×
Мақолада фаришталар ҳақиди сўз юритилиб унда фариштанинг луғавий ва истилоҳий маънолари баён қилинади.

Малоиканинг маъноси

[Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي]

АБДУЛҚАЮМ АБДУЛҒАФФАРХОН ЎҒЛИ

Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий

2011 - 1432

﴿ معنى الملائكة ﴾

« باللغة الأوزبكية »

عبد القيوم بن عبد الغفار خان

مراجعة: شمس الدين درغامي

2011 - 1432

بسم الله الرحمن الرحيم

 Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

الحمد لله رب العالمين، والعاقبة للمتقين، ولا عدوان إلا على الظالمين، والصلاة والسلام على سيدنا محمد، وعلى آله وصحبه أجمعين، وبعد:

Фаришталар хусусида

Азизлар! Бугундан эътиборан бир неча дарслармизда иймон арконларининг бири бўлмиш: Фаришталарга иймон келтириш билан танишиб борамиз.

Оллоҳнинг башарият кўзига кўринмайдиган маҳлуқотларидан бири: фаришталардир. Фаришталарга иймон келтириш ғойбга иймон келтиришнинг бир рукнидир. Оллоҳ таоло Қуръонда У зотнинг сўнгги пайғамбари Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ ҳадисларида хабар берган нарсаларнинг ҳаммасига иккиланмасдан иймон келтириш эса ҳақиқий мўминлар сифатидир. Оллоҳ таоло ана шундай мўмин зотларни мақтаб, улар васфида Бақара сурасининг аввалида: {У тақволи зотлар, ғойбга ишонадиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладиганлардир} - дейди. (Бақара 3).

Демак, Оллоҳ ва пайғамбар хабар берган ғойбий нарсаларга иймон келтириш ҳақиқий тақводор мўминлар васфи экан. Лекин ўрнида шу нарсани ҳам таъкидламоғимиз жоизки: фолбин, сеҳргар ва мунажжимлар тамонидан хабар берилган ғойбий нарсаларга иймон келтириш, улар ҳам ғойбни билар экан-ку? - деб, эътиқод қилиш куфрга олиб боради. Шунинг учун, жаноб Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам умматидан ёлғиз Оллоҳга таваккул қилган, фолбин, сеҳргарларга ишонмаган етмиш мингтаси жаннатга ҳеч бир ҳисоб-китобсиз киришлари ҳақида Уккоша ҳадисида Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Эй Жаброил, анавилар менинг уматимми? – деб сўрадим. Йўқ, лекин сиз уфқга боқинг - деди Жаброил, қарасам баногоҳ кўзим кўп оломонга тушди. У деди: анавилар сизнинг умматингиздир, уларнинг олдида келаётган анавилар эса жаннатга ҳисоб-китобсиз ва азоб-уқубатсиз кирадиган етмиш минг кишилардир. Мен: бунинг боиси недур? – дедим. У деди: улар ўзларини куйдириб даволамас, биронтадан ўзларига (ўқиб )дам солишини (кўф-сўф қилишини) сўрамас ҳамда фолбинлик қилмаган ва Парвардигорларига таваккул қилар эдилар".

Уккоша розиаллоҳу анҳу ўрнидан туриб: эй Росулуллоҳ менинг ҳаққимга дуо қилингки, Оллоҳ мени ҳам ўшалардан қилсин! – дедилар. Жаноб Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Эй Оллоҳим Уккошани ўшалардан бири қилгин!" - деб дуо қилдилар. Кейин яна бир киши туриб: эй Росулуллоҳ мени ҳаққимга ҳам дуо қилинг, Оллоҳ мени ҳам ўшалардан қилсин - деганди, жаноб Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Буни сиздан илгари Уккоша сўраб олдилар" - деб жавоб бердилар. (Бухорий 6540).

Шу боисдан, ҳар бир мусулмон ўз билгинини қилавермасдан, хусусан инсонни мусулмончиликдан чиқишига сабаб бўладиган ақидавий масалаларда Қуръон ва суннатдан хабари бор, ақидани билгувчиларга мурожаат қилмоғи шартдир.

Ғойбий нарсларга иймон келтириш эса уч йўл билан амалга ошади:

1- Ғойбий нарсаларнинг ошкорога айланиб қолиши.

2- Ғойбий нарсаларнинг ўзи ёки худди унга ўхшаш нарсани кўриш.

3- Ғойбий нарсалар ҳақидаги хабарлар саҳиҳ манбаларда собит бўлишидир.

Мазкур ғойбий нарсаларга иймон келтиришнинг энг мақталгани: Қуръон ёки саҳиҳ ҳадисда хабари келган ғойбий нарсларга иймон келтириш ҳисобланади.

Бугунги дарсимиз мавзуси бўлган фаришталарга иймон келтириш бобида ҳам Қуръон ва саҳиҳ суннат хабарига таянилади.

Фаришта калимасининг маъноси

Фаришта, араб тилида Малоика - дейилади. Ана шу малоика исми қайси калимадан олинганлиги ҳақида луғат олимлари жуда кенг баҳс юритишган. Биз бу ўринда фаришта-малаика келиб чиққан икки негизни келтириш билан кифояланамиз.

1- Фаришта – Малоика аслида المألك – калимасидан олинган бўлиб, унинг маъноси: элчидир.

2- Фаришта – Малоика калимаси المْلك - калимасидан олиниб, унинг маъноси: куч-қувват билан тутмоқ ёки олмоқдир.

Дарҳақиқат, фаришталар Оллоҳдан ўзгага махфий катта куч соҳибидирлар.

Фаришта – малоиканинг шаръий маъноси

Фаришта калимасининг шаръий маъноси: Оллоҳнинг қудрати билан турли шаклга кира оладиган, ейиш-ичиш, уйланиш, эркагу аёлликдан муназзаҳ, айни чоғда Оллоҳ таоло ҳаққига туну-кун тинимсиз тасбеҳ айтувчи, Оллоҳ тарафидан ўзларига буюрилган нарсаларни сустлик ва исён қилмасдан тўхтовсиз бажарадиган Оллоҳнинг нуроний махлуқотлари фаришталардир.

Фаришталарнинг Қуръон ёки суннатда номи келганларига батафсил иймон келтириш, номлари Қуръон ёки саҳиҳ суннатда зикр қилинмаганларига умумий иймон келтириш иймон арконларининг биридир. Фаришталардан биттасини инкор этиш, уларнинг барчасини инкор этиш билан тенгдир. Шу боис, мўмин зотлар фаришталарнинг ҳаммасига мужмал ва муфассал иймон келтирадилар.