Бу материал ... таржима қилинган
Full Description
"Ла илаҳа иллоллоҳ" калимасининг тафсири
﴿ معنى لا إله إلا الله ﴾
[Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي]
АБДУЛҚАЮМ АБДУЛҒАФФАРХОН ЎҒЛИ
Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий
2011 - 1432
﴿ معنى لا إله إلا الله ﴾
« باللغة الأوزبكية »
عبد القيوم بن عبد الغفار خان
مراجعة: شمس الدين درغامي
2011 - 1432
بسم الله الرحمن الرحيم
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Бизларни дунёдаги энг улуғ неъмат Ислом неъмати билан сийлаган, бандаларидан Ўзи хоҳлаганини тўғри йўлга бошловчи, улардан истаганини залолат сари йўллайдиган, коинотдаги бор нарсани етук ҳикмат ила яратган, барча ибодатга ҳақли зот бешерик Оллоҳ жалла жалалуҳга ҳамду санолар бўлсин!
Умматини тўғри йўлга бошлаб, Оллоҳ тарафидан инган бор ҳақиқатни халойиқга рўй рост етказган пайғамбарлар сардори ва сўнггиси ҳабибимиз Муҳаммад алайҳиссаломга, у зотнинг завжалари мўминлар оналарига, оила аъзоларию саҳобаларига Оллоҳнинг чексиз саломи ва дурудлари бўлсин!
Ислом оламидаги энг забардаст уламолар етишиб чиққан юртимиз бошини XX- асрда Ислом ўлкаларини қоплаган қора булут четлаб ўтмади. Қолаверса, ленинчилар булути ўта қора ва даҳшатли эди. Мустамлакачи қўлига қарам миллатимиз динидан, эътиқодидан, исломий одоб ахлоқидан узоқлаштирилди. Мустамлака миллат аждодларини кўкка кўтарган араб алифбосидан ётлаштирилди. Ўлганни устига тепгандек ҳарфлар бир эмас, бир неча бор ўзгартирилди.
Мазлум халқни ўз диний адабиётларидан узоқлатиш, араб ҳарфида битилган барча китоблар кулини кўкка совуриш бирламчи сиёсати бўлган комунистик ҳукумат остида мусулмон миллатимиз аждодлари қолдирган меросларини мутолаа қилишдан мосуво бўлдилар. Миллатнинг саводлилари, бойлари, эшону муллалари сибирияга сургун қилиндилар ёки ҳижратни ихтиёр этдилар.
Орадан етмиш саксон йил ўтар ўтмас ҳолат тубдан ўзгарди. Дунёнинг тенг ярмига эга бўлиб, қўл остидаги давлатларни зир титратган совет иттифоқи қулади. Бу билан Ислом динининг душмани тугамади, лекин мусулмон халқга ўз дини билан яқиндан танишиш фурсати етди. Шундай экан, ҳозирги кунда ҳар бир мусулмон ўз динини пухта ўрганиши, ўрганган ва билган илмларига амал қилиши зарур бўлган вақт келди. Турли баҳоналарни рўкач қилиб, номига мусулмонман деб юрадиган давр ортда қолди.
Диндаги барча амаллар султони, жаннат калити, мусулмонни кофирдан ажратувчи калимаи шаҳодат маъносини тушуниб, у улуғ калима асосида ҳаёт кечириб, ана шундай улуғ калимани айтган ҳолда Оллоҳ ҳузурига кўчиш ҳар бир мўмин мусулмонни энг олий вазифаси ва бурчидир. Шунга қарамасдан, мустақилликдан кейин ҳам таассуфлар бўлсинки, кўпчилик ҳамзабонларимиз ёзиш ва ўқишни билсада, ҳар бир жон учун сув ва ҳаводан-да зарур бўлган: "Ла илаҳа иллоллоҳ, Муҳаммадур росулуллоҳ", иймон ва шаҳодат калимасининг ҳақиқий маъно ва тақозосидан йироқ ҳолда умр ўтказмоқдалар.
