Full Description
- Охират ҳовлиси
- Энг аввал жаннатга кирадиган киши
- Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган уммат
- Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган гуруҳ
- Жаннат аҳлининг ёши
- Аҳли жаннат юзларининг сифати
- Жаннат аҳлини қандай кутиб оладилар?
- Кимлар жаннатга ҳисобсиз ва азобсиз киради?
- Жаннатнинг ери ва бинолари
- Жаннатнинг чодирлари
- Жаннатнинг бозори
- Жаннат қасрлари
- Жаннат аҳлининг тўшаклари
- Жаннат аҳлининг гиламлари ва ёстиқлари
- Жаннат аҳлининг суянадиган курсилари (деванлари)
- Жаннат аҳлининг сўрилари
- Жаннат аҳлининг идишлари
- Жаннат аҳлининг либослари ва зийнатлари
- Жаннатда энг аввал либос кийинтириладиган инсон
- Жаннат аҳлига қилинадиган хизматлар
- Жаннат аҳли жаннатда энг аввал ейдиган таом
- Жаннат аҳлининг таоми
Тавҳид ва иймон 15
«Мухтасар ал-фиқҳ ал-исламий» китобидан иқтибос
التوحيد والإيمان 15
مقالة مقتبسة من كتاب مختصر الفقه الإسلامي
> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <
Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Тувайжирий
محمد بن إبراهيم التويجري
Таржимон: Абдуллоҳ Солиҳ Насафий
Муҳаррир: Абу Абдуллоҳ Шоший
ترجمة: عبد الله صالح النسفي
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
Охират ҳовлиси
Энг аввал жаннатга кирадиган киши
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Мен қиёмат куни жаннатнинг эшигига келиб, очилишини сўрайман, жаннат посбони Хозин: “Кимсиз?” деб сўрайди. Мен: “Муҳаммад”, деб жавоб бераман. Хозин: “Энг аввал сизгагина (жаннат эшигини) очишга буюрилдим, сиздан аввал ҳеч кимга очмайман”, дейди (Муслим тахриж қилган).[1]
Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган уммат
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Биз дунё аҳлининг ичида энг ахирги умматмиз, қиёмат кунида энг аввал ҳисоб-китоб қилинамиз ва жаннатга энг аввал кирамиз” (Муттафақун алайҳи).[2]
Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган гуруҳ
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Жаннатга энг аввал кирадиган гуруҳ, бадр (14-куннинг) кечасидаги тўлин ой суратида кирадилар, улардан кейинги гуруҳлар, осмондаги дурдан бўлган энг ёрқин юлдузлар суратида кирадилар, улар бавл қилмайдилар, ахлат ҳам чиқармайдилар, тупурмайдилар ва бурунларини ҳам қоқмайдилар, уларнинг тароқлари олтиндан ва жисмларидан чиқадиган терлари мискдир. Чўғлари жуда ширин ҳидлик увд таналаридан ва жуфти ҳалоллари жаннатнинг ҳур қизларидандир. Уларнинг яратилишлари бир хилда, оталари Одам алайҳиссаломнинг суратида, олтмиш зироъ узунликда бўладилар” (Муттафақун алайҳи).[3]
Саҳл бин Саъд разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Менинг умматимдан етмиш минг ёки етти юз минг киши бир-бирини мустаҳкам тутган ҳолда жаннатга киради, уларнинг охирлари жаннатга кирмагунича аввали кирмайди, (яъни ҳаммалари бирга киришади) уларнинг юзлари бадр кечасидаги тўлин ой суратида бўлади” (Муттафақун алайҳи).[4]
Абдуллоҳ бин Амр разияллоҳу анҳу дейдилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Муҳожирларнинг фақирлари, бойларидан қирқ йил олдин жаннатга кирадилар[5] (Муслим тахриж қилган).[6]
Жаннат аҳлининг ёши
Муоз бин Жабал разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Жаннат аҳли жаннатга ялонғоч, саққолсиз ва кўзларига сурма қўйилган ҳолда, ўттиз ёки ўттиз уч ёшда кирадилар” (Имом Аҳмад ва Термизий тахриж қилган).[7]
Аҳли жаннат юзларининг сифати
“Шак-шубҳасиз яхшилар (яъни мўминлар жаннат) неъматларидадирлар. Улар сўриларда (Оллоҳ таоло ўзларига ато этган неъматларга) боқиб (ўтирурлар). Сиз уларнинг юзларида неъматларнинг жилвасини танирсиз — кўрурсиз” (Мутоффифун: 22-24).
