
Кимда-ким қодир бўла туриб Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам севган амални бажармаса ёки улар ёмон кўрган ишни қиладиган бўлса, демак, унинг иймони нуқсонлидир. Бундай кишилар иймонларини комил бўлиши учун ҳаракат қилмоқлари лозим, токи уларнинг Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббати қуруқ даъво бўлиб қолмасин.
Ушбу мавзуга доир айрим ҳикматли сўзларни келтириб ўтамиз:
· Аллоҳ таоло муҳаббатини даъво қилиб, хатти-ҳаракати Аллоҳ буйруғига мувофиқ бўлмаган кимсанинг даъвоси ботилдир. Аллоҳдан қўрқмайдиган ҳар қандай муҳаббатли кимса алдангандир.
· Аллоҳ таоло муҳаббатини даъво қилиб, Парвардигор белгилаган ҳадларга риоя этмаган кимса ростгўй эмасдир.
“Муҳаббат!" дерсану осийсан ўзинг,
Даъвойинг кулгили, ёлғондир сўзинг!
Инсон маҳбубига бўйинсунмасми?!
Ерда уруғ бўлса, экин унмасми?!
Айрим кимсалар гуноҳ-маъсият, судхўрлик, алдов, зўравонлик, очкўзлик, тамагирлик, эркак ва аёлларнинг аралашиб юриши, очиқ-сочиқлик ва шариат қонунларига мутлақо амал қилмаслик ботқоғига қулоқларигача ботган ҳолларида Аллоҳ ва Расулининг зикри бўлганда қалқиб тушишади, кўз ёшларини сел қилиб оқизишиб, бошларини итоаткорона хам қилишади ҳамда тап тортмай Аллоҳ ва Расулини яхши кўрамиз, деган улкан даъвони ҳам эълон қилишади. Уларнинг ташқи кўринишлари асл ҳолатларига мутлақо номувофиқ. Аллоҳ таоло барчамизни ўзининг ҳақ йўлига ҳидоят этсин!
10. Иймон ҳаловати
Иймоннинг чанқаганда ичиладиган муздек булоқ сувидан-да зилолроқ, тахир нарсадан сўнг ейилган покиза асалдан-да ширинроқ мазаси бор. Иймон ҳеч қачон қалбда изсиз бўлмайди. Чин муҳаббат ва ҳақиқий иймон лаззати фақат ростгўй, боамал, тақволи мўминларга насиб этади. Чунки улар ёлғиз Аллоҳ учун яхши кўриб, Аллоҳ учун ёмон кўрадилар. Аллоҳни деб инъом этиб, Аллоҳни деб инъомдан тийиладилар. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қуйидаги уч нарсага эга бўлган киши иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Расули унга ҳаммадан суюклироқ бўлса; Яхши кўрадиган одамини фақат Аллоҳ учун яхши кўрса; Аллоҳ таоло уни куфрдан қутқарганидан сўнг яна куфрга қайтишни бамисоли ўтга ташланишини ёмон кўргандек ёмон кўрса". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Имом Нававий мазкур ҳадисни Исломнинг улкан асослари таркибига қўшганлар.
11. Ўзи учун Аллоҳнинг шариатини ҳакам қилиб, унинг ҳукмига рози бўлмоқ
Мўминнинг барча масалаларда Аллоҳ таоло шариатига мурожаат этиши унинг иймони тақозосидир. У ҳукм истаб ён-атрофига алангламайди. Ҳавои нафсига мувофиқ келмаса-да, мўътабар шаръий далилларда акс этган Аллоҳ ҳукмига рози бўлади. Ўзининг фойдаси ёки зиёнига ҳукм қилинишидан қатъиназар, кўнглида ҳеч қандай ҳараж сезмасдан Аллоҳ ҳукмига бўйсунади. “Аллоҳ ва унинг Пайғамбари бир ишни ҳукм қилган-буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб) ўз ишларидан ихтиёр қилиши жоиз эмасдир". (Аҳзоб сураси, 36-оят).
“Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлиб бўйинсунмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмайдилар". (Нисо сураси, 65-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатлари ва суннатларига биноан иш кўрмоқ - у зотни ҳакам қилмоқдир.
12. Аллоҳ ёмон кўрган ишни яхши кўриш ва У зот яхши кўрган ишни ёқтирмаслик куфр ва залолатдир.
Аллоҳ яхши кўрган ишни яхши кўриб, ёмон кўрган ишни ёмон кўриш билан иймон асли вужудга келишини юқорида айтиб ўтган эдик. Иймон камоли эса фақат унинг талабларига мувофиқ амал қилиш орқали зоҳир бўлади. Шундай муҳаббатдан маҳрум бўлган кимса умуман иймон неъматидан бебаҳра ҳисобланади. Ким Аллоҳ яхши кўрганни ёмон, ёмон кўрганни яхши деб эътиқод қилса, куфру залолатда яна ҳам тубанроққа шўнғийди. У дунёю Охиратдаги энг бадбахт кимсаларнинг биридир. “Кофир бўлган кимсалар учун эса ҳалокат бўлур ва Аллоҳ уларнинг амалларини зое кетказур. Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ нозил қилган нарсаларни ёмон кўрганларидир. Бас, Аллоҳ уларнинг амалларини беҳуда кетказди". (Муҳаммад сураси, 8-9-оятлар).
“Албатта, ўзларига ҳидоят (йўли) аниқ-равшан бўлгандан кейин яна ортларига (куфрга) қайтиб кетган кимсаларга (бу ишларни) шайтон чиройли қилиб кўрсатди ва улар учун (пуч орзу-хаёлларни) узун қилиб қўйди. Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ нозил қилган нарсани (Қуръонни) ёмон кўрган кимсаларга: “Биз айрим ишларда сизларга итоат этамиз", деганларидир. Ҳолбуки Аллоҳ уларнинг яширган сирларини билур. Энди, фаришталар уларнинг юзларига ва орқаларига уриб, жонларини олар вақтида, ҳоллари қандай бўлур? Бунга сабаб уларнинг Аллоҳни ғазаблантирган нарсага эргашиб, У зотнинг розилигини ёмон кўрганларидир. Бас, уларнинг амалларини ҳам беҳуда кетказди". (Муҳаммад сураси, 25-28-оятлар).
