Full Description
Тавҳид ва унинг турлари
[Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي]
АБДУЛҚАЮМ АБДУЛҒАФФАРХОН ЎҒЛИ
Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий
2011 - 1432
﴿ التوحيد وأنواعه ﴾
« باللغة الأوزبكية »
عبد القيوم بن عبد الغفار خان
مراجعة: شمس الدين درغامي
2011 - 1432
بسم الله الرحمن الرحيم
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
الحمد لله رب العالمين، والعاقبة للمتقين، ولا عدوان إلا على الظالمين، والصلاة والسلام على سيدنا محمد وعلى آله وصحبه أجمعين، وبعد:
Тавҳид ва унинг турлари
Дин эътиқоддир. Зеро дин ақидасиз бўлмайди. Ислом ақида иймон арконларидан иборатдир.
Парвардигор инсу жинларни фақат Ўзига ибодат қилишлари учун яратди. Ибодатлар Оллоҳ наздида мақбул бўлиши учун, унинг холис Оллоҳ розилиги учун бажарилмоғи ва шикрдан пок бўлмоғи шартдир. Ибодатларнинг холис ва ширкдан пок бўлишининг ягона йўли Парвардигорни пайғамбарлар ўргатгандек танишдир. Бошқача таъбир билан айтганда: ибодатлар холислиги: барча ибодатга ҳақли, айни чоғда ҳеч бир шериги бўлмаган ёлғиз Оллоҳга бажо қилиниши ҳамда У зот яратиш ва ризқ ато этишда ҳам бешерикдир, деб эътиқод қилмоқдан иборатдир.
Уламоларимиз диннинг эътиқодга тегишли бўлган бўлагини усулуд-дин, яъни диннинг асоси-деб атаганлар. Зотан ақида-эътиқодсиз Дин бўлиши мумкин эмас. Дин эса соғлом ақидага барпо қилинади. Ақида бошдан охиригача ягона Оллоҳнинг Бирлиги ва барча ибодатга ҳақли зот эканига иймон келтиришдан иборатдир. Мусулмонлар ақидаси Қуръони-карим ва саҳиҳ суннатга асосланади. Ақида бобида аҳли суннат эътиқодига кўра ижтиҳодга ўрин йўқ.
Парвардигорни таниш эса: У зотнинг яратиш, ризқ ато этиш, коинот ишларини тадбир этишларда бешерик, гўзал исмларию олий сифатларида махлуқотига ҳеч бир важҳдан монанд бўлмаган, барча ибодатга ҳақли ёлғиз Оллоҳ эканини билиш орқали рўёбга ошади.
Қуръони-карим оятлари ва саҳиҳ ҳадисларда Оллоҳ таолонинг гўзал исм ва олий сифатлари борлиги, бутун борлиқни яратган ҳам, барча ибодатларга ҳақли зот ҳам ёлғиз Оллоҳ экани баён қилинган. Шунга асосланган ҳолда уламоларимиз: Тавҳид бир-биридан ажралмас уч қисмдан иборатдир-деганлар.
Демак, Оллоҳнинг бирлиги ва барча ибодатларга ҳақли бўлган ягона яратувчи зот эканини билиш мана шу уч қисм ёхуд уч поғона орқали рўёбга чиқади:
Биринчиси: Тавҳид-рубибия, яъни Оллоҳнинг ягона яратувчи эканига иймон келтириш.
Иккинчиси: Тавҳид-улуҳия, яъни Оллоҳнинг барча ибодатларга ҳақли ягона илоҳ эканлигига иймон келтириш.
Учинчиси: Тавҳидул-асмо вас-сифат, яъни Оллоҳнинг гўзал исмлари ва олий сифатлари борлигига иймон келтиришдир.
Тавҳид рубубия нима?
-Тавҳид рубубиянинг маъноси: Оллоҳнинг ягона яратувчи зот демоқ. Оллоҳ таоло яратиш, ризқ бериш ва коинот ишларини тадбир этишда бешерик эканлигини тан олиш, эътироф қилиш ва шуни ҳақ деб, эътиқод қилиш. Оллоҳ Ўзининг ягона яратувчи зот экани баён қилиб Зумар сурасида шундай дейди: {Оллоҳ барча нарсанинг яратгувчисидир}. (Зумар 69).