“У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб тургувчидир” (Қиёмат: 22-23).
И з о ҳ. Дарҳақиқат, аҳли жаннат учун Парвардигорнинг дийдорига етишдан суюклироқ бирон нарса йўқдир. Шунинг учун ҳам Яратганга боқар эканлар, уларнинг юзлари янада яшнаб, мунаввар бўлиши табиий ҳолдир. Саҳиҳул-Бухорийда ворид бўлган мана бу ҳадиси шариф ҳам мазкур ояти карима мазмунини таъкидлайди: «Албатта сизлар яқинда Парвардигорингизни худди мана шу тўлин ойни кўриб турганингиздек очиқ-аён кўрурсизлар».
“Улар учун бирон таом бўлмас, (уларнинг емишлари) фақат (еган кимсани) семиртирмайдиган ва очликдан халос қилмайдиган зарийъдан (заҳарли ва бадбўй тикансимон ўсимлик) бўлур! (Мўминларнинг) юзлари эса у Кунда (ўзларига ато этилган ноз неъматлардан) шод-хуррам; (Ҳаёти-дунёда Оллоҳ йўлида қилган) саъй-ҳаракатларидан рози бўлур. (Улар) олий жаннат бўлур” (Ғошия: 8-10).
“У Кунда (мўминларнинг) юзлари ёруғ, кулгувчи ва ҳуррам бўлур” (Абаса: 38-39).
“Юзлари оқ бўлган зотлар эса Оллоҳнинг раҳмати (жаннати)да бўлиб, ўша жойда абадий қолажаклар” (Оли Имрон: 107).
“Бас, Оллоҳ уларни ўша Куннинг ёмонлигидан сақлади ва улар(нинг юзлари)га жилва-нур, (дилларига) сурур бахш этди” (Инсон: 11).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Энг аввал жаннатга кирадиган гуруҳ, бадр кечасидаги тўлин ойдек бўлади, улардан кейинги гуруҳлар, осмондаги дурдан бўлган энг ёрқин юлдузлар суратида кирадилар, уларнинг қалблари бир хил бўлиб, бир-бирларига нисбатан адовот ва ҳасад бўлмайди” (Муттафақун алайҳи).[8]
Жаннат аҳлини қандай кутиб оладилар?
“Парвардигорларидан қўрққан зотлар эса тўп-тўп ҳолда жаннатга «йўлланадилар». То қачон улар дарвозалари очилган ҳолдаги (жаннатга) келиб етганларида ва унинг қўриқчилари; «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз», деганларида (улар беҳад шодланурлар)” (Зумар: 73).
“Парвардигорларининг Юзини кўзлаб (меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилиб намозларини тўкис адо этган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қилган ҳамда ёмонликни яхшилик билан қайтарадиган зотлар — ана ўшалар учун охират диёри бордирки, (у диёр) абадий туриладиган жаннатлар бўлиб, улар у жойларга, ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат бўлган солиҳ бандалар билан бирга кирурлар. Сўнг уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб (дерлар): “(Оллоҳ йўлида меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу жаннатларда) сизларга тинчлик-осойишталик бўлгай. Бу охират диёри нақадар яхши!” (Раъд: 22-24).
“Уларни буюк даҳшат (яъни қиёмат) маҳзун қилмас. Фаришталар уларни: «Мана шу сизларга ваъда қилинган кундир», деб кутиб олурлар” (Анбиё: 103).
Кимлар жаннатга ҳисобсиз ва азобсиз киради?