13. Ибратли намуналар
Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни чинакам севишда, уларга ёқадиган ишларни яхши кўриб, ёқмайдиган ишларни ёмон кўришда, Аллоҳ ва Расулининг муҳаббатни барча нарсалардан муқаддам қўйишда ва ҳавои хоҳишни шариатга мувофиқлаштиришда саҳобаи киромлар олий намунадир. Улар шу йўлда жонлари ва молларини қурбон қилдилар. Улар ҳатто ота‑боболари раъйига қарши чиқиб, туғилган юртлари, қон-қариндошлари ва аҳли аёлларини қолдирган ҳолда ҳижрат қила олдилар. Чунки саҳобалар ўзлари танлаган йўлнинг ҳақлиги ва фазилатини яхши тушунар эдилар.
“Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга:
- Сизни ўзимдан бошқа ҳаммадан ортиқ кўраман! - дедилар.
- Йўқ, жоним қўлида бўлган зотга қасамки, токи мен сиз учун ўзингиздан ҳам суюклироқ бўлмагунимча (иймонингиз комил саналмайди), - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Умар разияллоҳу анҳу бир муддат жим қолдилар. Улуғ саҳобий Пайғамбар ҳаққининг ҳар қандай ҳақдан муқаддам ва таъсирлироқ эканини, ҳатто жон ҳам шу йўлда қурбон қилинмоғи лозимлиги хусусида фикр қилдилар: Ахир айнан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сабабли дўзах оловидан омон қолмадиларми?! Кейин:
- Аллоҳга қасамки, ҳозир сиз мен учун ўзимдан-да суюклироқсиз! - деб жавоб қилдилар Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу.
- Ана энди (билдинг), эй Умар, - дедилар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам". (Бухорий ривоятлари).
Ўзларининг ушбу хусусиятлари билан иймон карвонининг сарбонлари – саҳобаи киромлар Парвардигорлари мақтовига мушарраф бўлдилар: “Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар – Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам ундан рози бўлдилар. Яна улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир". (Тавба сураси, 100-оят).
14. Ҳадис яна қуйидагиларни ифодалайди:
- Мўмин ҳар бир амалини Китобу Суннатга солиштириб, уларга мослаштириб бориши лозим.
- Қалби Аллоҳ шариатини ҳақ деб билиб, тили уни тасдиқлаб турса-да, амали шариатга хилоф бўлган кимса фосиқдир. Фикри ва эътиқоди Исломга зид бўлиб, фақат ташқи амалини шариатга мувофиқ кўрсатиб юрган кимса эса мунофиқ дейилади. Вазиятга қараб минг хил турланадиган каслар иймонсиз даҳрийлардир.
- Аллоҳ таолога иймон келтирган банда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннат ва шариатларига кўмакчи, ҳимоячи бўлмоғи шарт.
ҚирҚ иккинчи ҳадис
Аллоҳ азза ва жалланинг мағфирати кенгдир
عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "قَالَ اللهُ تَعَالَى: يَا ابْنَ آدَمَ، إِنَّكَ مَا دَعَوْتَنِي وَرَجَوْتَنِي غَفَرْتُ لَكَ عَلَى مَا كَانَ مِنْكَ وَلا أُبَالِي. يَا ابْنَ آدَمَ، لَوْ بَلَغَتْ ذُنُوبُكَ عَنَانَ السَّمَاءِ، ثُمَّ اسْتَغْفَرْتَنِي غَفَرْتُ لَكَ. يَا ابْنَ آدَمَ، إِنَّكَ لَوْ أَتَيْتَنِي بِقُرَابِ الأَرْضِ خَطَايَا، ثُمَّ لَقِيتَنِي لا تُشْرِكُ بِي شَيْئًا، لأَتَيْتُكَ بِقُرَابِهَا مَغْفِرَةً ". (رواه الترمذي، وقال: حديثٌ حسنٌ صحيحٌ).
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Аллоҳ таоло деди: Эй Одам боласи, модомики, сен Менга дуо қилиб, Мендан умидвор турар экансан, нима гуноҳ қилган бўлсанг‑да, парво қилмасдан мағфират этаман. Эй Одам боласи, агар гуноҳинг булутларга қадар етса-да, Менга истиғфор айтсанг, сени мағфират этаман. Эй Одам боласи, агар сен ҳузуримга ер юзини қоплайдиган гуноҳлар билан келсанг ва Менга ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳолда рўбарў бўлсанг, Мен сени ер юзини қоплайдиган мағфират билан қарши оламан!" (Термизий ривоятлари. Ҳасан-саҳиҳ ҳадис).
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
Бу мўминларга умид бахш этадиган ҳадисдир. Инсонлар гуноҳларининг кўплигидан умидсизликка тушиб дуо-истиғфорни тарк этмасинлар. Айни пайтда «Аллоҳ кечираверади» деган хомхаёл билан алданиб, маъсиятларга берилмасинлар. Чунки гуноҳ-маъсиятлар бандани эгаллаб олгач, у билан Аллоҳ таоло мағфирати ўртасида ғов бўлиб қолади.
1. Мағфират сабаблари
Банда томонидан йўл қўйилган хатолар кечирилмоғи учун маълум йўл ва сабаблар мавжуд:
а) Ижобат этилади деган умидда дуо қилмоқ.
Мўминлар дуо қилишга буюрилганлар. Аллоҳ таоло уларнинг дуоларини ижобат этишга ваъда берган. “Ва Парвардигорингиз деди: Менга дуо қилинглар. Сизлар учун ижобат этаман". (Ғофир сураси, 60-оят).
Нўъмон ибн Башир разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Дуо ибодатдир" дедилар-да, ушбу оятни тиловат қилдилар: “Парвардигорингиз деди: Менга дуо қилинглар. Сизлар учун ижобат этаман". (Термизий ва бошқалар ривояти).
Агар Аллоҳ таоло бандасига дуо-илтижо қилиш учун тавфиқ берса, албатта унинг дуосини ижобат этиш ва илтижоларини қабул қилиш билан ҳам унга марҳамат этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимга дуо қилиш неъмати берилган бўлса, ижобат ҳам берилибди. Чунки Аллоҳ таоло “Менга дуо қилинглар, сизлар учун ижобат этаман», деган". (Табароний ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло бандасига дуо эшигини очиб, ижобат эшигини ёпиб қўймайди".
б) Дуонинг ижобат бўлиш шартлари, монелари ва дуо одоблари.
Ибодат шартлари тўлиқ адо этилиб, монелар йўқ бўлса, дуолар мақбулдир. Айрим шартлари ва одобларига риоя қилинмаганлиги ёки моне-нуқсонларнинг мавжудлиги боис дуолар ижобати насиб бўлмайди.
