Full Description
- «(Мушриклар Аллоҳни) қўйиб дуо илтижо қилаётган бутлари (Қиёмат Кунида бирон кишини) шафоат қилиш-га эга бўла олмас, магар ўзлари билган ҳолларида ҳақ гувоҳлик берган (яъни, «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина бор эканлигига гувоҳлик бераман» деган) кишиларгина (Аллоҳнинг изни-иродаси билан шафоат қилишга қодир бўлурлар)»[3].
- «Алиф, Лом, Мим. Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки, Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас, (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («Иймон келтирдик» деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур»[12].
- «Сўнгра (яъни, Қиёмат келиб, азоб нозил бўлгач), пайғамбарларимиз ва иймон келтирган зотларга нажот берурмиз. Шундай қилиб, (охир-оқибатда) иймон келтирган зотларга нажот бериш Бизнинг зиммамиздаги бурч бўлди»[16].
Тавҳид калимасининг шартлари
Абдурраззоқ ибн Абдулмуҳсин
ал-Бадр
Мутаржим: Абу Жаъфар Бухорий
Муҳаррир: Абу Абдуллоҳ Шоший
شروط كلمة التوحيد
(باللغة الأوزبكية)
عبد الرزاق بن عبد المحسن البدر
ترجمة: أبو جعفر البخاري
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
Ушбу рисола шайх Абдурраззоқ ибн Абдулмуҳсин ал-Бадрнинг “Тавҳид калимасининг фазилатлари, далолатлари, шартлари ва уни бузувчи нарсалар” китобидан таржима қилинган.
Қуръон оятларининг ўзбекча таржимаси шайх Алоуддин Мансурнинг таржимасидан олинган.
«Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг шартлари
Биз юқорида тавҳид калимаси — «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ)нинг фазилатлари: унинг калималарнинг энг афзали, яхшиси ва буюги экани, уни талаффуз қилиш биланоқ бу дунёю, у дунёда улкан савоблар, буюк фазилатлар ва фойдалар мева қилиб берилиши, бироқ ҳар бир мусулмон бу калима уни тилга олган кишидан талаффуз қилиши биланоқ қабул қилинмаслиги, балки унинг ҳаққи ва фарзини адо этиб, Қуръону суннатда ворид бўлган шартларини бажо келтирсагина қабул қилинишини айтиб ўтдик.
Ҳар бир мусулмон яхши биладики, Аллоҳ таолога яқин бўлиш учун адо этилаётган барча ибодатлар ўз шартлари билангина мақбул бўлади. Масалан, намоз ўзининг шартлари билангина қабул қилинади. Ҳаж ҳам худди шундай. Бутун ибодатлар Қуръону суннатда баён қилинган муайян шартлари бажо келтирилсагина қабул бўлади. «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимаси ҳам худди шундайдир. У ҳам банда унинг Қуръону суннатда баён қилинган шартларини бажо келтирмаса, (Аллоҳ тарафидан) қабул қилинмайди.
Солиҳ аждодларимиз «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг шартла-рига аҳамият бериш ва уларни лозим тутиш фарз бўлиб, бу шартлар бажо келтирилмаса, унинг қабул қилинмаслигига ишора қилиб ўтганлар. Шу қавллардан бири Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг ушбу гапидир: «Одамлар: «Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ» деса, жаннатга киради», дейдилар. (Аслида), ким: «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб унинг ҳаққи ва фарзларини адо этса жаннатга киради».
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ рафиқасини дафн қилаётган Фарздаққа қарата: «Бу кун учун қандай тайёргарлик кўрдинг?», деди. Фараздақ: «Етмиш йилдан буён «Ла илаҳа иллаллоҳ» гувоҳлигини!», деб жавоб берди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ эса: «Қандай яхши тайёргарлик! Бироқ, «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг шартлари бор. Сен покдомон аёлларга (зино билан) туҳмат қилмагин!», деди.
«Жаннатнинг калити «Ла илаҳа иллаллоҳ» эмасми?», деб савол берилганида Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимаҳуллоҳ: «Тўғри, лекин унинг икки тиши бор. Тишлари бўлган калитни олиб келсанг (қулф) сенга очилади, бўлмаса очилмайди», деб “тишлар” билан «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг шартларига ишора қилди. Илм аҳлларининг Қуръон ва суннат матнлари устида олиб борган изланишлари оқибатида «Ла илаҳа иллаллоҳ» еттита шарт билангина амалга ошишиши аниқ бўлди. У шартлар:
1 — Тавҳид калимаси маъносининг жаҳолат (билмаслик)-га зид, инкор ва исботдан иборат эканини билишдир.
2 — Шак ва шубҳага зид ишонч.
3 — Ширк ва риёга зид ихлос.