Махлуқотларни яратувчи ҳам, уларга ризқ ато қилувчи ҳам ягона ўзи экани баёнида Ҳуд сурасида Оллоҳ таоло шундай дейди: {Ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Оллоҳнинг зиммасидадир. У зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ-равшан китобда бордир}. (Ҳуд 6).
Барча мулклар соҳиби, дунёю охират ишларининг тадбиркори, бандаларидан хоҳлагини азиз қилиб, хоҳлаганини хор қиладиган, хоҳлаган бандасини раҳматига олиб, хоҳлаганини азобига гирифтор қиладиган ҳам, кечани кундузга, кундузни эса кечага айлантирадиган ҳам ягона Оллоҳ экани баёнида Оллоҳ таоло шундай дейди: {Айтинг: (эй Муҳаммад), "Эй мулку давлат эгаси бўлган Оллоҳим, Сен истаган кишингга мулкни ато қилурсан ва истаган кишингдан бу мулкни тортиб олурсан; истаган кишингни азиз қилурсан ва истаган кишингини хор қилурсан. Бор яхшилик Сенинг қўлингдадир. Албатта Сен барча нарсага қодирсан. Кечани кундузга киритурсан ва кундузни кечага киритурсан, ўликдан тирикни чиқарурсан ва тирикдан ўликни чиқарурсан ҳамда истаган кишингга беҳисоб ризқ берурсан}.(Оли Имрон 26-27).
Бу оятда кеча-кундузнинг узайиб-қисқариб туриши ва ўлик данак, тухум, нутфа каби нарсалардан дарахт, парранда, инсон каби жонли мавжудотнинг пайдо бўлиши ёки аксинча тирик жонзотдан тухум, нутфа каби жонсиз нарсалар чиқиши – буларнинг барчаси ёлғиз Оллоҳнинг амри билан бўлиши ифодаланган. (Алоуддин Мансур).
Бу ояти каримада Оллоҳга мулку давлатда шерик ёки ёрдамчи йўқлиги ҳам ўз ифодасини топган.
Парвардигор ўзига яратиш ёки ризқ беришда ҳеч бир шерик ёки ёрдамчи йўқлиги ҳақида хабар бериб деди: {Булар Оллоҳнинг яратган нарсаларидир. Энди, (эй мушриклар), сизлар менга ундан ўзга "худо"лар нималарни яратганини кўрсатингларчи!}.(Луқмон 11). Мулк сурасида: {Агар (Раҳмон) ўз ризқини ушлаб-тўхтатиб қўйса сизларга ризқ-рўз берадиган ўша зот ким ўзи?! (Оллоҳдан ўзга бирон ризқ берувчи йўқдир)}-деб, бор жонзот ризқини берувчи зот ёлғиз Ўзи эканини таъкидлайди.(Мулк 21).
Башариятнинг жуда кўп қисми, уларнинг қайси диёнатга мансуб бўлишларидан қатий назар Оллоҳнинг яратиш ва ризқ беришда ягона зот эканини тан оладилар. Бироқ ибодат бобида жуда кўпчилик Оллоҳдан бошқа "худо"-"маъбуд"ларга сиғинадилар.
Бутун борлиқни яратган зот ягона Оллоҳ эканини тан олиш фитрат тақозосидир. Худди шундай инсон зотининг бирон нарса ёки кимсага ибодат қилиши-сиғиниши ҳам фитрат тақозосидир. Табиатан инсон зоти бирон нарсага сиғинишга мойилдир. Агар у яратувчисига сиғинмайдиган бўлса, у ҳолда албатта ундан ўзга "худо"ларга сиғинади. Чунки Оллоҳ таоло инсу жинларни аввалбошдан Ўзининг ибодати учун яратган эди. Кейинчалик шайтон инсу жинларни тўғри йўл-фитрат тақозо қилган Ислом йўлидан оздирди.
Фитрат тақозоси билан ҳатто ўзини "худо" чоғлаган Фиръавн ҳам бутун коинотни яратган зот ёлғиз Оллоҳ эканини биларди. Аммо унинг куфрлиги ана шу ҳақиқатни очиқ тан олишдан тўсган эди. Бунга далил мана шу оятдир: {(Мусо) деди: (эй Фиръавн), сен анави очиқ-равшан (мўъжизаларни) фақат осмонлар ва Ернинг Парвардигоригина нозил қилганини аниқ билурсан. Ҳеч шубҳа йўқки, эй Фиръавн, мен сени ҳалок қилингувчи, деб ўйламоқдаман"}. (Исро 102).