Аҳли суннат валжамоат уламолари эътиқодида калимаи шаҳодатнинг маъносини тушуниб, унга сидқи дилдан ишониб, иқрор этиб, тилда талаффуз қилиб, Оллоҳга бирор нарса ёки кимсани шерик қилмаган мусулмон албатта жаннатга киради. Айнан шу Исломнинг биринчи рукнини халқимизга тушунтиришда ҳисса қўшиш, ажру савобга шерик бўлиш умидида қўлингиздаги ушбу рисолани тақдим этишга азм этдик.
Парвардигоро! Ушбу арзимас амалимизни Ўз даргоҳингда қабул айлагин. "Ла илаҳа иллоллоҳ, Муҳаммадан Росулулуллоҳ" шаҳодат калимасининг маъносини ўқиб, уқиб, унга амал қилган ҳолда Ўзинга йўлиқишимизни насиб қилгин.. Амин!
Шаҳодат калимасининг маъноси
"Шаҳодат"- калимасининг луғавий маъноси: бирор нарса ҳақида хабар бериб, унинг тўғрилиги ва ҳақиқатда собитлигини эътиқод қилишдир.
"Шаҳодат" калимасининг шаръий маъноси: эътироф қилиш, тасдиқ этиш, гувоҳлик бериш, тан олиш ва барча ибодатга ҳақли зот ягона Оллоҳдир- деб, эътиқод қилиш ва иқрор бўлишларни ўз ичига олади.
Калима-и шаҳодат дилида маҳкам ўрнашиб, уни тилида талаффуз қилган ҳар бир банда яратувчиси Оллоҳ таолонинг улуғлигини эътироф этган бўлади. Натижада у ёлғиз Оллоҳга эгилади ва бўйинсунади. Оллоҳга бўлган муҳаббати ва таъзимини ибодатлари ила изҳор этади. Зеро шаҳодат калимаси ҳар бир банданинг ҳақиқий бандачилигини намоён қилувчи шиордир. Ибодатлар холис бўлиши учун шаҳодат калимасининг маъносини пухта ўрганмоқ шарт. Бинобарин шаҳодат калимасининг маъносини билмоқ ва англамоқ ҳар-бир мусулмонга фарздир.
Калима-и шаҳодат тану жонга нур бағишлайди. У орқали инсон юксакликка интилади. Буюк ва Юксак бўлган ягона Парвардигорига боғланади. Меҳрибон ва раҳмли зот – Оллоҳга яқин бўлганидан руҳан ором топади. Сиғинишга ҳақли зот ягона Оллоҳ эканини англаб етади. Тоат–ибодат ва амалларнинг Оллоҳ наздида мақбуллиги пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис салом суннатига эргашиш оркали амалга ошишига ишонч ҳосил қилади, иймон келтиради.
Шаҳодат калимасининг таъсирини танасида ҳис этган ҳар бир нафс, Оллоҳ буйруғига, пайғамбар кўрсатмасига биноан ҳаракат қила бошлайди.
Бу умматнинг салафи солиҳлари бўлмиш саҳобалар ва уларга яхшиликда маслакдош бўлган тобеъинлар иймон ҳаловатини ҳақиқатда тотган ва топган эдилар. Салафи солиҳларимизни нафслари шаҳодат калимаси ила нурга тўлиб, ҳаётларида иймоний инқилоб ясаганди. Улар яшашдан мақсад нималигини, ҳақ Таолога қандай сиғиниш лозимлигини англаб етган эдилар. Шаҳодат калимаси ҳар бир шахс учун нақадар муҳимлигини тушунган саҳобаи киромлар Ислом динининг ер юзида тарқалиши йўлида бел боғладилар. Иймон, ислом, амал ва тақво калимаси бўлмиш "Ла илаҳа иллоллоҳ"ни олий қилиш ва одамларга уни етказиш йўлида молу жонларини сафарбар этдилар.
Салафларнинг бу йўлда иқтидо қилган имомлари "Ла илаҳа иллоллоҳ" шаҳодат калимасига бор вужудини бағишлаган зот пайғамбарлар хотами Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам эдилар.
Шаҳодат калимасининг руҳий таъсирини Оллоҳ таоло ушбу калима ила азизу мукаррам қилган ҳар бир киши, албатта ҳис этади.