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Менга ўтган умматлар кўрсатилди, баъзи пайғамбарлар билан умматлари ўтди, баъзилари билан умматдан кичикроқ бир нафар қавм ўтди, баъзилари билан ўн киши, баъзилари билан беш киши ўтди ва баъзи пайғамбарлар ёлғиз ўзларигина ўтдилар. Тўсатдан кўзим катта қорага (яъни қавмга) тушди, Жибрийлга: “Эй Жибрийл! Улар менинг умматимми?” дедим, Жибрийл: “Йўқ, сиз у тарафга уфқга қаранг”, деди, мен қарадим ва катта қавмни кўрдим. Жибрийл: “Ана улар сизнинг умматингиздир, уларнинг орасида ҳисоб-китобсиз ва азобсиз жаннатга кирадиган етмиш минг киши бордир”, деди. Мен: “Нима учун улар ҳисобсиз ва азобсиз жаннатга кирадилар?” десам, Жибрийл: “Улар дунёда ўзларини ўт билан куйдириб даволамас эдилар, ўзларига руқия ўқиб дам солишни ҳам талаб қилмас эдилар ва ҳеч нарсадан шумланмас ва фақат Роббиларигагина таваккул қилар эдилар”, деди (Мутафақун алайҳи).[9]
Абу Умома разияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганларини эшитдим: “Роббим субҳонаҳ, менинг умматимдан етмиш мингтасини ҳисобсиз ва азобсиз жаннатга киргизишни ваъда қилди, етмиш мингтанинг ҳар мингининг ёнида, яна етмиш мингтадан киши киради, ундан ташқари Роббим азза ва жалланинг ҳовучида уч ҳовуч (мўминлар) жаннатга киритилади” (Термизий ва Ибн Можа тахриж қилган).[10]
Жаннатнинг ери ва бинолари
Анас разияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Меърож воқеасини сўйлаганларида шундай дедилар: “... ундан сўнг Жибрийл алайҳиссалом мен билан то "Сидротул-мунтаҳо"га боргунча баробар давом этди. Кейин мени нималигини билмаганим ранглар ўраб олди, ундан кейин мени жаннатга киргиздилар, жаннатдаги гулларнинг очилмаган куртаклари марвариддан эди. Жаннат ерининг тупроғи эса, мушк-анбардан эди” (Муттафақун алайҳи).[11]
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу дедилар: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан “Эй Оллоҳнинг Расули! Жаннат нимадан қурилган?” деб сўрадик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жаннат биносининг бир ғишти кумушдан бўлса, бир ғишти олтиндандир. Ғиштларининг орасидаги лойи ўткир ҳидлик мушк-анбардандир. Ундаги майда тошлар марварид ва ёқутдан ва унинг тупроғи заъфарондандир. Ким жаннатга кирса, неъматда бўлади, қийинчилик кўрмайди, ўлмасдан абадий қолади, кийимлари эскирмайди ва йигитлиги аримайди” (Термизий ва Доримий тахриж қилган).[12]
Абу Саид разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Ибн Саййод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жаннатнинг тупроғи нимадан эканини сўрайди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ранги ун каби оқ, ҳиди эса тоза мушк-анбар кабидир” (Муслим тахриж қилган).[13]
Жаннатнинг чодирлари
“(Улар) чодирларда асралган ҳурлардир” (Раҳмон: 72).
Абдуллоҳ бин Қайс разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ҳар бир мўмин учун жаннатда марвариддан бўлган, узунлиги олтмиш чақримлик чодир бор. Унинг ичида мўминнинг бир қанча жуфти ҳалоллари бўлади, (чодир шу даражада каттаки) мўмин киши жуфти ҳалолларининг бири билан мулоқотда бўлганида бошқаси уларни кўрмайди” (Муттафақун алайҳи).[14]
Жаннатнинг бозори
Анас бин Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Жаннатда аҳли жаннат учун бозор бўлиб, улар ҳар жума шу бозорга борганларида шимол тарафидан шабада эсиб, уларнинг юзларига ва кийимларига жаннат чангларидан учирганда, уларнинг ҳусни жамоллари янада зиёда бўлади ва улар аҳлларига янада гўзалроқ суратда қайтадилар, аҳллари уларга: “Сизлар ҳусни жамолда янада зиёда бўлиб қайтибсизлар”, дейдилар Улар ҳам аҳлларига: “Сизлар ҳам биз қайтгунча янада зиёда гўзаллашибсизлар”, дейдилар (Муслим тахриж қилган).[15]
Жаннат қасрлари
“Оллоҳ мўмин, мўминаларга остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатлар ва жаннат боғларидаги покиза масканларни ваъда қилди. Оллоҳнинг розилиги эса ҳамма нарсадан улуғроқдир. Мана шу ҳақиқий буюк бахтдир” (Тавба: 72).
Аҳли жаннатнинг қасрлари бири-биридан афзалдир.
“У жойда қачон қарасангиз ноз-неъматларни ва катта мулку давлатни кўрурсиз” (Инсон: 20).
Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Жаннат аҳли ўзларидан юқори мартабадаги қасрлар аҳлларини кўрадилар, сизлар дунёда машриқдан чиқиб, мағрибга кетаётган, дурдан бўлган юлдузни кўрганингиздек, бу уларнинг ўртасидаги бир-бирларидан афзалликлари сабабликдир”.
