Full Description
Шаҳодат калимасининг
асос ва шартлари
﴿أصول وشروط لا إله إلا الله﴾
[Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي]
АБДУЛҚАЮМ АБДУЛҒАФФАРХОН ЎҒЛИ
Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий
2011 - 1432
﴿أصول وشروط لا إله إلا الله﴾
« باللغة الأوزبكية »
عبد القيوم بن عبد الغفار خان
مراجعة: شمس الدين درغامي
2011 - 1432
بسم الله الرحمن الرحيم
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
الحمد لله رب العالمين و العاقبة للمتقين و لا عدوان إلا على الظالمين والصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و صحبه أجمعين و بعد:
"Ла илаҳа иллоллоҳ" шаҳодат калимасининг
асос ва шартлари
Ҳар бир тоат-ибодатнинг аркон ва шартлари бўлгани каби "Ла илаҳа иллоллоҳ" шаҳодат калимасининг ҳам аркон-асос ва шартлари бор.
"Ла илаҳа иллоллоҳ" шаҳодат калимаси икки рукн-асос ва етти шартдан иборатдир.
"Ла илаҳа иллоллоҳ" шаҳодат калимасининг икки асоси: инкор этиш ва исбот қилишдир. Бошқача таъбирда айтганда бу калима икки жумладан ташкил топади.
Биринчи жумла: "Ла илаҳа"- "Ҳеч қандай Илоҳ йўқ", деб барча тангрилар ибодатини рад қилишдир.
Иккинчи жумла: "Иллоллоҳ"- "Магар Оллоҳгина бордир", деб сиғинишга ҳақли зот ёлғиз Оллоҳ таоло эканини исбот қилишдир.
Усул олимларимиз: Бир нарсани бир жойга жойлаштиришдан бурун ўша жойни аввал бўшатиш лозим-дейдилар. Ана шу қоидага асосан барча тоат-ибодатларни ёлғиз Оллоҳга хослашдан олдин, у зотдан ўзга барча "худолар" – улар нима бўлишидан қатиий назар - ибодатга ҳақли эмаслиги таъкидланмоқда. Ундан кейин эса барча ибодатларга ҳақли зот ягона Оллоҳ эканлиги исбот қилинмоқда.
Демак, "Ла илаҳа иллоллоҳ" шаҳодат калимасининг ўзбекча маъноси: Ҳеч қандай сиғинишга ҳақли илоҳ йўқ, магар ёлғиз Оллоҳ бор, демакдир.
Шаҳодат калимасини айтаётган ҳар мусулмон зиммасидаги энг дастлабки вожиблардан бири: ўзи айтаётган шаҳодат калимасининг маъносини тушунмоғидир. Калимаи шаҳодатнинг маъносини тушуниб етган ҳар бир мусулмон барча тоат-ибодатларини ёлғиз Оллоҳ учун бажаради. Ҳар қандай ҳолатда ёлғиз Оллоҳга сиғинади.
"Ла илаҳа иллоллоҳ" шаҳодат калимасининг юқорида айтганимиздек етти шарти бўлиб, уни ҳар бир мусулмон билмоғи фарздир. У шартлар қуйидагилардан иборат:
1-шарт: Илм-билим. Илмдан мурод: ҳар бир мусулмон шаҳодат калимасининг маъносини билмоғи, мабодо ўзи билмаса билгувчилардан сўрмоғи шарт.
Калима-и шаҳодатнинг маъносини тушуниш-билиш ҳар бир мусулмон зиммасидаги дастлабки фарздир. Ибодатларнинг холис бешерик Оллоҳ ризоси учун бажарилиши шаҳодат калимаси асосида барпо этилади. Ана шу муҳим ақидани уқтириб Оллоҳ таоло пайғамбарига қўйидагича хитоб қилади: «Бас, (эй Муҳаммад), ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Оллоҳгина бор эканлигини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар (нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!». (Муҳаммад 19).
Калима-и шаҳодат диннинг дастлабки ва энг муҳим асосидир. Ислом динига кириш калима-и шаҳодат орқали рўёбга ошганлиги боис, ҳар бир мусулмон унинг маъносини билмоғи шарт. Жаноб Расул Акрам ﷺ имом Аҳмад ривоятида: "Кимда-ким "Ла илаҳа иллоллоҳ" калимасининг маъносини билган ҳолда вафот қилса, албатта жаннатга кирур" – деб марҳамат қилганлар.