4 — Ёлғонга зид ростгўйлик.
5 — Нафрат ва ёмон кўришга зид муҳаббат.
6 — Тарк қилиш (воз кечишга) зид бўйсуниш.
7 — Рад этишга зид қабул қилиш.
Айрим олимлар бу етти шартни битта байтда тўплаб шундай дедилар:
Билиш, ишонч, ихлос, муҳаббат,
Ростгўйлик, қабул ва сўнг итоат.
Бу шартлардан мақсад нима эканини билиш учун уларнинг ҳар бири олдида Қуръону суннатдаги далиллари билан бир оз тўхтаб ўтайлик [Бунинг кенгроқ шарҳлари учун Ҳофиз Ҳикамий раҳимаҳуллоҳнинг «Маъаарижул қабул» китобига қаранг: 1/377 ва ундан кейинги бетлар)].
v Биринчи шарт: «Ла илаҳа иллаллоҳ»дан мақсад қилинган маънолар жаҳолатга зид, инкор ва исбот эканини билиш.
Бу дегани, «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган одам «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимаси Аллоҳ таолодан бошқа ҳар қандай махлуққа қилинган барча ибодат турларини инкор этиш ва у ибодатларни Аллоҳ таолога исбот этиш эканини билиши демакдир. Инчунун, Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:
﴿ إِيَّاكَ نَعْبُدُ وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ ﴾
«Биз Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз!»[1]. Яъни: Эй Раббимиз, биз Сенгагина ибодат қилиб, Сендан бошқасига ибодат қилмаймиз. Сендангина ёрдам сўраб, Сендан бошқасидан ёрдам сўрамаймиз.
Аллоҳ таоло айтди:
﴿ فَاعْلَمْ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ ﴾
«Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ эканини билинг!»[2];
﴿ إِلَّا مَنْ شَهِدَ بِالْحَقِّ وَهُمْ يَعْلَمُونَ ﴾
«(Мушриклар Аллоҳни) қўйиб дуо илтижо қилаётган бутлари (Қиёмат Кунида бирон кишини) шафоат қилиш-га эга бўла олмас, магар ўзлари билган ҳолларида ҳақ гувоҳлик берган (яъни, «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина бор эканлигига гувоҳлик бераман» деган) кишиларгина (Аллоҳнинг изни-иродаси билан шафоат қилишга қодир бўлурлар)»[3].
Муфассирлар «ўзлари билган ҳолларида ҳақ гувоҳлик берган» жумласини: «Унга тиллари ва қалблари билан гувоҳ бўлган кимсалар», дея тафсир қилдилар.
Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ушбу ҳадиси келтирилган:
(( مَنْ مَاتَ وَهُوَ يَعْلَمُ أَنَّهُ لاَ إِلٰهَ إِلاَّ الله دَخَلَ الْجَنَّةَ ))
«Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ эканини билган ҳолда вафот этган одам жаннатга киради»[4]. Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва саллам илм-билишни шарт қилдилар.
v Иккинчи шарт: шак ва шубҳага зид ишонч
Яъни, «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасини айтган одам, унга шак ва шубҳага ўрин қўймайдиган даражада ишониши керак. «Ишонч» — илм камолоти ва тугаллигидир. Аллоҳ таоло мўминларни тавсифлар экан:
﴿ إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ آمَنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ ثُمَّ لَمْ يَرْتَابُوا وَجَاهَدُوا بِأَمْوَالِهِمْ وَأَنْفُسِهِمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ أُولَئِكَ هُمُ الصَّادِقُونَ ﴾
«Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳ ва Унинг пайғам-барига иймон келтириб, сўнгра (ҳеч қандай) шак-шубҳа қилмаган ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида кураш-ган зотлардир. Ана ўшаларгина (ўз иймонларида) содиқ бўлган зотлардир»,[5] деди.
«(Ҳеч қандай) шак-шубҳа қилмаганлар»: аниқ ишонди-лар ва шубҳа қилмадилар.
Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадислари ривоят қилинган:
(( أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَأَنِّي رَسُولُ اللهِ ، لَا يَلْقَى اللهَ بِهِمَا عَبْدٌ غَيْرَ شَاكٍّ فَيهِما إلّا دَخَلَ الْجَنَّة ))
«Банда “Мен Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва (Муҳам-мад) Аллоҳнинг элчиси эканига гувоҳлик бераман” жумласи билан Аллоҳга шубҳа қилмай йўлиқар экан, Аллоҳ уни жаннатга киритади»[6].
Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадислари ҳам ривоят қилинган:
(( مَنْ لَقِيتَ مِنْ وَرَاء هَذَا الْحَائِطِ يَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاّ اللهُ مُسْتَيْقِنا بِهَا قَلْبُهُ فَبَشّرْهُ بِالْجَنّةِ ))
«Шу деворнинг ортида «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ» эканига чин юракдан гувоҳлик берган кимсани учрат-санг, унга жаннатдан мужда бер!»[7]. Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва саллам аниқ ишонишни шарт қилдилар.
v Учинчи шарт: ширк ва риёкорликка зид бўлган ихлос
Бу амални зоҳирий ва хуфёна аралашмалардан тозалаш билан бўлади. Бу эса, бутун ибодатларда ниятни ёлғиз Аллоҳ таолога холис қилиш билангина амалга ошади. Аллоҳ таоло айтди:
﴿ أَلَا لِلَّهِ الدِّينُ الْخَالِصُ ﴾
«Билингки, холис дин Аллоҳ учундир»[8];
﴿ وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ ﴾
«Улар Аллоҳга динни холис қилиб ибодат қилиш учун буюрилдилар»[9].
«Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абу Ҳурайрардан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтди-лар:
(( أَسْعَدُ النَّاسِ بِشَفَاعَتِي يَوْمَ القِيَامَةِ، مَنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ، خَالِصًا مِنْ قَلْبِهِ ))
«Шафоатим билан энг бахтиёр бўлган одам — чин кўнглидан «Ла илаҳа иллаллоҳ», деган одамдир»[10]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ихлосни шарт қилдилар.
v Тўртинчи шарт: ёлғонга зид ростгўйлик
Яъни, банда тавҳид калимасини чин қалбдан айтиши керак. Ростгўйлик — қалбнинг тилга устунлигидир. Шу боис Аллоҳ таоло мунофиқларни қоралар экан шундай деган:
﴿ إِذَا جَاءَكَ الْمُنَافِقُونَ قَالُوا نَشْهَدُ إِنَّكَ لَرَسُولُ اللَّهِ وَاللَّهُ يَعْلَمُ إِنَّكَ لَرَسُولُهُ وَاللَّهُ يَشْهَدُ إِنَّ الْمُنَافِقِينَ لَكَاذِبُونَ ﴾
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қачон мунофиқлар сизнинг олдингизга келсалар: «Гувоҳлик берамизки, сиз шак-шубҳасиз Аллоҳнинг пайғамбари-дирсиз», дерлар. Аллоҳ, дарҳақиқат, сиз Ўзининг пай-ғамбари эканлигингизни билур, яна Аллоҳ у мунофиқ-ларнинг шак-шубҳасиз ёлғончи эканликларига ҳам гувоҳлик берур»[11]. Аллоҳ уларни «ёлғончилик» билан тавсифлади. Чунки оғизларидан чиққан гаплар уларнинг дилларида йўқ эди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло яна шундай деди:
﴿ الم أَحَسِبَ النَّاسُ أَنْ يُتْرَكُوا أَنْ يَقُولُوا آمَنَّا وَهُمْ لَا يُفْتَنُونَ وَلَقَدْ فَتَنَّا الَّذِينَ مِنْ قَبْلِهِمْ فَلَيَعْلَمَنَّ اللَّهُ الَّذِينَ صَدَقُوا وَلَيَعْلَمَنَّ الْكَاذِبِينَ ﴾
«Алиф, Лом, Мим. Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки, Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас, (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («Иймон келтирдик» деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур»[12].
Икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадислари нақл қилинган:
(( مَا مِنْ أَحَدٍ يَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ صِدْقًا مِنْ قَلْبِهِ ، إِلَّا حَرَّمَهُ اللهُ عَلَى النَّارِ ))
«Аллоҳ чин юракдан «Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳам-мадур расулуллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир) дея гувоҳлик берган ҳар бир бандани жаҳаннамга ҳаром қилди»[13]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ростгўйликни шарт қилдилар.
v Бешинчи шарт: нафрат ва ёқтирмасликка зид муҳаббат
Бу тавҳид калимасини айтган одамнинг Аллоҳ ва Расулини, Ислом динини ҳамда Аллоҳнинг амрларини У зот чизган чизиқдан чиқмасдан бажо келтираётган мусулмон-ларни суюш, «Ла илаҳа иллаллоҳ»га мухолиф бўлган ва уни бузадиган ширк ва куфр амалларни қилаётган кимсалардан нафрат этиш билан амалга ошади.
Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти иймонга муҳаббатни шарт қилишга далолат қилади:
﴿ وَمِنَ النَّاسِ مَنْ يَتَّخِذُ مِنْ دُونِ اللهِ أَنْدَادًا يُحِبُّونَهُمْ كَحُبِّ اللهِ وَالَّذِينَ آمَنُوا أَشَدُّ حُبًّا لِلَّهِ ﴾
«Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни Аллоҳни севган-дек севадилар. Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари қаттиқроқдир»[14].
