Full Description
- Сурнинг чалиниши
- Қиёматнинг катта аломатларининг биринчиси чиқса, қолгани орқасидан эргашади
- Сур чалинган кунда халойиқнинг ҳоли
- Сурнинг икки марта чалинишининг ўртасидаги миқдор
- Қиёмат қачон қоим бўлади?
- (Ал-баъс) Қайта тирилтириш
- Қайта тирилтиришнинг кайфияти
- Қиёмат куни кимлар ҳашр қилинади?
- Маҳшар ерининг сифати
- Қиёмат кунида халойиқнинг
жамлаш кайфияти - Оллоҳ таолога йўлиқиш
Тавҳид ва иймон 10
«Мухтасар ал-фиқҳ ал-исламий» китобидан иқтибос
[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]
Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Тувайжирий
Таржимон: Абдуллоҳ Солиҳ Насафий
Муҳаррир: Абу Абдуллоҳ Шоший
2014 - 1436
التوحيد والإيمان 10
مقالة مقتبسة من كتاب مختصر الفقه الإسلامي
« باللغة الأوزبكية «
محمد بن إبراهيم التويجري
مترجم: عبد الله صالح النسفي
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
2014 - 1436
Сурнинг чалиниши
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Салом разияллоҳу анҳу Исломни янги қабул қилганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга баъзи саволларини беради. Шулар жумласидан: “Қиёматнинг биринчи аломати нима?” деганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Қиёматнинг дастлабки аломати, бир ўт чиқиб, одамларни машриқдан мағрибга жамлашидир” (Бухорий тахриж қилган).[1]
Қиёматнинг катта аломатларининг биринчиси чиқса, қолгани орқасидан эргашади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Қиёматнинг катта аломатлари ипда терилган минчоқларга ўхшайди, агар ип узилса, минчоқлар бир-бирининг орқасидан орқама-орқа тушишади” (Ҳоким тахриж қилган).[2]
Оллоҳ таоло Исрофилга биринчи марта сурни чалишни буюради, бу вақтда осмонлару ердаги Оллоҳ ўлмай қолишини истаганидан бошқа барча махлуқотлар ўлади. Сўнг иккинчи марта сурни чалишни буюради, бу вақтда барча халойиқ қайта тирилади.
Сур чалинган кунда халойиқнинг ҳоли
“(Эй Муҳаммад), энди сиз улардан юз ўгиринг! Чорлагувчи (Исрофил фаришта) нотаниш бўлган бир нарсага (яъни Қиёматдаги кофирлар учун даҳшатли ҳисоб-китобга) чорлайдиган Кунда улар (кофирлар) кўзлари (қўрқувдан) қуйига боққан ҳолларида гўё ёйилган чигирткалар каби, қабрларидан чиқиб келурлар! Чорлагувчи томонига шошганларича кетар эканлар, у кофирлар «Бу оғир кундир», дерлар”. (Қомар: 6-8).
“Сур чалинди-ю, осмонлар ва ердаги бор жонзот ўлди, магар Оллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни барча халойиқ қайта тирилди, қабрларидан) туриб, (Оллоҳнинг амрига) кўз тутарлар” (Зумар: 68).
«Сур чалиниб, Оллоҳ Ўзи хоҳлаган зотлардан бошқа осмонлардаги ва ердаги (барча) кимсалар даҳшатга тушиб қолган ва барча У зот (ҳузурига) бўйин эгган ҳолда келган кунни эсланг» (Намл: 87).
Сурнинг икки марта чалинишининг ўртасидаги миқдор
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу дедилар: “Пайғамбар алайҳиссалом: “Сурнинг ҳар иккала марта чалинишининг ўртасидаги миқдор қирқдур”, дедилар.
Саҳобалар сўрадилар:
— “Эй Абу Ҳурайра, қирқ кунми?”
— “Аниқ айтолмайман”.
— “Йўқса, қирқ ойми?”
— “Аниқ айтолмайман”.
— “Бўлмаса, қирқ йилми?”
— “Аниқ айтолмайман”, — деди Абу Ҳурайра” (Муттафақун алайҳи).[3]
Қиёмат қачон қоим бўлади?