Фиръавн ва унга эргашган қавм Мусо пайғамбарга нозил қилинган мўъжизаларнинг ҳақлиги ва Оллоҳнинг бирлигини ўзлари билган ҳолда инкор этганликлари ҳақида хабар бериб Оллоҳ бундай деди: {Бас, қачонки, уларга бизнинг оят-мўъжиларимиз равшан ҳолда етиб келгач, улар: "Бу очиқ сеҳрдир", дедилар. Ва ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, у (мўъжизаларни) инкор этдилар}. (Намл 13-14).
Фиръавн ва унга эргашганлар ҳар макон, ҳар замонда пайдо бўлиб туради. Биз кўрган Оллоҳни тан олмаган давлатлардан бири собиқ СССРдир. Оллоҳни, ҳеч бир диёнатни тан олмайдиган комунистик партия аъзоларидан асли насроний ёки мусулмон бўлганлари ич-ичларидан бу ғоянинг нотўғри-инсоннинг табиий хилқатига зид эканини яхши билганлар. Бунга яққол далиллардан бири комунизм қурамиз, деб юрганларнинг кўпчилиги совет иттифоқи қулагандан сўнг "художўй" бўлиб қолдилар.
Оллоҳ таоло барча нарсада бешериклиги ҳақида ўзбек шоири қуйидаги мисраларни битган:
Оллоҳ бирдир, бешерик,
Ўлмас, доимдир тирик.
Оллоҳнинг йўқ отаси,
Анинг йўқдир онаси.
Оллоҳ бирдир зотида,
Ҳам асмо сифатида.
Анинг йўқ ибтидоси, интиҳоси,
Йўқдир Анинг ошнаси ҳам, боласи...
Бутун борлиқни яратган зот Оллоҳ таоло ўзининг ёлғиз яратувчи эканини исбот қилиб дейди: {Балки улар ҳеч нарсадан (яъни Яратувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратувчимиканлар-а?! Балки осмонлар ва Ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!}. (Ват-тур 36-37).
Бутун борлиқни яратган зот ёлғиз Оллоҳ эканини тан олиб, айни пайтда Оллоҳни қўйиб ундан ўзга "худо"ларга сиғинаётган мушриклар Қуръони-каримнинг жуда кўп оятларида мазаммат қилинганлар. Жумладан Мўминун сурасида бу ҳақда шундай дейилган: {Айтинг: (эй Муҳаммад), Етти осмоннинг хожаси ва улуғ аршнинг соҳиби кимдир? Улар (яъни мушриклар буларнинг барчаси) Оллоҳникидир, дерлар. Айтинг: "Ахир қўрқмайсизларми?!" Айтинг: "Агар билсанглар (айтинглар-чи), барча нарсанинг подҳошлиги қўлида бўлган, ўзи (барчага) ҳомийлик қиладиган, унга қарши биров ҳомийлик қила олмайдиган зот кимдир?" улар: "(Бундай подҳошлик ва ҳомийлик ёлғиз) Оллоҳникидир", дерлар. Айтинг: "Бас, қандай алданмоқдасизлар?!}. (Мўминун 86-89).
Дарҳақиқат, Одам алайҳис-салом давридан тортиб то охирги пайғамбар Муҳаммад алайҳис-салом умматигача истисносиз бутун башарият Оллоҳ таолонинг ёлғиз яратувчи ва ризқ берувчи зот эканини тан олганлар, эътироф қилганлар. Ҳатто зулму кибрлик билан ўзини "худо" деганлар ҳам Оллоҳнинг бирлиги ва доим барҳаёт борлигига ич-ичидан ишонишган. Зеро бу, фитрат тақозоси эди. Шунинг учун барча пайғамбарлар ўз қавмларига: {Осмонлар ва ернинг яратувчиси бўлмиш Оллоҳ (нинг борлиги ва бирлиги) хусусида шак-шубҳа бўлиши мумкинми?!}- деб, хитоб қилар эдилар.
Оллоҳнинг бирлиги ва борлигини ён-атрофидаги борлиқга, табиатга ибрат назари билан қарайдиган ақлли инсон инкор эта олмаслиги ҳақида шоир шундай дейди:
Во ажабо! Илоҳа исён қилар,
Анинг борлигини инкор этар.
Ҳар бир мавжудот борки дунёда,
Анинг бирлигига далолат қилар.