Ҳадисда эса шундай дейилган:
(( أَوْثَقُ عُرَى الْإِيمَانِ الْحُبُ فِي اللهِ ، وَالْبُغْضُ فِي اللهِ ))
«Иймон арқонларининг энг мустаҳками — Аллоҳ йўлида суюш ва Аллоҳ йўлида нафрат этишдир»[15].
v Олтинчи шарт: рад қилишга зид бўлган қабул
Тавҳид калимасини чин кўнгил ва тил билан қабул қилиш шарт. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ўтмишда бу калимани қабул қилганларни қандай қутқаргани, уни рад этиб, қабул қилмаганлардан қандай интиқом олиб, уларни қандай ҳалокатга учратганининг даракларини берди:
﴿ ثُمَّ نُنَجِّي رُسُلَنَا وَالَّذِينَ آمَنُوا كَذَلِكَ حَقًّا عَلَيْنَا نُنْجِ الْمُؤْمِنِينَ ﴾
«Сўнгра (яъни, Қиёмат келиб, азоб нозил бўлгач), пайғамбарларимиз ва иймон келтирган зотларга нажот берурмиз. Шундай қилиб, (охир-оқибатда) иймон келтирган зотларга нажот бериш Бизнинг зиммамиздаги бурч бўлди»[16].
Аллоҳ таоло мушриклар ҳақида шундай деди:
﴿ إِنَّهُمْ كَانُوا إِذَا قِيلَ لَهُمْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ يَسْتَكْبِرُونَ وَيَقُولُونَ أَئِنَّا لَتَارِكُو آلِهَتِنَا لِشَاعِرٍ مَجْنُونٍ ﴾
«Чунки улар ўзларича: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина бордир», дейилган вақтда кибр-ҳаво қилган эдилар. Ва улар «Ҳали бизлар бир мажнун шоирни деб худоларимизни тарк қилар эканмизми?», дер эдилар»[17].
v Еттинчи шарт: тарк қилиш (воз кечишга) зид бўлган итоат (бўйинсуниш)
Чунки «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган одам, Аллоҳнинг шариати ва ҳикматига бўйинсуниши, юзини Аллоҳга таслим қилиши керак. Шундагина у «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни маҳкам ушлаган бўлади. Шу боис Аллоҳ таоло:
﴿ وَمَنْ يُسْلِمْ وَجْهَهُ إِلَى اللَّهِ وَهُوَ مُحْسِنٌ فَقَدِ اسْتَمْسَكَ بِالْعُرْوَةِ الْوُثْقَى ﴾
«Ким чиройли амал қилгувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, бас, у мустаҳкам ҳалқани ушлаб-ди»[18], деган. Яъни, ким «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни маҳкам ушласа. Аллоҳ таоло Ўзининг шариатига бўйинсунишни шарт қилди. Бу эса, юзни Аллоҳга таслим қилиш билан бўлади.
«Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг шартлари мана шулардир. Унинг шартлари, бу калимани санаб ўтириш ёки ёдлашдан-гина иборат эмас. Қанча-қанча оми одамлар борки: Уни сана-чи?, дейилса яхши санай олмайди. Яхши ёд билган одамлар эса, унинг маъноларини тушунмай, ўқдек тез талаффуз қиладилар ва уни бузадиган ишларни қиладилар. Аслида эса, «Ла илаҳа иллаллоҳ»га садоқатли аҳл, тавҳид калимасига лойиқ одам бўлиш учун, уни англаб, амал қилиш керак. Бунга муваффақ қилувчи ва мададкор — Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Шу боис, Аллоҳ таолодан бизни тавҳид калимасини рўёбга чиқаришга муваффақ айлашини тилай-миз. Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамду санолар бўлсин!
[1] Фотиҳа: 5.
[2] Муҳаммад: 19.
[3] Зухруф: 86.
[4] Имом Муслим, ҳадис № 26.
[5] Ҳужурот: 15.
[6] Имом Муслим, ҳадис № 27.
[7] Имом Муслим, ҳадис № 31.
[8] Зумар: 3.
[9] Баййина: 3.
[10] Имом Бухорий, ҳадис № 99.
[11] Мунофиқун: 1.
[12] Зумар: 3.
[13] Имом Бухорий, ҳадис № 128, Имом Муслим, ҳадис № 32.
[14] Бақара: 165.
[15] Имом Аҳмад «Муснад» 4/286. Бу ҳадисни Шайх Албоний «ас-Саҳиҳаҳ»да ҳасан деган, ҳадис № 1728.
[16] Юнус: 103.
[17] Соффат: 35 – 36.
[18] Луқмон: 22.