×
Ушбу рисола шайх Абдурраззоқ ибн Абдулмуҳсин ал-Бадрнинг “Тавҳид калимасининг фазилатлари, далолатлари, шартлари ва уни бузувчи нарсалар” китобидан таржима қилинган.

«Ла илаҳа иллаллоҳ» гувоҳлигини бузувчи нарсалар

Абдурраззоқ ибн Абдулмуҳсин
ал-Бадр


Мутаржим: Абу Жаъфар Бухорий

Муҳаррир: Абу Абдуллоҳ Шоший

نواقض شهادة أن لا إله إلّا الله

(باللغة الأوزبكية)

عبد الرزاق بن عبد المحسن البدر

ترجمة: أبو جعفر البخاري

مراجعة: أبو عبد الله الشاشي


Ушбу рисола шайх Абдурраззоқ ибн Абдулмуҳсин ал-Бадрнинг “Тавҳид калимасининг фазилатлари, далолатлари, шартлари ва уни бузувчи нарсалар” китобидан таржима қилинган.

Қуръон оятларининг ўзбекча таржимаси шайх Алоуддин Мансурнинг таржимасидан олинган.

«Ла илаҳа иллаллоҳ» гувоҳлигини бузувчи нарсалар

Юқорида, тавҳид калимаси «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳ-дан бошқа илоҳ йўқ)нинг Аллоҳ таолонинг ҳузурида қабул бўлиши учун бандада тўла бўлиши зарур бўлган шартлар айтиб ўтилди. Улар шаъни буюк, қадри баланд шартлар бўлиб, банда уларга катта эътибор ва аҳамият бериши керак. Бу муаззам бобда мусулмон эътибор бериши керак бўлган нарса, эҳтиёт бўлиши учун, бу калимани бузадиган нарсаларни яхши билишидир. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу калимани рўёбга чиқарадиган мўминлар йўлини ҳам, бу калимага мухолиф жиноятчилар йўлини ҳам муфассал тарзда баён қилган. Бундан ташқари, мўмин-ларнинг ҳам, мухолиф одамларнинг ҳам амал ва натижаларини, мўминлар эришган саодатнинг, мухолифлар-нинг муваффақиятсизлик омилларининг тафсилотини ҳам очиқ баён қилган. Аллоҳ азза ва жалла ҳар икки амални Ўз китобида изоҳлаб, етарлича очиб берган. Масалан, шундай деган:

﴿ وَكَذَلِكَ نُفَصِّلُ الْآيَاتِ وَلِتَسْتَبِينَ سَبِيلُ الْمُجْرِمِينَ ﴾

«(Ҳақиқий мўминлар кимлар экани маълум бўлиши) ва жиноятчи кимсаларнинг йўли ошкор бўлиши учун оятларимизни мана шундай муфассал қилурмиз»[1];

﴿ ووَمَنْ يُشَاقِقِ الرَّسُولَ مِنْ بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُ الْهُدَى وَيَتَّبِعْ غَيْرَ سَبِيلِ الْمُؤْمِنِينَ نُوَلِّهِ مَا تَوَلَّى وَنُصْلِهِ جَهَنَّمَ وَسَاءَتْ مَصِيرًا ﴾

«Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга дохил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!»[2].

Жиноятчиларнинг йўлини танимаган ва уларнинг йўли нима эканини билмаган одам, улар қилаётган ботил ишларнинг баъзиларига қўл уриши мумкин. Шу боис Умар разияллоҳу анҳу: «Ислом (муҳити)да жоҳилият нима экани-ни билмай улғайган авлод вужудга келса, Ислом ҳалқаси (асослари) бирма-бир бузиб борилади», деган[3].