2- шарт: Тасдиқламоқ. Ла илаҳа иллоллоҳ шаҳодат калимасини билган ҳар бир мусулмон ушбу калимага ишончи комил бўлиши ва у ифода этган маънонинг ҳақ-ростлигини тасдиқламоғи шартдир. Оллоҳ таоло айтади: {Ҳақиқий мўминлар фақат Оллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтириб, сўнгра (ҳеч қандай) шак-шубҳа қилмаган ва молу жонлари билан Оллоҳ йўлида курашган зотлардир} (Ҳужурот 15).
Саҳиҳ хабарда жаноб Росулу Акрам ﷺ бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар: "Ла илаҳа иллоллоҳ" шаҳодат калимасини айтингиз! Зеро бу калимани шак-шубҳа қилмасдан айтиб, шу билан Оллоҳга рўбарў бўлган банда жаннатдан тўсилмас". (имом Аҳмад ривояти).
3- шарт: Ихлос. Оллоҳ таоло фақат ўзининг розилиги учун холис бажарилган тоат-ибодатларнигина ўз даргоҳида қабул этади. «Ҳолбуки, улар фақат ягона Оллоҳга, у зот учун динни холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри йўлдаги миллатнинг динидир». (Баййина 5).
Имом Аҳмад ривоятида жаноб Росулуллоҳ ﷺ: "Қиёмат кунида шафоатимга лойиқ бўлган энг бахтли инсон:"Ла илаҳа иллоллоҳ" калимасини юрагидан холис айтган кишидир",- деб марҳамат қилганлар.
4- шарт: Содиқлик - ростгўйлик.
Қачонки мўмин киши ақидасида содиқ, Оллоҳ ва пайғамбарига чин дилдан иймон келтирган, Оллоҳ ва пайғамбарининг буйруқларини бажариб қайтарган нарсаларидан тийилиб уларга шундай ёндошиш ҳақлигини қалбдан тасдиқ этган бўлса, у такводор мўминлар сафига қўшилади. Оллоҳ таоло Қуръонни тасдиқ этган мўминлар васфида бундай деди: «Рост – Қуръонни келтирган зот (яъни Муҳаммад ﷺ) ва уни тасдиқ этган (мўминлар) – ана ўшалар тақводор зотлардир» .(Зухруф 33).
Жаноб Росулуллоҳ ﷺ: "Кимда-ким "Ла илаҳа иллоллоҳ" калимасини тасдиқ этиб, айтадиган бўлса, албатта жаннатга кирур" – деганлар. [1]
Шунингдек, мана шу шарт зимнига: эътиқод қилинаётган ақиданинг Қуръон, суннат ҳамда саҳобалар ақидасига мувофиқ бўлиши ҳам дохилдир. Зеро "Ла илаҳа иллоллоҳ" калимасини тил учида айтиб, унинг ҳақлигини қалбида тасдиқ этмаган кишига қиёмат куни айтган шаҳодат калимасининг бирор нафъи тегмайди. Бу борада кўплаб ҳадислар ворид бўлган.
5- шарт: Оллоҳ таолони яхши кўриш.
Инсон яхши кўрган кишисига итоаткор бўлганидек, мусулмон киши учун Оллоҳ таоло барча нарсадан суюклироқ бўлиши шарт. Оллоҳ таоло ризоси ва муҳаббатини дунёдаги жамики нарсалар муҳаббатидан устун қўйган кишигина барча тоат-ибодатини фақат ягона Оллоҳга бажо келтира олади. У зотга ибодат бобида бирон нарса ёки кимсани шерик қилмайди. Зотан Оллоҳ таоло бандаларидан уни яхши кўрадиган ва у зотга бирор нарса ёки кимсани шерик келтирмаган холис ибодат килган зотларни яхши кўради. Оллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, сизларнинг ичингиздан кимда ким динидан қайтса, Оллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Оллоҳ уларни яхши кўрур, улар Оллоҳни яхши кўрурлар. Улар мўминларга хокисор, кофирларга эса қаттиққўл, бирон маломатгўйнинг маломатидан қўрқмай Оллоҳ йўлида курашадиган кишилардир». (Моида 54).