Биринчи. Ижобат этилишига қаттиқ умид боғлаб, чин дилдан дуо қилмоқ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ижобат этилишига аниқ ишониб, Аллоҳга дуо қилинглар. Аллоҳ таоло ғофил, парвойи фалак қалбдан чиққан дуони қабул қилмайди". (Термизий ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қалблар идишлардир. Уларнинг баъзилари кўпроқ нарсани сиғдиради. Эй одамлар, Аллоҳ азза ва жалладан сўрасангизлар, ижобат этилишга аниқ ишониб сўранглар! Аллоҳ таоло ғофил қалб билан юзаки дуо қилувчи бандага ижобат этмас". (Муснадда келтирилган).
Аллоҳ таолога чиройли итоатда бўлиш умидворлик белгисидир: “Иймон келтирган, ҳижрат қилган, Аллоҳ йўлида курашган зотлар – ана ўшалар Аллоҳнинг раҳматидан умидвордирлар. Аллоҳ мағфират ва раҳм-шафқат қилувчидир". (Бақара сураси, 218-оят).
Иккинчи. Азму қарор билан сўрамоқ
Банда иккиланмасдан, Аллоҳ таолога астойдил дуо қилсин. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Парвардигоро, хоҳласанг мени мағфират этгин. Парвардигоро, хоҳласанг менга раҳм қилгин!» деган тарзда истиғфор айтиш ва дуо қилишдан қайтарганлар. Ҳадисга мувофиқ чин дилдан, қаттиқ туриб сўрамоқ лозим. Ахир Аллоҳ таоло шундоқ ҳам хоҳлаганини қилади. Уни ҳеч ким ҳеч нарсага мажбурлай олмайди. (Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар қай бирингиз дуо қилса, “Парвардигорим, хоҳласанг мени мағфират этгин", демасдан, қаттиқ рағбат қилиб, астойдил сўрасин. Зеро, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло учун (бандасига) инъом этган ҳеч нарсаси улкан туюлмайди". (Термизий ривоятлари).
Учинчи: Сабр билан кўп дуо қилмоқ
Аллоҳ таоло бандасининг Унга қуллигини ва муҳтожлигини изҳор қилишини хуш кўради. Ана шунда Аллоҳ таоло банданинг сўровига лаббай деб жавоб беради. Модомики, инсон умидини узмасдан, ижобат этилишига кўз тикиб, сабр билан астойдил дуо қилар экан, бир куни тилагига эришади. Ахир эшикни тинмасдан қоқиб турган киши албатта, вақти келиб унинг очилганини ҳам кўради. “У зотга қўрқув ва умид билан ибодат қилингиз! Зеро, Аллоҳнинг раҳмати чиройли амал қилувчиларга яқиндир". (Аъроф сураси, 56-оят).
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Дуодан ожиз бўлманглар! Дуо билан бирга бўлган ҳеч бир жон ҳалок бўлмас". (Ҳоким ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким Аллоҳдан сўрамай қўйса, Аллоҳ таоло унга ғазаб қилади". (Ибн Можа ривоятлари).
Ривоят қилишларича, банда Парвардигорига дуо қилса, Аллоҳ таоло уни яхши кўриб, айтар экан: “Эй Жибрийл! Бандамнинг ҳожатини раво қилишга ошиқманг. Менга унинг овозини эшитиш ёқади".
Дарҳол ижобат этилмагани туфайли дуо қилишни ташлаб қўядиган кимсалар ижобат марҳаматидан бутунлай маҳрум бўлишлари мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан қайтарганлар. Банда ижобатдан умидвор бўлиб, астойдил дуо қилмоғи лозим. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло сабр-тоқат билан астойдил дуо қилувчиларни севади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Модомики, қай бирингиз шошма-шошарлик қилиб “Парвардигоримга дуо қилувдим, ижобат этмади", деб айтмаса, унинг дуоси ижобат бўлади". (Муттафақун алайҳ).
Тўртинчи. Ҳалол емоқ
Дуо ижобат бўлишнинг муҳим сабабларидан бири – ҳалол еб-ичмоқдир. Топганининг ҳалол-ҳаромлигига эътибор бермайдиган кимсалар дуоси ижобат бўлмайди. Қўлларини кўкка чўзиб “Парвардигоро, Парвардигоро!" деб дуо қилаётган, бироқ егани, ичгани, кийгани ҳаром бўлган ва ҳаром билан озиқланган киши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!" - деганлар. (Муслим ва бошқалар ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Эй Саъд, таомингни ҳалол қилгин - дуоси мустажоб киши бўласан!" (Табароний ривоятлари).
2. Мағфират тиламоқ
Инсон Аллоҳ таолодан ўзи учун сўрайдиган энг аҳамиятли нарсалар – бу мағфират ва унинг ортидан келувчи нажот ҳамда жаннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мана шу нарса (яъни, дўзахдан паноҳ ва жаннат сўраш) атрофида айланамиз". (Абу Довуд ва бошқалар ривояти).
Абу Муслим Хавлоний айтадилар: “Дуо қилмоқчи бўлганимда дўзах ёдимга тушса, фақат ундан паноҳ тилаш билан машғул бўламан".
3. Аллоҳ таоло бандасига сўраганидан ҳам хайрлироқ неъматни беради.
Банда ўзининг бир дунёвий ҳожатини сўраб дуо қилса, Аллоҳ таоло унинг дуосини ижобат этади ёки хайрлироқ ўзга бир неъмат беради. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг унга кўрсатган фазлу марҳаматидир.
Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Гуноҳ ишни ёки яқинларидан алоқани узишни сўрамаган ҳолда дуо қилган бандага Аллоҳ таоло сўраганини беради. Ёки уни шунинг баробаридаги бирор бир ёмонликдан асрайди". (Аҳмад ва Термизий ривоятлари).
Абу Саид разияллоҳу анҳудан ривоят: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қайси бир мусулмон дуо қилса ва унинг дуосида гуноҳ ёки силаи раҳмни узишга етаклайдиган сўз бўлмаса, Аллоҳ унга қуйидаги учта нарсанинг бирини беради: сўрагани тезда ижобат қилади ё дуосини Охиратга захира қилиб қўяди ёки ундан шу баробардаги бир зиённи аритади. Саҳобалар: У ҳолда биз дуони кўпайтирамиз, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Аллоҳ янада кўпроқ яхшилик берур". (Ҳоким ривоятлари). Табароний ривоятларида “ундан шу баробардаги бир зиённи аритади", жумласи ўрнида “ёки унинг ўтган бир гуноҳини кечиради", дейилган.