Шунинг учун ҳам, Қуръони Карим ва Суннатда муртадлик омиллари ва бундан бошқа тавҳид калимаси — «Ла илаҳа иллаллоҳ»га зид куфр ва ширк турларидан огоҳлантирувчи матнлар нозил бўлган. Аллоҳ раҳмат қилсин, уламолар ҳам фиқҳ китобларининг муртадлар ҳукми баён қилинган қисмида қуйидагиларни қаламга олдилар: «Мусулмон гоҳида (тавҳидни) бузувчилардан бир қанчаси-ни ёки улардан бирини қилиш билан динидан чиқиб кетади. У диндан ва ислом миллатидан чиқади, унга «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни (қуруқ) талаффуз қилиши фойда бермайди. Чунки, зикрларнинг энг яхшиси ва афзали бўлган ушбу муаззам калима, шартлари бажо келтирилиб, уни бузувчи омиллардан йироқ турилсагина фойда беради».

Мусулмон ушбу бузувчиларни ёмонликларидан сақла-ниш ва офатлардан қутулиш мақсадида ўрганар экан, динда катта манфаатларни қўлга киритиши шубҳасиздир. Шу боис, ширк, куфр, ботил ва ботил омилларини яхши билган, улардан нафрат этган, огоҳлантирган, уларни ўзидан даф қилиб, иймонига зарар беришига имкон бермаган, аксинча, уларни билиш ҳақиққатни яхшироқ таниш ва ҳақиқатни суюшни, иймонига зарар берадиган ушбу нарсаларни ёқтирмаслик ва улардан нафрат этишни кучайтирса, бундай инсон ушбу билими билан Аллоҳгина биладиган кўплаб фойда ва манфаатлар эгаси бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло ҳақиқат йўлларини севилиши ва юрилиши учун ўргани-лишини суйса, ботил йўлларни йироқ туриш ва нафрат этилиши учун ўрганилишини яхши кўради. Ҳолбуки, мусулмондан татбиқ қилиш учун эзгулик йўлларини ўрганиш талаб қилинган бўлса, эҳтиёт бўлиши учун ёмонлик йўлларини ўрганиши ҳам талаб қилингандир. Шу боис, икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Ҳузайфа ибн Ямон разияллоҳу анҳудан ушбу осор ривоят қилинган: «Саҳобалар Расулул-лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эзгуликлар ҳақида сўрашар, мен эса, қилиб қўймаслик учун, ёмонликлар ҳақида савол берар эдим»[4]. Шунинг учун ҳам:

Ўрганмадим ёмонликни ёмонлик чун,

Уни ўргандим ёмонликдан қутулиш чун.

Ёмонликни билмаганлар билмай қолиб,

Ёмонликка тушадилар келиб бир кун!

Модомики, иш шу даражада аҳамиятли экан, ҳар бир мусулмон, эҳтиёт бўлиши учун, тавҳид калимаси — «Ла илаҳа иллаллоҳ»га зид нарсаларни билиши керак. У нарса-лар, юқорида айтиб ўтилганидек, жуда ҳам кўпдир. Улар ичидан энг хатарли ва кўп содир бўлганлари фақатгина ўнта бўлиб, уларни илм аҳлларидан талайгина қисми тилга олгандир, Аллоҳ уларни раҳмат қилсин. Мусулмон банда улардан эҳтиёт ва огоҳ бўлиши ва бошқаларни саломат бўлишлари учун огоҳлантириш истаги билан, биз уларни мухтасар шаклда зикр қиламиз.

Биринчи: ибодатда Аллоҳ таолога шерик қилиш.

Аллоҳ таоло айтди:

﴿ وإِنَّ اللَّهَ لَا يَغْفِرُ أَنْ يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَنْ يَشَاءُ ﴾

«Албатта Аллоҳ ўзига (бирон нарса ё кимсанинг) шерик қилинишини кечирмайди. Шундан бошқа гуноҳларни ўзи хоҳлаган бандалари учун кечиради»[5];

﴿ إِنَّهُ مَنْ يُشْرِكْ بِاللَّهِ فَقَدْ حَرَّمَ اللَّهُ عَلَيْهِ الْجَنَّةَ وَمَأْوَاهُ النَّارُ وَمَا لِلظَّالِمِينَ مِنْ أَنْصَارٍ ﴾

«Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилгувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас»[6].