Имом Бухорий ривоятида жаноб Росулуллоҳ ﷺ марҳамат қилдилар: "Уч хислат борки, кимда ана шу хислатлар мужассам бўлса, у иймон ҳаловатини аниқ топгандир. Унга Оллоҳ ва Унинг пайғамбари бошқалардан кўра яхшироқ бўлмоғи, бирон кишини фақатгина Оллоҳ учун яхши кўрмоғи ҳамда куфрга қайтишдан худди дўзахга тушишдан қўрққандек қўрқмоғидир".[2]
Оллоҳ таолони яхши кўриш: У зот буйруғига итоат қилиш, пайғамбарига иймон келтириб, суннатига эргашиш ила амалга ошади. Пайғамбарни яхши кўриш эса: буни даъво қилган ҳар бир мўмин-мусулмон Пайғамбар rни ўзидан, бола-чакасидан ҳам яхши кўрмоғи ҳамда у зот суннатларига эргашиши оркали амалга ошади.
Оллоҳ таолони яхши кўриш барча пайғамбарларни яхши кўришни ва сўнгги пайғамбар Муҳаммад алайҳис-саломга итоат қилишни тақозо қилади. Оллоҳни яхши кўриш пайғамбар кўрсатмаларига биноан амалга ошганлиги боис, Оллоҳ муҳаббатини даъво қилган киши пайғамбарни яхши кўрмоғи ҳамда у зотнинг амри-фармонига итоат қилмоғи фарздир. Оллоҳ таоло айтади: «Айтинг (Эй Муҳаммад): "Агар Оллоҳни яхши кўрсангиз, менга эргашинглар. Шунда Оллоҳ сизларни яхши кўради ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Оллоҳ гуноҳларни мағфират қилгувчи, меҳрибондир».[3]
Пайғамбар Муҳаммад rни яхши кўрган киши, шубҳасиз Оллоҳни яхши кўради. Муҳаммад ﷺ муҳаббатини қозонган инсон, Оллоҳ таолонинг буйруғи ва қайтариқларига иккиланмасдан итоат қиладиган ҳақиқий мўминга айланади.
Хулласкалом, тоат-ибодатларнинг Оллоҳ наздида мақбул бўлиш шартларидан бири: Оллоҳ ва Унинг пайғамбари Муҳаммад ﷺ ни севиш ҳамда Оллоҳ билан пайғамбари Муҳаммад ﷺ муҳаббатини барча нарса муҳаббатидан устун қўйиш экан.
6- шарт: "Ла илаҳа иллоллоҳ" шаҳодат калимасига зоҳиру ботинда тўлиқ эргашишдир.
"Ла илаҳа иллоллоҳ" шаҳодат калимасининг маъносини том маънода тушуниш ҳар бир мусулмондан ўзини бутунлай Оллоҳга топширган ҳолда барча амалини Оллоҳ ризоси учун бажаришга - тавҳидга ундайди. Оллоҳ таоло айтади: «Ким чиройли амал қилгувчи бўлган ҳолида ўзини Оллоҳга топширса, бас, у мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Барча ишлар охир – оқибатда ёлғиз Оллоҳга борур». [4]
Иймон камолоти жаноб Росулуллоҳ ﷺ муҳаббатини бутун махлуқотлар муҳаббатидан ортиқ қўйиш билан амалга ошиши ҳақида бундай хабар берганлар: "Ҳеч бирларингизни иймони (комил) бўлмайди, токи унинг ҳаю-ҳаволари мен келтирган нарсага тобеъ бўлмагунгача". Имом Муслим ривоятида: "Ҳеч бирингизни иймони комил бўлмайди, токи мен унга боласи, отаси ва барча холойиқдан ҳам суюклироқ бўлмасам"-деганлар.
7- шарт: "Ла илаҳа иллоллоҳ" шаҳодат калимасини тўкис, бенуқсон қабул қилишдир.
Буни шундоқ тушунмоқ керак: мўмин киши қачонки барча тоат-ибодатларини шаҳодат калимаси тақозосига кўра фақат ёлғиз Оллоҳ учун бажара олса, ана шунда у шаҳодатни тўкис қабул қилиб, унга амал қилган бўлади.
