Full Description
Тавҳид ва иймон 08
«Мухтасар ал-фиқҳ ал-исламий» китобидан иқтибос
[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]
Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Тувайжирий
Таржимон: Абдуллоҳ Солиҳ Насафий
Муҳаррир: Абу Абдуллоҳ Шоший
2014 - 1435
التوحيد والإيمان 08
مقالة مقتبسة من كتاب مختصر الفقه الإسلامي
« باللغة الأوزبكية «
محمد بن إبراهيم التويجري
مترجم: عبد الله صالح النسفي
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
2014 - 1435
5. Қиёмат кунига иймон келтирмоқ
Қиёмат кунининг исмларидан бири: “Ал-явмул-аахир”, бунинг маъноси: “охирги кун”дир. Бу исм билан номланишига сабаб қиёмат куни бу дунёнинг энг охирги куни ҳисобланади, у кундан кейин охират ҳовлисига кўчиб ўтилади ва аҳли жаннат жаннатда, аҳли жаҳаннам жаҳаннамда қарор топади.
Қиёматнинг энг машҳур исмлари
Явмул-қияма: (қиёмат куни); Явмул-баъс: (қайта тирилиш куни); Явмул-фасл: (ҳақ билан ботилни ажратиш куни); Явмул-хуруж: (қайта тирилиб, қабрдан чиқиш куни); Явмуд-дин: (ҳисоб ва жазо куни); Явмул-хулуд: (жаннат ёки жаҳаннамда абадий қолиш учун ҳукм қилинадиган кун); Явмул-ҳисаб: (ҳисоб-китоб куни); Явмул-ваъийд: (қилинган гуноҳлар учун жазо бериш билан қўрқитиладиган кун); Явмул-жамъ: (инсониятни аввалидан охиригача ҳаммасини тирилтириб жамлайдиган кун); Яммут-тағобун: (жаннат аҳли жаҳаннам аҳлининг ақлини заифга чиқарадиган кун); Явмут-талақ: (маҳшар майдонида жамланадиган кун); Явмут-танад: (маҳшар майдонига нидо қилиб чақириладиган кун); Явмул-ҳасро: (кофирлар учун ҳасрат ва надомат куни); Ас-сооххо: (қулоқларни кар қиладиган даражадаги сурнинг товуши); Ат-тоомматул-кубро: (даҳшатлик катта бало); Ал-ғошия: (даҳшати билан одамларни ўраб олувчи); Ал-вақиъа: (қиёматнинг воқеъ бўлиши); Ал-ҳааққо: (кофирлар инкор қилган нарса юзага чиқадиган вақт); Ал-қориъа: (ўз даҳшатлари билан кишилар қалбини қаттиқ қоқувчи). Исмларнинг кўплиги исмланган нарсанинг буюклигига далолат қилади.
Қиёмат кунига иймон келтирмоқ
Қиёмат кунига иймон келтирмоқ, у кунда содир бўладиган қайта тирилиш, маҳшар майдонида жамланиш, Оллоҳнинг олдида туриб ҳисоб бериш, сирот кўприги, гуноҳлар ва савобларни ўлчайдиган мезон, жаннат ва жаҳаннам каби барча нарсаларга қатъий иймон келтирмоқдир. Қабр фитнаси, қабрдаги азоб ва роҳатлар ҳам шу жумладандир.
Қиёматнинг буюклиги
Оллоҳга ва қиёмат кунига бўлган иймон, иймон рукнларининг энг буюгидир. Шу икки рукннинг муҳимлиги сабабли Оллоҳ таоло Қуръонда жуда кўп ўринларда иккаласининг ўртасини жамлайди.
“Энди қачон (талоқ қилган аёлларингизнинг идда) муддатлари битиб қолса, бас, уларни яхшилик билан олиб қолинглар (яъни қайта никоҳларингизга олинглар) ёки яхшилик билан (яъни, ҳаққи маҳрларини бериб) ажрашинглар. Ва (ярашиб олиб қолаётган ёки ажрашиб кетаётган чоғларингда) ўзларингиздан (яъни, мусулмонлардан) бўлган икки адолат соҳибини гувоҳ қилинглар ва (гувоҳ бўлгувчилар) гувоҳликни Оллоҳ учун тўкис адо қилинглар! Бу (ҳукм)дан фақат Оллоҳга ва охират кунига иймон келтиргувчи бўлган киши панд-ибрат олур. Ким Оллоҳдан қўрқса (яъни юқорида мазкур бўлган талоқ қилиш қонун-қоидаларига Оллоҳдан қўрққани учун риоя этса), У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур”. (Талоқ, 2).