Ўликларга дуо ва назр қилиш, уларга атаб қурбонлик сўйиш, улардан ёрдам сўраш ва бу каби нарсалар шу боб ичига киради.

Иккинчи: ўзи билан Аллоҳ орасига дуо ва тавваккул қиладиган ва шафоат тилайдигани воситачиларни қўйган одам бутунлай кофир бўлади. Аллоҳ таоло айтди:

﴿ وَيَعْبُدُونَ مِنْ دُونِ اللَّهِ مَا لَا يَضُرُّهُمْ وَلَا يَنْفَعُهُمْ وَيَقُولُونَ هَؤُلَاءِ شُفَعَاؤُنَا عِنْدَ اللَّهِ قُلْ أَتُنَبِّئُونَ اللَّهَ بِمَا لَا يَعْلَمُ فِي السَّمَاوَاتِ وَلَا فِي الْأَرْضِ سُبْحَانَهُ وَتَعَالَى عَمَّا يُشْرِكُونَ ﴾

«Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: «Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг оқловчи-ларимиз», дейдилар. Айтинг: «Аллоҳга осмонлар ва Ердаги У зот билмайдиган нарсаларни (шерикларни) билдириб қўймоқчимисизлар?!»[7].

Учинчи: мушрикларни кофир ҳисобламаган ёки кофир-лигида шубҳа қилган ёки уларнинг йўлини тўғри деб билган одам кофир бўлади.

Тўртинчи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқанинг йўли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам-нинг йўлидан мукаммалроқ ёки бировнинг ҳукми Расулул-лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳукмидан яхшироқ, деб эътиқод қилган одам, кофир бўлади. Масалан, золим-ларнинг ҳукмини Аллоҳ таолонинг ҳукмидан афзал кўраёт-ган кимсалар.

Бешинчи: ўзи амал қилсада, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсаларни ёқтирмаган кимса, кофир бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло шундай деган:

﴿ ذَلِكَ بِأَنَّهُمْ كَرِهُوا مَا أَنْزَلَ اللَّهُ فَأَحْبَطَ أَعْمَالَهُمْ ﴾

«Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ нозил қилган нарса-ларни (яъни, Қуръон ва ундаги ҳукмларни) ёмон кўрган-ларидир. Бас, (Аллоҳ) уларнинг амалларини беҳуда кетказди»[8].

Олтинчи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган динни ёки унинг савоблари ёхуд гуноҳларини масхара қилган одам кофир бўлади. Бунинг далили Аллоҳ таолонинг ушбу қавлидир:

﴿ قُلْ أَبِاللَّهِ وَآيَاتِهِ وَرَسُولِهِ كُنْتُمْ تَسْتَهْزِئُونَ Ÿ لَا تَعْتَذِرُوا قَدْ كَفَرْتُمْ بَعْدَ إِيمَانِكُمْ إِنْ نَعْفُ عَنْ طَائِفَةٍ مِنْكُمْ نُعَذِّبْ طَائِفَةً بِأَنَّهُمْ كَانُوا مُجْرِمِينَ ﴾

«Айтинг: «Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пай-ғамбаридан кулувчи бўлдингизми?» Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз. Агар сизлардан бир тоифани (чин ихлос билан тавба қилганлари учун) афв қилсак, бошқа бир тоифани жиноятчи бўлганликлари сабабли азоблай-миз»[9].

Еттинчи: сеҳр қилиш. Иситма ва совутма ҳам сеҳрнинг бир туридир. Ким бу иш билан шуғулланса ёки уни қилишга рози бўлса, кофир бўлади. Бунинг далили ушбу оятдир:

﴿ وَمَا يُعَلِّمَانِ مِنْ أَحَدٍ حَتَّى يَقُولَا إِنَّمَا نَحْنُ فِتْنَةٌ فَلَا تَكْفُرْ ﴾

«Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни, одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилган-миз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар»[10].