Шаҳодат калимаси тилидан тушмаган ва унинг маъносини билган мусулмон, ушбу зикри орқали нафсини ширкдан поклайди. Кунлик одатга айланган калимаи шаҳодат калбни поклайди ва иймонни сайқаллайди. Натижада бу қалб соҳиби Парвардигорига пок-покиза ҳолда тўлиқ таслим бўлади. Шу боисдан, бу улуғ калиманинг маъно ва мазмунини тўлиқ билмоқ ва англамоқ ҳар мусулмонга ҳам фарз, ҳам қарздир.
Дарвоқе, пайғамбарлар билан қавмлари орасидаги тўқнашув ва қаршиликлар сабаби: "Ла илаҳа иллоллоҳ" калимасини тақозосига зид амал қилганликлари, ширк келтирганлари эди. Шу жумладан сўнгги Пайғамбар Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг аслзодалигини беш қўлдай билган, уни "Омонатдор" деб таниган энг яқин қариндошлари қарши чиқдилар. Ла илаҳа иллоллоҳ шаҳодат калимасини айтишдан бош тортдилар. Очиқчасига бизлар ота-боболаримиз одатини ташламаймиз, сенинг динингга кирмаймиз, дедилар. Дарҳақиқат, араблар фасоҳатлилари бўлмиш қурайшликлар ҳозирда кўпчилик мусулмонлар маъносини англаб етмаган "Ла илаҳа иллоллоҳ иллоллоҳ, Муҳаммадун Росулулуллоҳ" шаҳодат калимасининг маъносини яхши тушунардилар. Калимаи шаходатни айтиш ота-боболари сиғиниб келган бут ва санамларга сиғинмасликни, Аллохга бирон нарса ёки кимсани шерик килмасликни тақозо этишини яхши билардилар. Зотан Қурайш шарҳга мужтож бўлмаган фасоҳатли араб қабилаларидан бири эди.
Алқисса, шаҳодат калимасини айтган киши ёлғиз Оллоҳга сиғиниши шартлиги, У зотга ибодатнинг барча турида бирон нарса ёки кимсани шерик қилмаслиги вожиблигини яхши билган Макка мушриклари бу калимани айтишдан бош тортганлар. Уларни куфр жарига ҳавои нафсларига бўйинсуниш, ота-боболаримиз сиғиниб келган бут ва санамлар ибодатини тарк этмаймиз, деган ўжарликлари дўзах жарига қулатди. Шуни эслатиш жоизки, Макка мушриклари ҳам Оллоҳнинг бирлигини, ягона яратувчи Зот эканини тан олганлар. Бошларига бирон мусибат тушадиганда ёлғиз Оллоҳга ёлворишар, илтижо қилишар, роҳат фароғотда эса У зотга бут ва санамларни ширк келтиришарди. Замонамиздаги мушриклар эса ғамлигу шодликда Оллоҳга ширк келтирмоқдалар..
Ана шундай таҳликали, оғир дамларда Макка аҳли ичида Оллоҳ тавфиқ бериб, ҳақни ботилдан ажрата олган, ҳақиқатни ҳавои нафсидан устун билган зотлар калимаи шаҳодатни айтиб, мусулмон бўлдилар. Макка аҳлидан шаҳодат калимасини ҳеч иккиланмасдан баралла айтган саҳобалар бошида ёши улуглардан Абу Бакр сиддиқ розиёллоҳу анҳу, ёшлардан Али розиёллоҳу анҳу ва аёллардан Ҳадича розиёллоҳу анҳо эди.
Муборак ва улуғ "Ла илаҳа иллоллоҳ" шаҳодат калимасида Оллоҳ жалла жалалуҳ башарият ақли идрок қилишдан ожиз бу чексиз коинотнинг ягона тадбиркори эканини исбот қилгувчи юксак ҳақоиқ ва олий маънолар мужассамдир.