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Исрофил алайҳиссалом сурни чалишга вакил қилинган кундан бери сурни чалишга берилган Оллоҳнинг фармонини бажаришга кечикишдан қўрқиб Арш тарафга қараб, тайёр туради. Исрофилнинг икки кўзи, дурдан бўлган икки юлдуз каби ялтираб туради”. (Ҳоким тахриж қилган).[4]
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Қуёш чиққан кунларнинг энг афзали жума кунидир, шу кунда Одам алайҳиссалом яратилди, шу кунда жаннатга киритилди, шу кунда жаннатдан чиқарилди ва шу кунда қиёмат қоим бўлади”. (Муслим тахриж қилган).[5]
Қайта тирилтириш ва маҳшар майдонида жамланиш
Одам авлоди учун уч ҳовли бор: дунё ҳовлиси, барзах ҳовлиси ва абадий қароргоҳ бўлган жаннат ёки жаҳаннам ҳовлиси.
Оллоҳ таоло инсонни жисм ва руҳдан таркиб топтирди ва ҳар уччала ҳовлининг аҳкомларини жисм ва руҳ билан боғлиқ қилди.
(Ал-баъс) Қайта тирилтириш
Иккинчи марта сур чалинганда инсонлар ялангоёқ, ялонғоч ва хатна қилинмаган ҳолларида тирилиб, маҳшар ерида йиғиладилар. Ҳар бир инсон қандай аҳволда ва қандай динда ўлган бўлса, шу ҳолида тирилтирилади.
“(Қиёмат соати келиб фаришта Исрофилнинг) сури чалиниши билан баногоҳ улар қабрларидан Парвардигорлари ҳузурига (ҳисоб-китоб учун) суғурилиб чиқурлар. Улар: «Эй бизларга ўлим бўлсин! Ким бизларни ётган жойимиздан (қабрларимиздан) турғазди?» деганларида, (уларга айтилур): «Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар рост сўзлаган нарса Қиёматдир».
“Сўнгра шак-шубҳасиз, сизлар (эй инсонлар), мана шундан (яъни яралиб, ҳаётга келганингиздан) кейин (ажалларингиз битгач) албатта вафот топгувчидирсизлар. Сўнгра шак-шубҳасиз, сизлар қиёмат кунида қайта тирилурсизлар”.
Қайта тирилтиришнинг кайфияти
“У шундай зотки, Ўз раҳматининг (яъни ёмғирнинг) олдидан хушхабар қилиб шамолларни юборур. Қачонки улар вазмин булутларни кўтариб келгач, Биз уни (булутни, чанқоқ) ўлик шаҳарга ёғдирурмиз. Бас, унга сув-ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида ҳар турли мевалар чиқарурмиз. Ўликларни ҳам (ўз жойларидан) мана шундай чиқарурмиз. Шояд эслатма-ибрат олсангизлар”. (Аъроф: 57).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Сурнинг ҳар иккала марта чалинишининг ўртасидаги миқдор қирқдур”, дедилар.
Саҳобалар сўрадилар:
— “Эй Абу Ҳурайра, қирқ кунми?”
— “Аниқ айтолмайман”.
— “Йўқса, қирқ ойми?”
— “Аниқ айтолмайман”.
— “Бўлмаса, қирқ йилми?”
— “Аниқ айтолмайман”, — деди Абу Ҳурайра”.
“Ундан кейин Оллоҳ таоло осмондан ёмғир ёғдиради, ўсимлик ўсиб чиққани каби инсонлар ҳам ўсиб чиқишади. Инсоннинг жасадидан фақатгина биргина “ажбуз-занаб” (деган думғазаси суягининг бир) суяги қолади, бошқа жойи чириб кетган бўлади, Оллоҳ таоло шу ажбуз-занабдан инсоннинг жасадини қайта тиклайди” (Муттафақун алайҳи).[6]
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Мен қиёмат кунида одам авлодининг саййидидирман, энг аввал менинг қабрим очилади ва энг аввал мен шафоат қиламан ва энг аввал мен шафоат қилинаман”. (Муслим тахриж қилган).[7]
Қиёмат куни кимлар ҳашр қилинади?