Саккизинчи: мусулмонларга қарши мушрикларга ёрдамчи ва ҳамкор бўлиш.

Бунинг далили ушбу оятдир:

﴿ وَمَنْ يَتَوَلَّهُمْ مِنْكُمْ فَإِنَّهُ مِنْهُمْ إِنَّ اللَّهَ لَا يَهْدِي الْقَوْمَ الظَّالِمِينَ ﴾

«Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалар-дандир. Албатта, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас»[11].

Тўққизинчи: бирон кимсанинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариатдан чиқиш ҳуқуқи бор, деб эътиқод қилган одам кофир бўлади.

Бунинг далили ушбу оятдир:

﴿ وَمَنْ يَبْتَغِ غَيْرَ الْإِسْلَامِ دِينًا فَلَنْ يُقْبَلَ مِنْهُ وَهُوَ فِي الْآخِرَةِ مِنَ الْخَاسِرِينَ ﴾

«Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у Охиратда зиён кўргувчилардандир»[12].

Ўнинчи: Аллоҳнинг динидан юз ўгириш: уни ўрганмас-лик ва унга амал қилмаслик. Бунинг далили ушбу оятдир:

﴿ وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنْ ذُكِّرَ بِآيَاتِ رَبِّهِ ثُمَّ أَعْرَضَ عَنْهَا إِنَّا مِنَ الْمُجْرِمِينَ مُنْتَقِمُونَ ﴾

«Ўз Парвардигорининг оятлари билан панд-насиҳат қилинганидан сўнг, улардан юз ўгирган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Албатта Биз ундай жиноятчи кимсалардан интиқом олгувчидирмиз»[13].

«Ла илаҳа иллаллоҳ» — тавҳид калимасининг ушбу ўн бузувчисидан биронтасини қилган одамнинг тавҳиди-яккахудолиги ва иймони йўқ бўлиб, бундан Аллоҳ сақласин, «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни талаффуз қилиши асло фойда бермайди. Илм аҳллари ушбу бузувчиларни ҳазиллашиб, жиддий ёки қўрқиб айтган одамлар ўртасида фарқ йўқ эканини айтдилар. Фақатгина, улардан бирини мажбурлаб айттирилган одам бу ҳукмдан мустаснодир.

Булар энг хатарли ва энг кўп содир бўладиган бузувчилардир. Шу боис, мусулмон улардан эҳтиёт бўлиши ва улардан ўзига зарар келтирмаслиги лозим.

Биз Аллоҳ таолога ғазаби ва аламли азобига олиб борадиган нарсалардан сиғинамиз ва Ундан ўзи рози бўлган амалларга муваффақ айлаши, бизни ва бутун мусулмон-ларни Тўғри йўлига ҳидоят қилишини тилаймиз. Дарҳақиқат, Аллоҳ эшитгувчи, дуоларни ижобат қилгувчи ва энг яқин Зотдир.

Якка исмни ошкор ёки олмош шаклида талаффуз қилишнинг жоиз эмаслиги ҳақида

Юқорида тавҳид калимаси «Ла илаҳа иллаллоҳ» ҳақида айтилиб, унинг Роббиларини зикр қилган зокирлар тилга олган ва тиллар гапирган энг яхши жумла: айтилиши осон, пурмаъно, бандаларнинг энг катта эҳтиёжи ва зарурати экани, ҳатто бандаларнинг унга бўлган эҳтиёж ва зарурат-лари, озиқ-овқатлари, кийимлари ва бошқа эҳтиёжларидан ҳам ўта зарур экани айтиб ўтилди.