Мушоҳада этиб турганингиз кун сайин турли ҳодиса ва воқеалар содир бўлаётган, янгидан-янги илмий кашфиётлар юзага чиқаётган бу чексиз коинотга: доим тирик, ибодатга ҳақли, айни вақтда яратувчи ва барча ишларни тадбир қилувчи, жамики нарсаларни илми билан иҳота қилган, ҳеч бир нарса унга махфий бўлмаган, доно, меҳрибон, айбу-камчиликдан пок, исмлари муқаддас, ундан ўзга ҳеч қандай сиғинишга ҳақли илоҳ ва тангри бўлмаган, бандалардан бутунлай беҳожат, айни чоғда унга одамларнинг ибодати фойда бермаганидек, уларнинг маъсиятлари ҳам зарар етказа олмайдиган ва уни диллар суйиб, улуғлаб, унга хорлигини изҳор этиб, эгилиб, ундан қўрқиб ва умид қилиб ҳамда унгагина таваккул қилиб сиғинадиган Илоҳ бўлиши шарт. Ана шу сифатларга эга ягона илоҳ бешерик Оллоҳдир.
"Ла илаҳа иллоллоҳ" (لا اله إلا الله) шаҳодат калимасининг маъно ва тушунчаси
Калимаи шаҳодат - тавҳид калимаси, ўта юксак ва улуғ маъноларни ўз ичига олган улуғ калимадир. Шу боис, "Ла илаҳа иллоллоҳ" шаҳодат калимасига амал қилиш учун, бу калима ўз ичига олган маъноларни яхши тушуниш шарт.
Шаҳодат калимасининг маъносини ҳар бир мусулмон яхши тушунмоғи ва унга амал қилмоғи шартлиги Қуръони каримнинг Бақара, Оли Имрон, Нисо, Анъом, Тавба, Юнус, Ҳуд, Раъд, Иброҳим, Наҳл, Тоҳа, Анбиё, Мўминун ва Намл сураларининг ўттиздан ортиқ оятида зикр қилиниб, мазкур сураларда Оллоҳ таоло Ўзининг ибодатга ҳақли ёлғиз Илоҳ эканлигини исботлайди. Жумладан Бақара сурасида: {Оллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ. Фақат Унинг Ўзи бордир. У тирик ва абадий тургувчидир}-деб хабар беради..(Бақара 255).
Тоҳа сурасида: {Оллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ. Фақат Унинг Ўзи бордир. Унинг гузал исмлари бордир}-дейди Оллоҳ таоло.(Тоҳа 8). Муҳаммад сурасида: {Бас, (эй Муҳаммад), ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Оллоҳгина бор эканлигини билинг ва гуноҳингиз учун ҳамда мўмин-мўминалар (нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!}-дея ибодатга ҳақли зот ёлғиз Оллоҳ эканлиги таъкидланади.(Муҳаммад 19).
Мазкур ояти карималар тафсиридан келиб чиққан ҳолда уламоларимиз: "Ла илаҳа иллоллоҳ"ни маъносида: "Ибодатга ҳақли ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Оллоҳгина бордир", деганлар. Уламоларимизнинг мазкур таърифи турли миллат ва элатларнинг "худо" деб сиғинишаётган илоҳлари ибодатга ҳақли бўлмаган ботил нарсалар эканлигини ифодалайди. Ҳар бир мусулмон шуни яхши тушуниб, билмоғи керакки: "Ла илаҳа иллоллоҳ" калимасидан кўзланган ягона мақсад: ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишдир. Зеро, ўтмиш тарихда ўтган ҳамма миллат ва элатлар бутун коинотни яратган ягона Аллоҳ деб тан олганлар. Аммо тавҳид бобида тойган миллат ва элатлар ибодат бобида Аллоҳга турли нарса ва кимсаларни "илоҳ", санаб ширк келтирганлар. Шунинг учун юқорида зикр этилган оятларда ибодат ва сиғинишга ҳақли илоҳ, бутун коинотни яратган бешерик Аллоҳ эканлиги бот-бот такрорланади.
* * *
Илоҳ - калимасининг луғавий маъноси
اله - Илоҳ: калимасининг луғавий маъноси; Маъбуддир.
Шаръий маъноси; барча ибодатга ҳақли, Уни қалблар суйиб ва улуғлаб сиғинадиган ягона Оллоҳ, демоқдир.