“(Эй Муҳаммад, сиз уларга) айтинг: «Албатта, аввалгилар ҳам, кейингилар ҳам маълум Кундаги белгиланган вақтга шак-шубҳасиз тўплангувчидирлар” (Воқеа: 49-50).
“Осмонлар ва ердаги бор жонзот (қиёмат кунида) Раҳмон (ҳузурига) бўйинсунган ҳолда келур. У зот уларни санаб-аниқлаб қўйгандир. Уларнинг барчаси қиёмат кунида ёлғиз ҳолда У зотнинг ҳузурига келгувчидир” (Марям: 93-95).
“Биз тоғларни (булутлар янглиғ) юргизадиган ва сиз (барчангиз) Ерни очиқ-яланғоч (тоғ-тошларсиз, боғ-роғларсиз) кўрадиган Кунни (яъни, Қиёматни эслангиз)! (У Кунда) Биз улардан биронтасини қўймай йиғдик” (Каҳф: 47).
Маҳшар ерининг сифати
“(Эй Муҳаммад), сиз ҳаргиз Оллоҳни Ўз пайғамбарларига берган («Биз, албатта, пайғамбарларимизни ғолиб қилурмиз», деган) ваъдасига хилоф қилувчи, деб ўйламанг. Албатта, Оллоҳ ғолибдир ва (у) Ер бошқа Ерга, осмонлар (ўзга осмонларга) айланиб қоладиган ҳамда (барча одамлар) ёлғиз ва қудратли Оллоҳга рўбарў бўладиган Кунда (Қиёматда) интиқом олгувчидир” (Иброҳим: 48).
Саҳл бин Саъд разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Қиёмат кунида одамлар олий навлик ундан қилинган кулчадек қизил аралаш оқ ранглик ерда жамланадилар, у кунда ер юзида, ундан олдин ҳаёт бўлгани асари бўлмайди” (Муттафақун алайҳи).[8]
Қиёмат кунида халойиқнинг
жамлаш кайфияти
Ҳашрнинг икки ҳолати бор:
1. Қабрларидан ялангоёқ, ялонғоч ва хатна қилинмаган ҳолда чиқиб, маҳшар ерида жамланадилар.
Оиша разияллоҳу анҳу дедилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Қиёмат кунида инсонлар қабрларидан ялангоёқ, ялонғоч ва хатна қилинмаган ҳолда чиқиб, маҳшар ерида жамланадилар”.
Мен дедим: “Эй Оллоҳнинг элчиси! Эркагу аёл биргаликда ялонғоч ҳолда чиқсалар, улар бир-бирларига қарамайдиларми?”
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Эй Оиша! У кун эркаклар ва аёллар бир-бирларига қарайдиган кун эмас! У кунда аҳвол оғир бўлади” (Муттафақун алайҳи).[9]
2. Маҳшар еридан жаннатга ва жаҳаннамга ҳашр қилинадилар.
“Биз тақводор зотларни отлиқ ҳолларида Раҳмон даргоҳига тўплайдиган ва жиноятчи-кофирларни жаҳаннамга тушишлари учун ҳайдайдиган кунни (эсланг)!” (Марям: 85-86).
“Оллоҳ кимни ҳидоят қилса, бас, ўша ҳидоят топгучидир. У зот кимни йўлдан оздирса, бас, улар учун Ундан ўзга дўст мададкорларни топа олмассиз, уларни Қиёмат кунида юзтубан ҳолларида кўр, соқов, кар қилиб тирилтирурмиз. Уларнинг борар жойлари жаҳаннамдир. Ҳар қачон (жаҳаннам ўти) сусайса, Биз уларга оловни ловуллатиб юборурмиз. Бу Бизнинг оятларимизга кофир бўлганлари ҳамда: «Суяк ва (чирик) мурдаларга айланган вақтимизда янгитдан яралиб қайта тирилурмизми?!» деганлари сабабли, уларга берилган жазодир” (Исро: 97-98).