Аслида, одамларнинг, балки бутун оламнинг «Ла илаҳа иллаллоҳ» эканига бўлган эҳтиёжининг ниҳояси, бошқа зикрларга қараганда чегараси йўқ, айтлиши осон, маъноси кенг, макони улуғ бўлишига қарамай, айрим оми ва жоҳиллар ундан юз ўгириб, Қуръон, суннат ва салаф уламоларнинг биронтасининг осорларида бўлмаган бидъат дуоларга йўналадилар.

Масалан, айрим тасаввуф тариқатига мансуб кишилар қилаётган зикрларида айнан шундай қиладилар. Улар Аллоҳ таолонинг зоҳирий исмини: «Аллоҳ! Аллоҳ!» дея такрор-такрор зикр қиладилар. Баъзилар эса «Аллоҳ» исмини олмош шаклида: «Ҳу! Ҳу!» (У! У!) дея такрорлайдилар. Айримлар бундан ҳам чуқур кетиб, «Ла илаҳа иллаллоҳ» зикрини омма, «Аллоҳ» исмини хос одамлар, Аллоҳ исмининг олмош шакли бўлган «Ҳу! Ҳу!»ни эса ўта хос одамлар айтиши кераклигини таъкидлайдилар. Яъни, оддий мўминлар «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни, орифлар «Аллоҳ» сўзини, ўта олимлар «Ҳу! Ҳу!»ни айтишлари керак эмиш!! Яъни, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг афзал зикр ва бутун пайғамбарлар тилган олган энг афзал жумла эканини айтган «Ла илаҳа иллаллоҳ» зикридан кўра «Аллоҳ» ёки «Ҳу! Ҳу!» зикрини афзал кўрадилар. Биз юқорида «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг энг афзал зикр эканига далолат қиладиган айрим ҳадислар ва салафи солиҳ сўзларини ҳам эслатиб ўтдик. Шундай бўлсада, «Аллоҳ» ва «Ҳу! Ҳу!» зикрларини кейинги даврларда дунёга келган залолатдаги сўфийлар бирон ҳужжатсиз тилга ола бошладилар.

Шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ сўфийлар-нинг ушбу бидъат зикрларини ёлғонга чиқариб, ёрдам ва мадад бериши учун ёпишиб олишган нарсаларни очиб ташлади ва шундай деди: «Айрим тариқатчилар бу зикрларни улуғлаш кераклигини тилга олиб, бунга баъзида «илҳом», баъзида «фикр» ва гоҳида эса ёлғон нақлларни ҳужжат қилдилар. Ҳатто улардан айримлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Алий разияллоҳу анҳуга: «Аллоҳ! Аллоҳ! Аллоҳ!» дея уч марта такрорлаганлари ва Алий разияллоҳу анҳуга шундай дейишга буюргани, Алий разияллоҳу анҳу ҳам уч марта такрорлаганларини ривоят қилишади. Бу ҳадис, ҳадис билан шуғулланган муҳаддис олимлар иттифоқи билан мавзуъ-сохта ҳадисдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга (амакиларига) маъсур зикрни — зикрнинг тожи «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни талқин қилган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу калимани ўлим тўшагида ётган амакиси Абу Толибга (айтиши учун) таклиф қилган ва шундай деган эдилар:

(( يا عمِّ، قل: لا إله إلا الله، كلمةً أحاجُّ لك بها عند الله ))

 «Амаки! «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ) денг, мен бу калима билан сиз учун Аллоҳ ҳузурида тортишай!»[14].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

(( إني لأعلم كلمة لا يقولها عبد عند الموت إلا وجد روحه لها روحا ))

«Мен шундай калимани биламанки, ким уни ўлими олдидан айтса, руҳи таскин (роҳат) топади»[15];

(( من كان آخر كلامه لا إله إلا الله دخل الجنة ))

«Кимнинг охирги сўзи «Ла илаҳа иллаллоҳ» бўлса, жаннатга киради»[16];

(( أمرت أن أقاتل الناس حتى يشهدوا أن لا إله إلا الله وأن محمدا رسول الله فإذا فعلوا ذلك ، فقد عصموا منك دماءهم وأموالهم إلا بحقها ، وحسابهم على الله عز وجل ))

«Мен одамлар билан «Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадур расулуллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир) демагунларича уруш олиб боришга буюрилдим. Агар улар шундай қилсалар, Мендан жонлари ва молларини ўз ҳаққи билан асраб қоладилар ва уларнинг ҳисоби Аллоҳ азза ва жаллага ҳаволадир»[17].