Воқеъликка назар қиладиган бўлсак, шаҳодат калимасини тиллари билан талаффуз қилаётган кўпчилик мусулмонларнинг ушбу калима тақозосига бутунлай зид иш тутаётганликларига гувоҳ бўламиз ва ҳайратдан ёқа ушлаймиз. Шаҳодат калимасини айтиб, айни пайтда қабрларга сиғинаётганлар, Оллоҳни қўйиб бандалардан мадад сўраётганлар шаҳодат калимасидан мақсад нималигини ҳақиқатан ҳам тушунмаган кишилардир. Улардан кўпчилиги Оллоҳ таолонинг бирлиги ва ягона яратувчилигини билиш мусулмонлик учун кифоя, деб эътиқод қилади. Масалани моҳияти Оллоҳ таолонинг ёлғизлигини билиш ёки бимасликда эмас, балки ёлғиз Оллоҳга сиғинишда, барча ибодатни у зотга бажо келтиришда эканини ё ҳақиқатда билмайди ёки умуман билишни истамайди. Кофирлар ҳам еру кўкни яратган ягона Оллоҳ, деб эътиқод қилади, бироқ ибодатда Оллоҳга нарса ёки кимсаларни шерик қиладилар. Шунинг учун кофир ҳисобланади.
Ачинарлиси шуки, ўзи билибми ё билмай ширк амални қилаётганларга насиҳат қилсангиз ёқангиздан олади: мен ҳам ўтган бузругларни "худо" –деяётганим йўқ. Лекин улар Оллоҳга яқин зотлар. Шу боис, уларни ўртага қўйиб сўраяпман деб илгаридан бошларига қаттиқ ўрнашиб қолган хурофатларни тарк қилгиси, Қуръон ва суннатга қулоқ осгиси келмайди. Ана шунга ўхшаш нотўғри фикрлар натижасида кўпчилик тоат-ибодатларида Оллоҳга ўзгаларни шерик қилиб қўядилар.
Ширкнинг хатари ва Оллоҳга ширк келтириш калима-и шаҳодатга зид эканлигини билмаган кишилар қабрлар олдида жонлиқ сўядилар. Арвоҳлардан мадад сўрайдилар. Улар бу қилмишлари билан ўзлари талаффуз қилган "Ла илаҳа иллоллоҳ" шаҳодат калимаси тақозосига мутлоқо зид иш тутаётганларини, қилаётган амаллари Оллоҳ наздида номақбуллигини билмайдилар. Оллоҳ таоло айтади:«(Жиноятчи кимсалар) ўзларича "Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар ёлғиз Оллоҳгина бордир", дейилган вақтда кибри-ҳаво қилган эдилар. Ва улар: "Ҳали бизлар бир мажнун шоирни деб худоларимизни тарк қилар эканмизми?" дер эдилар».[5]
Имом Бухорий ривоятида жаноб Росулуллоҳ ﷺ одамлар ҳақни қабул қилиб, унга эргашишларида бир неча қисм бўлишларини хар хил ерга ёққан ёмғирга ўхшатиб шундай деганлар: "Мени Оллоҳ у билан юборган шариат ва илмнинг мисоли, ерга ёққан кўп ёмғир мисолидир. Ёмғир ёққач, ерда ўт-ўланларни ўстирадиган тоза ер ҳам, қуриб-қақшаб ётганлиги сабабли сувни ўзида ушлаб қолиб, ундан Оллоҳ таоло одамларга наф бериб, улар ундан ичиб, ер ва чорваларини суғорадигани ҳам, у ердан сувни ўзида сақламайдиган ва бирон ўсимлик ундирмайдиган бир дашт тоифаси ҳам бор эди. Худди шундай, Оллоҳ динини ўрганиб, Оллоҳ мени у билан (пайғамбар қилиб) юборган илм унга фойда бериб, уни ўрганиб, (ўзгаларга) ўргатган киши ҳамда (бу илмдан юз ўгириб, на ундан ўзи фойдаланган ва на бировга фойда бермай) у билан обрў топмаган ва Оллоҳ мен билан юборган илмни қабул қилмаган киши мисолидир". [6]
* * *