“У сур чалинадиган кундир. У кунда Биз жиноятчи-кофир кимсаларни кўзлари кўк (яъни нурсиз, юзлари қаро) бўлган ҳолларида йиғурмиз” (Тоҳа: 102).
“Оллоҳнинг душманлари дўзахга (ҳайдалиш учун) тўпланиб, тизилиб турадиган Кунни (эсланг)! (Фуссилат, 19).
“(Эй фаришталар, сизлар) золим-кофир бўлган кимсалар ва уларнинг ҳамтовоқларини ҳамда улар Оллоҳни қўйиб ибодат қилиб ўтган нарсаларини тўплаб, дўзах йўлига бошланглар” (Соффат: 22-23).
Анас разияллоҳу анҳу дейдилар: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай деди: “Эй Оллоҳнинг элчиси! Қиёмат кунида кофирлар қандай юзтубан ҳолларида маҳшарга келадилар? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бу дунёда икки оёғида юргизган Зот қиёмат кунида юзтубан ҳолида юргиза олмайдими?!” (Муттафақун алайҳи).[10]
Оллоҳ таоло қиёмат кунида барча ҳайвонотларни қайта тирилтиради ва уларнинг ўртасида, шохлик ҳайвонлар шохсизларига, кучлик ҳайвонлар кучсизларига қилган зулмлари учун қасос олгандан сўнг, уларнинг ҳаммасини қайтадан тупроққа айлантиради.
“Ерда судралиб юрган ҳар бир жонивор, осмонда қанот қоқаётган ҳар бир қуш худди сизлар каби (Бизнинг қўл остимиздаги) жамоалардир. Китобда (яъни тақдири азал китобида) бирон нарсани қўймай (ёзганмиз). Кейин ҳаммалари Парвардигорлари даргоҳига тўпланурлар” (Анъом: 38).
Оллоҳ таолога йўлиқиш
Қиёмат кунида ҳар бир инсон Оллоҳ таолонинг ҳузурида туриб, қилган яхши ва ёмон амаллари учун ҳисоб беради.
“(Мўминлар Оллоҳга) рўбарў бўладиган кунда уларга (Оллоҳ томонидан йўлланадиган) салом тинчлик-омонлик тилаш бўлур. (Оллоҳ) улар учун улуғ мукофот (яъни жаннат) тайёрлаб қўйгандир” (Аҳзоб: 44).
“Хотинларингиз зироатгоҳингиздир. Бас, зироатгоҳингизга хоҳлаган ҳолатингизда яқинлашаверинг ва ўзингиз учун яхши амаллар тақдим қилинг! Оллоҳдан қўрқингиз ва билингизким, сизлар Унга рўбарў бўлгувчисиз. (Эй Муҳаммад) иймонли кишиларга (жаннат) хушхабарини етказинг!” (Бақара: 223).
“Эй инсон, албатта сен меҳнат-машаққат чекиб, Парвардигорингга (яъни Унинг мукофот ёки жазосига) боргувчисан, бас, (бу ҳаёти дунёдан ўтганингдан сўнг) У зотга йўлиққувчисан” (Иншиқоқ: 6).
Убада бин Сомит ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Кимки Оллоҳга йўлиқишни яхши кўрса, Оллоҳ ҳам унинг йўлиқишини яхши кўради, кимки Оллоҳга йўлиқишни ёмон кўрса, Оллоҳ ҳам унинг йўлиқишини ёмон кўради”. (Муттафақун алайҳи).[11]
[1] Бухорий (3329).
[2] Саҳиҳ ҳадис. Ҳоким (8639), Силсилатус-Саҳиҳа (1762).
[3] Бухорий (4935), Муслим (2955).
[4] Саҳиҳ ҳадис. Ҳоким (8676), Силсилатус-саҳиҳа (1078).
[5] Муслим (854).
[6] Бухорий (4935), Муслим (2955).
[7] Муслим (2278).
[8] Бухорий (6521), Муслим (2790).
[9] Бухорий (6527), Муслим (2859).
[10] Бухорий (4760), Муслим (2808).
[11] Бухорий (6507), Муслим (2683).