Full Description
- Кавсар ҳовузи
- Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳовузларининг сифати:
- Кавсар ҳовузидан кимлар қувилади?
- Сирот кўпригининг сифати
- Сирот кўпригидан энг аввал ким ўтади?
- Мўминларнинг сирот кўпригидан ўтгандан кейин ҳоли
- Шафоатнинг қисмлари:
- Бу шафоатларнинг икки шарти бор:
- Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи
ва салламнинг шафоатларини
талаб қилмоқ
Тавҳид ва иймон 13
«Мухтасар ал-фиқҳ ал-исламий» китобидан иқтибос
[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]
Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Тувайжирий
Таржимон: Абдуллоҳ Солиҳ Насафий
Муҳаррир: Абу Абдуллоҳ Шоший
2015 - 1436
التوحيد والإيمان 13
مقالة مقتبسة من كتاب مختصر الفقه الإسلامي
« باللغة الأوزبكية «
محمد بن إبراهيم التويجري
مترجم: عبد الله صالح النسفي
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
2015 - 1436
Кавсар ҳовузи
Оллоҳ таоло ҳар бир пайғамбар учун хос ҳовуз яратган, бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳовузи, ҳажмининг катталиги билан, сувининг мазалилиги билан ва ундан ичувчиларнинг кўплиги билан бошқа ҳовузлардан афзалдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳовузларининг сифати:
Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳу айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Менинг ҳовузимнинг катталиги, бир ойлик масофага тенг келади, унинг суви сутдан ҳам оқроқ, ҳиди мискдан ҳам хушбўйроқ ва идишлари осмондаги юлдузлар ададичадир, ундан ичса киши ҳеч қачон чанқамайди” (Муттафақун алайҳи).[1]
Ва бошқа ҳадисда шундай деганлар: “Унинг кенглиги узунлиги билан айнидир, “Айла” шаҳри билан “Аммон” шаҳрининг ўртасидаги масофага тенгдир. Суви сутдан ҳам оқроқ ва асалдан ҳам ширинроқдир” (Муслим тахриж қилган).[2]
(Мутаржимдан шарҳ: “Айла” шаҳри, Фаластиндаги эски шаҳар бўлиб, бугунги кунда бузилиб кетган бўлиб, эски ёдгорлик ерига айланиб қолган. Унинг жўғрофик жойи Қизил денгизига яқин ерда жойлашган).
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Менинг ҳовузимнинг кенглиги “Айла” шаҳри билан Ямандаги “Санъо” шаҳарининг ўртасидаги масофачаликдир. Ундаги қадаҳларнинг сони, осмондаги юлдузларнинг сони кабидир” (Муттафақун алайҳи).[3]
Кавсар ҳовузидан кимлар қувилади?
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Қиёмат кунида менинг ёнимга асҳобларимдан бир гуруҳи келади, (бу ҳадисда, асҳаблардан мурод: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари эмас! Балки, умматимиздан бир гуруҳ мусулмонлардир). Фаришталар уларни ҳовуздан тўсадилар, мен: “Эй Роббим! Улар менинг асҳабларимку?! дейман, шунда Оллоҳ таоло: “Улар сиздан кейин динга киритган янгиликларни сиз билмайсиз, улар сиздан сўнг орқаларига ўгирилиб кетдилар”, дейди (Муттафақун алайҳи).[4]
Сирот кўприги
Сирот: мусулмонлар унинг устидан жаннатга ўтадиган, жаҳаннам устида ўрнатилган кўприкдир.
Сирот кўпригидан кимлар ўтадилар?
Кофирлар ва мушрикларнинг ҳар бир фирқаси, ўзлари дунёда ибодат қилган санамлари билан жаҳаннамга киришади. Улардан кейин Оллоҳга ибодат қилганлар қоладилар, уларнинг ичида ташқи кўринишида мусулмонлар каби ибодат қилган мунофиқлари ҳам бўлади. Оллоҳ уларнинг ичидан мунофиқларини қуйидаги тарзда ажратади: Мусулмонларни сажда қилишга буюради, улар сажда қиладилар, аммо мунофиқлар у кунда сажда қилолмайдилар. Ва мўминларга нур берилади, мунофиқларда эса нур бўлмайди. Сўнгра мўминлар сирот кўпригидан ўтадилар. Сирот кўпригидан ўтиш ҳисоб-китоб қилингандан кейин бўлади.