4. Дуо одобларидан
Фазилатли вақтларни ғанимат билмоқ, таҳорат ва намоздан кейин дуо қилмоқ, тавба-тазарру қилиб дуо қилмоқ, қиблага юзланиб икки қўлни кўтариб дуо қилмоқ. Дуо аввалида Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш, дуо боши, ўртаси ва охирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловатлар айтмоқ, дуодан кейин “омийн" демоқ. Фақат ўз ғамини емасдан барча мўминларни дуо қилмоқ. Аллоҳ таоло ҳақида яхши ўйда бўлиб, Ундан ижобат умид қилмоқ. Гуноҳларини эътироф этиб, паст овозда дуо-илтижо қилмоқ.
5. Аллоҳнинг марҳамати кенг
Банданинг гуноҳлари қанчалик улкан бўлмасин, Аллоҳ таоло авфу марҳамати ундан-да улкан ва кенгроқдир. Пок Парвардигор мағфирати қаршисида гуноҳлар кичкина бўлиб қолади. Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига “эй воҳ, гуноҳларим", деб ҳасрат чекиб келди. У юқоридаги сўзни икки ёки уч марта такрорлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Сен “Парвардигоро, мағфиратинг гуноҳларимдан кенгроқ, раҳматинг эса менинг наздимда амалимдан кўра умидбахшроқдир", деб айтгин.
Ҳалиги одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатган дуони айтди.
- Қайтар! - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. У дуони такрорлади.
- Қайтар! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. У яна бир бор такрорлади.
- Тур ўрнингдан! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам –Аллоҳ таоло сени кечирди". (Ҳоким ривоятлари).
6. Қуръонда истиғфор зикри
Қуръони Каримда истиғфор ҳақида кўп айтилган.
Истиғфор айтиш буюрилган оятлар:
“Аллоҳдан мағфират сўранглар! Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир". (Муззаммил сураси, 20-оят).
“Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, сўнгра Унга тавба қилинглар". (Ҳуд сураси, 3-оят).
Истиғфор айтувчилар мақталган оятлар:
“Ва саҳарларда истиғфор айтувчилар". (Оли Имрон сураси, 17-оят).
“(У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрайдиган инсонлардир. Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур. Улар билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир". (Оли Имрон сураси, 135-оят).
Аллоҳ таоло истиғфор айтган бандаларни мағфират қилиши хусусидаги оят:
“Ким бирон-бир ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳнинг мағфират қилувчи ва меҳрибон эканини кўрур". (Нисо сураси, 110-оят).
Мазкур оятлар истиғфор айтмоқнинг нақадар улуғ иш эканлигига ва унинг билиб-билмай гуноҳга қўл уриб қўядиган бандалар нажоти учун асосий омонлик воситаси саналишига далилдир.
7. Тавба ва истиғфор
Қуръонда истиғфор билан тавба кўпинча кетма-кет зикр қилинган: “Ахир Аллоҳга тавба қилиб, мағфират қилишини сўрамайдиларми?!" (Моида сураси, 74-оят);
“Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, сўнгра Унга тавба қилинглар!" (Ҳуд сураси, 3-оят).
Истиғфор – бу мағфират тиламоқ, тавба эса гуноҳлардан бутунлай юз ўгирмоқдир.
Баъзан, истиғфорнинг ёлғиз ўзи зикр қилиниб, шунга биноан мағфират хабари айтилиши мумкин:
“Парвардигорим, дарҳақиқат мен ўз жонимга жабр қилиб қўйдим. Энди ўзинг мени мағфират қилгин". Бас, (Аллоҳ) уни мағфират қилди". (Қасас сураси, 16-оят).
“Аллоҳдан мағфират сўранглар! Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир". (Муззаммил сураси, 20-оят).
Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда бандасига мурожаат этиб, “Агар Мендан истиғфор сўрасанг..." деди. Яъни, қилган гуноҳингга афсусланиб, Аллоҳ учун уни тарк этиб, ҳеч қачон қайтиб бу ишга қўл урмасликка аҳд қилсанг, агарда гуноҳинг буюрилган тоатни бажармаслик бўлса, унинг қазосини адо этсанг, мазлумнинг ҳаққини қайтариб ёки унинг розилигини олиб, астойдил тавба тазарру қилсанг...
Банда Аллоҳ мағфиратига муяссар бўлмоғи учун гуноҳларини тарк этиб, аҳволини ўнгламоғи лозим. “Аммо ким бундай жабру зулмдан кейин тавба қилиб, ўзини тузатса, Албатта Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилар. Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир". (Моида сураси, 39-оят).
8. Истиғфор ва гуноҳлар
Баъзилар истиғфор ҳақидаги барча мутлақ (Мутлақ – чекловсиз) оятларни “Оли Имрон" сурасида келтирилган оят қайд қилади (қайд қилиш – чеклаш), дейишади. Бу оятда Аллоҳ таоло истиғфор айтганидан сўнг гуноҳларида давом этмайдиган бандаларига мағфират ваъда этган.
Абу Бакр разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Истиғфор айтган банда гарчи бир кунда етмиш марта гуноҳга қайтса ҳам, гуноҳга берилиб кетган бўлмайди". (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир банда гуноҳ қилди-да: “Парвардигоро, мен гуноҳ қилиб қўйдим. Ўзинг мағфират қилгин!" деб айтди. Аллоҳ таоло “Бандам гуноҳини кечирадиган ва у сабабли жазолайдиган Парвардигори борлигини билди. Мен уни кечирдим!" деди. Сўнгра банда Аллоҳ хоҳлаганча муддат турди, кейин яна бир гуноҳ қилди. У: “Парвардигоро, мен яна гуноҳ қилиб қўйдим. Ўзинг мағфират қилгин!" деб айтди. Аллоҳ таоло “Бандам гуноҳини кечирадиган ва у сабабли жазолайдиган Парвардигори борлигини билди. Мен уни кечирдим!" деди. Сўнгра банда Аллоҳ хоҳлаганча муддат турди, кейин яна бир гуноҳ қилди. У: “Парвардигоро, мен яна гуноҳ қилиб қўйдим. Ўзинг мағфират қилгин!" деб айтди. Аллоҳ таоло “Бандам гуноҳини кечирадиган ва у сабабли жазолайдиган Парвардигори борлигини билди. Мен уни кечирдим!" деди.
Муслим ривоятларига кўра учинчисида Аллоҳ таоло бундай дейди: “Мен бандамни мағфират этдим. Энди у билганини қилсин".