Бу маънодаги ҳадислар анчагинадир».

Сўнгра шайхулислом давом этиб деди: «Аммо «Аллоҳ» лафзини ёлғиз ўзинигина зикр қилиш ҳеч қачон машруъ бўлмаган. Шаръий далиллар ичида ундай айтиш мустаҳаб эканига биронта ҳужжат йўқ. Айрим ғулув кетган обидлар Аллоҳ таолонинг:

﴿ قُلِ اللَّهُ ثُمَّ ذَرْهُمْ ﴾

««Аллоҳ!» денг ва уларни тарк қилинг!»[18] оятини ўқиб, унинг «Аллоҳ» дея зикр қилиш учун ҳужжат эканини хаёл қиладилар. Ҳолбуки, бу тушунча хатодир. Агар улар бу жумладан олдинги оятлар ҳақида ҳам ўйлаб кўришса, ушбу оятнинг мағзини чақишган бўлишар эди. Чунки Аллоҳ таоло:

﴿ وَمَا قَدَرُوا اللَّهَ حَقَّ قَدْرِهِ إِذْ قَالُوا مَا أَنْزَلَ اللَّهُ عَلَى بَشَرٍ مِنْ شَيْءٍ قُلْ مَنْ أَنْزَلَ الْكِتَابَ الَّذِي جَاءَ بِهِ مُوسَى نُورًا وَهُدًى لِلنَّاسِ تَجْعَلُونَهُ قَرَاطِيسَ تُبْدُونَهَا وَتُخْفُونَ كَثِيرًا وَعُلِّمْتُمْ مَا لَمْ تَعْلَمُوا أَنْتُمْ وَلَا آبَاؤُكُمْ قُلِ اللَّهُ ﴾

«Аллоҳни тўғри таний олмадилар. Айтинг: «Одамлар учун нур ва ҳидоят бўлган ҳолида Мусо келтирган, сизлар дафтар қилиб олиб (айрим оятларни) кўрсатиб, (Муҳаммад пайғамбар ҳақидаги) кўп (оят)ларини эса яшириб юрадиган ва (ундаги оятларда) на ўзларингиз ва на ота-боболарингиз билган нарсалар баён этилган Китобни (Тавротни) ким нозил қилган эди?! «Аллоҳ», деб жавоб қилинг», деди[19]. Яъни, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Мусо алайҳиссалом олиб келган китоб — Аллоҳ унга нозил қилган китобдир. Бу гап тўлиқ гап бўлиб, эга ва кесимдан иборат исм жумласидир. (Яъни, исм билан бошланган жумладир). Фақатгина, саволга жавоб ўлароқ кесим туширилган. Бу арабларнинг сўзлашувида кўп учрайдиган қиёсдир».

Шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ бунга ўхшаш мисолларни келтиргач давом этади ва шундай дейди: «Тўлиқ гап шаклида талаффуз этилмай, «Аллоҳ!» сўзинигина танҳо талаффуз этишнинг мустаҳаб эмаслигига шаръий далиллар мавжуд. Ақлий далиллар ҳам бунга далолат қилади. Зеро, «Аллоҳ» сўзининг танҳо ўзи иймон ва куфр, ҳидоят ва залолат, илм ва жаҳолатни бермайди ...».