“Сизлардан ҳар бирингиз унга тушгувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингиз (амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир. Сўнг тақводор бўлган зотларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз” (Марям: 71-72).
Сирот кўпригининг сифати
Абу Саид Ал-Худрий разияллоҳу анҳу сирот кўприги ҳақида ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “...... саҳобалар: “Эй Оллоҳнинг Расули! Жиср (жаҳаннамнинг устидаги кўприк) нимадир?” дея сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “У, оёқлар тоядиган сирпанчиқ нарсадир, унинг устида темирдан бўлган ўткир илгаклар бордир, мўминлар унинг устидан кўз очиб юмгунча, чақмоқ мисоли, шамолдек, қуш каби ва чопқир отлар тезлигида ўтадилар. Унинг устидан саломат ўтиб, нажот топадиганлар бор, илгакларга илиниб, зўрға ўтадиганлар бор ва илгаклардан ўтолмасдан жаҳаннамга қулайдиганлар ҳам бордир” (Муттафақун алайҳи).[5]
Сирот кўпригидан энг аввал ким ўтади?
Сирот кўпригидан энг аввал пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг умматлари ўтади. Сирот кўпригидан фақатгина мўминлар ўтади, уларнинг нурлари иймонларига ва қилган солиҳ амалларига яраша берилади. Қиёмат кунида омонат ва қариндош-уруғчилик алоқаси сирот кўпригининг икки тарафига қўйилади, улар омонатдор кишиларни ва қариндош-уруғчиликни узмаган кишиларни кўприкдан саломат ўтишга ёрдам беради. У кунда барча пайғамбарларнинг дуоси: “Эй Оллоҳ! Саломат сақлагин. Эй Оллоҳ! Саломат сақлагин”дан иборат бўлади.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Жаҳаннамнинг устида сирот кўприги қурилади, унинг устидан энг аввал мен ва менинг умматим ўтади. У кунда фақат расулларгина гапиради. У кунда расулларнинг дуоси: “Эй Оллоҳ, саломат сақлагин, эй Оллоҳ, саломат сақлагин”дан иборат бўлади” (Муттафақун алайҳи).[6]
Мўминларнинг сирот кўпригидан ўтгандан кейин ҳоли
Абу Саид Ал-Худрий разияллоҳу анҳу дейдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Мўминлар Сирот кўпригидан ўтиб, жаҳаннамдан қутулганларидан кейин, жаннат билан жаҳаннамнинг ўртасида ҳаёти дунёда ўзаро бўлган зулмлари сабабли бир-бирларидан қасос олиш учун ушлаб қолинадилар. Улар бир-бирларидан ҳақларини олганларидан кейин жаннатга киришга изн берилади. Муҳаммаднинг руҳи қўлида бўлган зотга қасамки, мўминлар жаннатдаги манзилларини дунёдаги манзилларидан кўра яхшироқ танийдилар” (Бухорий тахриж қилган).[7]
Шафоат
Шафоат: бошқадан ёрдам талаб қилмоқ.
Шафоатнинг қисмлари:
Шафоат икки қисм бўлади:
1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга хос шафоат. Бу ҳам ўз навбатида бир неча қисмга тақсимланади:
— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатларининг энг буюги, маҳшар майдонида бутун инсониятнинг устидан ҳисоб-китобни бошлаш учун қилган умумий шафоатларидир. Бу шафоат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Роббиси тарафидан берилган буюк мақомдир;
— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларидан жаннатга ҳисоб-китобсиз кирадиган етмиш минг аҳли жаннатни шафоат қилиб киритадилар. Оллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Эй Муҳаммад! Умматингиздан жаннатга ҳисоб-китобсиз кирадиганларини жаннатнинг ўнг эшигидан киргизинг”, дейди (Юқорида зикри ўтди);
— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларидан гуноҳлари билан савоблари баробар бўлиб, жаннат билан жаҳаннамнинг ўртасида туриб қолган кишиларни шафоат қилиб, жаннатга киргизадилар;
— Аҳли жаннат жаннатга кирганидан кейин, уларнинг жаннатдаги даражаларини кўтариш учун шафоат қиладилар;
— Амакилари Абу Толибнинг жаҳаннамдаги азобини енгиллаштириш учун шафоат қиладилар;
— Барча мўминларнинг жаннатга киришга изн берилиши учун шафоат қиладилар.