Кўриниб турибдики, у банда гуноҳда давом этмасликка азм қилган ҳолда истиғфор айтяпти. Демак, гуноҳга берилиб кетмаган бандалар истиғфори мағфиратга лойиқ мукаммал истиғфор экан. Аллоҳ таоло ана шундай истиғфор айтувчиларни мақтаб, уларга мағфират ваъда этди. Ушбу истиғфор ҳақиқий тавбага умид уйғотади.
Орифлар айтадилар: Истиғфорининг натижаси тавбасининг ўнгланиши бўлмаган банда ўз истиғфорида ёлғончидир.
Қалб гуноҳ-маъсиятдан бутунлай узилмаса-да, фақат тил истиғфор айтса, у бир оддий дуо. Аллоҳ таоло бу дуони хоҳласа ижобат қилади, хоҳласа рад этади. Ҳатто шу дуонинг ҳам ижобати умид қилинади. Дуо-илтижо, айниқса, гуноҳкорлигини ҳис қилиб эзилган қалбдан чиқса ёки саҳар пайти, азондан ва фарз намозидан кейинги дақиқалар каби ижобат соатларига мувофиқ келса, иншоаллоҳ, дуолар мақбулдир. Аммо, аслида билиб туриб гуноҳ-маъсиятдан тўхтамаслик дуоларни ижобатдан тўсиб қўяди.
Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Билиб туриб гуноҳ-маъсият ишларида давом этувчи кимсаларга вайл бўлсин!"
Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: “Гуноҳдан тавба қилувчи бамисоли бегуноҳ кабидир. Гуноҳ қилишда давом этиб истиғфор айтаётган кимса Аллоҳга истеҳзо қилаётган кабидир".
Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан: “Аллоҳ ўзинг кечир" деб яна гуноҳга қайтмоқ ҳам ёлғончилик ҳисобланади".
9. Ёлғончиларнинг тавбаси
“Аллоҳдан мағфират сўрайман, унга тавбалар қиламан", деб туриб, қалбида маъсиятга муккасидан кетган кимса ёлғончи ва гуноҳкор ҳисобланади. Чунки у тавба-тазарру қилувчи эмас. Демак, ўзини бошқача қилиб кўрсатиши жоиз эмас. Бундай кимсалар аламли азобга гирифтор бўлиб қолишларидан ҳазир бўлсинлар. Улар экин экмасдан ҳосил йиғиштиришни, уйланмасдан фарзанд кўришни умид қиладиган хаёлпарастларга ўхшашади.
10. Тавба ва аҳд
Олимлар Аллоҳга тавба қилаётган банда “энди бу гуноҳга ҳаргиз қайтмайман" деб Аллоҳга сўз беришини жоиз санаганлар. Зеро, гуноҳга қайтмасликка қатъий ният қилиш вожибдир.
11. Кўп истиғфор айтмоқ
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳга қасамки, мен бир кунда етмишдан ортиқ марта Аллоҳга истиғфор айтиб, тавбалар қиламан". (Бухорий ривоятлари).
Луқмон ўғилларига дедилар: “Эй ўғлим! Тилингни “Парвардигоро, мени мағфират этгин" дуосига ўргатгин. Зеро, Аллоҳнинг шундай соатлари борки, у соатларда сўровчини рад этмайди".
Ҳасан айтадилар: “Қаерда бўлсангизлар: уйдами, йўлдами, бозордами ёки бирон даврадами, кўп истиғфор айтинглар. Чунки сизлар мағфират қачон туширилишини билмайсизлар".
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен “Аллоҳдан мағфират сўраб Унга тавба қиламан", деган дуони Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўп айтадиган одамни кўрмадим".
Ибн Умар разияллоҳу анҳу айтадилар: “Биз бир мажлисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юз маротаба “Парвардигоро, мени мағфират этгин, кечиргин. Албатта Сен тавбаларни қабул қилувчи ва кечиримли Зотсан!" деб айтганларини санар эдик".
12. Истиғфорлар саййиди
Истиғфор айтишда “Аллоҳдан мағфират тилаб унга тавбалар қиламан" сўзи ёнига қўшимчалар қўшиш мустаҳаб.
Ривоят қилинишича Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу “Аллоҳдан мағфират тилайман, унга тавбалар қиламан!", деяётган кишига қараб, бундай деган эканлар: “Эй нодонгина-я! Сен (яна) бундай деб айт: - Бу ўзига на фойда ва на зарар, на ўлим, на ҳаёт ва на қайта тирилиш келтиришга қодир бўлмаган бир банданинг тавбасидир!"
Авзоъийдан сўрашди:
- “Ёлғиз Ўзи мангу ҳаёт ва тирик турувчи бўлган улуғ Аллоҳга истиғфор айтиб, Унга тавбалар қиламан", деб мағфират талаб қилувчи киши хусусида нима дейсиз?
- Албатта бундай мағфират тиламоқ яхши, - деб жавоб бердилар Авзоъий, - Бироқ истиғфор тугал бўлмоғи учун “Парвардигоро! Ўзинг кечиргин!" деб ҳам айтсин. (Мазкур ибора Абу Довуд, Термизий ва бошқалар асарларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган)
Энг шарафли ва ажр-савоби мўл истиғфор Аллоҳ таоло ҳамду саноси билан бошланиб, сўнг гуноҳ-маъсиятлар эътироф этилиб, Аллоҳдан мағрифат тиланадиган истиғфордир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам баён қилган истиғфорлар саййидининг маъноси қуйидагичадир:
“Парвардигоро! Сен менинг Раббимсан ва Сендан ўзга илоҳ йўқ. Сен мени яратдинг ва мен Сенинг қулингман. Тоқатим етганича Сенга берган аҳдим ва ваъдамга вафо қиламан. Қилган ишларимнинг ёмонлигидан Сендан паноҳ тилайман. Менга берган неъматларингни ҳам, ўзим қилган гуноҳларимни ҳам тан олган ҳолимда Сенга қайтаман. Ўзинг мени мағфират этгин. Албатта, Сендан ўзга гуноҳларни кечирувчи йўқдир". (Бухорий ривоятлари).