У давом этади: «Шунинг учун араб тили ва бошқа тиллар билимдонлари бир исмнинг ўзигагина тўхташ яхши эмаслигига қарор қилганлар. Чунки у, тўлиқ ёки ифодаси етарли гап эмас. Зеро, «Ашҳаду анна Муҳаммадар расулаллоҳ» (Аллоҳнинг элчисини Муҳаммадни гувоҳлик бераман) деган муаззинни эшитган айрим араблар: У нима қилибди?, деб айтишган. Чунки муаззин (расулаллоҳ дея) насб (фатҳа) ўқиши билан исм аниқловчига айланади. Аниқловчи — аниқланмишнинг тугалидир. Аслида, муаз-зин, ўз тушунчаси билан, ифодаловчи хабарни қасд қилган. Бироқ, (талаффузда) хато қилган. Бир одам «Аллоҳ» сўзининг танҳо ўзини миллион марта такрорласа ҳам мўмин бўла олмайди. Аллоҳнинг савоби ва жаннатига лойиқ бўлмайди. Зеро, барча диндаги кофирлар, Аллоҳнинг борлиги ва битталигига иқрор бўлсинлар бўлмасинлар, «Аллоҳ» сўзини тилга оладилар. Ҳатто мўминлар:

﴿ فَكُلُوا مِمَّا أَمْسَكْنَ عَلَيْكُمْ وَاذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ عَلَيْهِ ﴾

«Бас, улар сизлар учун ушлаб келтирган нарсаларни еяверинглар ва (уларни овга қўйиб юбораётганларингда) Аллоҳнинг номини зикр қилинглар!»[20];

﴿ وَلَا تَأْكُلُوا مِمَّا لَمْ يُذْكَرِ اسْمُ اللَّهِ عَلَيْهِ ﴾

«Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз!»[21];

﴿ سَبِّحِ اسْمَ رَبِّكَ الْأَعْلَى ﴾

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), энг олий зот бўлмиш Парвардигорингизнинг номини (ҳар қандай айб-нуқсондан) покланг!»[22];

﴿ فَسَبِّحْ بِاسْمِ رَبِّكَ الْعَظِيمِ ﴾

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), энг муаззам зот бўлмиш Парвардигорингизнинг номини (ҳар қандай айб-нуқсондан) покланг!»[23] каби қатор оятларда Аллоҳнинг номини зикр қилишга буюрилган бўлсалар, Аллоҳнинг номини тўлиқ гап билан зикр қиладилар. Масалан, мўмин: «Бисмиллаҳ» (Аллоҳнинг номи билан бошлайман) ёки «Субҳаана Роббил аълаа» (Энг олий зот бўлган Роббимнинг номини ҳар қандай айб-нуқсондан поклайман!) ёхуд «Субҳаана Роббиял азийм» (Муаззам зот бўлган Роббимнинг номини ҳар қандай айб-нуқсондан поклайман!), дейди. Демак, «Аллоҳ» исмини танҳо зикр қилиш машруъ эмас. Чунки у билан бирон буйруққа итоат, ов ёки жонлиқни ҳалол қилиш ва бошқа ишлар ҳалол бўлмайди».

Шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ давом этади: «Юқорида қаламга олганларимиздан шу нарса аниқ бўлдики, танҳо исмнинг ўзинигина зикр қилиш хос Зотни тилга олиш у ёқда турсин, мустаҳаб ҳам эмас. Олмош исми бўлган «Ҳу!» (У)ни зикр қилиш эса асло мумкин эмас. Чунки, «Ҳу» (У) (ўзи зикр қилингани маҳал) муайян исмни ифодаламайди. Уни истеъмол қилиш учун ундан аввал бирон исм зикр қилинган бўлиши керак. Ўшандагина олмош, гапираётган одамнинг мақсади ва ниятига қараб маъно касб этади»[24].

Шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ бошқа бир ерда: «Олмош исмнинг ўзинигина айтиб зикр қилиш — суннатдан йироқ, бидъатга кириш ва шайтон адаштириш-ларига яқинроқдир ...», деб, давом этади: «Аллоҳнинг зикрида машруъ бўлган нарса — зикрни тўлиқ жумла, яъни, гап деб таърифланган бирикма билан зикр қилишдир. Бирикманинг таркибидаги сўз «калима»дир. Гап деб таърифланган бирикмагина қалбларга фойда бериб, у билангина ажру савоблар, Аллоҳ таолога яқинлик-қурбат, Аллоҳ таолони таниш, суюш, Аллоҳ таолодан қўрқиш ва бундан бошқа олий матлаб ва юксак ғоялар ҳосил бўлади. Аммо биттагина зоҳирий исм ёки олмошга чекланишнинг «хос» ва «ориф»лар у ёқда турсин, асло асоси-ҳужжати йўқдир. Балки, у бидъат ва залолатларга восита, ваҳдатул вужудчилар ва даҳрийлар ҳақидаги бузуқ дунёқарашлар омилидир. ... Диннинг пойдевори иккитадир: Аллоҳгагина ибодат қиламиз ва Аллоҳ таолога Аллоҳ таоло машруъ қилган нарсалар билан ибодат қилиб, бидъатлар билан ибодат қилмаймиз»[25].

Шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳнинг ушбу сўзлари тараддуд қилиш учун бирон асосни қўймайди. Ҳақиқат — очиқ равшандир.

Тасаввуф аҳлининг Аллоҳнинг дини ва шариатида асоси бўлмаган бидъат зикрларга муккасидан кетиб, унинг қаршисида соғлом суннат ва шаръий зикрлардан воз кечишлари мўмин бандада турли саволларни хаёлга келтиради: Бу одамларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳидоятидан бурилиб, суннатидан воз кечиб, Аллоҳ бирон ҳужжат нозил қилмаган ҳукмлар ва шариатида биронта далил бўлмаган зикрларга берилишларига нима нарса ундади? Бундан ташқари, нега улар бу зикрларни ғоятда улуғлаб, пайғамбарона дуолар ва бутун мавжудот-ларнинг саййиди, пайғамбару расулларнинг сараси, сами-мий зокирларнинг пешқадами айтган шаръий зикрлар қадрини камситмоқдалар?

Пайғамбаримиз, Унинг оиласи ва барча асҳоблари устидан Аллоҳнинг салавот, салом ва баракалари ёғилсин!

[1] Анъом: 55.

[2] Нисо: 115.

[3] Ибн Қоййим «ал-Фавааид» (201 ва ундан кейинги бетлар).

[4] Имом Бухорий, ҳадис № 3606, Имом Муслим, ҳадис № 1847.

[5] Нисо: 116.

[6] Моида: 72.

[7] Юнус: 18.

[8] Муҳаммад: 9.

[9] Тавба: 65 – 66.

[10] Бақара: 102.

[11] Моида: 51.

[12] Оли Имрон: 85.

[13] Сажда: 22.

[14] Имом Бухорий, ҳадис № 3883, Имом Муслим, ҳадис № 24. Мусаййиб разияллоҳу анҳу ривояти.

[15] Имом Аҳмад «Муснад» 1/28, Ибн Можа, ҳадис № 3795. Талҳа разияллоҳу анҳу ривояти. Ҳадис лафзи Имом Аҳмадники.

[16] Имом Аҳмад «Муснад» 5/247, Абу Довуд, ҳадис № 3116. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу ривояти. Шайх Албоний бу ҳадисни ҳасан деди: «Ирвааул ғолил», ҳадис № 687.

[17] Имом Бухорий, ҳадис № 25, Имом Муслим, ҳадмс № 22.

[18] Анъом: 91.

[19] Анъом: 91.

[20] Моида: 4.

[21] Анъом: 121.

[22] Аъло: 1.

[23] Воқеъа: 74.

[24] «Мажмуъул фатаава» 10/556 – 565.

[25] «Мажмуъул фатаава» 10/134 – 227.