2. Барча пайғамбарлар, фаришталар ва мўминларга берилган умумий шафоат. Бу шафоат, гуноҳларининг кўплиги сабабли жаҳаннамга кирганларни ва киришга ҳақли бўлганларни шафоат қилишдир.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ҳар бир пайғамбарнинг сўзсиз ижобат бўладиган бир дуоси бордир. Пайғамбарларнинг ҳаммаси шу дуоларини бу дунёда сўраб олгандирлар, мен эса шу мустажоб дуомни қиёмат кунида умматимни шафоат қилиш учун қолдирдим. Менинг умматимдан ким Оллоҳга ширк келтирмаган ҳолда дунёдан ўтса, бу дуом унга етгусидир” (Муттафақун алайҳи).[8]
Оллоҳ таоло “Нажм” сурасида фаришталар ҳақида шундай дейди:
“Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам бирон фойда бермас, магар Оллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлган кишилар учун (шафоатга) изн берганидан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегур)” (Нажм: 26).
Абу Дардо разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Шаҳидга ўз аҳли байтидан етмиш кишини шафоат қилишга изн берилур” (Абу Довуд тахриж қилган).[9]
Бу шафоатларнинг икки шарти бор:
1. Оллоҳ таоло изн бериши керак, ушбу оятда келгани каби:
“Оллоҳдан ўзга ҳеч қандай маъбуд йўқ. Фақат Унинг Ўзи бордир. У тирик ва абадий тургувчидир. Уни на мудроқ, на уйқу олади. Осмонлари ва ердаги бор нарсалар Унингдир. Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг изнисиз оқлай олмайди. У уларнинг (барча одамларнинг) олдиларидаги ва орқаларидаги бор нарсани билади. Ва улар У зотнинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар. Унинг курсиси осмонлар ва ердан кенгдир. Ва уни осмонлар ва ерни ҳифзу ҳимоятда сақлаб туриш қийнамайди. У энг юксак ва буюкдир” (Бақара: 255).
2. Нажм сурасида келганидек, Оллоҳ таоло шафоат қиладиган ва шафоат қилинадиган кишидан рози бўлмоғи керак:
“Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам бирон фойда бермас, магар Оллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлган кишилар учун (шафоатга) изн берганидан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегур)” (Нажм: 26).
* Кофирлар шафоат қилинмайди, улар жаҳаннамда абадий қоладилар. Агар фаразан уларни бирор киши шафоат қилган тақдирда ҳам, уларнинг шафоати ҳеч қачон қабул бўлмайди.
“Энди оқловчиларнинг оқлови уларга фойда бермас!” (Муддассир: 48).
И з о ҳ. Яъни Қиёмат Кунида ҳаёти-дунёдан кофир бўлиб ўтган кимсалар ўзлари учун бирон оқловчи топа олмаслар ва агар фаразан Ер юзидаги барча одамлар уларни оқлаган тақдирда ҳам бу оқлов уларга фойда бермас! Юқоридаги оятларда кофирлар топадиган оқибат зикр қилинди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи
ва салламнинг шафоатларини
талаб қилмоқ
Кимки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатларини истаса, уни Оллоҳ таолодан ушбу шаклда сўрамоғи лозим: “Эй Оллоҳ! Пайғамбарингни шафоатини менга насиб қилгин”.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатларига лойиқ қиладиган амалларни қилмоқ лозимдир. Ибодатни ихлос билан қилиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтиш ва у кишига қиёмат кунидаги олий мақомни сўраш каби.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Қиёмат кунида менинг шафоатим билан энг саодатли бўладиган киши: Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир, деб чин қалбдан айтган кишидир” (Бухорий тахриж қилган).[10]