13. Ўзи билмайдиган гуноҳлар учун истиғфор сўраш
Банда гуноҳлари кўпайган сайин уларнинг сон‑саноғига етолмай қолади, қанчадан‑қанча ёмон ишлари ўзининг эсидан чиқиб кетади. Лекин Аллоҳ таоло ҳеч нарсани унутмайди. Шундай экан, инсон ўзи билмайдиган гуноҳлари учун ҳам истиғфор сўрасин. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “(Парвардигоро!) Сен биладиган хайр-яхшиликни сўрайман. Сен биладиган ёмонликлардан паноҳ беришингни тилайман. Сен биладиган гуноҳларимни мағфират қилишингни сўрайман. Албатта Сен ғайб ишларни билгувчисан!"
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳамма нарсани билиб, ҳисобга олиб туради. “У Кунда Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтириб қилган амалларининг хабарини берур. У амалларни Аллоҳ ҳисоблаб-битиб қўйди, улар эса унутиб юбордилар". (Мужодала сураси, 6-оят).
14. Истиғфор самараси
Меҳрибон, Раҳмли, Билгувчи, Ҳалийм, Ғаний, Карим ва Кечиримли Парвардигорига тавба-тазаррулар қилиб, истиғфор айтаётган банда қалбида ажиб бир ором ва таскин туяди. ғам-ташвишлардан фориғ бўлиб, Аллоҳ таоло раҳмати ва розилиги хушхабари билан хушнуд яшайди. Қалби хотиржам банда ҳеч қачон умидсизликка тушмайди.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Менинг қалбимни (ҳам одамларни машғул қилиб қўядиган ғам-ташвишлар...) ўраб олади ва мен бир кунда юз марта Аллоҳдан мағфират сўрайман". (Муслим ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким кўп истиғфор айтса, Аллоҳ таоло унинг ҳар қандай ғамини аритиб, танглик-қийинчилигини кетказиб ва уни ўзи ўйламаган томонидан ризқлантириб қўяди". (Абу Довуд ривоятлари).
Абу Зар разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳар қандай дарднинг давоси бор. Гуноҳлар давоси истиғфордир".
Қатода айтадилар: “Қуръон дардларингизни ҳам, даволарингизни ҳам баён қилган. Дардингиз гуноҳлар бўлса, давонгиз истиғфордир".
Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: “(Қиёмат куни) саҳифасида кўп истиғфор топган бандага нақадар яхши!"
Абу Минҳол айтадилар: “Киши қабрда кўп айтилган истиғфордан-да суюклироқ қўшни топа олмайди".
Олимлар айтадилар: “Гуноҳкорлар таянчи фақат кўз ёш ва истиғфордир. Кимки гуноҳлардан ғамга ботса, кўп истиғфор айтади".
Кўп истиғфор айтувчи банданинг бемаъни гап-сўзларга вақти бўлмайди. Чунки унинг қалбида кечиримлилик ва ҳусни хулқ ривож топади. Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан ривоят:
- Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам! Мен тили ўткир одамман. Тилимнинг ўткирлиги асосан аҳли оилам устига тушади, - дедим.
- Сен истиғфор айтишни қўйиб қаерларда юрибсан?! Мен бир кеча-кундузда юз марта Аллоҳга истиғфор айтаман ва тавба қиламан! - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Имом Аҳмад ривоятлари).
15. Гуноҳи кам деб ўйланган одамлардан кишининг ўз ҳаққига истиғфор айтишларини сўраши
Гуноҳлари кўплигидан ғам чекадиган киши гуноҳи оз бўлган зотлардан ўзи ҳаққига истиғфор айтишларини сўрайди. Умар разияллоҳу анҳу ёш болалардан ўзлари учун истиғфор айтишларини сўрардилар: - Сизлар гуноҳ қилмагансизлар! - дердилар Умар разияллоҳу анҳу. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу дарс ўқиётган болаларга “Парвардигоро, Абу Ҳурайрани мағфират этгин!" - деб дуо қилинглар, дердилар. Ўзлари эса уларнинг дуосига “Омийн!" деб турардилар.
16. Аллоҳ хусусида яхши ўйда бўлмоқ
Парвардигоридан мағфират тилаётган мўмин Аллоҳ хусусида фақат яхши гумонда бўлиб, Унинг мағфиратига умид билан кўз тикмоғи лозим. “Аллоҳ таоло айтади: Бандам Мен ҳақимда қандай ўй-гумон қилса, ўшандайман. Бас, Мен ҳақимда хоҳлаганидек ўйласин".[44] (Ҳадиси қудсий).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ хусусида фақат яхши ўйда бўлинг".
Инсон гуноҳ иш қилиб қўйса, ёлғиз Парвардигоридан мағфират умид қилсин ва билсинки, гуноҳларни кечирадиган ёки улар сабабли жазолайдиган Аллоҳдан ўзга ҳеч ким йўқдир. “(У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрайдиган зотлардир. Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур. Улар билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир". (Оли Имрон сураси, 135-оят).
Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят: Абу Бакр разияллоҳу анҳу дедилар:
- Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам! Менга бир дуо ўргатинг, уни намозимда ўқий.
- “Парвардигоро мен жонимга кўп жабрлар қилдим. Фақат Сен гуноҳларни мағфират этурсан. Ўз тарафингдан бўлган мағфират билан мени кечиргин, менга раҳм қилгин. Албатта Сен кечиргувчи ва раҳмли зотдирсан!" - деб айт дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ўлим соати яқинлашаётганини ҳис қилган банда Аллоҳ таоло мағфиратига астойдил ишониб, Парвардигори хусусида яхши ўйда бўлмоғи даркор. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Истасангизлар Қиёмат кунида Аллоҳнинг мўминларга биринчи нима дейишини ва мўминлар Унга нима дейишларини айтиб бераман.
- Айтинг, Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам! - дедик биз.
- Аллоҳ таоло мўминлардан: “Менга рўбарў бўлишни хоҳлармидингиз?", деб сўрайди. Мўминлар: “Ҳа, эй Раббимиз!" - дейишади. “Нима учун?" сўрайди Аллоҳ. “Сенинг авфу марҳаматингни умид қилгандик" - дейишади мўминлар. Аллоҳ таоло: “Сизларга мағфиратим вожиб бўлди!" - деб айтади. (Аҳмад ва Табароний ривоятлари).
17. Қўрқув ва умид
Умидворлик манфаат бериши учун инсонда қўрқув ҳам бўлиши лозим. Банда нажот топмоғи учун қўрқув ва умиднинг биттаси билан чекланиб қолмасдан, уларнинг ҳар икковини жамлаган бўлиши керак. Чунки қуруқ умидворлик макрга, қўрқинчнинг ўзи эса умидсизликка олиб боради. Ҳар икки сифат ҳам ёлғиз олинганда қоралангандир. Бу ҳақда ҳадиси шарифда ҳам айтиб ўтилган: “Хавф билан Умид қасам ичди: дунёда кимки ҳам қўрқиб, ҳам умид боғлаб яшаса, жаҳаннам ҳидини ҳидламайди. Қайси бир бандада дунёда шу икки нарса жамланмасдан, фақат биттаси бўлса жаннат ҳидини ҳидламайди".