Саҳобалар сўрадилар: “Эй Оллоҳнинг Расули! У қасрлар, ҳеч ким ета олмайдиган пайғамбарларнинг мартабасими?”
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Йўқ, руҳим қўлида бўлган зотга қасамки, улар Оллоҳга иймон келтириб, пайғамбарларни тасдиқ қилган кишилардир” (Муттафақун алайҳи).[16]
Жаннат ғурфа (қаср)ларининг сифати
“Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни албатта жаннатда остидан дарёлар оқиб турадиган жойларга жойлаштирурмиз. Улар ўша жойларда мангу қолурлар. (Яхши) амалларни қилгувчи зотларнинг ажри-мукофоти нақадар яхшидир!” (Анкабут: 58).
“Лекин Парвардигорларидан қўрққан зотлар учун (жаннатда) устма-уст қурилган хоналар бўлиб, уларнинг остидан дарёлар оқиб турар. (Бу) Оллоҳнинг ваъдасидир! Оллоҳ ваъдасига хилоф қилмас” (Зумар: 20).
Али разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Жаннатда шундай бир қасрлар борки, уларнинг ташқариси ичидан, ичи эса ташқари тарафидан кўриниб туради”, шунда бир аъробий туриб деди: “У қасрлар кимлар учун эй Оллоҳнинг Расули?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “У қасрлар, яхши сўзларни сўйлаганлар, таом едирганлар, давомли рўза тутганлар ва одамлар ухлаганда кечаси намоз ўқиганлар учундир” (Имом Аҳмад ва Термизий тахриж қилган).[17]
Жаннат аҳлининг тўшаклари
“(Аҳли жаннат) астарлари шойидан бўлган кўрпачалар устида ястанган ҳолларида (ўлтирурлар)” (Раҳмон: 54).
Жаннат аҳлининг гиламлари ва ёстиқлари
“(Жаннатда) Тизиб қўйилган ёстиқлар. Ва тўшалган гиламлар бордир” (Ғошия: 15-16).
“(Жаннат аҳли у жаннатларда) яшил болишлар ва гўзал гиламлар устида ястанган ҳолларида (ўлтирурлар)” (Раҳмон: 76).
Жаннат аҳлининг суянадиган курсилари (деванлари)
“Шак-шубҳасиз яхшилар (яъни мўминлар жаннат) неъматларидадирлар. Улар сўриларда (Оллоҳ таоло ўзларига ато этган неъматларга) боқиб (ўтирурлар)” (Мутоффифун: 22-23).
“Улар у жойда сўриларга ястанган ҳолларида ўтирурлар. Улар у жойда қуёш(нинг қизиғи)ни ҳам, замҳарир (қишнинг совуғи)ни ҳам кўрмаслар” (Инсон: 13).
“Шак-шубҳасиз жаннат эгалари бу Кунда ўзлари истаган (орзу қилган) иш(лари) билан шод-хуррам бўлгувчидирлар. Улар ўз жуфтлари билан бирга барча соя-салқин жойлардаги сўриларда ястаниб ўтирурлар” (Ёсин: 55-56).
Жаннат аҳлининг сўрилари
“Биз (жаннатлардаги) сўриларда дўст-биродар бўлиб, бир-бирларига рўбарў ўтирган зотларнинг дилларидаги ҳар қандай гина-кудуратларни чиқариб ташладик” (Ҳижр: 47).
“(Уларга): «Сизлар қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли қатор тизилган сўрилар устида ястанган ҳолларингизда кўнгилдагидек еб-ичинглар», (дейилур) ва Биз уларга шаҳло кўзларни жуфти ҳалол қилиб бердик” (Тур: 20).
“(Улар олтиндан) тўқилган сўриларда ястанган ҳолларида бир-бирларига рўбарў бўлиб (ўлтирурлар)” (Воқеа: 15-16).
“У жойда баланд сўрилар ва (булоқ буйига) қўйиб қўйилган қадаҳлар. Тизиб қўйилган ёстиқлар. Ва тўшалган гиламлар бордир” (Ғошия: 13-16).
Жаннат аҳлининг идишлари
“Устларида эса мангу ёш (яъни ҳеч қаримайдиган) болалар оқар чашмадан (майли) қадаҳларни, кўзаларни ва косаларни айлантириб турурлар” (Воқеа: 17-18).
“Уларга олтиндан бўлган лаганлар(да таомлар) ва қадаҳлар(да шароблар) айлантирилур. У жойда кўнгиллар тилайдиган ва кўзлар лаззатланадиган (барча) нарса бордир. Сизлар у жойда мангу қолурсизлар” (Зухруф: 71).