Барча ибодат ва сиғинишга ҳақли Худо - улуҳият сифатлари тақозо этган рубубият сифатлари билан сифатланган зот бўлиши, айни чоғда У зот сифатлари махлуқотларидан биронтаси эришолмайдиган сифати камоллар бўлиши шарт. Чунки "Илоҳ" сифатлари башарият тасаввуридан мутлоқо юксак, улуғ зот бўлмиш Оллоҳнинг улуғлиги ва юксаклигига лойиқ сифатлардир. Ана шу сифатларга эга зот ёлғиз Оллоҳдир. Шунинг учун Оллоҳ таоло барча ибодатга ҳақли Илоҳ ҳисобланади.
الله – Оллоҳ лафзи ёлғиз ибодатга ҳақли зот Оллоҳ жалла-жалолуҳ учун исми аълам, яъни хос исм ҳисобланади. Шу боис, Оллоҳ лафзи билан Парвардигордан ўзга бирон махлуқ номланмайди.
Барча ибодатларга ҳақли зот, бешерик ёлғиз Оллоҳ экани Қуръони – каримнинг талайгина оятларида таъкидланган. Жумладан Анбиё сурасида қуйидагича таъкидланади.: «(Эй Муҳаммад), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Менгина бордирман, бас, Менгагина ибодат қилинглар!- деб ваҳий юборгандирмиз».(Анбиё25). Анъом сурасида Оллоҳ таола айтди: «Мана шу Оллоҳ Парвардигорингиздир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ. Магар Унинг Ўзи бордир. У ҳамма нарсани яратгувчидир. Бас, Унга бандалик қилингиз! У ҳамма нарсанинг устидаги вакил – муҳофаза қилгувчидир». (Анъом 102).
Дарҳақиқат, Оллоҳ таоло ягона "Илоҳ"-дир. Оллоҳ таолонинг барча ибодатга ҳақли ягона Илоҳ эканлигига Одам болаларининг барчасидан аҳду паймон олинган эди. Ана шу аҳду паймонни охирги умматга эслатиб Оллоҳ таоло Аъроф сурасида қуйидагича хабар беради: «Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан зурриётларини олиб: "Мен Парвардигорингиз эмасми?" деб, ўзларига қарши гувоҳ қилганида, улар: "Ҳақиқитан Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз", деганларини эсланг! (Сизлар бундай гувоҳлик – аҳду-паймонни олишимиз) қиёмат кунида: "Бизлар бундан бехабар эдик", демасликларингиз учундир».(Аъроф 172).
Демак, инсоннинг фитрати-табиий хилқати ёлғиз Оллоҳ таолога сиғинишни тақозо этади. Бинобарин соғлом фитрат соҳиби қалбига Оллоҳдан ўзга "худо"ларга ибодат қилиш ҳечам сиғмайди. Чунки соғлом фитрат, Оллоҳдан ўзгаларга ибодат қилишни мутлоқо рад этади. Оллоҳ таоло айтади: «Бас, (эй Муҳаммад), ўзингизни доимо тўғри бўлган динда тутинг! Оллоҳ инсонларни яратган табиий хилқатни сақлангиз! Оллоҳнинг яратиши ўзгартирилмас. Энг тўғри дин мана шудир. Лекин кўп одамлар билмаслар».(Рум 30).
Шунингдек, яратиш, ризқ ато этиш, коинот ишларини тадбир этиш каби Рубубият сифатларида Оллоҳ таолога бирон шерик йўқлиги жуда кўп оятларда таъкидланади. Жумладан Оллоҳ азза ва жалла Зухруф сурасида: «(Эй Муҳаммад, қасамки, агар сиз улардан: "Осмонлар ва Ерни ким яратган?" деб сўрасангиз, албатта: "Уларни қудратли ва доно (Оллоҳ) яратган", дерлар». (Зухруф 9). Айнан шу суранинг охирида бундай хабар беради: «(Эй Муҳаммад), қасамки, агар сиз улардан ўзларини ким яратгани ҳақида сўрасангиз, албатта улар: "Оллоҳ", дерлар. Бас, (Ўша яратувчига ибодат қилмасдан) қаёққа бурилиб кетмоқдалар?!». (Зухруф 87).
* * *