Моликийлар банда соғлом бўлса, Аллоҳ азобидан қўрқмоқи, касаллигида эса Унинг раҳмат-мағфиратидан умидвор бўлмоғи лозим, дейишади. Шофеийлар наздида соғлом инсон ҳар иккисини тенг тутмоғи шарт. Яъни, гуноҳларига қараб Аллоҳ азобидан қўрқса, Парвардигор карамини ўйлаб умидворлиги ошсин. Касал эса кўпроқ Аллоҳ мағфиратидан умидвор бўлсин. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ҳар бирингиз Аллоҳ таоло хусусида яхши гумонда бўлиб жон таслим қилинглар", - деганлар.
Имом Шофеий ўлим тўшагида ётганларида қуйидаги байтларни айтгандилар:
Йўлларим торайди, битмоқда куним,
Раббим, раҳматингдан ёлғиз умидим.
Гуноҳларим улкан, фурсат ҳам кечдир,
Лек авфинг олдида исёним ҳечдир.
Журму исёнимни ўчиргувчи Сен,
Маъбудим Ўзингсан, кечиргувчи - Сен.
Шайтон Одамни ҳам алдаган эди,
Раббим десам, уни қочиргувчи Сен.
Эҳтимол, айнан шунинг учун ҳам муаллиф мазкур ҳадисни китоб хотимасида келтиргандирлар.
18. Тавҳид гуноҳлар кечирилишининг асосидир!
Банданинг мағфират этилишига энг катта сабаблардан бири шак-шубҳасиз тавҳид ҳисобланади. “Албатта Аллоҳ Ўзига шерик қилинишини кечирмайди. Шундан бошқа гуноҳларни ўзи хоҳлаган бандалари учун кечиради". (Нисо сураси, 48 ва 116-оятлар).
Тавҳид нури қаршисида гуноҳлар кичрайиб қолади. Ширкдан пок мўмин ер юзини тўлдирган гуноҳлари билан Парвардигори ҳузурига келса, Аллоҳ таоло уни шунчалик мағфират билан қарши олади. Мўмин Аллоҳ таолонинг хоҳиши ва фазлу марҳамати измидадир, агар истаса уни кечиради, истаса гуноҳлари учун жазолайди.
19. Аллоҳни бир деб билувчи мўминнинг жойи жаннатдир
Ширк гуноҳидан пок бўлган мўмин дўзахда абадий қолмайди. У бир куни, албатта жаннатга киради. Мўмин дўзахга кофир каби ташланмайди ва у ерда кофирлардек абадий қолиб кетмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қалбида дон вазничалик яхшилиги бўлиб, “Ла илаҳа иллаллоҳ" деган мўмин дўзахдан чиқади". (Бухорий ривоятлари).
20. Дўзахдан омонлик
Аллоҳ таолога ихлоси, тавҳиди комил бўлиб, тавҳид шартларини қалби, тили ва бошқа аъзолари билан адо этган ёки ўлим тўшагида қалби ва тили билан тасдиқлаган банданинг ўтган гуноҳлари кечирилади. У дўзахдан омон қолади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабалдан сўрадилар:
- Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳаққини биласанми?
- Аллоҳ ва Расули билувчироқдир! - деб жавоб бердилар Муоз.
- Аллоҳга ибодат қилиб, Унга ҳеч нарсани шерик этмаслик! Бандаларнинг Аллоҳ устидаги ҳаққини биласанми?
- Аллоҳ ва Расули билувчироқдир!
- Уларни азобламаслик!" (Бухорий ривоятлари).
Умму Ҳоне разияллоҳу анҳодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ла илаҳа иллаллоҳ" бирон гуноҳни қолдирмайди ва ҳеч бир амал (фазлда) ундан ўзиб кетолмайди". (Ибн Можа ривоятлари).
Шаддод ибн Авс разияллоҳу анҳу ва Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳумодан ривоят: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига дедилар: “Қўлларингизни кўтариб “Ла илаҳа иллаллоҳ" денглар". Биз бир муддат қўлимизни кўтариб турдик. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини тушириб дедилар: “Аллоҳга ҳамд бўлсин! Парвардигоро, мени шу калима билан юбординг ва шунга буюрдинг. Ушбу калимага биноан менга жаннатни ваъда этдинг. Албатта, Сен ваъдангга хилоф қилмайсан". Кейин бизга қараб айтдилар: “Хурсанд бўлинглар, Аллоҳ сизларни мағфират этди". (Имом Аҳмад ривоятлари).
Мағфиратга лойиқ бўлмоқ учун тавба-тазарру ва яхши амаллар қилмоқ лозимлигини юқорида айтиб ўтган эдик. “Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг гуноҳларини савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир". (Фурқон сураси, 70-оят).
21. Чин тавҳид
Тавҳид калимаси қайси бир банда қалбига ўрнашса, у ердан Аллоҳдан ўзганинг муҳаббати, қўрқуви, ҳайбати, умидворлиги ва таваккулини чиқариб ташлайди ҳамда гуноҳларини, гарчи улар денгиз кўпигидек кўп бўлса ҳам, ювиб юборади. Эҳтимол, Аллоҳ таоло унинг хатоларини ҳасаналарга ҳам айлантирар. Мўминнинг Парвардигорига бўлган муҳаббатининг нури унинг қалбидаги барча кир-ғуборларни йўқ қилиб юборади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳеч бирингиз, то унга Аллоҳ ва Расули барча-барчадан суюклироқ бўлмагунча, мўмин бўлмайсиз". (Бухорий ва бошқалар ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўрмоқ учун аввало Аллоҳ азза ва жаллага муҳаббат қўймоқ лозим.
Аллоҳ таоло фазли ва тавфиқи билан “Арбаийн" шарҳи ниҳоясига етди. Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, У зотнинг аҳли-оилаларига ва асҳобларига Қиёмат кунига қадар Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин! Бутун оламлар Рабби бўлмиш Аллоҳ таолога ҳамдлар айтамиз!