“Уларга кумуш идишлар(да таомлар) ва ўзи кумушдан (ясалган бўлса-да нафислигидан) шиша-шиша бўлиб кетган қадаҳлар(да шароблар) айлантирилиб турилур. (У шаробларни соқийлар ҳар кимнинг эҳтиёжига яраша) ўлчаб-белгилаб қўйгандирлар” (Инсон: 15-16).
Абдуллоҳ бин Қайс разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Икки жаннат ва уларнинг ичидаги идишлари ва барча нарсалари кумушдандир, ва яна икки жаннат, ичидаги идишлари ва қолган барча нарсалари олтиндандир. Жаннат аҳлини Роббиларига қарашдан тўсадиган нарса, Роб таолонинг важҳидаги Кибриё ридосидир” (Муттафақун алайҳи).[18]
Жаннат аҳлининг либослари ва зийнатлари
“Албатта Оллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилур. Улар у жойда олтиндан бўлган билакузуклар ва марварид-маржонлар билан безанурлар, либослари эса ҳарир-ипак бўлур” (Ҳаж: 23).
“Улар учун остларидан дарёлар оқиб турадиган абадий жаннатлар бор бўлиб, улар у жойда олтиндан бўлган билакузуклар билан безанурлар ва ипак-шойилардан бўлган, яшнаб турувчи либослар кийиб, сўриларда ястаниб ўтирурлар. Нақадар яхши мукофот у, нақадар гўзал жой у!” (Каҳф: 31).
“Уларнинг устларида яшил ипак ва шойи либослар бўлиб, улар кумуш билакузуклар билан безангандирлар ва Парвардигорлари уларни ниҳоятда покиза шароб-ла суғоргандир” (Инсон: 21).
Жаннатда энг аввал либос кийинтириладиган инсон
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “... Қиёмат кунида энг аввал либос кийдириладиган инсон Иброҳим Халилдир” (Бухорий тахриж қилган).[19]
Жаннат аҳлига қилинадиган хизматлар
“Устларида эса мангу ёш (яъни ҳеч қаримайдиган) болалар оқар чашмадан (майли) қадаҳларни, кўзаларни ва косаларни айлантириб турурлар” (Инсон: 17-18).
“Уларнинг устида мангу ёш (яъни ҳеч қаримайдиган) болалар (хизмат қилиб) айланиб турурларки, уларни кўрган вақтингизда (гўзалликлари, рангларининг тиниқлиги ва юзларининг нурлилигидан) сочиб юборилган марваридларми, деб ўйларсиз” (Инсон: 19).
“Уларнинг устида гўё (садаф ичида) яширинган гавҳардек (покиза ва хушсурат) ғуломлари айланиб (хизматга ҳозир бўлиб) турур” (Тур: 24).
Жаннат аҳли жаннатда энг аввал ейдиган таом
Анас бин Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Абдуллоҳ бин Салом разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Жаннат аҳли энг аввал ейдиган таом нима?” сўраганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Жаннат аҳли энг аввал ейдиган таом, балиқнинг жигаридир” (Бухорий тахриж қилган).[20]
Савбон разияллоҳу анҳу дейдилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида турган эдим, яҳудийларнинг олимларидан бири келди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Сирот кўпригидан энг аввал ўтадиганлар кимлар?” дея сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Муҳожирларнинг фақирлари ўтадилар”, дедилар. Яҳудий: “Жаннатга кирганларида, уларга қилинадиган илк тортиқ нима?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Балиқнинг жигаридир”, дедилар. Яҳудий: “Балиқнинг жигаридан кейинги озуқалари нима?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Улар учун жаннат боғларининг атрофидан озуқаланиб юрган, жаннат ҳўкизларидан сўйилади, дедилар. Яҳудий: “Улар ичадиган ичимлик нима?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннатда "Салсабил" деб номланган булоқдан ичадилар”, дедилар (Муслим тахриж қилган).[21]
Жаннат аҳлининг таоми
“Сизлар жуфти ҳалолларингиз билан бирга шод-ҳуррам бўлган ҳолларингизда жаннатга кирингиз!» Уларга олтиндан бўлган лаганлар(да таомлар) ва қадаҳлар(да шароблар) айлантирилур. У жойда кўнгиллар тилайдиган ва кўзлар лаззатланадиган (барча) нарса бордир. Сизлар у жойда мангу қолурсизлар” (Зухруф: 70-71).
“Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (будир): унинг остидан дарёлар оқур, мевалари ва соялари боқийдир. Бу тақво-парҳез билан ўтган зотларнинг оқибати келажагидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир” (Раъд: 35).
“Яна ўзлари танлаб оладиган мева-чева ҳамда иштаҳалари тортган қуш гўштлари ҳам (айлантириб турилур)” (Воқеа: 20-21).
“(Жаннат аҳлига) «Ўтган кунларда (яъни ҳаёти дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) пок билиб еб-ичаверинглар», (дейилур)” (Ал-Ҳааққо: 24).
Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Қиёмат куни ер сизлар сафар учун кулча пиширганингиз каби бир дона кулчага айланади. Раҳмон ерни Ўз қўли билан жаннат аҳли учун шу ҳолатга (кулча ҳолатига) келтиради”. Яҳудийлардан бири келиб: “... Жаннат аҳлининг таоми ҳақида хабар берайми?” деди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, хабар бер”, дедилар. Яҳудий: Жаннат аҳлининг таоми “балам” ва “нун”, деди, саҳобалар: “Улар нима?” дея сўрадилар. Яҳудий: “Ҳўкиз ва балиқнинг жигаридир, ундан етмиш минг киши ейди”, деди (Муттафақун алайҳи).[22]
Жобир разияллоҳу анҳу дедилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Жаннат аҳли жаннатда ейдилар ва ичадилар, лекин тупурмайдилар, бавл қилмайдилар, катта ахлат чиқармайдилар ва бурниларини ҳам қоқмайдилар”. Саҳобалар: “Унда, еган таомлари нима бўлади?” дедилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Еган таомлари нафаслари ва терлари билан мискнинг ҳиди каби чиқади, бу дунёда машаққатсиз нафас олганларидек, жаннатда ҳам машаққатсиз тасбеҳ ва ҳамд айтишга илҳомлантириладилар” (Муслим тахриж қилган).[23]
Утба бин Абдус-Саламий разияллоҳу анҳу дедилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтирган эдим, бир аъробий келиб деди: “Эй Оллоҳнинг Расули! Жаннатдаги "Толҳ" дарахти ҳақида гапирганингизни эшитаман, мен бу дунёда "Толҳ" дарахтидан ҳам кўра тикани кўпроқ дарахтни билмайман”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳ таоло у дарахтнинг ҳар бир тиканларининг ўрнига ахта қилинган семиз кийикнинг катталигидек мева яратади, у меваларнинг ҳар бирида, бирининг тами иккинчисига ўхшамайдиган етмиш хил таом бўлади” (Табороний тахриж қилган).[24]
[1] Муслим (197).
[2] Бухорий (876), Муслим (855).
[3] Бухорий (3328), Муслим (2834).
[4] Бухорий (6543), Муслим (219).
[5] (мутаржимдан шарҳ: "Туҳфатул-аҳвазий"да шундай дейди: бу ҳадисда фақирлар бойлардан қирқ йил олдин киради дейилди, бошқа ҳадисда беш юз йил олдин киради дейилган, икки хил маънодаги ҳадисни қандай жамлаб тушунамиз? Жавоб: дунёга ҳарис бўла туриб, бойликга эришолмаган фақирлар, дунёга ҳарис бўлмаган бойлардан қирқ йил олдин киради, дунёга ҳарис бўлмаган зоҳид фақирлар, бойликга ҳарис бўлган бойлардан беш юз йил олдин киради. Валлоҳу аълам)
[6] Муслим (2979).
[7] Ҳасан ҳадис. Аҳмад (7920), Термизий (2545).
[8] Бухорий (3254), Муслим (2834).
[9] Бухорий (6541), Муслим (220).
[10] Саҳиҳ ҳадис. Термизий (2437), Ибн Можа (4286).
[11] Бухорий (3342), Муслим (163).
[12] Саҳиҳ ҳадис. Термизий (2526), Доримий (163).
[13] Муслим (2928).
[14] Бухорий (4879), Муслим (2838).
[15] Муслим (2833).
[16] Бухорий (3256), Муслим (2831).
[17] Ҳасан ҳадис. Аҳмад (1338), Термизий (1984).
[18] Бухорий (7444), Муслим (180).
[19] Бухорий (6526).
[20] Бухорий (3329).
[21] Муслим (315).
[22] Бухорий (6520), Муслим (2792).
[23] Муслим (2835).
[24] Саҳиҳ ҳадис. Табороний "Кабир" китобида тахриж қилган (7/130).