“Ёлғиз Оллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир. У сизларни ҳеч шак-шубҳасиз бўлган Қиёмат кунида тўплайди. Оллоҳдан кўра ростгўйроқ ким бор?!” (Нисо, 87).
“Эй мўминлар, Оллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйинсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, — агар ҳақиқатан Оллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Оллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир”. (Нисо, 59).
Қабр фитнаси
Баро бин Озиб разияллоҳу анҳу деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан жанозага чиқдик... Шу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Икки фаришта келади, ўликни ўтқизиб сўрайди:
— “Раббинг ким?”
— “Раббим Оллоҳдир”.
— “Дининг нима?”
— “Диним Исломдир”.
— “Сизларга Оллоҳ тарафидан юборилган киши ким?”
— “У Оллоҳнинг элчисидир”, дейди маййит”.
(Аҳмад ва Абу Довуд тахриж қилган).[1]
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Маййитнинг эгалари маййитни (ўликни) қабрга қўйиб, уйларига қайтар эканлар, оёқ товушлари узилмасдан олдин маййитнинг олдига икки фаришта келади ва дейди:
— “Муҳаммад деган киши тўғрисида нима дейсан?”
— “Гувоҳлик бераманки, у Оллоҳнинг қули ва элчисидир”.
— “Жаҳаннамдаги ўрнингга бир қара, Оллоҳ таоло уни жаннатдаги бошқа бир ўрин билан алмаштириб қўйди”. Шунда маййит иккала ўринни ҳам кўради”.
Аммо маййит кофир ёки мунофиқ бўлса, шундай жавоб беради:
— “Билмадим, одамлар нима десалар, мен ҳам шундай дер эдим”.
— “Ўзинг таълим олиб ўрганмадинг, олимларга ҳам эргашмадинг”, – дейди ва темир тўқмоқ билан икки қулоғининг ўртасидан уради, маййит зарбадан қаттиқ қичқиради, қичқириғини инсонлар ва жинлардан бошқа ҳамма нарса эшитади”. (Муттафақун алайҳи).[2]
Қабр азобининг турлари
Қабр азоби икки хил бўлади: 1. Қиёматга қадар давом этадиган азоб. Бундай азоб кофирларга ва мунофиқларга бўлади. Оллоҳ таоло Фиръавннинг аҳли ҳақида шундай дейди:
“(У азоб бир) оловдирки, улар эртаю кеч ўшанга кўндаланг қилиниб (куйдирилурлар). (Қиёмат) Соати қойим бўладиган Кунда эса (дўзах фаришталарига): «Фиръавн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар», (дейилур)”. (Ғофир, 46).
Абу Айюб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Агар сизлардан бирор киши вафот қилса, қабрда унга охиратдаги ўрни эртаю кеч кўрсатиб турилади. Агар жаннат аҳлидан бўлса, жаннатдаги ўрни, жаҳаннам аҳлидан бўлса, жаҳаннамдаги ўрни кўрсатилади ва: “Бу сенинг у дунёдаги ўрнинг, Оллоҳ таоло сени қиёмат куни шу ерга жойлаштиради”, дейилади”. (Муттафақун алайҳи).[3]
Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо шундай дейдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинанинг ёки Макканинг деворларидан бир деворнинг ёнидан ўтдилар ва қабрида азобланаётган икки кишининг товушини эшитиб шундай дедилар: “Бу иккаласи қабрда азобланаяпти, лекин катта гуноҳ учун эмас. Бири бавлидан (сийдигидан) сақланмас эди, иккинчиси эса чақимчилик қилиб юрар эди”. Кейин дирахтнинг бир навдасини синдириб келишни буюрдилар ва келтирилган навдани иккига бўлиб, икки қабрга суқиб қўйдилар. Саҳобалар сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ! Нима учун бундай қилдингиз?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Шоядки шу икки ҳўл навданинг то қуригунча айтган тасбеҳи сабабли уларга азоб енгиллатилса”. (Муттафақун алайҳи).[4]
Қабрдаги неъматлар
Қабрдаги неъматлар содиқ мўминлар учундир. “Албатта: «Парвардигоримиз Оллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Оллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри — устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар!” (Фуссилат, 30).
Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрда икки фариштага жавоб берган мўмин ҳақида шундай дейдилар: “...Осмондан шундай нидо келади: “Бандам тўғри айтди! Унинг қабрига жаннат тўшагидан тўшанглар, жаннат кийимидан кийинтиринглар ва у учун жаннатдан эшик очинглар! Унинг қабрига жаннат неъматлари ва хушбўйларидан келиб туради ва қабри кўзининг нури етган жойга қадар кенгайтирилади”. (Аҳмад ва Абу Довуд тахриж қилган).[5]
Мўминларга қабр азобидан нажот берадиган нарсалар:
Оллоҳ йўлида шаҳид бўлиш, Оллоҳ йўлида риботда туриш, қорин касаллиги сабабли вафот қилиш ва ҳоказолар.
Қиёматга қадар руҳларнинг қароргоҳи
Барзах ҳаётида руҳларнинг ўринлари бир хил бўлмайди.
Масалан, пайғамбарларнинг руҳлари иллиййиннинг энг юқорисида бўлади. Мўминларнинг руҳлари жаннат дарахтидаги мевалардан еб турадиган қушлар суратида бўлади. Шаҳидларнинг руҳлари жаннатда учиб юрадиган яшил қушларнинг жиғилдонида сақланади.
Жангдан тушган ғаниматдан ўғирлаганларнинг руҳлари қабрда ушлаб қолинади. Қарздор мусулмонларнинг руҳлари то қарзи узулгинуча жаннатнинг эшигида ушлаб турилади. Зино қилувчи эркак ва аёлларнинг руҳлари, ўзларига хос тандирда сақланади. Судхўрларнинг руҳлари, қондан иборат бўлган дарёда сузиб юриб, уларга отилган тошларни ютиб юришади ва ҳоказо.
Зайд бин Собит разияллоҳу анҳу дейдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бани Нажжор қабиласига мансуб деворнинг остида туяларининг устида эдилар, биз ҳам у киши билан бирга эдик. Тўсатдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туялари қаттиқ сесканди ва ўзини бир тарафга ташлади, туянинг сесканганидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туянинг устидан йиқилишларига оз қолди. У зот олдиларида олтита ёки бешта ёки тўртта қабрни кўрдилар (Журайрий ҳам шундай деган эди) ва саҳобаларига дедилар:
— “Бу қабрларда ётганларни ким танийди?” Бир киши деди:
— “Мен танийман”.
— “Қачон вафот қилган эдилар?”
— “Мушрик ҳолларида вафот қилганлар”.
— “Бу уммат қабрда фитналанади, агар сизлар ўликларингизни дафн қилмаганингизда эди, мен эшитган қабр азобидан сизларга ҳам эшиттиришини Оллоҳдан сўраган бўлар эдим”. (Яъни агар қабрдаги азобни эшитсангизлар, ўликларингизни кўмиш сизлар учун буюк бир машаққатга айланиб қолади). Кейин бизлар тарафга бурилиб шундай дедилар: “Жаҳаннам азобидан Оллоҳдан паноҳ сўранглар”. Саҳобалар дедилар:
— “Жаҳаннам азобидан Оллоҳдан паноҳ сўраймиз”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
— “Қабр азобидан Оллоҳдан паноҳ сўранглар”. Саҳобалар дедилар:
— “Қабр азобидан Оллоҳдан паноҳ сўраймиз”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
— “Ошкор ва махфий фитналардан Оллоҳдан паноҳ сўранглар”. Саҳобалар дедилар:
— “Ошкор ва махфий фитналардан Оллоҳдан паноҳ сўраймиз”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
— “Дажжолнинг фитнасидан Оллоҳдан паноҳ сўранглар”. Саҳобалар дедилар:
— “Дажжолнинг фитнасидан Оллоҳдан паноҳ сўраймиз”. (Муслим тахриж қилган).[6]