[1] Нисоб - Ислом шариатида камбағаллик билан бойлик ўртасини ажратиб туриш учун белгиланган чегара бўлиб, миқдори тилла ҳисобида 85 грамм олтин нархига, кумуш ҳисобида эса 595 грамм кумуш нархига баробардир. (Таржимон).
[2] Таржимон изоҳи: "Аллоҳ таолонинг "Биз сизни тупроқдан ... яратдик" сўзидан мурод шуки, аввалда Аллоҳ отамиз Одам алайҳиссаломни тупроқдан яратган вақтида у кишининг пуштида биз ҳам бор эдик. Шу эътибор билан бизнинг яралишимизнинг аввали ҳам аслида тупроқдандир" ‑ "Зубдатут-тафсир"дан.
[3] Муфассирларнинг ёзишларича, бу ердаги "яратувчилар", деган сўз кўплик шаклида айтилган бўлса ҳам, аслида бу "яратиш"дан мурод Аллоҳ яратиб, йўқдан бор этиб қўйган нарсани бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга кўчириб қўйишдир. (Таржимон).
[4] Таржимондан: Руҳ ҳақидаги фикр-мулоҳазаларнинг энг тўғрироғи унинг нима эканлиги ҳақидаги илмни Аллоҳ азза ва жаллага ҳавола қилмоқдир. Аҳли суннанинг сўзи шудир. “Абдуллоҳ ибн Бурайда айтадилар: "Аллоҳ таоло руҳ ҳақида бирон муқарраб фариштасини ҳам, бирон пайғамбарини ҳам воқиф этмади. Демак, бу ҳақда чуқур кетмасдан шунга кифояланмоқ Аҳли суннанинг йўли бўлмоғи керак". (Имом Бағавий, "Маъолимут-танзил", 4-135).
[5] Фиқҳ фанида алоҳида муомалот боби мавжуд бўлиб, у бандалар ўртасидаги никоҳ, тижорат, ижара, шерикчилик, қарз бериш ёки олиш каби битим ва шартномаларнинг қоидалари тўғрисида баҳс юритади. (Таржимон).
[6] Асар – Салафи солиҳлардан ривоят қилинган сўзлар.
[7] Улар шундай қилинса, қуролга куч киради, кескирлашади деб эътиқод қилишарди. (Тарж.)
[8] Маржуҳ - бир-бирига муқобил икки фикрнинг заиф саналгани.
[9] Сунан ва муснад китоблари - ҳадис ривоятлари жамлаб ёзилган китоблар. Улар ўртасидаги фарқ ҳадисларнинг жамланиш тартибидадир. Сунан китобларда ҳадислар матнига кўра тартибланади, муснад китобларда эса иснодига кўра тартибланади.
[10] Ровий - ривоят қилувчи.
[11] Жарҳ - ровийни ишончлилигига путур етказадиган айб билан сифатлаш. Таъдил - ровийни ишончлилик сифати билан сифатлаш.
[12] Вожибот - шариатда қатъий равишда буюрилган амаллар.
[13] Шаръий таклиф - шаръий буйруқ ёки қайтариқдан келиб чиқадиган вазифа, бурч.
[14] Мункар – гуноҳ иш.
[15] Яъни дирҳамнинг олтидан бирига тенг чақа.
[16] Фақиҳ – фиқҳ фани олими.
[17] Асҳоб - саҳобалар.
[18] Мўминун сураси, 51-оят.
[19] Бақара сураси, 172-оят.
[20] Ридо - елкадан ташлаб кийиладиган устки кийим.
[21] Насх - бекор қилиш, бир ҳукм ёки лафз ўрнига бошқасини келтириш.
[22] Истинбот – ҳаракат қилиб оят ва ҳадислардан нозик маънолар чиқариш.
[23] Билиттифоқ - қаршиликсиз, бир овоздан, ҳамманинг иттифоқи билан.
[24] Мукаллаф - балоғатга етган, ақли жойида бўлган киши.
[25] Мақтулнинг волийлари - ўлдирилган одамнинг эгалари, яъни отаси, ўғли, ака-укаси каби энг яқин қариндошлари.
[26] Қавл – бу ерда: бир масала юзасидан айтилган фатво, фикр.
[27] Жумҳур - кўпчилик, аксарият.
[28] “Фан иймонга даъват қилади " китобидан.
[29] Исро сураси, 36-оят.
[30] Шоре - шариатни жорий қилувчи, яъни Аллоҳ ва Унинг Расули.
[31] Сажда сураси, 16-17-оятлар.
[32] У кишининг исми Ҳиббон ибн Мунқиз разияллоҳу анҳу
[33] Ҳад – шариатда айрим гуноҳлар учун миқдори қатъий белгиланган жазо чоралари. Масалан, бировни зинода айблаб туҳмат қилишнинг ҳадди саксон даррадир.
[34] Оли Имрон сураси, 77-оят.
[35] Мукаллаф – балоғатга етган ва эс-ҳуши жойида бўлган инсон.
[36] Шаҳидлар саййиди – ажр-мукофоти улуғроқ ва Аллоҳга яқинроқ шаҳид.
[37] Мансух қилинган – ҳукми бекор қилинган.
[38] Бу ерда молни сотиб олиш нияти бўлмаган кишининг бозорда овозини кўтариб мол учун қиммат нарх сўраши назарда тутилган. Аслида унинг молни сотиб олиш нияти йўқ, балки бу билан бировга зарар бермоқчи.
[39] Фосид – бузилган, яроқсиз, эътиборсиз.
[40] Ўғирлаш учун олмагани - ҳазиллашгани, чўчитиш учун олиб қўйгани - жиддийлиги.
[41] Мукотаб – озод бўлиш учун хўжайини билан маълум маблағ асосида битим тузган қул.
[42] Ваҳдатул вужуд – Аллоҳ ва Унинг махлуқларини ягона вужуд деб даъво қилувчиларнинг эътиқоди. Ҳулул – Аллоҳ Ўз махлуқларидан баъзилари билан киришиб-бирлашган деб даъво қилувчиларнинг эътиқоди.
[43] Забҳ ўрни – ҳалқуми.
[44] Яъни, гуноҳкор банда: “Аллоҳ гуноҳларимни кечиради" деб яхши гумон қилса, Аллоҳ уни кечириши мумкин. Аксинча, “гуноҳларимни Аллоҳ кечирмаса керак" деб ёмон гумон қилса, Аллоҳ уни ростдан ҳам кечирмаслиги мумкин. Шунинг учун Аллоҳ ҳақида яхши ўй-гумон қилавериш лозим. (Таржимон).